Холиёр Сафаров. Уйга қайтиш (ҳикоя)

1

Ҳаёт қизиқ. Ҳар саволнинг жавоби, олмоқнинг бермоғи, севмоқнинг севилмоғи, бормоқнинг келмоғи бор. Ҳаммасидан яхшиси, уйга қайтиш…

2

Авжи баҳор, апрелнинг сўнгги кунлари. Эрта тонг. Қир-адирлар, бутун борлиқ ям-яшил. Лойсувоқ томлар устида лолақизғалдоқлар гулхани ёнади. Атрофга тунда ёққан ёмғирнинг тупроқ ҳидига қоришиқ ёқимли бўйи таралади. Келинлар уйлари деразасини очиб қўйибди, уларда оналар қалбидек оппоқ пардалар ҳилпирайди…
Болалар мактабга йўл олишган. Кўчаларни тўлдириб қизлар эмас, майда ўрилган сочлар, ўсма қўйилган қошлар, лўппи юзлар, оҳу кўзлар, қийқириқ ва шодон кулгулар кетаяпти. Йигитчаларнинг кайфияти чоғ. Оёқлари мактаб йўлида-ю, ўй-хаёллари осмонда…
Уларнинг қаршисидан машина кела бошлади: “Виллис”. Болалар чеккаланиб йўл беришди ва қизиқсиниб унга тикилишди.
– Солдат келяпти! – деб юборди болалардан биттаси ҳаяжон ичида.
– Ким? Ким экан? – чувиллашди бошқалари.
– Танимай қолдик, мошин тез ўтиб кетди-да… – деди яна бири, – бўлмаса суюнчи олардик.
“Виллис” шитоб билан чапга – қишлоқ кўчасига қайрилди. Унинг ортидан кузатиб қолган болалардан бири негадир “Э!” деб юборди-да, қишлоқ томонга чопиб кетди.
– Ҳа, ҳа қаёққа?
– Акам… Умид акам келди, – деди болакай ҳовлиққанча ортига ҳам қарамай…     “Виллис” қишлоқ оралаб бораркан, кўча ортида тўхтади. Машинадан аввал баланд бўйли, елкасига рюкзак осган ҳарбий йигит, сўнг айлана шапкали иккита офицер тушди.
“Мелисами?” – чопиб келаётган бола ажабланиб тўхтади-да, аммо рюкзак кўтарганни барибир акаси эканлигига ишониб йўлида давом этди.
“Мелиса”лар аскар йигитнинг ишораси билан тепаликка қараб юра бошлашди. Қир этагида пастқамгина уй кўзга ташланди. Оғил томондан от етаклаб келаётган қария уларни кўрди-ю, таққа тўхтади.
– Ие! – қария қўлидаги отқозиқни бир зарб билан ерга суқди ва устидан бир тепди. Қозиқ бор бўйига ерга кириб кетди. Сўнг қария йигитларга қараб юра бошлади, аммо кутилмаганда жойида тўхтаб қолди. Уй томонга юзини бурди: – Кампи-ир! Ҳо, кампир! Чиқ, ўғлинг келаяпти!
– Ота! – деди аскар йигит рюкзагини ерга ташлаб. – Ассалому алайкум!
– Ўғлим! – қариянинг ажинли чеҳраси ёришиб кетди.
– Ота!
Ота-бола қучоқлашиб кўришишди. Аскар отасини қучаркан, унинг озғин елкалари титраётганини туйди. Ота эса тинмай “Ўғлим!.. Ўғлим…” дер, бошқа сўз айтолмас, ўғлини қўйиб юборгиси келмасди.
– Ие-ие, болажоним кепти-ку! Менинг Умиджоним кепти-ку?! – уй томондан бошига оқ рўмол ўраган она югургилаб кела бошлади.
– Она! – ота қучоғидан чиққан аскар бола онасининг пешвозига шошилди. – Онажон!
– Болам! – чопқиллаб келган она ўғлини бағрига босиб, юз-кўзларидан ўпа кетди. Йиғлаб ҳам юборди.
– Она, нега йиғлайсиз, мана келдим!
– Бўйларингдан айланай, болам. “Келдим” деган тилларингдан айлана-ай… – она боласини қўйиб юборишни истамас, Умид ҳам онасининг қучоғидан чиқишни хоҳламасди. Уч йиллик ҳарбий хизмат, чеккан машаққатлари, соғинчу азоблари бир лаҳзада онасининг қучоғида эриб кетгандай эди. Негадир унинг ҳам юраги тўлиб, йиғлагиси келар, аммо ҳозир унга онасининг қувонч ёшларини артишдан ортиқроқ саодат йўқ эди…
– Уйга юринглар! – деди шошиб қолган ота ўғлини олиб келган ҳарбийларга. – Сизлар ҳам Умиджон билан бирга хизматдан қайтдингларми?
– Йўқ, – кулди ёши каттароқ, бир юлдузли пагон таққан ҳарбий. – Биз туман ҳарбий комиссариатиданмиз. Ўғлингиз хизматдан кичик лейтенант унвони билан қайтди. Бизга Умидни уйгача кузатиб келиш ва сизларни табриклаш буюрилган!
– Ие, – қария баттар шошиб қолди. – Йўғ-е! Оббо, Умиджон-е. Лейтенант бўптими-е? Оббо, азамат-е…
Қария ўғлига қараса у ҳамон онасининг бағрида, орқада эса катта ўғиллари, неваралари кўришгани қаторлашиб туришарди.
– Эй, – деди ота ўғилларига қараб. – Буларга индаманглар, бир меҳрлари қонсин. Сизлар кейин ҳам саломлашаверасизлар, Умиджон энди шу ерда. Боринглар, оғилдаги қўчқорни олиб келинглар. Умиджоннинг оёғи тагига сўямиз!
Ўғиллар билан келинлар, қизлар бир отага, бир онасининг қучоғида турган Умиджонга қарар, изига қайтишларини ҳам, қолишларини ҳам билмасди…
Дунёда қуёш тафтидан-да иссиқ, қуёш тафтидан-да қудратли куч бор. Бу – Она меҳри.

