Ашурали Жўраев. Мансура (ҳикоя)

“Адабиётга туғма муҳаббатимни изҳор қилишга қаттиқ бел боғладим. Нима муяссар бўлди, нима бўлмади. Аммо ҳеч қачон тулпорларни тақалаганларида мен четда туриб оёғимни кўтармадим”.
Иброҳим ҒАФУРОВ

Болалигидан адабиётга, адабиёт сабаб китобга астойдил – бутун борлиғи ва жону жаҳони билан қатъий меҳр қўйди у. Китобнинг ҳақиқий мўъжиза, бебаҳо маънавий хазина эканлигини жуда эрта теран англаб етгач, ундан тўйиб-тўйиб, қониқиб-қониқиб нур ичарди, олам-олам маънавий завқ олиб, билимлар уммонига ғарқ бўларди. Фикри тошқин дарёдай тўлиб-тошиб борарди. Асов отдай учқур фикрлар унга тутқич бермай, хаёлида чарх урарди, қалбида денгиз тўлқини мисол туғён қиларди.
Кейинчалик у: “Қаерда учратмай, китоб кўзимга оловдай кўринади”, деб иқрор бўлади. Ва бу маънавий оловдан қалбида, онгида чарсиллаган чўғларни ўт олдира бошлади.
У ёруғ оламни китоб кўзи, китоб ақли билан кўриб, ҳаётнинг мазмун-моҳиятини китоб тафаккури орқали теран идрок эта бошлади. Китоблар унга муаллим, устоз яъни пиру комил бўлди. У китобга мурид тушди. Бир умрлик фидойи ва садоқатли шогирд бўлди. Эҳ-ҳе, у ўқиган китобларининг на сон-саноғи, на бош-охири бор. Бу китобларни бирма-бир териб чиқсангиз Тошкентдан, то улуғ авлиё Нақшбанд ҳазратларининг зиёратгоҳидан ўтиб кетар, эҳтимол Ҳиротгача етар…
Ўзининг китоб тўла қайиғида Ҳазрат Алишер Навоий уммонида беармон сузди. Ва улуғ Навоийни ўқиб, ўрганиб шундай хулосага келди: “Навоий тимсолида дунё адабиётида баҳодир сўз – бу:
Халқни бошдан-оёқ зулмдан ҳимоя қилган – сўз.
Халқни зулмдан халос қилган – сўз.
Халқ учун адолат ўлкасини яратган – сўз…”
Фақирлар шоҳи Машрабнинг ўтли изларидан сариқ гулларни излайди. Бобур чеккан жабру жафоларни юрагидан ўтказади. “Яссавий бобо бизни эшитармикан?” деб нидо қилади. Шоҳи Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Сўфи Оллоҳёрнинг авлиёлик ва донишмандлиги сир-асрорларини билишга астойдил киришади. У Абдулла Қодирийни, “Миллий маданий онгимизнинг жавҳари” деса, Чўлпонни “Озодликнинг орифи, ошиқи, одами эди” деб улуғлайди. “Ҳар кимнинг ўз Ойбекномаси бор”, деб эътироф этади. Ҳамид Олимжон билан Зулфиядан “ҳаётий қудратли унсият мерос қолди, дея таъкидлашдан чарчамай”ди. У Абдулла Қаҳҳор ҳақида ёзар экан: “Ҳақиқий адибнинг садоси минг йиллар қаъридан ҳам баралла эшитилаверади”, дейди. Асқад Мухтор ҳақида, “Асқад аканинг фикрсиз қолган дамлари ҳам бўлармикин?” деб ўйлайди. Одил Ёқубовга шундай таъриф беради: “Одиллик барча тўғриликларнинг отаси ва фалсафасининг булоғи”. Эркин Воҳидов сайёрасини кашф қилади ва уни “Икки асрнинг донишманд шоири”, деб баҳолайди. Яна бир ўринда Озод Шарафиддинов ҳақида ёзади: “Кўп замон зарбаларини ўз юрагидан ўтказди. Унинг матонати бизга дарс эди ва далда берарди…” Яна бир суҳбатида, “Неъмат Аминов адабиётда ўз ўрнини топди”, деб эътироф этади… Эҳ-ҳе, бундай теран таърифу сара баҳоларнинг адоғига етиб бўлмайди. Адабиётимизни бу қадар чуқур ва пухта ўрганган ва бутун умрини бағишлаган бундай заҳматкаш ва фидойи зотни топиш қийин.
ХХ аср адабиётимизни тўйиб-тўйиб ташналик билан сипқориб келаётган ва уни ҳамиша теран тафаккур билан таҳлил қилиб, гоҳ суюниб, гоҳ куюниб мақолалар битган, донини донга, сомонини сомонга, гулини гулга, янтоғини янтоққа эринмай ажратиб келаётган бундай аллома зотнинг борлиги адабиётимизнинг ҳақиқий бахтидир.
