Холмуҳаммад Каримий. Овунчоқ тош (ҳикоя)

Ҳамма замонларда ҳам хўроз бир хил қичқирган. Қадимдан тегирмонми, дўконми, чойхонами шунга ўхшаш одам гавжум бўладиган жойларда хосланмаган-у, лекин барқарор кўнгил очар масканлар бўлган. Яхши-ёмонни ҳам шу ерда кўрасиз-эшитасиз, яхшилик ва ёмонлик ҳам шундай жойларда ривожланар экан… Катманда ҳам кунлар исиши билан дов-дарахтларнинг соя-салқинидаги қўлбола сўриларда чоллар давра қуришади. Кўплари чимга чопонини солиб ўтиради. Эрмакка қарта ўйнайди, шахмат ёки нардани тиқирлатади. Хуллас, гурунг қизийди.
Мана шу масканда бошқалардан барқарор бир давра бор. Сирасини олсанг, кайфият орқали белгиланадиган мезон бу. Бу нарса аксарият ҳолларда ўз-ўзи­дан келиб чиқадиган воқелик. Ҳа-я, худди шундайлигини мен ҳам кузатдим. Ёшлигида кўпкари чопиб, қурларда олишиб суяги қотган Ўроқ чол ҳеч кимга гап бермайди. Эрталабдан ўтган-кетганни гапга солиб ўтиради. Ўзининг гапи қўшиладиганлари келгунча худди шундай бўлади. Тенгқурлари келгандан кейин эса тўшамчи остидан қартани олади. Вақт ўтказиш учун топиб олган овунчоқлари шу. Яна бири Менгнор сағир ўзидан олдин товуши келади: “Ўроқ, жойингда ўтирибсанма? Тўшамчини созла, ортиқча одамни айлантирма”, – дея узоқдан шовқинлайди. Менг­нор сағир тикка гапли, қотмадан келган муштдеккина жуссали. Ота-онадан эрта етим қолгани сабаб сағир лақабини олган. Ҳамма уни Менгнор сағир дейди. Ўзи ҳам кўнглига оғир олмайди. Унга фарқи йўқ, каттами, кичикми, барини сенсирайди, бировни сизлаб гапирганини ҳеч ким эслай олмайди. Ўзимизнинг тентак сағир-да, дея одамлар кулиб қў­йишади. Шу-шу умри тикка гапли бўлиб ўтди.
Ҳамон дали-ғули Ўроқ чол пахта бригадири бўлиб умри ўтганиданми, жой эгаллашни яхши кўради. “Эй чоллар, жой-жойинг­ни билиб ўтир, бир эрмак қилайлик”, – дейди дўриллаб. Уларнинг доимий ҳамроҳлари олтмишдан ошиб, етмишни қоралаган Хўшбоқ чол билан Омон чол соқолларини калта кузаб юришади. Бошидан иғири чиққан телпаги, саратон чилласида ҳам елкасидан желаги тушмайди. Улар ўтирган жойда гурунг қизийди. Даврани қизитадигани бу – Менгнор сағир. У нимани ўйласа, шуни дангал айтадиган одам. Ўзимга зарари бор ёки фойдаси тегади деган ўйнинг ўзи йўқ. Бошқа бировни мулзам қилиб қўймай деган хаёлга ҳам бормайди. Тақдир-битик деганларидек, бошига тушган қора кунларни ҳам чапанилик билан енгиб кетаверган. Унинг чапанилигини ҳамма билади. У бор ерда давра қизийди. Кулги тўхтамайди. Яна бир яхши қилиғи бор: бировнинг гапига чил солмайди. Энг муҳими, у бор даврада жозиба бўлади. Аслида-ку, умри қора меҳнатда ўтган қораяғриннинг билгани нима ҳам бўларди: ўтган-кетгандан, яхши-ёмондан гурунглашиб ўзларини овутишади. Менгнор сағирнинг гурунгига не етсин. Ишқилиб кўргани борма, кечиргани борма, эшитгани борма, тўй-томоша деганларидек ўзидан қўшиб-чатиб гурунгга маза киритади. Қарта ўйин ҳам аслида, улар учун бир гурунг.
