Зулфия Қуролбой қизи. Бойвучча (ҳикоя)

Қуёш ўлди.
Уни қонсираган шафақ еб қўйди.
Шамол турди. Шамол қуёшнинг нимпушти қони сачраган уфқнинг чекка-чеккасида дайдиб юрган булутларни ҳайдай бошлади.
Аммо… зум ўтмай осмонни қоп-қора булут қоплади.
Ҳовлига туман ва қоронғилик бостириб кирди.
Аёл зим-зиё дераза олдида турарди.
Хонага аёлнинг тутинган синглиси Руқия кирди. Қўлида патнис.
Бир қўли билан чироқ тугмасини босди.
Сукунат парчаланди.
– Опа…
Аёл миқ этмади. Ҳатто ўгирилиб қараб қўймади.
Руқия патнисни кўтарганча остонада туриб қолди.
Аёл ташқаридан кўз узмасди.
Бир маҳал унинг мижжаларидан ёш томчилай бошлади.
– Опа… – Руқия на нонушта олиб келдим дея олар, на кечлик… Бу уйда анчадан буён кун билан туннинг ўрни алмашиб қолганди. – Сутчойингиз совиб қол…
Руқия гапини тугата олмади. Аёл кескин бурилиб ўшқириб берди:
– Йўқол, Руқия! Кўзимга кўринма!
Қичқиргани камлик қилгандай, мушукни ҳайдагандай қўлини силкиди.
Руқия қўлида патнис тутганча қимир этолмай қолди. Патнис титради ва кўксида бир қуш безовталанди: “Текин томоша бошланди!..”
Аёл қўлларини кўксида чалиштирганча яна ташқарига тикилди.
Дераза ортида зимистон жарлик пайдо бўлган, ичкаридан тўкилган сарғиш нур жарликни ёритишга ожизлик қилар, бўшлик қаъридан мўр-малахдай ўрлаётган туман тап тортмасдан ичкарига ёпириларди… лекин аслида бундай эмасди, ташқарида чигирткалар чириллар, йўлак четидаги чиннигулларнинг иси атрофни тутар, тўлин ой эса сахийлик билан мўл-кўл ёғду сочарди оламга…
Аёл зимистон жарликка қанчалик тикилмасин, ҳеч нарсани илғай олмади.
Кейин қунишганча ортига ўгирилди. Унинг намхуш кўзлари ювош тортганди.
– Олиб ке.
Аёл оромкурсига чўкди.
Руқия патнисни столча устига қўйди. Кейин деразани ёпайми дегандай аёлга қаради. Аёл миқ этмади.
У финжондан ўрлаётган буғга тикилиб қолганди.
Ташқарида нимадир гумбурлади.
– Қор ёғади-ёв… – деди Руқия аёлнинг саволчан нигоҳига жавобан.
– Хўжайин келдими? – сўради аёл совуқ уфураётган деразага бир қараб қўйганча.
– Йўқ ҳали.
– Комила-чи?
– Қизгина хонасида ўтириб нимадир ёзяпти.
– Шунинг учун товуши чиқмаётган экан-да. Фурқат-чи?
– Фурқатжон ҳали кўчадан келмадилар.
– Ҳа, кеп қолар.
Руқия ташқарига йўналди. Ундан оҳиста “тақ” этган овоз қолди хонада…
Аёл оромкурсига ястанди.
Оромкурси қаршисидаги стол устида банкдан берилган ҳисоб рақамлари, енгил машина ҳужжатлари, четларига олтин суви юритилган қутича бор эди. Столдан нарироқда қоқ ўртасидан дарз кетган тўртбурчак тошойна аёлнинг қаҳридан қўрққандай қалтираб турарди: “Менинг айбим йўқ!..”
Тошойна ёнида тумба. Тумба устида жойнамоз. Четлари кашталанган, лекин чанг босган…
Тумба тепасида иккита портрет жилмайиб турибди. Портретлардан бирини ялтироқ чилвир маҳкам ўраб олган…
Аёл кўзларини юмди.
Бир маҳал ташқарида нимадир қаттиқ гулдиради.
Кўзи илинган аёл ваҳима ва аросат ичида титраб кетди. “Ё раббим!”
Сониянинг аллақайси улуши ичра навниҳол қизнинг додлаб бақириши, дунёни бошига кўтарган чинқириғи, алланарсаларнинг ғажир-ғужури, қандайдир кишиларнинг қўпол сўкинишлари… аёлнинг миясини пармалаб, юрагини даҳшат ва қўрқинчга тўлдирди.
“Комила!”
Аёлнинг кўзлари чақчайиб кетди.
– Қизим…

…Сочлари ёйилган, тўзғиган, нозик бўйнига ялтироқ чилвир ўралган йигирма ёшлардаги қиз бор овози билан чинқирганча хонани гир айланиб югурар, ялтироқ чилвир унинг ортида илондай билангларди.
Девордаги жилмайиб турган қиз портрети ўрадай қорайиб турар, пастда ойна синиқлари ётарди.
