Фарида Афрўз (1956)

Фарида Афрўз (Бўтаева Фарида) – 1956 йил 5 мартда Қўқон шаҳрида туғилган. 1994 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Унинг «Қирқкокиллигим», «Изтироб кўйлаги», «Тунлар исёни», «Кўзим маним…», «Қурбонжон додхоҳ» тарихий драмаси, «Ўзимдан ўзимгача», «Пока есть на земле разлука…», «От Фариды Афруз» (Москва), «Гун айдин» (Истамбул), «Ушшоқ», “Тасбиҳ”, “Ўша кун – бугундир” сингари шеърий тўпламлари чоп этилган. Шеърлари рус, турк, инглиз, немис, француз, форс, уйғур, озор, гагоуз, хитой, корейс тилларига таржима қилинган.
Ўз навбатида шоира жаҳон адабиётидан япон ҳайкуларини, турк шеъриятидан Мустафо Отатурк, Зиё Кўкалп, Ҳусайн Отсиз, Доғларжа, Исмат Ўзал шеърларини, форс шеъриятидан Меҳри Ҳиротий ҳамда замонавий форс шеъриятидан Заҳро Абул Ҳусайний, Судоба, Соя Кабирий ғазалларини, замонавий қозоқ ва қорақалпоқ шеъриятидан ва америкалик руҳшунос Дейл Карнеги асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Фарида Афрўз ҳозир «Афрўз рекордс» овоз ёзиш студиясининг бош директори лавозимида ишламоқда.

* * *

Кўклаб кетди
Кўксимдаги найзалар,
Гул очмоқда,
Кипригимда майсалар,
Бир бор келар,
Минг йилда бу лаҳзалар,
Ёр келар кун келди, баҳор, келақол.

Энтикади,
Юрагимдек дарёлар,
Ҳар куртакда
Кулар бўлди дунёлар,
Қордай бугун
Эриб битди рўёлар,
Ёр келар кун келди, баҳор, келақол.

Кундуз билан
Тунлар бугун тенглашар,
Мусичалар
Бир-бировин «сиз»лашар,
Ва ниҳоят,
Ошиқ диллар тиллашар,
Ёр келар кун келди, баҳор, келақол.

Сен баҳона,
Ғунча кўнглим очардим,
Ёр пойига
Атир сўзим сочардим,
Бошим олиб,
Ўзим ўздан қочардим,
Ёр келар кун келди, баҳор, келақол.

* * *

Ҳ-е-е-й,
Жонини жабборга бераётган зот,
Қумлоққа иморат қураётган, зот,
Музга гул уруғин сепаётган, зот,
Айтинг-чи,
Умрингиз увол эмасми?

Ҳ-е-е-й,
Шамолга сирини айтганлар, айтинг,
Ёмғирга кафтини тутганлар, айтинг
Қиморга дунёни ютганлар, айтинг,
Айтинг-чи,
Умрингиз увол эмасми?

Ҳ-е-е-й,
Қуёшнинг нурини чироқ деганлар,
Ойнинг ҳилолини ўроқ деганлар,
Қош билан қабоқни йироқ деганлар,
Айтинг-чи,
Умрингиз увол эмасми?

Ҳ-е-е-й,
Меҳрни ўзидан, қизғанган кимса,
Йўқ жойдан ғавғолар қўзғатган кимса,
Тинчликни тўзондай тўзғитган кимса,
Айтинг-чи,
Умрингиз увол эмасми?

Ҳ-е-е-й,
Қаҳқақа билмаган, сохта табассум,
Гулларга термулиб, гулламаган зум,
Тўрт фасл баробар қахратон мавсум,
Айтинг-чи,
Умрингиз увол эмасми?

Ҳ-е-е-й,
Уч юз йил қарғадек яшамоқми, аҳд?
Тошбақа қасрида орзунгизми, тахт?!
Сиз Ҳазрати инсон, шунинг ўзи бахт!
Айтинг-чи,
Умрингиз увол эмасми?

* * *

Тозармоқ истасанг, севгига юкин,
Муҳаббат сувин сеп, қақроқ дунёнгга.
Беҳуда кунларинг армон-ла боқар,
Эртангга ишонч бер, етсин ошёнга.

Тозармоқ истасанг, ишқдан сўйлагин,
Токи ёниб кетсин, вужудинг, танинг.
Қусурлар, унсурлар, нафсларинг ёнсин,
Шаффофга айлансин, кўнглинг- ватанинг.

