Охирги пайтларда Ҳайдар бобо жуда ғалати бўлиб қолди. Уни гоҳ уй олдидаги омонат курсида мунғайиб узоқ-узоқларга тикилиб ўтирган ҳолда, гоҳ уйи атрофида қўлларини орқага қилганча асабий юрганини, баъзан эса кун қиёмда бўлишига қарамай пешанасига чорси белбоғ боғлаб, томорқасида кетмон ураётганда учратиш мумкин. Ҳаракатлари асабий, ҳавони кесганча ерга шувиллаб ботаётган кетмон тутган бақувват қўлларида аччиқ борлиги яққол сезилади. Ярим соатлар томорқада уннаб, помидор-бодринг тагини юмшатиш ёки кузги тарвуз-қовунга жўяк олиб келишини айтмаса, полизда ҳам деярли иш йўқ. Ярим гектар томорқа бўлгани билан ярмига йўнғичқа, қолганига кўнгил тусаганда узиб келинадиган сабзавотлар экилган. Аслида, бобога шуларни экиш, тагини юмшатиш, вақтида, оби-тобисидан хабардор бўлиш тугул томорқа қилишнинг ҳожати йўқ. Кампири икковига давлат бераётган нафақа етади. Бироқ бобо ичи танг одам, уйда моғор босиб ўтиролмайди. Кейин кампирнинг аҳволи чатоқ… Шунинг учун дои
м ториқиб юради. Уй айланиш, қоқ тушда томорқада ишлаш, тонг саҳар ва кечки салқинларда уй олдида узоқ-узоқларга ўйчан тикилиб ўтириш сабаблари ҳам шундан…
У ўрта бўйли, елкалари кенг ва тўлагина, истарали одам. Пайғамбар тўйини қилиб бергандан сўнг соқолни ҳам олмай қўйди. Умрини колхоз ишига, аниқроғи, агрономликка бағишлаган қария салкам қирқ йил бир колхозда ишлади. Олтмиш ёшида нафақага чиқди ва уйда кампири билан болаларининг ёнида ўтириб қолди. Эндиги қиладиган иши тўй-маъракаларда кайвонилик ва томорқага қараш, оғилда боғлиқ турган тўрт-беш қорамолини айлантириб юриш.
Ҳайдар бобо шунисига ҳам қаноат қилади. Рўзғори тинч, болалари соғ-саломат. Бироқ икки қиздан кейин туғилган ўғлини ёшлигидан кўп эрка қилиб қўйган экан, анча қулоқсиз чиқди. Катта умид билан Тошкентга ўқишга қўйганди, аммо учинчи курс вақтида шўхлик қилиб қўйиб, ҳайдалиб келди. Шунда ўғлини колхозга ишга жойлаштирди ва ўша қизга мажбур уйлантирди. Келин ҳам қулоқсиз ўсган экан, уларнинг иззатини жойига қўймади. Шунда у энг тўғри йўл шу, дея ўғли билан келинини кўчиртириб юборди. Кейинги қизи ўқимади, тўй бўлиб кетди. Кампири ҳам бақувват ва бироз иддаоли эди, ўғлининг шундай қилганига «Келинга қараб қолган куним йўқ!» деб уй ишларини ўзи қилиб юрди. Кенжа ўғли мактабни битирганда чол-кампир уни ҳам Тошкентга ўқишга юборди.
– Аканг мени сондан чиқарди. Ҳеч бўлмаса сен тузукроқ одам бўлгин. Сизлар яхши жойда ўқиб, элнинг хизматида бўлмасанглар Ҳайдар отим қаерда қолади? – деди бобо кенжасини ўқишга юбораётганда.
Кенжа ўғил ўқишга ҳам кирди, олийгоҳни аъло даражада тамомлади. Сўнг отасидан магистратурага киришга рухсат сўради.
– Майли, болам, – деди Ҳайдар бобо. – Ўқи, олим бўл! Ишқилиб, ё отинг, ё зотинг чиқсин! Лекин айтиб қўяй, келаси йил уйланасан!
– Магистратурани битириб кейин уйлансам яхши бўларди-да, ота…
– Айтганимни қил, кам бўлмайсан, – ўғлининг гапини чўрт кесди бобо. – Мен ҳам отамни айтганини қилиб, кам бўлмаганман. Мана, худога шукр, ҳурмат-иззатим жойида. Сен қулоғингни қимирлатмай ўқийвер, қолгани билан ишинг бўлмасин.
