Қиш кунларининг бирида спортчи талабалар машғулотларини тугатиб, залдан чиқиб кетишаётганида Абдужалил бош кийимини кия туриб, бехосдан ёнидаги Шероз исмли йигитни туртиб юборди. Сўнг дарров кечирим сўради.
— Кўзингга қараб юрсанг бўлмайдими, қишлоқи! — деди Шероз унга ўқрайиб.
— Нима? – Абдужалилнинг қони гупириб кетди. — Эй, ким бўлсанг ҳам оғзингга қараб гапир! Узр сўрадим-ку, ахир.
— Узрингга тупурдим!
Қони қайнаб турган Абдужалил шарт ўгирилиб, Шерознинг нақ икки кўкраги орасига мушт туширган эди, у икки-уч қадам орқага тисарилиб кетди. Шу вақт Абдужалилни ёнидагилар ушлаб қолишди. Боши айланиб, букчайиб туриб-туриб, ўзини ўнглаб олган Шероз унга ташланмоқчи эди, курсдошлари қўйишмади.
— Кимга қўл кўтарганингни биласанми? – ингранди Шероз. — Сен билан ҳали бошқача гаплашаман!
— Хоҳлаган вақтингда гаплашавераман! – деди Абдужалил ҳам.
Шероз эрка ўғил эди. У «Ўзим хон – кўланкам майдон!», дейдиганлардан эди, бироқ бугун «Ласетти»сини ўзи ҳайдаб кетолмади. Қолганларнинг эса бирдан Абдужалилга эътибори ўзгарди.
— Ғирт тентак экансиз-ку, — деди курсдошларининг бири. – Унинг отаси кимлигини биласизми?
— Отаси билан нима ишим бор? – деди қони қайнаб турган Абдужалил. – Спортчи отасига эмас, ўзига ишонмайдими?!
— Лекин сенга қойил қолдик! – деди яна бошқа курсдоши.
Залдан то талабалар турар жойига етгунча улар Шероз ҳақида гаплашиб келишди. Эшик олдида эса сўрашди:
— Икки соатдан кейин ўнта болани эргаштириб, «Жалил тентак, бу ёққа чиқ!», деб келса, нима қиласиз?
— Бир ўзим чиқаман! — деди у. Кейин уларнинг «Жалил тентак» деганига қишлоқдаги лақаби эсига тушиб кулиб қўйди. – Қўрқадиган жойим йўқ!
Талабалар унга қараб-қараб, ўз хоналарига бурилиб кетишди. Ўша куни Абдужалил кейинги «жанг»га, қолганлар «текин томоша»га тайёр эдилар, бироқ аламзада Шероздан дарак бўлмади.
«Ота… — деди ўша куни ярим кечагача уйқуси келмай шифтга тикилиб, хаёл суриб ётган Абдужалил ўзига-ўзи, – ўғлим, эркак киши учун ҳаётда энг қийини орият, дегандингиз. Рост экан. Бугун мен орият талашиб, бир иш қилдим, аммо афсусда эмасман! Ўзингиз айтгандек, лафзим ҳалол, сўзим тўғри, ғурурим баланд! Ўзимни бировга хўрлатиб қўймайман!»
Абдужалил Панжи чўпоннинг тўнғич ўғли. Баланд бўйли, қорачадан келган, елкалари кенг, икки қоши орасида нўхатдек тугунчаси бор. Синфдошлари «Айиқ», деб лақаб қўйишган. Шунчалар гавдалики, ёнбош бўлиб ухлаганда гўё уй ўртасига катта бир кунда ётқизиб қўйилгандек туюлади. Ҳар тонг тоғ томонга қараб югурар, шу югурганича этакдаги чўққига чиқиб машқ қила-қила қишлоққа назар соларди. Илон изи асфалт йўл, бўйчан чинорлар, булоқлардан ҳосил бўлувчи дарё ва уйғонаётган фараҳбахш кунни бошлаётган одамлар…
У вақти келиб, шу тоғлар орасидаги қишлоқнинг фахрига айланишни истар, бунинг учун машқ қилишдан, ҳар тонг югуриб, ўша чўққига чиқишдан чарчамайди. Айрим «тили суяксиз» қишлоқдошлари «Чўпоннинг боласи чўққига югуриб чиққани билан бургут бўлармиди?», дейишар, Абдужалил эса унга паст назар билан қараганларга «Ҳали кўприк устида гаплашамиз!» деб қўяр, аммо нега бундай деяётганини биров тушунса, биров тушунмай, «Иссиқда отаси билан қўйнинг изидан юравериб, мияси айнибди, шекилли», дейишарди.
Абдужалил билимли эди, аммо кимдир ўзини баланд тутса, бошқаларга беписандлик қилса, жим қараб турмасди.
— Бўлди қил! – дерди аввалига. Бу гап кор қилмаса, кейин муштга ўтарди… Шу сабаб болалар унга лақаб қўйиб олишган. Абдужалил тўйларда кураш ҳам тушар, тенгқурларини қоқ ернинг кўзига кўтариб урарди. Шунинг учунми, қишлоқ одамлари тўйларга четдан полвонлар келишса, даврага энг биринчи Абдужалилни чиқаришар, у жон-жаҳди билан курашиб, қишлоқнинг ориятини сақлаб қолар, ўзга полвонлардан йиқилишни ўлим билан тенг биларди… Унинг бундай жасоратидан қувонганлар вақти келиб, ундан катта полвон чиқишига умид боғлар, айримлар эса ўша ерда ҳам «Чўпоннинг боласи полвон бўлганда ҳам қаергача борарди», дейишарди. Панжи чўпон ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан таёғини судраганча қўй изидан тоққа қараб кетар, харсанг тош устида ўтириб, кўкка боққанча Яратганга илтижо қиларди:
— Мен-ку ҳаммасига чидайман, бунга ўрганиб ҳам қолдим, аммо болаларимнинг юзини ерга қаратмагин, эй Яратган эгам!..
