Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис”, Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сияр” ва Зайниддин Восифийнинг “Бадоеъ ул-вақоеъ” асарларида Навоийга замондош мавлоно Абдулвосеъ мунший номи ҳам тилга олинади. “Мажолис”да мавлоно Абдулвосеънинг иншо фанида моҳирлиги, соддадил кишилиги учун эса доимо “ҳазилкашлар мутойибаси ўқига дучор” бўлиб юрувчилиги ҳамда хожа Маждиддин Муҳаммад вазирлиги даврида иншонавислик мансабига етишгани қайд этилади. Навоий ёзишича, Абдулвосеънинг хожа Маждиддин ҳажвида битилган беш юз ва бошқаларни танқид қилган минг байтдан ортиқ шеъри бор экан.
Хондамир мавлоно Абдулвосеънинг “Жомеъ ул-бадоеъи султоний” номли тарихий асар ёзгани, аммо воқеалар баёни асносида ташбеҳ ва истиораларни ҳаддан ошириб юборганлиги учун бу китоби Султон Ҳусайн Бойқарога ёқмагани ҳақида хабар беради. Хондамирнинг яна бир маълумотида Камолиддин Абдулвосеънинг Алишер Навоийга атаб Абдураҳмон Жомий мақомотида “Ҳолоти ҳазрати Махдумий” номли асар яратгани зикр этилади.
Восифий Абдулвосеъ муншийнинг вазир Маждиддин Муҳаммад томонидан Алишер Навоий билан ярашиш шарафига уюштирилган зиёфатда қатнашиб, ўзининг тўғрисўзлиги ва нафратини ичига яширмай, уни истаган одамининг юзига айтиши каби хислатлари билан ўтирганларни хурсанд қилиб, вазирдан мукофотлар олганини сўзлайди.
Кейинги пайтлари олимлар мавлоно Абдулвосеъ муншийнинг бизгача етиб келган “Мақомоти Жомий” (“Ҳолоти ҳазрати Махдумий” ва “Мақомоти мавлавий Жомий”(1942) номлари билан ҳам аталувчи бу асарнинг бир нусхаси ЎзФА ШИ қўлёзмалар хазинасида сақланади. — И.Б.) асари ва шогирди Аҳмад Хофий томонидан “Маншаъ ул-иншо” номи остида жамланган иншолар тўплами маълумотларини ўрганишга киришганлар(Рукниддин Ҳумоюнфар, “Маншаъ ул-иншоъ”. Теҳрон, 1978; Нажиб Мойил Ҳеравий, “Жойгоҳи осори Бохарзий дар хуросоншиносий. “Китоби пож” журнали, 1991, 2-сон).
Иншолар тўплами ичида мавлоно Абдулвосеънинг ҳазрат Навоийга ёзган бир ариза хати ҳам мавжуд. Унинг мазмунидан муаллифнинг Ҳусайн Бойқаро салтанати тарихига оид китобини ёзиш жараёнида туҳматга қолгани, оқибатда асарининг султон томонидан рад этилгани воқеасини билиб оламиз ва бизгача етиб келмаган бу асар мундарижаси билан танишиш имконига ҳам эга бўламиз.
