Эски “Зарбдор” хўжалигининг собиқ қоровули Шоқулнинг на уйида ҳаловат бор, на юриш-туришида. Ҳали ўт-ўланларга зеб бўлиб турган шудринглар буткул парланиб улгурмасидан унинг уйида яна олатасир бошланди. Кейин Шоқул кўчага ўқдай отилиб чиқди. Буни кўрган қўни-қўшни борки, унинг аҳволини дарров тушунди. Демак, уни келини яна қувиб-солган. Чолга қийин бўлди. Кўп йиллардан бери, умуман, ёлғиз ўғли Ҳалимга Бегимойни хотинликка олиб берганидан бери аҳвол шу. Чол ўзи жиккаккина одам, Ҳалим ҳам ундан ортиқ эмас. Келин эса анча бўйчан, кенг гавдали, бақувват. Шоқул билан ўғли икковини қўшса ҳам бир келинча чиқмайди.
Шоқулнинг кампири-ку, келинни кўрмасдан қайтиш қилган. Келинни Шоқулнинг ўзи топган. Бегимойнинг отаси савдо идорасида омбор мудири бўлиб ишларди. Шоқул унча-мунчани писанд қилмай қолган пайтлар эди. “Ўғлимга қизини бераман деган ғариб-ғураболар кўп, лекин мен ўзимга ўхшаган ўзига тўқ одам билан қуда бўлишим керак” деб ўша омбор мудирининг қизига оғиз солди. Чол ҳали Бегимойни кўрмаган, ўғли ҳам дунёдан бехабар эди. Ҳалимжон уялинқираб: “Дада, келинни аввал бир кўриб гаплашсаммикан?” деб бир оғиз сўраган эди, Шоқул ўз билганидан қолмай: “Келинни келганда кўр, сепини ёйганда кўр. Мен ҳам онангни фақат чимилдиқда кўрганман, нима, зиён қилдимми? Хавотир олма, қуда бўлмиш тилла одам, аёли ҳам бип-бинойи. Онасини кўру, қизини ол”, деб уни бошқа бу мавзуда гапиртирмади. Омбор мудири ўрта бўйлигина, унинг хотини ҳам тоғорадан тошган хамирга ўхшаган юмалоққина эди. Қизлари ҳам ўзларига ўхшаган бўлса керак, деб ўйлаган Шоқул қадди қомат борасида адашганлигини тўй куни билди. Бегимой юзи баркашдай, қўллари белкуракдай, бўйи салкам шифтга тегай деб турган басавлат, барваста, бир мушт урса ҳар қандай эркакнинг тўртта қовурғасини синдирадиган, девдай улкан қиз эди. “Оқ кўйлакнинг ичида битта одам бормикан ёки иккитами” деб Шоқул келинчакнинг атрофида айланиб, ўйлаб ўйига етолмади. Ҳатто Ҳалимнинг қулоғига: “Ўғлим, мен лотереямизга машина чиқади, деб юрсам, биратўла “К-700” деган трактор чиқибди-ку”, деб аста шивирлаб ҳам қўйди.
Шоқул, тўйдан кейин кўп чўзмай келиннинг жавобини бергизиб юбораман, деб ўйлаб юрган эди. Лекин Бегимой ҳам анойилардан эмаслигини кўрсатиб қўйди. Феъли ҳам қоматига яраша экан. Биринчи кунларданоқ қўлида ўқлоғни ўйнатиб юрадиган бўлди. Шоқул ўғлини ёнига чақириб шивирлади:
– Ҳалимбой, ўғлим, вақт ғаниматида бу келиннинг баҳридан ўтиб қўяқол, бизга тўғри келмайди. Биз хипчагина одамлармиз, келин ҳам ўзимизга яраша бўлгани яхши. Бўлмаса бу уйда бизга кун йўқ.
Ҳалим ер чизиб турди-да, кутилмаган жавобни айтди:
– Дада, мен у билан никоҳдан ўтдим. Мулла ҳам никоҳ ўқиётганда, энди икковингиз эр-хотинсизлар, қўша қарийсизлар, деди. Ҳе йўқ-бе йўқ, жавобини бериб юборсам хафа бўлади. Рости, у менга ёқиб қолди.
– Ҳе, мазахўрак бўлмай ҳар бало бўл, – деди Шоқул жаҳли чиқиб.