– Ҳей Ўроқ, сен кўп хириллаб, қартани чангаллаб ўтирма-да, дангал-дангал ташла, – деб Менгнор сағир танбеҳ беради. Бошқалар унинг гапини қувватлаб кулишади. Нимагадир доимо Ўроқ чол билан шерик тушиб ўйнайди-ю, аммо уни ҳам ҳеч аяб ўтирмайди.
Ора-сира сал гўлроқларини гиж-гижлаб кулги қилишади. Хўшбоқ чол хотини ўлгач, ёшроқ хотинга уйланиб, пешонаси ярқираганини юз-кўзидан, қандайдир ёшларга ўхшаш қилиқлар чиқарганидан билиб олса бўлади. Ўроқ чол муғамбирона гапни айлантириб келиб, гурунг равишини шу ёққа буради.
– Хўшбоқ ошнанинг ғирромлигини қара-я, болалигида ҳам қув эди, – дейди Ўроқ чол рақибининг айбини очиб, нотўғри ташлаган қартасини ҳаммага кўрсатиб, – Менгнор сағир, сен ҳам уни яхши биласан (Ўроқ чол ундан уч-тўрт ёш катта). Қизарганни кўрса кўзи ўйноқлаб кетарди-я. Айниқса, тўй бўлса бунинг жони кирарди. Ўша замонда отарчилар ўйинчи қиз олиб юрарди. Чунки ўйинчи қиз бўлмаса, ҳеч ким даврага чиқиб ўйнамасди. Хўшбоқ ўйинчи қизни ҳам мот қиларди. Отарчига даврани қиздирадиган шундай ўйинчи керак бўлган. Гижбада-гижбанг авжига чиққанда, у бесуяк бўлиб қолар, даврани гир-гир айланар, ўйинчи қиз атрофида парвона бўлар, қош-қўзларини қоқарди. Ўша пайтлар жуда бало эди-да ўзиям. Неча бир ўйинчи қизга суқи кириб, касал қилиб йўқ қилди ҳам.
– Оқсоқолнинг кўп гапи ўтирик, лекин бирда-ярим ўйнаганимиз чин. Энди кўздан нур кетган-да, илғамай қолибман, – дея қартасини қайтиб олади, аммо мақтовлардан соримойдек эриб, устидан кулаётганларга қўшилиб ҳиринглайди.
Омон чол мисоли айиқ. Дунёни сув босса тўпиғига келмайдиган хилидан. Яхши гапни ҳам, ёмон гапни ҳам бирдек эшитиб ўтираверади. Ўзи гапга аралашмайди. Қартани яхши ўйнайди. Айниқса, шахмат жони-дили. Аммо тенг­қурлари шахматга қизиқмагани учун у ҳам қарта билан овунишга мажбур.
Бу юртда олти ой ола ёз деган гап бор. Баҳорнинг ярми билан кузнинг ярми ёзга тобин. Ёғин-сочинли кунлар ўтиши билан бирдан кунлар исиб кетади. Чолларнинг қиладиган ишлари гурунг. Саратон кириши билан қир-адирларда кўтарилган чанг-тўзон қишлоқ устига ёприлади. Жазирама кучайгандан кучайиб дов-дарахтнинг сўлини олади. Дарахтлар бир ҳафта остидан сув ўтмаса шалпаяди. Саратоннинг чилласида одамларнинг ҳам ранг-рўйига чанг қўнади, жони тош одамгина кўча-кўйда санғийди. Сал камдармоннинг жонини суғуриб олиши нақ. Аммо…
Менгнор сағир охирги пайтлари давраларда кам кўринадиган бўлиб қолди. Хотинининг тоби қочибди, оғир ётганмиш… Шунда унинг жойи бўш қолди. Қурдош­ларига йўқлиги билинди.