“Мажолис”, “Бадоеъ ул-вақоеъ” маълумотларида Абдулвосеънинг вазир Маждиддин даврида ҳукумат фармонлари ва бошқа муҳим ёзишмаларини иншонавислик санъати билан битувчи муншийлик вазифасига тайинлангани, унинг ўша пайтда ҳам Навоий ва ҳам унинг ғаними Маждиддин билан яхши муносабатда бўлгани айтилади. Восифий ёзишича, мавлоно Абдулвосеъ бу ҳар иккала давлат арбобининг ярашиб иш тутиши тарафдори бўлган. Унинг тўлиқ исми Камолиддин Абдулвосеъ Низомий, отасининг номи Жамолиддин Мутаҳҳар бўлиб, мавлоно Абдулвосеъ XV аср биринчи ярмида Ҳиротга яқин Бохарз туманида дунёга келган. Тафсир, ҳадис, фиқҳ, тасаввуф, тарих ва адабиёт илмларидан яхши хабардор бўлган. Аммо унга мансаб ва шуҳрат келтирган соҳа иншонавислик ҳисобланиб, бир неча муддат вазир Маждиддин, сўнгра унинг ўрнига ўтирган хожа Қавомиддин Низомулмулк Хофий девонида хизмат қилган ҳамда унинг фарзандлари Камолиддин Ҳусайн, Рашидиддин Абдулмалик топширган номанавислик ишларини бажариб турган. Тарихдан биламизки, Ҳусайн Бойқаронинг мастлигида Мўъмин Мирзо ўлими борасида ҳукм чиқартириб олган вазир Низомулмулк ва ўғиллари шу мудҳиш воқеадан беш-олти ой ўтгач, султон буйруғига биноан 1498 йил май ойида қатл этилганлар. Абдулвосеънинг Ҳиротда 1505 йили вафот этгани ва шу давр оралиғида Навоийга ўз мактублари билан мурожаат қилиб тургани ва, юқорида айтганимиз хат мазмунидан аён бўлишича, бу мунший ўша йили Низомулмулк ўрнига вазирлик мансабига чиққан хожа Афзалуддин хизматида қолмаган, бироқ Навоий илтифотидан ҳам узоқлашмаган.
Энди Абдулвосеъ қаламига мансуб “Мақомоти Жомий” маълумотлари ва “Маншаъ ул-иншо” тўпламидан жой олган айрим фармон, иншо қилинган бошқа хатлар ҳақида фикр юритсак. Абдулвосеъ мунший яратган мақомот Жомий ҳақида ёзилган шу жанрдаги бошқа асарлардан фарқ қилиб, саройга яқинлиги сабабидан танқидий фикрларини умумий тарзда ифодаловчи Абдураҳмон Жомий қарашлари Абдулвосеъ мунший ёзган мақомотда анчагина аниқлик касб этган. Улар ёрдамида ҳозирги ўқувчи ўша даврдаги зиёлилар орасида жамиятга нисбатан мавжуд қарама-қарши нуқтаи назарлар, мазҳабий ва ирфоний, фалсафий тарафкашлик, Жомийнинг айрим машҳур олимларнинг асарлари ва амалдор шахсларга қарата билдирган кескин танқидий фикрларидан хабар топади. Масалан, Жомий файласуф олим Жалолиддин Даввоний қарашларини ўзи ёмон кўрган Ибн Сино асарларининг давоми, дея танқидга учратса, Али Қушчини илмий ишларида далил ва исбот келтирмаслик, масаланинг асл моҳиятини очмай, уни айланиб ўтишда айблайди. Бошқа тарихий асарларда мақтаб тилга олинган Камолиддин Шайх Ҳусайннинг давлат девонидаги фаолияти Жомийнинг қаттиқ танқидига учрайди. Улуғ мутафаккир уни девонлик ишларини Чингиз ясса ва тўраларини ислом аҳкомлари билан бирга қўшиб олиб боришга уриниб, аслида эса бу номутаносиб уйғунликдан халқ иқтисодий аҳволи зарар кўраётганида гуноҳкор қилади. “Мақомоти Жомий”да тасаввуфнинг ўша давр Хуросондаги вазиятидан ташқари, айрим сўфийларнинг ўзини кароматгўй авлиё сифатида кўрсатиб, Жомий ва Навоий танқидига учрагани ҳам айтилади. Масалан, улардан биттаси, Ҳусайн Бойқаро менинг ҳимматим билан тахтга чиқди, аммо дарвишларимизга ваъда қилинган беш минг динор маблағни бермади, шу сабабли бундан буён султон руҳониятимиз мададидан маҳрум этилади, деган экан. Ўша айёмда ўзини вали дегувчи саййид Мужзаб Нақш исмли киши Машҳаддан Ҳиротга келиб, у ҳам султонга тахтга чиқишида ёрдамлашганини даъво қилади. Шунда Алишер Навоий унга қарата, модомики, сизга султонларни тахтга ўтқазиш ёки уларни тожу тахтдан маҳрум этиш, мамлакат бошқариш қудрати берилган экан, нега ўзингиз юртбоши бўлишдек машаққатли ва ҳар хил хавф-хатарга тўла бу ишни ўз зиммангизга олиб қўяқолмайсиз, деган экан.
