Хайриддин Султонов. Чоллар палатаси (ҳикоя)

Ёнбошбулоққа куз эрта тушди.
Кечаги яшиллигидан айрилган заъфарон барглар мунгли шивирлаб, сўнгсиз ҳасратини изҳор қилмоқчидай қўнимсиз тентирайди…
Аччиқ изғирин аллақаердан қор шарпасини ҳайдаб келди, ғофил кимсаларни қиличини кўтариб қиш келаётганидан огоҳ этган каби бирдан қора совуқ тушди. Одамлар ўтин-кўмир, иссиқ кийим илинжида югуриб қолишди, алланечук ювош тортган нозик-ниҳол кишиларнинг ташвиши кучайди: серёғин, намчил ҳаво кўп дардларни янгилаб юборди.
Қишлоқ касалхонасининг офтобрўя палата деразасидан бир парча кулранг осмонга хомуш тикилиб ётган озғин, қорача йигит — Муҳаммаднинг кўнгли ғаш эди. Шу вақтгача парво қилмай юрган эски касали — бронхит совуқ тушиши билан қўзидию охири тўшакка йиқитди. Одамга дард бир илашмасин экан, илашгандан кейин айланиб-ўргилиб ёпишаверади. Ўзи-ку пахтадан қайтиб ўқий бошлаганига икки ҳафтагина бўлган эди, энди мана бу нағма чиқиб қолди. Эртама-индин қишки сессия…
Кутубхонадан лоақал бирорта дарслик олмаганини эслаб Муҳаммаднинг юраги увишди. Касофат касал жуда қалтис пайтда панд берди-да. Ўпкасининг мойланмаган аравага ўхшаб ғижиллашига қараганда беш-ўн кунсиз туролмаса керак. Мунча эндн қизлардан баттар нозик бўлмаса!.»
Сира иши юришмади-юришмади-да. Ҳатто, касалхонада ҳам тузукроқ жойга тушмади. «Ўрин йўқ», деб икки кун сарсон қилганлари ҳам бир бўлди-ю, жой теккандан кейингиси ҳам бир бўлди. Паст бўйли, серзарда ҳамшира қиз унга: «Энди сен ҳам бормидинг?!» дегансимон норози тикилиб, ўспириниинг сабза мўйловидек қора тук қоплаган лабини буриб қўйди-да, кийимхонага бошлаб кирди.
— Маърифат хола! — деб чақирди у чимирилиб. Кейин дока парда орқасига ўтиб тимирскиланаркан, ўзича гувранди: — Қаёққа гум бўлди? Бир зум қўним топмайди-я!..
Остонада қора шол рўмол ўраган, ранги синиқ, кекса санитар хотин пайдо бўлди.
— Тинчликми? — деб сўради у совуқдан қизариб кетган ҳўл қўлларини ғижимланган докага артатуриб.
Муҳаммад гап оҳангидан аёлнинг ҳамшира қиздан хийла юрак олдириб қўйганини пайқади.
— Қаёқда юрибсиз, қарасангиз бўлмайдими мундоқ! — дея шанғиллай кетди қиз. — Олиб бориб тўртинчига ётқизинг. — Тарс-турс юриб чиқиб кетатуриб пиқ этиб кулди: — Чолларнинг палатасига…
— Хўп, Сафохон.
Қизни хунук кўрсатаётган мўйлови ҳам, силтаб гапириши ҳам боядан бери Муҳаммаднинг ғашига тегмоқда эди. Масхараомуз кулиб қўйишидан эса жиғибийрони чиқди.
«Мунча ўзини осмон фаҳмламаса, — деб ўйлади у кулранг камзулнинг тугмаларини қадаркан. — Ишқилиб, бундайларга амал тегмасин-да…»
Муҳаммад нимқоронғи йўлак охиридаги тўртинчи палатага жойлашгач, ҳамшира қизнинг нега кулганини дарров тушунди: олти кишилик палатага нуқул чоллар йиғилган экан. Аввалига ўзининг ҳам кулгиси қистади, сўнгра кўкка бўялган шифтга бир оз термилиб ётгач, диққати ошди. Мана, шериклардан ҳам роса ёлчиди!
Эшик олдидаги каравотда олтмиш беш ёшлардаги дўнгпешона, жуссаси кичкина, оқ-сариқ қария кўзлари маъносиз жавдираганча ўтирарди. Бир бурдагина юзида сўррайиб бесўнақай бурни қолган. Тепасида пойлоқчилик қиладиган хотини — чап қошининг устида нўхатдек холи бор, қизилмағиз, сергап аёл биринчи куниёқ Муҳаммадни йўлакда тўхтатиб, Исломбой бувасининг неча замонлардан бери «қон босди» касалига йўлиққани, уч ойдан бери бир қўл, бир оёғи ишламаслиги, ўзининг сиғинмаган мозорию бош урмаган остонаси қолмагани, касал касал эмас, касал боққан касал эканини айтиб нолиди, жиндак обидийда ҳам қилиб олди. Муҳаммад ачиниб тасалли берган бўлди-ю, кўнглини баттар ғашлик чулғади.
Дераза тагидаги батареяга оёғини тоблаётган кўркам соқолли миқти чол қув кўзларини юмиб пинакка кетган эди. Муҳаммад унинг қирра бурун, келишган чеҳрасига, ўктам қоматига зимдан қараб қўйди. «Ёшлигида роса қизларни сурган бўлса керак», деган фикр ўтди хаёлидан.