Хотини тўшакда, ана кетди-мана кетди билан саратоннинг қандай ўтганини билмай ҳам қолди. Дард бекорга келмаган экан, тийрамоҳнинг ўртанча ойида узилди. Юзи сўлиб, кесакдек гезарган кампири бетига қараб, ўзи ҳам сил бўлди. Дўхтирлар айтишича, кампирининг жигари қурибди. Давоси йўқ эмиш. Кампири оёғини узатган замон Менгнор сағирнинг кўнгли ҳувиллаб қолди. Жанозада уни билган-билмаганнинг бари қатнашди. Қабр бошидан ғариб бўлиб қайтган Менгнор сағирга далда бериб тарқалишди. Менгнор сағир чин дунёга кетган кампири устига тупроқ тортиб, ер устида бир ўзи ёлғиз қолгандек гарангсиди-қўйди.
Кўча-кўйда аввалги Менгнор сағир энди йўқ. Гурунгларда ҳам шашти паст. Кейин-кейин онда-сонда кўриниш берадиган бўлди. Орадан қанча сувлар оқиб ўтди, мусибат эскирди. Қорлар ёғди, дардларни кўмиб юборди, ёмғирлар ёғди, аламларни ювиб кетди. Бир куни Менгнор сағир пайдо бўлди. Аввалги шашти йўқ. Гаплари ҳам синиқ. Мавридини топиб, Ўроқ чолга кўнглини очди.
– Ўроқ, сен одамлар билан муроса қилиб умринг ўтди. Бизнинг ўғилларга ҳам бир насиҳат қил, – дер экан, Менгнор сағирнинг киртайган кўзлари ёшга тўлди. – Болалар гапимни қулоғига илмаяпти.
– Уйланишингга қаршилик қилаяпма, – деди Ўроқ чол, ҳайрон бўлиб.
– Кампирнинг ўрни қаттиқ билинаяпти. Ёлғизланиб қолдим. У яхши хотин эди. Бир умр сен-менга бормадик. Аммо шу боласи тушмагирлар кимга тортган, билмайман. Нима жин урди уларни. Ҳаммаси менга ўқрайиб қарайди.
Ўроқ чолга дардини дастурхон қилди.
– Мана, Хўшбоқнинг болаларини қара, мўмин-қобил экан, отасини тезда уйлантирди-қўйди. Қора кийиб юргани йўқ. Ҳаммасини тақдир-пешонага йўйишди. Отасининг дуосини олиб ўтиришибди. Менчи, мен болаларга ёки онасига бир ёмонлик тилаганмидим. Мен уни ўлсин дебманма? Ё шу хотиннинг пешонаси шўр экан, ё менинг пешонам шўр экан, – дейди баттар эзилиб. – Ҳаётда одамга ўхшаб яшаган бўлсам, шу хотинга уйланиб, уй-иморат қилгандан сўнг билдим. Болалар бу гапларни қайданам тушунади.
Икки чол анчагача гурунглашиб ўтирди. Одам тафтини одам олиши чин экан, Менгнор сағир анча енгил тортиб уйига кетди.
