Ҳаёт Шодмон (1962-2025)

Ҳаёт Шодмон (Исматулло Ибодуллаев) 1962 йил 14 майда туғилган. 1979 йил Гулистон шаҳрида ўрта мактабни тамомлаган. 1983 йилда Гулистон қурилиш техникумини, 2009 йилда Олий адабиёт курсини тугатган.

«Соғинчларга ишондим сени» (2000), «Давкар элим» (2002), «Жиян келди» (2004), «Ўлан тўшак» (2004), «Умид фасллари» (2011), «Энадарё» (2017) китоблари нашр қилинган.

2025 йил 29 март куни Гулистон шаҳрида вафот этган.

СОҒИНГАНЛАРИМ

Ташналигим қондирган булоқ,
Кўксимда ўт ёндирган фироқ,
Қанча кетар бўлсамда йироқ —
Шунча яқин соғинганларим…

Ҳақ — отамнинг тузган тузуги,
Йўл — онамнинг тўзган урчиғи,
Қўшнимизнинг ҳатто пучуғи —
Кўз ўнгимда соғинганларим…

Тойчоғим ҳам тулпор бўлгандир,
Қўшни қиз ҳам дилдор бўлгандир,
Уйларига совчи келгандир?!
Ҳавотирим — соғинганларим…

Сув ботириб еган кулча нон,
Тўйлар оши талошдир ҳамон,
Тутармикан йўлига боқон?!
Ҳақим сўраб, соғинганларим…

Ташналигим қондирган булоқ,
Кўксимда ўт ёндирган фироқ,
Қанча кетар бўлсамда йироқ —
Шунча яқин соғинганларим…

ЎЗЛИК

Менинг меним мен эмас, кўзингизнинг қораси.
Менинг миним мин эмас, меҳрингиз зуволаси:
Тузлиқ-тузингиздаман, ўзлик-ўзингиздаман,
Ўғил-қизингиздаман — Эгаман юрт боласи!

Ҳисобдаги аслимда тониқ қошу ғароғим,
Насабдаги наслимда ёниқ, ўчмас чироғим:
Тўқсон икки боғли эл, ғолиб Турк атоғли эл,
Сир, Амуда оқар сел — Туронзамин тупроғим!

Менинг борим иштиёқ,халқ тилида суйма жон,
Иҳтиёрим ишқ сиёқ, халқ тилида куйма жон:
Тилагимнинг соқлиги, юрагимнинг оқлиги,
Жўш урган қайноқлиги — сўнмагайдир ҳеч қачон!

Осмон қадар бўйда руҳ,феълида кенг Сайҳонман,
Кўнгил қадар ўйда руҳ, кўланкаси майдонман:
Тўра Сулаймондан туғ, Қозоқбой синчидан суқ,
Ҳалима солган довруғ — ўғлинг Ҳаёт Шодмонман!

БЎЛОЛМАДИМ…
(М.Юсуфга)

Қирққа кириб умрдан
Қий кўрмаган жоим бор.
Оқибатдан, меҳрдан —
Сий кўрмаган жоим бор.

Шеър — кўнглимнинг бекаси,
Ер — танамнинг эгаси.
Бошимда — ўй, поимда —
Армоннинг кўланкаси.

Отаси йўқ — гул етим,
Онаси йўқ — шум етим.
Бекорга бермайди дард —
Ўз кунингга ўл етим!

Шу кунимга гар онам
Бўлганда — куяр эди.
Қанча ғусса, озор, ғам —
Изтироб туяр эди.

Отамнинг ҳам бошини
Эгар эдим бўлганда.
Чимирарди қошини —
Ўғлидан ҳол сўрганда.

…нечун ёлғон, алам деб,
Балким, кўпроқ суярди:
Шоир бўлган болам деб,
Фаҳрланиб юрарди!..

Қирқида қийилар дер —
Қазо бўлган жоим йўқ.
Қирқида қуюлар дер —
Тоза бўлган жоим йўқ.

Қирқиб қирқда қилдим лафз —
Кечолмаган жоим бор.
Қирқ ёшимда недир фарз —
Ечолмаган жоим бор.

Қирқ кокили қўлимда
Ўролмаган жоим бор,
Қиз узатиб қирқимда —
Кўролмаган жоим бор.