3

Ёз. Айни саратон чилласи. Асфальт йўллардан тандирдан чиққандай ҳовур кўтарилади.
У бугун ҳам эрталабдан келиб, университет биноси олдида профессорни кутди. Профессор бугун ҳам келмади. Профессор июл бошидан таътилга чиқиб кетган, аммо уч нафар талаба унинг фани имтиҳонидан йиқилган. Мана, йигирма кундирки, факультет декани ҳар куни домлага қўнғироқ қилиб, бир келиб кетишини, “йиқилган” болалар қайта имтиҳон топширишини илтимос қилади, аммо профессор унамайди. “Вақтида ўқиши керак эди. Менга уларнинг қарғиши керак эмас, аммо бир кўзлари очилсин. Энди сентябрда топширишади. Ўшандаям топширолмаса, ҳаммасига академик таътил бериб юборинг! Бир йил пешанасини тошга урса, кейин таълимни ўйин қилмайдиган бўлишади” деган.
Профессор ҳақ. Факультет декани нима қилишини билмайди. Унга эса ҳисобот керак. Талабалар ҳар куни эшик олдида.
– Домла бугун келарканми?
– Ўзингиз ёрдам беринг, домла. Ахир…
Декан баъзан уларни ҳайдаб солади:
– Бор, йўқол ҳамманг! Кўзимга кўринма! Вақтида ўқиш керак эди! Айтдим-ку, энди сентябрда топширасанлар!
Талабалар хўрланиб, отаси сўкиб уйдан ҳайдаб чиқарган болалардек зинадан бир-бир қадам ташлаб пастга, бино олдига тушишади. Кетишни ҳам, қолишни ҳам билишмайди.
– Нима қиламиз? – дейишади бир-бирига термилишиб.
– Сентябрдаям ололмасак, бу оқсоч профессор барибир курсдан қолдириб юборади, – дейди биттаси.
– Университет отасидан қолганми-а, бунча қийнайди одамни… – тўнғиллайди бошқаси.
Улар бино олдида ўтириб-ўтириб, тоқатлари тоқ бўлгач ётоқхонага қайтишади.
– Эртагаям бораман, келса-келсин, келмаса уйга чизиб юбораман! Э, йиқитса йиқитар… – деди уларнинг бири қўл силкиб.
Умиджон ҳам ўйлаб кўрди. “Мана, йигирма кундирки, профессор сарсон қилиб юрибди. Шунча кундан бери келмадими, демак эртагаям келмайди. Уйга кетавериш керак… Аммо уйга қандай бораман. Отамга нима дейман? Ёки айтмасамми?..”
Баҳорда у онасидан айрилганди. Кенжа фарзанд эмасми, марҳуманинг еттиси ўтганидан кейин ҳам ўзига келолмади. Шаҳарга қайтгач, юраги санчадиган одат чиқарди. Кўз юмди дегунча онаси кўз олдига келади, кейин юраги симиллайди. Ўтиб кетар, ўтиб кетар, деди, аммо бўлмади. Бир куни шунчалик нафаси сиқдики, хонадошлари “Тез ёрдам” чақиришди. У икки ҳафта шифохонада ётди… Оқибат дарслардан қолиб кетди. Профессорнинг маърузаларини қайта ўзлаштиролмади. Олимнинг бир ғалати одати бор эди. Ким бир пара дарсга кирмадими, кейингисига келиб ўтирмаса ҳам бўларди. Барибир киритмасди. Сабаб ёки баҳоналар фанга ва унга беҳурматлик қилиш ҳисобланарди.