– Ифлослар! Ярамаслар! Бу ишларинг учун ҳали жавоб берасанлар!
Аёл даҳшат ичида туриб қолди.
Ҳолдан тойган, гиламга чўк тушган аёл ниҳоят нима қилиши кераклигини эслади.
Югуриб бориб қизини қучоқлаб олди, афтодаҳол қиз юлқинди, онасининг қучоғидан чиқишга уринди, аммо она маҳкам қучоқлаб тураверди. Ниҳоят, Комила бироз тинчланди, онасининг кўксига бошини қўйганча… изиллаб йиғлаб юборди:
– Ахир бу аҳволда қандай яшайман?!. Қандай яшайман… – Кейин кимларгадир ялина бошлади: – Илтимос, менга тегманглар… жон акалар! Илтимос, мени жувонмарг қилманглар!..
Аёлнинг етмиш икки томири зириллаб кетди. Қизи тортган азобларни ўз танида, ўз вужудида ҳис этиб аламдан инграб юборди.
Ниҳоят, қиз бутунлай ўзига келди.
– Ойи, мени деб кўп қийналдингиз-а? Энди ҳеч нарсани ўйламанг, мен яхшиман, – дея онасининг қулоғига шивирлаб қўйди у.
Аёл миқ этмади, кўзига ёш олди, қизининг жавдираб турган нигоҳлари жавоб кутаётганини англаганидан кейин:
– Сен билан уканг тинч бўлсаларинг, бас, менга бошқа ҳеч нарса керакмас! – деди у.
Шу билан олам гулистон бўлди. Комила хотиржам тортди.
– Сиз бораверинг, ойи…
Аёл қизининг буткул хотиржам тортганига ишонди ва ўрнидан турди.
Қиз яна портрет ичидан жой олди.
Ялтироқ чилвир унинг сочларини тараб, ўра бошлади…

Оппоқ, ярқироқ, қадам ташлаётган одамнинг акси кўринадиган мармар зиналардан бир-бир босиб пастга тушаётган аёл туйқусдан жиринглаган эшик қўнғироғидан чўчиб тушди, юришдан тўхтаб, паришон ва ғамгин нигоҳлари билан Руқияни қидирди.
Руқия шундоққина зина тагида, нақшинкор панжара ортида турарди.
– Опа… Бугун маошимни оладиган куним, агар иложи бўлса… – деди у панжара ортидан чиқиб.
– Шу ердамидинг? Эшикни очмайсанми? Нодир келди, шекилли, – деди аёл унинг маош ҳақидаги сўзини эшитмаганга олиб.
– Эшик жирингламади… Укангиз ҳам келганлари йўқ, бундан кейин умуман келмасалар керак, буларнинг ҳаммаси… кўзингизга кўриняпти… Ибодат қилинг, илтимос… Кейин агар иложи бўлса, бугуноқ маошимни берсангиз, ўғлимнинг ўқишига…
Аёл унинг сўзига яна парво қилмади.
– Бор, эшикка қара дедим! – зуғум қилди аёл.
Руқия ноилож ташқарига чиқиб эшик ортига бекинди.
Аёл дераза ойнасидан ташқарига кўз ташлади.

…Руқия қадимий услубда ишланган иккинчи дарвоза олдида ёшгина жувон билан гаплашиб турарди.
Аёл беихтиёр ортга тисланиб, ўзини четга олди: “Яна келибди-да, ярамас!” Аёл қаҳр-ғазаб зўридан титраб кетди. Худди шу вақт Руқия эшикдан мўралади.
– Опа, яна ўша танноз…
– Йўқолсин! – аёл бақириб юборди. – Мен сенга нима дегандим?! Эшигимга яқин йўламасин демаганмидим?!
– Шундай дегандингиз…
– Яна айтаман, қорасини ўчир бу ердан! Кўзимга кўринмасин!
Руқия эшикни ёпди.
Аёл асабийлик билан ғудранганча чарм креслога бориб ўтирди. Бироқ кўп ўтира олмади. Ўрнидан туриб хонада у ёқдан бу ёққа юра бошлади. Эгнидаги кўйлаги унинг азадор эканлигини билдирувчи либос бўлса-да, ниҳоятда нафис ва қимматбаҳо матодан бичими жуда келиштириб тикилгани боис ўзига ярашиб турар, ёши элликдан ошса-да, ҳамон тиниқ, ажинсиз юзини яна-да оқартириб кўрсатарди.
Аёл хонага, нафақат хонага, балки дунёга сиғмай, у ёқдан бу ёққа бориб келаркан, қанча уринса-да, хавотирли ҳаяжонини боса олмай турган бир вақтда Руқия яна эшикдан мўралади.
– Опа…
– Вой дод! – аёл бошини чангаллади.
– Нима қилай ахир?.. У кетмаяпти, гапларимни эшитишниям хоҳламаяпти!
– Билмадим! Мен билмайман! Лекин нима қилиб бўлсаям уни йўқот!
