Намозшомда сигирини соғиб, ўчоқ бошига қайтаётган Гулшан опа оғил орти – қир томондан келаётган йигитга эътибор бермай, ҳар кунгидек сутни қозонга солди. Ўчоққа ўтин қалаб, энди гугурт чаққанди, ортидан «Гулшан опа? Ҳов, Гулшан опа!» деган овоз эшитилди.
– Келаверинг, – деди у оғил деворига қўл тираб турган йигитга ўгирилиб. Сўнг «Ким бўлдийкин-а?» дея яқинроқ юрди. Йигит ҳам опа томон келавергач, таниди. – Э, Салим? Келавермайсанми, нега қаққайиб турибсан?
– Ассалому алайкум, Гулшан опа.
– Ваалайкум, – чеҳраси ёришди опанинг. Кейин қўл бериб саломлаша туриб, сґради: – Қачон келдинг, менинг ґІлим қани?
– Э, Бахтилар ҳали келмадими? – йигит онанинг саволидан алланечук бўлиб кетди. – Йўлга чиқдик, дейишганди-ку?
– «Дейишганди», деганинг нимаси, Салим? Ахир бирга кетган одам, бирга қайтмайдими?
– Ҳазиллашаяпсизми, Гулшан опа? – кулди у. – Улар аллақачон уйда бўлишлари керак эди. Мана, бир қир нари – Сувон подачининг ўғли ҳам бугун келибди. Бахтиёрни уйда бўлса керак, деб чиққандим. Ҳазратқул ака қаерда?
– Ишда. Хайри фермернинг ерига мола босаяпти, буғдой экаркан. Улар салқинда, то ярим кечагача ишлашади.
– Хавотир олманг, опа, – деди Салим хотиржам тортиб. – Унда бугун ўғлингиз Ҳазратіул акадан олдин криб келаркан.
– Шундай де-э, Салимжон, – Гулшан опанинг чеҳраси ёришди. – Уйга кир. Сут пишираяпман, ҳеч бўлмаса, бирор коса ичиб кетасан.
– Майли, сут бўлса ичамиз, – кулди Салим чап қўлидаги қўнғиз кўзли узугини хиёл айлантирган бўлиб.
Гулшан опа ўчоққа яна икки дона тараша тиқиб, уй олдининг кўрки – тўрт туп тут тагидаги чорпояга гилам солди. Кўрпача олиб чиқиш учун ичкарига кирмоқчи эди, Салим тўхтатди.
– Қўйинг, битта коса олиб чиқинг, ўчоқ бошида ичавераман, – деди ҳамқишлоқлик самимият билан.
– Йўғ-э, Салим, – Гулшан опа кириб тўртта кўрпача олиб чиқди ва чорпояга «П» шаклида тўшади. Юқорига икки қават солди. Кейин йигитни чорпояга ундади, аммо у ўчоқ бошини афзал билди. Заранг ерга ўтириб, иссиққина сутни «хўр-хўр» ичди, лабларини чапиллатиб, «бай-бай», деди.
– Э, бунинг гашти бошқачада, – дея бош силкиди Салим Гулшан опага қараб. Сўнг этакларни ўйнатиб, даладан келаётган йигит-қизларга, ўтроқ деҳқонлар каби сув ёқалаб жойлашган хонадонларга, томорқаларга, орқа томондаги бепоён адирларгача қаради. – Опа, Бахтиёр келса, шу далага жой қилиб берасиз, би-ир ўтирамиз.
– Насиб бўлса, – орзуланди Гулшан опа. – ЎІлим келсин, отасига айтиб, бир қўзи сўйдираман-да, жўраларига ҳақ бердираман.
– Шунақа денг. Бир маза қиларканмиз-да…- керишди Салим. Кейин косани бошига кийгудек кўтариб, сутни охиригача ичди. – Раҳмат, опа. Тоза маза қилдим.
– Ош бўлсин.
– Энди борай. Бахти келса, хабар қиларсиз, – Салим косани ўчоқ бошига қўйди-да, энгашиб юзига фотиҳа тортди. – Айтганча, Бахтига менинг келганимни айтиб қўйинг, хўпми?