Қирққа кириб қиёмат —
Ўлолмаган жоим бор.
Қирқ ёшимда Муҳаммад —
Бўлолмаган жоим бор!..

«БОШОҒРИҚ…»

Зўрға у етолди ваннага
Ғижимлаб ёрилар калласин.
Қарашга қўрқади ойнага —
Танимай борарди ўз аксин.

Ҳар сафар, азобда, мен эмас —
Мен эмас дер эди этиб рад.
Акси жим. Бир оғиз сўз демас —
Тикилар аянчли хақорат.

Минг бора ўқилар бу лаънат,
Минг бора сўнгги бор покланар.
Минг бора қасамхўр таҳорат —
Эртанги саждага чоғланар.

Ҳолига тушинмас ҳеч кимса
Атайин қилгандек у гўё.
Шу экан, сал тойсанг- чекинсанг,
Шу экан — мартабанг ҳор дунё!

Бошланди дема сўз… эй таъбир —
Биламан… энг содиқ… тоқат сен.
Сабр қил… мен ҳали.. шундай бир…
Кўрасан… ишонгил фақат сен.

…шу эди ҳар тонгда бор гаплар,
Дардини сувга у айтарди.
Ойнанинг сатҳини буғ қоплар —
«Бош оғриқ» интизор кутарди.

ҲАМРОҲ…

Оввора бўлма, кўнгил,
Топарман деб овунчоқ.
Дўконда сотилмас, бил,
Мен ўйнаган қўғирчоқ.

…ясар эдик тупроқдан,
Сувлаб, кунга пишириб.
Кутмас эдик ўртоқдан —
Душманларнинг ишини.

Шайланардик не ёвга
Ўйлаб тадбир, ҳимоя.
Талофатсиз бировга —
Музаффар эди ғоя.

Ғолиб, Мағлуб ўлмасди,
Тупроқ сочардик бошдан.
Орамизда бўлмасди —
Бирон бир жангдан қочган.

Ясалган ҳар лашкарга
Эгаси сардор эди.
Лекин, умум зафарга —
Бирдек даҳлдор эди…

Дардим янгилаб, Ҳавас,
Кўнглим овлама бу чоғ:
Менга ҳамроҳ топилмас-
Ўзим бугун ўйинчоқ!..

ҚИМОР…

Тикар бўлдим хижронни —
Хижронларинг ютай деб.
Кезлашувга зор бўлиб,
Мажнунингдек ўтай деб.

Уч Олмадан умидвор
Илинжларни титарман.
Қарға билан Чиллигу,
Ғиштдан шавқат кутарман.

Қанча Вақт ютқазмайин,
Менга йўқдир қиймати.
Мен Сени ютқазганман —
Умримнинг эй зийнати!

Гумон энди руҳсоринг,
Гумон энди бахт менга.
Ҳаёллардан кечаман —
Ёр, кераксан, нақд менга!

Эй, қиморбоз, қиморга
Тикай ўзим, суз яна:
Ёр васлига етмасам —
Не керак бу кўз менга!..

ҚАЛАМ…

Тутун тўла ўпкалари
Тун ётолмас хотиржам.
Оғриб кетар кўкраклари,
Азоб чекар кўнгли ҳам.

Қишлоғини соғинади,
Энг мусаффо оламни.
Иложи йўқ, сиғинади —
Қия олмас қаламни.

Қалам эса — қуруқ суяк,
Фақат Сатр қолар дер:
Қон йиғлайди муштдек юрак —
Ўз бошини ўзи ер…

ДЎМБИРАМНИНГ ПОПУГИ…

Бий дала, аёзнинг тили осилиб,
Итдайин ҳориган қуриб силласи.
Қантарда қутирган шашти босилиб-
Тин олар тийилиб қишнинг чилласи.

Қашқирнинг қахридай чўлни тутган ув,
Туяни осмонга кўтара олмас.
Элибой — эси кўп, қахратондан қув,
Ўтовли, кўнгли тўқ, совуқни билмас.

Қамишдан чийлари, босма кийгизли,
Пўстакдан тўшанчи, олача, бароқ.
Зардувол каштаси қўчқор мугузли,
Тахмони тўрт тўққиз, ёстиғи қуроқ.

