Холиёр Сафаров. Тўти Момо (ҳикоя)

– Ичингга ўт тушкурнинг ичи тўлиб кетган экан! Инкубатир бўл-а, инкубатир!
– Нима гап, Тўти? Тинчликми? – ҳозиргина бомдодни ўқиб, ташқарилаётган Очил бобо кўча эшигини қарсиллатиб ёпиб кирган хотинининг авзойи бузуқлиги, лопиллаб келишини кўриб, нима бўлганлигини тушунди-ю, чўққи соқолини тутамлаганича остонада тек туриб қолди. – Нега дарров қайтдинг?
– Ай-й! – қўл силкиди Тўти момо. Келиб эшик қаршисидаги чорпояга ҳансираб ўтирди-да, узун этагини қайириб, пешанасидаги терни артди. – Ичи тўлиб кетган экан бунинг. Яна болам пақирнинг юзини шувит қилди…
– Ҳей, мунча ит қувгандай ҳансирайсан? Умри билан берган бўлсин! Ўзи яхшими? – деди бобо ўпкасини босолмай ўтирган хотинининг ёнига келиб.
– Э, балодай! – деди момо бошини силкиб. – Кечаси соат учларда кўзи ёриди. Дарди аччиқлигиданам билувдим ўзи…
Тўти момо ўтиролмади. Ҳали тонг отмай, қуёш қиздирмасдан пешанасида реза-реза тер оқиши, ичида бир исён кўтарилиб келаётганидан дарак бериб турарди. Момо шарт кетига бурилди ва чорпоя ёнида отаси борлиги учун жойидан туролмай, кўрпани бошигача ўраб ётган бўй қизининг кўрпасини тортиб юборди.
– Тур-э! Индамаса, чошгоҳгача ётасан ҳамманг! Бор, сигирни соғиб кел. Кейин аканг подага қўшиб келади.
Уйғоқ бўлса-да, бош томонида отаси борлиги учун туришга ийманиб ётган қиз кўрпа тортилиши билан бошини кўтарди-ю, сапчиб ўрнидан тураркан, хижолатда ўлар бўлди. Онасига қараб, «Эна-а?» деди-да, қатланиб қолган кўйлаги этагини ёза-ёза ошхонага югуриб кетди. Шу пайт отаси бомдодга таҳорат олиш учун чиққан маҳал майкачан югуриб кетган кенжа ўғли кўча эшигидан «Бир, икки! Бир-икки!» деб қўлларини орқага-олдинга айлантирганича кириб келди.
У боксчи бўлмоқчи. Кечқурун бир, эрталаб бир машқ қилади. Майкачан бўлиб, ҳув гузардаги магазингача беш-олти марта югуриб келади-да, оғил ёнидаги қайрағоч шохига қум солиб осилган қопни муштлайди. Икки қўлини ерга тираб, эллик-олтмиш мартадан ётиб-туради. Кейин штангаси – арматурага «кийдирилган» темир-терсакларни саккиз-ўн мартагача кўтаради. Яна осиғлиқ қоп билан бокс тушади. Турникка тортинади. Йигирма-ўттиз марта. Сўнг онасининг қистови билан подани қўшиб келгач, санаб тўрт дона тухумни қайнаттириб ейди ва мактабига кетади.
У ҳар кунгидек салом билан қайрағоч тагига ўтаётганди, тутақиб турган онасининг жаҳлига «илинди».
– Ҳай, шошма, – деди Тўти момо (айтганча, Очил бобо, Тўти момо деяпман-у, улар ҳали пайғамбар ёшига ҳам етганлари йўқ, аммо олтмишни қоралаб қолишди. Ота-бобоси удумини қилиб, эр соқол қўйган, хотин бошига катта оқ рўмол ёпган) чорпояга суянганича. – Болам, қўй шу «бир икки, бир икки»нгни. Менга қара, вақти келса, эр етиб, уйланасан. Лекин Тайсинжон, билиб қўйгин, ким бўсанг ҳам, боксчи бўласанми, бошқами, хотининг ўғил туғмас экан, отинг чиқсаям, зотинг чиқмайди!
