Ҳабиб Абдуназар (Абдиев) 1968 йил 6 декабрида Сурхондарё вилоятининг Музробод туманида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1993). «Манзара» (1995), «Анжир гули» (1999), «Гулларни қўмсаган оғоч» (2007) каби шеърий тўпламлари нашр этилган.
МАЪНО
Мавлоно Жалолиддин Румийга
1. Борлиғим етишди,
борлиғим, илло –
Етишдим
Сен қадар, ўзимда йўқман.
Сувга ғарқман, вале сувман,
ташнаман,
Йўқман толеимда,
лекин Сендаман.
Кундузни топмадим,
Кунни топмадим,
Лаҳза тун чароғи –
Сўзни топмадим.
Ичдаман, акс этсанг ичу тошимда,
Пинҳона гул эдим, маҳзар истадим.
Пинҳона гул эдим, истадим лайло,
Кўнгил жавҳарига тўқилган сиймо.
Хаёлим ой шакли бир маъво бўлса,
Нур завқи ўзингсан, ойдан мосуво.
Ахир кўрганларим аслимас, ҳечдир,
Ундадир ул қудрат,
Ундадир аввал.
Юлдуз зиёсида нурланиб турган
Биргина гул эдим – айёра азал.
2. Бу вужуд –
Тангри жамолига тортилган парда.
Насибим – кўнглимда ёришган кулгунг.
Шайдоман гуллару гиёҳларга мен,
Умиддек тўлишди, умидсиз васлинг.
Бу вужуд –
Танфи жамолига тортилган парда.
Заволим – юракнинг заъфарон гули.
Ботиндан тўқилган Сўздирман балким,
Ва ёки руҳпарнинг мангулик йўли.
* * *
Кўкка тегиб қайтар телба тол
Чирқиллаган боғлар қўшиғи.
Кўҳна сас-ла чайилган дилда
Зўраяди жимлик офиғи.
Ёғдуларнинг гул гирватида
Ороланар ложувард хилқат.
Олиб ўтар қимтинган сойдан
Кишанланган асирин зулмат.
Парчаланган вақт долғасида,
Овоз берар кўмилган мозий.
Тоғлар ғори гулдураб кетар,
Чиқиб келар саҳройи валий.
* * *
Сени хаёл дедим, кечамда эрдинг,
Сени само дедим, ёнимда эрдинг,
Сени дарё дедим, авжимда эрдинг,
Меърож кўкда дедим, кўнглимда дединг.
Қаддим дуто мени – юлдуздан қайтдим,
Туним қаро мени – кундуздан қайтдим,
Ёшингта эргашдим, юзингта ботдим,
Вале аркон хаёл – дузингдан қайтдим.
Ўзим маъво дедим, ўзимдан сачраб,
Бу тиғи парронга ўзимни урдим.
Ўзим гуноҳ дедим, ўздан эшилиб,
Томчида аксингни – аксимни кўрдим.
Дилимни дилингга қўйиб ётай дер,
Жонимга жонингни олиб кетай дер,
Тунларни ўтказиб кўкдан улугвор,
Ёмғирли садолар бериб ўтай дер.
Сени фарах дедим, қайғумда эрдинг,
Сени вафо дедим, жабримда эрдинг,
Сени ризо дедим, қазомда эрдинг,
Меърож кўкда дедим, кўнглимда дединг.
САҲРО
1. Оташдонга яқинроқ қўйдим
қонсиз қалбимни –
изтироб туйдим…
Аччиқ унларимни тўзғитди шамол.
Фақат иқболимда кулди шу саҳро,
Фақат орамизда куйди ой – мактуб.
…Тун эди.
Минг битта зулумот туни,
Фано гавҳаридек бу икки кўзим.
Аммо юрагимда куйик саҳронинг
Қай бир хаёлига санчилди ўлим.
Қай бир қабрларда нотинч, ноаён,
Минг бир вужудимни тердим, жамладим.
Сендан ололмаган сўзим – сукутим ичра,
Узоқ тентирадим, узоқ изғидим.
Адашдим – тобланди тун – моҳли йўллар,
Адашдим – умидим бўронларида.
Сен ғамнок кечалар умридек сокин,
Яқинроқ йиғлагин, қалбимга яқин.
2. Айтибдурларким,
Савол – Тош.
Чиндан оғир сўров рутубатли ғам.
Оғирлик қилганда у мангу сўроқ,
Қораяр мурданинг кафанлари ҳам.
Юксалдим – на хаёл, на алам юки,
Фақат юлдуз қолди сен бирла танҳо.
Эгнимда қораяр ҳар кун, ҳар кеча
Бу кундуз ва яна ул кўҳна саҳро.
Айтибдурларким,
Қай куни –
баҳайбат бир тошким, туриб ўрнидан
кузатармиш ёруғ оламни.
Дардим – томчи кўз ёш,
Вужудим – хаёл,
Кўз очдим, қаршимда турар муаллақ,
Каъбаи муаззам, мунглиғ қора ТОШ!
3. Қанча кунлар ўтди ўтлуғдан,
Сабо анфосидан муждалар етди.
Мудом йиғларману гардун барқиндан
Гирён-гирён пири сафолар ўтди.
Соқию дарбадар, даврони фоний,
Ишқ аро хокисор сездим сўзимни.
Шифтаи ҳолимда фироқинг асру,
Бир дақиқ беҳуд ҳол кўрдим ўзимни.
Қанча кунлар ўтди, ўтлуғдан,
Пинҳона ғам ютдим тунлар зуҳурий.
