Эгам Раҳим (1918–1977) – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. Хоразм давлат педагогика институтида таҳсил олган. Ижодкорнинг “Бахт йўли”, “Янги қадам”, “Қўшиғимсан, Хоразм”, “Нурли излар”, “Жайҳун нидоси” сингари тўпламлари нашр этилган.
ҲАЁТ
Қандай ширин, қандай кўркамсан,
Нима бўлур сенинг билан тенг.
Боғу роғим, ҳовлим, ўлкамсан,
Мурувватли қучоқларинг кенг.
Бунёдкорсан, инсон қўлига
Тутқазгансан қудратли жилов.
Нур сочгансан унинг йўлига,
Сен эрурсан нокасларга ғов.
Сени деган авлод-аждодим,
Сени деган бутун мавжудот.
Одам ўтган изини ёдлар,
Қўйиб сенга меҳру эътиқод.
Одамзотнинг суянган тоғи,
Ўзинг борсан унинг бахтига.
Сен борсанки, гул очар боғи,
Суянади тожу тахтига.
Умр қисқа, йиллар саноқли,
Инсон деган боради қариб.
Бу – ҳақиқат, одамзот нақши,
Сен қоласан яшнаб-яшариб.
СЎҚМОҚЛАР
Сўқмоқлар, сўқмоқлар, сўлим сўқмоқлар,
Бунча ҳам сирлисиз, ривоятга бой.
Саргузашт, тарихга тўлиқ сўқмоқлар,
Инсонга ошносиз кўпдан, ҳойнаҳой.
Ким йўл бошладию кимлар ўтдилар,
Биров шодлик билан, биров аламда.
Манзилгоҳга машъал ёқиб кетдилар,
Кўмакдош деб одам қоқилган дамда.
Қайдан бошланасиз, қайда ниҳоя,
Бу савол жавобсиз, қийнайди ҳамон.
Умрингиз боқийдир, тушмагай соя,
Узоқ йиллар оша яшайсиз омон.
Уфқлар қадарли кетинг, мавж олинг,
Серқатнов сўқмоқлар мудом суюкроқ.
Кенг йўллар авжига сиз содиқ қолинг,
Нопок қадамларга топталманг бироқ.
ТОНГ ЧОҒИДА
Кўкда ҳали юлдуз кўчмаган,
Ботиб борар ойнинг баркачи.
Ён бағирлар туя ўркачи,
Кўчаларда чироқ ўчмаган.
Уфқда тонг кўрсатиб жамол,
Бошлаб берди шаффоф эртани,
Тун топширди эстафетани,
Кашф этиб ажиб бир хушҳол.
Тоғдан эсган еллар беозор,
Ҳайдаб кетди тонгги туманни.
Офтоб балқиб жумла жаҳонни,
Нурга буркаб этди лолозор.
Ёш арчалар бағрида қиров,
Қуёш билан уриштирар кўз.
– Қани, бунинг таърифига сўз –
Деб шипшийди ёнимда биров.
Кўкда паға-паға булутлар,
Бири қувиб, бири қочади.
Офтоб нурга йўллар очади
Ва инсонни нур билан қутлар.
Тоғ оралаб, тубанга қараб,
Ирмоқлардан оқар шалола.
Сарчашмалар кўм-кўк пиёла,
Толлар қолар кокилин тараб.
Саҳар туриб сабрсиз, бедор,
Тонгни кутиб ором оламан.
Кўкка боқиб ўйга толаман,
Кўришаман тонг билан дийдор.
ҚАЛБ АМРИ
Дийдор кўришмакка не етсин,
Сув ичади кўнгил-кўнгилдан.
Дилкаш суҳбат кўтариб кетсин
Ғуборларни беором дилдан.
Суҳбат билан ўтган ҳар онни
Олтин билан тенг деб, бил, дўстим!
Дилкаш эъзозлайди инсонни,
Қалб амрини бажо қил, дўстим!
Беқадрлар нарироқ кетсин,
Ирғитмасдан жафо тошини.
Дийдор кўришганга не етсин,
Одам силар одам бошини.
ОДАМИЙЛИК
Одамий бўл, одамийликдир ҳусн,
Қолгай ўтган изларингда яхши ном.
Хизматингдан эл аро ҳар лаҳза, кун
Мансуб этгай сенга ҳурмат-эҳтиром.
Эл билан бўлгин, элинг ҳамхонадир,
Дилда чўғ бўлгай мудом ташвиши.
Элу юртинг ҳам ота, ҳам онадир,
Элга хизмат чин одамийлик иши.
Дардли кун дардкашга ҳамдам бўлмасанг,
Дўсту ёрлар йиғласа, турсанг кулиб,
Қалб бўлиб шодлик ва ғамни туймасанг,
Нега келдинг дунёга одам бўлиб?
Одамий бўл, одамийликдир ҳусн,
Қолгай ўтган изларингда яхши ном.
Хизматингдан эл аро ҳар лаҳза, кун
Мансуб этгай сенга ҳурмат-эҳтиром.
НУРЛИ ИЗЛАР
Кунлар, кунлар, кунлар…
Бунчалик хилма-хил, бунчалар фарқли.
Кунлар, кунлар, кунлар…
Бунчалик серташвишу бунча ардоқли.
Бири қувонтириб, шодон этади,
Кўкларга кўтариб юборар бошинг,
Баъзиси серташвиш бўлиб кетади,
Ранжу машаққатлар бўлиб йўлдошинг.
Гоҳ оламни этиб кўзларингга тор,
Юрак-юрагингни эзади.
Бир лаҳза шодликка қилиб интизор,
Кўнгил боғин ғаму ташвиш кезади.
Қани бир умрга қолиб шодонлик,
Дунёдан ранжишлар йўқола қолса.
Ташвишлар ўрнини қувонч, омонлик,
Дўстларнинг мавж урган давраси олса.
Севинч онларини ардоқлаб, қутлаб,
Шодликка шодликлар улаб ўтайлик.
Дўстларни саодат билан қутлуғлаб,
Ҳаётда нур излар солиб кетайлик.