Нимагадир у яна қорасини кўрсатмай қўйди. Шу гурунгдан бери Ўроқ чолнинг ичи куяди. Ғамга ботган одамга ёрдам бергиси келади-ю, йўлини тополмай гаранг. Бир куни унинг уйига борди. Ҳар доимги икки хонали томидан топди. Кампири бор пайтларда неча келган бўлса, бу уй файзли бўларди. Яйраб-яйраб гурунглашиб қайтарди. Ҳозир эса қўқидиқ, эски-тусқи гилам-тўшакларда кучук боласидек ўз кунига ғингшиб ётибди экан. Менгнор сағирнинг катта боласи Алимни чақиртирди. У худди шаҳарликдек ўзига икки қаватли уй қуриб олган, ота уйи етимчадек мунғайиб турибди. Чол эртароқ ўлса-ю, бира-тўла қутулса. Кўзга ёмон кўриниб турган мунов кулбани ҳам йўқ қилиши аниқ. Келин ҳам қисир байталдек қунияверади. Кўз қири билан барини кузатиб билган Ўроқ чолнинг зардаси қайнади: “Отангнинг ётишини қара, билиб қўй, бу қайтар дунё, эртага сенинг бошингга шу кун тушса, кейин бировдан ўпкалаб юрма, ҳў бола”, – дея қаттиқ танбеҳ берди. Аҳвол чиндан ҳам ачинарли эди. Аммо ўғил ҳам ўзини оқлайдиган гап топди. Бу дунёнинг ўзи шу. Ҳамманики ўзига тўғри. Отаси эртаю кеч сўкинармиш, нолиб, ҳаммадан норози бўлармиш. Гоҳо қарғанаверганидан келин ҳам, неваралар ҳам безиллаб қолибди. Хуллас, паст-баланд гаплар айтилгач, Ўроқ чол ҳаммасини болаларига ҳавола қилиб чиқиб кетди. Лекин кўнгил тўладиган бир иш чиқаролмади. Бўйни хам бўлиб, юраги ачишгани қолди. Худо пешонага битмаса, қийин, ўзингдан чиққан балога қайга борасан давога.
Ўроқ чол узоқ тинч ётолмади. Менгнор сағир кўз олдига келганда, ўзининг ҳам бошига шундай кунлар тушишидан қўрқади. Қўрққани сайин сағирни ўйлайди. Яна уни кўргали жўнади. Ҳарқалай фарзанд-фарзанд экан. Жиллақурса, одамлар олдида уялмайлик деган. Нима бўлганда ҳам бир қарининг шароитини созлабди. Олам-жаҳон ўзгариш. Бироқ сағирнинг кўнгли ором топ­гани йўқ.
– Бобо, отамга ҳамма нарсани муҳайё қилиб берган бўлсак. Жой-тўшагини озода қилиб қўйган бўлсак, ош-овқати вақтида бўлса…
– Отанг ошдан ўлдим деяётган йўқ. Ўзига бир маҳрам керак. Қари ҳам гўдак бўлиб қолар экан, билсанг агар. Гапи қўшиладиган бир тенгини топиб беринглар.
– Гапингиз тўғри, лекин ундай аёлни қаердан топамиз. Бир бедавога йўлиқиб, бундан баттар бўлишидан андишадаман. Кейин ҳаммамизни нотинч қилади.
Хуллас, Ўроқ чол ундай деса, у бундай деди. Бундай деса, у ундай деди. Отасини уйлантиришни бўйнига олмади. Менгнор сағир бу гапни эшитиб батамом чўкиб қолди. Қўлида таёқ, ўзи билан ўзи гап­лашиб, тентакка ўхшаб сермалжийди. Кундан-кун энди кўзлари ҳам хира тортиб бораверди. Алим отасини икки-уч бора кўз дўхтирга олиб борди. “Бу ёғи қарилик, даволатаман деб югуриб юрма”, – дейишди дўхтирлар. Шу-шу кўздан қолди. Энди кўр отани еталаб юрадиган бўлишди. Чоллар ундан кўнгил сўрашга кирганда сағир бечора йиғлаб қолади.
– Сағир ўсдим, биров менга оқ-қорани танитмади. Бир умр сув кечиб, лойқа тортдим, фаравон ҳаёт қурамиз, ишла дерди Майрам шўро дағдаға билан: ҳали шундай кунлар келадики, еганинг олдингда, емаганинг ортингда. Кўнглинг тусагани бўлади, деб алдаган экан энағарлар. Мана Майрам шўро ҳам ўлиб кетди, бош­қалари ҳам. Аммо ваъда қилган нарсасидан бир нишон кўрмадик. Ўшанақа даюсларнинг гапига чиппа-чин ишониб, эшакдек ишладик, кўрган куним қурисин аввали, фаравон ҳаёти шума? Шуйтиб­лар бўлмаган гапларга ишониб, сағир бўлиб қолавердим. Хотиним ўлди, яна сағир қолдим. Болалар суянчим бўлама дегандим, булар ҳам мени етимдек турткилайди. Боладан ҳам худойим солмаган экан. Кўзимнинг нури қочди, энди ҳаётдан ҳам сағир бўлиб ўтирибман.
