Абдулла Аъзам 1947 йил 21 апрелда Андижон вилоятида туғилган. Физика-математика фанлари доктори, профессор. Ўзбекистон Фанлар Академияси аъзоси (2017 йилдан).
НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Мисли хонақоҳингизни айламак зиёратим —
Ҳар куни девонингизни қўлга олмоқ одатим.
Бу ғазални ўқиганда ҳаддан ошди ҳайратим:
“Бўлмиш андоқ мунқатиъ аҳли замондин улфатим
Ким, ўзум бирла чиқишмас ҳам замоне суҳбатим”.
Сиз туфайли бўлди буюк тилимиз ҳам топди зарф.
Сиздин ўрганган эмасму хулқу одоб аҳли ҳарф?
Не замон ноҳақшунослик эл ичида бўлди урф:
“Турфа кўрким, халқ коми бирла умрим бўлди сарф,
Турфароқ буким, биравга ёқмади бир хизматим”.
Сиз туфайли ном қозонди қанча кас арбоб ўлуб,
Даврингиз тарихга кирди унда буюк боб ўлуб.
Сиз-чи фарёд айлагайсиз бағрингиз кабоб ўлуб:
“Лаълдек бошим осилсун ғарқайи хуноб ўлуб,
Лаъл тиккан салтанат тожига бўлса рағбатим”.
Сиз каби устозу пирни кўҳна олам кам берур,
Шишадек биллур дилингиз зада қилган ким эрур?
Шеърингизни ўқисам, у мисли кўзгуким эрур:
“Тўлғанурмен ўзлугумдин чиқғали, буким эрур
Дард водийсида саргардон қуюндек ҳайъатим”.
Сизни не ҳасратга долмиш, кўзга тушгандек садаф?
Қайдайин эркан замон, ул топса ҳам сиздин шараф,
Ҳасратингизга сабабни қилмамишдир бартараф:
“Етти кўкни кўк варақлардек совургай ҳар тараф
Гар фалак чархи аро чирмашса оҳи ҳасратим”.
Бевафо бўлса замона, улфатинг бўлғай чоғир,
Дўстлар қилса хиёнат, кул бўлур куйиб бағир,
Душманингдин азиятлар бу қадар бўлмас оғир:
“Эй ажал, тан хирқасин куйдурки бўлмиш, бас, оғир
Бу маломат ўқлари бирла тикилган кисватим”.
Кўрмагайлар чину сохта ўртасинда фарқни,
Зарми? қадрин билгучи заргар десун чин нархни.
Лол қилгай шеърингиз ҳам Ғарбни, ҳам Шарқни:
“Қўй дуру феруза баҳсинким, нужуму чархни
Нилуфар барги уза шабнамча кўрмас ҳимматим”.
Бўлмаса ишқ, икки олам бўлмасин — сизнинг мақол,
Илгингизда ики дунё — мисли синган бир сафол.
Ким Навоийни ўқур, ибрат олур — топгай камол:
“Эй, Навоий, икки оламдин кечу топгил висол,
Бу икки бутхонадин эрмиш бу йўлда офатим”.
НАВОИЙ РУБОИЙИГА МУСАННО
“Кўз бирла қошинг яхши, қабоғинг яхши,
Энг билан менгинг яхши, сақоғинг яхши”.
Уммонда қошинг мисли даракчи қушдек,
Кўзинг — йўл ёритгувчи маёғинг яхши.
Ўхшатса қоматинг гар дарахту гулга,
Ғунчаю гулинг не дей? Бутоғинг яхши.
Фироғинг ширин, аммо висолга етмас:
“Юз бирла сўзинг яхши, дудоғинг яхши”.
Бу мисрани ким айтмиш — билибми билмай
Чимрилган қошинг, уйган қовоғинг яхши.
Таърифинг Навоийдин ўтказиб бўлмас:
“Бир-бир не дейин, бошдин аёғинг яхши”.
БОБУР ҒАЗАЛИГА МУСТАЪЗОД
Ул аҳд ила паймон қани, эй, ёр, не бўлди,
ваъдаси ёлғон?
Ул лутф ила эҳсон қани, эй, ёр, не бўлди,
аҳдини бузғон?
Кеттим мени ҳайрон эшигингдин, демадинг ҳеч,
эртами ё кеч:
“Ул телбаи ҳайрон қани?” Эй, ёр, не бўлди,
ёди паришон?
Юз кўрсатибон эл ичида лутф этар эрдинг,
май тутар эрдинг,
Ул лутфи намоён қани, эй ёр, не бўлди? —
Дилда зимистон.
Сенинг сари бори кўнгул истаб топа олмай,
тоқати қолмай,
Сенинг сари борғон қани, эй, ёр, не бўлди?
Сен эса пинҳон.
Жонимға даво сўзинг эди, сўзламадинг, оҳ,
хастага, валлоҳ,
Жон дардиға дармон қани, эй, ёр, не бўлди?
Топгил-эй имкон.
Мундоқму эди аҳдки, Бобурни унутдинг,
неники кутдинг?
Ул аҳд ила паймон қани, эй, ёр, не бўлди?
Қилмағин армон.
ТУЮҚ
Назмимизнинг жавоҳири – “туюқ”дир,
Гар бу гапдан қовоғинг, айт, уюқдир –
Нафосати инжа дилда туюқдир.
Завқ олишни ўрган, ўргату юқдир.