– Менга нима дейсиз, эна? – деди ўғли онасининг гапига тушунмай. Сўнг бориб, мешни муштлай кетди. Бир нафас машқ қилгач, тўхтади ва яна елкаларини ўйнатганича отасининг олдига келди. – Энам нимага бундай деяпти?
– Суюнчи бер? – беихтиёр жилмайди ота.
Йигитча бирдан тушунди. Онасига юзланди.
– Эна, акамнинг нимаси бўпти?
Очил бобо пиқ этиб кулди.
– Қизи бўпти! – деди чорпоядаги жойни йиғиштиришга тушиб кетган момо бошини кўтариб. Сўнг олдига осилиб тушган рўмолини елкасига ташларкан, эрига жаврашдан наф йўқлиги учун дардини ўғлига тўка кетди. – Болам, шунинг учун азондан ўзимни қўярга жой топмай турибман-да. Бўлмаса, шу кўрпа-ёстиқ йиғиш менинг ишимми? Янганг гумбурлатиб ўғил туғиб, мен олдида ўтирмайманми? Оғзига новвот солиб, неварамнинг пойига исириқ тутатмайманми? Ҳей, дунёси қурсин. Яна қиз. Инкубатир, бу келин, инкубатир!
Йигитча онасининг жаврашидан ҳеч нарса тушунмади. Англагани, янгаси яна қиз туққан…
– Нима бўпти, ҳайла, Шоди писмиқнингам бешта қизи бор. Чиройли, чиройли.
У Шоди аканинг қизлари сулувлиги, шуларнинг каттасини яхши кўришига ишора қилганди, Тўти момо ўғлининг гапидан ижирғанди.
– Бор, сен гўрингни тушунармидинг. Кеп-кеп сенга гапириб ўтирибман-а? Отанг-ку эшитишни хоҳламайди. Билгани шу, «Худо беради, худо беради!» А, Худоям белида кучи борга ўғил беради-да.
Очил бобо беозор кулди.
– Ай, бўлди қил-э, энағар. Оғзим бор деб ҳар нарсани гапираверасанми? Ҳамсоя-қулоқдан уялмайсанми? Ундан кўра, бор, келиндан хабар ол. Олдида ўтир. Атала-патала қайнатиб бер. Чарос лочира ёпсин. Ана, ошхонада бир кади тухум йиғиб қўйибсан, оборгин-да, қовуриб бер.
– Тухум егунча, тошни есин! – зарда қилди Тўти момо. – Обормайман! Аталасиниям ўзи қилсин, лочирасиниям! Унга қиз туғ дебманми? Шуни деб болам бечоранинг юзи шувит. Сиз бўлсангиз, «Кўп вайсама, Худо беради», дейсиз. Бир куни телевизордан берди, қизларнинг футбол командаси бор экан. Нима, улингизам қизларини йиғиб, футбол команда тузадими? Мана, – бош бармоғини икки бармоқ орасидан чиқариб, ҳавога кўтарди, – изини қуритаман!
– Оғзингни ёп-э! – Очил бобо шундай дея чорпоядан ёстиқ олиб, хотинининг юзига отди. – Иккинчи марта шу гапингни эшитсам, ўзингни қуритаман!
Момо миқ этолмай қолди. Очил бобо шунда том оша оқарибгина келаётган тонгга қаради. Тўти рост гапираяпти. Келини тўртинчи фарзандини ҳам қиз туққанда қаттиқ ўксиганди. Ўғлини-ку, айтмаса ҳам бўлади. Гўё ҳаммасига ўзи айбдордек. Жағи жағига тегмай арзи-дод қилаётган онасининг кўзига қаролмай қолганди.
– Эна, нима дейсиз, Худонинг бергани-да… – деганди охири.
Келин қасам ичган: «Ўнта туғсам ҳам, барибир битта ўғил туғаман!»