Ҳайдар бобо айтганини қилди. Ўғли бир йил ўқигандан кейин «Бўлди энди, уйланасан. Ҳар ишда бир ҳикмат бор, улим. Шу вақтгача Худо сенга бир ризқ бераётган бўлса, уйланганингдан сўнг буни иккита қилиб қўяди. Фақат ўзинг, сўзинг тўғри бўлса бўлди. Магистратурам тугагани йўқ дема, бир йил ҳам кўз очиб юмгунча ўтиб кетади», дея ўзлари топган қизга уйлантириб қўйди. Ўғли бир оғиз «Ота, менинг кўз остига олганим бор эди» демади. Келин ҳам келин экан, қайнота-қайнонасининг қўлини совуқ сувга урдирмади. Шундай бўлса-да энди келиндан ёлчиган Ҳайдар бобо орзу-умидларга кўмилиб, центябрда келинини ўғлига қўшиб, шаҳарга юборди.
– Ота, келинингиз хизматингизни қилсин, ҳали шаҳарда уй-жойим бўлмаса… – деди ўғли акаси хотинининг чизиғидан чиқмаганлиги учун рўзғори алоҳида бўлгани, жиянлари қарашиб турса-да, онаси қийналаётганини кўриб.
– Ундай дема. Майли, илойим бошларинг омон бўлсин, – дея ота ўғли билан келинига оқ фотиҳа берди. – Мен сенинг шу қирлар орасида мендай номинг чиқмай ўтишингни хоҳламайман. Ўзинг истадинг, олим бўл, аммо икки қулоғинг билан ҳам эшитиб қўй, қайда бўлсанг ҳам одам бўл! Йигит пирларинг қўллаб, эл олдида тилинг устун, сенинг ортингдан бу ерда бизнинг ҳам юзимиз ёруғ бўлсин. Келиним икковларинг ўзларингдан кўпайиб, ували-жували бўлиб юринглар. Биздан дуо, сизлардан ҳаракат, улим. Интилганни худойим зориқтириб қўймайди. Биздан хавотир олманглар. Отдаймиз. Сизлар шаҳарда палак ёзиб, униб-ўсиб кетсанглар, бизга қилган хизматларинг шу бўлади. Ҳеч иккиланма. Иккита олий маълумотли битта шаҳарда ўзларингни эплаб кетолмасанглар уят. Дўст бор, душман бор. Битта уй топ. Оғилдаги молларни мен гўримга орқалаб кетмайман. Сотиб бераман. Ўзи бир-иккитасини анов бетайинга бермоқчийдим, ўзи ихлосимни қайтарди, энди ўзидан кўрсин…
Шундай қилиб, ота-она дуоси билан кенжа ўғил хотинини олиб шаҳарга кетди. Чол ва кампир яна ёлғиз қолишди. Кунда, кунора қизлари хабар олиб туради. Иккинчисининг уйи яқин, ҳар икки кунда келиб, нон ёпиб беради. Кампир эса мункиллаб бориб сигир соғади, рўзғор қилади. Уларни одамлар Ҳайдар бува, Зайнаб момо де-йишади, ўша вақтда бобо олтмиш беш, момо олтмиш бир ёшда эди.
– Бир қиздан қаерим кам? Керак бўлса улар қилган, ишни ўтирган жойимда бажараман. Худога шукр, тани-жоним соғ, – дерди Зайнаб момо битта-ярим «Момо, сизга зарилми, қариган чоғда шунча ишни қилиб? Ана келинингиз бор. Қисин шулар» дегичларнинг оғзини ёпиш учун. Аслида момо ҳам ўзидан ўтганини ўзи биларди. Тўнғичи хотин қули бўлиб, шаҳардан топган жи-блажибонига ёпишди қолди. Келин келганида юкли эди, бир ой ҳам тайинли хизматни қилмади. Ўзини авайлаш баҳона қўлини совуқ сувга урмайдиган, рўзғор ишларини ўз-ўзидан қайнонанинг бўйнига ташлаб қўядиган, керак бўлса, «Вой, тўртта қўлим борми-а? Қайси бирларинга бўлай?» дея зарда қиладиган, жеркиб ташлайдиган одат чиқарди. Валади зиносини туққанидан сўнг эса тамоман ўзгарди. Шунда момонинг тоқати тоқ бўлди. Ҳар не бўлса ҳам чақалоқнинг чилласи чиққанича олдида олиб турди. Ирим-сиримларини қилдирди. Ҳатто келиннинг инжиқлиги, унинг бошида айланаверишини истамай «Болага қараш сизга қолдими?» дея жеркишларига
чидади. Бир оғиз «Болада нима айб? Пок-покиза юриб, эл олдида юзимни шувит қилмаганларингда сенларни бошимга кўтармасмидим» деёлмади, аммо чақалоқнинг чилласи чиқиши билан чолига ёрилди.
