Муҳаммад Расул Мирзо (1840-1922)

Мирзо тахаллусли шоир Муҳаммад Расул Харазмнинг машҳур шоири ва композитари Комил Хоразмийнинг ўғли бўлиб, 1840 йилда туғилди. Мирзо ўз замонасидаги мактаб ва мадрасаларда ўқиш билан бирга, адабиёт ва музика соҳасида кўп нарсани отасидан ўрганди. Мирзо адабиёт ва санъатга ҳавас қўйиб, араб, форс тилларини, ўтмишдаги классик адабиётни чуқур ўрганиш натижасида замонасининг санъатшунос олими ва шоири бўлиб етишди.
Ёш шоир Мирзо саройга мирзолик хизматига чақирилади, отаси Комил ўлгандан сўнг унинг ўрнига мирзобоши вазифасига тайинланади, лекин Мирзони мансабдан кўра ижодий иш қизиқтирар эди. У классик куйларни нотага олиш йўлидаги отасининг ишини давом эттиради. Шаш-мақом ва бошқа классик куйларни нота-чизиқларга олади. У жуда яхши хаттот ҳам эди, ундан кўпгина ёшлар ҳуснихат ўрганиб, хаттот бўлиб етишганлар. Мирзо кўп вақтини ижадий ишга — шеър ёзишга, шу билан бирга, ёш шоирларни тарбиялашга ва адабий-ахлоқий асарларни таржима қилишга сарф қилар эди.
Муҳаммад Расул Мирзо 1922 йилда вафот этди.
Мирзонинг кўп ғазаллари ўз даврида қўлёзма ва босма баёз ва тўпламларга кидган. Унинг шеърлари алоҳида девон ҳолида ҳам Хоразмда тошбосмада босилгандир.

ҒАЗАЛЛАР

Оразинг устидин олғил эмди, эй дилбар, ниқоб,
Қилмасам наззора ҳуснингни бўлур ҳолим хароб.

Тушкусидур донаи холинг тассаввур айласам
Доғлар бағримға ишқ ўти ани айлаб кабоб.

Гар ҳилол осо қошингни кўрсалар рағбат била
Сажда айларлар анга жону дил ила шайху шоб.

Бир тун ўлсанг кулбама меҳмоним, айларман фидо
Йўқу боримни сенинг йўлингда, эй олий жаноб.

Ҳар қачон чиқсанг ниқобинг юздин олиб, эй пари
Абр аро пинҳон ўлур кўргач юзингни офтоб.

Гар такаллум айласанг ширин лабингнинг шарбати
Айлар ушшоқ аҳлини маҳшарға тегру масти хоб.

Эй пари, лутф айлабон Мирзони доим маст қил
Базм аро заррин қадаҳ бирла тутуб гулгун шароб.

* * *

Хуршеддек юз очдинг, эй дилрабо, муборак,
Ушшоқ эли кўзига бердинг сафо муборак.

Гулзори ҳусн ичра бордур ики юзинг гул,
Ул гулки доим ўлғой ранги лиқо муборак.

Ғунча даҳонинг ичра ҳар бир тишинг эрур дур,
Бўлғай ҳамул дурингға қадру баҳо муборак.

Коми муродинг ўлсун ҳақ лутфи бирла ҳосил,
Нахли қадингға бўлғай нашъу намо муборак.

Ҳеч дилрабо эмасдур шарму ҳаёда сандек,
Бўлғай санга илоҳи шарму ҳаё муборак.

Меҳру вафолар айлаб бердинг фараҳ кўнгулға,
Сен дилрабоға бўлғай меҳру вафо муборак.

Мирзо туруб саҳарлар умринг дуосин айлар,
Ушбу дуосин эткил, ё раббано, муборак.

* * *

Ёрдин етган жафо айши фаровондин лазиз,
Ҳарнаким бордур лазиз, улдур манга ондин лазиз.

Ҳажр андуҳи ўти дўзах ўтидан тез эрур,
Васли жоми шарбатидур оби ҳайвондин лазиз.

Парвариш топғусидур лаъли майидин руҳлар,
Дарди ишқи хаста жонға келди дармондин лазиз.