– Хўп, айтаман, – деди онаизор йигитнинг гапларига унчалик эътибор ҳам қилмасдан. Ҳозир Салимнинг хаёли «Мен сизларни ишга олиб келдим, энди бу ёғига ўзларинг араваларингни тортасизлар…» дея бир-иккита йигитни бошсиз қолдириб келганлигида бўлса, онанинг ўй-хаёли ўғлида эди.
Ўтган йили Бердимурод савдогарнинг икки ўғли четга бориб ишлаб келди-ю, битта машина олгач, қишлоқдаги болаларнинг пайтавасига қурт тушди. Ҳар икки йигитнинг бири улар билан ишга бориш пайига тушиб қолди. Катта ўғил «Машина олдим, бўлди, энди мен нима қиламан», дегач, ўз-ўзидан савдогарнинг кенжаси Салимга ой туғди. У эрта баҳорда «ака»ларига сим қоқиб, иш бор-йўқлигини билгач, ўнтача йигитни олиб, сафарга кетди. Улар орасида Бахтиёр ҳам бор эди. Мана, куз оёқлаши билан йигитлар бирин-кетин уйларига қайтишаяпти. Насиб бўлса, бугун Бахтиёржон ҳам келади…
Гулшан опа қозондаги сутни алюмин товоқларга бўшатиб, ошхонага киритиб қўйди ва тўрдаги кичик ертўладан симга осиғлиқ бир сон гўштдан чамалаб, бир килоча кесиб чиқди. Қозонни ювиб, ёғ солди ва қизигунча ошхона четидаги ўрадан сабзи олди. Кейин часирлаб турган ёғга беш-олти бўлакка ажратилган гўштни ташлади. Гўшт қоврилгунча сабзи тўғрашга ҳам улгурган она ўчоқ бошига гуруч олиб келди. Тошларини териб, ҳали катагига кирмай атрофда куймаланиб юрган товуқларига отиб-отиб юборди. Даладан қайтган қизларининг «Ҳа, эна, тинчликми?» деган саволига «Бугун менинг ґІлим келади, шунга ош қилаяпман!» дея жавоб берди кўзлари чақнаб. Сўнг этагини тут шохига илган катта қизи Камолани чақирди:
– Малика иккаланг дарров меҳмонхонанинг гиламини қоқиб сол.
– Эна, кечқурун уй супирмайди, дердингиз-ку?
– Э, худонинг кўзи ўнг бўлсин, супиравер.
Қизлар ишга тушишлари билан қоронғи тушди. Гулшан опанинг қўли ишда бўлса-да, кўзлари йўлда бўлди. Гоҳ адир томонга қаради, гоҳ «Барибир қир ошиб келмайди-ку?» деб тошкўчага термилди. Уйга кирди, қайтиб ўчоқ бошига борди. Ошни кўрди, «Яхшилаб пишсин, ґІлим маза қилиб ейди» дея яна лаганни тоғ қилиб уюлган гуруч устидан ёпди. Кичкинаси Маликага офтобага сув солиб, эшикка сочиқ қистириб қўйишни тайинлади. Ошхонага ўтиб, лаб тишлаганича бир зумга тек туриб қолди. Ўғлига яна бирор нима тайёрлагиси келди, аммо аввал бир дийдорини кўришни, бўйига тўйишни истаб, яна ташқарилади. Ой ёруғида уй айланди. Атрофда кераксиз нарсалар сочилиб ётмасин, Бахтиёржон бунақа пала-партишликни ёқтирмайди. Кўрса, «Ҳаммаёқни инс-жинс босиб кетибди?» деб айтади, дея уй атрофини кўздан кечирди. Ҳеч нарса топмагач, «Барака топсин, бахтимга қизларим бор…» дея қизларини ҳам алқаб қўйди. Шу пайт адир оша қўй-эчкиларини ҳайдаб, кенжаси Ихтиёр келди.
– Эна, эна, қашқа совлиқ тувди. Қўчқор! Мана! – у оғилга яқинлашиши билан мавсумнинг биринчи тулини елкаси баробар кўтариб, онасига кўрсатди.
– Қамаб, бир коса арпа бер. Жонивор ўзини олдириб қўймасин.
– Майли, – деди Ихтиёр. Сўнг чакана сурувни қамаб, қўлидаги қоп-қора, зорланиб маъраётган қўзичоқни ҳам қўрага олиб кирди. Она совлиқ эшик олдида у ёқдан бу ёққа маъраб чопди. Сўнг овоз ичкаридан келаётганини, эгасининг «пуфай-пуфай»лаётганини эшитгач, қулоқларини динг қилиб, атрофга бир аланглади-да, ўзини эшикка урди.
