Кечанинг олтин чечаклари оғочлар орасидан нур сепади. Тарқалиб кетган кенг шохлар ерларга ола кўланка ташлаган. Боғчанинг ўрталигидаги гулзор, электр шуъласи остида ажиб бир кўриниш касб этган, майин елнинг қанотига урилиб, тиниқ кўлнинг юмшоқ мавжлари каби чайқалади. Қилли музиканинг ёқимли ва жозибадор оҳанглари толиққан асабларга роҳат бағишлаб ўйнамоқда. Кечанинг қўйни ором бериб аллалагандай…
Боғнинг бир чеккасида овқатхона, яна бир чеккасига кино жойлашган. Биз кинонинг биринчи сеансидан чиққач, овқатхонага келдик. Ўртоғим у ёқ-бу ёққа қараб кўрди-да, бир чеккани кўрсатди.
— Юр, ҳу анови ерга бориб ўтирамиз.
— У ер жуда чет, қоронғи-ку?
— Йўқ, яхши, тинч, жуда ҳам қоронғи эмас. Қара, жуда кўринишлик.
Бориб стулларга ўтирдик. Маҳмуд хизматчини чақирди.
Кимлардир овқат емоқда, кимлардир қуруқ пиво ичиб, суҳбат қилишар эди.
Қизарган юзлар ва қисилган кўзлар бир-бирларига сўз маъқулламоқда…
— Кеча комсомол мажлиси бўлдими? Зарур ишим чиқиб қолиб, боролмай қолдим.
— Йўқ, докладчи келмагани учун мажлис қолдирилди,— деди Маҳмуд ва сўзида давом этди.— Кеча Фирқа тозалашига бормадинг, жуда қизиқ ўтди. Ҳошимнинг тоза расвосини чиқардик, бутун сирлари очилди…
— Ҳа, ҳа!.. Э, аттанг, бормаганим чакки бўлибди-да. Жуда қизиқ бўлгандир-а?
— Қизиқ ҳам гапми, унинг қилган ишлари ажойиб бир роман!..
— Бунга мен асло рози эмасман! Мени ноҳақ чиқардилар!.. Муттаҳамлар!..
— Шиш… Секинроқ сўзланг, секинроқ!..
Бу сўзлар келган томонга иккаламиз ҳам баравар ялт этиб қарадик.
Семиз, сермўйлов киши сўзида давом этди:
— Мен… мен нима? Улар ким яхши, ким ёмон билмайдилар. Мен нима?! Мен ўн тўққизинчи йилдан бери партия сафида туриб, ҳеч кимга ёмонлик қилган эмасман!..
Оқ каноппаздан узун камзул кийган, кўкрагига яқинроқ қилиб эски, кичкина шойи белбоғ боғлаган, патак соқол, ўрта яшар яна бирови атрофга зийрак-зийрак назар ташлаб қўяди ва семизни секинроқ гапиртиришга уринади.
Ориқ, соч-соқоллари ўсиб кетган, девонасифат, эски костюмли, 27—28 ёшлар чамасида бўлган учинчиси, қовоқ остига чуқур кириб ўрнашган, хаёлчан кўзларини тиккан нуқтасидан узмай, тинч ва жим тингларди, фақат кружкадаги тиниқ, сарғиш нарсани тез-тез шимириб қўярди.
Бир оздан сўнг иккаламиз секингина бир-биримизга қарадик. Маҳмуд «кўрдингми?» деган мазмунда боши билан ишора қилиб қўйди.
Семиз анча қизиб қолган эди.
— Биламан! Улар етол талашадилар! Мендек бир ҳақиқий хизматчини уларнинг кўзи кўролмайди. Бўлмаса айтингчи, Абдусаттор ака, менинг бировга зарарим текканми?!