Бурчакда суяги бузуқ, барваста киши бақувват, йўғон қўлларини бош остидан ўтказган кўйи каравот билан битта бўлиб чалқанча ётар, унча-мунча оқ оралаган мўйлови ваҳимали бир тарзда қулоғига томон буралиб кетган, ўсиқ қошлари остидаги қўнғирга мойил кўзлари ола-кула жаланглаб турар эди.
Муҳаммад уни таниди: сой маҳаллалик Эргаш мўйлов деган чапанитабиат қари шофёр.
— Ўсар бува, шу, кампирингиз йўқ, зерикиб қолдингизми дейман, нуқул мудраганннгиз мудраган. Ҳали дўхтир келса ўзим жавоб сўрай сизга, бир уйга бориб, а?.. Ва ҳа-ҳа…
Мудраб ўтирган чол Эргаш мўйловнинг гапига кўзини очмасдан секин кулиб қўйди. У эса бутун гавдасини силкитганча қотиб-қотиб хахолар, каравот симлари залворидан зорланаётгандек ғижирлар эди.
Муҳаммад ғижинди: одам ҳам шунақа коски бўладими, аёл киши ўтирибди ҳам демайди-я!..
У энсаси қотиб ёнбошига ағдарилди, тумбочка олдида тик туриб ҳафсала билан олма арчаётган тўртинчи ҳам хонасига кўзи тушди. Унинг бошида анча уриниб қолган чуст дўппи, қўлида гулдор сопли пичоқ, кенг, яшил халатда худди шолипоядаги қўриқчига ўхшаб турар эди. Агар бу кишини ўрта яшар деса — Муҳаммаднинг, чол деса унинг ҳаққи кетарди. У боядан бери йигитнинг қараб ётганини пайқади шекилли, пичоқ учида ярим палла олма узатди:
— Ма, ука, олма е!
Муҳаммад раҳмат айтиб, бош чайқади.
Эшик орқасида аллаким қув-қув йўталди, сўнгра бўйнига оқ чит рўмол ташлаган новча, кўзойнакли чол ҳарсиллаб-гурсиллаб кириб келди. У каравотга ўтиргач, рўмоли билан юзини, пешанасини артди, қизил термосдан бир пиёла чой қуйиб ичди. Чол ҳар нафас олганида забардаст кўкрагидан гўё қайнаб турган самовар товушига ўхшаш шиғ-шиғ деган овоз чиқар эди.
— Хаҳ, эсиз-а, ўпкани бериб қўйиб, юраверган экаимиз-да, ғафлат босиб, ҳай аттанг… — деди чол бошини тебратиб ва гапига жавоб кутгандек Муҳаммадга қараб қўйди. — Ўзи, бир тошкентлик дўхтир манга айтувди, кўкрак оғриғингиз ўзингиз билан кетади, деб, рост экан шекилли. Ёшликда, шу, кучга ишониб, одамлар: «Ҳа, Дўстмат полвон, Дўстмат полвон», деса, ўйламасдан майдонга тушаверибман, ўшанда кўкрак ишдан чиқиб қолган эканда…
«Ия, Дўстмат полвон деганлари шу киши экан-да», деб ўйлади Муҳаммад унинг чўяндан қуйилгандек бақувват жуссасига тикилиб.
— Эй, сизгаям қойил бўлмадим, Дўстмат бува. — Эргаш мўйлов сержун кўкрагини қашиб, гулдираган йўғон овоз билан гапга аралашди. — Шу маҳалгача бировдан йиқилмаган одам, арзимаган касалга оҳ-воҳ қилиб ўтирибсиз. Ахир, милтиқнинг ўқидек юрувдингиз-ку. Курашни ташлаб, сиз ҳам бўлмадингиз — айнадингиз. Бурунги Дўстмат полвоннинг қуруқ сурати бўлиб қолибсиз.
— Ҳа, эндн, Эргашвой, нимамиз қолди, курашгаям мундоқ билагида кучи бор ёшлар тушса ярашади. — Дўстмат бува ёшланган кўзларини артиб тамшанди, — Э, вақтида беармон тушдик-да, лекин.
Эргаш мўйлов ижирғаниб, афтини бужмайтирди:
— Бе, кураш тушишга йўл бўлсин буларга. Сал шамол турса, йиқиламан, дейди-ю! Кун кўрмаган баргдан баттар нозик бу ёшлар…
«Мўйлов»нинг гапи йигитга пичингдек туюлиб, ҳамиятига тегиб кетди.
«Ана, бошланди ғийбат, мириқиб эшитавер. Тавба, нима бало, ёшлар буларнинг арпасини хом ўрганми? Жони оғримаса, шу ерда ётишга ким орзуманд экан?»
Сепкилли сариқ қиз эшикдан бош суқди:
— Абитга чиқинглар…
Бир оздан сўнг у иккита тарелкада ёрма бўтқа кўтариб кирди. Чиқиб кетатуриб:
— Сизга ҳам шу ерга олиб келайми? — деб сўради Муҳаммадга қараб. Назарида қиз уни калака қилаётгандек эди. Муҳаммад бирдан тутақиб:
— Оёғим синмаган! — деди зарда билан.
Ҳамма бир зум жим бўлиб қолди.
Муҳаммад юпқа адёлга бошини буркаб, алламаҳалгача ғижиниб ётди. Кўзи илинганини ўзи ҳам сезмади. Уйғонганида боя олма узатган ҳамхонаси елкасига халат ташлаб олган бир киши билан секин гаплашиб ўтирар, фалаж чол эса қисқа-қисқа, аммо келиштириб хуррак отар эди. Муҳаммад бир кўнгли ўрнидан турмоқчи бўлди-ю, лекин яна эринчоқлиги тутиб, кўзларини юмганча қулоғига чала-ярим кираётган гапларни эшитиб жим ётаверди.