Ҳар киши сўрса лабининг шарбати ширинлиғин,
Деса бўлғай лаззат ичра шарбати жондин лазиз.

Ўлган элга жон берур гарчи масиҳ анфоси, лек
Жонфизо нутқи анинг юз қатладур ондин лазиз.

Қошлари меҳробидур ҳуру париға саждагоҳ,
Юзлари гулзор, аммо боғи ризвондин лазиз.

Гар карам қилса ҳазин Мирзоға жоми журъасин,
Бордурур бечораға қилған эҳсондин лазиз.

* * *

Дилсўз оҳимға сабаб гар сўрсангиз, эй ёрлар,
Ҳижрон ўти урғусидур кўнглум аро дилдорлар.

Саргаштадурман ишқининг саҳроси ичра топмай,
Атрофи оламда неча гом урсалар сайёрлар.

Ҳеч демангиз, эй дўстлар, жону кўнглини найладинг,
Афсунлар айлаб олдилар мен зордин маккорлар.

Мумкин эмасдур топмоғи мен зор янглиғ кимсани,
Гарчи эрур ул кўй аро бисёр ётған зорлар.

Якбор мендин узди ул меҳру вафонинг риштасин,
Жавру жафосидин анинг жоним берурман ёрлар.

Бир ғам етушгач эл бори ғамхор ўлур эрди манга,
Юз ғам етарда йўқ эрур эмди манга ғамхорлар.

Мен кофири ишқ ўлмишам, зинҳор келтур, муғбача,
Динимни нақдин олғали ул турраси таррорлар.

Хатдурму бўлмиш ошкор ул лаъли майгун устида,
Ё гулни барги узра бош чекмушмудурлар хорлар.

Уйрулса ҳар дам бошидин саргашта Мирзо, йўқ ажоб
Уйрулганидек нуқтанинг атрофидин паргорлар.

* * *

Ул ой гар бўлса эрди бир кеча кулбамға меҳмоним,
Ўлук жисмимға киргай эрди ул дам қайтадин жоним.

Қолиб ул дилрабо ҳижронида йилар мени маҳзун,
Бўлур жорий кўзимдин йиғласам ашк ўрниға қоним.

Гули ҳуснинг тилаб фарёду афғон айларам тинмай,
Фалак узра сууд айлаб фалакни ўртар афғоним.

Эрурман дард ҳижрони била бемор андоқким,
Чиқорға изтироб айлар танимдин бу ҳазин жоним.

Жароҳатвор жисмим узра марҳам суд қилавермас,
Эрур кўнглимда мундан ҳам фузунроқ замми пинҳоним.

Таним ғам тошларининг остида андоқ ушалмушдур,
Ғубор айлар гумон ҳар кимки кўрса жисми урёним.

Нетай ул нозанин дилбар қошида бўлмаса бовар,
Гар этсам шарҳ сар тосар анга ҳоли паришоним.

Қадаҳ хуршеди нуридан зиё еткургил, эй соқий,
Ҳужуми ғамдин ўлмиш тийра, билгил, шоми ҳижроним.

Агар келса бузуқ кулбамға, эй Мирзо, паризодим,
Қудумиға нисор айларман ул дам жавҳари жоним.

* * *

Жон мулкига торожлар солғуси хайли ғам букун,
Бу важҳ ила тутғумдурур ўз ҳолима мотам букун.

Рўзимға андоғ тийралик зўр айламишдур, топмағай
Равшанлиғ очса юз агар наййири аъзам ҳам букун.

Эй дўстлар, ўтлуғ дамим ёққуси олам аҳлини,
Даркор эрса жонингиз бўлманг манга ҳамдам букун.

Бўлмиш эрурман гулшани кўйидин масофа йироқ,
Гулзори жаннатдин узоқ бўлған киби одам букун.

Айлаб иҳота ер юзин ул ой гардун зайлини,
Чашмим оқизғач ашкнинг ўрниға хунин нам букун.

Заъфим шадид ўлғач муҳиб оҳим умидин найлайин,
Жисмим ўтидин жон қуши қилғудек ўлди рам букун.

Мирзойи маҳзун ҳолиға раҳм айлабон, эрмас ажаб,
Дилдор базми васлиға қилса ани маҳрам букун.