У Ғарб ва дунё адабиётига ғаввос каби шўнғиди. “Достоевский билан тунги суҳбат” қурди. Фридрих Нитщени “Тафаккур ва хаёлот сеҳргари”, деб таърифлайди. “Панчатантра”дан қадим ҳинд ҳикматлари мағзини чақади. Фолкнер, Маркес, Айтматов, Борхес асарлари ва уларнинг таржималари, жаҳон адабиётидаги оқимлар, йўналишларини тинимсиз ўқиб-ўрганишлар – ҳаммаси уни адабиётда янги бир саҳифа очишга ҳали бирор ижодкор айтмаган сўзни айтишга мудом ундар тинимсиз чорлар эди. Ўзи ҳам юраги тўлиб-тошиб бир нарсаларни қоралади. Лекин бу билан юрак тафти босилмади. У адабиёт, адабиётшуносликда батамом бошқа нарсалар ҳақида ёзишни, ҳеч ким айтмаган сўзни айтишни, бу сўз чақмоқ янглиғ юракларда из қолдиришини орзу қиларди…
У чиройли гулга қўниб турган гўзал капалакнинг хатти-ҳаракатини бутун вужуди, меҳри билан кузатишни жуда ёқтирарди. Капалакнинг қанотларига гўё ҳарир қалам билан чизилган бетакрор безакларга ҳаяжон билан тикиларди. Капалакнинг рақсини кузатиш баробарида унинг мовий кўзларида кўзларини кўриб, бениҳоя ҳайратга тушарди. Бу кўзлардаги ҳайратни қоғозга туширмоқни астойдил ният қиларди, жуда-жуда ёзгиси келарди…
Ям-яшил майсалар, гиёҳлар остида сизиб чиқаётган ойнадай булоқ сувнинг жимир-жимиридан унинг аъзойи бадани жимирлаб кетарди. Ҳовучини тўлдириб олган сувда кафтларидаги чизиқлар тўлқин урарди. Майсаларнинг киприклари билан ўйинга тушганини кўриб, кўзлари қувнарди. У баъзан ўзи, баъзан ижодкор дўстлари билан турфа сайёҳатларни хуш кўрарди. Тоққа борса тоғдан, тошлардан, боғ-роғларни кезса дарахтлардан, гулзорлардан, адоқсиз йўллардан, бепоён дашту чўллардан, қизғин давралардан, бетакрор манзаралардан, қўйингки кўзи тушган маволардан мўъжиза изларди. Ва ҳеч ким кўрмаган, идрок этмаган беқиёс мўъжизаларни, илоҳий нуқталарни топарди. У топган мўъжизалар ҳам қоғозга тўкилгиси келиб, шундоқ қаламнинг бўғзида турарди, мусаффо булоқдай отилгиси келарди.
Бир куни, ҳа, Оллоҳнинг муборак кунларидан бирида унинг юрагини тошқин дарёдай тўлдириб келаётган илҳом мавжлари, вужудида улкан хазинага айланган тўлиқ дондай етилган тафаккур дурдоналари булоқдай қайнаб юзага чиқди ва узоқ кутилган илоҳий ҳодиса содир бўлди. Олтин ёмбиларидай етилган фикрлар чақмоқдай чақнаб, оппоқ қоғозда нурли излар қолдира бошлади. Қаламдан юракни чирсиллатадиган, фикрни яшнатиб юксалтирадиган, тафаккурни илоҳият сари етаклайдиган қуйма сўзлар шаршарадай оқиб келаверди. Энди ёзмасликнинг асло иложи йўқ эди.
Узоқ йиллар юрагини қуёшдай ёндириб келган, энг ширин қувонч, бетакрор ҳаяжон ва юксак ишонч билан қалбидан вулқондай отилган ўша сўз ниҳоят қоғозда туғилди, нурли сўзлар ёруғ дунёни кўрди:
– Мансура!
Кейин у оҳиста ёзди: “Шивирладим паришон агар қачонлардир Худо қиз ато этса, отини қўяман: Мансура!”
Сўнг биринчи жумлани меҳр-муҳаббат, қалб шижоати билан ёзди: “Менинг романларим”.
Адабиёт ҳам ҳамиша табиат мисол янгиланиб туради. Янги жанрлар пайдо бўлади. Янги мўъжиза яратилади. Адабиёт – мўъжизадан иборат. Жозибадор сўз, фикр ва тафаккурга обдон қорилган бу романлар қўлма-қўл бўлиб кетди…
“Мансураларда мен фикр ва энг муҳими, фикрларнинг ифодавий эркинлигини севиб қолдим”, деб иқрор бўлади у. Сўнг давом этади: “Мансуралар фикрлардаги портлашларнинг вайроналари…”

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 10-сон