Тозармоқ истасанг, кимнидир севгин,
Ошиқ бўл, маъшуқ бўл, бўлгин девона.
Ҳирслар лашкарининг заволи шудир,
Покланиш йўли шу, шудир ягона.

Тозармоқ истасанг, севишни ўрган
Бўрону тўфонни, ойни, қуёшни,
Денгиз сувлари ҳам юволмас, агар,
Дилингга чўккан у нафратни – тошни.

Тозармоқ истасанг, оддий яхши кўр,
Борини борича севгин, бетаҳлил.
Бу дунё беишқни айлар-ку, абгор,
Ажаб, у дунё ҳам этмасмиш қабул.

* * *

Опа, она бўлолмадинг, онамдан кейин,
Юкундим, югурдим, чопдим ёнингга.
Сен эса рўзғорнинг лойига ботдинг,
Ўз болаларинг жон бўлди, жонингга.

Гарчи, меҳрибонсан, беадад, беҳад,,
Менга тикан кирса, жонларинг халак.
Қуш сайраса, ногахон, синглим келар деб,
Жиззали нон ёпиб, кутарсан илҳақ.

Ака, ота бўлолмадинг, отамдан кейин,
Изладим, бўзладим, ёнингга чопдим.
Сен эса, рўзғорим, ўғлим, қизим деб,
Сўраб борсам, доим меҳнатдан топдим.

Гарчи, қалқонимсан, темирдай қўрғон,
Шаънимга ҳимоят, қиличнинг дами.
Яқин кел,суянчим – узоқдаги тоғ,
Сен борсан, ҳеч гапмас, дунёнинг ғами.

Майли, бу таънамас, минг бора узр,
Юрагим ўртанди, ўкиндим бир оз.
Мен-да, қиз бўлмадим, иккингизга ҳам,
Отамни, Онамни соғиндим холос…

* * *

Сендан
ш а ф қ а т
кутгандан кўра,
Қуриган дарахтга йиғлайман,
Этагим олмага тўлдирар.

Сендан
м е ҳ р
кутгандан кўра,
Аждаҳога бориб бўзлайман,
Бағримда боламдай ухлайди.

Сендан в а ф о
кутгандан кўра,
Кўксимга ханжарлар экаман,
Бехато кўкарар, гуллайди!

* * *

Мен ўзи кимман
ташландиқ қудуқ,
ёмғирларнинг эсидан чиққан,
балиқлари ташна,
жон берган,
қамишлари ўйиб найланган
ташландиқ қудуқ.

Сен ўзи кимсан,
сувга чўккан тош,
қояларнинг ёди ўчирган,
зилзилада тўқилган дув-дув,
чўққилардан мангу ҳайдалган
сувга чўккан тош.

Ишқ ўзи нима,
эски тегирмон,
дунёларнинг хотирида йўқ,
бойўғлилар ин қурган унда,
шапалаклар яйраган макон,
иккимизни дондай янчиган
эски тегирмон.

* **

Руҳ шамоли танни қақшатди,
Чақмоқ вужуд олов сачратди,
Кеча ёққан ёмғир чарчатди,
Кел, бугунни байрам қилайлик.

Ўтган куним надомат, армон,
Ором билмас саргардон бу жон,
Эсиз, умр ўртада сарсон,
Кел, бугунни байрам қилайлик.

Азал жонга завол андеша,
Бу дунёда ёлғиз ишқ пеша.
Айрилмоққа ўчмиз ҳамиша,
Кел, бугунни байрам қилайлик.

Ўпиб турса сочларингни нур,
Бахт нелигин капалақдан сўр,
Не бўлса ҳам тур, ўрнингдан тур,
Кел, бугунни байрам қилайлик.

Ахир сени кўрганим тушмас,
Хаёлингсиз ҳушларим қушмас,
Осмон синиб, заминга тушмас,
Кел, бугунни байрам қилайлик.

Бир хўрсинсам, қайтиб келар сой,
Айт, тилагинг айт, деб келар сой,
Қайтиб жонни қай ердан олай,
Кел, бугунни байрам қилайлик.

Тонгим балки армонларга соз,
Ишқ қисмати иккимизга рост,
Мен энтикиб чорладим, холос,
Кел, бугунни байрам қилайлик.

