Хуршид Нуруллаев. Ҳаммаси асабдан (ҳажвия)

Бошимда аҳён-аҳёнда оғриқ сезардим. Буни ҳамкасбларимга айтгандим улар турлича маслаҳат беришди.
— Энг асосийси, дардга эътибор бермаслик керак. Касалликни ўзингга олдингми баттар бўласан,–деди олдимда ўтирадиган ошнам. -Ўйлаки, бошинг оғримаяпти. Ичингда икки-уч қайтар бошим оғримаяпти, бошим оғримаяпти. Тамом, оғриқ ўз-ўзидан йўқолади.
— Бу ғирт нотўғри фикр. – Ён томонимда ўтирадиган ҳамкасбим унинг гапини бўлди. –Касалликнинг олди олинмадими, у оғир оқибатларга олиб келади. Ўз вақтида врачга мурожат қилиш керак.
Иккинчи ҳамкасбимнинг гапи мени ҳушёр тортирди. Ахир жон ширин.
Эртасига эрталаб тўғри поликлиникага йўл олдим. Рўйхатга олиш хонасида номимга дафтар очишди ва уни қўлимга тутқазишиб терапевтга учрашишимни айтишди.
–Хўш, сизни нима безовта қиляпти? – шифокор бошини кўтармай қўли билан ёнидаги стулга ўтиришимни ишора қилди.
–Бошимда оғриқ сезгандай бўламан, — дедим унинг бепарво муносабатидан ўксиниб, илтижоли оҳангда.
Овозимдаги ўта шикасталик таъсир қилдими, врач ёзишини тўхтатиб юзимга тикилди.
–Кўринишингиз ёмонмас. Демак, қон босимингиз жойида. Асабдан бўлса керак. Оёқ қандай?
Олдинига ажабландим, кейин жаҳл билан:
–Менинг бошим оғрияпти ,–дедим.
–Ўзингизни босинг, айтдим-ку нервдан деб, дарров асабийлашдингиз. Одамнинг аъзою-бадани нервлардан иборат. Улар инсоннинг бошида, яъни миясида йиғилади. Тушунарлими? Мен сизни тегишли врачга юбораман.
Асаб дўхтири болғачаси билан тиззаларимни уриб кўраркан:
— Қаттиқ қўрққансиз,–деди ишонч билан .
Гумонсираяпти деган фикрга бормасин дея унинг қаттият билан айтган гапига эътироз билдирмадим.
— Қўрқув асосан жигарга таъсир қилади. Сариқ касал кўпайган ҳозир.
Мени кўрган навбатдаги врач ички касалликларни даволовчи мутахассис экан.
— Ички аъзоларга энг ёмон таъсир қиладигани ташқи муҳит. Масалан ҳавони олсак. Нафас олаётган ҳавомизнинг турган-битгани заҳар…
Унинг гапларини эшитиб бу одам илгари табиатни муҳофаза қилиш идорасида ишлаган бўлса керак, деган фикрга бордим.
Бутун оламнинг зарарланаётганлигини маъруза қиларкан, иккала кўзимни обдан текшириб, кўз дўхтирига учрашни маслаҳат берди.
Келгандан буён ўндан ортиқ врачларга учраб куннинг ярмини ўтказгандим. Ҳеч бўлмаса тушдан кейин ишда бўлиш фикрида тепасида тиш дўхтири деган ёзув бор эшик олдида тўхтадим. Хаёлимга кўз дўхтири албатта мени тиш дўхтирига юборади деган фикр келганди. Шундай бўлди.
Ичкарига кириб, қўлида омбур билан мени қарши олган врачга:
–Кўз оғриғига тишнинг ҳам таъсири борми, – дея мурожаат қилдим.
–Барча касаллик тишни парвариш қилмасликдан келиб чиқади. – Врач шу гаплар билан мени стулига ўтқазди ва оғзимни катта очтириб диққат билан тишларимни кўра бошлади. У қўлидаги омбури билан ҳар бир тишимни уриб кўрар, ҳар урганда оғзимдан тақ-тақ деган овоз чиқар, врачнинг «так-так» дейиши эса худди тишларимдан чиқаётган овозга ҳамоҳанг айтилаётгандек бўларди.
–Оғзингизни ёпинг, – деди врач тишларимни кўриб бўлиб. Унинг овозида ҳайратга ўхшаш бир оҳанг бор эди. Сўнг:
–Сизнинг қаерингиз оғрияпти ўзи? – сўради у.
–Тишим бўлса керак, – дедим мен.
–Тишларингиз соппа-соғ. Ўттиз йил тиш дўхтири бўлиб, бундай соғлом тишларни кўрган эмасман. Менимча, сизга касаллик варақаси керак. Билдимми? Аввал терапевтга бориш керак, муғомбир…
–Сизни нима безовта қилаяпти? – ҳалиги терапевт бошини кўтармай қўли билан ёнидаги стулга ўтиришимни ишора қилди.
Унга нима деб жавоб беришимни ўйлаб қолдим. Сариқ касал бўлганманми? Йўқ. Тишларим соғ. Қон босимим жойида. Қизиқ, ярим кундан буён поликлиникада нима қилиб юрибман?
–Сизни нима безовта қилаяпти? – иккинчи бор сўради терапевт.
–Эслолмаяпман. – Тўғрисини айтдим унга.
Врач бошини кўтариб ҳамдардлик билдирди:
–Нервдан бу, асабингиз чарчаган. Ҳозир асаб дўхтирига йўлланма бераман.