Холиёр Сафаров. Оқибат (ҳикоя)

Азим Ҳайбарович икки ёрдамчисини эргаштириб аудиторияга кирганда «Ҳозир декан келади», деб шивирлаган талабалар «гув» этиб ўринларидан туришди ва жўр овозда салом беришди. Алик олингач, ҳозиргина «205га киринглар», деган ўқитувчи раҳбариятни таништириб унга сўз берди. Факултет декани, аввало, йиғилганларнинг барчасини талабалик бахтига муяссар бўлганликлари билан табриклади, уларнинг келгуси ишларига омад тилаб, университетнинг ички тартиб-интизомлари ҳақида гапириб, мақсаддан оғишмасликни таъкидлади. Шундан сўнг рўйхат бўйича уларнинг ҳар бири билан танишишни бошлади. Азим Ҳайбарович таниша туриб, баланд бўйли, келишган, қош-кўзлари қоп-қора, чайир бир боланинг исм-фамилиясини ўқигач унга тикилиб қолди.
— Назаров, сиз қаердансиз?
— Нуробод тумани, Тим қишлоғиданман, — деди ийманибгина йигит.
— Ғолиб, ота-онангизнинг касби нима?
— Отам оддий ишчи, онам уй бекаси… — бошқа талабалардан фарқли, Ғолиб ҳеч қаерда ишламайдиган, деҳқончилик ва чорвадан кун кўрувчи ота-онаси ҳақида гапирганда партанинг тагига кириб кетгудек бўлмади. Азим Ҳайбарович «Наҳотки унинг ўғли бўлса?» дея қараб қолди. Аудитория ичи иссиқ бўлмаса ҳам, чўнтагидан дастрўмолча чиқариб, бўйни ва пешонасини артди. Ғолиб ажабланди: факултет декани нега бунақа тикилди?
Ота-онасининг ишонган тоғи бўлган ўолиб икки йил деганда талабалик бахтига муяссар бўлганди. Ўғлининг ўқишини номусдай муқаддас санаган отаси ва умри қишлоқдан нарига чиқмай ўтаётган онасининг ягона умиди эди у. Ўшанда йиғлаб юборган онаси ўғлини бағрига босиб:
— Ғолибжон, отангнинг армонлари ҳаққи, сенинг ва укангнинг ўқиши учун бир умр уйда томорқада ишлаб, мол қарашга ҳам розиман, — деганди. Ғолиб бу сўзларни бир дақиқа бўлсин ёдидан чиқармас, хотирасида байроқ қилиб кўтариб юрарди. У неки бир иш қилмасин, ортида отасининг армонли нигоҳи, онасининг маҳзун чеҳраси боқиб турганини ҳис этар, умри меҳнату заҳматда ўтаётган оиласи учун ёруғлик бўлишга интиларди.
Кунларнинг бирида Азим Ҳайбарович Ғолибни қабулига чақирди.
— Кеча ётоқхонага боргандим, қоровул Тошпўлат ака кечки пайтларда бир ўзи қийналаётганини, иложи бўлса, ёрдамчи кераклигини айтди. Шунга сизни ўйладим, кечки соат олтидан то ўнгача Тошпўлат акага ёрдам беринг. Ўзингиз яшаётган жой, бегоналар киришига йўл қўйманг.
Ғолиб аввалига ҳайрон бўлиб, бироз ғижиниб турган эди, бироқ охирги гапни эшитганидан кейин ўйланиб қолди.
— Майли…
Буни эшитиб, Азим Ҳайбаровичнинг юзига табассум югурди.
— Бугундан иш бошланг, аммо бу ўқишингизга таъсир қилмасин. Сиздан умидимиз катта…
Ғолиб деканатдан чиқар экан, яна ҳайрон бўлди. Азим Ҳайбарович нега унга бунча меҳрибонлик қилади? Бўлмаса, факултетда ундан бошқа тўрт юз талаба бор… У бунинг барчасини яхшиликка йўйди ва декан оилавий шароитимизни билгани учун ёрдам қиляпти, деб ўйлади. Ўша куни хонадош курсдошларига «Қоровулнинг олдига тушиб келай…» деб Тошпўлат аканинг ёнига келди ва Азим Ҳайбарович юборганини айтди.
Роппа-роса бир ой тўлган кун Тошпўлат ака ўолибга бир боғлам пул берди.
— Бу нима? — ҳайрон бўлди Ғолиб.
— Ойлигинг.
Кунлар, ойлар шу тарзда ўтар, Ғолиб университетда устозлар эътиборига тушиб борар, ётоқхонадан ойлик олар, уйдан бир сўм ҳам пул сўрамас, ўз кунини ўзи кўрар, қишлоққа борганида ота-онаси ва укаларига совға берганида онаси кўзларида ёш билан «Болажоним-а, ўзингни қийнаб, кечаси қоровулликка тураяпсанми», деб куюнар, ота эса худди бу ерда бир сир бордай ўйланиб туриб, охири бунинг тагига етолмагач, ўғлининг ақлли тадбири ва Тошпўлат аканинг тантилигига қойил қоларди.
