Малик ака чўчиб уйғонди. Бошини кўтариб, ёнгинасида пишиллаб ухлаб ётган ўғилчасига қаради. У ўғлининг тепкилаб суриб ташлаган кўрпасини елкасига тортиб қўйди-да, хомуза тортди. Мудроқ кўзларини уқалади ва дераза томон нигоҳ ташлади. Ҳали тонг қоронғу. Бир-иккита машинанинг ғир-ғирини айтмаса, кўча сокин, тонггача ҳали анча бор.
Ота узалиб, кўзларини эшикка қадаганча нариги хонага қулоқ солди. Жимжитлик. У ерда хотини бош миясида пайдо бўлган шиш туфайли шифохонага тушиб қолгач, келиб рўзғорга қарашиб турган тўққизинчида ўқийдиган синглиси Сарвигул унинг икки қизига қараётибди. Сарвигул бир ҳафтадан бери мактабига ҳам боргани йўқ: овқатга, кир-чирга қарашиб юрибди. Жигарларнинг борига шукр, шундай пайтда ёлғизлатиб қўймайди…
Тонг отса, учинчи кун: Фарида реанимацияда ётибди. Ҳанузгача ҳушига келгани йўқ…
— Ё, тавба… — кўзларини шифтга қадади Малик ака. “Наҳотки икки кундан бери ҳушига келмаса-я?..”
У эзгин хаёлларнинг минг бир кўчасига кириб чиқди. Кўз олдига болалари келди ва қўрқиб кетди… Пастки лабини тишлаб бир зум қотиб турди, боши тагида чатишиб турган қўллари увишганини сезгач секин ёнига ағдарилди. Худди гапларини эшитадигандек мириқиб ухлаб ётган ўғлига сўзланди:
— Ойинг албатта келади…
Туриб деразани очди. У ҳар доим шундай қилади: эрталаб жойидан қўзғалиши билан деразани очади. Неча марта бу қимматга тушиб, болалари шамоллаб қолган, аммо у одатини тарк этмайди. Уйга тоза ҳаво ва ҳаёт нашидаси кириб келади, дея ҳисоблайди. Шундан баҳра олади, завқ ва гашт туяди. Аммо бугун буни ҳиссиз бажарди. Номигагина очди ва ўғли салқин шабада кирганидан жунжикиб, ёнига ағдарилганини, кўрпани бошигача тортганини кўриб, дарров деразани ёпди.
— Шамоллаб-нетиб қолмасин. Ҳозир шу етмай турибди ўзи…
У ваннахонада юз-қўлини юва туриб, ойнага қаради: кўзлари киртайиб, юзи сўлиб қолибди. Миқти танасига савлат бериб турган елкалари чўккан. Нигоҳларидан бир нима йўқолгандек қарашлари ҳазин тортган. Тағин соқол ҳам ўсибди. Малик ака соқол қиртишлаб ўтиришни эп кўрмади, шекилли, тезда артиниб чиқди ва болаларни уйғотди. Нари-бери нонушта қилдирди. Сўнг кийимларини алмаштириб, қизларини мактабга, ўғлини боғчага ҳозирлади-ю, Сарвигулга тушликка болаларга овқат қилиб қўйишни тайинлади.
— Картошка қовурсам бўладими? — хижолатдан елка қисиб, ийманди синглиси. — Бошқа овқат қилишни билмайман.
— Майли. Ишқилиб, укаларинг оч қолишмасин. Эҳтиёт бўл. Мен кечга тухум олиб келаман.
Малик ака қизларини мактаб йўлигача кузатди ва дарс тугагач тўғри уйга қайтишларини тайинлади. Қизлар “Хўп бўлади!” дейишгандек бош ирғашди, аммо дадаси энди ортига бурилмоқчи бўлганда, катта қизи сўраб қолди:
— Дада, ойим қачон келади?
— Келади… Одобли қиз бўлиб, яхши ўқиб келаверсанглар ойингиз дарров тузалиб келади.
— Тезроқ келсинлар. Ойимни соғиниб кетдим… — дадасига қараб туриб, дабдурустдан йиғлаб юборди кичкинаси.
Қизининг мунчоқдек кўзларидан оқаётган милт-милт ёшдан отанинг юраги эзилди.
— Йиғлама, қизим, ойинг келади. Оппоқ бўлиб кетади… — деди у қизининг кўз ёшларини дастрўмолчаси билан артиб. Сўнг юзидан ўпиб қўйди. — Сен мактабингга боравер, мен ойингни олиб келаман…
Малик ака қўл ушлашиб кетаётган қизлари то мактаб ҳовлисига киргунича орқасидан тикилиб турди. Кейин кўчадаги дўкондан ўғлига “чупа-чупс” олиб берди-да, боғча опасига топширди. Боғчагача ойиси эсига келмаган бола тарбиячининг қўлига тушиши билан йиғлаб юборди.