— Э, укагинам-э, сира сўрама. Мени худо уриб қолди-ку!
— Ҳа, тинчликми?
— Ўтдай тушдим-да, ука, ўтдай тушдим. Эсласам, ҳали-ҳали юрагим эзилиб кетади. Шеригинг нобоп бўлгандан кейин…
— Ака, сал очиқроқ гапиринг, нима гап ўзи?
— Нима гап бўларди, биров бу ердан маълумот берган экан, Новосибирга етиб боришимиз билан обихиес таппа босди. Салкам бир тонна ерёнғоқни кўзимнинг олдида ларёкка ўтказворди, чапагимни чалиб қолавердим. Ўзим зўрға қутулдим.
— Пулини бердими, ахир?
— Э, берди, кепак нархида. Бергани нима бўларди, иккита тешик тоғораям келмайди. Килосини шўтнинг ўзида икки сўмдан ялиниб олувдим, қўлимга икки юз ҳам тегмади. Ҳай, аттанг, аттанг-а!.. Вой, падарига лаънат!
Шунча қатнаб бунақа чув тушмовдим. Кейинги бир дунё сур-сурни айт, қиёмат бўлиб кетди. Энди ўлдим, девдиму, йўқ, худо бандам деган экан…
— Чатоқ бўпти-ку жуда.
— Чатоқ деб секин айтасанми, ука! Билмадим, қайси бир худобехабар чаққан. Майли, илоё, кун кўрмасин, унгаям тикилган бало бордир. Ерёнғоқ-ку бир нима бўлувди, бу ёғиниям пачоғи чиқди.
— Ҳа, нега?
— Шу… худо берса, қўш қўллаб беради, ургандаям қўш қўллаб уради, деган гап рост экан, ука. Бу сафар ўшанақасига йўлиқиб ўтирибман. Эҳтиётдан ёнимга минг сўмча пул солиб кетувдим. Ерёнғоқдан айрилгандан кейин, жуда қуруқдан кўра бир-иккита тозароқ нарса олиб Тошканга посилка қилдим. Маҳамат акангга тайинлаб кетувдим…. Бешта ўн килолик яшик жўнатдим. Тошканга келиб, тўғри Маҳаматнинг ҳовлисига тушдим. Уйида экан. Яшикни очиб, шундоқ қопқоқни кўтарсам… Вой ука, ўтакам ёрилиб кетаёзди! Дод девордим! Ичида эски латта-путта, бир жуфт дабдала патинка, энг тагида яримта ғишт ётибди. Жонҳолатда бошқалариниям очдим. Ҳаммаси шунақа. Килоси килосига тўғри, печати жойидаю ичи тўла ахлат! Пешонамга битта уриб, бўшашиб остонага ўтирибману кўнглим кетиб қопти. Кўзимни очсам, Маҳамат аканг тепамда йиғламсираб турибди.
— Ия, нега ундоқ бўлди экан? Битта-яримта сезиб қолганмиди?
— Ана шунисини билолмай доғдаман-да. Ё Маҳаматнннг ўзи… Йўқ, у ўзимизнинг одам-ку, лекин билиб бўладими, ахир ўртада шайтон бор. Кўз билан кўрмаганингдан кейин нимаям дердинг? Индамадим. Шунақа қилиб, уч ярим мингга ўтдай куйиб ўтирибман, ука. Уч ярим минг-а — ҳазил пулми?! Бу бировга айтадиган гап эмас — дамим ичимда. Майли, энди кетгани кетди, садқаи сар, жоним омон қолди, шунисига минг қатла шукур. Аммо ўшандан бери юрагим ўйнагани-ўйнаган, кўзим тинадиган бўлиб қолди. Дўхтир; «Қон босимингиз ошиб кетибди», деб ётқизиб қўйди. Мана, ётибман, шифтга боқиб…
— Қалай, тузалиб қолдингизми, ахир?
— Гўрними, тузаладиган балога ўхшамайман. Айтгандай, анови Обидхўжанинг ўғли қамалганмиш, ростми?
— Аниғини билмадим, аммо шунақа гап бор.
— Оббо… Биздан айрилиб, Свердловекка кетувди, бояқиш. Ука, васвас бўлиб қолибман шу кунларда, нуқул ваҳима босади, дегин… Менга қара, бориб янгангга айт, катта уйнинг тахмонидаги иккита гиламни вақтинча сеникига олиб бориб қўйсин. Майлими? Эҳтиёт яхши-да, жон ука!
— Э, қўйинг, ҳеч нарса қилмайди, тузалиб кетасиз. Мана буларни олиб қолинг, мен турай энди.
— Бекор овора бўпсан-да… Юр, мен ҳам ташқарига чиқмоқчи эдим.
«Тоза ғалати бўлди-ку», деб ўйлади Муҳаммад биронларнинг гапини ўғринча эшитгандан ҳижолат тортиб.
Оқшом туша бошлаган эди. Рўпарадаги жарроҳлик бўлими жойлашган икки қаватли бинонинг яхлит ойнабанд деразаларида чироқ ёнди. Йўлакда тапир-тупир оёқ товушлари кучайди.
Қизил тугунча солинган тўрхалта кўтариб димоғи чоғ Ўсар бува кирди. «Олмача анорингга балле…» деб минғиллаб хиргойи қилганча тугунчани ечди, косадаги шавлани тумбочка устига қўйди-да, Муҳаммаднинг тепасига келди:
— Ҳўв, тойчам, туринг, овқат еймиз.
