Холиёр Сафаров. Оғриқ (ҳикоя)

Баланд бўйли, серсавлат, қирра бурун, қошлари қалин Давлатбек ака тиш оғриғидан бу кеча ҳам юриб чиқди: «Воҳ, худди биров миямда арра юритаётгандек зирқиратади-я?!» Зора босилса, деган илинжда тамаки тутатди, фойдаси бўлмади. Уйга кириб ётса, баттар забтига олгандек туюлади.
Соғнинг дардманд билан нима иши бор – хотини ёнгинасида ётган неварасига алаҳсийди-ю, унинг елкасига кўрпасини тортиб, яна пишиллаб ухлайди. Гоҳ-гоҳи уйғониб кетиб, «Бунча дардга бечидамсиз-е? Шу зормандани олдириб ташламагунча қутулмайсиз-ов. Тишингизга нос сурканг қани», деб ғудраниб қўяди.
Давлатбек ака ярим кеча улар билан бир ҳовлида яшайдиган катта ўғлини уйғотиб, ундан бир отим нос олди-да, пахтага ўраб, ўша оғриқ тишига босди ҳам. Аммо бекорга оғзи шилимшиқ сувга тўлиб, кўнгли айнигани қолди. Энди тинчирман, деб жойига ётганди, тишдаги зирқироқ етмагандек кўнгли айниб, югуриб ташқарига чиқиб кетди.
– Воҳ, уйинг куйгур, еди-а, мени… – деди тўн­ғил­лаб. – Эртагаёқ суғуртириб ташлайман! Яхшилик ёқ­майкан, бу тишларгаям.
Давлатбек ака тонгга қадар ҳеч чидолмай неча марта уйга кирди, неча марта ташқари чиқди. Ҳовли айланди, мол-ҳолдан хабар олди. Дарвозани очиб, кўчага ҳам бир қараб қўйди. Ҳаммаёқ сокин. Ҳамма ширин уйқуда. Биргина у икки қўлини чаккасига босганича у ён-бу ён юради. Гоҳ чорпояда оёқларини осилтириб ўтирганча хаёлга чўмади.
Ёшлигида ҳам бир шунақа тиши оғриганди. Раҳ­мат­лик отаси уни эшакка миндириб, «бизди уруғда тиш оғриғи насл суради. Юр, болам, бир иш қиламиз», дея қишлоқ мулласининг уйига олиб борган, бош эгиб ўтирган пайти оппоқ соқоллари тиззасига тегиб турадиган мулла дуо ўқиган кўйи боланинг оғзига қараб, уч марта «суф-суф» қилган, бир парча қоғозчага неларнидир ёзиб берган, сўнг мулла тайинлагандек, то уйга етгунча шу қоғозни оғриқ тишига босиб тишлаб келган, охир-оқибат, оғиз сўлагидан нам бўлиб, ҳилвираб кетган қоғозни ютиб ҳам юборган эди. Не ажабки, ўшанда тиш оғриғи чиндан ҳам босилди. Шуларни эслаб, Давлатбек ака кеча ўғлининг машинасида муллага ҳам бориб келди, аммо натижа бермади. Бу ҳақда кечқурун хотинига – Болқин опага айтганди, аёл кафтини оғзига босиб-босиб кулди.
– Ўлманг-да сиз, оқжол. Олдириб ташлаш керак буни, бошқа йўли йўқ.
– Қайси оғриса олдираверсам, оғзимда тиш қо­ладими?
– Қолган тишларингиз ризқи бутун бўлсин. Тузалмайдиган бўлса, олдирасиз-да, бошқа нима қиласиз?
– Худога шукр, аёллар файласуф бўлган замонгаям етиб кеппиз… – деганди Давлатбек ака жаҳли чиқиб.
Мана, хуфтондан бери яна шу аҳвол. На уйга си­ғади, на ҳовлига. Тонг отишини кутади. Тонгда нажот бор.
Давлатбек ака азонда хотинини уйғотди.
– Бўлди, бошқа чидолмайман, шаҳарга кетдим, занғарни олдириб ташлайман-е! Ўғлингга бериб юбо­радиган нарсаларинг бўлса, бер, шу баҳонада униям кўриб келаман.