— Ишқилиб, еган нонингни ҳалоллаб юргин-да, болам… — дерди. Сўнг бир шаҳарга бориб, ўғлининг ўқиши ва яшаш тарзи билан танишишни ният қилар, аммо дарров фикридан қайтар, «Ўғлимни хижолатга қўяманми…» деб ўйларди. Чунки бир оёғи тиззасидан йўқ эди. Чап томонида қўлтиқтаёқ билан юрадиган, автобус ва поездларда қимтиниб, одамларнинг раҳмини келтирмаслик учун ҳам у, одатда, уйдан узоққа чиқмас, неки юмуш бўлса, аёлига ишонарди. Ғолибни биринчи марта шаҳарга олиб келган ҳам онаси эди…
Ғолиб энди университетда ўтказилаётган илмий конференцияларда қатнашар, маърузалар қиларди. Азим Ҳайбарович эса ундан умиди катта эканини таъкидлаш ва илҳомлантиришдан толмасди. Учинчи курсга ўтганида яна ёнига чақирди:
— Ғолибжон, биласиз, сизни доим кузатиб юраман. Ўқишларингиз, ётоқхонадаги Тошпўлат акага қилаётган ёрдамларингиздан хабарим бор. Илмий конференцияларда чиқишларингиз ҳам яхши. Изланаверинг. Насиб бўлса, сизни ўзим факултетда олиб қоламан. Кўпроқ ўрганинг, илмий мақолаларни ҳам ўқинг. Шунинг учун сизга бир таклифим бор. Манави, университет газетасида иш бор экан. Мусаҳҳиҳлик. Мусаҳҳиҳ нима иш қилишини биласиз-а? — Декан мусаҳҳиҳлик ҳақида батафсил тушунча бериб, — Ҳозир борсангиз, газетанинг муҳаррири сизни кутиб турибди. Боринг, шу иш билан ҳам шуғулланинг, — деди.
Ғолиб деканатдан олдингидан ҳам баттарроқ ҳайратланиб чиқди. Баъзан бировнинг саломига алик олмайдиган, қўрсланиб, бақириб қоладиган деканнинг унга бундай яхшилик қилишларига тушунолмади. Сўнг барча ўқитувчилар ўзларига бир-иккитадан ишончли шогирд олади ва уларни ҳар жиҳатдан қўллайди, балки шундай қилаётгандир, деган хулосага келиб, университет газетаси таҳририятига борди. Муҳаррир уни кутиб турган экан, яқиндан танишиб олгач, икки-учта мақолани қўлига -тутқазди ва хатоларини тўғрилашни буюрди.
Ғолиб кейинги икки ўқув йилини факултет ва таҳририят орасида ўтказди. Кечқурун ётоқхонада Тошпўлат қоровул ёнида бўлди. Энди унинг бўш вақти кам, аммо ўйлаш ва ўқиш учун имкони кўп эди. Яшаш тарзида муаммоси бўлмаган ва икки жойдан маош, тағин стипендия ҳам олаётган Ғолиб ортган пулларини ота-онасига берар, келажакда магистратурага ҳам кириб ўқиш ниятида юрарди…
Машқда қийналган — жангда довюрак бўлади. Тўрт йил ҳам ўқиган, ҳам ўзини тоблаб келган Ғолибга магистратурага кириш қийин бўлмади. Ўзини магистр талабалар рўйхатида кўрган Ғолиб бу қувончли хабарни тезроқ ота-онасига етказиш учун қишлоққа қайтди. Ўғлининг ютуғидан қувонган ота тўрт йилдан бери кўнглига тугиб юрган нияти ижобат бўлганини англади ва ўша куннинг ўзидаёқ бир қўйни сўйиб, ўғли билан шаҳарга йўл олди…
Ота тезроқ факултет декани билан учрашишни орзу қилар, ўғлига қилган беминнат ёрдамлари учун раҳмат айтгиси келарди. Бироқ улар шаҳарга келгунларича қоронғу тушди. Ғолибнинг эса талабалар ётоқхонасидан бошқа борадиган жойи йўқ эди.
Улар ётоқхонага киришаётганда Ғолиб Тошпўлат акага халтадаги гўштни музлатгичга қўйишни, сўнг меҳмон келганини айтиб, гурунгга чиқишини сўради.
— Э, бу киши дадангми? — деди қоровул ҳайратланиб. Сўнг хато қилганини англадими ёки бошқа нарсани ўйладими, ўзига-ўзи минғирлаб «Ҳамма гап бу ёқда экан-да…» деб юборди. Ғолиб буни эшитмади.
