Сарвар Азимов. Назокат (ҳикоя)

Ҳар турфа одамни кўп кўрдим: нозик таъблигини ҳам, тўқим табиатини ҳам. Буниси ўзгача: мулойимликдаям, тихирликдаям бошқалардан ажралиб туради. Белорус ўрмонлари келини — оқ қайин шарбатини эмиб етилгани учунми, ёки… хуллас, оти — Станислав, ошна-оғайнилари эса, негадир, уни Стас деб аташади. Бўйдор, оқ мағиз, камгап бу одам ёши қирқлар нари-берисидамикан: ҳай-ҳа-й-й, ишчанлигига нима етсин — қўлигул бинокор. Айби бор: уйланмаган, аёл зотидан қочади.
Асли дўстлигимиз урушдан бошланувди. Минскни озод қилиш жанглари кезида — 1944 йилнинг 3 июлида учрашиб қолгандик, ниҳолдай йигитча эди. Шу-шу то Берлинга қадар ёнма-ён бўлдик. Ўлимнинг хунук турқини тескари қилиб, у Минскка, мен Тошкентга қайтганимиздан кейин ҳам хат-хабаримиз узилмади. Жанг майдонида тутинган ака-укалик, садағаси кетай, ўзи бир олам.
Стасни Тошкентга чақирдим. Бир-икки марта қорасини кўрсатди. Аммо-лекин қисталанг жўнаб қоларди. Бир куни, якшанба бўлсами, эрта кўкламнинг ҳушёқар шабадасига кўкрагимни бериб ўтиргандим, жилмайиб кириб келди. «Ҳа, ҳувори?» десам: «Соғиндим. Хат-пат қилмасдан келавердим», жавобини қилди. Кулишдик. Меҳмоним бўлди. Оқ қайин шарбатидан келтирган экан, мазза қилиб ичдик.
Чамамда, бу гал кўпроқ туриб қолди. Уйга кеч қайтадиган одат чиқарди: баъзан шод, баъзан дилгир. Ётоғида «Анна Павлова», «Галина Уланова», рақс-балет китоблари, қоши қалам, сочи тарам раққоса суратлари… Ҳайрон бўлдим.
Шу кунлари, қуриб кетгур, зилзила қозони қайнаб қолсами. Шаҳри азим бир зумда остин-устун, ҳаммаёқ вайрон. Ичимдан қиринди ўтди. Беш-олти куну тун ишхонада қолиб кетдим. Бир куни уйга қайтиб, хотинимдан Стасни сўрасам: «Қайдам. Ўша куни азонда кетганча дараклари йўқ», дейди. Тавба…
Тун оғушида Стас қораси кўринди. Авзойи чатоқ: озган, кўзлари ўйиқ, майиздай қорайиб кетипти. Салом-аликдан сўнг индамасдан ётоғига йўл олди. Эр-хотин қараб қолавердик. «Юраги тоза йигит-да, бошимизга ёғилган офат роса эзипти» хаёли кўнглимдан кечди.
Нонушта пайтида аста разм солсам, ҳаворанг кўзлари тамом сўник, уҳ деса — ўпкаси кўринади.
— Стас, тинчликми ўзи?
— Тинчлик… тўрт мучалим соғ, — жавоб қилди дастурхон четини букиб.
— Бирон жойи узилиб тушган одамдай кўринасан?
— Уста,— ялт кўзимга қаради Стас,— урушда ишга яровдимми?
— Э, ҳувори, яраганда қандоғ. Нима эди?
— Белоруссияга қайтмайман. Маъқул кўрсангиз, сизга шогирд тушсам?
— Ҳм… Стас, бу ақлни яхши ўйлабсан. Тошкентга нима зарур — бинокор зарур шу чоқда. Аммо-лекин қисир булутликни қўй — устаси парангсан, биламан. Мусобақадош бўлсанг, бурнингни ишқагудай ишлатардим. Нима дединг?
— Қўлни беринг, Уста.
Жомакорни иккита қила бинокорликнинг қоқ белидан шундай олдикки, қиё боқиш ҳаминқадар. Мана, уйсиз-жойсиз қолишган 400 минг чамаси шаҳарликлар ҳам янги даргоҳ роҳатини кўришмоқда. Пойтахтимиз яшарган, қаддини кўтариш шукуҳи кундан-кун баланд. Зилзилага — чикора.
