Толибий (XVIII аср)

Толибий XVIII асрда яшаб ўтган ўзбек шоири. Унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида маълумот кам. XVIII—ХIХ асрларда тузилган қўлёзма ҳамда босма баёзларда шоирнинг ишқий ғазалларидан намуналар жой олган. Бундан ташқари шоирнинг ихчамгина «Толибнома» ахлоқий-таълимий характердаги достони етиб келган. Унда Толибий ҳалоллик, ростгуйлик ширинсуханлик, инсонпарварлик, меҳнатсеварлик, имон, диёнат, мустаҳкам эътиқодни; исломий аҳкомларни тарғиб этиб, зулм-зўрлик, барча ғайриинсоний хатти-ҳаракатларни лаънатлайди.

Не хуш хислат эрур ахлоқи неку,
Неки қилдинг келур олдинга ўтру.
Мурувват пеша қилким, ҳаййи сонеъ,
Етургай қилмайин ажрингни зоэъ.

* * *

Кимдаким аҳли жаҳондин бор илму маърифат,
Қилғуси они бархурдор илму маърифат.

* * *

Хислати хуб ҳамадин, бас адаб ўрган зинҳор,
Билимию ҳунари бўлган киши бўлмас хор.

* * *

Эрур мақсад авлоди ила фарзанд,
Икки дунёда қилғучи баруманд.
Улуғлардин бу сўз бордур муқаррар,
Ки ҳар одамда фарзанд ўлмаса гар.
Ани бўлмас замири коми ҳосил.
Бўлур балким сабоби доғи зойил.

* * *

Бўлгин давомат хўблар билан ёр,
Қоч аҳли шаррдин, албатта, зинҳор.

* * *

Эй ёронлар, норасолар бирла қилманг ихтилот,
Мардуми бемарҳаболар бирла қилманг ихтилот,
Гумраҳи бераҳнамолар бирла қилманг ихтилот,
Йўл йитурган нобинолар бирла қилманг ихтилот,

* * *

Ақли расолар йўлдан адашмас,
Марди хирадманд ҳеч ҳаддин ошмас.
Соҳиб фаросат ҳар ерда шошмас.

* * *

Оқил улғон билгай оқил қадрини.

* * *

То кажлик ила бўйла мадор этди фалак,
Бераҳмлик ишини шиор этти фалак.
Нодонни азиз ҳам мукаррам айлаб,
Доно кишиларни асру хор этти фалак.

* * *

Бевафоларга кўнгул берса агар ҳар кимсаким,
Мубталойи меҳнати ҳижрон экандур билмадим.

* * *

Ҳар кимсаки андуҳ анинг кўнглида йўқ,
Таҳқиқ бил ани яхшики, одам эмас.

* * *

Жаҳон гулзорида бўйи вафо йўқ,
Замон бўстонида ранги бақо йўқ.

* * *

Келса қўлдин ҳар ким аҳдин вафо қилмоқ керак,
Сидқ ила оинаи дилни сафо қилмоқ керак.

* * *

Мағрури дунё бемарҳабодир,
Беҳуда ҳар сўз боди ҳаводур,
Ҳар номуносиб иш нораводур.

* * *

Сўз лаззатини одами нодон билмас,
Нечунки асал лаззатини ҳайвон билмас.

* * *

Қилсанг такаббур шармандадурсен,
Ҳар гову хардин ҳам гандадурсен.

* * *

Машваратсиз, бетафаккур қилса ҳар иш ҳар киши,
Ул кишининг оқибат бўлғай паришонлиқ иши.

* * *

Етушмакни ўзига қилса армон,
Керакким ҳиммат ила урғай ақтсом.

* * *

Кимки ориф эрса ўз нафсига,
Даҳрни бир зарра кўзга илмағай.

* * *

Гул ғунчалигида хор иландур,
Очилди бир ўзга ер иландур.

* * *

Агар одам эсанг оғритма одам кўнглини зинҳор,
Ки аҳли маърифат наздида Каъба қалби мўминдур.

* * *

Ақлинг йитируб бўлма жаҳон мулкига мағрур,
Ҳукмингда агар бўлса Бухорою Самарқанд.

* * *

Самарасиз ўтса бу умринг бўлур тамоми абас.
Ишингни пухта қил, акнун ҳар ишнинг хоми абас.

* * *

Чарх золики жаҳонда ҳеч қилмас вафо,
Оқил эрсанг айлама ул бирла ақди издивож.

* * *

Меҳнат камола етмай, роҳат нишони қайда,
Топмас иложи корин бечора осий банда.

* * *

Ҳулқи хушни пеш қил, халқ ичра беозор бўл.