Абдулвосеъ муншийдан бизгача етиб келган иккинчи ёзма ёдгорлик “Маншаъ ул-иншо” тўпламидан жой олган давлат фармонлари, вазирларнинг ҳокимларга юборган кўрсатма-ю, топшириқлари, ҳоким, уламо ва фузало, машойих, мударрисларнинг ёзишмалари, муҳаббатнома, таъзиянома, вақфнома, қабртош лавҳидаги матнлардир. Мавлоно Абдулвосеъ мунший бошқалар китобларига дебоча ёзиб бериш билан ҳам шуғулланган. Чунки дебочанавислик алоҳида адабий санъат тури бўлиб, ижодкорларнинг ҳаммаси ҳам бу соҳани муваффақият билан уддалай олмаганлар.
Албатта, тўплам ичидаги кўп ёзишмалар деярли архив ҳужжати қимматига тенг бўлиб, уларда ўша пайт темурийлар давлатининг сиёсий-ижтимоий, иқтисодий, маданий ҳаётига доир юзлаб маълумотлар акс этган. Масалан, улар орасида қайси мусиқачи ёки рассомнинг давлат олдидаги муносиб хизматлари учун қай бир солиқ туридан озод қилинганидан — қайси уламонинг шажараси текширувдан ўтгачгина, бирон диний мансабга тайин этилгани; хуросонликларнинг соч-соқолни қисқа қилиб олдиришга одатланаётганини тўхтатиш учун сартарошхоналарга берилган кўрсатма; шаробхўрликнинг кучаяётгани сабабли шаҳар доруғаси ва қозиларга юборилган фармонлардан то айрим порахўр ҳокимларнинг ипакчилик билан шуғулланувчи мусулмонларни “ипакчилик билан бизда фақат яҳудийлар шуғулланади, сизлар ҳам яҳудий бўлсаларинг керак, бўйнингизга олинг, акс ҳолда, буни ўзимиз исботлаб берамиз”, дея қўрқитиб, улардан мўғул яссасига биноан совға-салом, пора ундирганлари ва бундан хабар топган давлатнинг мазкур ҳокимларни жазолаш, кейин эса ипакчи мусулмонлардан ҳам, қўшимча мол солиғи тўлаб келган ипакчи яҳудийлардан ҳам ҳеч қандай солиқ ундирмаслиги ҳақидаги фармонигача учрайди.
Абдулвосеъ муншийнинг тўпламга киритилган Навоийга мактуби эса, бу ижодкорнинг тарихнавислик соҳасидаги иқтидори, Ҳусайн Бойқаро салтанати воқеаларига бағишланган тарихий асарининг муаллиф тақдиридаги фожеали ўрни ҳақида баҳс юргизади. Бу аризанинг қачон ёзилгани аниқ эмас. Аммо аризачининг сўзни ўн йил бурунги воқеадан бошлаши ва кейинги “бир неча йилдан бери масжидларнинг бирида давлат нафақасини олмасдан, илмий суҳбатлар (ваъз, хутба сингари ишлар) билан машғул” эканидан тахмин қилиш мумкинки, хат 1500 йил охирида битилган. Чунки унинг бир гуруҳ бадкирдорлар томонидан туҳматга учраётгани ва давлат ишларидан четлашиши ҳомийси Низомулмулк қатл этилган 1498 йил майидан олдин рўй бериши мумкин эмас. Бу хатдан яна мавлоно Абдулвосеънинг Султон Ҳусайн Бойқаро салтанати тарихига доир асари 1489 йили Алишер Навоий кўрсатмаси асосида ёзила бошлагани ойдинлашади. Мавлоно Абдулвосеъ Ҳусайн Бойқаро салтанати даврига оид бирламчи тарихий манба сифатида Навоий бошқараётган маданий-маъмурий ташкилотда сақланувчи муншаот, ҳужжатларни унинг топшириғига кўра мазкур асарига жалб қилган. Аммо асарнинг қоралама нусхаси тайёр бўлгач, унинг