Индамас, ишнинг кўлами ва сифатига келганда ўлгудай қайсар Стасимиз ғайрати ҳамманикидан ортиқ, одамлар тилидан тушмайди. Унинг чапдастлиги «сири»га калит топишолмасдан мухбирларимизам ҳалак. Қайси дамларда: «Э-э, гижбакабанг қивор-эй, шоввоз, санъаткорданам қийвординг-ку», деганимча теримга сиғмай кетаман, бир сўниқ қовоқларига қараб, хафақон бўламан. Халқ иззатидаю чеҳраси кулмайди-да, кўнгли шом ҳамиша. Ўзига келмайди. Қалб «парма»сини тополмай доғман, зардам қайнайди.
Хирмони тўкин куз келди. Баҳри очилар ўйида далага таклиф қилувдим, Стас кўна қолди. Бир косадан якшанба қаймоғининг чангини чиқара, Дўрмонни кўзлаб йўл олдик. Боғлар тўкин, шира-шарбат оқмоқда. Заррин манзара жилоланиб киши кўзини қамаштиради, қулфи-дилни очади.
Хотинимдан айланай, масаллиғни бопта тугиб берган экан, Қорасув бўйида ўзи йўрғалайдиган паловхон тўрани муҳайё қилдим. Қиттай-қиттайдан кейин ошни поққос тушириб, каҳрабо чойни майдалаб ўтирган эдик, Стас гапга кириб қолди. Чеҳрасиям жилла ёришгандай.
— Уста, анови дарахт отини, оловранг либосдаги, биларсиз?
— Буними? Гул дарахт дейдилар. Эрта баҳорда жигардай гуллайди, чиройи жуда антиқа.
— Беловеж пушчасида бўлгансиз-а?
— Насиб қилганди. Беқиёс манзил.
— Бу дарахт ўша ердаги қарағайзорлар орасидаям аҳён-аҳён учраб қолади.
— Юртингни соғинибсан, ҳувори.
— Юртини соғинмаган одам — одамми, Уста. Лекин бу дарахт чиройи бошқа бир инсонни эсимга солди.
— Кимни?
— Гулнозни…
— Гулноз?!. Сирингни сувга айтавермай, агар дўст бўлсанг, менга оч, ҳувори, енгил тортасан.
— Сир эмас, Уста ҳаётим жавҳари… Тарихи катта.
— Ана холос, инчинун, катта тарих бўлса эшитайлик-да, гапир?
— Бошқа кимим ҳам бор, Уста, майлиз — гапирай.— Стас яхшилаб ўрнашиб олди ва хаёлчан давом этди сўзида. — Сизга йўлиққунимча партизанлар орасида юрдим. Урушнинг дастлабки зарбалари остидаёқ ота-онасидан етим қолган ўсмир қўлидан нимаям келарди-ю, аммо, ҳарна, отим партизан эди. Отрядимиз Минск ёқасидаги ўрмонзорда ҳаракат қилар, мен эса махфий обком секретари Фиролович ертўласида яшардим. Ёнимиздаги иккинчи ертўлада доктор — бир ўзбек аёли митти қизчаси билан туришарди. Улар Минскда меҳмон бўлишган, немисларнинг селдай ҳужуми оқибатида партизанлар орасига тушиб қолишган экан.
Бир куни қирғин жанг бўлди. Чекинишдан ўзга чора йўқ эди чоғи, ярадорларни деҳқонлар кулбасига яшириб, жўнавордик. Ҳалиги доктор аёл ярадорлар ёнида қолди. Қизалоғи ҳам ўзи билан, бермапти.
Орадан бирон ҳафта ўтди. Фиролович топшириғи билан ўша қишлоққа — ярадорлар ҳолидан дарак олиш учун отландим. Ғира-ширада ялангликка чиқиб қарасам, атроф теп-текис, қишлоқ ўрнида уюм-уюм кул. Дод деворишимга сал қолди… Шамол қаёқдандир гўдакнинг чинқироқ ноласини етказди. Қулоқларимга инонгим келмайди. Нима бўлса бу? Бола овозими ё қулоғим шанғиллаяптими? Тушунолмайман.