* * *

Ул қуёш очғоч жамол авжида рахшон оразин,
Маҳжабинлар анжум осо қилди пинҳон оразин.

Ул қуёшнинг оразидин ўзга юзга боқмағум,
Шўхлар арз айлар эрса неча чандон оразин.

Боғ аро сарв ила гулни найлайин, дилдорнинг
Воладурман кўргали қаддини ҳайрон оразин.

Ҳосил этмиш тийралик чашми умидим ҳажр аро,
Очмаса бўлмас ёруғлиқ анга имкон оразин.

Кетди келгач юз очиб кўнглим ўтидин тийралиқ,
Ёруғондек кеча очғоч моҳи тобон оразин.

Ишқ аро мавжуд бўлмишдур қизил юзлик манга,
Ашки гулгун бирла қилмиш демангиз қон оразин.

Чиқмиш эрди зор Мирзо жисмидин жон ҳажр аро,
Кўргали жисмиға кирди қайтадин жон оразин.

МУХАММАС

Ёқут лаб, симин зақан, хўршед рухсоринг келур,
Базминг уйин ёрутғали шамъи пуранворинг келур,
Жавру ситам таркин тутуб, ул чашми беморинг келур,
Шод ўлғил, эй маҳзун кўнгул, бу кеча дилдоринг келур,
Ширин такаллум гулбадан лаъли шакарборинг келур.

Тарк айла роҳат хобини, васл иста, тўк кўз обини,
Ҳусн авжининг ноёбини ёд эт қоши меҳробини,
Манъ эт вараъ арбобини, жамъ айла базм асбобини,
Соз айла айш асбобини, очғил тараб абвобини,
Рухсори оламтобини очиб севар ёринг келур.

Ҳажри қилиб бағрингни қон, ношод эрдинг кўп замон,
Эмди букун топтинг нишон васл ичра бўлғил шодмон,
Нутқин қилиб шаккар фишон ушшоқки айлаб имтиҳон,
Лаълин қилиб мўъжиз баён бермакка умри жовидон,
Юз навъ меҳр айлаб аён жонбахш гуфторинг келур.

Соз айлагил субҳу масо гаҳ рост чертиб, гоҳ наво,
Дугоҳу сегоҳу сабо ҳар бирисидур ғамзудо,
Раҳм этмайин ул дилрабо айлар эди нозу адо,
Ҳижрони ичра борҳо тортар эдинг ранжу ано,
Бу дам тутуб расми вафо шўхи ситамгоринг келур.

Чиқди кийиб гулнорини, гулгун қилиб рухсорини,
Сайр айлабон гулзорини, маст айлади ҳушёрини,
Қўлға олиб сеторини, ширин қилиб гуфторини,
Маҳзун қилиб ағёрини шод этгали сен зорини,
Тарк айлабон озорини, ёри вафодоринг келур.

Ул маҳжабину лаб шакар кўйи аро айлаб гузар,
Келтурса ҳар ким хуш хабар бергунг эди кўп симу зар,
Ҳолингга қилмай бир назар бўлмиш эдинг хуни жигар,
Кўнглиға ноланг ҳар саҳар таъсир қилмишдур магар,
Ширин дудоғу симбар фархунда дийдоринг келур.

Не ҳад эди, эй ҳуш калом, айларга назминг интизом,
Ул подшоҳи лояном алтофидин қилдим тамом,
Юз ажз ила Мирзо ғулом айлар дуо субҳ ила шом,
Фируз бахт ўлғил мудом, эт нўш ишрат бирла жом,
Андоққи сархушу хиром озода рафторинг келур.

МАСНАВИЙ

Кўтардим бошим ғафлат уйқусидин,
Халос ўлмадим даҳр қайғусидин.

Чу бедор бўлдим мени мустаманд,
Фаросат ливосини қилдим баланд.

Боқиб субҳ маъмураси сариға,
Назар айладим ҳикмат осориға.

Эмас майкада янглиғ ҳеч бир макон,
Дағи ҳеч муршид чу пири муғон.

Гила қилдим ул пирға даврдин,
Дедим фориғ этмас мени жаврдин.