Саксовул чўғида тобланар роҳат,
Қорни қора қурум қиқирлар қумғон.
Толчўмич дастёр, қилади хизмат-
Шопирган сайин жай биқирлар қозон.

Энамнинг қўлида айланар урчиқ,
Дўмбира попугин силкитар бобом.
Қип-қизил желаги тақимин қучиб —
Кулчатойга хамир кесади онам.

Ҳилжираб етилган бир сурпа этни
Улушу тийишга бўлади отам:
Қизлар чачўсарга кафтини тутди,
Жиликли, суякли бўламиз биз ҳам.

Ўмрову гардиши кўкка туташган
Туйнукдан дунёга таралади соз.
Одамзод тафтини бетлай олмасдан-
Ўтовга суйкалиб исинар аёз.

ЖИЯН КЕЛДИ…

Жиян келди, жиян келди, тоға юртни қоралаган,
Шўхликлари аён келди » етти бўри оралаган»…

Жиян келди, жиян келди, қалин тўшанг кўрпасини,
Худо ўзи суйдиргандир мўниқларнинг эркасини.

Жиян келди, жиян келди, сира қовоқ уя кўрманг,
Ҳазиллашиб янгалари, ғижинига тия кўрманг.

Жиян келди, жиян келди, тўнтарилмай қозон-ўчоқ,
Ҳозир бўлинг ош тортганда, эсдан чиқмай «жиян товоқ».

Жиян келди, жиян келди, кўнглини ҳеч қолдирманглар,
Пишагини «пишт» деманглар, сазасини ўлдирманглар.

Жиян келди, жиян келди, икки-уч кун йил бўларми,
Кўр-кўчиман келганда ҳам тоға тўпга эл бўларми?!

Жиян келди, жиян келди, кўра кетсин бирлигимиз,
Тоғаликка ярамасак қайда «ярим пир»лигимиз?

Жиян келди, жиян келди, тоға юртни қоралаган,
Шўхликлари аён келди » етти бўри оралаган»…

ОЛАМ ЗАВҚИ

Юрагимни
Кўрпа қилиб,
Ёпиб олган сўзларимни
Эркалайман
Кўнгил ийиб,
Тонгларнинг маст уйқусида.

Ҳали улар
Бир улғайсин,
Қувонтириб кўзларимни.
Ўлан,
Айтим,
Бир шеър бўлсин
Олам завқи туйғусида!

СИР АРМОНИ

Авжида мавж,
Тотли ўйга ёргина ўзан,
Санглоқда ганж,
Дилида ранж боргина ўзан.
Вужудида
Армони Сир,
Ҳоли сув кетиб
Тош дийдалар,
Оралайди торгина ўзан,
Кўнгил каби
Кенгликларда зоргина ўзан.

ЧИРОҚ

Биргина мен бедор
Тунда не гуноҳ?
Фароғат-ку
Ҳар тонг ранглари тиниқ.
Хоргина
Мен душвор
Тунда не фироқ,
Хижолат-ку
Ҳол танг ранглари синиқ.

Топилганда эди,
Ростимга қулоқ,
Сен чиндан ишонган
Ёлғон бўлмасдим.
Тўртинчи қаватда
Ўчмаган чироқ-
Келишингни
Кутиб қолган бўлмасдим.

ЯХШИ

Сенинг борлигинг яхши,
Дил изҳорим унутган.
Менинг зорлигим яхши,
Аламин ичга ютган.

Эслаб турганинг яхши,
Жилмайиб ҳар замонда.
Далли юрганим яхши,
Васлинг бирга армонда.

Ўрин борлиги яхши
Юрагингда кимгадир.
Яхши эмасман, яхши
Жавобингдан негадир.

БИЛ

Нигоҳларим
Толган билан
Соғинч ўлмайди,
Ҳижрон ғолиб
Келган билан
Илинж ўлмайди.
Биз ботсак-да,
Ғам-ғуссага,
Дарднинг бағри кенг.
Қувонч ҳам, бил
Бизсиз бахтсиз
Бўлиб қолмайди.

ИМКОНИЯТ

Кўра
Билиш
Замирида
Кўрсата олиш
Имконияти ҳам бор.