Шундай қилиб, Ҳалимжон хотинини талоқ қилмади. Ҳали бунга арзирлик баҳона ҳам йўқ эди. Гавдаси учун деса, бу сабаб бўлолмайди, инсофсизлик бўлади. Шоқул тирноқ орасидан кир қидириб минғирлайверди. Бир куни Ҳалимжон ҳам нимадандир хуноб бўлиб, хотинини айблади. Устига-устак, гавдасига ярашмаса ҳам, жаҳлига эрк бериб:
– Сени қўйиб юбораман, – деган гап оғзидан беихтиёр чиқиб кетди.
– Нима қиласан, қўйиб юборасан? Мен икковингнинг жавобингни бериб қўймай тағин. Иккаланг икки томонимда гўнг қидирган қовоғарига ўхшаб ғинғиллаганинг ғинғиллаган. Қани, уйни бўшатиб қўйинглар-чи. Тур йўқол, икковинг ҳам қорангни кўрсатма бу ерда, – деб Бегимой ота-болани эшикдан улоқтирди. Улар яна хезланиб келишган эди, бошларига ўқлоғ билан урди.
Ўшандан бери ота-боланинг кўрган куни шу. Шоқул аламидан чиқишнинг ҳеч иложини тополмайди. Қайси гуноҳи учун бундай балога гирифтор бўлганини яхши билади-ю, лекин бировга билдирмайди. Бегимой ўқлоғ билан қувганда ҳар гал кўчага қочиб чиқади-да, учраган одамга ҳасрат дафтарини очади. Кўчада ҳеч ким кўринмаса, тўғри Маҳкам этикдўзнинг олдига боради. Ўша ерда бироз нафас ростлаб, кўнглини ёзиб қайтади. Этикдўз эски қудуқдай одам, қанча гапирсанг ҳам эшитиб ўтираверади, пинагини бузмайди.
Шоқул яна этикдўзнинг турли-туман чарм ва елим ҳиди анқиб ётган торгина дўкончасига йўл олди.
– Ҳа, яна бошингга ўқлоғ тушдими? – деди этикдўз рўпарасидаги кир стулчага келиб ўтирган Шоқулга бир қараб қўйиб.
– Қаердан билдинг? – деди Шоқул ажабланиб.
– Юзинг айтиб турибди.
– Ҳа, сенинг кўзинг ўлгур жуда ўткир, дўппининг тагидаги ёриқниям дарров кўради. Бўйингга бўз тупроқ тортилгур келин яна ўқлоғ билан савалаб қолди. Нима қилай, унга Худонинг ўзи инсоф бермаса, бандаси бас келолмайди. Менинг тушунишимча, хотин кишининг жони сочида бўлади. Сочидан бир бураб тортсанг, енгилади-қўяди. Бу сўлоқмоннинг сочини чангаллаш учун эса нарвон қўйиб чиқиш керак. Лекин у ялмоғиз нарвон қўйиб чиққунингча қараб турмайди-да.
– Бекордан-бекор урмайди-ку, ўзинг ҳам мижғовлик қилмагин-да.
– Мен нима қилибман? Сочини ювишга бир челак қатиқни ишлатиб юборибди. “Ҳой, келин, уйимизда атиги битта соғин сигиримиз бор, сенинг бундай соч ювишингга бутун бошли ферманинг қатиғини ҳам етказиб бўлмайди-ку, деганимни биламан, ўқлоғ билан ташланиб қолса бўладими.
– Ҳар ҳолда сигирни ўзи соғиб меҳнат қилганидан кейин хоҳласа сутини ичсин, хоҳласа қатиғига бошини ювсин, ихтиёрига ҳам қўйиб бергин-да, хасислик қилавермай.
– Қаёқда, сигирни ўғлим соғади.
– Ол-а.
– Тўғри, бошда бир-икки кун у соғди. Лекин қараб туриб сигирга раҳмим келиб кетди. Тўхта, бас қил, сигирни Ҳалимнинг ўзи соғади, дедим. Индамасам куракдай қўллари билан сигир бечоранинг елинини юлиб оларди-да сув минорасига ўхшамай ўлгур.
– Феъли тор одамсан, Шоқул, сенинг шу инжиқлигингга бундан бошқа келин чидай олмас эди.
– Лекин бу келинга менинг чидашим қийин бўляпти-да. Ўз эрига, ўз қайнотасига қўл кўтарса-я. Мана, бошимни кўр, ғурра бўлмаган тангадай жой қолмади, – у дўпписини ечиб, дабдаласи чиққан бошини кўрсатди. – Хотин кишининг эркакка қўл кўтариши бизнинг элда уят ҳисобланади. Раҳматли хотиним қўл кўтариш ёки гап қайтариш у ёқда турсин, юзимга бир марта тик қараган эмас. Бу азройил, билмайман, ғорда ўсганми, юзинг-кўзинг демайди. Ўғлим эса ҳалимдай мулойим бўлиб унинг айтганини қилиб юрибди. Ҳе, эркак бўлмай ҳар бало бўл, дейман. Менга тортмади у. Вақтида бир эмас, керак бўлса бешта аёлни ўтқизиб-турғизишга ҳам қурбим етарди. Бу бўлса битта хотинни эплаёлмайди.
