Абдулазизхон Акрамов (1987)

Абдулазизхон Акрамов 1987 йилда Яйпан шаҳрида туғилган. Андижон Давлат тиббиёт институтини тамомлаган (2014). Шеърлари матбуотда эълон қилинган.

Йиғилишдан сўнг…

Мажлис тугайди.
Фаррош
кириб келар катта саройга

полювгичини олиб
қарсакларни йиға бошлайди.

хом, чала пишган
писмиқ қарсаклар.
номига янграган ва ёки
икки кафт орасида ёрилиб
шу заҳоти жон берган қарсакларни
артиб олар столлар аро.

минбар устида эса
пастроқ парвозлаган ялонғоч овоз
туради ҳануз…

Учинчи хулоса

бу расмни севаман уйғоқ,
бу расмда йиғламли алам:
бола
қўлида нон.
қонаган
лаби қизил ва алвон нон ҳам.

хулосалар ингичка ўткир
ёки кескир устарадек тан,
тамакини чекиб кузатиб,
хулосалар урчир
масалан:

қийинчилик қобирғаси-ла
қисматининг ипи битишган.
гунг очликнинг ниҳоясида
лаби қонаб нонга етишган
ёки бошқа хулоса мана:

сағирликда қолгандир омон,
лаби майса каби юмшоқдир…
лабларини кесган қаттиқ нон.

учинчи хулоса қўрқинчли
(сиғмай қолар ювошроқ онгга)
миллатини сотган ёвни ўлдириб,
сўнг
ботирган нонини қонга!..

бу расмни севаман уйғоқ…

Дилпарчалар

1
Икки кўзинг – иккита қудуқ:
Бирига гул экдим,
Бирига эса ташладим танга…
Гул сўлди…
Танга эса ҳануз ялтирар…
Тубда…

2
Хуш кўраман
Чуқур киссали кийимни.
Кўпроқ нарса яширса бўлар,
Кўмиб қўйса бўлар кафтимни.

Чўнтакка яширилган нарса
Билинмаслиги керак.
Ёки жим бўлмоғи лозим…
Оғзим – ёнбошлаган чўнтак.

3
Қоронғи ва совуқ уйда
Эътиқод кучаяр.
Иссиқ бўлса гуноҳ истаги…

Юз йил ёруғлик кўрмаган одам
Калит тешигидан тушган нурни
Худонинг ёлқини деб ўйлар тайин…

4
Тонгда ойна олдида туриб
Аёлингга қилган хиёнатинг
Ёдингга тушса.

Галстук боғлаётган қўлларинг
Титраса –
Сиқиши керак бўлган боғични
Бор кучинг билан тортсанг…

…ишга кетасан галстук боғламай…
Бор кучи билан сени тортар
Яна хиёнат…

5
Бекатларни кузатсанг. Кетсанг.
манзил истаган одам – чиройли.
Одам – чиройли.

Бекатларни кузатсанг. Тушсанг.
Кетаётган одамлар – гўзал.
Одамлар – гўзал.

Бекатларни кузатсанг. Кутсанг.
Келмаса сен кутган автобус.
Кутишга айлансанг…

Фақат кузатсанг гўзал одамларни…
Сени пайқамаса ҳеч ким…

6
Ёниқ бўлса сенинг чироғинг
Қуш бўлсаму ойнангга урсам,
Ғуссадан эзилган вужудни.

Аёз бўлса ташқари. Совуқ.
Деразангни очсанг барибир.
Қўлларингга олсанг оҳиста
Ғуссадан эзилган вужудни.

Меҳрибон кўзларинг юмилиб
Қўлларинг бойланса бўйнига
Ғуссадан эзилган вужудни…

Қора палтоимга ўраб шаҳарни
Дарбадар айлантириб қайтаман
Ғуссадан эзилган вужудни.

Совуқ тўшагимга ётқизиб
Ухлашин кутаман тун бўйи
Ғуссадан эзилган вужудни…

* * *

Бўғзин йиртиб август бақирар
мезонлардан дарахт огоҳми?
айролиқлар рақс тушар маҳмур
унга либос бўлади оҳим…

нурга нурнинг сояси тушмас
севгим кибрларда қунишма
қафасларда улғайган қушман —
балиқлардан қўрқади моҳим.

ишқ майини сузмади ғаффор…
бармоқларинг нега қон вафо?
бизга фурқат азал мукофот
фақат хийла дийдор паноҳим.

тугаб борар барча қурбларим
қайтар ҳамма мактубларимни,
азоб чирмар дил тубларимни…
мунча ширин бугун гуноҳим.