– Ҳозир…
Болқин опа шоша-пиша ўрнидан турди-да, ошхонага қараб кетди. Йўлда кета-кета сирғалиб қолган рўмолини тўғрилаб, чорпоя ёнида турган офтобадан юз-қўлини ювди. Шипиллаб бир ошхонага, бир уйга кирди, аммо дам ўтмай бозор халтачани тўлдириб, эрининг қўлига тутди.
– Нима бало бу?
– Тайёр шаҳар боряпсиз, ола кетинг. Тўртта нон, чакки, яна ул-бул нарса. Озроқ пул ҳам қўйдим.
– Шу кенжангга жуда меҳрибонсан-да… – Давлатбек ака жилмайиб қўйди. – Ўзим бир аҳволда бўлсам, бунча нарсани қандай олиб кетаман? – деди, кейин бир қўлида халтача, бир қўли билан белбоғ боғланган чаккасини ушлаганча йўлга чиқди.
Давлатбек ака икки йил олдин нафақага чиққан, аммо ҳали тетик. Фарзандларини бирма-бир ўқитиб, учирма қилди. Фақат шу кенжаси қолган. У ҳам ўқишни битириб келса, армони йўқ. Давлатбек ака педагогика институтини тугатиб келгач, ўз қишлоғи мактабида оддий ўқитувчиликдан мактаб директорлиги лавозимигача ишлади. Раҳбарликдан нафақага чиқди. Энди уйда, аммо беғам ўтиришни истамайди. Ўрганган кўнгил ўртар. Маҳаллага ишга ўтсамми, деб ўйлаб қолади. Аммо раҳбар бўлиб, буйруқ қилиб ўрганган одам, «ука»ларининг буйруғини бажаришни истамайди… Улар ўзлари «Келинг, шу маҳаллага бош бўлинг», деб чақиришмайди. Аросат. Анчадан бери лойқа ҳовузидан бошқани билмаган тилла балиқчага ўхшаб, аччиқ қилгандек қишлоғидан нарига чиққани ҳам йўқ. Болаларининг ишларини сўраб-суриштириб туради-ю, аралашмайди. Четдан кузатади. Энди ҳамма умиди болаларидан. «Мен қирга чиқдим, улар тоққа чиқиши керак», деб қўяди ўзига-ўзи. Бугун яхши баҳона топилди – ҳам тишини олдиради, ҳам ўғлини кўриб келади.
Давлатбек ака бекатда кўп турмади. Дам ўтмай вилоят марказига борадиган автобус келиб, ёнгинасида «писиллаб» тўхтади. У ўзи касал-у, шаҳарга бораётганидан хурсанд боладек бир сакраб автобусга чиқди. Автобус тўла одам эди, ўрта ёшлардаги бир йигит «Э, домла, ассалому алайкум», деб жой берди. Давлатбек ака йигитни танимади, аммо «раҳмат», деб ўриндиққа жойлашди. Сўнг атрофга назар солди. Биров ўтирган, биров тик. Кимдир тиқилган, кимдир ғижинган. Кимнингдир нафасидан кеча ичилган ароқнинг ачимсиқ ҳиди келади. Бир аёл қаерда ўтирганини унутгандек кимгадир кечаги тўй ҳақида гапириб келяпти. Ўртада тик туриб келаётган йигитлар «ғудунг-ғудунг» қилади, қизлар «пишинг-пишинг» қилади. Давлатбек аканинг ёнида ўтирган қиз, талаба шекилли, сипогина, олдида жимитдеккина сумкаси, оёқ тагида бир халтачаси бор. Қўлида уяли телефон, қулоғига қулоқчин тақилган. Гўё ҳеч кимни кўрмаяпти, эътибор қилмаяпти, аммо бошини сарак-сарак қилади. Баъзан ўзига-ўзи жилмаяди, «пиқ» этиб кулади. Кейин дарров яна без бўлиб олади.
– Домла, шаҳаргами? – деди бир маҳал боя жой берган йигит.
Давлатбек аканинг хаёли чалғиди.
– Ҳа… – бош ирғади у.
– А, бу Шурикнинг киносидагига ўхшаб, жағни боғ­лаб опсиз?