– Ўзинг айтяпсан-ку, бу келиннинг битта ўзи ўнта хотинга татийди, деб.
– Э, тўғриси, яшашдан ҳам безиб қолдим.
– Бунақа қийналиб юргунча, келиннинг ота-онасини, қариндошларингни маслаҳатга йиғ, келинни инсофга чақиришсин.
– Ундан каттароқларини ҳам чақириб кўрдим, наф бермади. Маҳалла оқсоқолини етаклаб келган эдим, келин пинагини ҳам бузмай безрайиб тураверди. Оқсоқол эндигина насиҳатга оғиз жуфтлаган эди, оғзидан олиб ёқасига ёпиштирди. “Сен муттаҳам, маҳалладаги болаларга бериладиган нафақа пулларининг ярмини чўнтагингга уришдан ҳазар қилмайсан-у, энди уялмай-нетмай менга насиҳат қилмоқчимисан. Ҳозир хумдай бошингга ўқлоғ билан бир солсам ақлинг жойига тушади”, деб ўдағайлади. Оқсоқол бошқа бир оғиз ҳам гапиролмай, урра қочиб қолди.
– Аммо боплабди, тўғрисиям шу-да, – дея этикдўз мириқиб кулди.
– Кейин бир куни имомни чақириб келиш учун мачитга бордим. Имом йўқ экан, мутаваллиси мулла Марайим тасбеҳ ташлаб ўтирган экан. Арзи додимни айтдим. Бошим ёрилган, чаккамдан қон оқаётган эди. Раҳми келган мулла ҳам кўп таранг қилмасдан дарров кўнди. Нима бўлгандаям мулланинг салобати бор, азиз авлиёлар ва худо номидан гапирса инсофга келиб қолар, деб ўйлаган эдим-да. Лекин бу худобехабар, мулланинг ҳам обрўйини бир пул қилди. “Мулламан, дейсану, аслида ўғриларга шериксан. Мачитга тушган эҳсоннинг ярмини уйингга ташмалайсан. Пана-пастқамда ароқ ичишдан ўзингни тиёлмайсану, иккита маърака бир кунга тўғри келиб қолса пулни кўпроқ берадиганига борасан. Шу аҳволингга менга имону инсофдан ваъз ўқигани келдингми? Соқолингга куя тушсин”, деб сал бўлмаса мулланинг соқолига чанг солай деди. Ўшандан кейин мулла Марайим қаттиқ қўрққанидан бир неча кун мачитга ҳам чиқмабди.
Маҳкам этикдўз кула-кула тиззалари устига қўйиб олган эски ботинкани бир маромда тикаверди.
– Келининг бало экан. Унинг феълига кўникиб, тақдирга тан бериб яшашдан бошқа иложинг йўққа ўхшайди.
– Ҳа, биламан, бу балони менга Худонинг ўзи юборди. Э, нега куласан?
– Ҳадеб Худони тилга олганингга кулгим қистади.
– Нима бўпти тилга олсам?
– Шу пайтгача сен Худони тан олмасдинг. Агар Худо бор бўлса, мана, мен ўзим Худоман, деб керилардинг.
– Нима қилай, Маҳкамбой, биз, ахир, шундай ўсдик. Шунинг учун гуноҳсиз ўтган кунимиз ҳам бўлмаса керак. Ҳамма нарсани партия яратган экан, деб қизил байроқни кўтариб, “урра-урра”ни айтиб юраверган эканмиз. Бир кунда ҳаммасининг оёғи осмондан бўлиб кетиши етти ухлаб тушимизга кирибдими. Энди ёшинг бир жойга борганидан кейин қилган гуноҳларингни тушунаверар экансан. Билмадим, ҳали нариёқда нималар кутаётган экан? Ҳар тугул у ёқда менга жазо унчалик кўп бўлмаса керак. Чунки Худо менинг у ёққа боришимни кутиб ҳам ўтирмасдан, шу ернинг ўзидаёқ жазойимни бериб қўйибди. Ҳа, мулланинг ўзи шундай деди. Эҳ, сенга маза, кун бўйи дўконингда ғимирсиб ўтирасан. Уйинг тинч, бошингни оғритадиган ташвишинг бўлмаса. Биров билан ишинг ҳам йўқ.