— Ҳақиқат, ҳақиқат,— деди Абдусаттор ака дегани ва девонасифат йигитга қараб сўзида давом этди: — Султонбоев тўғри айтади. Ҳеч кимнинг мушугини пишт деган эмас, ҳа! Ким бўлса ҳам, хўш, қўлидан келган одамгарчилигини аяган эмас. Ҳали ҳам шундай! Ҳа!.. Масалан, ахир, ўзимизнинг ишимиз бир оз, яъни, чатоқ «бўлиб қолганда, худо хайр берсин, кўп ёрдамлари теккан. Масалан, йигирманчи йиллар бўлса керак, молларни у ёқ-бу ёққа ўтказишмас эди… Чунончи, бир кун шаҳарга кириш олдидан агентлар, хўш, молларимизни тутиб қолди. У маҳалда Рустамбой акам ижроқўм эдилар, келиб секин қулоқларига шипшитган эдик, худо хайр берсин, ўэлари, хўш, тўғрилаб берганлар… Эҳа, бунақа яхшиликлардан бир қанчасини қилдилару, лекин, биз, яъни, ҳеч бирини қайтара олмадик…
Рустам қўлига олган кружкасини бўшатгач, деди:
— Ҳа… у вақтлар ўтиб кетди… Қани ўша вақтлар қайтиб келса, истаганингни ер, ичар ва нимани хоҳласанг қилар эдинг. Биров «ғинг» демасди. Энди-чи? Ҳа, бутунлай бошқа! Бир оз нотўғри иш қилгундек бўлсанг, дарров билиб олиб, боплайдилар. Кейинги вақтларда аппаратни соғломлаштирамиз деган масала чиқиб қолиб, бизга ўхшаган кўп масъул ишчиларнинг четга чиқиб қолишига сабабчи бўлди. Ҳозир райкомда, ижрокўмда, ҳатто қишлоқ шўроларида ҳам пастдан кўтарилганлар… Улар, на одамгарчиликни биладилар ва на муомалани. Танқид деб, қиттай айбинг бўлса ҳам аямайдилар…
— Ҳе, эсизгина, у вақтлар ўтиб кетди. Йигит жим, ҳамон уларни тингламоқда. Абдусаттор эски вақтларни эслаб сўзга киришди:
— Раҳматлик отангиз билан бизнинг падаримиз жуда қадрдон эдилар. Отангиз шаҳарга — дўконларига тушганларида, бизнинг ҳовлига жуда кўп келардилар. Инчунун, биз ҳам сизларнинг қишлоқларингизга кўп борар эдик. Шу, мен сизга айтсам, Рустамбой ака, Султонбой акамнинг худди ўзгинасиз-а. Раҳматлик эшикдаги хизматкор, даласидаги чоракорларга, хўш, бир оғиз бўлса ҳам ёмон гап гапирмас эди-да!..
Улар биздан унча узоқ бўлмаса ҳам сўзлари зўрға эшитилар эди. Пастроқ товушда, лекин жони-жаҳди билан сўзлашар, пакана, сершох сада бизни уларнинг кўзидан яширар эди.
Маҳмуд менга қараб секин кулгач, қулоқларини «динг» қилиб, диққат билан уларнинг сўзини яна тингламоққа киришди.
Йигит вақтнинг ўтгани билан иши йўқ, атрофда юз бермоқда бўлган ҳодисалардан хабарсиз, бир ҳайкал каби кўринар эди.
— Султонбоев!— Абдусаттор мароқланиб сўзламоққа бошлади.— Йигирма икки, йигирма учинчи йиллари хўп яхши эди-я? Савдомиз тарақ, ҳукумат идораларида ўтирганларнинг бир қанчаси сизга ўхшаган оғайнилар эди. Чунончи, Саъдуллабоев, яъни, Саъдулла бойваччанинг ўғли, эсингиздами? Ҳў ижроқўмнинг, чунончи, секретари бўлиб ишларди, кейин фирқадан чиқиб кетди-ку?
Султонбоев бош силкиб, тасдиқ қилди.
— У ҳам ҳукумат идорасида ишлар эди, ҳам укаси орқали савдогарчилик қилар эди…
Семиз ниманидир эслагандек бўлди ва йўғон гавдаси завққа тўлиб кетди. Қисилган кўзлари кулгидан яна баттарроқ қисилди, лаблари ёйилиб, қип-қизил, қонталаш ва серсоқол ёноқлари шишиб чиқди. Семиз, юмалоқ қўллари билан кружканинг дастасидан ушлаб, шишага ура бошлади. Хизматчини қаршисида кўргач:
— Яна ярим дюжна пиво!— деди-да, сўзида давом этди:—Аммо, тўғри, у вақтларда, сиз айтгандек, тегишли жойларда ўзимизникилар эди… Ҳар кун базм… ичкилик… кайфу сафо… жононлар… Оҳ, эсиз, у замонлар ўтиб кетди.