– Милиса чақирайми?
– О… йўқ! Нималар деяпсан?! – аёл қўрқинчли тарзда кўзларини чақчайтирди.
– Хўп, яна бир уриниб кўрай-чи…
Руқия эшикни ёпди.
Аёл ҳолдан тойиб адойи-тамом бўлгандек ўриндиққа ўзини ташлади. “Ярамас! Ифлос!”
Бир маҳал…
– Опа… – Руқиянинг овози қулоғи остида эшитилганда аёл сесканиб тушди. Шоша-пиша қаддини ростлади.
– Анови танноз кетди…
– Кетдими?
– Ҳа. Лекин…
– Нима лекин? Чайналмасдан гапир!
– Яна келаман деб кетди. Энди у сизни тинч қўймасмиш. Яхши гапига кўнмасангиз, қонун йўли билан ҳақини ундириб олармиш…
– Ҳақини… ундириб олармиш?..
– Ҳа, боласи Комилбекдан бўлганидан кейин…
– Чучварани хом санабди!
– Опа… – Руқия журъатсизлик билан шундай деди-ю, индамай қолди.
– Нима дейсан?
– У келса… нима қиламиз?
– У ёғи билан ишинг бўлмасин!
– У боя мени ҳақорат қилди. Эмишки, сиз одамларнинг кўзига мени тутинган синглим деркансиз. Лекин аслида хизматкорга қарагандай қарармишсиз….
– Парво қилма. Сен мени билсанг бўлди. Одамларнинг гапи билан ишинг бўлмасин, – бироз ўзини босиб олган аёл тутинган синглисини юпатди.
– Агар қўлида боласи бўлмаганда…
– Тағин боласи билан келибдими?.. – овози ўзгариб сўради аёл.
– Ҳа.
Аёл ўйланиб қолди.
Руқия нимадир демоқчи бўлиб тараддудланиб турди-да, аёлнинг авзойига қараб фикридан қайтди. Бир-бир босиб ташқарига йўналди.
Аёл қарғанди: “Жасадинг гўрда чирисин, илойим! Сени дастингдан қизим жувонмарг бўлди! Топган пулларинг кафанлигингга ярасин!”
Аёл шахд билан тепага кўтарилди.

…Комилбек хонасида эди. У ҳозиргина қабрдан чиқиб келган, аммо ўз аҳволидан уялгандай, ниҳоятда хижолатли эди .
– Нималар бўляпти ўзи? Нега ташвиш бошимиздан аримай қолди? – деганча кириб борди у эрининг хонасига.
– Бу душманларимнинг иши… Шошмай туришсин, ит кунини бошларига соламан ҳали! – деди дераза олдида турганча ўзининг у ер-бу ерини бекитишга уринаётган Комилбек. Кейин хотинига ўгирилди. – Лекин сен эътибор берма, ўтиб кетади.
Эрининг хотиржамлиги, боши узра қора булут тўпланаётганини сезса-да, парво қилмасликка уринаётгани аёлнинг чатнаб турган асаб торлари устига ёққан нафрат, нафрат, нафрат қорлари бўлди.
– Бас, етар! Ҳозироқ милисага хабар бераман!
– Биз қонундан паноҳ тополмаймиз!
– Жонимга тегди бундай ҳаёт! – чинқирди аёл.
Комилбекнинг ёноқларидаги ғуддалари ўйнади. Асабийлашди. “Яқиндагина қачон биз ҳам одамларга ўхшаб бекаму кўст яшаймиз, демаганмидинг?!” демоқчи бўлиб, оғиз жуфтлади, аммо индамади.
– Сиз билан яшаб турсам тинчлик бўлмас экан, – деди аёл кутилмаганда. – Яхшиси ажрашайлик!
Комилбекнинг юзи бўзарди. Аёл бунга парво қилмади.
– Ё бўлмаса вақтинчага уйдан чиқиб кетинг! – деди у аввалгидан ҳам қатъий оҳангда. – Менга тинчлик керак!
– Шундайми… – деди Комилбек анчадан кейин худди ҳафсаласи пир бўлган одамдек ҳазин товушда.
– Шундай! Ҳамма кўргиликларим сиз туфайли! Агар сиз… Агар сиз аллақандай ишларга аралашиб юрмаганингизда Комилам хароб бўлмасди! Номусига чидай олмай ёш жонига қасд қилмасди!.. Қандайдир шаллақи хотин ҳароми боласини рўкач қилиб, уйимга бостириб келмасди! Фурқатжоним…
Комилбек хотинига бир неча сония сўзсиз тикилиб қолди. Тупроқ нуқси урган юзи аллақандай зўриқишдан бўғриқиб кетганди.
– Шу фикрда экансан… нимаям дердим, – деди Комилбек, сўнг сўзларим қандай таъсир этаркин, дегандек хотинининг юзига тикилди.
– Худога шукр! – деб юборди аёл беихтиёр.