– Қоровул бўлиб ишлаб юрганингда сенинг ҳам ҳаловатинг жойида эди.
– Эҳ, ўтди даврон, кетди даврон. Энди қоровулликка йўл бўлсин. Хўжалик йўқ, идораси ҳам аллақачон бузилиб кетган. Нима, осмонни қўриқлайманми?
– Ҳов бир раис қамалганидан кейин барака учган эди-да ўзи хўжаликдан.
– Қайси раисни айтасан, Саркаевними?
– Ҳа, Туроб Саркаев. Яхши одам эди бечора. Бир қоп пулни ўзи ўғирладими, ўғирлатиб қўйдими ёки ўзи айтгандай, ростдан ҳам туҳматга учрадими, ҳайтовур шу машмаша билан қамалиб кетган эди. Шундан сўнг дом-дараксиз кетди, шўрлик.
– Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма, деган донолар. Э, қўй ўша гапларни. Асли мен ҳам этикдўз бўлсам бўларкан. Лекин сенинг букчайиб ўтиришинг ёқмайди-да. Менга қара, сенинг ҳам гавданг ҳеч тўғри бўладими? Қани ўрнингдан тур-чи.
– Турғизиб нима қиласан, онадан шундай туғилганман.
– Ростдан ҳам, қоринда қандай ётган бўлсанг, бу ерда ҳам бир умр шундай ўтирибсан, қойил. Ҳали гўрда ҳам шундай букчайиб ётсанг керак.
– Эрмак қилма.
– Бошқа ниманиям гапирай?
Этикдўз қўлидаги ботинкани тикиб бўлиб, ипни кесди. Кейин иккинчи пойини тиззасига қўйиб, тикишга киришди.
– Тавба қил, Шоқул, билиб-билмай қилган гуноҳларингни кечиришини сўраб Худога ёлвор.
– Энди ёлворганим билан ўтармиди. Тузукроқ Қуръон тиловат қилишниям билмайман. Мулладан сўраб ёдлаб олай десам, энди барибир эслаб қололмайман. Мана бу калланинг ичида мия қоптими. Бори ҳам тинмай ўқлоғ урилаверганидан суюлиб бўлган.
– Буткул Худо урган экан-да сени.
– Ҳа, ургани шу бўлса керак.
– Барибир, астойдил ёлворсанг Ўзи кечиради. Балки шундан кейин бошингга тушаётган азоблардан қутуларсан. – Маҳкамбойнинг яна кулгиси қистади. – Ё худоё қудратингдан, тавба, тавба, келиб-келиб сендай бетийиқ одамнинг ҳам бир кунмас бир кун охиратни ўйлаб қолиши кимнинг хаёлига келибди дейсан. Ишониш қийин, ақл бовар қилмайди.
Шоқул индамай бошини эгди. Қилган гуноҳларини эслаб хўрсинди. Сўнг этикдўзнинг дўкончасидан чиқиб, юраги безилласа ҳам, уйи томонга қараб кетаверди. Қишлоқнинг яккаю ягона бекати ёнидан ўтаётганда шаҳарга борадиган автобус тўхтаб турганини кўриб, бир зум ўйланиб қолди. Миясида ҳар хил хаёллар ғужғон ўйнади. Автобус йўловчилар билан тўлай деб қолган эди. Демак, ҳадемай жўнаши турган гап. “Мен ҳам шаҳарга жўнаворсаммикан? – дея ўйлади Шоқул. – Мусофир бўлмай мусулмон бўлмас, деган эди мулла Марайим. Шу гапда бир ҳикмат бор. Зора мени ҳам мусулмонлар қаторида санаб, гуноҳларимни кечирса. Бир неча кун кўриниш бермасам уйдагилар ҳам оёғи куйган товуқдай типирчилашади. Шундан кейин эҳтимол келин ҳам инсофга келиб, қадримга етиб қолар”. У шундай хаёлларга берилиб, автобусга чиқиб ўтирганини ҳам сезмай қолди. Ҳатто ўриндиқда хаёл суриб ўтириб, кўзи ҳам илинди. Автобус бир-икки силкинганидан кейин кўзини очиб атрофга аланглади. Бу пайтда улар қишлоқдан чиқишаётган эди. Катта йўлга тушиб олгандан кейин автобус шамолдай учиб кетди.