Ҳамма умид шундан, кейингисидан эди. Бу гал ҳам ярим кеча ўғли ҳаллослаб келиб, «Эна, келинингизди мазаси бўлмаяпти» деб олиб кетганди. Ҳе туманга бориб, текширтириш қаёқда, болаларнинг бир жойи оғриса, барига шу Тўти балогардон. Табиб ҳам, дўхтир ҳам ўзи. Унга, раҳматлик онаси шундай қиларди. Анъана. Энди Тўти. Олдинги уч қизга ҳам ўзи доялик қилди. Оқибатли хотин, қарғаса ҳам, қовоғини уйса ҳам, киндигини ўзи кесди, ўзи бешикка солди. Қўни-қўшниларга сочқи берди. То чилласи чиққунча ёнидан бир қадам жилмаган эди. Аммо уйга келган куни, «Буваси, келинингиз яна қиз туғса, мени талоқ қўйинг, лекин бориб қарамайман! Ҳайла, оғзини кўпиртиришни билади, энаси қарасин!» деганди. Қайсар хотин. Аммо тўртинчисида ҳам борди, мана, бешинчисининг ҳам бошида ўзи турди, лекин ўтган галгидек тўнини тескари қилиб қайтиб келди.
– Олдида ким бор? – сўради Очил бобо анчадан бери қўл урмаган иши, кўрпа-ёстиқни йиғиб, уйга киритаётган хотинидан.
– Энаси! Улжонингиз бўзчининг мокисидек бўлиб чақириб келувди, – деди кўрпача кўтариб кетаётган жойи, бўсағада таққа тўхтаб. – Қарасин-да! Мен айтганман. Кўнгли кўнглидан қолсин, қўрқадиган жойим йўқ!
– Бемаъни гапирма! Қизингни жўнат, нон-пон қилиб берсин. Кир-пири бордир…
– Ҳеч қаерга бормайди! Чойини қайнатсин. – Тўти момо шундай дея ичкарига кириб кетди.
Бобо сигирни соғиб келиб, энди ўчоққа чой осган қизини чақирди.
– Чарос! Қизим, сен бориб, янгангга ёрдам бергин. Чақалоқ қипти.
– Вой? Қачон? – қиз ҳали бу хушхабардан бехабар экан, шекилли, югуриб келиб, отанинг оғзига қаради.
– Бугун.
– Нима бўпти?
– Қиз.
– Ҳа… – кейин кўз ости билан ҳозиргина онаси кириб кетган уйга қаради. – Шунга экан-да.
– Ҳа. Сен бор, ёрдам бер.
– Хўп. Отини нима қўяйкан? – беихтиёр қизиқди қиз.
– Кўп гапирмагин-да, тез бор.
– Майли, майли, – қиз шундай дея чопқиллаб кўча эшиги томон юрганди, ичкаридан онаси чиқиб қолди.
– Ҳув, қаёққа?
Қиз эшиккача бормай таққа тўхтади. Ўрнига ота жавоб берди.
– Рашитникига! Келинга қарашсин. Қуда момомам яримжон хотин. Нима, эна-болани майиб қиласанми энди?
– Бормайди! – ўшқирди момо. – Ҳай, изингга қайт!
Қиз отасига қаради.
– Бор, боравер, – деди Очил бобо. Сўнг хотинига юзланди: – Эсинг жойидами? Қандай бугун енгиллашган келин уй ишига бўлади?
– Ўғил туққанда ҳаммасини ўзим қилайдим! – момо ҳовуридан тушолмасди. – Керак бўлса, сигириниям соғиб, хамириниям қилиб берайдим!
– Эй, Худонинг қаҳрини келтирма! Бор, чойингга ўзинг қара! – Очил бобо шундай деди ва кўча эшиги олдида тош »қотган қизига «Кетавер» деган ишора қилди.
Қизи чиқиб кетгач, Тўти момо шанғиллаб ошхонага кирди. Қизи соғиб келган сутни қозонга солди. Дастурхонга уннади. Унгача Очил бобо подани қўшиб келган ўғлини ёнига чақириб, нариги қишлоққа тушган икки қизи ва пахталик ердан берилган янги участкада яшовчи катта ўғлига суюнчига юборди.
– Янгамнинг қизи бўпти, де!
Эрининг қувончи, хотиржамлигини кўриб, Тўти момонинг яна қони қайнади. Апил-тапил қозондаги сутни товоққа бўшатди-да, иддао билан чой дамлаб келди.