айрим қисмларини қайсидир давлат кишилари фикр билдириш учун олиб, муаллифга қайтармаганлар, Навоий сўраганида, қайта таҳрир қилинмаган ўша қисмни “тайёр асар” сифатида кўрсатишган. Бу эса, асарнинг Ҳусайн Бойқаро томонидан рад қилинишига сабаб бўлган. Шуниси диққатга сазоворки, моддий ва маънавий жиҳатдан қийин аҳволда қолган тўғри сўз, ориятли ижодкор ўз хатида Навоийдан нафақа ёки бирон бошқа имтиёз сўрамаётгани, ариза ёзишдан мақсади фақатгина туҳматларнинг ҳаддан ошаётгани, ўзининг эса мулоҳазакорлик юзасидан туҳматчиларга қарши бирор ёмон ишга қўл урмаганини билдириш ҳамда чақимчилар ёлғони орқасида Навоий ҳузурида ярамас киши сифатида тилга олинишга йўл қўймаслик илинжи эканини алоҳида таъкидлайди. Асарни оққа кўчириш ва унинг нусхаларини кўпайтиришга Султон Ҳусайн Бойқаро томонидан рухсат бўлмаганининг асл сабаблари эса ҳазрат Алишер Навоийга йўлланган мазкур хат мазмуни билан танишганимизда янада аниқлашади:
“Бу йўқсил аризасидан асл мақсад шуки, бундан ўн йил олдин Сиз олий ҳазрат топшириғингизга биноан султонлик тарихини ёзишга киришиб, эллик кун ичида унинг саксонга яқин жузвини тартибга солишга эришгандим. Асар муқаддима ва тўрт мақолани ўз ичига оларди: муқаддима ҳазрати ҳумоюн султон(Ҳусайн Бойқаро) насаби баёнида. Биринчи мақола аларнинг туғилиш, тахтга чиқиш ва салтанат ишларига доир айрим ҳолатлар зикрида. Иккинчи мақола шариат ҳукмларининг султон назорати остида ҳаётга татбиқ этилиши бобида. Учинчи мақола адолат юзасидан қўлланилган тадбирлар баёнида. Тўртинчи мақола қилинган хайрли ишлар бобида.
Сиз олий ҳазратлари буйруғига биноан менга топширилган аслидан кўчирма нусхаларда нафс ёмонлигига муккасидан гирифтор бўлган, кўрнамаклик йўлига кирган ва бошқа ҳар хил жиноятларга қўл урган айрим кишиларга нисбатан қўлланилган сиёсат ва жазо, чора-тадбирлар зикр этилганди. Кўрсатмангизга асосан камина бундай жазоларнинг адолат ва инсоф юзасидан амалга ошганини кўрсатишим лозим бўлиб, ҳатто ашёвий далиллар ичида бу тоифа кишиларнинг ўз айбларига иқрор бўлган хатлари ҳам бор эди. Камина ана шу топшириқ ва манбалар асосида тарих китобини ёзишга киришдим. Қуёш ёғдули кўнглингизга ойдинки, ўтган тарихчилар асарларида ҳам тарбия жиҳатидан амалга ошган жазо ва сиёсат сабаблари хусусида сўз юритилган. Ҳатто Мавлавий Румийнинг “Маснавий”, Шайх Саноийнинг “Ҳадиқа”, Авҳадийнинг “Жоми Жам”, Жомийнинг “Силсилат уз-заҳаб” ва бошқа кўпгина асарларда ҳам гуноҳ ва жиноятнинг жазоси ҳақида ёзилган. Қуръони каримда эса, кўплаб ўринларда бундай танбеҳ, қаҳру ғазаб ва азоб-уқубатлар хусусида гап боради. Шуларга кўра, камина топширилган қораламада исмлари келган айбдорлар жазоланиши сабабларини кўрсатиб, султон ғазабининг адолатли бўлганини келажак авлодга далиллар асосида етказишга ҳаракат қилгандим. Бироқ менга душман айрим амалдорларга бу нарса