Шоқул шаҳарга келишга келиб олди-ю, энди у ёғига нима қилишни билмай боши қотди. Автобусда бирга келган ҳамқишлоқлари унга эътибор ҳам бермай ҳар томонга тарқаб кетишди. Шоқулнинг томоғи қақради. Атрофга разм солиб, йўлнинг нариги бетида газли сув сотадиган дўкончани кўриб, ўшанинг олдига борди. Бир стакан муздай сув олиб, ҳўплаб-ҳўплаб ичаётган эди, яна уч-тўртта йигитлар келиб, стаканларга қўл узатишди. Талабалар бўлишса керак, бири сумка кўтарган, бирининг қўлида китоб-дафтар. Шоқул уларга қарай-қарай сув ичди. Шунда улардан бири кўзига иссиқ кўринди. Унга тикилиб-тикилиб қаради. Охири танигандай бўлди.
– Ҳой, менга қара, – деди чол йигитнинг тирсагидан тортиб, – сен анави Убайдуллонинг ўғлимисан?
– Ҳа, – деди бола стаканни бўшатиб. – Ие, ассаломалайкум, Шоқул бува, сиз бу ерда нима қилиб юрибсиз?
– Айлангани келдим, чироғим, айлангани. Бу дейман, ўқишдан қайтяпсизларми?
– Ҳа, ўқишдан.
– Турар жойларинг борми ишқилиб?
– Бор, ҳув анави домда, ижара уйда турамиз.
– Нима, ўқиш жойларингда ўзларингнинг ётоқхоналаринг йўқми?
– Ётоқхона бор, лекин бизга ижара уй маъқулроқ. Ҳар ҳолда эркинроқ яшаймиз.
– Ҳа, дуруст, дуруст.
– Юринг, бизникида меҳмон бўлинг.
Шоқул чол бироз каловланиб турди ва кейин, айни муддао бўлди, деб ичида хурсанд бўлди.
– Майли, борсам бора қолай. Барибир қишлоққа қайтганимдан кейин Убай гаранг, ўғлим қандай яшаётган экан, деб сўрайвериб одамни гаранг қилади, – деб Шоқул улар билан бирга кетди.
Кўп қаватли бетон уйдаги бу хонадон товуқнинг катагига ўхшаган жой эди чолнинг назарида. Шоқулнинг нафаси сиқилаверди.
– Ҳой, Убай гарангнинг ўғли, шу диққинафас иккита хонада тўрт киши турасизларми? – деди у тоқати тоқ бўлиб.
– Ҳа, тўрталамиз яшаймиз.
– Кўрган кунларинг қурсин. Бу ерда касал бўлиб қоласизлар-ку. Уйнинг ичига ҳожатхона қургани нимаси, ундан кўра кўчадан қуриб қўймайдими. Убай гарангни мен қўли очиқ, яшашни биладиган одам деб юрсам, тескариси экан. Сени шаҳарда ўқитиш нияти бор экан, аввал шу ердан бир кичикроқ бўлса ҳам ҳовли сотиб олса бўлмасмиди? Ёки пули йўқмиди? Пул топиладиган нарса, қидирган одам топади. Дангасалик қилган Убай гаранг. Энди, мана, бировнинг катагида тиқилишиб ётибсизлар.
– Э, биз кўникиб кетганмиз, бува.
Шоқул чол бу уйда зўрға бир кун яшади. Эрталаб йигитлар ўқишга кетишаётганда чол улар билан хайрлашиб бошқа томонга кетди. У кун бўйи шаҳар айланди. Қайси кўча дуч келса ўшанга кириб кетаверди. Дўконни кўриб қоладими, дорихонаними, ҳаммасига кириб чиқди. У шаҳар кўчаларини дарбадар кезаркан, ўзини мусулмонликка муносиб ҳақиқий мусофирдай ҳис қиларди. Фақат қош қорая бошлагандагина, ниначига ўхшаб, кимникида ётиб қолишни ўйлаб боши қотди. Нон дўкони ёнида туриб, ичкаридан чиқаётган одамларни кузатди. “Кимдан бир кечага жой сўрайман?” деб ўйлади. Қадди қомати расо, малласоч бир аёл чиқди. “Йўқ, бу ўлақолса ҳам рози бўлмайди”, дея ўйлади у. Кейин қора кўзойнак таққан, соч-соқоли ўсиб кетган, бадқовоқ бир киши чиқди. Ундан сўрашга юраги бетламади. Бироздан сўнг пахмоққина итни етаклаган кампир чиқди. Қўлидаги халтада анча-мунча нарса борга ўхшарди. Шоқул унга салом берди. Кампир бепарвогина бир қараб қўйиб, йўлида кетаверди. Шоқул чол унга эргашди.
– Менда ишингиз борми ёки итимдами? – деди кампир таққа тўхтаб.