Умиджон деканат орқали профессорга даволангани тўғрисида маълумотномани тақдим этган бўлса-да, мана шу “принцип” қурбонига айланган эди…
“Онаси вафот этганда бир ҳафта дарсга келмади, тушундим. Аммо бунисини тушунмайман. Баҳона!”, деган эди профессор.
…Умиджон шомга яқин қишлоққа кириб келди. Оқ кўйлак, қора шим кийган. Бўйнида бўйинбоғ, елкасида сумка. У автобусдан тушди-ю, негадир оёқлари ўзига бўйсунмаётганини ҳис этди. Авваллари шанба кунлари онаси уни кутиб, уй ёнига чиқиб ўтирарди. Энди ҳеч ким уни бундай кутиб олмайди. Ҳамманинг ўз ташвиши бор.
Умиджон негадир ўзини ожиз ва ёлғиз ҳис этди. Онаси вафотидан сўнг уйдаги кўп нарсалар унга сохта ва юзаки, ҳатто бегона туюла бошлаган эди. Бугун ҳам у отасининг “Келдингми, Умид?” дея кутиб олиши, акалари ва янгаларининг ҳол сўрашларини кўз олдига келтирди ва яна онасини қўмсади.
Онаси ҳаёт бўлсайди… Шундоқ бағрига босиб, “Қўй, болам, ҳали ҳаммаси жойига тушиб кетади. Бошинг омон бўлсин!” дерди. Ҳа, фақат оналаргина бола ғамидан бошқасини ташвиш, қайғуни қайғу ҳисоблашмайди…
Умиджон сумкасини у қўлидан-бу қўлига олиб, уйга чиқиб борди. Кутганидек ҳеч ким уни қарши олмади. Боз устига:
– Бошқаларнинг ўқишдан келганига қанча бўлди? Сен энди келаяпсан… – деди акаси.
У нима дейишни билмай қолди.
– Имтиҳонларим бор эди. Шунга…
– Топширдингми? – сўради кампири вафотидан сўнг баттар чўкиб қолган отаси.
– Ҳа…
– Кайфиятинг йўқ. Шу қизиталоқни топширолмадингми дейман, – деди отаси унинг ёнига келиб.
– Топширдим…
Ота ўғлига тикилиб турди-да, яна деди:
– Э, ўғлим, кайфиятингни бузма. Йиқилган бўлсанг, яна топширасан. Шуям муаммоми? Бошинг омон бўлсин, болам. Тани жонинг соғ бўлса, ҳаммаси изига тушиб кетади.
Умиджон отасига тикилиб турди. Негадир юраги эзилди, отасининг сўзларида, кўзларида онасини, она меҳрини кўргандек бўлди. У отасини қучоқлаб олишни, елкаларига бош қўйишни истади, аммо бир куч уни тутиб қолди. Бу йигитлик ғурурими, уятми, иродами билолмади… Айни дамда бир фикр мияси қатларини чақмоқ каби ёритиб юборди:
Дунёда тоғлару қоялар, чинорлардан-да қудратли куч, суянч бор. Бу Ота ва унинг тириклиги…