— Дада, ойимга бораман!
— Сен йиғламасанг, ойинг ўзи келади. Мен ойингни олиб келишга кетаяпман-ку, — ўғлининг сочларини силади у. Сўнг: — Яна шундай қилсанг “чупа-чупс” олиб бермайман!” — деди.
— Йў-ўқ, Одилжон ақлли бола. Йиғламайди, — дея тарбиячи уни эркалаб ичкари кириши билан Малик ака автобус бекатига югурди. Бекатда бир йигитнинг гул кўтариб турганини кўрди-ю, хотинининг атиргулни яхши кўриши ёдига тушди.
— Топдим! — янги техника кашф этган олим каби қувониб кетди у. — Унга бир даста атиргул олиб бораман. Кўзларини очиши билан севиниб кетади… Балки ўзига ҳам келгандир. Ҳушига келган бўлса, ундан ҳам яхши. Қўлларига тутқазаман.
Малик ака худди шундай қилди. Гул кўтариб реанимация бўлимига келганда шифокор бир гап билан унинг шаштини сўндирди.
— Ҳали ҳушига келмади.
Оқ халатдаги қориндор врачнинг соат неча бўлганлигини айтаётгандек содда ва жўн қилиб берган жавобидан Малик аканинг тили айланмай қолди. Аъзойи бадани титраб, вужуди яхлаб кетди. Бошига ғишт билан ургандек бўлди. Ҳолсизланиб эшикка суянди ва умидларини чил-чил қилган врачнинг япалоқ юзига боқди. Башарасига туфлаб, шундай хонумон гапни саломчалик иззат билан айтмаган суяксиз тилини суғуриб олгиси келди, аммо начора! Шаштидан қайтди. Фариданинг жони ҳозир шуларнинг қўлида! Шулар уни асраб қолган.
— Ҳ-ҳалиямми? Нега ўзига келмайди? — Малик ака шоша-пиша устма-уст савол берди.
— Операция оғир бўлган. Сиқилманг, укам, ўзига келади.
— Ахир бугун учинчи кун?!
— Биз қўлимиздан келганини қилдик. Энди бу ёғи Худодан. Кутишдан бошқа чорамиз йўқ. Ҳалиям бардошли экан. Ахир бош мия?! Тасаввур қилаяпсизми?
Врачнинг бу гапи унга “Худога шукр қилинг, операциядан омон чиқмаслиги ҳам мумкин эди…” дегандек эшитилиб, баттар эсанкиратди.
— Нима, бу… — гапиролмади Малик ака. — Ҳушига келадими?
— Келади! — ишонч билан айтди врач.
— Шунақа денг-э, ака…— қувониб кетди у. Сўнг чуқур нафас олди. — Олдига кирай.
— Мумкин эмас.
— Рухсат беринг, дарров чиқаман, — энтикди Малик ака. — Бир юзига қарай…
Врач “Майли, киринг” дегандек бош ирғади.
— Фақат тезроқ чиқинг.
— Хўп, акажон…
Малик ака палатага кириши билан ҳар кунгидан баттар сесканди. Хотинининг юзига умидвор кўзлари-ла боқаркан, юраги ортига тортиб кетди.
— Фарида?.. — каравот ёнидаги курсига ўтириб қолди у. Сўнг аёлига бошдан-оёқ разм солди. Унинг рангпар аҳволидан яна алланечук бўлиб кетди. Гўё тонг уйқусини олаётгандек майин ва ҳалимгина бўлиб, чалқанча ётқизиб қўйилган хотинининг юмуқ кўзларига, ботган ёноқларига қаради. Кейин секин қўл чўзиб, аёлнинг қоқсуяк бўлиб қолган билакларини ушлади ва юзига боқди. Боқди-ю, узилган барг каби сарғайиб, сўлиб бораётган чеҳрада, нами қочиб, саратон қуёшидан қақраган ердай қуруқшаб ва майда-майда пўст ташлаб ётган лаблардан, кўзлари атрофидаги кўкимтир тусдан ҳаёт чироғи сўниб бораётгандек туюлди. — Бундай қилма! — титраб кетди эр. — Ахир, болалар бор. Асло бундай қила кўрма, онаси… — у ич-ичини қўпориб келаётган дард тўфонини босиб, секин жойидан қўзғалди ва узалиб аёлининг сўлғин юзидан оҳиста ўпиб қўйди. Сўнг яна курсига чўкди ва аста пичирлади: — Фарид, кўзларингни очсанг-чи?