– Э, лайчангизда нима ҳам ишим бўлиши мумкин, халтангизни кўтаришиб борсам деб эдим.
– Тиланчимисиз?
– Йўқ, мусофирман.
– А, кўчада қолдингизми?
– Жуда унчаликмас. Керак бўлса дарахтга суяниб ҳам тонг оттириш мумкин. Лекин яхши суҳбатдош бўлса, ухламасдан ҳам оқшомни ўтказса бўлади.
– Ҳа, тушунарли, иштаҳангиз чакки эмас.
– Кечирасиз, опаммисиз, синглиммисиз, исмингизни ҳам билмайман?
– Бунинг нима фарқи бор, кўриниб турибди, икковимиз ҳам анча ёшни уриб қўйган қариямиз. Лекин сен мендан ҳам қарироқ кўринасан, – деди кампир кўпдан бери танийдиган қадрдони билан гаплашаётгандек бамайлихотир сенсираб.
– Бўлиши мумкин, ҳалиги, бир умр оғир меҳнат қилгандан кейин…
– Шундайми, нима иш қилгансан ўзи?
– Хўжалик идорасида қоровул эдим.
– Аҳа, роса ишлаган экансан-ку. Пашшангни қўриб, оёғингни осмонга кўтариб ётавергансан-да. Майли, бугунча меникида қоровул бўлақол. Бир кеча минг кеча бўптими. Шундоқ ҳам катта ҳовлида ёлғиз ўзим яшайман. Маша деявер мени. Сеники-чи?
– Шаша.
– Бу нима деганинг?
– Шоқул менинг исмим.
Шоқул чолга бу кампирнинг татарча талаффузда гапириши ёқиб тушди. Бундай кампирлар кўринишидан заҳарга ўхшаса ҳам, аслида яхши одамларга меҳрибончилик қилишда ҳеч ким уларга тенглашолмаслигини у кўп марта эшитган.
Кампирнинг уйи пастқамгина, ҳовлиси кўримсиз, деворлари занглаган тунукадан бўлса ҳам, лекин кенг, бир нечта мевали дарахтлари ҳам бор эди. Фақат унинг тўртта чўчқаси борлиги Шоқулнинг ғашини келтирди. Ичкарилаганлари сайин чўчқаларнинг қўланса ҳиди димоғига урилиб кўнглини беҳузур қилаверди. Бироқ кўп ўтмай шу ҳидга ҳам кўникиб қолди. Кампир товада алламбало овқат пиширди. Шоқулнинг унчалик кўнгли тортмаса ҳам қорни очлиги сабаб дурустгина еди. Сўнгра иккаласи алламаҳалгача суҳбатлашиб ўтиришди.
– Афт-ангорингдан художўйгина одамга ўхшайсан. Лекин белингда белбоғинг кўринмайди? – деди кампир синчковлигини намойиш қилиб. – Жойнамозсиз юрганингни айтаман-да.
– Соқол-мўйлабимга қараб ҳамма шундай дейди. Лекин бу соқолга ишониб овора бўлма, энажон, – деди Шоқул дастурхондан битта олмани олиб у ёқ-бу ёғига қараркан. – Агар ҳамма нарса соқол билан ҳал бўлганида эди, аллақачон имомликни даъво қилган бўлардим. Афсуски иягимдаги бу безак ланкага ҳам ярамайди. Ўлмасам муллага шогирд тушиб, росмана сажда қилишни ўрганиб ҳам оларман.
– Бу юришингда кечикиб қолмасанг майли эди.
Шоқул бошига тушган ташвишларни, ичидаги дардларини айтиб енгил тортгиси келди-ю, лекин бу дарду ҳасратларимни лайчаю чўчқалар билан гаплашиб яшайдиган кампирга айтсам баттар гуноҳга ботмайманми, деб ўйлаб, яна ҳаммасини ичига ютди.
Аммо барибир кампир оромижон суҳбатдош экан. Шоқул уч кун уникида қолиб кетди. Фақат тўртинчи кун эрталаб кампирнинг қош-қовоғини кўриб, кечқурун бу ҳовлига қайтиб келишга юраги бетламади. У ўша куни шаҳарнинг энг катта деҳқон бозорини айланди. Янгигина узилган сархил меваларни кўриб иштаҳаси яйраб кетди. Сотиб олишга қимматлик қилади, татиб кўриш эса текин. У бозорни тўлдириб турган мевалардан оз-оздан татиб кўриб қорнини тўйдирди.