Боядан бери тек ўтирган мажнунсифат йигит узоқ ва чуқур бир нафас олди. Унинг лаблари секин қимирлай бошлади:
— Шундай, мозий ўтиб кетди… Унинг этакларига тармашиб бўлмайди энди…
У яна тинди ва қалтироқ қўллари кружкага тармашди. Кружкани бир сипқаришда бўшатиб, столга қўяр экан, сўзида асабий давом этди:
— Ўтиб кетди!.. Ўтиб кетди!.. Ҳаётнинг баҳори, лолазори ўтиб кетди!.. У, миллат!.. Миллатнинг ҳоли… ҳе…
У қаттиқ асабийлашди, кўзларида ёш кўринди. Абдусаттор эса нималарнидир ўйлаб, кўзларини тез-тез очиб-юмиб ўтирарди.
Рустам бўшаган кружкаларга пиво қуяр экан:
— Хафа бўлманг, Қурбон афандим,— деди.
— Йўқ, мен жуда асаби мустаҳкам одам эдим. Ахир, илгари жамиятимиз яхши эканлигида, нақадар маҳкам одам эканлигим сизларга ҳам маълум-ку? Фақат турмушнинг ваҳший тўлқинлари, заҳарли тирноқлари пўлатдек, танларни мўмга, оловли юракларни қонга айлантирар экан, на чора?! Мен энди аввалги қувноқ Қурбон эмасман! Йўқ, мен энди асаблари бузилган, кўкраклари чириган, жафоли, юрак-бағри эзилган, ҳаётдан бегона бир шахсман… Ватан учун қурбон бўлган Қурбонман! Аламли бир шоирман!..
У жиддий ва шикоятли сўзларди. Бир оздан сўнг, ҳаяжонини пича босиб, мулойим овоз билан илова қилди:
— Туркиядан бекор келган эканман, ватанимнинг бу аянчли ҳолини кўрмасдим… куймасдим…
— Унақанги умидсиз бўлманг. Эҳтимол, замон яна бир айланару эски қолипига тушиб қолар,— деди Абдусаттор. Сўнг, ҳар каллада бир хаёл дегандек, ўйлаб юрган орзуларини айта бошлади: — Ҳа, ўша вақтлар худди тушга ўхшайди-я… Савдолар тарақ, юрт ўртасида обрў катта. Тавба… Сўнгги умид босмачилардан эди. Йўқ, у ҳам бўлмади…
— Йўқ! — деди йигит, оловланган кўзлари билан.— Мамлакатни идора қилиш осон эмас! Илм, маърифат керак! Саводсиз, омий ялангоёқлар ҳеч қачон, ҳеч қаерда мамлакатни идора қилган эмаслар!.. Тарихда кўрилган иш эмас бу!
— Ким билади. Ишқилиб, камбағаллар, бўш келмайдиганга ўхшайдилар. Кундан кунга мустаҳкам бўлиб бормоқдалар. Хусусан, хусусий савдони сиқиб чиқаряптилар. Яъни…
— Нодон!—деди Қурбон, Абдусатторнинг сўзини бўлиб.— Миллатимизнинг шу аҳволга тушишига ҳам сиздек нодонлар сабабчи! Бу, яраланган юракка тасалли берганингизми?! Ўртанган кўнгилга олов қўйиш, холос!
Қурбон яна асабийлашди, хафа бўлди, яна кўзларида ёш томчилари пайдо бўлди.
Абдусаттор бу сўзлардан ғоятда қаттиқ таъсирланди шекилли, бошини тубанга солиб, киприкларини пириллатиб, хомуш бўлиб қолди. Қурбоннинг койиши Абдусатторни жуда эзиб қўйди.
Қурбон нафасини ростлаб олгач, яна сўзга киришди:
— Ҳар нарсани пайқаб, орқа-олдига қараб гапирмоқ лозим. Менинг кўнглим яримта бўлиб қолган. Унча-мунча қаттиқ тегадиган гапларни кўтара олмайман, Абдусаттор ака!.. Сиз бунга хафа бўлманг. Дўст ачитиб айтади, душман кулдириб.