4

Кеч куз. Ноябрнинг охирлари. Қибладан эсаётган шамол яланғоч дарахтларнинг шохларини силкиб, аллақандай ҳазин бир куй чалади. Симёғочлар айрилиқ аламини тортаётган ошиқ каравотидек ғичирлаган садо беради, электр симлари шамолда чайқалиб бемор овозидек ингроқ нола қилади. Баҳорда кўм-кўк либосга ўралган адирлар ажин тошган юздек таассурот уйғотади. Ҳосили йиғиб олинган ва мол оралаб юрган пахта далалари хароб ва лашкарлар тарк этган жанггоҳга ўхшайди. Аҳён-аҳёнда дарахтлар тагида ва далалар бошида мол қайтараётган, нималардир деб сўкинаётган болакайларнинг асабий овозлари эшитилади…
Мана, шаҳардан қайтаётган автобус катта йўл ёқасига келиб тўхтади. Ундан сумка қўлтиқлаган, бола кўтарган, дўпписи чангини қоқаётган, оёқлари чалишиб, бошлари гангиб тушаётган одамлар кўринди. Улар орасида костюм-шим кийган, бир қарашда зиёли, бир қарашда олифта, бир қарашда мискин, бошига дўппи кийган Умиджон ва унинг бола опичлаган, қишлоқдагиларнинг тили билан айтганда, гўзал, аммо бетон уйлар малоҳатини олиб қўйган “ранги сур” хотини ҳам тушди.
Умиджон ота ҳовлисига яқинлашаркан, бир кўнгли орзиқиб кетди, яна бир кўнгли ўксиди. Авваллари уни уй ёнида онаси кутиб олар, “Келдингми, Умиджон!” дея юзидан ўпиб, сочларини силар, бағрига босарди. Энди она қайда?.. У онасиз яшашга-да кўникди. “Отам бор-ку!” дер, қандайдир мезон бўлиб турган мана шу кўприкдан ўтиши билан бошида соя, ёнида қоя борлигини ҳис этар ва уйга талпинарди. Ўткинчи дунёда ўлим ҳақ экан. Яқиндагина отаси ҳам уларни ташлаб, боқий дунёга риҳлат қилди…
Эртага отасининг қирқини бериши керак эди. Умиджон уйга чиқиб борар экан, худди бегона бир маконга кетаётгандек ўксиниб кетди. Отасиз уй – шиферсиз уй. Онасиз уй – деразасиз уй. Онасиз одам атрофга яйраб боқолмайди, отасиз йигит қиш келишидан қўрқади…
– Майли, ўғлим, келинни олиб, шаҳарга кўчиб кетавер. Ўзинг ёқтирган ишинг, ўзингга яраша обрўйинг бор. Одамлар менга “Ўғлингиз ўқиб, шаҳарда ишлаб қолибди-я?” дейди. Бундан севинаман. Сен ҳали, насиб бўлса, профессор бўласан. Майли, вақтинча ижара уйда турарсан. Худо хоҳласа, ҳали ўз уйинг ҳам бўлади! – дерди отаси.
Умиджон, катта шаҳардаги кичик ижара уйда хотини, ўғилчаси ва икки нафар жияни билан учни бирга, ўттизни бешга уриб яшайдиган Умиджон ота орзуларини амалга ошириш, ўз ниятларига етиш учун ҳам тишини-тишига босиб чиранар, оғзи қонга тўлса, душман олдида туфламай юрарди…
– Умиджон, келдингми? – деди уни кутиб олган катта акаси.
– Ассалому алайкум, – Умиджон беихтиёр акасининг қучоғига отилди. Ака-ука тўш бериб саломлашиб, бир-бирларига ҳамдардлик билдиришар экан, улар бир-бирларининг елкасидан ота бўйини ҳис этгандек, ота сиймосини кўргандек бўлишди.
– Борларинга шукур, – деди ака. Сўнг Умиджонни қучоғидан қўйиб, неварасини қўлга олди. – Кел қани, отам!..
Шу вақт уларнинг атрофини қолган акалари, опалари, янгалари ўраб олишди. Умиджоннинг бўғзига нимадир келиб тиқилди ва бирдан чеҳраси ёришиб кетди.
“Отам ўлди, энди нима қиламан, дегандим. Ахир менинг шундай акамлар, опамлар, янгамлар бор-ку?!” – у қуйилиб келган кўзёшларини яширди.
Тангри ҳеч бандасини ёлғизлатиб қўймайди…