Кейин кечгача бозор атрофидаги баққоллик дўконларига бирма-бир кириб чиқди. Бир дўконга кирганида бақалоққина дўкон эгасининг харидорларга ширин муомала қилаётганини кўриб, меҳри товланиб кетди. Ичкарида эшик ёнида турган бўш стулга ўтириб нафас ростлади. Бақалоқ киши Шоқул чолга бир-икки қараб қўйди-да, сўнг салом бериб, нарироқдаги стол устида турган чойнакдан бир пиёла чой қуйиб унга узатди. Шоқул яхна чойни ҳузур қилиб ичиб, дўкон ёпиладиган пайтгача ҳам шу ерда ўтираверди.
– Отахон, кеч бўлди, дўконни ёпмоқчиман, – деди ниҳоят бақалоқ киши мулойимлик билан.
– Чироғим, яхши одамга ўхшайсан, мен бу кеча шу ерда қолай. Мусофирман, қишлоғимга қайтай десам, кеч бўлиб қолди, – деди Шоқул илтижоли оҳангда.
Дўкон эгаси бир муддат ўйланиб тургач, ўнғайсизланди.
– Мусофир бўлсангиз, юринг, бугунча бизникида меҳмон бўла қолинг, – деди у Шоқулнинг ўрнидан туришига кўмаклашиб.
Дўконни ёпгач, икковлари пиёда йўлга тушишди. Шоқул бу меҳмондўст кишининг исми Боқибой эканлигини билиб олди. Йўл-йўлакай Боқибой дорихонадан бир талай дори олиб чиқди.
Боқибойнинг ҳовлиси янги ва озодагина экан. Анави Маша кампирникига ўхшаб чўчқалар чопиб юргани йўқ, сассиқ ҳам эмас. Уйи ҳам шинам. Айвондан кенг бир хонага киришди. Бу ерга стол-стул қўйилган, Боқивой меҳмонга стол тўридан жой кўрсатди. Ундан ичкарида яна бир хона бор экан. Ўртада эшикнинг ўрни бору, лекин эшик қўйилмаган, фақат парда ярим тортиб қўйилибди. Ўша қоронғи хонада бемор киши ётибди шекилли, тинмай йўталади. Боқибойнинг ўғли бўлса керак, бир ўспирин салом бериб кириб, стол устига дастурхон ёзди. Кейин бир зумда дастурхонни ноз-неъматга тўлдириб ташлади.
– Барака топ, болажоним, кўп яша, мендай мўйсафид бўлиб юргин, – деб Шоқул болани мақтаб қўйди.
Ичкари уйда бир нарса тарақлаб кетди. Бемор қаттиқ-қаттиқ йўталди. Боқибой шошилиб ичкарига кириб чиқди. Айвонда қолдирган дориларини олиб келиб яна ичкарига кирди. Дориларни ичкизиб чиқди чамаси, бемор тинчланди.
– Узр, отахон, отамиз бетоб ётибдилар, – деди Боқибой қайтиб чиққач хижолат бўлиб. – Касалхонага ётқизайлик, десам кўнмади. Уйда даволаяпмиз. Йўтал қийнаяпти. Шунинг учун бизни чақирмоқчи бўлсалар ҳам баъзида овоз чиқармай, бирон нарсани тарақлатадилар.
– Ҳечқиси йўқ, хижолат бўлманг. Ота табаррук, оталарни асраш керак, – деди Шоқул гарчи беморнинг йўтали асабини ўйнатаётган бўлса ҳам.
– Отахон, шом вақти бўлиб қолди. Агар намоз ўқисангиз шароит ҳозирлаб бераман, – деди Боқибой қўлини кўксига қўйиб.
– Йўқ, чироғим, камина бундай табаррук тадбирлардан ҳозирча йироқ, – деди Шоқул бироз ўнғайсизланиб.
– Ундай бўлса сиз чой ичиб туринг, мен айвонга чиқиб келай. Кейин бирга суҳбатлашиб овқатланамиз, – деб Боқибой айвонга чиқиб, жойнамоз ёзди.
Боқибой қайтиб кирганида Шоқул чол ичидаги кўпдан бери ғалаён қилиб ётган гапларни унга айтгиси келди.