– Эна, – деди Ихтиёр қўра эшигини занжирлаб, ем олиш учун ошхона томон келаётганда, – шу қўзини менга берасиз-а?
– Йўқ. Бугун аканг келаяпти. Акангга берамиз. Атаб қўяйлик, насиб бўлса, келаси йил ўқишга кириши билан дўстларини чақириб, байрам қилиб берамиз.
– Акам келдими? – энтикди бола ҳам.
– Йўлда экан, ҳадемай келиб қолади. Сен тез-тез бўл, Сарибойга бориб келасан.
Ихтиёр совлиққа емини бериб келгач, онаси берган пулни олиб йўлга тушди. Тўрт-беш қадам юргач, таққа тўхтади:
– Эна, акам келаётган бўлса, отамга манавиндан ҳам олиб келайми? – деди томоғига чертиб.
– Ҳа, жигит ўлгур, – кулди Гулшан опа, – уйда бор ундан. Сен айтганларимни олиб кел.
Ўғли кетгач, Гулшан опа ошдан бир хабар олиб, уйга кирди. Меҳмонхонага кўрпача тўшатди. Тўрга иккита ёстиқ қўйдирди. «Ёнбошлаб ўтиради», деди ўзича. Сўнгра ҳаммаси жойида эканлигини билгач, сабрсизланиб, ташқарига чиқди. Йўлга қаради, ичикканидан ошхона – уй оралиғида бўзчининг мокисидек қатнади. Бироз ҳолсизланганини ҳис этгач, ўчоқдаги чўғни тортиб қўйди-да, чўккалаб ўтириб олди. Унинг бу ҳоли жигарбандининг урушдан қайтишини кутаётган муштипар онани эслатарди. У уясида офтоб тафти қайтишини кутаётган беозор мусича каби анча вақт ўтирди. «Ош ҳам тагига олиб кетди-ёв» деди. Катта қизини чақириб, вақтни сўради.
– Ўн бирдан ўтибди, – деди Камола бир қўлида ойна билан ташқарилаб. – Эна, бугун овқат емаймизми?
– Мунча бесабр бўлмасанг, аканг келсин, ҳаммамиз бирга овқатланамиз. Унгача отанг ҳам келиб қолади.
Онанинг гапи тугар-тугамас оғил ёнидан Ихтиёр кўринди. Бола кела солиб, икки елимхалтани онаси ёнига қўяркан, нафасини ростлаб деди:
– Эна, эна, акам билан кетганларнинг бари Сарибойда ичиб ўтирибди. Маст. Сувон подачининг ули «Бахти ҳали келмаса керак» деди.
– Нима? Нимага ундай дейди? – ток ургандек сапчиб ўрнидан турди Гулшан опа. – Нега ҳали келмас экан? Ўзи саломатмикан?
– Яхши экану… – Ихтиёр подачининг ўғли мужмал гап қилганлиги учун онасига ҳеч нарса деёлмади. – Ишқилиб, қачон келишини номаълум экан-да.
Гулшан опа ёқасини тутганича ўтириб қолди. Боягина чақнаб, кулиб турган кўзларига беихтиёр милт-милт ёш келди. Изиллаб йиғлаб юборди. «Нега ҳамма келади-ю, менинг болам келмайди? Бирга кетганлар бирга қайтишмайдими-а?»
– Эна, – деди Ихтиёр онасининг йиғлаётганини кўриб, – мен сизга уларнинг айтган гапларини айтдим. Нима қилай?
– Ўзи бошидан қарши эдим, «Бормасин, шу ерда ҳам иш кўп», дегандим. Даданг тиқилинч қилди. Бир оғиз «Қўй, борма!» деганда кетмасди, – Гулшан опа этагини қайириб, кўз ёшларини артди. – Энди бу нима кўргилик? Бор, отангни чақириб кел!
Мактабдан келиши билан белбоғига яримта нон ва «Кола» идишида сув олиб қўйга кетган бола, қорни очлигини ҳам айтолмай, отаси мола босаётган Хайри фермернинг ерига кетди. Ҳазратқул ака бир соатлар деганда келди. Чорпоя устида мук тушиб ўтирган хотинини кўргач, чанг ёпишган қалпоғини ечиб, кафтига уриб қоқди-да, Гулшан опанинг бошини кўтарди.