– Бобой, буларни нима қилсангиз қилинг. Анув участкага кўчириб юборасизми ёки ундан наригами, ишқилиб кўзимдан пана қилинг. Шу уйинг куйгурларга куним қолгани йўқ. Бир рўзғорнинг иши бўлса, ўзим қиламан! Бундай келиннинг боридан йўғи авло…
Ҳайдар бобо ҳам бор дардини ичига ютиб юрган эмасми, қадоқ қўлларини мушт қилди. Мук тушиб ўтирганича кампирига узоқ тикилди. Сўнг деди:
– Эртагаёқ изини қуритаман. Ҳайла, тайёр участка. Борсин-да, хоҳлаганидай яшасин. Шунда отанинг қадрини билади.
Танти қария шу куни ўғли билан келинига кўч-кўрони билан чиқиб, кичикроқ уй солиб қўйилган участкага бориб яшашини буюрди. Эр-хотин «Ие, нега бирдан ўзгариб қолдингиз?» демоқчидек қараш қилди, аммо ота чўрткесарлигидан бунақа саволлар ортиқчалиги, бариси ўзларининг номуслик иши учун бўлаётганлигини билди. Ўғил бир оғиз «Ота, кечиринг. Ўла-ўлгунча хизматингизда бўлайлик. Ахир қандай сизларни ёлғиз ташлаб кетамиз» дея олмади. Аксинча хотинининг «Қачондир бу жодугар кампирнинг шундай қилдиришини билардим» деган иддаоси билан қулоғини ҳам қимирлатолмади.
Эртаси куни ўғли миқ этмасдан кўрпа-тўшак, тақир-туқурларини тележкага ортаётганда ота чидолмади. Ўпкаси тўлиб кетди. «Шундай ул ўстиргунча…» дея давомини гапиришга ҳам бўлмай аввалига уй айланиб юрди, бўлмади. Юраги куйиб, бўғзига аччиқ бир нима тиқилиб кетаётгандек туюлаверди. Қараса, кампири ҳам ўзини қўярга жой тополмаяпти. Гоҳ уйга киради, гоҳ ошхона томонга ўтиб кетади. Боши эгик, кўзлари бир нуқтага қадалган. Катта оқ рўмол учини тутамлаб лабига босганича у ёққа, бу ёққа юради. Бобо хотини ичикаётгани, ҳозир бир-бирларига бир оғиз гап айтса, қароқларида қалқиб турган надомат кўз ёшларини тиёлмай қолишдан чўчиди ва индамай қирга чиқиб кетди. Адир тепасида шимолдан эсаётган эрталабги шабадага кўксини тутди-ю, чуқур уҳ тортди. Шу вақт эти жунжикиб, аъзои бадани титраб кетди. Кўзларига аччиқ ёш қуйилди.
– Аҳ, ноқобил бола-я, – деди чўнтагидан рўмолчасини чиқариб юзига босаркан. – Сен туғилганда қанчалар қувонган эдим. Энди-чи? Жигит ўлгур, одам бўлиб, кўзга кўринар пайтингда қилаётган ишингни қара?..