СЕВГИ

Ақлга
Сиғмайдиган сезимлар кўп,
Шулардан бири – севги.
Мутлоқ озод туйғу бўлганлиги учун
Севгига эришдим деб ўйлаганлар
Уни
Меҳр-муҳаббат,
Бурч,
Садоқат,
Вафо…
Яна қанча сарполарга ўраб,
Чиройига андармон бўлиб,
Қаноат ҳосил қилишади.
Балким бу
Ўзи яланғоч қолишдан
Қўрққан тасаввурнинг ҳосиласидир.

ИШОРА

Искандарнинг қўли
Нега ташқарида қолди,
Бу нимага ишора:
Англашгами
Ёки амал қилишгами?

УЛҒАЙИШ

Белни боғлаб,
Таёқ ушлаб,
“Энам”лаб,
Ё “Отам”лаб
Улғаяди
Ўзбекнинг боласи
Йиғлаб-йиғлаб.

ЎЛЧОВ

Нега хаёл
Баланд,
Ўй чуқур бўлади?
Чунки
Таваккалчи
Кўкка,
Ўйчи эса
Ерга тикилади!

ИСТАК

Менга
Эгизак
Бўлган тақдирингда ҳам,
Дунёга
Ўз кўзинг билан
Қарашингни истайман!

ОБРЎ

Худо инсонни
Обрўси билан яратган,
Бандасининг ўзи
Тўкиш билан оввора…
На чора?!

ЛАЙЛАК

Савол –
Сўроқлайди пайдолигидан,
Жавоб –
Сўйлар ишққа шайдолигидан.

Икки дил
Оташда куйганмиз дейди,
Икки жондан
Талқон туйганмиз, дейди.

Талқони
Лайлакка тутганимиз, дейди,
Эвазига
Сийлов кутганимиз, дейди.

Яна,
Узоқ-узоқ тилаганмиз, дер
Кўкка
Тикиб қароқ сўраганмиз, дер.

Бир кун
Тумшуғида келтирган, дейди.
Кемтик
Кўнглимиз тўлдирган, дейди.

Болам деб
Бешикка солганмиз, дейди,
Шундан
Бахтли бўлиб қолганмиз, дейди!

ЎРГАТ

Ўргат,
Ота бўлиб,
Дов ташламоқни,
Ўғлинг сонга кириб,
Қора тортганда.
Билмай ўтсин,
Бирров
Кўз ёшламоқни
Узангидош туриб
Наъра тортганда!

Номига
Айтарли
Ола бўлмасин,
Тўда тўлдирмасин,
Тенгсалиб ҳайрон:
От бошига
Қамчи
Сола кўрмасин,
Ерни титратмасин,
Сесканиб осмон!

Билсин
Ғирромликдан
Қув синарини,
Довруғи маррага
Илгари етсин.
Кутиб ўтирмасин
Сув тинарини,
Уруғи
Тошларга сочилиб кетсин!

БАХШИ БОЛАНГ

Мунглигинам,
Йўлларимга кўз тиккан қароқ,
Кўнгилгинам –
Қайда бўлсам, ёритган чироқ,
Кетолмайман
Узиб оёқ бағрингдан йироқ,
Талпинаман меҳрингга ғарқ бўлғали, жоним!

Энасойдан
Ота мерос бору бисотим,
Яссавийга
Дилда ихлос, мулки баётим,
Ҳалимадан
“Буюк қушлар” ёзган қанотим,
Тўра оға “Сайҳон”ида долғали жоним!

Қанча тошқин
Ранж аро сен топмадинг тўзим,
Энди сокин
Мавж аро сен, маҳлиё кўзим,
Қалбда жўшқин
Авж аро сен мадҳия сўзим,
Бахши боланг, Ҳаёт Шодмон қолғали жоним!

ФАРМОН

Сени синаб, мени синаб,
Кун ўтади кунлар санаб.
Ичикар бахт, кечикар вақт,
Ойлар тугул йилни тунаб.

Дил озурда ростимиз чин,
Йўл тўзурда қасдимиз чин.
Оқмай дарё, тушиб бўйро,
Бормиз айро – урар ичин.

Таваккалнинг шарти аён,
Ёки ҳозир, ё ҳеч қачон!
Баски изҳор, билки инкор,
Хоҳ ихтиёр ишқдан фармон.

Сени синаб, мени синаб,
Кун ўтади кунлар санаб.
Ичикар бахт, кечикар вақт,
Ойлар тугул йиллар хуноб.