Комилбекнинг юз-кўзларида ғазаб учқунлари чақнади, хотинини уриб юбормоқчи бўлгандек ҳезланди, кейин нима учундир бирдан ҳовуридан тушиб, тумтайиб олди, аёлига бир олам гинаю таъна аралаш маъюс назар ташлади, гўё ҳаммасини сен учун қилгандим, дегандек…

Остонада Руқия пайдо бўлди.
– Опа… Ўғлингиз… – деди-ю шошилганча ортига қайтди.
Аёл унинг ортидан югурди.
– Бу ёққа, – Руқия уни ўғлининг ётоғи томонга бошлади.
Аёл хонага кириб борганида ўн етти ёшлардаги йигитча каравотда ғужанак бўлиб ётар, қўл-оёқлари тинимсиз қалтирарди.
Руқия унинг тепасида парвона.
– Фурқатжон… Болам… – ўғлини касал бўлиб қолди, деб ўйлаган аёлнинг жон-пони чиқиб кетди. Фурқатни қучоқлаб бошини бағрига босди. – Нима бўлди, болам? Қаеринг оғрияпти?..
Фурқат жавоб бермади. Гапиришга ҳоли йўқ, нафақат қўл-оёқлари, балки бутун вужуди ғайритабиий жазавадан қалт-қалт қиларди, тишлари такилларди, кўзлари қўрқинчли олаярди. Билаги кўкариб-қорайиб кетганди.
– Унга нима бўлди, Руқия?!. Боламга нима бўлди?!.
– Бу душманларимизнинг иши. Лекин аввал дўхтир чақирайлик…
– Чақир! Чақирмайсанми?! Нега қаққайиб турибсан?!
– Хўжайин… – эҳтиёткорлик билан деди Руқия.
– Хўжайинни ҳам чақир! Бўл тез! – аёл яна ўғлига юзланиб, унинг юз-кўзларини силай бошлади. – Болажоним, нима бўлди сенга…
Фурқат жавоб бермади.

– Опа… ўзингизни қўлга олинг…
Руқия нимадир демоқчи бўлди, аммо аёл уни гапиртиргани қўймади:
– Сен ҳаммасини билгансан! Била туриб менга айтмагансан! Нонкўр! Берган тузим кўр қилсин сени!
Руқия довдираб қолди, ҳушини жамлаганидан кейин ўзини оқлашга уринди, ҳатто қасам ичди ҳам, аммо аёл унинг илтижоларига қулоқ солмади.
Руқия ув тортиб йиғлаб юборди. Ва югурганча ташқарига чиқди, ҳовлини кесиб ўтиб, дарвоза ёнидаги ҳужрасига қамалди. Кўксида бир қуш безовта чирқиллади: “Сен текин томошани такрор-такрор кўришдан чарчамайдиган ягона томошабинсан!..”
Эрталаб Руқия меҳмонхонага кирганида аёл ҳамон боласини қучоқлаб ўтирарди.
Руқия аёлнинг ёнига келди.
– Опа…
Аёл бирдан қалқиб тушди. Кимдир аямасдан миясига тош билан ургандек, сакраб ўрнидан туриб кетди.
Аммо шу заҳоти шилқ этиб қулади.

Ниҳоят, аёл кўзларини очди, лекин уни бутунлай ўзига келди деб бўлмасди. У гоҳ иситма ичида алаҳлар, гоҳ атрофига тийрак назар ташлаб, ҳаммасини аниқ-тиниқ ҳис қилиб тургандек, бошига тушган шўришларга сабр қилишдан ортиқ чораси қолмагандай маҳзун, мунис кўринар, Руқияга гоҳ мутеларча, гоҳ мутаассибларча боқар, гоҳ миясида ўпирилиш юз берган одамдай дунёга аллақандай туманли парда ортидан қарар, атрофида аллақанча одамлар йиғилиб, у ҳақида гаплашаётгандай ва унинг мол-дунёси важидан талашиб-тортишаётгандай, жанжаллашаётгандай бўлар, гоҳида эса ҳамма ундан безиб, уни ташлаб кетгандай, нотаниш манзилда ёлғиздан ёлғиз, саргардон қолиб кетгандай бўлар, аммо бу ҳолат узоққа чўзилмас, дам ўтмай хўрак ҳидини сезган каламушлардай, нариги хонада тўпланиб, ўзларича алланималарни бўлишиб олаётган яқин қариндошлари ўқтин-ўқтин эшикни очиб, унга қараб қўяётгандай, нигоҳлари билан унга “Қачон ўларкин, очкўз бойқуш?” дея зуғум қилишаётгандай бўлар, айниқса, укаси Нодирнинг нигоҳларидаги нафрат ҳамманикидан кучлироқ эди.

Бундан бир ҳафта аввал…
Миясида аллақандай ўзгариш юз бераётганини англаган аёл ниҳоят, мерос масаласида бир қарорга келиши лозимлигини тушуниб етди ва кечаси уйқуга кетиш олдидан хаёлан бор бисотини баҳоли қудрат қариндошларига улашди. Ҳатто бева-бечора Руқияни ҳам унутмади. Унга бироз маблағ ажратди. Мероснинг қолган қисмини гиёҳвандларни даволайдиган касалхонага хайрия қилишни кўнглига тугди. Қарори қатъий эди.