Ҳайдар бобонинг ҳаёт-мамот ўйини кетаётгани учун ўз уйига қарашга юраги бетламади. Тескари қараб ўтирди. Тиззаларини қучганча олис-олисларга кўз тикди. Болалик дамлари ўтган адирларни, Ҳайдар бўлиб танилган кенг пахта далалари ва қаршисида ястаниб ётган колхоз ерларига қараб туриб, баттар хўрланди. Кун чошгоҳга келиб, офтоб қиздира бошлаган эмасми, елкалари қизиб, икки кураги таги ачишгандек бўлди. Шундай бўлса-да у анча вақт, то ўғли билан келини кўрпа-ёстиқ ортилган тележкага миниб, қораси ўчгунча терс бўлиб ўтирди. У ҳеч қачон бунчалик хўрланмаган эди. Ҳатто ота-онаси вафот этганда ҳам «Қисмат экан-да, энди оғир бўлишим керак. Ота-она ўлмоғи мерос…» дея ўзини қўлга олган, яқинларининг «Худо сабр берсин» дея елкасига қоқишларидан аллақандай мадад топгандек бўлган, бироқ бугунги аҳволига на юраги, на ақл-идроки бардош берди. Бу дам елкасига уриб, мадад бўлгувчи, ҳол сўровчи ҳам топилмади. Ўзингдан чиққан балога, қайга борарсан давога…
Ҳайдар бобонинг юраги куйди. Бургутдай одам қир устида чумчуқдай бўлиб қолди. Эсаётган шабада гўё унинг қулоқлари остидан абадият куйини чалиб ўтаётгандек, авж пардалар хониши унинг бола тарбиясида қаерда хато қилганини тополмасдан ўкиниб, қалбини ўртаётган нолишларига уйғунлашиб кетаётгандек бўлди. Токи, ўғлининг қораси ўчди, кейин қиялаб пастга энди. Уйга кирса, кампири йиғлаб ўтирибди. Эшикка суянган куйи бир зум мук тушиб ўтирган кампирига қараб турди, сўнг деди:
– Кампир, сассиқ деб бурунни кесиб ташлаб бўлмайди. Ўз пуштикамаримиздан бўлган фарзанд. Фақат қаердадир хато қилибмизки, тарбияси бузуқ чиқди. Майли, кетсин, ўзи билади. Бир кун «тақ» этиб пешанаси тошга тегади, кейин одам бўлади. – Ҳайдар бобо шундай дея хотинининг ёнидан чўккалади. – Оғир бўл. Шуларсиз ҳам кунимиз ўтади. Оёқ-қўлдан қолганимиз йўқ. Ўзингни қўлга ол. Эшитган қулоқ нима дейди? Оғзинг қонга тўлган бўлса ҳам душман олдида туфлама, деган гап бор…
Шундан бошлаб чол-кампир аччиқ билан яшай бошлашди. Бу орада кичкина қизини узатди. Кейин ёрдам бериб турсин, дея катта қизининг тўнғичини, невара қизни олиб келишди. Кенжа ўғли ўқишни битирди. Бир йил магистратурада ўқигач, уйланди, ўзларининг рухсати билан хотинини ҳам шаҳарга кўчириб кетди. Аммо улар бирор марта катта ўғли ва келинга қайишмади. Улар ҳам бетиқалинлик қилиб яшайверишди. Бир марта, қишда пулсиз қолиб ёрдам сўраб келди. Бобо ўғлининг сўровига жавоб ҳам бермади. Уйдан чиқиб кетди. Ярим соатлардан сўнг ўғли кетди. Уйга кириб, кампирига «Пул бердинг-а?» деди. Зайнаб момо эса «Йўқ, ўлибманми?» деди-ю кўзларини олиб қочди. Ҳайдар бобо билди, кампири пул берган, лекин ҳеч нарса демади. Тикилиб-тикилиб турди-ю, яна ташқарига чиқиб кетди. Мол-ҳолдан хабар олди. Қиш. Оғилда икки соғин сигир, бир ҳўкиз ва элликка яқин қўй-эчки, бир эшак, бир от унинг қўлига қараб қолган. Кампир уй ишларини қилади.
Ҳайдар бобонинг бомдодни ўқишдан бошланган куни қишда эрталаб бир мол-ҳолдан хабар олиш, кейин нонушта ва то тушгача иссиққина сандалнинг икки ёнида ўтириб суҳбат қуриш. Радио эшитишади, телевизор кўришади. Неваралари келиб қолса гурунглашиб, ҳазил-ҳузул қилади. Гоҳи эса ўғлини ўйлаб ториқиб кетади. Чиқиб, мол-ҳол баҳона уй айланиб юради. Ёзда эса молларни подачига, қўйларни чўпонга бериб, кампири иккаласи уй олдига сояга чиқиб ўтиради.