Хирадманд пири писандида рой
Ул ишда манга бўлди мушкилкушой.

Ишингға гириҳ тушса гар жаврдин,
Эрур ақлдин, кўрмагил даврдин.

Хаёлоти беҳуда айлар хирад,
Қазоу қадр айлагай они рад.

Хирад илгида борча тортар алам,
Бу дафъ ўлса етмас санга ҳеч ғам.

Муғон дайриға бош етур борҳо,
Бу ғафлатни қил бода бирла даво.

Мутиъ этгуси элни даври қадаҳ,
Қадаҳ давридин доим иста фараҳ.

Нишон етмасун кўнглингга доғдин,
Гулу жом етир бу ети ёғдин.

Айирмай кавокиб сени комдин,
Майи ком ич бу ети жомдин.

Агар нуқл даркор бўлса санго,
Кавокибдин этгил ани илтижо.

Кетургил бу ишда фалакка паноҳ,
Ки бергай санга синдириб қурси моҳ.

Қилиб жаҳд Аторудни этшл надим,
Битарга таворихҳойи қадим.

Ҳавас айласанг соз оҳангини,
Олиб Зуҳра қўлға чалур чангини.

Агар топмасанг майни олурға зар,
Берур синдуруб меҳр қурси қамар.

Санга зоҳид ар манъиға очса тил,
Сен имдод Миррихдин истагил…

СЕТОР БИЛАН МУНОЗАРА БАЁНИДА

Бўлуб базм бир кеча қилдим намоз,
Қилиб ҳақға ҳар дамда ифшойи роз.

Қиём айлар эдим гаҳи, гаҳ қууд,
Рукуъ айлабон гоҳ, гоҳи сужуд.

Қилур чоғда тоат мени беқарор,
Қулоғимға етти садойи сетор.

Олиб дилдин андишаи тоатим,
Ҳавас йиртди чун пардаи исматим.

Дедим анга ул дамда айлаб нидо,
Эрурсан ўзинг маншаи ҳар садо.

Кел эмди қулоқ тут сўзима букун,
Ўзинг куфр ўтиға бўлма ўтун.

Нега келди гумроҳлиқ хоҳишинг,
Қиёмат ишидин тиҳидур бошинг.

Калиди дари ганжи талбис сан,
Ҳиял бобида мисли иблис сан.

Бу риштаки илкингдадур келди дом,
Дили халқни сайд айлар мудом.

Қилиб фош бел боғламоқ корини,
Олиб қўймағунг тоат осорини.

Гар этсанг биров синасида макон,
Йўқ эткунг ани тоатин бегумон.

Келу мен киби ўтдин андиша қил,
Тутуб тавба йўлин вараъ пеша қил.

Деди бўйла танбури соҳиб хабар,
Эсанг пардадор ўлмағил пардадар.

Хаёл этма ўзингга айбим ҳунар,
Дема юзима айбим ўлса эгар.

Қилиб қатъ айб оламин сарбасар,
Ҳузури олам ичра қилдим гузар.

Бари ҳамнишиним эди аҳли роз,
Алардин манга етмади эътироз.

Менинг синама қўймағил дасти рад,
Сен эмди манга бермас эрсанг мадад.

Била олмағунгдур жаҳон корини,
Қим иқбол олур, кимлар идборини.

Нега баҳри эҳсони парвардигор,
Мену сен кибилардин олғай ғубор.

Муғанний, бу дам боқмайин сўлу соғ,
Олиб қўлға танбуринг эт тар димоғ.

Тузуб нағма чолмокға омода бўл,
Кўнгулларға оч рағбат айларга йўл.

Келиб базм аҳли тўлуб бу бисот,
Тонг отғунча қилсунлар айшу нишот.

На яхшидур ул кас кечиб сабрдин,
Ўзин ўтға урса туруб қабрдин.

Тамуғ учқуни анга вақти азоб,
Кўрунса кўзи оллида чун шароб.

Олиб кечалар Мирзо қўлға қалам,
Бешинчи ҳикоятни қилди рақам.

Қилиб сабт танбур ҳангомасин,
Яна йўнди қонун учун хомасин.