“Мендан бой, бадавлат аёл йўқ, – деб хаёлидан ўтказди аёл маҳзунлик билан шу кеч. – Қаерга қўлимни узатсам етади! Лекин нима қиламан шунча пулни? Ёшим ўтиб қолди. Ҳаётимни қайтадан бошлашнинг иложи йўқ! Эримнинг елиб-югуриб топгани яхши кунларимизга буюрмади, ҳеч қурса бировларнинг камини тўлдирса, бировларнинг дардига малҳам бўлса, кўнглим таскин топармиди?”
Эртаси куни нонушта вақтида кечаси тузган режасини эслаб, қариндошларга мерос улашиш масаласида ўйланиб қолди. “Шошилмадиммикин?” дея ўзига ўзи савол берди. Иккинчи қаватда, ёзги айвондаги тебратма креслода ўтирганча ҳовлисига назар ташлади. Кенг-мўл, озода, қасрмонанд ҳовли-жойнинг бир қисмини болажон синглисининг ижарама-ижара санқиб юрадиган ўғлига ажратганди. Ҳадемай жияни хотинию бола-чақаси билан кўчиб келса… “Ҳамма ёқ ифлос бўлиб кетса керак…” маҳзунлик билан хаёлидан ўтказди аёл. Юраги “жиз” этди.
Тушлик қилиб ўтирганида эса феъли айниб қолишидан чўчиб, нима бўлганда ҳам бугун кечга қариндошларини уйига тўплаш ва тузган режасини эълон қилиш ҳақида укаси Нодирга маслаҳат солди. Бирдан-бир ишонгани шу укаси эди. Анча йиллар муқаддам эски папкасини қўлтиқлаб, уйидан заводга, заводдан уйи­га йиртиқ туфлида пойи пиёда қатнайдиган, она бир, ота бошқа ўгай укасидан бошқа айтарли қариндош-уруғи бўлмаган Комилбекка ота-онасининг розилигисиз турмушга чиққани учун опасини кечирмай юриб-юриб, кутилмаганда поччасининг ишлари юришиб, шаҳарнинг энг бой одамларидан бирига айланганидан кейин ҳеч нарса бўлмагандай, уни йўқлаб кириб келган ва анча йиллик гинани унутиб, узилган риштани боғлаган одам мана шу укаси Нодир эди. У аввал ўзи келган бўлса, кейин онасини олиб келди. Салдан кейин отасини… Лекин ярашув Нодир кириб келмасдан сал олдинроқ юз берганди чамаси. Ўшанда Нодир азбаройи тирикчилик важидан киракашлик қилиш учун ижарага олган машинасини симтўсиққа уриб олиб, на машина эгасининг ойлик ҳақини, на пачақ бўлган аравасини таъмирлаш учун чақа тополмай, бир сиқим бўлиб юрганида мана шу Руқия орқали анча-мунча пул бериб юборган куннинг эртасига биринчи бўлиб онаси йиғлаб қўнғироқ қилганди: “Яхшиям сен бор экансан, болам!” Севгани ёнида бўлгани билан юрагининг бир чети кемтик бўлган аёл учун бу гаплар олам-жаҳон шодлик бахш этганди.
Ўшанда у ич-ичидан ўзидан эмас, Комилбекнинг пулларидан миннатдор бўлган, бекаму кўст яшаш истаги эса ҳаётининг мазмунига айланганди. Ахир кўзёшлару изтироблар ҳал қила олмаган нарсаларни бир сиқим қоғоз ўз ўрнига қўйиши мумкин экан-да!..
Хуллас, Комилбек тириклигида сал-пал ийманиб юрадиган, лекин машъум кўргиликлардан сўнг ҳеч ким ундан илтимос қилмаган бўлса-да, бу уйда ўзини хўжайиндай ҳис қилиб, опасининг иссиқ-совуғидан хабар олиб турган укага тушлик вақтида айтилган мерос ҳақидаги гап негадир ёқмагандай туюлди. Ҳардамхаёл опа шоша-пиша: “Лекин меросга асосий даъвогар ўзинг бўласан,” деганидан кейингина унинг бужмайган юзига табассум югурди.
– Ҳа, албатта, уларнинг ҳам ҳақи бор-да, адолат билан тақсимлайверинг, бировнинг ҳақи бировга керакмас, – деб қўйди укаси олийҳимматлик билан.
Аёл укасига зимдан назар ташларкан, негадир маблағнинг бир қисмини гиёҳвандларни даволайдиган касалхонага хайрия қилмоқчилигини айтмади. Айтгиси келмади. Пул ҳозирча уники бўлса, нимани истаса шуни қилади-да.
Меҳмонлар кечки соат саккизга чақирилди. Лекин улар соат олти ярим бўлмасдан тўпланишди. Аёл бундан аччиқланди, лекин билдирмади.