САЛОМ-АЛИК

Гап сирасин уқтирса ҳам,
Дил озадир гоҳо ёмон.
Зап куясин юқтирса ҳам
Топ-тозадир қора қозон.

Гул рўёнинг ғамин есанг,
Не кўргулик – тилингдан топ.
Бул дунёнинг камин десанг,
Хуш юргулик феълингдан топ.

Не шараф, жон омондасан,
Чўт урарга заволи йўқ.
Қай тараф, қай томондасан,
Хат чекарга малоли йўқ?

Сўра, нажот тилари бор,
Салом ҳақи – алик, дея.
Сувга тош от билари бор,
Балиқ ёки Холиқ дея!

ДИЙДА

Ортимизда
Айтгулиги бор,
Ширин дамлар қолди ёд этар.
Олдимизда
Етгулиги бор,
Дийдор – гумон, энди шод этар.

Кимдан ўтди,
Сўрамайди ғам,
Қўрғошин юк уйган қошига.
Дардга сир бой
Бермагандан ҳам,
Боқмас куюк кўзлар ёшига.

Дийдаси тош,
Муштламоқ бекор,
Нияти йўқ меҳр ийгулик.
Ўксибгина
Кўникар озор,
Армонни ҳам чиндан суйгулик.

ЁР КЕЛАР

Бошда дўппи каштали,
Гул-гулига риштали.
Зоминтовни қоралаб,
Ёр келар, ёр-ёр келади.

Ёр келар, ёр-ёр келади,
Кўз-кўзга дучор келади.
Дил-дилга пайваста жону
Сўз-сўзга инкор келади.

Қўлда сози бор экан,
Дилда рози бор экан.
Ёлғизгина ўзимга
Айтар сўзи бор экан.

Қизарган юз бўлдими,
Уёлган кўз бўлдими?!
Шунчаки ноз бўлдими,
Бунчалар озор келади?!

Қизи қизил гул дейди,
Андишага қул дейди.
Шундан гулнинг қошида
Сайрайди булбул, дейди.

ҲУЗУР

Биз сув, ҳаво, нон эмас,
Синоатда тирик жон.
Сизга ҳам осон эмас,
Маломатда ҳадик жон.

Биз қўл чўзиб, талпинган
Илтижо гаштидамиз.
Сиз йўл тўзиб, чалғиган
Иқтидо гаштидасиз.

Дема не наф ва не кор,
Дил ранжини туймоқда.
Ҳузур топгуси озор
Нафс ганжини қиймоқдан.

КОСАГУЛ

Тамаки тутуни ачитар кўзим,
Йиғлаяпти дея ўйлама мени.
Ўз ҳолимга қўйгил, косагул, бир зум,
Дардкашим, ошиқча
Сийлама мени.

Ҳар қултуми олов, ютуми оташ,
Юракдан кўчайин, кўчай демас тош.
Не сабаб биларсан, кўздан оқар ёш,
Дилкашим, ортиқча
Қийнама мени.

Мастликдан қўрқмайман, ростлиги ёмон.
Изҳордан кўрмайман, инкорда гумон.
Қандай қайишайин сархушлик томон,
Саркашим, тегди ёй,
Сийнама мени.

ҲАР САФАР

Бошига иш тушганда,
Бир сўзни қилмай канда,
Ўзини оқлар банда:
— Шайтон йўлдан урган-да!

Ҳақдан кечади дили,
Дўпписи тор келганда.
Қасам ичади тили:
— Шайтон йўлдан урган-да!

Қўрқоққа балогардон
Қўш кўриниб турганда.
Ота-она тикар жон:
— Шайтон йўлдан урган-да!

Аҳли аёли доҳил,
Кам-кўстига шарманда.
Қавму қариндош кафил:
— Шайтон йўлдан урган-да!

Солсайди нафсга жилов,
Кўрсайдим пушаймонда.
Ҳар сафар битта оқлов:
— Шайтон йўлдан урган-да!

Тош отилар қанча он,
Кўкартириб кўзини.
Куни келганда шайтон
Четга олар ўзини.

Шодмон қулингни, Аллоҳ,
Ғолиб айла бул жангда!
Сендан йўқ ўзга паноҳ,
— Шайтон йўлдан урган-да!