– Тинчликми, Ихтиёрни чоптириб юборибсан?
– Тинчлик эмас, – деди Гулшан опа кўзлари жовдираб, – ишга кетганларнинг ҳаммаси кеча, бугун келибди, Бахтиёр келмади.
– И, буни кимдан эшитдинг? – таажжубланиб сўради Ҳазратқул ака чорпоя четига оёқ осилтириб ўтиргач.
– Бойна Салим келди. У менга Бахти бугун келади, деганди. Шунга, қаранг, ош қилиб қўйдим. Қизларга уйларни тозалаттим. Кейин Ихтини дўконга юбордим. У Сарибойда ҳамма ишга борган йигитлар ичиб ўтирганини кўрибди. Сувон подачининг ули «Аканг ҳали келмаса керак», дебди.
– Вой, энағар-э, шунақа дебдими? – деди Ҳазратқул ака қайтадан дўпписини кийиб.
– Улар Бахтининг қачон келишини билмас экан.
– Нега билмайди? Битта жойда ишлаяпмиз дейишганди-ку?
– Бу ёғидан хабарим йўқ. Отаси, ичим куйиб кетаяпти. Бир бориб, билиб келинг.
– Тўғри айтасан лекин. Бориш керак, – Ҳазратқул ака чорпоядан тушгач, аввал «тап-туп» қилиб ер тепганча этиги чангини қоқди, сўнг йўлга тушди. Оғил ёнидаги бурилишга етганда, елка оша хотинига қаради. – Ай, кўпам ичингни емай тур лекин. Ҳозир, бир пасда билиб келаман.
«Бир пасда билиб келаман» деган Ҳазратқул ака тунги соат бир-иккиларда чайқалиб, оғил томондан уйга чиқиб келди. Ҳамон чорпояда мук тушиб ўтирган хотинини кўриб, бир сесканиб кетди. «Кутиб ўтирган экан-да, уккағарди хотини! Лекин гап йўқ!» деди охирги гапини нега айтганлигини ўзи ҳам билмасдан. Сўнг чорпояга ўтираркан, хотинига қараб ҳазилнамо тиржайди.
– Ҳалиям ётмадингми, бойқуш?
Гулшан опа миқ этмади. Эри ичиб келди, демак, нимадир бўлган!
– Нима дейишди? Бахтиёр нега келмабди?
Эр хотини уни нега дўконга юборгани энди эсига тушгандек бир қалқиди, ичидан бўғиб келган аччиқ кекирикни ютиб, жавоб берди:
– Улар Бахтининг қачон келишини айтолмади-ю, лекин бир-икки кунда аниқ келайкан. – Ҳазратқул ака шундай дея камзулини ечиб, чорпоя тўрига отди-да, хотини рўпарасидан пойгакка чўзилди. – Гулшан, сув олиб кел, ичим ёниб кетаяпти.
Бундай ҳолларда дарров сув олиб келинарди, аммо бугун Гулшан опанинг жойидан ҳам қимирлагиси келмади. Эрининг ниманидир яшираётганини билди. «Балки шунинг учун бўкиб ичгандир. Гаплари ҳам алпоқ-чалпоқ» деди. Ҳозир буни аниқлашнинг айни мавриди эканлигини учун ёрилди.
– Сизга ароқ бўлса бўлди! Менинг ўлганим билан ишингиз йўқ! Битта гапни билиш учун одам икки соат кетадими? Йўлга қараб, нима дардда ўтирганимни сиз қаердан билардингиз? Ҳамманинг боласи келди, Бахтиёржон қани? Айтинг, нега гапирмайсиз? Ёрилинг, менам эшитай! Гулшан опа силжиб, эри ёнига келди. – Гапиринг, нима бўлди?
– Айтдим-ку, бир-икки кунда келайкан. Хотин, кўп савол берма, билганим шу лекин.
– Мендан яшираяпсиз. Айтинг!
– Яна нима дей?! – ўшқирди Ҳазратқул ака. Кейин чорпоядан тушиб, негадир қир томонга кетди. Алланималар деб ғўлдиради. От каби депсинди. Қирнинг тепасига чиқаёзганда «гуп» этиб ерга йиқилди ва уввос тортиб йиғлаб юборди. Бу ҳолни кўриб турган Гулшан опанинг бўлари бўлди. Оёғига ковуш ҳам илмасдан ялангоёқ чопиб кетди. Ҳаллослаб бориб, юзтубан ётган эрининг бошини кўтарди ва тиззасига олди.
