Холдор Вулқон. Ёлғиз йўловчи (ҳикоя)

Қор ёғмоқда. Гох қиялаб, гохо чирпираб, гохо тўзғиб, сассиз – садосиз, жимгина ёғаётир у. Оппоқ қор учқунлари аро худди сон – саноқсиз метеоритлар ичра йўртиб бораётгандайман. Мен шундай кетиб бораяпман. Шунчаки, мақсадсиз, ёлғиз бир ўзим тентираб “Гренобл”дан “Дон Милс” кўчаси тамон бормоқдаман. Бўралаб ёғаётган қорда ботиний хотиржамлик, ёлғизлик, чексиз етимлик, мангу ва махзун, адоқсиз бир қўшиқ бордай, қор ёруғидан руҳим зулматлари ёришаётгандай туюлади гўё. Бу қорли йўлларнинг кимсасизлиги нақадар яхши! – ҳаёлимдан ўтказаман мен. Негаки, мен одамлардан тамоман бездим. Тропик чангалзорлар аро оқувчи Амазонка дарёсидаги “Пирания” деб номланган қонхўр балиқлар каби кўзларини чақчайтирган кимсаларнинг қилвир фитналаридан, адолатсиз, ноҳақ фисқу – фасодларидан, саёз, тузсиз суҳбатлардан чарчадим, ҳолдан тойдим, тинкам қуриди. Олий иморатлару вайроналарга, туғуриқхонаю қабристонларга бир хил ёғувчи шоху гадога баробар қорнинг оппоқ учқунларига бел
аниб негадир мен каби  киндик қони томган Диёрига қайтолмай ҳасратда кетган шох ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурни эсладим.

Ҳазон япроғи янглиғ гул юзинг ҳажрида сарғардим.
Кўриб раҳм айлағил эй лоларуҳ бу чехраи зардим.

Хазонни гулга зидлаб тазод санъатини қўлларкан, шоир ўзи ошиқ бўлган Оллохга тавалло қилиб унинг васлига интилиб бу йўлда чеккан жабру ситамларидан зорланади, ёрининг шафқат қилишини сўрайди. (Чехраи зардим – сарғайган юзим демоқчи)(Зарғалдоқ – сариқ қуш. Зардоб – зард об яни сариқ сув. Зар – олтиннинг сариқлигига ишора)

Сен эй гул қўймадинг саркашлиғингни сарвдек ҳаргиз,
Оёғинға тушиб барги ҳазондек қанча ёлбордим.

Сен гул каби яшнаб мени васлинга зор қилишингни қўймадинг. Мен эса новдадан узилган кузги япроқ каби пойинга бош урдим яъни саждага бош қўйдим – дейди ҳазрати Бобур.

Не тўлеки менгаким ахтари бахтим топилмайдир,
Фалак авроқини ҳар нечаким дафтардек ахтардим.

Тўлейим шумлиги ончаки, ахтари бахтим (Ахтар – юлдуз, бахтим юлдузи) топилмайди. Фалак авроқини (Осмон варақларини) Дафтардек варақласам ҳам.

Ҳазондек қон ёшим сориғ юзимдин эл танаффурда,
Баҳар ранги биҳамдиллох, улусдин ўзни қутқардим.

Кузги хазонлар каби қизарган қонли кўз ёшларим ва сарғайган юзимдан эл танаффурда яъни, нафратда. Биҳамдиллаҳ – Оллохга ҳамдлар бўлсинки, улусдан яъни, одамлардан ўзимни қутқардим. Заҳириддин Муҳаммад Бобур бир нарса қилиб одамлардан ўзини қутқариб олишга муваффақ бўлгани учун Яратганга шукроналар келтиради.

Улуснинг таъни тарифи менга Бобур баробардир,
Бу оламда ўзимни чун ёмон яхшидан ўткардим.

Улуснинг таъни – таърифи яъники, одамларнинг таънаю маломати билан таърифу мақтовлари мен учун аҳамиятсиз. Мен дунёда яшамадим балки, умр бўйи уриниб – суриниб ўзимни яхши -ёмон орасидаги тирик коридордан ўтказдим ҳалос – дея ғазалини итмомига етказади саркарда шоир. Мен эса ҳамон қор учқунлари аро боравераман. Майли, зулматда ёғаётган қор янада кучайсин. Майли, “Флеминг Дон Парк” ўрмонларидан бўрилар галаси чиқиб мени ғажиб ташласин. Пасткаш, қўрқоқ кимсаларга – бактерияларга, майда микробларга талангандан кўра бўриларга ем бўлиш шараф!Фақат йўлимдан одамзод чиқмаса бўлгани! Сен эса менга эътибор бермай ёғавер, қадрдоним Қор! Сен ёққан саринг дилдаги қонталаш жарохатлар ҳам кўмилиб бораётганга ўхшайди. Ҳа, сен худди жарохатга боғланган докадай оқариб боряпсан. Мен сенинг чирпираб учаётган оппоқ зарраларинг аро кетаверсам, кетаверсам, кетаверсам, кетаверсам, ва охири чарчаб йиқилсам, музлаб қолсам, одамлардан қутулсам, ҳалос бўлсам. Сен тўхтовсиз ёғиб
мени кўмиб юборсанг. Ҳатто бола – чақаларим тошфонар кўтариб тун бўйи изласалар ҳам топа олишмаса. Мангу йўқ бўлиб кетсам. Сен эса яна ҳеч нарса бўлмагандай ёғаверсанг, ёғаверсанг, ёғаверсанг, ёғаверсанг.