Ўгай уканинг ҳовлида турган машина атрофида айланишаётганига кўзи тушганда негадир Нодирнинг ғазаби қайнаб кетди. Аёл буни сезди ва укаси томонга иддао билан қараб қўйди. Аммо Нодир буни сезмади, у еб юборгудай бўлиб, ўгай ука томонга қараб турарди. Ёшлигидан машина ҳайдашни орзу қилган, аммо қўли калталигидан ҳалигача орзусига эриша олмаган ўгай ука Нодирнинг ғазабнок нигоҳини пайқамади. Ҳавас билан машина капотини силаркан: “Тулпор! Ҳақиқий тулпор!..” – дея ғудранарди у. “Меросни бўлиб берган куним, улар бир-бирлари билан қирпичоқ бўлишади-ку! – қўққисдан миясига урилган фикр­дан аёл қўрқиб кетди. – Дарвоқе, нега бу томонини ўйламадим?”
– Бу уй эмас, қаср-ку қаср! – дегани эшитилди ижарачи жиянининг. – Қани энди болаларим билан бир умр шундай уйда яшасам!
Аёл ўгирилиб қараб юмшоқ креслода ижарачи жиянининг оёқларини чалиштирганча ястаниб ўтирганини кўрди. Жиянининг хотини – мумсик келин эса хориж мебели ёнидан жилмас, ҳадеб ва ҳадеб кафти билан мебелни силагани силаган эди. “Бу мебелни қўл билан ушлаб бўлмайди!” деб бақириб юборди Нодир бу гал ўзини босолмай. Аёл ўзини эшитмаганга олди. Мумсик келин эса айб иш қилиб қўйгандай Нодирга узрли нигоҳ ташлаб, шоша-пиша нари кетди.
Соат саккизлар атрофида ҳамма меҳмонхонадаги стол атрофига тўпланди. Дастурхон тўкин эди. Аммо нима учундир қариндошлар ноз-неъматларга қарашмасди. Ҳамманинг нигоҳи аёлга қадалганди.
– Жуда сиқилиб кетдим… Шунинг учун сизларни чақиртирдим, – деди аёл қариндошларининг унсиз саволларига жавобан.
Қариндошлар кирпи ютган илондай сумрайиб қолишди. Айниқса, ўз укаси Нодирнинг юзига қараб бўлмасди.
Кейин иддаоли хитоблар эшитилди:
– Кеннайи, ахир…
– Хола…
– Амма…
Аёл миқ этмади. Кўзларини тўкин дастурхонга тикканча қилт этмай ўтираверди.
Қариндошлар бирин-кетин хонадан чиқишди.
Энг охирида укаси Нодир қизариб-бўзарганча, лом-мим демасдан хонадан чиқаркан, эшикни шундай зарда билан ёпдики, деворлар зириллаб кетди. Аёл қулоқларини бекитди. Бир неча сония ўтгач, эшик оҳиста очилиб укаси хонага кирди. У ниманидир ўйлаган шекилли, бояги зардасидан асар ҳам қолмаган, нигоҳлари айбсиниб боқарди.
– Опа, узр, боя эшик бехосдан…
Аёл индамади. Аммо укасига нега қайтиб келдинг, дегандай қаттиқ тикилди.
– Мен, очиғи, тушунмадим, опа…
– Ҳали вақт бор, шошилма, – деб жавоб берди аёл хотиржам ва қатъий оҳангда.
Шундан кейин Нодир чиқиб кетса бўларди, авваллари шундай қиларди, лекин бу гал кетишни хаёлига ҳам келтирмади.
Аёлнинг қони қайнади, аммо куч билан ўзини босиб, яна хотиржам оҳангда деди:
– Биласанми, мен ўйлаб кўриб, эримдан нимаики қолган бўлса, барини касалхонага хайрия қилишга қарор қилдим.
Нодир шайтонлаб қолаёзди.
– Ўйлаб гапиряпсизми шу гапларни, опа?! Одам ҳам шунчалик ақли калта бўладими?! Касалхонага хайрия қиламан деганингиз нимаси? Касалхона сизнинг мурувватингизга зор қоптими? Ўз жигарларингизни ўйлаш ўрнига… Боласи гиёҳвандликдан ўлиб кетган бошқа оналарнинг қилаётган хайрияси ҳам етиб ортади уларга…
Аёл мийиғида кулимсираганча укасининг сўзларини тинглади, аммо ортиқ чидаб туролмади. Стол устида турган вазани шаҳд билан олиб тўртбурчак тошойнага қараб улоқтирди.
Ойнага дарз кетди. Ваза синди.
Тутқаноқ жазавасидан ҳушини йўқотиб, кутилмаганда ўзига келгандек бирдан сесканиб тушган Нодир жим бўлди, опасига еб юборгудек ваҳшиёна назар ташлади. Аёл ўз укасини таниёлмай қолди.
Нодир шарт бурилиб ташқарига отилди.