5

Қиш. Ерда оппоқ қор. Дарахтлар шохида ва уйлар тарновида сумалаклар осилиб турибди. Қаерга кўз ташлама, оппоқ манзарага, қор босган нимарсаларга кўзинг тушади. Бугун шунчалар совуқки, туфлаган тупугинг ерга тушмай музлаб қолаётгандек. Бетон уйлар орасидан чиябўридек шамол увлайди. Изғирин асфальт кўчалар қорини атрофга сочади. Фақатгина серқатнов йўлларда қор эриган, йўлаклар эса катта-кичик ўлчамли излардан ажабтовур манзаралар ҳосил қилган…
Мана, машиналар оқимида келаётган оппоқ “Нексия” катта йўлдан бурилди. Тор кўча қия ва сирпанчиқ эди. Умиджон машинани эҳтиёткорлик билан бошқарар, нима бўлса-да, уйгача соғ-саломат етиб боришни ўйларди. Неча кунки ердаги қор эригани йўқ. Тунда баттар музлайди. Эрталаб ишга кетаётганида машина сирпаниб кетди-ю, икки марта айланиб, яна йўлга тўғри бўлиб қолди.
– Ўзингга шукур! – деди Умиджон. – Бир асрадинг…
Ҳозир ҳам у машинани секин ҳайдаб бораётган эди, қаршисидан яна бир машина кўринди-ю, рулни сал ўнгга олди. Шу пайт машина тойиб кетди ва ҳаммаси кўз очиб юмгунча содир бўлди. У ўзини йўқотди. Тормоз босганини ҳам, босмаганини ҳам билмайди, “Нексия” бир айланиб олди-да, олди оёғи йўл четидаги ариқчага тушиб кетди.
– Ўзингга шукур… – деди Умиджон. – Ағдарилиб кетганда нима бўларди? Бир асрадинг…
Йўловчи машина беш-ўн қадам ўтиб тўхтади. Унинг баллонида занжирли қоплама бор эди. Ҳайдовчи бақувват киши экан, машинасидан тушиб, унинг ёнига келди.
– Орқага олинг, мен мошинанинг олдидан кўтараман!
Умиджон қизиб турган машинани ўт олдирди ва орқага ҳайдади. Йўқ, бирдан чиқолмади. Кейинги уринишда эса “Нексия” баллонини ариқдан халос этишди.
– Раҳмат! – деди Умиджон йўловчига. Сўнг яна эҳтиёткорлик билан уйига қараб кела бошлади.
У машинасини уйдан қарийб икки юз метрча узоқдаги гаражга қўйиб, пиёдалаб келаркан, кўз олдидан бугун икки марта машина айланиб кетгани ўтди.
– Ҳалиям худо асради… – деди у ўзига-ўзи. – Энди то қор эригунча ишга автобусда бораман-е. Фалокат оёқ остида…
У гараждан уйга келганча кўп нарсаларни хаёлидан ўтказди: бир жойга йўл олса, “Болам, эҳтиётгина бўлиб бориб келсин” дея ёзғириб қолувчи онасини, “Биздан узоқдасан, ўзингга, оиланга эҳтиёт бўл…” дегувчи отасини, акаларининг “Бизлар бир жойга кетсак, отам билан онам диққилаб ўтирарди, ухламасди ҳам. Уларнинг нега бундай диққинафас бўлишларини болалар туғилгач, ота-она бўлгач билдик…” деганларини эслади.
Умиджон изғирин одамнинг устидаги кийимни ечиб кетай дегандек забтига олган совуқда уйга келгунича музлаб қолди. Подъезддан югуриб ичкари кираркан ҳали уйга етмасдан туриб, аллақандай хотиржамлик сезди. Учинчи қаватга чиқиб, ўз уйи эшигини чертди.
– Ки-им? – деди ичкаридан бир овоз ҳалимлик билан.
– Мен, эшикни оч!
Эшик очилди.
– Ассалому алайкум! Яхши келдизми, дадаси? Кун бундай совуғ-ей?!
– Эй, айтма. Даҳшат! – Умиджон туфлисини ечиб, пальтосини қўл узатган аёлига бераркан, беихтиёр атрофга аланглади. – Болалар қани?
Умиджоннинг гапи тугар-тугамас, ичкари уй эшиги очилди-ю, аввал катта ўғли кўринди.
– Дада, ассалому алайкум.
Изидан чиққан қизчаси югуриб келди.
– Дадажон?!
Умиджон қучоғига отилган қизини опичлаб оларкан, совқотганини ҳам, чарчоғини ҳам, ҳатто бугун икки марта машинаси айланиб кетганини ҳам унутди.
– Вой, онажоним-е?! – у қизини қўйиб юборишни истамас, қизча-да дадасидан айрилгиси келмасди…
Аёл эса бир эрига, бир болаларига қарар ва беихтиёр жилмаярди.
Инсон аввалига умидли бўлади ва меҳр кўради, кейин эса умид беради ҳамда меҳр улашади…

6

Уйга қайтиш. Нақадар ёқимли ва нақадар латиф. Ардоғингдагилар, азизларинг сени кутишади, соғинишади, сен эса уларни…

“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 3-сон.