Гулчеҳра Умирова 1986 йил туғилган. Низомий номидаги Педагогика университетининг филология факултетини тугатган. “Оппоқ орзулар”, “Шеър васли” номли китоблар муаллифи. Айни пайтда ўрта мактабда она тили ва адабиёт фанидан дарс бермоқда.
БОЛАЛАР
Ухлатманг болаларни,
Бешигидан уйғотинг.
Юрагига қулф солган,
Эшигидан уйғотинг.
Меҳр деган зўр қўрғон,
Чаман-чаман куй бўлсин.
Ҳар кимнинг юрагида,
Ватан деган куй бўлсин.
Тилларига қўндиринг,
Қушларнинг энг сайроғин.
Жажжи қўлчаларига,
Тутқазинг юрт байроғин.
Аждодларга муносиб,
Ворис бўлинг, болалар,
Жаҳолатдан, иллатдан,
Олис бўлинг болалар.
Юрт тинч бўлса, эл обод,
Соғ-саломат бу тандир.
Шундай куч билан севинг,
Жондан олдин Ватандир.
ЎҒЛОНИМ
Кўзларингни юм энди,
Юраги уйғоқ болам.
Фақат кириб бормасин,
Қалбингга мудроқ, болам.
Жажжи бармоқларингни
Байроқ тутар, уққанман.
Ватан, мана, сен учун,
Алпомиш деб туққанман.
Болам мард бўл, мардларни,
Элни ўзи алқайди.
Ҳатто дайди шамолдан,
Тўзонлардан сақлайди.
Кўприк бўлгин юртингга,
Номард олмасин сиринг.
Юрагимга боғланган,
Етмиш икки томиринг.
Илму урфон нури-ла,
Зиёга тўлсин олам.
Шарқдан қуёшдай чиқу,
Баланд байроқ бўл, болам.
ШЕЪР ВА БЕШИК
Туни билан тебратдим бешик,
Йиғлаб ёздирмадинг шеъримни.
Энди шудгор қилиб ташлайман,
Юрак деган улкан еримни.
Мана, отдим қаламни шартта,
Оғридими бир ёғинг, болам.
Эркаладим, қучдим, овундинг,
Бир бурчакда йиғлади қалам.
Мудроқ босиб кетди кўзларим,
Болам ухлаб қолди бешикда.
Қалам мени кечиргин энди,
Юмушларим кутар эшикда.
Туни билан тебратдим бешик,
Йиғлаб ёздирмадинг шеъримни.
Энди шудгор қилиб ташлайман,
Юрак деган улкан еримни.