Кенжаси магистратурани битирган йили қиш қаттиқ келди. Қор устига қор ёғди. Изғирин. Неча кунки ердаги муз эримайди. Чол-кампир эса ҳамон иддао билан яшайди. Бир куни фалокат юз берди. Эрталаб сигир соғиб қайтаётган кампир Ҳайдар бобо қоркурак билан уйдан ошхонага, ошхонадан оғилгача очиб чиққан йўлакчадан эҳтиётгина бўлиб келаётиб, ошхонага чиқишдаги бироз нишабликдан бир оёғи тойиб кетди-ю, гурсиллаб йиқилди. Челакдаги сут ерга тўкилиб, қорда сарғиш из қолдирди, ўзи эса қаттиқ инграниб, чолини чақирди.
– Бобо-ойй…
Молхонада куймаланиб юрган қария «Эҳҳ?!» деди-ю, югуриб келиб кампирини кўтариб олди, аммо Зайнаб момо оёғини боса олмади.
– Палакат, оёқни ебсанми дейман? – деди-да, куёв келинни кўтаргандек зорланиб инграётган кампирини даст кўтариб, уйга олиб кирди. Сандал ёнидан ётқизди ва вой-войлашига қарамай лозимини эти қочган сонларигача кўтариб, оёқларини бараварига уқалашга тушди. «Синмаганмикан?» дея қўрққан бобо оёқни уқалашдан тўхтаб, стол устида турган сарёғ банкани олди-ю сандалга, чўғ солинган тоғора ёнидан қўйди. Ёғ қизигунча эса кампирини овутиб турмоқчи бўлди. – Кўзингга қарасанг бўлмасмиди?-деди ҳадеганда миясига бир жўяли фикр келмай. – Эҳтиёт бўл-да, касофат…
Кампир миқ этмади, кўзларини юмганича лабини тишлаб ўтирди. Қисқа-қисқа ингради. Ҳайдар бобо исиган сарёғни олиб, энди кампирининг сони ва белини уқалади. Шунда Зайнаб момо бироз тинчланди, йиғи-сиғини йиғиштириб, бир чолига, бир сандал кўрпасидан ярим чиқиб турган чап оёғига қаради ва:
– Мен шўрга бу кунам бормиди… – деб юборди.
– Ҳай, ўзингни тут. Мен ҳозир… – чол шундай дея ичикиб ташқарилади ва уй ёнига ўтиб, қўшнининг катта ўғлини чақира бошлади. – Алмардан, ҳов Алмардан?..
Зум ўтмай уй ёнида ўн беш-ўн олти ёшлардаги озғингина йигитча пайдо бўлди.
– Ҳа, Ҳайдар бува?
– Тез келда бу ёққа.
– Ҳозир, – йигитча зипиллаб етиб келди. – Тинчликми, бува?
– Тинчликмас. Тез бориб, анов Маҳмуд дўхтирни айтиб кел. Ҳайдар бувамнинг хотинининг мазаси бўмай қопти. Тойиб йиқилибди де.
– Майли.
Қўшнининг ўғли ярим соатга қолмай қишлоқ мактабининг ёнида яшайдиган дўхтирни бошлаб келди. Кампирнинг бироз иситмаси ҳам кўтарилган экан. Маҳмуд дўхтир бир-иккита укол қилди, аммо оёғи ҳақида бир маънили гап айтолмади. Бир-икки «Момо, оёққа нима бўлди, оёққа?» деди. Момо эса жавоб бериш ўрнига кўзларини юмганча инқиллаб-инқиллаб ўтирди.
– Билмадим, бува, табибга кўрсатинг. Чиққан, цинганни улар билади, – деди Маҳмуд дўхтир охири нима қиларини билмай.
Шундан сўнг Ҳайдар бобо «Қанақа дўхтирсан-э? Бўпти, боравер» дея дўхтирга жавоб бериб юборди ва яна Алимардонга илтимос қилди.
– Улим, яхшиям сен бор экансан. Садағанг кетай, мен момони олдида бўлай, сен бизни отни мин-да, Марди табибни чақириб келиб бер энди.