— Тошпўлат ака, чиқинг. Отам билан гурунг қиласиз, — деди.
— Албатта чиқаман. Мени ҳам ўзи отангга айтадиган гапларим бор.
Ота яқин орада бундай зинадан чиқмаган эди, чарчаб ҳансираб қолди, аммо ўғлининг китоб тўла хонасига боргач барча чарчоқларини унутиб юборди.
— Энди, ўғлим, битта ош дамланглар. Ҳадемай анув амакинг ҳам келиб қолади…
Ғолиб ётоқхонадаги қизларга илтимос қилиб ош дамлатди. Хонадош дўстини бозорга чиқариб, яна ул-бул олиб келтирди. Орада Тошпўлат ака ҳам чиқди. У Ғолибнинг отаси билан танишиб олгач, ўғли ҳақида кўп илиқ гаплар айтди. Отанинг «Ўғлим билан шунча йил ишладингиз. Қандай бола ўзи у?» деган саволидан сўнг тўрт йилдан бери яшириб келаётган сирни айтиб қўйди.
— Исмингизни Азамат ака дедингизми, — деди Ғолибнинг отасига қараб. Тасдиқ жавобини олгач, сўзида давом этди. — Азамат ака, бугун бу ерга келиб яхши қилдингиз. Ўғлингизнинг яшашини кўрдингиз, дўстлари билан танишдингиз. Эртага ўқиш жойини ҳам кўрасиз. Аммо мени қойил қолдирган нарса ўғлингиз эмас, унинг устози.
Ҳамма қотиб қолди. Ғолиб бир Тошпўлат акага, бир отасига қаради, унга тикилиб турган хонадошига кўзи тушиб, елкасини қисди.
— Азамат ака, сизга айтсам, Ғолибнинг устози Азим Ҳайбарович яқин дўстингиз экан… — деди. Сўнг Ғолибга қараб: — Ғолибжон, энди яширадиган сир йўқ. Бугун дадангга ҳаммасини айтаман. Азамат ака, сизга айтсам, аслида ётоқхонада қоровул бўлиб ишлагани йўқ.
— Ие? — деб юборди Азамат ака. — Қанақасига? Ахир ойлик олган-ку?
— Ҳамма гап шунда-да, ака. Ўша дўстингиз Азим Ҳайбарович Ғолиб сизнинг ўғлингиз эканлигини билгач, менга келиб айтди: “Ғолиб деган болани сизга ёрдамчи қилиб юбораман. У энди ишга кирганини, бўйнида масъулият борлигини билсин, аммо ишлатманг”, деди. Нега десам, «Қоровулликда бунақа «ёрдамчи» деган штат йўқ. Мен дўстимнинг ҳурмати ҳаққи, унга ёрдам бермоқчиман. Аммо менинг ёрдам бераётганимни у билмасин. Шунинг учун ёнингизга қўйяпман. Сиз ҳар куни уни ишлатаётгандек ёнингизда олиб ўтиринг-да, кейин жавоб бериб юборинг», деди.
Ўртадаги ноқулай сукунатни Ғолиб бузди:
— Менга ойликни ким берарди?
— Ойлик деб деканинг ёрдам пули берарди… Ахир, бирор марта ойлик учун бирор ҳужжатга қўл қўйганинг йўқ-ку?!
— Астағфурулло! — деб юборди Азамат ака. Ғолиб эса бошидан совуқ сув қуйилгандек карахт бўлиб қолди. Энди ҳаммасининг тагига етиш учун тезроқ декан билан учрашиш ва бунинг сабабини билиш керак эди.
— Деканинг Азим Ҳайбарович қаерлик ўзи? — деди Азамат ака кутилмаганда.
— У киши ҳам Нурободдан. Аммо қаеридан эканини билмайман. Бу билан қизиққаним йўқ. Билганим, у киши филолог эмас, педагогика факултетини битирган.
Азамат ака бирдан сергак тортди.
— Ўнг қошининг устида холи борми?
— Ҳа.
Шундан кейин ота бошқа савол бермади. Негадир маъюс тортиб, чарчаганини айтдию, тескари қараб ётиб олди.
— Ғолиб, — деди Тошпўлат ака қоровулхонага қайтиш учун ўрнидан қўзғалар экан, — даданг билан Азим Ҳайбарович ўртасида бир гап борга ўхшайди.
— Мен ҳеч нарсага тушунмай қолдим… Балки университет газетасидаги ойлигим ҳам аслида ёрдам пулидир?
— Бунисини билмайман, — деди қоровул. — Билганим, деканинг мард одам экан. Мен ҳам виждонимга хилоф иш қилмадим, деб ўйлайман.