– Келинларингиз қиз туғса, хурсанд бўласиз. Яна тарафини олиб, юзимга ёстиқ биланам уришдан тоймайсиз. Ўзингиз ичаверинг! – дея ҳар кунгидек чойни пешлаб, эрига пиёла тутиш, ёнгинасида ўтириш ўрнига уйга қараб юрди.
– Бу ёққа кел!
– Йўқ! – Тўти момо ёш қиздек бош ирғаганича араз билан уйга кириб кетди.
– Ҳиҳ… – Очил бобо чорпояда ёлғиз ўтириб, чой ичди. Шарт туриб, ўғлиникига кетмоқчи ҳам бўлди-ю, «Ҳозир улар чиллалик. Ўзлари билан ўзлари. Бир-икки кун ўтсин» деди.
Бобо чойни ичиб бўлганда қуёш бир терак бўйи кўтарилиб, чорпояга уйнинг сояси тушиб турарди. Соя-салқин. Пастқамгина ҳовли сатҳини ялаб ўтган майин шабада юзга урилиб, кўнгилга ҳузур бағишлайди. Очил бобо ёнбошлаб ўғли ҳақида ўйлади. Беш қиз.
– Илойим болаларининг бахтини кўрсин. Ҳали ёш, насиб бўлса, ҳадемай юзи ёруғ бўлади. Биз ҳам уч йил фарзанд кутганмиз… Тағин, оралари ҳам тўрт-беш йилдан.
Шу пайт кўча эшигидан чопиб кирган кенжаси ёнига келиб ўтирди-ю, хаёли чалғиди.
– Ота, мана, суюнчи опкелдим! – деди у чўнтагидан тўрт-бешта ғижимланган пул чиқариб.
– Яша, – деди ота. – Энди чойингни ич-да, мактабингга бор. Пул ўзингга. Ширинлик олиб егин.
Йигитча ғижимланган пулни тахлаб чўнтагига тиқди-ю, ошхонага кирди. Унга тухум қайнатилмаган экан, кади ичидан тўртта тухум олди-ю, икки томонидан гугурт чўп билан тешиб, хомлигича ичиб юборди. Уйга кириб кийимларини алмаштириб чиқаётганди, даҳлизда ўтирган онасини кўриб қолди.
– Ҳа, эна, – деди. – Тухумам қайнатиб қўймабсизлар-а?
Тўти момо жавоб бермади. Ўтираверди. Ўғил ҳеч нарсага тушунмай аста чиқиб кетди.
– Чой ичмайсанми? – деди ота ўғлининг кетаётганини кўриб.
– Йўқ. Тухум ичдим.
– Ҳа, майли. Вақтлироқ ке.
Шундан кейин Очил бобо ёнбошлаб ётган кўйи уйга қараб овоз берди.
– Тўти? Ҳей, бу ёққа ке!
Ичкаридан садо чиқмади.
– Нима бало, ухлаб қолдингми? Ё келиним қиз туғди, деб ўзингни осдингми?
Яна жавоб бўлмади. Очил бобо билди: хотини хафа бўлиб ўтирибди. Вақтида, шу келинни олишда ҳам у оёқ тираб, қарши бўлган. «Керак эмас, энаси қаторасига бешта қиз туққан! Буям шунга тортади. Кейин жуда майда қиз. Менга гурсиллаган келин керак!» Аммо ўғли иккисининг хоҳишига қарши чиқолмаганди. Бояқиш ҳақ экан. Келин онасига тортди. Бобонинг ҳам ичидан қиринди ўтса-да, сездирмади. Худога солди.
– Тирноққа зорлар қанча. Насиб бўлса беради. Буниси бўлмаса, униси…
Орадан яна беш-ўн дақиқа ўтгач, ичкаридан Тўти момо чиқди ва хўмрайиб келиб, чорпояга ўтирди.
– Ҳе, сенга нима бўлди? – деди Очил бобо. – Осмон қўлингда бўлса, ташлаб юбор, лекин Оллонинг иродасига қарши чиқма! Ўзинг тортган азоблар ёдингдан чиқдими?