Уч қурдош чол ҳам мулзам уйдан чиқди.
– Менгнор сағирнинг куни қурисин, – дейди Ўроқ чол чим устида жойлашиб олгач. – Менинг болаларим ҳам улардан ўтса ўтадики, лекин қолишмайди. Ишдан келиб хотинчасининг олдига кириб олади, ота ёки она қандай ўтирибсан деган гап йўқ. Агар шу болалар нон-ошингни бериб турса, худо билади бошимизга не кунларни солади. Худога шукр ош-сувимизни кампирнинг ўзи эплайди. Бирдан-бир нарса, кампирдан олдин кетаверишни худодан тилаб ётибман. Келинга куним қолмасин илойим. Шу улларни уч кундама, тўрт кундама бир кўраман, қартадан чемпион бўлаяпсизма, деб ҳашува қилади энағарлар. Яхшиям нафақа пули бор. Биз ҳам бола боқдик, уларнинг бирови қўлимга тўрт танга берганини эслаёлмайман. Ҳуши тутганда бирови ярим кило новвот, бирови икки шапати нон кўтариб келади. Нимасини гапирай, ҳаммасини ичга ютамиз-да, – дейди-ю, пешонасини силайди. Кейин ачиниб қўяди. – Ўзимни қўйиб, шу сағирни ўйлаб ичим эзилади.
– Бизики ҳам шўл, аммо ўғиллардан қизлар тузувга ўхшайди, – дейди индамас Омон чол ҳам энсаси қотиб. – Ўғилларнинг кўргани ҳам, билгани ҳам сочи узун, ўшанинг чизган чизиғидан чиқолмайди. Тағин гапирсанг ёмон кўради-ей.
Бироқ Хўшбоқ чол индамай қўяди. Чунки унинг болалари қобил. Бошқаларга ўхшатиб, каталакдек уйга тиқиб қўйгани йўқ. Кастрюлидан гўшт-мой аримайди, асал, ҳолва, мағиз, ўрик, қанд-қурсдан сандиғини тўлдириб қўяди. Келинлар ҳам қобилгина. Неваралар ҳам атрофида парвона. Хўшбоқ чол йўлга отланса, машинани кўндаланг қилади. Мунов ўгай деб, отасининг хотинини ҳам силкиламайди. Отасининг кўнглига қараб, унинг ҳам ҳурматини қилади. Шу болаларнинг ҳам бош­қалардан кам жойи йўқ, лекин ортиқлиги бор бўлса бордир. Тенг­қурлари куйиб кул бўлаётганда, мақтаниб ўтириши яхшима?
Уларнинг қарта ўйнашга ҳам кўнгиллари чопмай узоқ ўтиришди. Ўйлай-ўйлай бир чора тополмай тарқалишди. Орадан икки-уч кун ўтиб Ўроқ чол ёлғиз ўзи Менг­нор сағирнинг олдига борди. Бурунги сағир қани? Тикка-тикка гаплар қайда қолди, энди гўрга кўмилгандек шобирсиз ўтирибди. Йиғлашдан бош­қасини билмайди. Буни кўриб Ўроқ чолнинг баттар ичи эзилди. Соч-соқоли ўсган, уни кузаб қўядиган одамнинг ўзи йўқ. Нима қилиб бўлса ҳам унинг кўнглини кўтаришни хоҳлайди. Бу ҳақда уйида кўп ўйлаб кўрди. Ўзи ҳам бир кўрсавод бўлса, ҳеч томонга бошқаролмай хўп гаранг бўлди. Ўйлай-ўйлай боши қотди.
