Исломжон Қўчқоров (1993)

Исломжон Қўчқоров 1993 йили туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетини тамомлаган.

* * *

Тилимни чаён чақса, дилим чин айт деб турса,
Ичимда бир ҳур овоз, ўзингга қайт деб турса.
Тушимда Темур бобом от чопиб, “ҳайт!” деб турса,
Даралар сергак тортса, мен эса уйғонмасам.

Мудраб ётган қонларим томиримда гупурса,
Хотирим ким эдинг, деб мудом сўроқлаб турса.
Кўкдаги миллион кўз кимлигим кўриб турса,
Коинот тўлғонса-ю, мен эса тўлғонмасам.

Бобомнинг пешонаси эгатдек чизиқ-чизиқ,
Ўтмиши қулф осилган сандиқдек қизиқ-қизиқ,
Вақт ҳукмида туйғулар, ришталар юлуқ-узуқ,
Ғафлат мендан тонса-ю, мен ундан тонолмасам.

Ватан! Ватан! дейману каломим сохта, синиқ,
Унинг ҳовуч тупроғи маъволари оқ, тиниқ.
Бу диёрнинг машъали иймон-ла мудом ёниқ,
Мен ким бўлдим, гар унинг қадрини англолмасам.

Халқим, меҳринг зиёси кўнглингга бошлаб борсин,
Ҳазрат Навоий юрган йўлингга бошлаб борсин.
Бош устига синовлар, йўлга дард ташлаб борсин,
Ошиқ ё шоирмасман шу дарддан сўз термасам,
Сенинг ўғлонингмасман, “Ватан!” деб жон бермасам.
Яшаганим ҳам ёлғон шонингга шон бермасам,
Она, ўғлим демагил, кунингга ярамасам…

* * *

(Ч. Айтматовнинг “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар” қиссасини ўқиб)

Чайқалиб боряпман тўлқинлар аро,
Денгизда оқ булут – манзил йўқолган.
Менинг ҳам қайиғим бир мотамсаро,
Менинг ҳам осмоним юлдузсиз қолган.

Унутиб қўйдим мен ташналигимни,
Сенинг изларингдан сузиб бораман.
Кириск, қабул эт ошналигимни,
Дардингни ич-ичдан сезиб бораман.

Мана мен боряпман, чидагин пича,
Етсам, отангни ҳам сақлаб қоламиз.
Милхунга айт: кутсин мен боргунимча,
Овчилик номини оқлаб қоламиз.

Оқсоқол Ўрхоннинг тамакисини
Чақмоқнинг ўтида тутатамизми?
Ахир мен сезяпман Ернинг исини,
Сафарни шу ерда тугатамизми?

Умидинг сўнмасин, кучли бўл, ошна,
Ўзингни сақлагин телбаликлардан.
Бизни кутаяпти булоқлар – ташна,
Умбалоқ ошамиз тепаликлардан.

Овинг юришмади овулингга қайт,
Очиқ яраларинг энди ким ёпар?
Биз келдик, энг мунгли қўшиғингни айт,
Соҳилда интизор турган олапар.

* * *

Қисмат, дедим, дод дедим,
Қўлларингни торт дедим.
Ғамингни елкамгамас
Юрагимга орт дедим.

Йўлим тўлди тошларга,
Кўзим тўлди лошларга.
Юрагим, бу ғамлардан
Омонлик йўқ бошларга.

Куз кўрдим кўрмайин ёз,
Юз кўрдим кўрмайин ёз.
Дунёдан сўраганим
Меҳр эди-ку, холос.

Тангрим, шул ҳолимга боқ,
Йўлимда мингта тузоқ.
Сен томон отланганнинг
Манзили бунча узоқ.
Бунча узоқ…

ЙИҒЛАМА ОСМОН

Нега бундай йиғлайсан, осмон,
Сенга тутар дастрўмол қайда?
Кўзёшларинг ютиб кетар Ер,
Офтоб чиқса, буғ кўтарилиб,
Қуриб кетар бу эски жайда.

Нега бундай йиғлайсан, осмон,
Кел, яхшиси, устимиздан кул.
Биз йиғлаймиз сенинг ўрнингга,
Қара, ўзи шундоқ ҳам замин
Бағри тилка, яноқлари ҳўл.

Энди бундай йиғлама, осмон,
Эримаймиз – дийдамиз қотган.
(Ҳайрон қолар жойи йўқ бунинг)
Йиғлаб-йиғлаб чарчаган дунё
Кўзёшининг лойига ботган.

Йиғлама осмон…