Тўти момо эрига бир қараб қўйди-да, дастурхон четига бостирилган чойнакни олиб, ошхона томонга юрди. Кетаётиб:
– Сиз қачон элга дастурхон ёзиб, невара тўй қиласиз? Шуниям ҳеч ўйлайсизми? – деди зорланиб.
Очил бобони ток ургандек бўлиб, мияси шанғиллаб кетди. Бу гап «Сиз қанақа эркаксиз ўзи?» дегандек оғир ботди.
– Бу ёққа ке! – деди ўдағайлаб, аммо хотини унамади. Эшитмагандек бўлиб, ўчоқдан чой дамлаб келди ва чорпояга ўтирди.
– Келиним ўғил туғди, деб қўни-қўшниларга чачала беришимни, сиз чойхонага чиқиб, бир ош буюртиришни, «Ҳақберди бува» бўлишни хоҳламайсизми? – деди бир пайтлар кулча юзига ярашиб турувчи кулгичларини ўйнатиб. Сўнгра эрига шундай илтижоли қарадики, шундагина Очил бобо унинг йиғлаётганини билди ва сурилиб, ёнига ўтирди.
– Кампир,– деди елкасига қўлини қўйиб,– сен билан мен нимани хоҳласак, ўшандай бўлавермайди. Ниятингни бутун қил. Ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Тўйлар қиламиз. Вечерда невараларингни кўтариб, ўйнайсан, ўзим тўйи бошида бўламан. Ҳаммаям сендай бир хил, оқ-қора қилиб туғолмайди.
Тўти момо эри унинг доим бир ўғил кетидан, бир қиз туққанлигига шаъма қилаётганлигидан чеҳраси ёришгандек бўлди.
– Биттагина ўғли бўсайди…
– Бўлади, насиб бўлса, – бош ирғади Очил бобо. – Мен бир нарсани ўйладим. Шу қизга «Ўғилой» деб от қўйсак. Зора, кейингиси…
– Нима қилсангиз қилаверинг, мен аралашмайман, – деди Тўти момо ёноғига думалаб тушган икки томчи ёшни енги билан артиб.
– Шунақами? – Очил бобо жойидан туриб кетди. – Феълинг қурсин сени!
Бобо хотинига бошқа гапирмади. Уч кун ўтиб, ўғлиникига борди-да, чақалоқнинг қулоғига азон айтиб, «Ўғилой» деб исм қўйди.
Шу кундан қайнона келинникига, келин қайнона уйда куни қайнотасининг олдига бормас бўлди. Ҳар иккисининг дарди ичида бўлди.
Ҳар иккиси яшириб-яшириб йиғлар, Худодан ўғил сўрар бўлди.
Ҳар иккиси умидвор бўлди. Ўзлари истамаган ҳолда бир-бирига душман бўлди, аммо бир-бирларини отмади, бир-бирларини лаънатламади. Гўдак икки ойлик бўлганида иситмаси кўтарилиб кетиб, бутун оила оёққа турди. Шунда Тўти момо уч кун неварасининг бошида йиғлаб ўтирди. Гина-кудуратларни унутиб юборди, аммо келинга қовоғини очмади. Бола тузалиши билан уйига келиб олди. Худодан юзлари ёруғ бўлишини сўради…
Шундай кунлар кетидан ойлар келиб, кўз очиб юмгунча орадан икки йил ўтиб кетди.

* * *

Қишнинг илк кунлари эди. Биринчи қор заҳри ердан кетмай туриб, яна қор ёққан, ҳаво Тўти момонинг авзойидан ҳам бузуқ эди. Қибладан эсаётган изғирин том бошидаги қорларни совуриб, орқа томонга уйиб ташлаётганди. Кечки маҳал. Уйлар совуқлигидан ҳамма бир хонага йиғилиб, кечки овқатни еб ўтиришганди. Бир пайт ҳаллослаб Рашид кириб келди.
– Эна, бормасангиз бўлмайди! Келинингизнинг мазаси йўқ! – деди салом беришни ҳам унутиб.
– Бормайман, энасини чақир! – Тўти момо чўрт кесди.
Очил бобо гап нимадаоигини англаб, хотинига деди:
– Борасан! Сен туриб, энаси келадими?
– Ким келса келаверсин! – Тўти момо энди тамоман тескари қараб олди.