Муҳаммаднинг кулгиси қистади: «Тойчам…»
— Раҳмат, ўзингиз бемалол…
— Э, унақамас-да, тойчам, қани дарров туринг-чи…Муни қаранг, жонон шавла бўпти-да, бай-бай-бай, ўлик еса тирилади, аммо-лекин.
Йигит кўрдики, турмаса чол хафа бўладиган. Дарров бориб, юз-қўлини ювиб келди.
— Қани, олинг, тойчам, катта-катта олинг. Хўп, бисмилло, қани… Бу, сиз кимнинг ўғли бўласиз? Қайси Қодир? Э, ҳалиги Тарновбошида турадиган уста Қодирми? У эмасми? Ҳа, майли, тойчам, совимасин, олинг. Ҳа, қани…
Ўсар бува уни қистаб анча овқат едирди. Кейин «тойча» айланиб келмоқчи эканини айтиб, ташқари чиқди.
Эшик олдидаги телевизор қўйилган хонага ҳамма касаллар кўчиб чиқибди. Муҳаммад бўш стул йўқлигидан, тик турган кўйи ўргатилган йўлбарс ҳақидаги фильмни томоша қилаётган эди, ҳамшира хотин фамилиясини айтиб чақириб қолди.
— Қани, юринг-чи, сизга укол қиламиз, — деди у сўзларни чертиб-чертиб. Ҳаддан ташқари тўла гавдали бу аёл лапанглаб аранг қадам босар, залворидан йўлакдаги эски пол тахталари эгилиб-эгилиб кетар эди. Муҳаммад ҳамширанинг олдига тушиб палата эшигини очди. Исломбой буванинг хотини ўрнидан туриб йўл берди.
— Ассалому алайкум! Қалай, тузукмисизлар? Чолингиз яхшими?
Хомуш мудраб ётган чолларга бирдан жон кирди.
— Э, Майрампа, келинг, келинг… Яхши дам опкелдингизми? — дея ўзини сал йиғиштириб сўради Эргаш мўйлов. — Жужурмисиз бугун?
Ўсар бува бўлса, худди ёш боладек чапак чалиб, хушчақчақ қийқирди:
— Яшасин Майрампам! Майрам дўхтур — зарари йўқтур!
— Опангиз айлансин, нима дейсиз, Ўсар ука? Тузалиб қолдингизми? — деди ҳамшира ҳам жилмайиб. Шу пайт кўзларини жавдиратиб ўтирган фалаж чол тилга кирди.
— Ўса… б… у… а… оттак… эт-э… та ў…ғ-о-қ… чоп… а… ба-де… ду… — деб ғудранди-да, гапи ўзига нашъа қилиб кулиб юборди. Хотини бош силкиб унинг гапини маъқуллаган бўлди ва хижолат ичида буларга юзланиб, эрининг сўзларини «таржима» қилиб берди:
— Ўсар бувам отдакмиш, эртага улоқ чопгани боради деяптилар.
— Ҳа, ҳа, бораман, бораман, — дея шошиб тасдиқлади Ўсар бува. — Фақат, Майрампа, мани шу белим тағин оғриб турибди-да.
Марям опа шприцнинг учидан тизиллатиб дори отди.
— Худо сақласин. Қани, Ўсар ука, очинг… — деди у халатининг чўнтагидан пахта оларкан.
Бу кундалик ҳазил-мутойиба одат тусига кириб қолган бўлса керак, дарҳол Ўсар бувани аския қилиб кетишди.
— Э, бунингиз бўлмайди, — дея Эргаш мўйлов ҳамширанинг нинасига ишора қилди, — сал каттароғи йўқми, бирон метрлиги…
— Хаҳ, нина ҳам қурсин, — деди чол ўрнига ётар экан, — соғ жойим қолмади-ку. Ув-в!..
— Зап етти туғиб бир қўйган эгачи топиб олгансиз-да, Ўсар! — Дўстмат полвон тишсиз оғзини очиб, ҳиҳ-ҳиҳлаб кулди.
— Э-ҳа, бу ўзимнинг салкам қирқ йиллик опам-ку. Ўттиз олти йил бўлдими, Майрампа, келганингизга?
— Бу ўттиз еттинчи йил, — деди Марям опа. — Ёш қиз эдим келганимда, мана энди кампир бўлдим. Шунақа, Ўсар ука, қариб қолдик.
— Ҳа, энди, қаримаганда олма билан ўрик бўлармидик, — деди Ўсар бува салмоқлаб ва бирдан жиддийлашди. — Аммо-лекин, Майрампа манга хўп яхшилик қилгансиз, эсингиздами?
Ҳамширанинг кенг, думалоқ юзи ўтмиш хотирасининг олис шуъласи билан бир зум ёришиб кетгандек бўлди.
— Нега эсимда бўлмасин, эсимда, — деди у хиёл кулимсираб. — Одам ёшлигида ботир бўлади-да. Ҳозир ўйласам, қўрқиб кетаман. Майли… Ҳали қанча уколим бор. Яхши ётинглар.
Кейин гурс-гурс қадам ташлаб, полнинг ночор тахталарини ғичирлатганча чиқиб кетди.
Анча вақтгача индамай ётишди.
— Хўп яхши аёл-да Майрам! — деди Ўсар бува ўзига ўзи гапиргандек.
«Уч ярим мингга чув тушган» чол тирсагига таяниб бошини кўтарди.
— Ўсар бува, бояги ўрис хотин… сизни ука, дедими? Ё ёши каттароқмикан? Унақа десам, ўзи биз қатори кўринади.