– Сизга нима бўлди?
– Мен аҳмоқман! – йиғлади Ҳазратқул ака. Сўнг хотинидан юзини яшириб олди.
– Нима бўлди? Гапирсангиз-чи? – эрини силкилаб ташлади Гулшан опа.
– Бахтиёрлар катта обЪектни битириб, қайтишаётганда йўлтўсарларга тушиб қолибди. Унинг ҳозир қаердалигини йигитлар ҳам билишмас экан.
– Нима?! – чинқириб юборди она. – Вой, бола-амм!!!
Она вужудини емириб чиққан фарёд кузги оқшом шабадасида қирдан сойга энди ва адирлар ёнбағрини нолакор сийпаб, кўкка ўрлади. Янтоқ тагида ётган бўзтўрғайлар питир-питир қилиб қолди. Сокин тун бағрини ўткир қилич дамидай тилиб кетган бу аччиқ нидодан беҳузурланиб, «ғийқ-ғийқ» қилди. Бир-бирини яқинроққа чорлади. Онаизор бўлса, «Болам, сени ишга юбормай мен ўлай!» деганича ер муштлади. Бошидаги рўмоли сирғалиб, бўйнига тушди, чуқур-чуқур иҳранди. Ҳазратқул ака эса мажолсиз танасини кўтариб, аёлининг елкасидан қучди-да:
– Тинчлан, улимиз албатта келади. Юр, уйга кирайлик,- деди.
Гулшан опа унамади. Улар анча вақтгача адир тепасида қолиб кетди. Бир-бирининг кўзларига қарай олмай унсиз йиғлади. Йиғидан кўзлари шишиб кетган онаизор қақроқ ерда юзтубан ётган эрининг аҳволига қарашга ботинолмай кўкка боқди. Ҳам нидо қилди, ҳам дуо қилди. «Художон, улимни ўз паноҳингда асра!» дея тангрига ёлворди. Беихтиёр кўзлари мағриб томон оғаётган ойга йўлдош бўлди. Ой билан кезди, ой билан сузди, ой билан сўзлашди. «Боламнинг йўлларини ёруғ қил, оймомо».
Тонгга яқин улар азадан қайтаётгандек мунғайишиб уйга энди. Ҳазратқул ака хотини изидан ҳолсиз судралиб келаркан, эшик олдида унинг билагидан тутди.
– Гулшан, буни болалар билмасин.
У шу гапни айтди-ю, ўзини чорпояга отиб, майда гулли чит ёстиқни юзига босди.
* * *
Кеча кута-кута ухлаб қолишгани учун саҳар туришиб, акасининг келган-келмаганлигини суриштирган болаларига Ҳазратқул ака ҳам, Гулшан опа ҳам бир хил жавоб берди:
– Бахтининг яна озроқ чала иши бор экан. Ҳафта-ўн кун ичида келармиш.
«Бугун келармиш»дан бошланган умидворлик «ҳафта-ўн кун ичида» ҳам қолиб, «бир-икки ой»га кўчди. Бу вақт оралиғида ичидаги дардни қариндош-уруғларга ҳам, қўни-қўшниларга ҳам сездирмасликка ҳаракат қилган Гулшан опа қоқсуяк бўлиб қолди. Қора сочларига ғам-ғуссалар рамзи бўлиб, оқ оралади. Ёшига мос истарали чеҳраси банди кесилган гул каби сўлди. Меҳрибон боқувчи кўзлар гавҳарига ғам салтанати макон қургандек маъюс тортди. Умидвор кўнгли эгалари кўчиб кетгач, атрофини чанг ва ўргимчак уяси іоплаган, бойўғлилар ин қуриб, ҳар кеч, ҳар тонгда ваҳм ва зулмат куйи таралиб турувчи кимсасиз харобага айланди-қолди.
– Гулшан, ўзингни қўлга ол. Ҳали ҳаммаси изига тушиб кетади, – дерди Ҳазратқул ака хотинининг чироқ ёқса ёришмайдиган кўнглига таскин бермоқчи бўлиб. – Бир куни, албатта, Бахти қучоқ очиб кириб келади.