— Йўқ, Қурбон афандим, ундоқ эмас… Хўш, мен… чунончи, гапнинг сирасини айтдим…
— Сирасини ҳам асло айтманг!
Рустам, нима учундир, ўзидан ўзи безовталанди. Муштларини тугиб, ўтирган ерида тебраниб-тебраниб қўйди.
— Бўлмайди!.. Шундай қола бериш ярамайди!
— Нимага энди шунча диққатингиз ошмаса!..
— Э, сиз тушунмайсиз!
— «Душманнинг сиртида бўлгунча, ичида бўл!» деганлар,— деди Қурбон.— Рустамбойнинг фирқадан чиқиб кетиши яхши эмас, фирқада қолиши керак. Ўз кишиларимиз орасида анча эътибори бор, миллат йўлида хизмат кўрсатиб келаётган одам!..
Абдусаттор ҳам бир нарсани тушунгандай бўлди ва ўзига тикилиб турган семиз юзлардаги хунук кўзларга қаради.
— Тўғри, фирқадан чиқиб қолишингиз яхши эмас, албатта. Хўш, чунончи, бу иш қандай содир бўлди?
— Э, бир фалокат босиб қолди. Йўқ эса бунчалик бўлмас эди. Ҳамма ишни қўзғаган Турдиматнинг ўғли Боймат бўлди… Бизнинг ҳамқишлоғимиз, сиз танийсиз.
— Хўш?
— Тозалаш вақтида эски масалаларни қўзғади.
— Эшитайлик-чи?
— Ҳа, уларнинг ҳовлиси бизнинг маҳаллада эди. Отаси бир вақтлар бизнинг еримизда чоракор бўлиб ишлаган. Очарчилик йиллари, ота-онаси ўлгач, у ит эмган, бизникида хизматчи бўлиб қолган эди. Кейин, бир ой ўтмасданоқ, орада жанжал чиқиб, кўчага ҳайдаб юборган эдик…
— Қандай жанжал?
— Қандай жанжал?— Рустам саволни қайтаргач, бир оз ўйланиб қолди. Сўнг, яна сўзга киришди:— Хайр, айтсам айтиб берай.—У қўлига олган пивони ичди. йўғон бармоқлари билан мўйловларини силар экан, сўзида давом этди:—Унинг биттаю битта ўрта қўлдай, ўн олти яшар синглиси бор эди. Уни Гуласал, дер эдилар. Шу, ой деса ой, кун деса кун эди. Ўшани, икки хотин устига бўлса ҳам, олмоқчи бўлдим. Лекин, таги пастни нима қиласан, деб, отам розилик бермади. Аммо, шундай бир нозанинни қўлдан чиқариш, мен сизга айтсам, асло тўғри келмас эди. Ахири, бир кун, унамаганига қарамай, ўлдираман, деб қўрқитиб, доди-фарёди, кўз ёшига қарамай, зўрлаб, меҳмонхонада уч кеча тонготар қилиб чиқдим…
Рустам сўнгги жумлаларни ғурур билан айтди. Йўғон бўйнига қон югурди. Орқасини стулга тираб, қўпол қоматини тиклар экан, гумбаздай қорнини силади. Хунук лаблари яна ёйилди. Воқеани ўзича тасаввур қилиб, Абдусаттор ака ҳам завқ билан жилмайди. Қурбоннинг қаҳрли кўзлари эса, бир оз юмшади. Бу қизиқ ҳикоянинг давомига қизиққан Абдусаттор ҳикоянинг охирини эшитишга шошилди:
— Хўш, кейин нима бўлди?
— Нима бўлар эди, бир-икки кун йиғлаб юрди. Воқеани билиб қолиб, акаси жанжал кўтарди. Аммо, у вақтларда камбағалнинг қўлидан нима ҳам келар эди? Уларнинг йиғисига, жанжалига қулоқ соладиган замонмиди? Қизнинг ўзини бузуққа чиқариб, ака-сингил иккаласини сўкиб-сўкиб, бир пақир ҳам бермасдан, кўчага ҳайдаб юбордик… Ана ўша кунлар хотираси Бойматнинг эсидан чиқмаган экан!.. Бундан бир ойча аввал, «Н» шаҳрида Боймат район партия комитетининг масъул котиби, синглиси эса, ўша ерда женотделда ишлар эмиш, деб эшитган эдим. Лекин улар ҳам қаёқдандир, кимдандир, менинг бу ерда ишлашимни эшитишган экан. Бундан бир неча вақт аввал, фирқа тозалаши олдидан иш берар, деб, улар менинг тўғримда газетада, хабарингиз бордир, жуда ёмон мақола ҳам ёзиб чиқаришган эдилар.