Аёл гўёки эридан араз қилгандек, дор-ул-фанони унутгандек бир аҳволда ётар, ҳеч нарсани: на унинг кўз очишига муштоқ эрининг гапларини, на қўлларини тутиб турган меҳрибон ва иссиқ кафтини ҳис этарди…
— Фарида, — беморнинг маҳзун чеҳрасига қараб сўз бошлади эр, — атай қилаётгандек кўзларингни очмайсан-а. Қўйсанг-чи, шу сенга ярашадими? Сенинг кўзларинг кулиб туриш учун яралган, сенга табассум ярашади. Топ-чи, сенга нима келтирдим? — у ҳамон қўлида тутиб турган гулдастани баланд кўтарди. Аёли томон узатди. — Сенга деб олдим. Эшитяпсанми, онаси?..
Эркакнинг бўғзига ёнғоқдек нарса тиқилди.
— Уйда сени болалар кутиб ўтиришибди, — йиғлаб юборди у. Сўнг бурун тортди. — Бундоқ ётмай ўйласанг-чи? Э, сени қара-ю… — эр гина қилгандек аёлининг қўлини қўйиб юборди ва гулдастани каравот ёнидаги тумбочка устида қолдириб, хона ичида асабий юра бошлади. Кўз ўнгида ҳар тонг ва ҳар кеч оналарини сўраб, қий-чув қилиб, юрак-бағрини қон қилаётган болалари жонланди. Уларнинг мўлтираб туришлари, дадасидан таскин бўлувчи гап ва бир малҳам ололмаслик жонларига теккач аразлаб, бурчак-бурчакларда ўзларича хўмрайиб ўтиришлари, баъзан унинг жаҳли чиқиб, қулоқ-бошини тортганда, “Сиз ёмон! Ойим яхшилар…” дея дангал юзига айтишлари кўз олдига келди. Яна каравот ёнига келиб, курсига ўтирди ва тағин дилбандининг ҳиссиз қўлини қайноқ ва титроқ кафтига олди. Ўзича унинг билак томирларини ушлаб-ушлаб кўрди, аммо ҳеч нарсага тушунмай, кўзларини бир нуқтага, аёлнинг чеҳрасига қадаб ғамга ботиб ўтирди. Ана шунда қалблар тилга кирди…
“Онаси…”
“Келдингизми?..”
“Ҳа. Ҳар куни шу ердаман. На ишда, на уйда ҳаловат бор.”
“Болалар яхшими?”
“Яхши… аммо улар сени сўрашяпти. Мен ҳар кун эрталаб уйдан “Бугун ойингни олиб келаман” дея уларни ҳам, ўзимни ҳам умидлантириб чиқаяпман.”
“Кичкинамиз яхшими?”
“Онаси, ўзингни ўйласанг-чи? Ундан кўра, мени десанг, болаларни соғинган бўлсанг, кўзларингни оч! Бир кўзларингга боқай…”
“Кўзларимни соғиндингизми?..”
“Ҳей!.. Мен танишувга келган олифта йигитманми, масхара қиласан! Тўқнинг оч билан нима дарди бор экан-да…”
“Дарров жаҳлингиз чиқади-я? Майли, гапирмайман…”
“Мендан хафа бўлдингми? А? Нега?”
“Сиз яхши одам бўлганингизда мен бундай ётмасдим…”
“Ҳиҳ? Совуқ сув ичиб, шамоллаб қолсанг ҳам мен айбдор бўларканман-да?”
“Кулдирманг-э, ҳамма жойим титраб кетаяпти.”
“Майли титрасин, аммо тезроқ кўзингни оч-да, жойингдан тур. Ахир, сен жуда бало эдинг-ку!”
“Ҳозир бунга ҳолим борми?”
“Қўлингдан келади… ҳаракат қил. Эсингдами, каттамизга юкли пайтинг, “Вой, қандай туғаман?” дердинг. А, туғдинг-ку? Ёқиб қолди, шекилли, яна иккита “заказ” ҳам олдинг…”
“Боринг-э… Уятсиз…”
“Тур-да, унда!”
Шу пайт эшик очилди-ю, врач кирди.
— Бўлди, чиқинг, кўп уринтирманг.
— Акажон, яна бирпас турай, — ялинганнамо илтимос қилди эр. — Қаранг, ҳалиям ҳушига келгани йўқ.
— Чиқинг, чиқинг.
— Ака…
— Айтганимни қилинг, толиқтириб қўясиз. Ўзига келсин, кейин кириб, хоҳлаганингизча гаплашасиз.
— Ўзига келади-а?
— Бугун-эрта ҳушига келиши керак.
Малик ака оғир хўрсиниб эшик томон юрди.
* * *
Кун пешин бўлди. Тушлик учун шифохона ёнидаги ошхонага ўтди. Иштаҳа қаёқда, икки пиёла чой ичди, ҳеч нарса емади. Кейин изига қайтди. Кун асрга оғди.