– Қачон? А, бугунми, эртами ё индинми?
– Сиқилма, келади лекин…- Ҳазратқул ака ўпкаси тўлиб, бўғзига тиқилган ҳасратни ичга ютади. – Кўз ёшларингни яхши кунларга асраб қўй, хотин. Ана у ер, мана бу ер бўлса экан, бориб, топиб келсам. У ҳозир қаерда? Бу фақат Худойим таолонинг ўзига аён!
Гулшан опа эри яна бир оғиз гапирса, йиғлаб юборишдан ўзини тийиб, беихтиёр боши сиғмаётган уйда сиқилмаслик, ичикиб, ўзини еб қўймаслик учун чорпояга ҳам чиқмай, эшик олдига эчки терисидан қилинган пўстакни ташлаб, маъюс ўтиради. Бу ҳам бўлмагач, адир томон оёқ илади. То қир устигача бармоқларини бирин-кетин қисирлатиб, кўзларида бир пушмон чизиғини тортиб боради. «Нега юбордик ўзи?» дея қир устидан туриб, олис осмонга, поёнсиз кенгликларга боқади. Дунёнинг нақадар кенг ва нақадар тор эканлигини ҳис этади. Турмуш қурганларидан кейинги, фарзандлари туғилгандаги қувончли ва умидли кечган, кўз очиб юмгунча ўтиб кетган йигирма икки йил, кейинги, гўёки тўхтаб қолган икки ой қаршисида ҳечдек бўлиб туюлади. Вақт – оқар дарё, вақт – дарахтнинг энг баланд шохида кутилаётган умид каби омонат турган кузги япроқ. Кутилганда тонг-да отмайди. Тунлар узун. Гулшан опа қир устида тиззасини қучганича узоқ ўйга чўмади. Жигарбандининг соғинчли сиймосини кўз олди
га келтиради. Унга таваллолар айтади.
«Бахтиёржон, ўтмаган кун борми-а? Нега сени у жойларга юбордик? Отангнинг мияси айниган. «А, борсин, одамларнинг боласи пул топиб келаяпти. Яхши ишлаб келса, бу йил ўқишга киради», деди. Нафси қурсин, болам. Уйи куйсин пулнинг! Қачон қарама, пул, пул, пул. Шу ўлгурни деб сендан, саркор боламдан айрилсам кимга зиён? Менга! Ҳа, менга! Онани яратмасин, болам. Сенга бир гап бўлса, мен ўзимни кечирмайман».
Одатдагидек, ҳадеганда хотини уйга қайтавермагач, Ҳазратқул ака ҳам адир тепасига чиқиб келади. Ўғлининг кетишига, бундай аросатда қолдиришига ўзини айбдор ҳис этган ота тилсиз бўлиб аёли ёнига чўккалайди. Қаршисида ястаниб ётган қишлоққа назар ташлайди, айвон чироқлари милтиллаб турган уйларга разм солади. Сокинлик. Бутун қишлоқ уйқуда, фақат улар иккаласи бедор. ўариб бошлари кенг уйларига сиғмай, адир устини – она табиат қўйнини ихтиёр этган.
– Юр, уйга кирамиз, – дейди Ҳазратқул ака анча вақт муштдеккина бўлиб турган хотини ёнида ўтиргач, унинг елкасидан секингина туртиб. – Вақт алламаҳал бўлди.
Гўёки ҳозир пахтазор томондаги тош кўчада бир машина тўхтайди-ю, ўғли тушиб келадигандек Гулшан опа яна анча вақт умидвор термулиб туради, сўнг чуқур хўрсиниб жойидан қўзғалади.
* * *
Куз охирлаб, қиш келди. Декабр ойи ўрталарида қалин қор ёғиб, ер-сув музлади. Кузги ишлар аллақачон тугаб, уйда ўтириб қолган Ҳазратқул акани энди баттар ваҳима босди. «Қиш келди, улимнинг ҳоли не кечдийкин?» деди уйга боши сиғмай.
– Хотин, – деди у бир куни тонг саҳар туриб, – бугун бориб Салимнинг кекирдагидан оламан лекин. Шу олиб кетмаганда, улим уйда бўларди. Сен билан мен ҳам ичимизни еб, мотам тутиб ўтирмасдик.
