Хуршид Нуруллаев. Қор cоғинчи (бадиа)

Кўз остидан осмонни кузатаман, бир текис оқимтир рангга кирган. Димоғимда қор исини туяман ва энтикаман: демак, энди албатта ёғади.
Хаёлан оқ, оппоқ зарраларга кафтимни тутаман. Қўлимга қўнган қорнинг гулнусха шаклини илғашга улгурмай у эриб кетади ва бундан худди ёш боладек ўкинаман. Кафтимга келиб тушаётган зарраларга синчиклаб кўз тикким келади. Йўқ, улар мен билан ўчакишгандек, қўлимда узоқ турмай эришда давом этади. Намиқиб қолган кафтимни ишқаб, ёғиши тезлашган қорга тикиламан. Кафтимга қўнганда илғаб қолганим — нақшинкор қор парчаларининг бари бирдек чиройлилигини ҳис қиламан. Қор осмондан тушяпти, балки у ўз шаклини юлдузлардан олгандир, деган ўй келади хаёлимга. Ахир, ҳар бир юлдуз ўзгача кўринишга, ўзгача жозибага эга, қорга улар нусха бергандир. Бетакрор кўринишга эгалиги шунданмикин уларнинг. Баҳор гулларининг турфа қиёфасига ҳам қор сабабчими? Эриб ерга сингган қор зарраларининг кўриниши дарахтларга, ўт-ўланларга, улардан эса гулларга ўтгандир, балки?
Атрофга кўз тикиб, қорнинг жозибаси барибир рангида, унинг оппоқлигида деб ўйлайман. Бу фикр илгари ҳеч кимнинг хаёлига келмагандек, ушбу ҳақиқатни кимгадир айтгим, уни бутун дунёга маълум қилиб, ҳайқиргим келади. Гўё кимдир бу борада мен билан баҳслашаётгандек, кимдир гумонсираётгандек. Барча менга қорнинг ранги қора эмас — оқ, оппоқ дейишини кўнглим сезиб турса-да, унинг ҳақиқатан оқ, оқ бўлганда ҳам ўзгача бир оқлигини кимгадир исботлагим, бу ҳақиқатга уни ишонтиргим келаётгандек бўлади. Шунда мен каби яна кимнингдир севинишини, табиатнинг бу мўъжизасидан баҳра олишини хоҳлаётганим учун вужудимда шундай истак уйғонганини пайқаб қоламан. Уларнинг шу лаҳзада мен сезиб турган бахтга шерик бўлишини истаганим учун шундай эзгу хаёлларга берилганимни англайман. Улар ёнимда йўқлигидан негадир ўзимни гуноҳкордек сезаман. Лекин қор фақат менинг бошимда ёғаётгани йўқ-ку. Атроф бепоён. Яна кимдир мен каби қор ёғишидан завқланиб, табиат инъом этаётган бахтдан сармастдир. Албатта, шундай. Кўзимни юмиб ўша одамларни кўргандек бўламан. Улар кўп, бариси шодон. Уларга ҳавасим келади. Қандай бахтли улар.
Қор ҳамон ёғмоқда.
Барака ёғяпти, дерди раҳматли бувам қор ёққан палла ўзидан ўн марта кичик эвараси — мени далаларга етаклаб. Ёши юзга яқинлашиб қолган бўлса-да, ёқасиз, кўкраги очиқ яктакда эканлиги этимни жунжиктирарди.
— Саратоннинг офтобини, чилланинг шамолини кўкраги кўрган эр киши ҳеч вақт шамолламайди, — дерди бобом фикримни уққандек, айни чоғда қулоқчинимни бостириб, йўғон шарфга ўралиб олганимдан ҳам завқланиб, ҳам ўкиниб. – Ойинг намунча иссиқ кийинтирмаса сени. Бунақада шамоллаб қоласан-ку.
Бувамнинг чайир гавдаси яна бир муддат нигоҳимдан кетмай турди. Лекин оқлик либосига бурканаётган борлиқ кўзимда қайта тикланиб бораркан, унинг нимасидир бувамга жуда-жуда ўхшашлиги мени ҳушёр торттиргандек бўлди. Энди анча қалинлашиб қолган қорга боқдим. Бувамнинг сўзлари, ниятлари, насиҳатлари, дуолари ҳақиқатан қордек оқ эди. Нигоҳим уфққа қадалди. Бувамнинг кўнгли, ҳатто гоҳида ноҳақликни кўриб қизишиб кетадиган феъли ҳам мана шу бепоён далалар каби кенг эди.
Эгнимга қарадим. Кўзим бўйнимдаги шарфга тушди. Гўё томоғимни бўғгандек эди у. Шашт билан тортиб олдим. Тугмаларини бўшатдим. Кўксимга намхуш ҳаво урилди, сергак тортдим. Бундай ҳузурни анча вақтдан буён ҳис қилмагандим. Негадир бувамга жуда-жуда ўхшагим келди, ёши юздан ошган бувамга.
Борлиқда эса соғинтирган қор иси кезарди…

* * *

Кун илиқ, ёғаётган қор кўча, йўлакларда эриб қолаётган бўлса-да, хиёбон ўриндиқларида, ҳовли деворлари ва дарахт новдаларида ўзини намоён қила бошлади. Бироз вақт ўтиб кўчалар ҳам қаршилик кўрсатолмай қолди. Майдалаб ёғаётган қорнинг шашти баланд эди, йўлакда босилаётган қадам излари яққол кўзга ташлана бошлади.
Қорни анчадан буён илҳақлик билан кутаётган одамлар чеҳрасида ўзгача бир шодлик, кўзларида, ҳатто юриш-туришида ҳам кучли ҳаяжон сезилади. Уларнинг бу ҳолати узоқ вақт соғинтирган одамнинг ногаҳон эшик қоқиб кириб келишини эслатади. Мен ҳам ўзимда шундай ҳолатни туйдим. Қорга бурканиб бораётган борлиқ бутун тасаввуримни қоплаб олади. Ўзимни оппоқ қорнинг устига отгим, қувончимни бола каби қийқириб намойиш этгим келди. Хаёлан қор устида умбалоқ ошдим. Қиш қувончини бола каби ҳис қилганимдан ён-атрофимдаги кишиларга ҳам шу ҳиссиёт эшлиги кўриниб тургандек эди. Чунки уларнинг хавотир ва безовталикни буткул унутган чеҳраларида, юлдузларнинг учқунлари порлаб турган нигоҳларида фақат узоқ куттирган қор тақдим этган севинч балқирди. Беихтиёр эгилиб кафтимни тўлдириб қор олдим. Энтикиб уни лабларимга тегиздим ва жуда-жуда антиқа бир таъмни сездим. Ноннинг мазаси. Нега у бунчалик ширин эканлиги шунча ёшга кириб, энди-энди менга аён бўлаётгандек эди.
Мен ҳаракатларимни яна бир киши қайтараётганини кўрдим. Унинг бу ишидан ажабланмадим. Аксинча, хаёлимга узоқ йиллар олдин бобомнинг эрта баҳорда мени эргаштириб далага олиб чиққани келди. Қиши билан қордан тўйинган заминдан буғ кўтариларди. Бобом ерга эгилиб кафтини тўлдириб тупроқ олганди. Қўлини юзига элтиб, тупроқни тўйиб ҳидларкан:
— Йил баракали келади, — деганди энтикиб.
Мен қўлимда тутиб турган оппоқ қорданми ёки бобомни эслаганим учунми энтикиб кетаётган эдим.