– Ай… – Давлатбек ака бошида тик турган йигит­га қараб, қўл силкиди. Кейин шу белбоғни ечиб чиқ­маганига ҳам хижолат бўлди, аммо сездирмади. – Тоза азоб берди. Олдириб ташлайман-е…
Давлатбек ака автобусдан тушиши билан ўзи билган, олдиндан бор ва номи чиққан шифохоналарга бормади, сабри чидамай шоҳбекат яқинидаги «Стоматология» ёзувли эшикка кирди. Қараса, нав­бат йўқ. Бир хушрўй аёл врач йигитга тишларини тозалатиб ўтирибди.
– Бошқа одаминг йўқми, улим?
– Йўқ, бобо. Келаверинг. Ҳозир…
Врач Давлатбек акага яқин келиб саломлашди ва нима бўлганини сўради. Тишлари милкини тозалатаётган жувон жағини бесўнақай қилиб боғлаб олган Давлатбек акага қараб кулимсиради, аммо ўзини тийди. Юзини ўгириб, қўл телефонига бир қараб қўйди.
– Манави жағ тишим бир ҳафтадан бери мени адо қилди, – деди Давлатбек ака врачга аранг оғзини очиб кўрсатиб. – Шуни оп ташлагин, болам.
– Бўлди. Тушундим… – врач йигит уни креслога ўтирғизди-да, ўз столига бориб, дори тайёрлади. Иш орасида деди: – А, бу жағ шишиб ҳам кетибди-ку, бобо, қандай юрибсиз?
– А, шу чидолмаганимдан келдим-да!
Аёл пиқ этиб кулиб юборди. Врач йигит унга «Кулманг…» дегандек бир қараб, шприц кўтарганича Давлатбек аканинг олдига келди.
– Қани, оғизни очинг қани. У-ҳу…
Давлатбек ака энди тишининг оғриётганини ҳам, жа­ғининг қимирлаётганини ҳам сезмай, гапиролмай ан­ча ўтирди. Бу вақт орасида врач аппаратини зувиллатиб, жувоннинг тишлари орасини, милкларини тоза­лаб бўлди. Сўнг унга жавоб бериб, Давлатбек акани столга чорлади. Аввал роса унинг асабларини қақшатиб, оғриқ тишнинг нерв томирларини «ўлдирди».
– Улим, тишимни суғуриш ўрнига жонимни суғуриб оляпсанми, нима бало?
– Бўлди, бобо, озгина чиданг. Тишингиз ўзи ҳали анча соғлом экан. Суякларни ҳам роса ғажисангиз керак-а? Қани…
– Ҳии… – бош қимирлатди Давлатбек ака. – Ооо! Ву, о…
Стоматолог врач уни гапга авраб-авраб, тишини суғуриб ташлади. Кейин уни кўрсатди.
– Қаранг, роса тамом бўлган-ку?
Давлатбек ака қурт еб, емирилиб-емирилиб, қо­ра­йиб, жимитдеккина бўлиб қолган тишига қараб бош чайқади.
– Кўзимдан оловим чиқиб кетди-а?! Лекин энди бир атрофим ёришгандек бўлди. Барака топ, улим!
Давлатбек ака врач айтган пулни бериб, стоматологиядан чиққанида қуёш чошгоҳга келиб қолганди. Қорни ҳам очиққанини сезди, аммо бирор ошхонага кириб овқатланишга кўнгли бўлмади. Врач икки соат иссиқ овқат еманг, совуқ сув ичманг, деган. Ўйланиб туриб, ўғли ўқийдиган университетга борди. У ўғлининг қаерда ва қайси факультетда ўқишини биларди-ю, қаерда яшашини билмасди. «Кўчасини билганим билан уйини тополмайман барибир», деб институтга борди.
Учинчи пара дарслари тугаган, катта танаффус вақти эди. Давлатбек ака бинонинг кириш эшиги олдида туриб, дарсдан чиқаётган талабаларга ҳайрон қараб қолди. Ўғил болалар битта-иккита дафтар, яккам-дуккам китоб кўтарган, кўпида на униси, на буниси бор. Қизларда эса сумка, аммо Давлатбек ака улар олиб юрган сумкага дафтар-китоб қандай сиғишига тушунолмади, айрим қизларнинг кийинишларини кўрганда эса лаб тишлади.