– Ошна, мен бир гап топиб келдим. Атайлаб бориб эшонбоболардан сўрадим.
– Нима гап? Эшон дейсанма? – дея Менгнор сағир бирдан сергакланди. Бир лаҳза зорланишларини унутди.
– Ҳа, сенинг учун маслаҳат сўраб бордим.
– Нима экан? – дея Менгнор сағир худди кўзлари кўраётгандек унинг оғзига тикилиб қолди.
Ўроқ чол нимадан гап бош­лашни билмай дудуқланди. Юзта десам камлик қилар, кўпроқ айтсам бечора шунга овуниб куннинг ўтганини билмай қолади. Кўрга кеча-кундузнинг нима фарқи бор. Болаларни безор қилмай ўтиргани маъқулдир. Ўзига яхши. Кейин унда-бунда эшитган гапларини тўқиб-бичиб тушунтира кетди.
– Қўйнинг қумолоғидек келадиган тошдан мингта. Болалар тошларни ювиб-тозалаб берсин, келин икки халта тиксин. Ҳаммасини бировига солиб, қиблага қараб ўтириб, ҳар битта тошга “Аллоҳу акбар” деб “суф”лаб бўш халтага солаверасан. Шуйтиб бирини иккинчисига ўтказиб бўлганингдан кейин дам ол. Чой-пой ичгандан кейин чарчаган бўлсанг ухла. Шундай қилиб бир кунда беш марта тошларни бунисидан-унисига алмаштир. Оқ-қорани танимай ўтдим деб куйиниб ўтирма. Мана, шу иш беш вақт номоз жойини босар экан, деб тушунтириб берди.
– Шундайма!? Шундай қилса бўламакан? – Менгнор сағир ота-онасини топиб олгандек хурсанд бўлиб кетди. Ўроқ чолга яқинроқ сурилиб ўтирди.
– Бу гапни болаларга ўзинг тушунтир. Ҳаммасини ҳозир менга қилиб берсин. Кейин ўзинг ўргат. Умрингдан барака топ, Ўроқ. Бу дунёда мени ҳам ўйлайдиганлар бор экан-а. Худойимга шукр.
Ўроқ чол ўзининг ўйлаб топган кашфиётини осонгина қабул қилишини хаёлига келтирмаган эди. У Алимга тушунтирди. Гапнинг охирида эшонбобо айтганини алоҳида таъкидлади. Бунга ўхшаган овомларнинг эшонга ихлоси баландлигини билган Ўроқ чол шу гапга маҳкам ёпишиб олди. Алим ҳам бу ишни тезда бажаришга киришди. Бу иш отасига хотин олиб беришдан осон. Бунинг устига эшонбобо айтган бўлса-я. Ўроқ чол гурунг бериб ўтираверди.
Орадан икки соатча вақт ўтиб, Алим селгадан роппа-роса минг дона тош солинган сатилни келтирди. “Отам учун шахсан ўзим бордим. Селгадан тердик, бирдан ювиб келаяпмиз”, – деб уйга киритиб берди. Келин ҳам халталарни тикиб улгурган эди. Ўроқ чол фаросат қилиб ўргатишга киришди.
