Хиромий (тахаллуси; исми Мулло Қурбон) (1796, Китоб вилояти Чармгарон гузари — ?) — шоир. Баъзи манбаларда Мирзо Қурбон, Муҳаммад Қурбон деб ҳам тилга олинган. Кенагас уруғидан.
Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил кўрган. Иқтисодий танглик туфайли мадрасани тугата олмаган, 25 ёшида Китобга қайтган. Хаттотлик, табиблик, чармгарлик қилиб рўзғор тебратган. Хиромий Насруллахоннинг босқинчилик сиёсатига қарши курашувчилар сафида турган, Китоб мудофаасида қатнашган.
Хиромий истеъдодли ва сермаҳсул шоирлардандир. У ўтмиш алломалар ижодидан ўрганган, замондошлари Шавқий, Ҳозиқ, Вола ва бошқалар билан яқин ижодий алоқада бўлган. Дастлаб Саъдий, Навоий, Зебуннисо ғазалларига мухаммаслар боғлаган, уларнинг бадиий маҳорат соҳасидаги анъаналарини давом эттирган.
Хиромий 19-аср ҳаётидаги ярамас иллатларни, адолатсиз ҳукмдорлар, ноқобил ҳокимлар, замин, замон, кишилар тўғрисидаги қарашлари ифодаланган «Чор дарвеш» (1834), «Маҳфил оро» (1844—56), «Тўтинома» (1854), «Раъно ва Зебо» (1856), «Юсуф ва Зулайҳо» (1862) достонларини ёзган.
Буларнинг орасида кенг тарқалгани «Чор дарвеш» дир. Асар қолиплаш усулида ёзилган, қолипловчи хикоя Озодбахт ҳикоясидир. Озодбахт ўз фарзандсизлигидан сўз бошлаб, дарвешлар саргузаштини тинглайди. Достон Озодбахтнинг Бахтиёр исмли фарзанд кўриб, париларнинг улуғ шоири Малик Шоҳбоз ёрдамида мурод-мақсадларига етиши билан тугайди.
Хиромийнинг ҳажман энг йирик асари «Тўтинома» 12 минг мисрадан иборат. Асарнинг бош ғояси — вафо ва садоқат. Тўтининг барча ҳикоя ва қиссалари шу ғояни асослаш, исботлашга қаратилган.
«Раъно ва Зебо» достони ҳам қолиплаш усулида бўлиб, қолипловчи ҳикоя Раъно ва Зебо саргузаштларидир. Пок муҳаббатни улуғлаш достоннинг асосини ташкил этади. Унда инсон ҳуқуқи, ижтимоий тенглик, адолат, олижаноблик каби ғоялар ёритилган.
Адабий меросининг умумий ҳажми 30 минг мисра атрофида. Асарлари қўлёзмалари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида («Чор дарвеш», инв.№359, 9251, 1675, 7713, 4819, 7847, 217 (II); «Тўтинома», инв. №1795; «Раъно ва Зебо», инв. №217; «Юсуф ва Зулайҳо», инв. №1799) ва Самарқанд давлат университетининг асосий кутубхонасида сақланади.
Бегали Қосимов
Неча дам ғанимат йигитлик чоғи,
Юз онча ғанимат тириклик чоғи.
* * *
Дедимки, мабодо хижолат етар,
Хижолат эрур юз ўлимдан баттар.
* * *
Демишларки, ҳар кимни келганда кўр,
Бўлубтур масал, сўзни сурганда кўр.
* * *
Бировким сенга бўлса гар меҳмон,
Ишинг бормидур — меҳмон кўнгли қон.
* * *
Топар кимса сабр айламаклиқдин муфид,
Эрур сабр хурсандликка калид.
* * *
Ҳикматдур манга маҳбубу марғуб,
Киши маҳбубини махфий этмоғи хўб.
* * *
Икки ошно бўлмаса иттифоқ,
Ҳам сирдош эмасдур эрур ул нифоқ.
* * *
Хуш улким ани жисми бўлғоч ниҳон,
Ки андин қолур даҳр аро бир нишон.