“Мана, яна бир жигаримдан айрилдим… У энди қайтиб келмайди, остонамниям ҳатламайди…”
Вужудини аллақандай паришонлик, армон ва ғам-ғусса чулғаб олди. Ўзини ёлғиз ва ночор ҳис эта бошлади.
Агар ҳаёти шу тарзда давом этганида, балки у кўпга бормасди. Аммо кунларнинг бирида…
“Агар ҳисоб рақамимда икки миллиард пулим бўлмаганида,” деган ўй хаёлига келди-ю аёл бирмунча ўзини ўнглагандек бўлди.
Пашша йирингли ярадан озиқ олгандай, аёл ҳаётидаги нохушликдан ўзига тасалли топди…

– Опа…
Таниш овоз эшитилгач аёл бошнини кўтарди. Қаршисида патнис кўтарган Руқия турарди.
– Яхши бўлиб қолдингизми?
– Тузук.
– Дорингизни ичволинг, кейин нонушта қиласиз.
Бироздан кейин аёл кўзи тўла ёш, асалу бол эмас, ғичирлаган тош чайнаб ютаётгандек, кавшана бошлади…
Даҳлиздан укасининг зардали овози эшитилди:
– Опамни даволатиш керак. У касал! Касал! Хавфли касал!
Аёл қаттиқ сесканиб тушди ва хизматчига, э, тутинган синглисига савол назари билан қаради.
Руқия:
– Эрталабдан буён шу ерда. Сизни бетоб десам ҳам кетмаяпти.
Аёл кўзида ёш, истеҳзо билан кулимсиради:
– Уни энди келмайди, дегандинг?!
Руқия ҳам жим қолмади:
– Одамлар бировнинг пулига эгалик қилишдан ор қилмай қўйишди!
Аёл хўрсинди.
– Опа… нима қилай?.. – деди даҳлиздан эшитилаётган ғўнғир-ғўнғир овозга қулоқ тутиб, ранги ўчган Руқия.
Ўз хаёли билан андармон аёл паришонлик билан деди:
– Нодир билан болалигимиздан келишолмаймиз. Ҳар доим менинг ўйинчоқларимни тортиб олиб қўярди. Мен йиғлаб қолаверардим, у парво қилмасди… У вақтларда бола эдик, ўйинчоқларимиз ҳам кам эди, лекин энди ҳамма нарсамиз етарли, лекин нега ҳалиям бир-биримизга меҳримиз йўқ. У ҳамиша мендан норози…
– Рози бўлса, пул бермай қўясиз-да, – пичинг қилди Руқия.
Аёл бирдан ҳушёр тортди.
– У ҳалиям кетмадими?
– Кетишни истамаяпти…
– Яна нима гапи бор экан? – сўради аёл. – Ахир келмайдиган бўлиб кетганди-ку!
Руқия дарҳол жавоб бермади.
– Ўзингиз жуда яхши билиб турибсиз-ку, – деди бироздан кейин у аниқ жавобдан қочиб.
Аёл қошларини чимириб, қаттиқ тикилди. Руқия ноилож давом этди:
– Опам касал, дўхтир олиб келаман, лозим бўлса касалхонага ётқизаман, деяпти.
Аёл титраб кетди.
– Жаҳл устида гапиряпти, тўғрими? Мен касал эмасман! Укам мени ҳеч қачон касалхонага юбормайди, а?
– Эътибор берманг. Вайсаб-вайсаб, охири кетади.
Шу вақт даҳлиздан яна бир эркак овози эшитилди:
– Акам қандай қилиб пул топганини яхши биламиз! Эгасига буюрмаган ҳаром пул…
“…ҳаром пул!” Аёл кўзларини чирт юмиб, қулоқларини бекитди.
Жаҳлдан кўкарган Руқия отилиб даҳлизга чиқди.
Аёл бошига тушаётган кулфат залворини кўтаришга мажоли етмаётгандек букчайиб қолди.
Руқия хонага қайтиб кирди:
– Кетишди.
Аёл қаддини тиклаб, унга боқди. Нигоҳларида аллақандай ғайриоддий ўт чақнади.
– Биласанми, калламга нима келди?
Руқия миқ этмай тикилиб тураверди: “Янги томоша бошланди!”
– Қариндошларимнинг шу қилиғи учун улардан боплаб ўч олмоқчиман.
– Ҳойнаҳой киллер ёллаб, уларни ўлдиртириб юбормассиз!
– Агар шундай қилсам, бу ўч олиш ҳисобланмайди, битта ўқ билан оппа-осон ўлади-кетади! Ўч олиш сал бошқачароқ бўлиши керак… – аёлнинг кўзлари совуқ ялтиради. – Токи улар ҳар гал ўйлаганларида, эслаганларида ёки кўзлари тушганида юраклари туз қуйгандай ачишсин!
– Опа, – аёлнинг сўзини бўлди Руқия. – Бир гап айтсам хафа бўлмайсизми?
– Хўш.