Абдужалил мактабни битиргач, Жисмоний тарбия институтида ўқиш учун отасидан оқ фотиҳа олди. Мусофирнинг йўлини Худо ўнглайди. У талабалик бахтига муяссар бўлди. Сўнг ҳаётнинг қатор синовларига дуч келди. Савлатингга яраша давлатинг бўлмаса ҳам қийин экан. Талабалар турар жойида яшайдиган полвон йигитнинг энди кўп нарсаларга қўли калталик қила бошлади. Ҳар нарсадан ўзини тортиб, қисиниб юрарди. Аммо машғулот учун кетадиган харажатларга сахий эди. Эрталаб институт стадионида, кечқурун эса залдаги машғулотларда қатнашар, якшанба кунлари «Қариндошларимникига бориб келай», деб иш ахтарарди.
— Жалил, нега болаларга кўп қўшилмайсиз? Нима, бирор муаммонгиз борми?
— Ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳаммаси жойида.
— Ота-онангиз борми?
— Худога шукр!
— Болаларга қўшилиб, байрамларга, зиёфатларга бормайсиз. Қизлар билан ҳам гаплашмайсиз.
— Бу ёғи энди менинг ишим-да, ўртоқ. Жуда билгингиз келса, ҳали кўприк устида гаплашамиз…
— Тентакмисиз? Бу нима деганингиз?
— Ҳаммасини вақти келганда билиб оласизлар…
Унинг бу гапларидан курсдошлари ҳайрон бўлишар, «тоғлик боланинг сал томи кетганга ўхшайди», дегандек бир-бирига ажабсиниб қараб қўйишарди. Машғулот пайтлари ҳам у бировга бурнидан баланд гапирмасди. Аммо бугунги воқеа барчани ҳайрон қолдирди. Курсдошлар назарида тупроқдан олов чиқди.
Эртаси куни ўқишга борса, Шероз эшик ёнида турибди. Индамай ўтиб кетаётган эди, чақирди.
— Жалил!
Абдужалил ялт этиб қаради. Унинг кўзларида «Нима дейсан?» деган савол зоҳир эди.
— Жалил, — деди Шероз унинг ёнига келиб.– Бир дақиқага бу ёққа юринг-да?
Йўлак четига ўтишди.
— Нима дейсан?
— Жалил, — деди Шероз. Аммо негадир кўзларини олиб қочди. – Жалил, кеча мен нотўғри гапириб юборибман. Бунинг учун узр сўрайман.
Абдужалилнинг бўйин томирлари шишиб, бурун катаклари кенгайиб кетди.
— Келинг, қадрдон дўст бўламиз! – деди Шероз қўл узатиб. – Уришиб дўстлашганлар жуда қалин бўлишади.
Эгилган бошни қилич кесмас. Абдужалил ҳам қўл узатди. Иккаласи ўша ерда қучоқлашиб, дўст тутинди.
— Раҳмат, — деди Абдужалил. – Ундай бўлса, ўтган ишларни унутинг.
— Сиз ҳам.
Улар ёнма-ён аудиторияга кириб боришганида курсдошлар тушунолмай қолишди.
— Биз энди дўстмиз! – деди курсдошлар нигоҳидаги саволни англаган Шероз.
— Ҳа, биз дўстмиз! – Абдужалил Шерозни бўш турган партага чорлади. – Келинг, шу ерда ўтирамиз.
Ҳамма ҳайрон эди.
— Жалил тентак, — деди ҳадди баланд курсдошларнинг бири. —Сен ҳаммага «ҳали кўприкнинг устида гаплашамиз», дердинг-ку?
— Вақти келади, ҳамма кўприкнинг устида гаплашади.
— Жалилнинг шу гапига ҳеч тушунолмадим-да, — деди яна бир курсдоши. –Балки энди тушунтирарсан, полвон?
— Кўприкнинг устига борганингда ўзинг тушуниб оласан!
Бу гапга тушунмаган Шероз унга маъноли қараб қўйди…
* * *
Орадан тўрт йил тўрт кундек ўтиб кетди. Бу вақт орасида кимдир нимадир қилишга улгурди, кимдир эса йўқ. Спортда ҳам, ҳаётда ҳам орият талашган Абдужалил миллий кураш бўйича чемпион бўлди, хориждан икки марта олтин медал билан қайтди, олимпиадаларда мамлакат байроғини баланд кўтарди…
Институтни битирган спортчиларга тантанали диплом топшириш маросимида Абдужалилга сўз берилди.
— Азизлар, — деди у микрофонни қўлига олиб, — мен чиройли гапиролмайман, аммо бир нарсага қатъий ишонаман. Биз ҳаётимиз давомида кўп довонлардан, кўп-риклардан ўтамиз. Ҳар бир синов, ҳар бир жараённи мен кўприкка ўхшатаман. Ҳатто умримизни ҳам! Мана шу тўрт йиллик таълим ҳам биз учун бир кўприкдан ўтишдай гап эди. Аммо кўприкдан ҳамма ҳар хил ўтади… Мен барчага ҳаёт йўлларида учраган кўприклардан, довонлардан мағрур ва ёруғ юз билан ўтиш бахтини тилайман!
У сўзини тугатиши билан курсдошлар бир-бирига қараб қолишди. Улар учун энди сир очилгандек эди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 51-сон