Малик ака тўғри гул дўконига борди ва бир даста қип-қизил очилган атиргул харид қилди. Сўнг шифохона томон дадил юриб кетди, аммо реанимация бўлими эшигида уни кечаги япалоқ юзли врач эмас, бошқа, пакана, ўқув ва амалиёт ўтайвериб, изланишлари натижаси энг аввало соч-соқолига раҳна солган, бошида офтоб кўриниб қолган врач қарши олди ҳамда кечаги ваҳм ва саросимага бир қат тўн кийгизиб, деди:
— Ҳали ўзига келмади. Кутаяпмиз…
— Ахир, бугун тўртинчи кун… — врачнинг уйқусизликдан қизариб кетган кўзларига нажоткорона боқди у.
— Сиқилманг, ука, аҳволи яхши. Мана, мени айтди дейсиз, албатта ҳушига келади.
— Айтганингиз келсин… — орзуланди у. Сўнг деди: — Илтимос, бир кўриб чиқай.
— Майли, фақат тезроқ чиқинг.
Малик ака палатага кириб борди-да, худди кечагидек беҳуш ва беун ётган Фариданинг юзидан ўпиб саломлашган бўлди. Кейин гулдастани ёнгинасига қўйди. “Атиргул ифори димоғига тегиб турсин”, деди. Ўзи курсига чўкди-ю, аёлининг қўлидан тутиб, мўъжиза кутгандек жим туриб қолди.
— Мен келдим… — дея олди у. Сўнг беморнинг юмуқ ва ҳаёт чўғи сўниб кетгандек ҳазин қароқларига, рангпар юзига боқди. Нигоҳлари бир нуқтага михлангандек қотиб, анча вақт туриб қолди. Кўз гавҳарлари толиқди шекилли, киприклари бир-бирига ёпишди.
У қанча вақт шундай турганини билмайди, бир пайт кафтлари орасида титроқ бўлгандек туюлди. Шарт аёлнинг кўзларига тикилиб қаради. Ҳеч қандай зоҳир йўқ, мағлуб бўлган аскардек хўрсиниб, бошини қуйи эгганди, яна кафтлари орасида титроқ бўлди. У икки кафти ўртасида турган умидбахш қўлга тикилиб қолди. Зум ўтмай бармоқлар бирин-кетин қимирлай бошлади.
— Худога шукр! — елкасидан тоғ ағдарилгандек чуқур нафас олди у. Сўнг аёлининг юзига боқди. Аввал найза киприкларга жон инди. Сўнг сўлғин қовоқлар титради ва… бемор кўзларини очди!
— Фарида! Онаси! — қувончдан хонани бошига кўтариб қичқириб юборай деди у.
Қуруқшаб қолган лаблар тамшанди. Тана жонланди. Бемор кўзини очгач, аввал шифтга, сўнг “Қаердаман ўзи?” дегандек ён-верига боқди.
— Фарида!
Аёл атрофга назар солиш баробарида тумбочка устида турган атиргулга кўзи тушди-ю, маъюс жилмайди, аммо танасида оғриқ турди шекилли, яна кўзларини юмди.
— Онаси?! — жойидан туриб кетди Малик ака. — Нима бўлди?
Орадан бироз вақт ўтиб, аёл яна кўзларини очди ва компас милидек титраб турган қорачиқларини ўйнатди, аммо нигоҳи эрига тушиши билан уни, болаларини шундай ҳолга солганидан хижолат чекаётгандек юзини яширди ва яна кўзларини юмиб олди. Икки томчи севинч ёши юмалаб ёқасига тушди. Малик ака рўмолчасини олиб, аёлининг чеҳрасини артди.
— Онаси, яхшимисан?..
Бемор “Ҳа, тузукман” дегандек оппоқ дока ўралган бошини хиёл қимирлатди. Унинг биринчи гапи шу бўлди:
— Болалар қаерда?
— Улардан хавотир олма. Сенинг тезроқ соғайиб, қайтишингни кутишяпти.
Фарида бунча кўп гапни англай олмади, чамаси, ҳеч нарса эшитмаётгандек у томонга тикилиб қолди. Сўнг атиргулга мадорсиз қўлларини узатди. Гул ифори димоғига урилгач, худди ўшандагидек атиргулни юзига босди ва қисқа-қисқа нафас билан ҳидлади. Бу ҳолни кузатиб турган эрига бир нигоҳ ташлади-да, уялганнамо жилмайди.
— Майли, ҳидла. Ҳидлайвер! — деди Малик ака хотинининг ҳаракатларидан терисига сиғмай. — Сенга шундай қилиш ярашади.