* * *

Аёлни сев,
аёлга ёлбор,
Минг бир кеча эртакларинг айт,
Алпомишлар туғиб беради.

Аёлни сев,
остонасин ўп,
Қаср қурма, кўнглини сўра.
Бало келса, туриб беради.

Аёлни сев,
ўламан дегил,
Ишқ яратган парвардигордан,
Сенга умр сўраб беради.

* * *

Юрагимнинг қаеридир куяди,
Симиллайди,
чарсиллар, санчар,
Гўё минг йил юраксиз яшаб.
Бир қадоқ оғриққа куним қолгандай…

Сени соғинганман…
Кўзимда дарёлар жимирлар аста,
Уфуради,
буғланар, тошар,
Гўё минг йил тошқинсиз яшаб,
Бир томчи иқрорга куним қолгандай…

Сени соғинганман…
Ҳушёр тортар руҳим – имтиҳон берар,
Қалтирайди,
дилдирар, титрар,
Гўё минг йил кўнгилсиз яшаб,
Бир аҳмоқ ақлга куним қолгандай…

Сени соғинганман…
Деразамни ёпаман, этим учади,
Жондан ўтар
изғирин, шамол.
Гўё минг йил қуёшсиз яшаб
Бир нуқра чўғингта куним қолгандай…

Сени соғинганман…
Сени соғинганман,
оҳ, нима қилай,
Нима қилай, ахир, айт, нима?!
Гўё минг йил сенингсиз яшаб,
Бир ютим ажалга куним қолгандай…

Сени соғинганман…!

* * *

Она ер – туфроқ қолиб,
осмон билан овворамиз,
Жон бериб, жонинг олар, жон билан овворамиз.

Кўзларингта жовдирар,
сарсон висол, саргашта ишқ,
Ёш тўкиб, йиртиб яқо, ҳижрон билан овворамиз.

Теграмизда ҳур малаклар,
бири сингил, бири ёр,
Инсоф қолиб, инсон қолиб, шайтон билан овворамиз.

Отамиз мезбон эди,
оҳ, онамиз мезбон эрур,
Зор этиб ҳар иккисин, меҳмон билан овворамиз.

Ҳар нафас ёнингда дилдош,
ҳар мушкулотингга ечим,
Яхшилар бунда қолиб, ёмон билан овворамиз.

Чин ҳақиқат йўли бошқа,
чин вафолиқ ўзгадир,
Ҳақ қолиб, иймон қолиб, ёлғон билан овворамиз.

Кўнгли уммон кимсаларнинг
жилғасидин сув ичиб,
Роз қолиб, эъзоз қолиб, тўғон билан овворамиз.

Ҳар кишики, кўзи очдир,
кўр қилар, тўзони ганж,
Йўл кўрсатар сарбон қолиб, карвон билан овворамиз.

Бизни Ҳақ ҳур айлади,
нур айлади, озод этиб,
Ҳар тарафга қулф уриб, қўрғон билан овворамиз.

Кимки бизга интизордир,
Фарид Афрўз чин сўзим,
Жоним нисор, чин дўст учун қурбон билан овворамиз.

* * *

Соғиниб келасан ёнимга,
Кетасан, яна ҳам соғиниб…
Йўлингга термулиб яшайман,
Мен ғариб, мен ғариб, мен ғариб.

Соғиниб ёзасан мактублар,
Ўқийсан, жавобим соғиниб…
Йўлингга кўз тикиб яшайман,
Рангларим сарғариб, сарғариб.

Соғиниб, тиз чўкиб пойимга,
Термулиб кўзимга – соғиниб…
Шу йўсин армонга бўй бермай,
Яшаймиз сен ғолиб, мен ғолиб –
СОҒИНИБ…

* * *

Бугун мен чиройли бўлишим керак,
Ҳаммадан гўзалу ҳаммадан кўркам.
Аллоҳим, бир кунга шавқимни қайтар,
Бахтим юзин кўрай, бир бора мен ҳам –
Бугун мен,
уни кўраман.

Атиргул, кўйлагинг бериб тур менга,
Сочларим тўзғитма эй, дайди шамол.
Аллоҳим, бир кунга ҳусн ато эт,
Ой, нуринг қизғанма, бўлай ойжамол –
Бугун мен,
уни кўраман.
Юрагим ҳапқирар – соғинчга тўла,
Қушлар, чуғурлашма, насиҳат сиғмас.
Аллоҳим, бир кунга олов қил мени,
Кўксимга бош қўйсин, қуёш қил, сўнмас –
Бугун мен
уни кўраман.