Битмади қонимда бу нашъу намо,
Филурий, филурим, филурий…
* * *
Ҳаёт шу бўлди-ку бу даҳри дунда,
Йилларки кўз тутиб сендан кутганим.
Бу бошим осмондир, қуёшли осмон,
Осмондек бошимга ўзим етганим.
Ва ўзим билганим мана шу Юрак –
Тоғдек дардларини бўйлаяпман-ку.
Нега сиз титрайсиз, дорим, огочим,
Ўз бошимга ўзим йиғлаяпман-ку.
СОҒИНЧ
Тошлар орасида заиф гиёҳдек
Нурларга таппиниб кўкарди таним.
Соғинч эркаланиб бир меҳр кутди,
Дилим, дардимизга боқмади ҳеч ким.
Бунда ва на баҳор ва на қиш кўрдим,
Юрак овозларин эшитдим фақат.
Менсиз юлдузларим порлайвердилар,
Менсиз кунларимни бўйлади қисмат.
Кичкина ҳаёт бу айланмас замин,
Майсалар руҳига кўчади кўнглим.
Шохлари букилиб қип-қизил қондек,
Менинг гуллаб ётар бемаврид умрим.
* * *
Айтгин, бу феълимда мен нима сездим,
Ахир истагимми ўзимни кўрмоқ?
Нимани ёд этдим, нимани билдим,
Қалбимда йиғлайди шугина сўроқ.
Мен қайга қочайин, ҳар томон зулмат,
Дилимни пардалар босқинчи риё.
Ҳар қадам офатдур, ҳар нафасда жон,
Ўзимни қиймайди ўзимга дунё…
Гўзал исмингми бу, орзуим – хилқат,
Жаранглаб турарми руҳлар занжири.
Мен ҳамон ўшами – ўзим ҳам билмас,
Аллоҳнинг ердаги буюк асири?…
* * *
Тун ҳам, тонг ҳам сенда яширин,
Замин сенда, осмон ҳам сенда.
Қисмат – нишон айлана кунлар,
Ўқ ҳам сенда, камон ҳам сенда.
Сенда чароғ… Офтобга тутиб
Улғайтирдим мурғак онларни.
Мен билмаган гўзал исминг-ла,
Чорлаяпти шамол тонгларни.
Сенда манзил… Тушдим йўлингга,
Ёмғирларга кирдим намчил куз.
Ҳеч ортимдан юрмас хавотир,
Ҳеч кўнглимга келмас бирор сўз.
Сенда йиллар… Сукутли бўрон,
Сенда тупроқ, сенда олов, сув.
Гоҳо дордан ўтгандек қалқиб,
Хаёлимдан ўтар бир қўрқув.
Сенда кеча… умидли кундек,
Йўлларимга дил чиқар пешвоз.
Бошгинамда сен эмас, йиғлар,
Ой шаклида тун берган овоз.
* * *
Ҳаммаси…
Ҳаммаси бошқача бўларди –
Дилни олиб қолсанг дарахт ёнида.
Шохларга боғласанг яшил орзуни,
Чалсанг,
қўнғироқдек кунлар уйғонса.
Ердан чиқиб қолган тошдек илдизга
Танғисанг кўнгилнинг чайир ипини.
Севги чирқилласа – тун – қора илон –
Ёйиб юборса гар зулмат тўпини.
Нигоҳинг осилиб тушса юракдан,
Бир ҳовуч нур отсанг кундузга.
Гурр этиб тўкилса дарахт барглари,
Поклансанг,
чўмилсанг заъфарон кузга.
Ҳаммаси…
Ҳаммаси бошқача бўларди.
* * *
Икки бармоқ ораси юрак –
Бу юракнинг ранглари сўлди.
Икки куннинг ўртасида жим
Турган дунё йиғлади, кулди.
Икки манзил тутиб қулоғим,
Сўзларини эшитдим, билдим.
Икки тошни уриб, чақмоғин
Юмалоқлаб самога илдим.
Ғаройиб кун, ғаройиб кўнгил,
Икки кеча айламиш фиғон.
Икки ёнга қарадим: – Ўзинг!
Мен йўқману сен бори замон.
Қара қуёш, ой ва булутлар…
Бунча иссиқ кўринди гардун.
Мен билмаган икки оламда
Билганларим айтиб юрар тун.
* * *
Дарё.
Мавжланар, тошар…
Сузиб ўтар ундан бир томчи ёшинг.
(Кўйлагингни юваётир тонг…)
Майин ҳаво.
Ҳалқаланар
томоғингда туриб қолган
зангори кунлар –
дард билан туғилган кечанинг умри.
(Сочларингни силаб уйғонар юрак…)
Қора тупроқ.
Усти-бошин қоқиб турар ўрнидан:
тош, ҳаво, сув…
(Миттигина лойсувоқ уйнинг
дарчасидан қарайди гул – руҳ…)
Гулхан ёққан қиз
ўлтирар оловга тикилиб…
* * *
Тош кўзида турди шамол,
Дил лабида ишқимиз.
Орзу эдик, шайдо эдик,
Юрак – зангор кўшкимиз.
Ғичирлайди оёқ ости,
Сомон эдик, хас эдик.
Аста-аста юрди осмон,
Оёғида ер – этик.
Билдирмайин кирди тунга,
Кундуз шомларга ботиб.
Овчимиди тун кўзи-ла
Қўйди хаёлни отиб?!
Энди юрак юмшоқ ҳаво,
Толиқтирар юрак ҳам.
Дилни эса тарк этмади
Чеҳралари очиқ ғам.