– Рости, мендан ранжимайсизми?.. Мени синглим дегансиз-а!
– Шарт қўймасдан гапир.
– Анави жувоннинг боласини… ҳеч бўлмаса сотиб олинг! Ахир сизнинг қурбингиз етади-ку!
– Йўқ, бўлмайди! – дангал жавоб берди аёл.
– Нега? Ахир… бегона эмас. Жувоннинг айтишига қараганда, Комилбек уйдан чиқиб кетганидан кейин ўша аёл билан яшаган. Жувон ҳомиладор бўлиб қолганини билгач, фақат бир шарт билан болани туғишга розилик берган. Яъни, бола туғилгач, жувон уни сизга бериши лозим бўлган. Комилбек ўзидан кейин сизнинг бутунлай ёлғиз бўлиб қолишингизни истамаган…
– Менга бундай мурувватнинг кераги йўқ! Кераги йўқ! Кераги йўқ! Кераги йўқ! У Комилбекнинг боласи эмас! Умуман, Комилбек мени ўйлаганида!.. Йўқ, уни ҳеч қачон кечирмайман! Ҳатто у дунёда ҳам!.. – нафрат билан жон аччиғида қичқириб юборди аёл Руқия, э, хизматчиси қон силқиб турган ярасига туз сепгандай. – Азбаройи пул ундириш ниятида бу гапларни ўша фоҳишанинг ўзи ўйлаб топган.
– Агар у қонунга мурожаат қилса, уйга ёки машинага эгалик қилиши мумкин…
– Агар у қонунга мурожаат қилса, ҳеч нарсасиз қолиши ҳам мумкин! – деди аёл ўжарлик билан.
– Опа, – Руқия бирдан гапни бошқа ёққа бурди. – Ўғлимнинг ўқиш пулини тўлашим керак. Шунинг учун… менга ҳозироқ…
Аёл бир лаҳза унинг юзига сўзсиз тикилиб турди. Сўнг мадори қуриб кетгандай:
– Руқия, ҳеч бўлмаса сен пул ҳақида гапирма. Ҳар куни чирқиллаб турмасанг ҳам сенга пул кераклигини биламан, ўз вақтида бераман ўша зормандангни. Фақат мен сал ўзимга кеволай, ахир сингил деган ҳам шунчалик бўладими…
Аёл гапини тугата олмади.
Руқия шаҳд билан эшик томон бурилди. Унинг аёл билан тортишишга ҳам, унинг ташвишларига шерик бўлишга ҳам тоқати қолмаганди. Одатдаги томошанинг ёлғиз томошабини бўлишга ҳам.
Бир сўз демасдан хонадан чиқди-да, ҳовлини кесиб ўтиб, ўзининг кичкина ва қоронғи ҳужраси томон йўл олди.
Калит ичкаридан буралди.
Руқия стол ғаладонида сақланаётган уйқу дорисидан икки донасини кафтига тўкди ва ичиб юборди. Аслида биттасини ичса ҳам бўларди, аммо у эрталабгача ҳеч нарсани ўйламасдан, тинч ухлашни, дам олишни истарди…
Кутилмаганда…
– Руқия! Қулоғинг том битганми, Руқия?! – чақирди аёл. Унинг жаҳли чиқаётганди, чунки ҳалидан буён эшик қўнғироғи жиринглар, хизматчидан эса дарак йўқ эди. – Руқия, эшикни оч!
Жавоб йўқ.
Сукунат.
Дераза рахига қўнган тўлин ой деразадан ичкарига мўраларди.
Аёл ўрнидан турди. Дераза олдига келди.

Эшик олдида оқ халатли киши билан укаси Нодир турар, ҳовлида эса аёлнинг бошқа қариндошлари ва бола кўтарган ёш жувон айланиб юришар, ўзларининг чорбоғида юргандай бақиришар, шовқин солишар, гапиришар, кулишар, ора-чора аёл турган хонанинг деразасига қараб-қараб қўярдилар: “Бопладикми, телба миллионерни!..”
Аёлнинг қизиган миясига қон тепди. “Ҳали шунақами? Мени касалхонага жўнатиб… уйни ўзлариники қилиб олишмоқчими? Йўқ, мен осонликча жон бермайман. Бу уйда ҳеч кимнинг, ҳатто анави фоҳишанинг ҳам, боласининг ҳам ҳақи йўқ! Уй эмас, бир дона гугурт чўп ҳам ололмайдилар. Ололмайдилар! Ололмайдилар!”
Тун бағрини ёриб оловнинг ўткир тиллари кўкка ўрлади.
Ловуллаётган уй атрофида бир аёл қаҳ-қаҳ урганча рақс тушарди:
– Ололмайдилар! Ололмайдилар! Ололмайдилар!..
Юраги ёрилган тўлин ой дераза рахидан учиб кетди. Унинг ортидан кичкина бир қушча ҳам.
Осмон энкайганча ерга тикилиб қолди…

«Шарқ юлдузи» журнали, 2017 йил, 3-сон