Босқинчи хунасалар ҳийласи эсимга келиб қолди, ҳа, бу пистирмадир деб ўйладиму изимга қайтмоқчи бўлдим. Бу тобда бола йиғиси… Юрагим тарс ёрилаёзди. Ҳа, майли, бўлганича-бўлар, дея нола томон эмаклай кетдим.
Ярадорларни чапарастасига отишипти. Она мурдасини таталаб чириллаган қизалоқдан бошқа тирик жон кўринмайди. Тура болани даст кўтарганимни биламан, «Халт!» деб қолди-ку. Ура қочдим. Ўқ узишди. Орқамдан кўппакларини солишди. Бола чинқиришини қўймайди денг. Зўрға ўрмонзорга етиб олдим-да, қизалоқ оғзига рўмолчамни тиқибла қуён бўлдим. Денгиздаги балиқмиз ўрмонда, тутиб бўпти бизни.
«Аттанг, яхши аёл эди,— Фиролович кўп афсус қилди.— Сақлолмадик. Бу жажжи қизча бизга ундан ёдгор. Катта ердан самолёт келса жўнатармиз. Унгача ўзинг боқасан. Оти — Гулноз…» Умримда бола боққан одам эмасман. Яна денг партизанлар калака қилишади: «Онаси, сут келяптими?.. Ёки эчки-печки топайликми-а?», «Ўзиям кетворган онахон чиқди-да!» цингари қочирмалар чаккамга тегди.
Гулноз ёмон учинган экан, оғриб қолди. Иситмаси баланд. Алаҳлаб онасини чақиргани-чақирган. Нима қилишимни билмайман. Бахтимдан ўргилай, бир куни тузалди. Аста-секин шўхликлариниям чиқарди. Дўмбиллаб орқамдан югуришини қўймайди. Шалоладай учқур, қорамунчоқ кўзларида юлдузча ўйнайди, кўлдаги оққушлар сайрини, ўрмонзардаги паррандалар парвозини соатлаб томоша қилсаям чарчашни билмайди денг. Бир нафас уни кўрмасам, райҳон ҳидини искамасам туролмайман. Самолёт ҳам қўнди. Кетар чоғ бўйнимдан маҳкам қучоқлаб олди-да, худди катталардай, «Стас, унутманг мени» деганича жўнади-кетди Гулноз. Кўзимга ёш келди.
Долзарб жанглар саросимасида уни унутгандай бўлдим. Кейин, 1944 йили сиз билан учрашдик, Уста.
— Балли, ҳувори, қаттол уруш бошимизга нималар ёғдирмади. Хўш, давомидан ке, қулоғим сенда?
— Уста, киши тақдирида қизиқ кароматлар жилва кўрсатар экан, яна сўз бошлади Стас.— Сиз қадрдонимни кўриш учун Тошкентга келганимда театрга тушувдим. Балет асарининг дастлабки саҳнаси менга ёқинқирамади унча. Гўштдор, кепчик раққосалар жонҳалак сакрашар, ҳаракатларида санъат тароватидан асар ҳам йўқ. Эсиз вақт, кетсаммикан хаёлида ўтирган эдим, чўғдай бир кимса саҳнага отилиб чиқса бўладими: қорача пўст, ўта нозик, ўта тароватли, жилва ва ҳаракатлари кишини ром қилади. Адл ва хипча қадди-қоматини, хумор қарашларини айтмайсизми! Оёқлари-чи, бай-бай, оёқлари тоғ чўққисида учиб турган оҳуникидай. Ҳушсиз саҳнагаям, лоқайд томошабинларгаям жон кирди-қўйди, санъат сеҳри барчани «зир» титратса-я…
«Ким экан бу» ўйида «Программага» кўз ташласам, «…ролининг ижрочиси — Гулноз». Юрагим «шув-в» этиб кетди, бошим ғовлаган: «Ўшамикан?», «Йўғ-эй, бошқадир, баъзида одам одамга ажаб ўхшаб кетади… Унда Гулнозлиги-чи? Бунга нима дейсан?..»
Асар тугади. Хаёл гирдобида жунжикиб театрдан чиқдим. Шу кундан салт бошим — тинч қулоғимдан ажрадим қолдим. На ерга сиғаман, на осмонга.