— Э, мулла Файзиқул, у нима десаям ман кўнавераман, хафа бўлмайман сира. Ўзим ҳам опа дейман, шунга ҳазиллашади-да. Бўлмаса, мана, салкам етмишга бордик.
— Буям олтмишларга чиққандир? Қачонги Майрам ахир!
— Қайдам, ҳа, бориб қолгандир-ов. Келганида йигирма яшар барно қиз эди. Ўзи украинка, билмадим, шу, ишқилиб ўттиз тўққизинчи йили келиб қолган. Бозорбошида Шаҳри кампир деганникида каватир ўтирди, ўшандаям дўхтирхонада ишларди. Кейин даламаҳаллалик Сирожиддин деган тракторчи йигитга тегди. Э, бу жуда зўр хотин, урушларгаям бориб келган. Бечора, одамнинг устида ўлиб бўлади, баҳоси йўқ аёлу худо фарзанддан қисди-да. Дунёга шундоқ келиб, шундоқ кетяпти.
— Эри яхши одам, — дея Эргаш мўйлов ёнбошига ағдарилди. — Манга қаранг, Ўсар бува, боя нимани сўровдингиз «Эсингиздами?» деб?
— Э, бу Майрам мани бир ўлимдан олиб қолган. Эллик учинчи йилмикан, эсимда йўқ, бетда ҳали балниса йўқ эди, бонканинг орқасидаги кичкина бир уйда мана шу Майрам касал кўрарди.
— Медпункт бўларди-да.
— Ҳа, ўшанақа бўлса керак. Бир куни колхоз-боғида ток чопаётган эдим, бирдан ўнг биқинни санчиб, букчайиб қолдим. Кўтар-кўтар қилиб Майрамнинг олдига олиб келишди. Кўрдию ранги ҳув ўчиб «Кўричак, ўтиб кетибди», деди. Ёнида битта ёш сестра бор экан, бир нима деб тайинлади-да: «Апарайса қилмаса бўлмайди», деди. Э, кўричакни ҳам олиб ташлади. Аммо-лекин ўшанда қойил қолганман. Ана, ўғил бола, шунақа ўткир бу Майрам! Кейин бир кун сўрадим: «Қўрқмадингми, ўлиб қолсам нима бўларди?» дедим. «Қўрқдим, — дейди, — лекин апарайса қилмаганимда ўлардингиз — балнисага етиб боролмасдингиз», дейди. Фронтда юрганида бир прапессирнинг ёнида ишлаган экан, шунда кўзи пишиб қолган бўлса керак-да чамаси.
Чоллар шу тариқа яна алламаҳалгача илгариги одамларнинг пишиқ-пишиқ, бақувват бўлганлиги, «дўхтир кўпайган сари касал ҳам кўпаяётганини» айтиб, шикоят қилганча гангур-гунгур гаплашиб ўтиришди.
Муҳаммад кеч уйғонди. Кун ёйилиб кетган, деразадан тушиб турган куз қуёшининг ожизгина шуъласи деворда, каравот панжараларида лип-лип ўйнар, палатанинг ҳавоси оғирлашиб кетган, чучмал бир ҳид анқир эди. Йигит деразаларни очиб қўймоқчи бўлди-ю, аммо кечаги вазиятда ўтирган Исломбой буванинг кўнглига бирор гап келмасин, деган хаёл билан ташқари чиқди.
У ҳали нонушта қилиб улгурмаган ҳам эди, югур-югур бошланди. Ҳамшира қизлару санитарлар эрталабки кўрик олдидан у ён-бу ён чопқиллаб қолишди. Ошхонада қаёқдандир кечаги пакана «заҳар қиз» — Сафохон пайдо бўлди.
— Сиз дарров палатангизга боринг-чи! — деди у амирона чимирилиб.
— Хўп-п… — Муҳаммад бош ирғади-ю, пинагини бузмай нон кавшайверди. Сафохон зарда билан эшикни қарс ёпиб чиқиб кетди.
Норғул, қисиқ кўз, камгап врач Исроил ака Муҳаммадни бир неча марта чуқур-калта нафас олишга мажбур қилиб, текшириб бўлгач, индамай ўрнидан тураётган эди.
— Исроил ака, — деди Муҳаммад, — сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим.
Врач бош силкиди.
— Шу… иложи бўлса мени бошқа жойга ўтказсангиз, — деди Муҳаммад унинг ўзи эшитадиган қилиб. Исроил ака ҳайрон бўлиб елка қисди:
— Ҳозир жой масаласи чатоқ-ку. Ҳа, майли, ўйлаб кўрармиз.
Муҳаммад бир оз енгил тортди. Энди энг мушкул муаммо — бир амаллаб кунни кеч қилиш эди. Ўқишга бирор нарса қидириб барча палаталарга кириб чиқди. «Муштум»нинг доғ босиб, ғижимланиб кетган иккита эски сонини топиб, қайтиб келганида бурчакдаги тумбочка устида электр чойгум вишиллаб қайнамоқда эди.
— Хўш, деганингиздан билсак, сарт экансиз, — деди Эргаш мўйлов одатдагидай вағиллаб. — Ука, манга қара, сан биз билан яхши улфат бўлолмаяпсан-да… Мана, чойгум ҳам қайнади, битта чой дамламансанми, а?
Чойдан кейин Муҳаммад мук тушиб ўқишга тутинди. Чоллар эса, ҳангамага бўлак гап қолмаган шекилли, анча вақтгача хомуза тортиб жим ўтиришди. Ниҳоят, Файзиқул чидаб туролмади.