Нариги қишлоқдан бир соатларда етиб келган табиб чолнинг ижозати билан момонинг сонларини лозими устидан уқалаб-уқалаб, тизза ва бел суякларини босиб-босиб кўрди-да, елка қисди.
– Ҳаммаси жойида-ку, бува?
– Қизиқ гапирасан, Марди, – ғижинди чол. – Ҳаммаси жойида бўлса, сени чақирармидим. Кўраяпсан-ку, оёғини босолмаяпти.
Шунда Зайнаб момо бир зум жим қолди-да, секин эрига деди:
– Ҳеч нарсани сезмаяпман.
– Нима? – Ҳайдар бобонинг ранги оқариб кетди.
– Тавба де-э, кампир, тавба де.
Бу гапни эшитиб, табибнинг ҳам қути учди.
– Бува, ундай бўлса, момони шаҳарга олиб бориш керак. Травматологияда ўн кун ётса, отдай бўлиб кетади.
Ҳайдар бобо табибнинг айтганини қилиб, ўша куни Алимардонга уйига кўз-қулоқ бўлиб туришини тайинлади ва машина топиб, кампирини туманга олиб кетди. Шифокорлар умуртқа поғонаси цинганини айтишди ва операция қилиб, ойлаб даволашди, аммо Зайнаб момо табиб айтгандек отдай бўлиб кетмади. Шаҳарга қай аҳволда борган бўлса, яна шу аҳволда қайтди. Энди унинг бир томони, танасининг чап қисми ишламас, қўл-оёқ ҳеч нарсани ҳис қилмасди. Кампир бутунлай фалаж бўлиб, тўшакка михланиб қолган, чол эса гоҳ кампири ёнида, гоҳ мол-ҳолнинг тагида овора-сарсон. Қизлари шу ерда. Бир куни ўғли ҳам келди, аммо Ҳайдар бобо уни уйга киргизмади.
– Йўқ бўл, кўзимга кўринма! Менинг сендай болам йўқ! – деб юборди жаҳл устида. Ўғил бўйни қийшайиб қолгандек орқасига қарай-қарай изига қайтиб кетди. Бир-икки марта «Ота, ота…» дея оғиз жуфтлади, аммо Ҳайдар бобо уни гапиришга ҳам қўймади.
Икки катта қиз ўн кун алмашиб онасига қарашди. Кичкина қизам кунора келиб турди. Опа-сингиллар нима қилишини билмай сим каравотга ётқизиб қўйилган волидалари пойида ўкиниб-ўкиниб йиғлашди. Шунда ота уларга ҳақ гапни айтди.
– Қизларим, ҳаммаси худодан. Баринг тўдалашиб энангди юрагини эзманглар-да, уйларингга боринглар. Сизларники ҳам рўзғор. – У шундай дея катта қизига юзланди. – Сен тўнғичингни яна қолдирасан. Кир-чир, овқат-поқатга қарашиб туради. Қолганига ўзим, пешанадан кўраман…
– Акамни чақирсак бўларди, – деди кенжа қизи.
– Бунча қайсар бўлмасангиз,– деди катта қиз.
– Ота, – деди-ю, давомини айтолмади ўртанчаси. Онасининг оёғини қучоқлаб, увиллаб йиғлади.
Энди қизлар кунда-кунора хабар олиб турар, Ҳайдар бобо эса билганидан қолмасди. Кампирининг ёнгинасидан ерга тўшак солдириб ётар, бир кеча-кундузда неча бор кўтариб ҳожатига олиб чиқар, яна киритиб ётқизар, бомдодга жуда барвақт турар, таҳорат қилиб келгач жойнамоз устида узоқ қолиб кетар, Худога ёлвориб, кампири дардига шифо сўраб ўтирарди.
«Эй, Парвардигор, қариган чоғимда нега мени бу кўйларга солиб қўйдинг? Бу билиб-билмай қилган гуноҳларим жавобими ёки қайсарлигимнинг синовими? Майли, севган қулингга дард берасан, шифосини ҳам ўзинг бергин. Бандангга яхшилик қилай десанг, бировларга ҳожатманд қилиб қўясан. Ишқилиб, юзимизни ёруғ қил. Салкам қирқ беш йиллик йўлдошимни, қирқ беш йил бошимда кўтарган одамимни яна азиз қилдинг. Бу синовларни енгиб ўтишда ўзинг сабот бер, саодат бер, Тангрим. Сендан ўзга мададкор, халоскор йўқ»!