— Э, анови!
— Ҳа, муттаҳамлар ўз муддаоларига етишди, тагимга сув қуйишди. Итваччалар ўша маҳалларда очликдан ўлиб кета қолмаган эканлар! Яна, бу можаро етмагандек, устига-устак, бултур қўйиб юборган катта хотиним, икки боласини етаклаб, менга даъво қилиб, атайи қишлоқдан келибди. Кооперативда ишлаган вақтимдаги эски ишларим ҳам — ҳаммаси очилди. Ҳатто, чет эл билан алоқаси бор, деб чиққанлар ҳам бўлди. Ҳа, гуноҳларни яшириб бўлмас экан. Ахир, бир кун эмас, бир кун сир очилар экан.
— Ҳа, оловнинг устига ёпилган парда ёниб кетади,— деди Қурбон,— гувоҳи бор сирларни яширмоққа уриниш, дарёга йиқилаётган кишининг соҳилдаги якка ва бақувват кўкатга тармашганидек маъносиздир.
— Бу кўргиликлар етмагандек, мени миллатчи, пантуркист деб ҳам айблаяпти…
— Бу билан сиз фахрланишингиз керак, ҳа!
— Саломат бўласиз! Маслаҳатлари учун қуллуқ,— деди заҳарханда билан Рустам.— Мени партиядан ўчириб ўтирсаю, фахрланишга бало борми?!
Рустам ғазабли ва аламзада кўзларини кружкадаги тиниқ пивога тикди. Буларнинг сўзига қулоқ солиб ўтирган Абдусаттор, навбати билан, яна ўз дардини айта кетди:
— Кейинги вақтларда Ўзбекторгингиз яхши иш бериб турган эди-я. Ҳа, бир чеккаси, чунончи, бизга ҳам яхши бўлмади. Хўш, энди, шу билан босди-босди бўлармикин?
— Бу нима деганингиз?—деди Рустам ҳушёр тортиб ва хавотир олиб.
— Яъни, фирқадан ўчириш билан сизни тинч қўйишармикин? Ёки?..
— Э, оғзингизга тош!..
— Ҳаммаси бўлиши ҳам мумкин…— деди гапга аралашиб Қурбон.— Уларнинг қўлидан ҳар нарса келади… Қамашлари ҳам, отишлари ҳам мумкин…
— Нафасингизни бунча совуқ қилмасангиз, афандим,— деди жаҳл аралаш Рустам.
— Йўғ-э, унчаликка бормас… Шу жазо билан кифояланишар… Шунда ҳам яхши бўлмади… Бизга ҳам… Ризқимиз қирқилди…— деди Абдусаттор. Аммо, хиёл ўтмай, яна эски мавзуга ўтди:—Хўш, ўзингиз мудир эканлигингизда борсак, худо хайр берсин, озми-кўпми, йуқ демас эдингиз…
— Қўйинг энди, у вақтларни эсга солаверманг! У вақтлар бир келди кетди… тушдек… Шундай бўлар экан-да… Омад келган, ишлар яхши, даромад катта эди… Ҳа, энди у даромадлар йўқ. Қўлдан омад кетди… Э, бўлди, уларни эсласанг, ёниб кетасан киши! Қўлингдан келса, ҳамма рақибларнинг калласини сапчадек узиб ташласанг!—деди ҳаяжонланиб Рустам.
Идроксиз, пайтавафаҳм Абдусаттор, Рустамнинг ёнган юрагини яна ҳам алангалантириб, сўзида давом этди:
— Ҳў, бундан беш ойларча аввал берган бир яшик чойингиз ҳали ҳам бор, иш бераётибди. Ўзи ҳам жуда асл чой экан, хўш, фақат ёру биродарларгагина сотиб, ўзимиз сизни дуо қилиб, ичиб турибмиз. Дўконга ҳам олиб чиққаним йўқ, ўша олиб кетганимча уйда.