— Ҳа, оғзингларга сўк солволдингларми бугун? Дўстмат бува, ҳо Ўсар бува! Бундоқ у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиринглар-да, одамнинг юраги қон бўлиб кетди-ку! Уйқу бўлаверар…
— Энди ниманиям гапирардик, мулла Файзиқул? Яхшиси сиз ўзингиз бошланг-чи, зора эсимизга бирон нарса тушса. Одам қаригандан кейин шунақа эси кирди-чиқди бўлиб қолар экан, Ўҳ-ҳў.., ўҳ-ҳў… — Дўстмат полвонни йўтал тутиб қолди.
— Мана, Исломбой бувам ҳам қовоғини солволди…
Фалаж чолнинг нурсиз, сап-сариқ юзнда қилт этган ўзгариш рўй бермади. Кўзлари қизарган хотини эса ўнғайсизланиб:
— Бувангиз ростдан ҳам хафа, — деди, — Кеча Сурхондарёдаги ўғлимиз келиши керак эди, келмади, шунга сал олиниб ўтирибдилар… Кейин чолининг адёлини тузатаркан, тасалли берди. — Кеп қолади ҳали, мана кўрасиз.
Чол жаҳлнинг зўридан кўкариб ғудранди.
— Ҳа, фарзанд, фарзанд… ота-онанинг фикри-зикри ўшаларда, — дея бош тебратиб қўйди Дўстмат полвон. — Бир парча этни одам қилгунингча ўлиб бўласан. Билса-ку яхши-я.
Эргаш мўйлов ўрнидан туриб, Исломбой буванинг тепасига келди.
— Ҳў, манга қара, — деди унинг елкасига туртиб. — Намунча бўғиласан? Нима, қўшинг қопкетяптими? Келади ўғлинг, шошма, кўкараверма ҳадеб, ўғлинг тилла йигит-ку. Ўзинг қанақа эдинг? Эсингдан чиқдими, ошнам?
Исломбой бува сал илжанган бўлди, хотини зса кўз ёши қилди:
— Нуқул ўламан деб қўрқитиб ётибдилар-ку.
— Э, ўлмайди, балоям урмайди бунга. Вақтида бешта ўқ еса ҳам ўлмаган, эсингдами, ҳўв чўтир? Йиғламанг-э, бундан ўлимнинг ўзи қўрқади, Ҳа, муттаҳам, дарров шунақага ўтдингми? Нима, ўлганингда ер тўярмиди?! Шошма ҳали, ўғлинг келса, битта «экстра» опкелтирасан, иккаламиз майдалаймиз, хўпми, ичасан-а, ҳўв чўтир?
Чол кулгидан оғзининг танобини йиғолмай қолди.
— И-х-э… Ич… ч-а… м-и-и-из…
— Ароқ деса тилинг ҳам чиқнб қолади, а? Ҳе, тиржаймай кет, — Эргаш мўйлов яна унинг елкасига қоқиб қўйди, — Лекин маладес, йигитнинг хўрозисан, ошнам!
— Тағин қанақа ошна чиқиб қолдинглар? — дея кулиб сўради Файзиқул, пахта гулли пиёладан чой ҳўпларкан.
— Э, фронтовой ошнам-ку бу. Урушда бирга бўлганмиз. Чегарага етгунча бирга бўлиб, бу қуриб кетмагур чўтирни Польшада йўқотиб қўйганман. Ҳар елкасида биттадан одам ўтирадиган девдай йигит эди. Ўзини ўтга уриб, сувга уриб ўшаларнинг азобини тортиб ётибди-да энди.
Файзиқул оёғини узатиб ясланди.
— Бултур менам Россияга бориб келдим, жуда яхши жойлар экан, — деди.
— Дам олгани борувдингизми?
— Йўқ, бултур ёзда Свердловскка совхознинг юкини олиб борган эдик. Йўлда еб кетармиз, деб Тошкандан донаси икки сўмдан ўнта мирзачўл қовун олган эдим. Қовун ейиш бировнинг эсигаям келмапти. Истансада шундоқ бир четга тушириб, ўзим юкларга қараб турувдим, ёнимдан бир хотин бола етаклаб ўтиб қолди, нарироқ бориб қайтиб келди. Боласи хархаша қилиб қўймаган шекилли, қовуннинг нархини сўради. Шошиб, ўн сўм, деворибман. Шартта пул чиқариб бердию қовунни кўтарганча жўнаб қолди. Кейин бозорни суриштириб, у ёқ-бу ёққа қарасам, боягини сув текин берворган эканман. Йўқ, бошқаларини йигирмадан, иккита кичикроғини ўн бешдан пулладим.
Жуда ўша ёқларда ҳўл мева тансиқ-да, кўзга ургандай талашиб олишади.
Эргаш мўйлов индамади. Негадир қовоғи осилиб, мўйловининг учини асабий ўйнади. Яшириб қўйган «Беломор»ини олиб тутатди, деразани очиб қўйиб чека бошлади.
— Ленинград яқинидалигимизда батальонда шофёр эдим, — деди ташқарига хомуш тикилиб. — Қирқ иккинчи йили. Қўлдаги муз йўлдан шаҳарга озиқ-овқат таширдик. Йўлга жон ҳовучлаб чиқамиз, қайтиб келишимиз гумон эди-да. Немис битта бомба ташласа — тамом, ўзингни муз тагида кўраверасан!..
Муҳаммад журналдан кўз узиб, унга қизиқиб қараб қолди.