– Ё, тавбангдан кетай! Ҳар замонга бир замон, деб шунга айтсалар керак-да…
Давлатбек ака ҳозир ўғлим ҳам чиқиб қолар, деган умидда эди. Бир маҳал эгнига оқ йўл-йўл кўйлак, кўк жинси шим кийган ўғли қўлида битта бели қайрилган «умумий дафтар» билан эшикдан ғолиб саркардадай чиқиб келди.
– Алмардан?!
Алимардон «ялт» этиб товуш келган томонга қа­ради, қўл силкиб турган отасини кўрди, сўнг бирдан ҳушёр тортиб, атрофга боқди. Давлатбек ака ўғли нега бундай қилди тушунмади, аммо оталарга хос салобат ва ғурур билан унга қараб юрди.
– Алмардан?! Ҳа, бўйингдан!..
– Салом алайкум, – ўғил талабалар орасини ёриб ўтиб, йўлакда кир сумка кўтариб турган отаси билан қўл бериб кўришмоқчи эди, Давлатбек ака ўғлини қучоқлаб кўтарди-да, бир айлантириб, яна жойига қўйди.
– Қандайсан, улим?! Яхшимисан?
– Яхши… – ўғил шундай дея отасига бир қур разм солди. – Бу ерларда нима қилиб юрибсиз?
– Ие, боласи ўлсин, тиш оғриғи еб ташлади, – Давлатбек ака оғзини очиб, олдирган тиши ўрнини кўрсатди. – Шуни деб чиқувдим. Олдирдим. Кейин сени бир кўрай деб, бу ёққа келавердим.
Ўғил ҳаракатларидан оғринганини сездириб қўйди.
– А, эртага шанба эди. Ўзим ҳам борардим.
– Ҳа, борсанг, борарсан. Ўзинг яхшими? – ота ўғ­лига бошдан оёқ разм солди. – Дарслар тугадими?
– Йўқ. Яна бир пара бор. Квартирага борамизми?
– Майли. Қаерда туришингни ҳам бир кўриб кетай.
– Ҳайданг.
Улар факультет биноси ёнидан ўтиб, орқа томондаги маҳаллага кетишди. Йўлда бир қиз Алимардонни тўхтатиб, сўради:
– Тўртинчи пара бўларканми, йўқми?
– Билмайман. Бўлса керак.
– Ҳа, майли…
Қиз шундай дея йўлида давом этди. Ота эса ўғ­лидан сўради:
– Сен тўртинчи парага кирмайсанми?
– Ай! – қўл силкиди ўғил. – Кўп бола кирмайди ўзи.
– Ҳо-а… – отанинг ичида бир оғриқ турди. Кейин ўғлини тергашга тушди: – Сен бола ўқияпман, дейсан-у, қўлингда битта дафтар. Тушунмадим?
Алимардон нима дейишни билмай қолди. Чор­раҳага келиб қолишганди, яхши баҳона бўлди. Гапни бурди.
– Бу томонга юрамиз, ота.
Улар Алимардон ва яна учта йигит турадиган ижара уйга кириб боришди. Ижарачи Давлатбек акани кўриб, ширинсуханлик билан салом берди ва ота­нинг «Булар сизни қийнамаяптими? Айтганингизни қилаяптими?» деган саволига:
– Ҳа, булар жуда аҳил. Ош қилишсаям, бирор мас­лаҳат бўлсаям мени чақиради. Қўли очиқ бачалар.
– Ҳо-а…
Давлатбек ака бошқа гапирмади. Айвон тагидаги газ плитанинг ёнидан уйга киришди. Хонада тўртта каравот. Каравотлар тагида биттадан эски жомадон. Ўртада стол. Ҳам дарс, ҳам овқатланиш учун. Уй тўрида кийим илгич. Яна бир эски шкаф. Дераза токчаларида ва стол четида, каравот тагида уч-тўрттадан китоблар сочилиб ётибди. Бироқ дафтарлар сони китобларга қараганда анча кўп.
– Шу ерда яшаяпсанми?
– Ҳа. Шароитимиз яхши. Газ бор, свет ўчмайди. Хоналаримиз қишда иссиқ.
– Ҳо-а… Университет ётоқхонаси қандай?
– А, у ер зўр! Лекин катта курсларни қўймайди. Жой кам.