Кун пешиндан оққанда Менг­нор сағирни қиблага қаратиб ўтирғизиб, икки халтани олдига қўйиб, ўзи тўқиган ўтириклари учун тавба қилиб-қилиб уйига жўнади. Аммо ёлғони элга ошкор бўлмаслиги учун бу гапларни бировга билдирмади. Ҳеч нарсани билмагандек гурунгини қилиб юраверди. Шундан кейин Менгнор сағирникига боришга бетламай қолди. Кўрни алдаганига кўп афсус чекди. Қариганда ўтирик гапиргани ўзига ҳам оғир ботди. Орадан саратон бутунича ўтиб кетди. Кўксида тошдек бир нарса осилиб, дилини оғритиб юраберди. Охири чидамай қолди. Тийрамоҳ бошлангандан кейин элнинг кўпи далада, қолганлари ҳам ёғин-сочинга қолдирмаси хас-хашагини, дон-дунини йиғиштиришга киришиб кетган. Гавжум давралар ўрнида фақат уч-тўрт чол қолди. Бир куни гурунгни тугатиб, Ўроқ чол ҳаммадан кейин ўрнидан қўзғолди. У йўлини уйи томон эмас, бошқа томон бурди. Шу вақт оралиғида ундан бир хабар эшитгани йўқ. Ўлдинг-ўчдинг дегандек гуми-гурс бўлиб кетганидан алағда. Чанг қоплаган дов-дарахтлар жўгининг тўрвасидек ҳилпирайди. Алангларда ажриқлар сарғайган, йўл четидаги ёнтоқларни моллар пўнтоқ қилиб еб кетган, кимсасиз кўчалар шамолда тўзғиган, қишлоқ қаримсиқ тусга кирган, Ўроқ чол тупроқ кечиб имиллаб, оёғини судраб босади. Менгнор сағирга айтган ўтириклари учун яқинлашгани сайин ичида айтаётган тавбалари кучайиб, кўнглига ғулғула солади.
Менгнор сағирнинг ҳовлисида бурилиб, Алимни чақирди. Ишга кетган экан, унинг катта ўғли чиқди. Ўспирин кўришиб-сўрашиб бобосининг олдига йўл бошлади. Унинг гапига қараганда, бобоси мутлақо ўзгариб кетганмиш. Шундан бери тошга суфлаш билан овора бўлиб қолибди. Қулоғи ҳам оғирлашибди-ю, аммо шу неварасининг гапини эшитармиш. Шу невара ҳожатгами, ювинтиришгами, таҳоратими, ишқилиб бобоси билан етаклашиб юраркан. Бобоси ҳам фақат унинг отини тутармиш. Бошқа билан гаплашмай қўйибди. Уйга қамалиб олиб, овунчоғи, тошга суфлаш.
Ўроқ чол бу гаплардан аввалига ҳайрон бўлди. Аммо ичидаги қўрқув босилиб, сал ўзини енгил сезди. Барибир ўтирик гап билан кўрни алдагани учун ичида тавба қилишни қўйгани йўқ. Менгнор сағир оппоқ тўшак устида, оппоқ либосда, мисоли фариштадек бўлиб, пичирлаб-пичирлаб тошчага суфлаб халтага соларди. Бу ҳолга кўзи тушган Ўроқ чол: “Ё парвардигори эгам тавбангдан, тавбангдан”, – дея қўрқиб кетди. Ўтирик айтиб катта гуноҳ қилиб қўйгандек қалтирайди. Ёшлигида гуноҳ қилдима, савоб қилдима ўзи ҳам фаросатига бормайди. Аммо қариганда худони ҳам, бандани ҳам алдаб ўтирганидан баданлари титраб кетди. Менгнор сағирнинг невараси: “Бобо сиз чойдан ичиб ўтиринг, саноқни тугатса, ўзи туради”, – деб кўрпачага таклиф қилди. Ўроқ чол ичидан зил кетиб ўтириб қолди. Менгнор сағир бир умр излаган нарсасини топгандек дунёни унутган, жон-дили билан тошга суфлашга берилиб кетган. Остонада бўлаётган гап-сўзлар карнинг қулоғига кираётгани ҳам йўқ. Ўроқ чол ошнасига томоша қилиб ҳайратланиб ўтираверди. Тошлар бир халтадан иккинчисига ўтиб ҳам бўлди. Менгнор сағир узоқ дуо қилди. Ва бўш халтани пайпаслаб оғзини очиб қўйди-да, яна бошидан тошга санашни тушди:“Аллоҳу акбар, суф-фф-ф”…

“Ижод олами” журнали, 2017 йил, 5-сон