У шундай дея чиқиб кетди. Ғолиб эса эшикка суянганча дастурхон бошида ҳайрон бўлиб ўтирган дўстини ҳам унутиб, каравотда тескари қараб ётган ва негадир елкалари қимирлаётган отасига қараб қолди… «Отам йиғлаяптими?», ўйлади у, аммо бориб қарашга юраги дов бермади…
Азамат ака ўша кеч ўғлига бошқа гапирмади. Ухлолмади ҳам шекилли, туни билан каравот симлари қитирлаб чиқди. Эртаси факултетга чиқиб борар экан, негадир ҳаяжонланар, қўлтиқтаёқ тутган қўллари дағ-дағ титрар, Ғолиб эса отасига нимадир бўлаётганини сезса-да, ҳеч нарса сўролмас, фақат «Ота, чарчаб қолмадингизми?» дерди. Азамат ака деканатга етганида негадир тўхтаб қолди.
— Аввал бориб бил қани, деканинг ўзи шу ердамикан? — деди.
Ғолиб «лип» этиб кириб, котибадан деканни сўради, хонасида эканлигини билгач, дарров изига қайтди ва отасини бошлаб кирди. Котиба Азим Ҳайбаровичнинг хонасига мўралаб: «Домла, сизга келишди», деди. Сўнг ортига ўгирилиб, «Киравераркансизлар», деди.
Аввал Азамат ака, изидан Ғолиб декан қабулига кириши билан Азим Ҳайбарович ўрнидан туриб кетди ва икки қадам ташлагач таққа тўхтади.
— Азамат!..
Азамат аканинг тили айланмас, гўё юришга-да мадори йўқ эди.
— Дўстим… — Азим Ҳайбарович Азамат акага яқин келди ва уни қучоқлаб олди. Гўё бир лаҳзада улар бутун ўтмишни хотирлаб чиққандек курсига ўтириш ўрнига бир-биридан гина қила бошлашди.
— Азим, сендан жуда қаттиқ хафа бўлдим! Мен ўғлим ишлаяпти, ўзи пул топаяпти, десам сен ёрдам бериб юрган экансан-ку? Нега бундай қилдинг? Нега унга ўзингни танитмадинг? — деди Азамат ака дабдурустдан. — Ахир, мен сени кечириб юборган эдим-ку?!
— Қоровул гуллаб қўйибди-да? — деди Азим Ҳайбарович. Сўнг уни ўтиришга таклиф қилди. Қарама-қарши ўтириб олишгач, тик қолган Ғолиб борлигига қарамасдан, энди яширадиган сир қолмагани учунми, декан очиқ сўз бошлади. — Йўқ. Сен мени кечирганинг билан ўзимни-ўзим кечиролганим йўқ. Ўшанда сен мени қутқариб қолмаганингда балки ҳозир тўшакда ногирон бўлиб ётган бўлардим ёки… — Азим Ҳайбарович гапининг давомини гапиролмай қолди. — Ўшанда… севганим ташлаб кетган, дунё кўзимга қоронғу, хуллас далли девонадай катта йўлдан келаётган эдим. Агар сен кўриб қолмаганингда ва келиб мени йўлдан итариб юбормаганингда ҳолим нима кечарди, билмайман. Сен эса мени қутқариб, ўзинг машина тагида қолиб кетдинг. Даволандинг, кейин ўқишни ташлаб кетдинг. Мен эса сени йўқлаб боролмадим. Ўқишларга, ишларга чалғиб кетдим. Худо ҳаққи, оёғингни кестириб ташлаганингни билмас эдим. Мени кечир, Азамат. Ғолибга нима қилган бўлсам, чин кўнгилдан қилдим. Аммо ўзимни танитмадим. Сабаби, кўнгли ўксимасин, дедим. У яхши бола. Университет газетасида ўзининг ҳам хизмати катта.
— У ерда ҳам ўзинг ойлик бердингми?
— Қўявер, муҳими бу эмас. Муҳими, ўғлинг билимли ва умидли мутахассисга айланди. Ўз билими билан магистратурага кирди. Энди унинг йўли порлоқ. Лекин, Азамат, мени бу ишлар учун кечир. Мен нима қилган бўлсам, ўғлингга яхши бўлсин, деб қилганман. Ўзимни танитмаганимнинг яна бир сабаби… баъзан ҳақиқат ва яхшилик сирли бўлгандагина мақсадга тўғри олиб боради… Дўстим, мен барибир олдингда гуноҳкорман. Яна бир умидим, шу йўллар билан ўз гуноҳимни бироз бўлса-да ювиш эди…
Азамат ака ҳеч нарса деёлмади. Ўгирилиб ўғлига қараса, Ғолиб йиғлаб ўтирибди. Бу қувонч кўз ёшими, ҳасратми билиб бўлмас эди. Бироқ, отасининг қўлтиқтаёқда юриш сабабини, йигирма уч йиллик сирни бугун билаётган эди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 32-сон