– Анавиларни ол, энанг бериб юборганди, – Давлатбек ака қишлоқдан кўтариб келган сумкасига ишора қилди. Шу вақт ташқарида вағир-вуғур бўлиб, изма-из иккита талаба йигит салом бериб кириб келишди.
– Сиз Алимардоннинг отасими? – сўради бири каравотига ўтиргач. Сўнг эгилиб, шимини кўтарди-да, пайпоғи ичига тиқилган дафтарини олиб, дераза токчасига ташлади.
– Кун ёмон исиб кетди-е, – деди иккинчиси ва кўйлагини шимидан чиқарди, сўнг қайиши тагидан битта дафтарни олиб, у каравот устига ташлади.
– Сизлар ҳам ўқишдан келяпсизларми? – сўради Давлатбек ака.
– Ҳа…– дейишди йигитлар.
– Булар курсдошларим, – деди Алимардон. – Бирга турамиз. Яна битта бола бор. У бошқа факультетдан.
– Ҳа. Тўртинчи парага бормайсизларми?
– Йўғ-е, бўлди-да, – кулди ҳали пайпоғи орасидан дафтар чиқарган бола. – Бугунга етади.
– Сизлар келажакда ким бўлмоқчисизлар? – Давлатбек ака бўғзига тиқилган саволни тўхтатиб қололмади.
– Ҳа, дипломни олайлик-чи, бир гап бўлар…
Қолган икки талаба ҳам дўстининг сўзини маъ­қуллагандек бош ирғади. Бу гаплардан отанинг дили оғриди. «Ишонган норим сен бўлсанг…» дегандек аччиқ билан ўрнидан турди.
– Ҳаммаларингга икки! – деди. – Йўқ, бир! Талаба ҳам шунақа бўладими? Сизларда ғурур борми? Эртани ўйлайсизларми? Бу тўрт йил нима? Ўтади кетади. Имкониятлардан фойдаланиб, ўқимайсанларми? Ўзларингни кўрсатмайсанларми? Ўзиям контрактда ўқисанглар керак-а? Эй, қолганлардан қаер­ларинг кам? Тўғри, улар дафтарини пайпоғининг ичига тиқиб ёки қайишининг тагига босиб юролмайди. Кўчада отасини кўриб қолса, хижолат бўлмайди, «Нима қилиб юрибсиз?» деб сўролмайди…
Давлатбек ака шундай дея ёнида хўмрайиб ўтир­ган ўғлининг юзига бир шапалоқ урди. Талабалар бир-бирига қарашди. Алимардон баттар бўзариб, ўзи­ни қўярга жой тополмай қолди.
– Лекин улар билан ота-онаси, яқинлари, ҳатто ма­ҳал­ладошлари, керак бўлса, юртдошлари фахр­ланишади! Бундай ёшлар жуда кўп! Лекин сенлар-чи? Уялинглар! Мана бу ерларингни ишлатинглар! – деб Давлатбек ака ўғлининг чаккасига бир нуқиди. – Одамга ўхшаб ўқинглар! Одамга ўхшаб юринглар!
Давлатбек ака шундай дея индамай хонадан чиқиб кетди. Алимардон қизариб, нима қилишини билмай қолди. Бўзариб турган курсдошларига қа­ради. Улар-да ер чизишарди. У югуриб ташқарига чиқди. Ҳовлида ҳеч ким йўқ. Кўчага чиқди. Қараса, отаси қўлларини силкиб, катта-катта қадам ташлаб кетаяпти. Университетга етиб қўйибди…
Ўша куни Давлатбек ака кун ботганда уйга бир аҳволда кириб келди. Эрининг аҳволини кўриб, Бол­қин опа ҳайрон бўлди.
– Отаси, сизга нима бўлди? Тишни олдирдингизми?
– Уйи куйсин. Тишни-ку олдирдим…
Давлатбек аканинг негадир хўрлиги келиб жим қолди. Ҳануз таажжуб билан термулиб турган аёли бошқа савол бериб безовта қилишга ботинмади.
Тун. Борлиқ яна ғафлат уйқусига ботди. Бир пайт Давлатбек ака қандайдир оғриқдан чўчиб кўзини очди. Бу гал оғриқ унинг чап кўкси тагида пайпасланиб юрарди.

“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 3-сон.