Жаранглаб очилсин, сир сандиқлари,
Шарқираб тошсин-ей, эҳтирос-дарё.
Аллоҳим, бир кунга девона қилгин,
Ғамларинг унутгил, кулиб тур дунё –
Бугун мен
уни кўраман.

О, сен, ишқ, муҳаббат, жунунваш туйғу,
Шижоат, самовий парвозга шайлан.
Аллоҳим, бир кунга ақлимни олгин,
Бир кун яшаб келай, шу кўнгил билан –
Бугун мен
уни кўраман.

* * *

Юрагим, санчима, оғрима,
Бўлар иш бўларкан, бизсиз ҳам.
Иштирок этмоқлик шарт эмас,
Тўлиной тўларкан, тунсиз ҳам.

Азалдан тақдирлар битилган,
Биз эса мисоли қўғирчоқ.
Ўзмоқчи бўламиз вақтдан ҳам,
Ёнамиз, куямиз – шамчироқ.

Кўнглимиз билади, сезади,
Лек ақл такаббур, мустасно.
Хаёлнинг чўллари бепоён,
Орзунинг боғлари таманно.

Юрагим йиғлама, ўртанма,
Вужудим, руҳимга султонсан,
Сен борсан, қувонч бор, изтироб,
Сен алам, армонга ватансан.

Юрагим, санчима, оғрима,
Бўлар иш бўларкан, бизсиз ҳам.

* * *

Нима қилиб қўйдинг мени,
Мисли наққош ўйдинг мени,
Сеҳргарим, о, муҳаббат,
Мендан ортиқ суйдинг мени.
Нима қилиб қўйдинг мени,

Юрагимга бир ўт тушди,
Хаёлларим қушдай учди,
Сеҳргарим, о, муҳаббат,
Қадим тоғлар, қоя кўчди…
Юрагимга бир ўт тушди.

Ишқим билан кўксим ёрай,
Шароб беринг, оҳ, сипқорай,
Сеҳргарим, о, муҳаббат,
Кеч кузимда бир кўкарай,
Ишқим билан кўксим ёрай,

Энди ғамлар гарддай учар,
Кўзим дунё рангин ичар,
Сеҳргарим, о, муҳаббат,
Энди мени бахтлар қучар,
Энди мени бахтлар қучар….

* * *

Тун…
Ёмғир..
Сеҳрли кеча…
Қурбақалар мисоли ҳофиз…
Жўровоз куйлар….

Тун…
Ёмғир..
Сеҳрли кеча…
Иссиқ бағир…
Қайноқ бўса,
Лабни куйдирар…

Тун…
Ёмғир..
Сеҳрли кеча…
Юрак чопар мисли чавандоз,
Қон кўпирар, томирга сиғмас,
Эврилишлар гўзал, бепардоз.

Тонг…
Қуёш..
Сеҳрли саҳар…
Ёмғир тинар, тинар эҳтирос,
Эриниб уйғонар тўхтаб қолган вақт…

* * *

Қуриётган дарахтнинг шохларига гул битди,
Қушлар келиб сайради, қоқ ёғочга тил битди,
Сенсиз яшаб бўлмайди,
сенсиз энди куним йўқ,
Ҳар пўстлоғин қатига муҳаббатим – дил битди.

Хаёлларинг шавқидан тўлиб-тошиб яшайман,
Ўша мағрур бошингга бағрим босиб яшайман,
Сенсиз яшаб бўлмайди,
сенсиз энди куним йўқ,
Келар йўлинг пойига жоним тўшаб яшайман.

Шамол елар бетиним, жимирлайди япроқлар,
Ёмғир ёққан саҳродай, ҳузур қилар тупроқлар,
Сенсиз яшаб бўлмайди,
сенсиз энди куним йўқ,
Минг бор оташ ўтида куйдиради титроқлар.

Энди сенинг бўйнингда билакларим гуллайди,
Белларимга чирмашиб, гул печаклар бўйлайди,
Сенсиз яшаб бўлмайди,
сенсиз энди куним йўқ,
Бўлмайди, ҳей, бўлмайди, сенсиз яшаб бўлмайди!