– Бормайсиз-а? – илтижоли, ҳам аламли қаради ўғли.
– Йўқ!
Рашид бошқа гапирмади, шарт кетига бурилиб, чиқиб кетди.
– Эркакнинг сазаси ўлгунча ҳўкизнинг бўйни узилсин, деган ота-буваларимиз. Бор, агар йўқ, десанг ўзим бораман! – деди Очил бобо хотинига ўдағайлаб.
Тўти момо бир пас кўзлари билан ер чизиб, дастурхон четини қайириб ўтирди-да, ирғиб ўрнидан турди. Бошидаги катта рўмолини иягидан танғиб боғлади ва енгил нимча устидан эрининг оҳорли чопонини кийиб, кенжасига юзланди.
– Тайсинжон, мен билан юр…
Тўти момо ўғлининг қўлтиғидан тутганча қишлоқ итларини вовуллатиб, изғиринли тунда тошкўча охирига қараб кетди. У ердаги оппоқ қорни ғарч-ғурч босганча алланималар дея пичирлаб борар, аммо нима деётганини ўзидан бошқа ҳеч ким тушунмасди.
Очил бобо бомдодга турганди, кўча эшиги шарақлаб очилгани эшитилди ва дам ўтмай даҳлизга кенжаси ҳаллослаб кириб келди.
– Ота, ота? Суюнчи беринг! Суюнчи!
Очил бобо бирдан сезди.
– Ўғилми?
– Ҳа! Энам, «Бор, отангдан суюнчи ол!» деди.
– Нима берай? – отанинг чеҳраси ёришиб, кўз олдини қоплаган туман тарқаб кетгандек бўлди.
– Битта бокс қўлқоп билан меш олиб беринг. Мен барибир боксчи бўламан!
– Бўпти! Бугун физкултура маллиминга айт, менинг олдимга бир кеп кетсин.
– Майли, ота. – Йигитча ўзида йўқ хурсанд эди. Очил бобо эса ўзича…
Бобо бир ҳафта хотинини кутди. Дарак бўлмади, шунда чиллалик уйга ўзи борди. Уйга кирса, хотини ўн саккиз яшардек бўлиб, иссиқ печка олдида терлаб-пишиб хамир муштлаб турибди. Ток плитада тухум қовриляпти, шекилли, ҳиди чиққан.
– А, ҳорма! – деди бобо кулиб.
– Бор бўнг! Ўғлим ҳақиқий ота бўлди, бир хабар олаям демайсиз-а? – деди кампир хамирли қўлларини кўтариб, шимарилган енги билан пешанасидаги терни артаркан. – Ўҳ, ўпкам пишиб кетди-э…
– Сенга нима зарил? Энаси қисин…
– Ҳо. Мен ҳали ўлганим йўқ! Ҳаммасига кучим етади! – Тўти момо шундай дея яна хамир қоришга тушди. – Ҳовлиқиб бирдан олдига кириб кетманг яна. Бир пас нафасингизни ростлаб олинг.
Очил бобо кўз ости билан хотинига қараб, жилмайди:
– Кампир, йилинг нима эди?
– Нима қиласиз?
– Сўрадим қўйдим-да…
– Ўзиники-чи?
– Нимага сўраяпсан?
– Бир айтинг, – момонинг қувлиги тутди.
– Биласан-ку, адаш…
– Айтишга уяласиз-а, бобой? – Тўти момо яйраб кулди. – Айтганча, дарров уйга жўнаб қолманг, неварангизга от қўйиб кетасиз.
– Бирор нима деб чақираяпсизларми?
– Ҳа. Сардорбек! Лекин буваси қулоғига азон айтиб қўйгани яхши-да.
Очил бобо яна хотиржам жилмайди.
– Айтганча, бир ҳафтадан бери қорангни кўрмайман…
– Неварамга қараяпман! Келинни жойидан турғизганим йўқ. Энасигаям жавоб бериб юбордим.
Очил бобо ҳансираб, чуқур-чуқур нафас олганча пешанасидаги реза-реза терни артаётган хотинига кўз остидан ўғринча нигоҳ ташлади.
– Ҳа-а, шунақа де…