— Бир куни колонна охирида қор босган кўчадан машинани секин ҳайдаб кетаётган эдим. Қеч тушиб қолган, осмон қоп-қора. Изғирин нақ узиб оламан, дейди. Йўл четида кичкина бир қизни кўриб қолдим. Ё олти, ё етти ёшларда. Бошида тўзиб кетган рўмол, эгнида отасиникими, ким билсин, бесўнақай пахталик, тахта девор тагидан битта-битта юриб кетяпти. Икки қадам юради, тўхтайди, челагини қўйиб дам олади. Кўкариб кетган қўлларини куҳ-куҳлаб оғзига тутади. Оёғида эски резинка этик, депсиниб-депсиниб қўяди. Кейин уч-тўрт қадам босади, катта пақири оёғига урилиб сув тўкилади, яна тўхтайди. Юзини кўрдиму ҳайрон қолдим: ранги шу қордан ҳам оппоғ-а! Одамга кўзи жавдираб мўлтиллайди. Кўзимдан тирқираб ёш чиқиб кетди. «Э, худо! Э, айланай худо! Шу зиғирдай гўдакда нима қасдинг бор эди, э, яратган эгам!» дейман нуқул. Рулни ушлолмайман — қўлим дир-дир титрайди, Машинани шартта тўхтатдиму эшикни очиб: «Ке, қизим, чиқ бу ёққа!» дедим. Қиз чўчидими, ҳадеб бошини сарак-сарак қилади. «Қўрқма, чиқавер, ўтир, обориб қўяман», дедим. Кошки ўрисчани қотириб гапирсам. Бирпас бегонасираб турди, қистаб қўймаганимдан кейин кабинага чиқди. «Ой, қизимка, сапсем мороз қотган, а, уҳ-уҳ», дедим ачиниб. Халтамдан бир бурда қора нон олиб: «Ма, хлеб, куши», деб узатсам, йўқ дегандек бош чайқайди-ю, аммо икки кўзи нонда. Нонни қўлига тутқазиб, машинани юргаздим. «Уйинг, ота-онанг борми?» десам: «Бор», деди шошиб-пишиб. Отаси фронтда экан, онаси, бувиси билан турар экан. «Сувга онанг келса бўлмайдими?» деб сўрадим. Бечора анча вақт индамади, кейин худди гуноҳкорга ўхшаб: «Онам касал, бувимнинг кўзи кўрмайди», деди. Бирпасда етиб келдик. Машинадан тушгач: «Қани, юр, — дедим, — уйингни кўрмоқчиман». Иккинчи қаватга чиқиб, бир хонага кирдик. Ҳаммаёҳ ўғри ургандай шип-шийдам. Иккита каравот, бир ёш хотин, бир кексароқ аёл ётибди. Қиз, онаси бўлса керак, ёш аёлнинг ёнига чопиб бориб, бир нималар деб бидиллай кетди. Йўталиб, салом бердим. Ўттиз-ўттиз беш яшар жувон инқиллаб бошини кўтарди, ранги сап-сариқ. «Нима қилди? Касалмисиз?» деб сўрадим. У пичирлаб бир нарса деди, кошки мен эшитақолсам. Ҳол-аҳволини кўрибоқ дардини тушундим: аёл очликдан шиша бошлаган эди. Пастга югурдим. Халтамдан икки кунлик паёгим: тўрт юз грамм қора нон, бир банка консервани олиб, қайтиб чиқдим. Ҳалигиларни бериб: «Буларни енг, — дедим, — ҳарна қувват бўлади…» Бояқиш хотиннинг юраги чиқиб кетаёзди. «Йўқ, қўйинг, керакмас, қўйинг», дейди. Гапига қулоқ солиб ўтирармидим!.. Энди моторни ўт олдирган ҳам эдимки, бояги қиз югуриб чиқди. Алланима деб қичқирди, эшитмадим. Ёмон эзилиб кетган эдим. Кабинага чиқдиму бутун аламимни машинадан олиб, жон-жаҳдим билан газни босдим! —Эргаш мўйлов папирос қолдиғини форточкадан ирғитди. — Ош — авлиё, нон —пайғамбар бўлгани билан, бари бир, ажали етмаса, одам ўлмас экан, — деди ва палатадан чиқиб кетди.
Ҳеч ким чурқ этмади. Файзиқул девор тарафга ўгирилиб ётиб олган эди.
«Бало экан бу мўйлов, — деб ўйлади Муҳаммад, — боплади!»
Йўлакда Сафохоннинг кимгадир шанғиллагани эшитилди, сўнгра эшик очилиб ўзи кириб келди.
— Вой-бў, димиқиб кетибди-ку палатанглар! — деганча бурнини жийириб остонада тўхтаб қолди у, — Уф!.. Дераза-перазани очсанглар бўлмайдими? Бу палатага сон кирмади-кирмади-да. Бу нима ётиш тағин?! Мундоқ халатни ечиб ётинглар-да одамга ўхшаб! — У лаби-лабига тегмасдан бидирлар эди. — Бу кимни жойи? — деди у Эргаш мўйловнинг кўрпа-тўшаги тўдаланиб ётганини кўриб. — Нонларнинг уюлиб кетганини қаранглар, коса-коса овқат… Маърифат хола, олинг мана буларни, челакка ташланг!
— Ҳой қизим, сал секинроқ гапирсанг ҳам эшитамиз, тузукми, — деди Ўсар бува ранжиб. — Нонни ахлатга ташламоқчимисан? Қўй жойига!