– Улим келади, – эрини шаштидан қайтармоқчи бўлдими ёки одатдагидек ўзини ўзи аврадими, Гулшан опа қандайдир ишончли гап бошлади. – Шу десангиз, бугун туш кўрибман. Тушимда Бахтиёржон қир устида оқ от миниб юрибди. Унинг кўзлари ўткир, шижоати баланд эди. Мен уни чақирдим, у эса адирлар оша от чоптириб кетди. Жуда ёмон бўлиб кетдим. Бир пайт қарасам, ошхона эшиги олдида устига бир қоп тегирмон уни ортилган ўзимизнинг қора ҳанги турибди. Билмадим, кейин уйғониб кетибман…
– Яхшиликка бўлсин. Оқ от ҳам, устига ун ортилган улов ҳам яхшилик аломати лекин. Аммо шу пайтгача сездирмай юргандим, негадир энди ўзимни босолмаяпман. Салимни бир нима қилмасам кўнглим тинчимайди…
– Тўғри айтасиз, аслида ҳаммасига ўша шумқадам сабаб! – деди Гулшан опа Салимни қарғаб.
– Бу бола жуда ўзидан кетди лекин. Бориб бир таъзирини бермасам бўлмайди. Унга кўрсатиб қўяман! – деди Ҳазратіул ака ва шарт уйдан чиқиб кетди. Салимни уйидан тополмагач, Сарибойга борди. Дўкончи бугун уни кўрмаганини айтгач, таъби яна-да тирриқ бўлди. Уйга қайтишга оёғи тортмади. «У билан бир ҳисоб-китоб қилиб олмасам бўлмайди, лекин. «Ҳазратқул ака, хавотир олманг, ўғлингизга ўзим қарайман, товонига тикан кирмайди», деганди. Тикан кириш қандай бўлишини бир кўрсатиб қўяман!»
У кун бўйи қишлоқнинг ўнқир-чўнқир кўчаларида юрди. Салимникига борди, тополмагач, Сарибойга кирди, совуқни ва ғазабини енгиш учун ҳар йўли тушганда юз граммдан ичди. Кун ботарда яна Салимникига йўл олди. Хотини унинг қаергадир чиқиб кетганлигини яна эслатгач, аччиқ қилиб, таІин Сарибойга келди. Бир ароқни очиб, дўкончини шерик қилди-да, шишасини сувоғи кўчиб, гувала ғишти кўриниб қолган девор орасига тиқиб, уйга жўнади. Ошхонага етганди, шундоққина ёнгинасидан бир машина келиб тўхтади ва эшик очилиб Салим тушди.
– Ҳа, Ҳазратқул ака, аёзда нима қилиб юрибсиз?
– Энангди маҳрини сўраб юрибман, – деди-ю Ҳазратқул ака орқасига бурилиш баробарида унинг башарасига мушт туширди. Салим «иҳқ» деди-да, қор устига юзтубан бўлиб йиқилди.
– Бу ҳам сенга кам! – тишларини ғижирлатди Ҳазратқул ака. – Кекирдагингни юлиб оламан!
Шу пайт машинанинг орқа эшиги очилиб, ўғли Бахтиёрнинг юзи кўринди.
– Ота?
Ҳазратқул ака бир ўғлига, бир ерда тумшуғини ушлаб ётган Салимга қаради. Сўнг таслим бўлган аскардек икки қўлини кўтарди.
– Салимжон, кечирасан лекин, – деди у Салимни ўрнидан турғазиб. – Жаҳлим чиқиб турганди. Шунга….
Бу вақт оралиғида Гулшан опа югуриб келиб, ўғлини қучоғига олди. Юз-кўзларидан ўпди, сочларини силади, айланиб-ўргилди, кўзларига тўтиё қилди. Бахтиёр нега кеч келганини айтмоққа оғиз жуфтлаганди, онаси унинг лабларига кафтини қўйди.
– Майли, айтма, болам. Мана, келдинг, шуниси кифоя.
Ҳазратқул ака ҳам ўғлини бағрига босиб кўришди, унинг узатган кичик сумкачасига ҳам қарамай, қадоқ қўллари билан елкаларига уриб-уриб қўйди. Сўнг хотинига ва Салимга эшитилар-эшитилмас қилиб, ўғлини янди:
– Ҳе, жигит ўлгур, одамни жуда овора қилдинг-да лекин…