Рустам, бўғилиб кетгандек, ёқасининг учиичи тугмасини ҳам ечиб юборди. Кўзларига яна ғазаб қуйилди.
— Ҳа, итнинг боласи қилар ишини қилди!
— Оғир бўлинг! Иложингиз қанча? Қўлингиздан нима ҳам келар эди?! Ўйлаб қаранг! Шу юрганингиз ҳам ғанимат!
— Қўлимдан ҳар нарса келади!— семиз қўллар столга урилди. Бўғиқ, ғазабли товуш титради: — Келади!.. Нега келмас экан? У итвачча мендан қочиб қутулолмайди! Илгари ўлдирмаган бўлсам, энди ўлдираман! Каллакесарларга айтиб, пул бериб бўлса ҳам ўлдиртираман! Ҳа!
— Кимни?— деди Абдусаттор гапнинг фаҳмига етмай.
— Тагимга сув қуйганларни! Бойматни!..
— Тисс, тисс… секинроқ! Деворнинг ҳам қулоғи бор дейдилар.
Абдусаттор атрофга хавфсираб бир неча бор қараб олди. Овқатхонада ўтирганларнинг ҳаммаси ўзи билан ўзи овора, буларнинг суҳбатига қулоқ соладиган ҳеч ким йўқдек кўринди.
Қурбон лабларини аста қимирлатди:
— Битта кишидан ўч олиш билан иш битармиди?
— Душманнинг ҳарна бири кам!
— Шундайми?
— Шундай! Фақат сизлардан ёрдам кутаман. Тисс… Ҳозирча шу ерда бўлган гап шу ерда қолсин!.. Сир!..
Гавдалар бир-бирларига қараб энгашдилар. Қасоскор кўзлар бир-бирлари билан учрашдилар…
— Режани бажариш мумкин. Оғир эмас! Сиз ёрдам берсангиз — ўнгғай..
— Ие, ие! Нима дейишяпти? Қотиллик қилишмоқчими?!—мен ҳаяжонланиб Маҳмудга қарадим.
— Жим!—деди Маҳмуд қўл силтаб.
Қурбон анча ўйланди. Ниҳоят, бир қарорга келган каби очиқ ва ишонч билан деди:
— Бўлди, бажарамиз! Ҳамманинг ҳам бошида бир ўлим бор!..
Абдусаттор ҳам бош қимирлатиб, қарорни тасдиқлади.
— Ижро этадиган одам топилади… топамиз… Рустамнинг семиз қўллари пиво тўла кружкани чангаллади. Бошқалар ҳам кружкаларини кўтардилар. Уч пар ғазабли, маст ва қон босган кўзлар яна неча қайта учрашдилар. Кружкаларнинг овозлари жаранглаб кетди. Лабларини ялашиб, кружкаларни стол устига қўйдилар…
Улар қўзғолганда соат бирлар чамаси бўлиб қолган эди. Улар қўзғолиши билан, биз ҳам қўзғолдик.
Пивохонада одамлар жуда сийраклашиб қолган бўлса ҳам, қилли музиканинг ёқимли унлари ҳамон тўхтамаган эди.
Маҳмуд бир неча қадам нарида кетаётган ҳарбий кийимлик одамни кўрди-да, шошилди, қадамини тезлатди:
— Хайр, мен кетдим, эртага яна учрашамиз.
— Нега шошасан? Қаёққа? Тўхта, у ким?
— Таниш бир киши.
— ГПУнинг одами эмасми?
Маҳмуд шошиб жавоб берди:
— Ҳа. Жиноятнинг олдини олиш керак! Бойматни ҳалокатдан қутқариш керак! Аламзадаларнинг додини бериш керак! Хайр, мен кетдим.
Мен унинг орқасидан бир оз қараб тургач, секингина уйга йўл олдим. «Ҳа, бу ишга «дўстим Маҳмуд аралашса жиноятнинг олди олиниши муқаррар!»—деб ўйладим ичимда…
Тун ҳаяжонсиз, тинч ухлайди. Олтин чечаклар жим, фақат, қум сепилган йўлларга, дарахт ва кўкатларга нур тўкмоқдалар. Юмшоқ ел садаларнинг майда баргларини тортқилаб ўйнайди, сўнг, ипак этакларини судраб, боғчадаги гулзор устидан ўтиб кетади-да, ғойиб бўлади…
1928 йил