маъқул келмай, асарнинг тугалланмаган ва таҳрир қилинмай, мазмуни мавҳумлигича турган қисмини ҳеч бир сабабсиз қўлимдан олиб қўйдилар ва камчиликларини тузатиш, қайта таҳрир этишга йўл бермадилар. Сиз ҳазратлари султон салтанати тарихи ёзилиши ҳақида сўраганингизда, бу нарса уларга ёқмай, олиб қўйилган қораламани менга “йўқотдик” деб, аммо мени илтифотингиздан қуруқ қолдириш мақсадида эса, ўшаларни янги қораламаларим ўрнида Сизга кўрсатганлар. Натижада саксон жузвлик асаримнинг асосий қисми қолиб кетиб, ўша жиноятчи ва қабиҳ кишилар тўғрисидаги қоралама хомаки ҳолича “мусулмонларни бадном қилувчи” мулоҳазалар сифатида олий назарингизга етказилган. Бу ҳам камлик қилгандек, мана бир неча йилдан бери, уларнинг фисқу фасодга кон йиғинларига қатнамаётганим аламидан, қилмаган ишларда мени гуноҳкор қилишга уриниб ётибдилар. Анчадан буён барча юмушлардан воз кечиб, бир масжид бурчагида давлатдан нафақа таъма қилмасдан, илмий суҳбатлар билан машғуллигим ҳам уларни ўч олиш ниятидан қайтара олмаяпти. Бу гуруҳнинг шум мақсади менга яхши аён, сабабини айтай десам, илдизи анча чуқур, сўз узоққа уланади. Хуллас, туҳматчиларнинг шунча ёмонликларига қарамай ва гарчи шариатда “ёмонликнинг жазоси шу тахлит ёмонликдир”, деган рухсат бўлса-да, камина томонидан уларга нисбатан ҳеч қандай чора-тадбир раво кўрилмади. Мисраъ: Лола соғаргиру мутриб масту бар ман номи фасақ. (Мазмуни: Қадаҳ ушлаган лола-ю, маст бўлган мутриб, аммо барча айб мен бечорага юкланган.) Эндиликда бу бадкирдорларнинг сурбетлиги шу даражага бориб етдики, ҳатто кўча-кўй ва бозорларда ҳам каминага озор бериш, таҳқиромиз сўзлар айтишдан қайтмаяптилар. Умид қиламанки, ушбу ариза воситасида вужуди донишмандлик ва адолат билан ораста Сиз жанобларининг шариф назаридан бу амалдорлар қасди туғёни бекитиқча қолмағай. Шеър:
Мурғи ҳарими гулшани
ишқи туам, чаро
Бар ман фазои айш
бувад танг, чун қафас.
(Мазмуни: Ишқинг гулшани ҳарамининг қушиман, нега
Мен учун турмуш фазоси қафасдек тор эрур.)
Яширин қолмасинки, бир бурчакни ихтиёр айлаган фақирингизнинг бу хатни битишдан ҳеч бир таъмаси ва бирон бошқа муддаоси йўқ, айтмоқчи бўлганим фақат олий ҳузурингизда фасод аҳлининг ғаразли гаплари юқоридагилар сабаблидир, мен фақир эсам фақрлик ва шикасталик бурчагида давлат дуоси билан машғулмен, холос.”
Бизга Навоий замонаси нафасини олиб келган ўша давр зиёлиси ва ижодкорининг хати мазмуни ана шулардан иборат бўлиб, аризанинг натижаси қандай тугагани эса номаълум. Бироқ шуниси аёнки, мавлоно Абдулвосеъ Бохарзий ёзган қимматбаҳо асар аллақандай жоҳил амалдорларнинг шахсий ғаразлари орқасида давлатнинг моддий ва маънавий ҳимоясига эришмасдан оққа кўчирилмай қолиб, оқибатда унинг муаллиф қўлидаги ягона қоралама нусхаси ҳалигача топилмай келаётир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 23-сонидан олинди.