Аъзам Исмоил (1952)

Аъзам Исмоил Фарғона туманининг Водил қишлоғида 1952 йили туғилган. Фарғона Давлат педагогика институтининг чет тиллар факультетини тамомлаган. Фарғона политехника институтида ишлайди.
У жумҳурият ижодкор ёшлари V семинар кенгашида қатнашган, шеърлари турли матбуотларда эълон қилинган.

ДУНЁ, ДУНЁЛАРИНГ СУВГА ОТАМАН

Қаландар либосин кийдирдинг менга,
Кетарман молимдан, мулкимдан кечиб.
Мол-дунё қулларин ҳайратга солай
Эгнимдан зар-кимхоб тўнимни ечиб.

Бу жулдур хуржунни елкамга ташланг,
Қўлимда сарбутоқ бир асо бўлсин.
Дунёни сўрасин дунёси кўплар,
Шоири замонлар ҳур гадо бўлсин.

“Зўр карвон йўлида етим бўтадек”
Билмам қанча саҳро, чўлдан ўтаман.
Шундай кун келади — мен ҳам нор бўлгач,
Дунё, дунёларинг сувга отаман.

Мен жиловин узиб учган зўр тулпор,
Қалбимга қулоқ сол, келар бир нидо:
«Эгар-жабдуқларим гарчи тиллодан,
Молпараст чавандоз, энди алвидо!»

Мен ғазаб олдидан туғилган бир мушт,
Ботир камонидан узилган ўқман.
Бойвачча, нокаслар, қурбоним бўлманг,
Мен бир оз телбароқ, мен бир оз шўхман!

Бу дунё — думалоқ танга тўплагич,
Ярим ой — қутининг сирли тирқиши.
Юлдузлар — тўпланган тилла тангалар,
Бу энди сенингмас, эгамнинг иши.

МУҲАББАТ

Кимдир
ошкор тан олади,
таҳсин ўқир, шукрона.
Кимдир
сени сир тутади —
ўтда ёнар пинҳона,
Кимларга сен
кулиб боқсанг —
тепкилайди мастона.
Кимлар учун
осмондасан —
сиғинади девона.
Англолмадик то абад,
Англолмаймиз то абад,
Хом сут эмган бандамиз.
Ўзинг кечир, муҳаббат.