Аҳмад Югнакий (12-аср охири, Самарқанд, Югнак қишлоғи — 13-аср 1-ярми, ?) — шоир, мутафаккир. Таржимаи ҳоли ҳақида деярли маълумот йўқ. «Ҳибат ул-ҳақойиқ» («Ҳақиқатлар туҳфаси») асари бизгача етиб келган. Унинг охирида Адиб Аҳмад исми тилга олинади. Асар нусхаларидан бирига темурий амалдорлардан Арслонхожа Тархон томонидан илова қилинган 10 байтли маснавийда Югнакий ҳақида баъзи маълумотлар мавжуд. Ундан маълум бўлишича, Адиб Аҳмад Югнак деган сўлим ва баҳаво жойда туғилган. Отасининг оти Маҳмуд Югнакий бўлган.
Китоби адабдан иборат бўлиб, номи —«Ҳибат ул-ҳақойиқ». Китоб кошғарий тилда шеърий йўл билан ёзилган. «Қутадғу билиг»дан 1—2 аср кейин яратилган бу асар ўзбек мумтоз адабиётининг ноёб дурдонаси ҳисобланади. Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат» тазкирасида Югнакийни Ўрта Осиёнинг машҳур шайхлари қаторига қўйиб, унинг туғма кўрлиги хусусида сўзлайди, яна Навоий Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Бадиуззамонга ёзган хатларидан бирида ҳам «Ҳибат ул-ҳақойиқ»дан парчалар келтиради. «Ҳибат ул-ҳақойиқ» асари шоир ҳақидаги маълумотларни бирмунча тўлдиришга, Югнакий яшаб ижод этган даврни таҳлил қилишга имкон беради.
Югнакий туғилган жой олимлар ўртасида кўп тортишувларга сабаб бўлган. Самарқанд, Фарғона ва Туркистонда Югнак деган жой борлиги айтилсада, кўпчилик уни Самарқанд атрофида дейишга мойил ва кейинги тадқиқотлар бу фикрнинг тўғрилигини тасдиқлайди. 12-асрда яшаган машҳур муаррих Абулкарим ас-Самъоний «Ал-Ансоб» («Насабнома») китобида ёзади: «Бу нисба (тахаллус) «Юғанак»дан ва бу (жой) Самарқанд қишлоқларидан. Бу нисба билан Абуҳомид Аҳмад ибн Абу Аҳмад ал-Юғанакий машҳурдирлар».
Шоир «Ҳибат ул-ҳақойиқ»ни тугатиб, уни ҳукмдори Дод Сипоҳсолорбекка тақдим этади. Машҳур шарқшунос олим Е.Э.Бертельс бу асар қадимий ўзбек адабий тилидан мумтоз ўзбек адабий тилига ўтишда бир кўприк бўлганини айтади. Асар тилида қадимий туркий сўзлардан кўра, араб ва форс сўзларининг кўп қўллангани шундан далолат беради. Югнакий бу асари билан ўзбек адабий тили ва адабиёти ривожига катта ҳисса қўшган.
«Ҳибат ул-ҳақойиқ» 14 боб, 512 мисрадан иборат. Достоннинг 1-боби Аллоҳга ҳамд, 2-боби Муҳаммад (сав) наъти ва чорёрлар таърифига, 3-боби Дод Сипоҳсолорбек мадҳига бағишланган. 4-бобда китобнинг ёзилиш сабаблари баён қилинган. Дастлабки 4 муқаддима бобдан сўнг асосий қисмга ўтилади. 5-боб — маърифатнинг фойдасию жаҳолатнинг зарари, 6-боб — тил одоби, 7-боб — дунёнинг ўткинчилиги, 8-боб — сахийлик ва бахиллик, 9 ва 10-боблар турли масалаларга бағишланган бўлиб, 11-боб — китобнинг хотимаси (асарнинг 1480 йил Истанбулда Абдураззоқ Бахши томонидан кўчирилган нусхасида 11 боб мавжуд — 3 боб ё тушиб қолган, ё бошқаларига қўшилиб кетган).
Югнакий ўзини шоир эмас, балки адаб муаллими, деб ҳисоблаган. Ўзига хос ахлоқ китоби бўлган бу асарга Қуръони карим ва Ҳадиси шариф маънолари сингдирилган. У ислом дини ахлоқини ташвиқ қилиш, комил инсонни тарбиялаб етиштириш мақсади билан ёзилган.
«Ҳибат ул-ҳақойиқ» илк бор уйғур ёзувида битилган. Унинг нусхалари кўп бўлиб, уларда асар ҳажми турлича. Ҳозирча маълум қўлёзмалардан 3 таси (бири уйғур ёзуви, иккинчиси араб ва уйғур ёзуви, учинчиси эса араб ёзуви билан битилган) тўлиқ, қолганлари парчалардан иборат. 1444 йил Самарқандда Зайнулобидин бахши, 1480 йил Истанбулда Абдураззоқ бахши ва Туркиянинг Тўпқопи кутубхонасидаги номаълум котиб томонидан кўчирилган қўлёзмалар эътиборли нусхалар ҳисобланади.
