Мушриф (тахаллуси; исми Мирзо Қаландар) (? — Исфара — 1825) — шоир ва олим. Қўқон мадрасасида ўқиган. 1818 йилдан Умархон саройида лашкар қозиси вазифасини бажарган. Муҳаммад Алихон даврида Исфарада қози бўлган. Форсий ва туркийда ижод қилган. Ғазал ва қасидаларида Умархонни мадҳ этган, табиат гўзалликларини тасвирлаган, инсоф ва адолатни улуғлаган.
Мушриф Умархон таклифи билан «Шаҳномайи нусратпаём» («Ғалабадан хабар берувчи Шоҳнома») асарини ёзган (1822). Асар Фазлийнинг «Умарнома» достони асосида яратилган. Унда Умархоннинг болаликдан вафотига қадар ҳаёти акс эттирилган. Асар 19-аср Қўқон адабий муҳитини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
Мушриф шеърларидан намуналар Фазлийнинг «Мажмуаи шоирон» тазкирасида учрайди. «Рисолайи аскарий» китоби ҳамда диний мавзудаги «Далойил ул-ҳайрот» асарининг арабчадан форсийга қилган таржимаси ҳали топилмаган. «Шаҳномайи нусратпаём»нинг қўлёзмаси Россия ФА Осиё мамлакатлари институтининг Санкт-Петербург бўлимида (инв. № 471) сақланади.
* * *
Манга, эй боди сабо зулфи сулмансодин гапур,
Жон лабимга етди ул лаъли шакарходин гапур.
Кавсару тубий ҳадисин дема эй воиз, манга
Ул лаби жон бахш ила бул қадди болодин гапур.
Гарчи гулшан ичра қўйдинг, соқиё, махмурмен
Ғунчаи гул васфин этма жоми мийнодин гапур.
Гул ила сунбул сўзини сўйлама, эй боғбон,
Манга гул рухсор ила зулфи мужарродин гапур.
Ўзга бутлардан ҳикоят қилма, эй қосид манга
Истасанг аввал ўшал бебок тарсодин гапур.
Эй ки, айларсан ҳикоят васфи жононим манинг
Аввал ул рухсори раъно чашми шаҳлодин гапур.
Ишқ аро ранжурмен унноби васфин айлабон
Эй ҳаким, инжитма кўп лаьли масиҳодун гапур.
Бир кун ул маҳвашни кўрсанг бўлма хомуш, эй кўнгул
Мушрифи девонаи мажнуну шайдодин гапур.