кўчаларда бегоналик авж
ҳажр руҳда уриб борар мавж
сенсиз яшаш учун борми важ?
сени излаб оғрир нигоҳим…

Жафо ташбеҳи

Тушим чўчиб уйғонар дилгир,
бурчагига суянар токча.
ўспирин сўз лабида қақшаб —
исминг ёлғиз турар кўйлакчан.
интизорлик пардозларида —
Ғижимланган эҳтирос таъби .
чизилишни истадинг беҳис —
тулки тишлаб узган гул каби.
Қарсакланган товушдай совуқ —
ҳаволади ўлик бўсалар.
қабоғимга ечиниб олиб —
кўзларимда сузар ғуссалар.
сендан кейин…
шеърларим рангли,
туйғуларим кулранг, қизиққон…
…устарани лабин кўрай деб —
томиримдан
мўралади
қон…

***

Бизни боғлар хорижий кишан,
руҳни зўрлар узлуксиз тармоқ.
тутқун балиқлармиз,
ҳолбуки-
қўлимизда туради қармоқ.

кўк далани соғинган товон,
бедазорни димоғ тусаган
муздай сойни қўмсаган бадан
ҳаммасини кишан ушлаган.

эй жўмард, эй қайнаган шиддат
кўзларингга не солди кўлка?
обод бўлмиш атроф мукаммал,
юрагингда  бузилган ўлка.

эй сулув, эй дилбари жаҳон,
гуллик умри наҳотки битди?
ул кимлардир мавҳум. Номаълум —
кўзгуингни синдириб кетди?

озод ватан, озоддир журъат,
аждодларга минг бора қуллуқ…
…кишан боғлаб баравар деймиз:
‘’Ассалому алайкум, қуллик!’’

Рангли кутубхона

Чалғиган тил керак суринган
Идрокимда ғайрисаф пушта.
Ҳозир керак! Ҳозир айнан шарт —
Қонатгувчи китобнинг мушти.

Кўк мияда мавҳумлик жунбуш,
Тил чайнайди бетоқат қуллар.
Захарланган кулранг далада-
Алаф билан қовушди гуллар.

Мантиқ дўмбирасини синдир!
Тароқлансин ул кўкрак қафас.
Бу айниган, бузуқ хаводан —
Фикрларим ололмас нафас.

Эй олчоқ пат сен ёзган ҳар сўз
Вужудлансин, оғрисин, синсин.
Кўз ёш тўксин, кулсин дилдираб —
Сукут ичра рақс тушиб турсин.

Тарошланган чалкаш қарашлар
Куртак урар кўзимдан бўртиб.
Китобхонам — зим жаннатимда
Дайдиб юрар бир кўзли бўри.

Даф қилади дамбадам ҳушда
Тушда тишлар қилмайин шафқат.
Чавақланган вужудим кулар —
Хар тиш изи бетимсол лаззат…

Чалғиган тил керак суринган-
Қонатгувчи китобнинг мушти.
Фикрларим олади нафас.
Кипригим  оқ, кўзларим пушти…

Эснаётган йўлбарс

1

Суваракдай яшовчан фикр
Исёнимга эт берар тинмай
қора қозон илҳомга сапчиб
Капгирланди қаламлару най.

ў тижорий маддоҳ, латтақалб
пайтавангни ижодга тиқма.
сендан бошқа адабиётда
етарлидир қанжиқу таъма.

пуф деганда болдиринг титраб
Қофиянгдан қочар тутуруқ.
Овозинг кар, бақириғинг мўл,
эҳтиросинг, ҳисларинг қуруқ.

Нафрат гуллаб борар гул очиб
бўш ғазабда уйғонар кибр.
фараҳингдан юқар дилимга
Суваракдай яшовчан фикр.

Қийин бўлди
уни ўлдирдим.
четдан қараб турди яхши ҳулқ.
Сен тириксан, ҳануз тириксан
Суваракдан баттарроқ маҳлуқ.

2

Турна каби тумшуғи узун
Турна каби оёғи ингич-
ка
жудаям,
ҳуши бузилган
қаҳқаҳаси йиғисидан зич
кимса.
Яна ҳароба бозор,
инларини бузиб турар қуш-
им,
ағдариб қабоқларимни-
Ялаб турар чанқаган бир туш.

Секинлайман, тиғ шаклида сўз
Бўйин аро излар ўзини.
туш ортидан ҳайқириб кимса
Кўрсатмайди менга ўзини.

кўринмайди, қора девор бор
ҳар гал келса тонгни қирғоғи
уйғонаман,
девор устида
турар фақат қонли бармоғи..

3

«Тарс ёрилиш.»
ўпками ё тош
ё юракми музлаган, тинган.
юмалоқ бир ҳаво орқали —
Кириб келдинг мана ичимга.

вулқон каби иҳрайсан ичдан
етиласан улкан бир тикан.
Тарс ёрилиш…
Ўпками ё тош?
бўғзим экан, ай бўғзим экан…

4

Жимлан, кимлан, дудуқлан тинмай
Қўлинг ишлаб чиқарсин қарсак.
Бўйнинг пастга,
Қорнинг ичига
сал қаттиқроқ ботсин сўнг тирсак.

Тавозе ва такаллуф аро
Лаблар ҳаракатдан тинмасин.
ҳақиқатдай бўйнинг эгилиб —
аммо сира , сира синмасин.

титраб тургин, майли нафас ол
Фақат секин…
Секинмас аранг…
Йўқ бу йўлбарс эснамаяпти
фақат сенинг қулоғинг гаранг…