Асарни 1-марта турк олими Нажиб Осимбек топиб (инв. №4757), нашр эттирган (қисқартирилган нашри — 1906, тўлиқ нашрлари 1916, 1925). Кейин 1951 ва 1992 йилларда уни Р. Р. Арат сўзбоши, изоҳлар ва 6 та нусхасининг факсимилеси ва Туркияда 16-асрда кўчирилган араб ёзувидаги нусхасининг таржимаси билан нашр эттирган. Ўзбекистонда асардан парчалар Фитрат, Ойбек, П.Шамсиев, С.Муталлибовлар томонидан ўзбек адабиёти намуналаридан тузилган мажмуаларда эълон қилинган. Сўнг у Қ.Маҳмудов томонидан алоҳида китоб ҳолида эълон қилинди (1968; 1971). Ўтган аср охирларида уйғур олимлари Ҳ.Темур ва Т.Айюб, қозоқ олимлари Э.Қуришжонов ва Б.Соғиндиқовлар уни асл матни, таржима ва фотонусхалари билан нашр эттирганлар. Шунингдек, Е.Э.Бертельс, Фитрат, Фуод Кўпрулу, Т.Такин, Э.Рустамов, Н.Маллаев, А.Қаюмов, А.Ҳайитметов, А.Рустамов, М.Имомназаров, Б.Тўхлиев, Н.Раҳмонов, И.Ҳаққулов, Г.Хўжанова ва бошқалар Ю. ва «Ҳибат ул-ҳақойиқ» ҳақида у ёки бу даражада тадқиқот ишларини олиб борганлар.
Эргаш Очилов.
“ҲИБАТУЛ-ҲАҚОЙИҚ”ДАН
[Илм манфаати ва жаҳл зарари ҳақида] Биликтин аюрман[1], сўзумга ула[2],Биликка, ё дўст, ўзунгни ула[3]. Билик бирла билнур саодат йўли,
Билик бил саодат йўлини бўла[4]. Баҳолиқ динор[5] ул биликлик киши,
Бу жоҳил биликсиз — баҳосиз биши[6]. Сўнгакка йиликтак эранга[7] билик,
Эран кўрки ақл, ул сўнгакнинг йилик. Биликсиз — йиликсиз сўнгактак қоли[8],
Йиликсиз сўнгакка сунулмас алик[9]. Билик билти бўлти[10] эран белгулук,
Биликсиз тирикла йитук[11] кўркулук. Биликлик эр ўлти — оти ўлмату,
Биликсиз эсан эркан оти ўлук. Биликлик биринга бшшксиз мингин[12],
Тенгакли тенгади биликнинг тенгин. Боқа кўргил эмти уқа[13] синаю[14],
Нананг бор биликтин асиғлиқ[15] ўнгин[16]. Билик бирла олам юқар йўқлади[17],
Биликсизлик эрни чўкарди[18] қуди. Билик бил ўсанма[19] бил ул ҳақ расул,
Билик кимда эрса сиз арқанг[20] теди. Биликлик биликни адаркан[21] бўлур,
Биллик татғин, эй дўст биликлик билур. Биликсизга ҳақ сўз татиқсиз[22] эрур,
Анга панд, пасиҳат осиғсиз эрур. На турлук ориқсиз[23] орир юдиса[24],
Жоҳил юб оримас, ариғсиз эрур. Биликлик киши кўр билур иш ўзин,
Билип этар ишни, ўкунмас кедин. На турлук иш эрса биликсиз ўнги[25],
Ўкунч[26] ул анга йўқ ўнг[27] анда адин[28]. Биликлик кераклик сўзин сўзлаюр,
Кераксиз сўзини кўмуб кизлаюр[29]. Биликсиз на айса аюр уқматин[30],
Анинг ўз тили, ўз бошини еюр[31]. Билик бирла билинур тўратван[32] иди[33],
Биликсизлик ичра хайир[34] йўқ деди. Биликлик сўзи[35] панд, насиҳат, адаб,
Биликликни ўгди ажам[36] ҳам араб. Товарсизға[37] билги[38] туганмас товар,
Ҳисобсизға[39] билги йирилмас[40] ҳисоб. . [Тил сақлаш ҳақида] Эшитгил биликлик нагу теп аюр[41]
Адаблар баши тил кутазмак[42] турур. Тилинг бекта[43] тутғил тишинг синмасун,
Қали[44] чиқса бекта тишингни сиюр. Санип[45] сўзлаган эр сўзи сўз соғи[46],
Ўкуш[47] янгшаған[48] тил эйалмас яғи[49]. Сўзунг бўшлуғ эзма йиға тут тилинг,
Етар бошқа бир кун бу тил бўшлуғи. Хирадлиқму[50] бўлур тили бўш киши,
Талим[51] бошни еди бу тил, сўз бўши. Бир ул янгшар[52] эрса кераксиз сўзин[53],
Икинг ялғон эрса ул эрнинг тили. Тили ялғон эртин йироқ тур теза[54],