Қизларининг кетганига икки кун ўтмай, бу хабарни ким етказган, кенжа ўғли хотини билан кириб келди. Ҳайдар бобо ўғлини кўриб кўзларига ёш олди ва бунақа одати йўқ эди, ўғлини бағрига босди. Эр-хотин онанинг аҳволини кўриб, йиғлашди. Зайнаб момо ҳам ўзини босиб туролмади.
– Қариган чоғда шундай бировга қараб қолдим, болам, – деди у каравотдан бошини аранг кўтариб. Сўнг чолининг ёрдами билан болалари баттар ичикмаслиги учун туриб, бир пас оёғини осилтириб ўтирди.
Аслида нима бўлганини эшитиб, кенжанинг эсхонаси чиқиб кетай деди.
– Тошкентга оборамиз, – деди нима қиларини билмай.
– Йўқ, – афсус билан бош чайқади ота. – Фойдаси йўқ, қаричилик.
– Олтмиш бир ёш қариликми? – кенжанинг кўзларига яна дув-дув ёш қуйилди. – Саксон, тўқсонлар қаерда қолди? Йўқ, ота, энамни Тошкентга олиб кетаман!
– Менам билмасам гапирмасман… – деди-ю, Ҳайдар бобо ҳам ҳиқиллаб йиғлаб юборди.
Кенжа ўғил ўша куннинг ўзида онасини Тошкентга олиб борди. Врачлар умуртқа жойига тушмаган, фалаж деб ташхис қўйишди, қайта операция қилишди, аммо ҳеч нарса ўзгармади. Шифокорлар буни қаричилик ва танадан шижоатнинг йўқолиб бораётганлигига йўйди. Шунда ўғил ноилож онасини олиб, яна қишлоққа қайтди. Ҳеч нима қилолмагани учун қаттиқ изтироб чекди. Начора, осмон йироқ, ер қаттиқ.
– Ҳозирча келинингиз сизга ёрдам бериб туради. Мен ҳам ҳафта охиригача ариза ёзиб, ишдан бўшаб келаман, – деди отасига. – Бундай қараб турсак бўлмас. Табиб-пабибларга обориш керак. Энам шундай ётса, менинг олимлигим кимга керак?
Ўғил ўзини қўярга жой тополмас, уй ичида у ёқдан-бу ёққа бориб келарди.
– Улим, – деди Ҳайдар бобо ўғлини тинчлантириш учун. – Худо дард берибдими, насиб бўлса, бир кун шифосини ҳам беради. Майли, юз йил шундай фалаж ётсаям ўзим қарайман. Бўпти, келин қолсин, аммо сен кетасан. Олимлигинг менга керак! Сенга бу жойларда номинг чиқмай ўтишингни хоҳламайман, деганман. Эсингда, а? Улим бўлсанг, айтганимни қиласан! Фақат тез-тез хабар олиб тур.
Ҳайдар бобо шундай дея кенжасини шаҳарга қайтариб юборди. Келин уч ойлик ўғилчаси билан ёнида қолди. Шунда қайсар чол катта неварасига ҳам жавоб бериб юборди. Яна одатий кунлар бошланди. Ҳайдар бобо жойнамоз устида узоқ қолиб кетар, келин сигир соғиб, чой дамлаб келгунча кампири ёнида ўтириб, сўнг бирга нонушта қилар, баъзан чирқираб йиғлаб қоладиган неварасини тебратар, гоҳида қўлига олиб, мунчоқдек кўзларига тикилиб ўтирар, бир ёнида ёшлик рамзи – кўзлари кулиб турган, кулгулари олам ёритувчи ёш гўдак, бир ёнида қарилик ва дунё ўткинчи эканлигини бўйнига олиб бораётган кампирига қараб туриб, юраклари куярди. Зайнаб момо қаттиқ сиқилаверганда, ҳожатга чиқмоқчи бўлганда, кўтариб ташқарига олиб чиқар, сўнгра алам ва изтиробларига чидамай ўзини гоҳ ичкарига урар, кўпинча уйга киришга юраги бетламай неварасини кўтарганича ҳовли айланиб юрар, қирга чиқар, оғилдаги молларга қараб, томорқада ишлар, кундан-кунга сўлиб бораётган кампирининг тузалишига
умид боғлаб яшарди.