— Оббо, ҳувори, ётоқдаги… ҳалиги суратлардаги раққоса ўшамиди? Офатижон-ку.
— Спектаклини пойлаб, билетни театрнинг биринчи қаторига тўғриладим. Бу сафар унисидан ҳам ўтказворди. Ёнади-я, ёнади. Санъат қудратининг жозибасидан шу дамгача маҳрум эканман. Асар тугагач йўлига кўндаланг бўлувдим, «Стас!» деганича қучоғимга отилса борми. Ўзимни йўқотаёздим. Ўша — Гулноз. Хотиридан ҳам чиқазмапти қизи тушмагур.
— Ё кароматингдан, муни қара-я,— деб юбордим, кўзларим ола-кула.
— Нимасини айтасиз, Уста. Гангир-гунгур суҳбатда уйига етиб қолибмиз. Бошимдан кечирганларим, унинг ҳаёти ипга тизилди, сўнгра денг мен билан бирга Белоруссияга борадиган бўлиб қолди. Онаизори қабрини зиёрат қилди, қизалоқлигида кезган ўрмонзорни кўриб қайтди. Тошкентга иккинчи бор келишимда кўришолмадик. Тўсатдан Ҳиндистон томон жўнашга тўғри келипти.
Белоруссияга қайтиб кўп ўйладим. Гулнозсиз ҳаёт мен учун дайди шамолга ташланган умрдай гап эканига имон келтирганимча олтмиш олтининг апрелида яна Тошкентга қараб йўл солдим. Ширин учрашув бўлди. Кўклам нафаси Гулноз юз-кўзларида ўйнар, бир ҳуснига-минг чирой қўшар, хаёлчан шўхлигини, иффатли ноз-карашмаларини ошириб-тоширгандай. Айниқса шу паллада ўз санъати ҳақида гапиришни, сербардош умидларига қанот боғлашни яхши кўрарди у.
25 апрелда туғилган кунини ўтказдик. Дугоналари, ёр-биродарлари йиғилишиб ерни кўкка кўтаришди. Сўнг иккимиз хаёл суришдик, режалар туздик. Вақт аллақанча бўлганидан мен чор-ночор қўзғалдим. Мулойим табассум билан «эртагача хайр» дея кузатиб қолди.
Қайтсам уйқу оромида экансизлар. Оёқ учида ётоғимга кирдим. Қани энди кўз юмилса. Бир маҳал осмоннинг бир этаги «ярқ» этиб ёришди-да, ер остидан ғулғула кўтарилди. Хонадаги асбоб-анжомлар ўйинга тушар, нимадир «қарс» синди. Сачраб оёққа боссам, ер тарозининг икки палласидай лопиллайди. Сизларни омон кўрдиму Гулноз уйи томон чопа кетдим. Шаҳар «қий-чув», «Зилзила! Қиёмат!» деган ҳайқириқлар, харобалар сон-саноғи йўқ. Туртина-сурина етиб борсам, Гулноз хонаси қоп-қоронғи. Эшик қоқдим, овоз бердим — ундан садо бўлмади. Эшикни ёриб кира деразани очиб юбордим: Гулноз ўринда, ёстиқ лолақон, қимир этмайди. Хона бурчагидан кўчган ғишт парчалари уй билан битта… Ўзимни устига ташлабману ҳушдан кетибман.
Зилзиланинг қайта ғулғуласидан ҳушёр тортдим. Гулноз қўли етган девордаги тирноқ чизиқларига кўзим тушди: «Стас… унутм…»
…Гулнозимни кўмдик. Беш кун чамаси райҳон гули билан битта қабридан жилолмадим. Буёғи сизга аён, Уста.
«Ҳим-м…» деганимча тилимни тишлаб қолдим. Стас кўзларида жиққа ёш, қорайган тараша вужуди безгак тутган одам қиёфасида. Дўстим дарди ва фидойи меҳнатининғ «сир-асрори»— Гулноз севгисига мос кўркам шаҳар яратиш экан. Инсон қалбининг ҳалоллигига, шундай туйғун назокатга минг бор жонингни тиксанг ҳам камлик қилади, тасаддиқ.

1967 йил