Кечур санма умрунг кўнилик[55] уза. Оғиз тил безаки кўни[56] сўз турур,
Кўни сўзла сўзни дилингни беза. Кўни сўз асалтек, бу ялғон басал[57],
Басал еб ачитма оғизни асал[58]. Ё ёлғон сўз ик[59] так кўни сўз шифо,
Бу бир сўз ўзоғи[60] урулмиш масал[61]. Кўни бул куни қил отин кўни[62],
Кўни тею билсун халойиқ сени. ———————————————— [1] Аюрман — айтурман. [2] Ула — улан, улаш, қулоқ сол. [3] Ула — улан, улаш, ёпиштир. [4] Бўла — топгин, эришгин. [5] Баҳолиқ динор — қимматли маблағ. [6] Биши — ярамас нарса. [7] Эран — эр киши. [8] Қоли — ҳоли. [9] Алик — илик, қўл. [10] Билик бўлти — билди, бўлди. [11] Йитук — йитган, йўқолган. [12] Бир билимлига минг билимсиз. [13] Уқа — уқиб, тушуниб. [14] Синаю — синаб, тажриба қилиб. [15] Осиғлиқ — фойдали. [16] Ўнгин — бошқа. [17] Йўқлади — юқорига ошди. [18] Чўкарди — чўктирди. [19] Ўсанма — ғофил бўлма. [20] Арқанг — мақтанг! [21] Адаркан — ахтарган, излаган. [22] Татиқсиз — тотимсиз, лаззатсиз. [23] Ариқсиз — нопок, булғонч. [24] Юдиса — ювса. [25] Ўнги — олдида. [26] Ўкунч — пушаймон. [27] Ўнг — осон. [28] Адин — бошқа, пушаймонликдан бошқа. [29] Кизлаюр — яширади. [30] Уқматин — уқмай. [31] Еюр — ейди. [32] Туратван — яратган. [33] Иди — эга (тангри). [34] Хайр — яхшилик. [35] Ўгди — мақтади. [36] Ажам — араб халқидан бошқа ҳамма халқлар. [37] Товарсиз — молсиз. [38] Билги — илм. [39] Ҳисобсиз — даражасиз, мартабасиз. [40] Йирилмас — битмас-туганмас. [41] Аюр — айтади. [42] Тил кутазмак — тилни тиймоқ, тилни эҳтиёт сақламоқ. [43] Бекта — пишиқ, пухта. [44] Қали — эгар. [45] Санип — ўйлаб, фикр қилиб. [46] Соғи — тўғриси. [47] Ўкуш — кўп. [48] Янгшаган — яиглишган. [49] Яғи — душман. [50] Хирадлиқ — ақлли. [51] Талим — кўп. [52] Янгшар — янглишади. [53] Сўзин — сўз билан. [54] Теза — тез-а. [55] Кўнилик — тўғрилик. [56] Кўни — тўғри. [57] Басал — пиёз, аччиқ. [58] Оғизни асал — асал оғизни. [59] Ик — касаллик [60] Ўзоғи — илгариги. [61] Масал — мақол. [62] Отин кўни — тўғри, содиқ деб от чиқар.
БАЙТЛАР
Илмсиз иликсиз сўнгак каби бўшдир, иликсиз сўнгакка қўл урилмайди.
Билим билан кишининг мартабаси ошди, илмсизлик эса кишини тубанлаштирди.
Билимли киши керақли сўзни сўзлайди, кераксиз сўзни кўмиб ташлайди.
* * *
Билим билан саодат йўли очилади, шунга кўра,
Илмли бўл, бахт йўлини изла.
* * *
Мингта дўстинг бўлса, уни кўп кўрма,
Битта душманинг бўлса, уни оз дема.
* * *
Яхши феъл билан кишилар кўнглини олиб,
Ўзингни ёмон қилиқлардан сақлаб яша.
* * *
Ўйлаб сўзлаган кишининг сўзи тўғридир,
Ўринсиз кўп вайсаган тил шафқатсиз ёвдир.
Оғиз ва тилнинг безаги тўғри сўздир, тўғри сўзла, тилингни беза.
* * *
Кимдаким манман деб, ўзини баланд тутса, уни на халқ, на тангри севади.
* * *
Халқнинг етуги сахий кишидир, сахийлик шараф келтиради.
* * *
Қарамсиз киши мевасиз дарахтдир, мевасиз еғочни кесиб ёндиргин.
* * *
Дўстим деб ишониб, сир айтма, эҳтиёт бул.
* * *
Улуғликка етишсанг — янглишма, атлас кийсанг, бўз кўйлагингни унутма.
* * *
Тўғри бўл, тўғри иш қил, тўғри деб ном чиқар,
Халойиқ сени тўғри, деб атасин.
* * *
Гуноҳкор кишини гуноҳини кечир, адоват илдизини кес ва қўпориб ташла.