Ҳайдар бобо шу тарзда тўрт ярим йил яшади. Бу вақт ичида чўкиб, бутун ўй-хаёли, орзу умиди, ҳатто олган нафаси, ўзлиги ҳам кампири бўлиб қолди, аммо бешафқат тақдир Зайнаб момога қайта иккала оёқни бирдан босиб ташқарига чиқишни насиб этмади. Сўнгги бир ярим йил ичида тамомила тўшакка михланиб қолди. Бир-иккита тенгқурлари Ҳайдар бобога йўл-пўлда учрашиб қолганда «Ҳайдар, сенга қойил. Бунча дийданг қаттиқ бўлмаса» дея унинг бардошига тан берса, «Бундан кўра, бошқасига уйлансанг-чи?» дегувчилар ҳам бўлди. Бундай пайтлар Ҳайдар бобо шунақа сассиқ гап қилиб жиғига тегаётганларнинг жағини қулоғи орқасига ўтказиб, қайтиб тилини чиқаролмайдиган қилиб қўймоқчи ҳам бўлар, аммо кўз кўзга тушади, деб ўзини босар, уларга тикилиб туриб-туриб, «Омин» дея даврадан чиқиб кетарди. Уйга кела-келгунча ич-ичидан куйиниб йиғлар, уйга келгач кампирининг этсиз қўлларини ушлаганича киртайиб қолган кўзларига тикилиб ўтирарди. Шундай унсиз термулиш ва сўзсиз мулоқотларни
нг бирида, эрта саҳарда Зайнаб момо бомдодни ўқиб, ёнгинасидан келиб ўтирган чолининг қўлини ушлаб туриб, деди:
– Сизниям кўп қийнадим-а? Лекин сиздай тоғим борлигидан бошим осмонга етади. Мен бахтли аёлман. Сиз мард одамсиз. Мени кечиринг. Мендан рози бўлинг…
– Кампир? Эҳҳ… бу… – Ҳайдар бобонинг юраги шув этиб, гапи бўғзида қолди. Зайнаб момо унинг сўнгги сўзларини эшитишга ҳам бормади. Ёстиқда турган боши «шилқ» этиб сирғалиб кетди.
Ҳайдар бобо кампирининг бошини кўтарди-ю, ўкириб йиғлаб юборди. Қирқ саккиз йил ардоқлаб келган кампирини тўрт ярим йил қўлларида кўтарган инсон яна уни ўз қўллари билан сўнгги манзилига қўйиб келаётганида дунё кўзига қоронғу бўлиб, ўзи-да ҳушдан кетди. Ҳамқишлоқлар юзига сув сепиб, ўзига келтиришди, аммо бобонинг кўзлари ярим кунда киртайиб, елкалари чўкиб қолганди. Чол жудоликдан куйиб, худди ёнган дарахтдек қорайиб, кетаётганди. Уйга келиб ҳам ўзини ўнглолмади. Уй олдидаги курсига ўтирди-ю, бошига келиб, ҳадеб кечирим сўраётган, онасининг ўлимида ўзини айбдор санаётган тўнғич ўғлининг юзига ҳам қарамасдан, ҳеч нарсага тушунмай кўзлари жовдираб турган неварасини бағрига босганича пиқ-пиқ йиғлади. Уйга киришга ёки аввалгидек қирга чиқиб, Тангрига тавалло қилишга ҳам иродаси етмади. Шунчалар бўшашиб, ўзини йўқотиб қўйдики, келган-кетган билан ҳам иши бўлмай қолди. Азадагилар тарқалгач, кенжаси бобонинг қўлтиғидан тутиб, ялиниб ичкари
га киргизди. Ҳайдар бобо ичкарига киришга кирди-ю, ўғлига «Болам, ўзинг кўз-қулоқ бўл» деб ўзини кампири ётган каравотга ташлади. Биров унинг на ухлаётганини билди, на нафас олаётганини… Ярим кеча, йиғи-сиғи тинганда кенжаси хотинига иссиқ чой олиб келишни та-йинлади ва отасини уйғотмоқчи бўлиб энгашди-ю, ўкириб юборди.
Бобо аллақачон ўзини Ҳаққа топширган экан…