— Вой, мумкин эмас, деяпман-ку, мумкин эмас, нега тушунмайсиз?! — Қиз деразани очаркан, яна бобиллаб берди. Тумбочка устидаги ўроғлиқ қоғозни жаҳл билан тортган эди, полга бурда-сурда нон, майда ушоқлар сочилиб кетди.
Дўстмат полвон бай-байлаб ўрнидан турди.
— Ҳей, сен кимнинг қизисан ўзи? — деди қизишиб. — Ота-онанг ҳеч айтмаган экан-да, ноннинг уволини? Ҳа баракалла сенга!.. — У чўққайиб ўтирди-да, тимирскилаб кафтига нон ушоқларини териб ола бошлади. — Хўп замонингда юрибсанлар-да, ишқилиб, бахтларннгга доим шундоқ бўлсинку-я! Э, одамнинг ҳар нарса бўлгани яхши! — Чол жавраб-жавраб, ушоқларни битта қўймай териб олди.
Шу жанжал сабаб бўлдию чолларга гап топилди. «Ҳозирги ёшларнинг қуруқ, бетгачопар бўлиб кетаётгани»ни кечгача роса чўзишди.
Қасалхонада бемор кишининг ягона эрмаги — телевизор.
Қечқурун Муҳаммад ҳам томоша кўргани чиқди. Эргаш мўйлов ҳозиргина кардиамин укол олган экан, оғриғига чидаёлмай, билагини ишқалаганча бай-байлаб ўтирарди.
— Вой қизталоқ-эй, ёндираман дейди-я! — деди у Муҳаммадга.
— Эргаш бува дейман, юрагингизнинг бўлган-тургани шуми?
— Э, ўғлим-а, бизда юрак қолдими? Не азоблардан кейин! Тағин ҳам юрибмиз-да… Суратимиз одам. Ман уч марта контужин бўлганман. Шундан вағиллаб гапираман, бўлмаса гапимни ўзим эшитмайман. Уҳ, энди сал тарқади-я.
Экранда бомбалар портлаб, ўқлар учаётган, дарахтлар гуриллаб ёнаётган ва одамлар бирин-кетин ўлаётган тўс-тўполон манзаралар ўта бошлади. Муҳаммад бир маҳал ёнига қараса, Эргаш мўйлов «ҳолати разм» бўлиб ўтирибди. У телевизордан кўз узмас, қалин соқол қоплаган юзи пирпирар, тиззаси устидаги папирос тутган ўнг қўли билинар-билинмас титрар эди.
Тарақ этган овоздан ҳамма чўчиб, орқасига ўгирилди.
— Эй қуриб кетсин-эй, қуриб кетсин! — деди бирданига Эргаш мўйлов ғайритабиий титроқ товуш билан ва ўрнидан туриб кетди.
Муҳаммад тонг қоронғисида аллақандай шарпадан чўчиб уйғонди. Хона ғира-шира, ёнгинасида уч-тўрт киши уймалашар, ивир-шивир товуш қулоққа чалинар эди. Тўсатдан биров пиқиллаб йиғлаб юборди:
— Уйим куйди-и, энди қандоқ қиламан-ан!
У сапчиб ўрнидан турди ва устига чойшаб ёпилган замбил кўтариб эшикдан чиқаётган одамларни кўрди. Бошяланг, пакана бир хотин замбил ортидан уввос солиб борарди.
Муҳаммаднинг юраги бўғзига тиқилди, оёқ-кўли музлаб, бўшашиб кетди…
Эргаш мўйловни пешинга чиқарадиган бўлишди. Ўсар бува, Дўстмат полвон, Файзиқул «Тез ёрдам» машинасида жанозага жўнашди.
Муҳаммад кийимларини уйига бериб юборган эди, тушгача олдига ҳеч ким келмади, ноилож, фалаж чол билан бирга палатада қолишга мажбур бўлди. Исломбой бува яқинда уйқудан турган, бехабар эди, одатдагидек кўзларини жавдиратиб ўтирарди.
Чоллар жанозадан дилгир, хомуш қайтдилар. Ўлик чиққан палатада мозористон сукунати ҳукм сурди. Аҳён-аҳён Ўсар бува ёнбошига ағдарилиб: «Э, олло», деб қўяди, холос.
Муҳаммад ҳануз ишонмас, куни кеча, оқшом чоғи юзма-юз гурунглашиб ўтирган, кечаси ёнма-ён ётган одамни тонг отгач, абадиян қайта кўрмайдиган бўлганига сира-сира ақли бовар қилмас эди. У мўъжаз ҳаётида илк бор ўлим шарпасини туйди, хаста вужудини ажалнинг совуқ, бемаҳал изғиринлари илк бор жунжиктирди.
Ва у жуда кўп нарсаларни ўйлади.
Эртаси куни врач кирганида, Муҳаммад хаёл суриб ётарди.
— Хўш, сиз қалайсиз? — деб сўради врач каравот четига омонатгина ўтириб. — Йўтал камайдими? Қани, ағдарилиб ётинг-чи.. . — У йигитни фонендоскоп билан текшириб кўрди-да, бош силкиди, ўрнидан тураркан: — Ҳа, айтгандек, — деди, — сиз бошқа жой деган эдингиз, ана, еттинчи палатада битта ўрин бўшади, хоҳласангиз, кўчиб ўта қолинг. Ҳаммаси ўзингиз тенги ёшлар.
Чоллар Муҳаммадга ялт этиб қарашди. У бир зум ўйланиб колди, сўнг бош чайқади:
— Йўқ, майли, Исроил ака. Менга мана шу ер тузук.
— Ўзингиз биласиз, — деди врач.

1977