– Биласанми, Боқижон, – дея гап бошлади у, – мана, сен намозхон, диёнатли одам экансан. Кимлигингни бир қарашдаёқ юзингдан ҳам билса бўлади. Мен эса бир гуноҳкор чолман, ичим тўла дард. Ҳасратимни кимга айтишни билмай кўп қийналиб юрган эдим. Ўғлимга айтганим билан фойдаси йўқ. У менга тортмади. Сенга ўхшаган мўмин ҳам, батартиб ҳам эмас. Келиним-ку, қутурган девнинг ўзгинаси. Сени Худонинг ўзи менга рўпара қилди. Энди, биз Худога тош отилган даврларда яшаб, беҳисоб номаъқулчиликлар қилганмиз. Кейин билсам қилган ишларимизнинг бариси шаккоклик экан. Тавба қилиб, гуноҳларимдан кечишини сўрай дейман-у, биринчидан, қандай сўрашни билмайман, иккинчидан, бетим ҳам чидамайди. Дард эса тинчлик бермайди.
– Қандай дард сизни безовта қиляпти, отахон? Айтсангиз, ҳеч бўлмаса енгил тортарсиз, – деди Боқибой мулладай мулойимлик билан.
– Шошилма, Боқижон, чироғим, мен сенга ҳаммасини айтаман. Сен эса ҳар намоз ўқиганингда менинг ҳам номимни қўшиб тиловат қил. Гуноҳимни кечиришини Яратгандан сўра. Эшитишимча, намоз ўқиб, тоат-ибодат қилишни яхши биладиган оқкўнгил одамнинг ҳар қандай илтижоси қабул бўлармиш. Сен, мана, кўриниб турибди, у ёқнинг тилини биласан, кўнгли пок одамлигинг ҳам кундай равшан. Илтимос, Боқижон, жим туриб қулоқ солгин-да, кейин гуноҳларимдан ўтишини сўра.
Боқибойнинг ўғли овқат олиб кирди. Улар овқатни еб, устидан бир пиёладан чой ичишгач, Шоқул ҳасратини бошлади.
– Боқижон, бизнинг қишлоғимиз бир пайтлар, яъни ўтган замонда “Зарбдор” хўжалиги деб аталарди. Хўжаликнинг идораси пишиқ ғиштдан қурилган каттагина бинода эди. Ўша бинонинг биқинида менинг ҳам кулбам, яъни қоровулхона бор эди. Мен у ерда қоровуллик қилардим. Хўжаликда иш қизғин бўларди. Пахта дейсанми, ғалла дейсанми, ҳамма ишчиларни далага олиб чиқиш, уларга иш ҳақи бериш, ҳисоб-китоблар дейсанми, эҳ-ҳе, ҳаммаси шу идорада бажариларди…
Ичкари уйда ётган бемор қаттиқ йўталди, ингради. У отган темир чойнак эшик ўрнида турган пардага тегиб, полга тарақлаб тушди. Боқибой хабар олгани югуриб ичкарига кирди. “Тозаям ўларман эканда бу касали қурғур. Гапнинг белига тепди ярамас”, деб ўзича минғирлаб қўйди Шоқул. Боқибой беморни тинчлантириб чиқиб, меҳмондан узр сўради. Шоқул гапини қолган жойидан давом эттирди.
– Шундай қилиб десанг, Боқижон, мен сенга умрим бўйи ҳеч кимга очмаган сирни айтаман. Сенга айтсам бўлаверади. Сен эса, барибир, Худодан бошқага айтмайсан. Чунки сен шаҳарнинг боласисан, бизнинг қишлоқларга алоқанг ҳам йўқ… Ана ўша хўжаликнинг идорасига бир куни ғазначи машинада бир қоп пул олиб келди. Ишчиларнинг меҳнат ҳақлари экан. Лекин у галварс ўзи ўтирадиган хонанинг калитини қаердадир тушириб қолдирибди. Ғазначининг хонаси раиснинг кабинети билан ёнма-ён эди. Ғазначи бефаросат раисдан рухсат сўраб, қопдаги пулни раиснинг кабинетига, шундоққина столнинг устига қўйиб, калитининг иккинчи нусхасини олиб келиш учун уйига кетди. Раис тумандан келган катталар билан гаплаша-гаплаша идоранинг орқа томондаги ҳовлисига ўтиб кетди. Мен раиснинг кабинетига бир челак сув олиб кириб қўйдим. Қарасам, стол устида бир дунё пул эгасини кутиб ётибди. Бирданига кўнглимга шайтон оралади. “Бахт қуши бошингга бир марта қўнди, Шоқул, фурсатни бой берма” деди ичимдаги шайтон. Нима бўлса бўлар, дедим-да, қопни ўғирлаб, қоровулхонага бекитдим. Бу ердан топиб олишлари аниқ эди. Яширишга жой қидирдим. Ташқарига қарасам, ҳали ҳам ҳеч зоғ йўқ. Қоронғи тушиб келяпти. Таваккал қилмасанг тепганинг осмонга учмайди. Қопни дарахтлар орқасидаги ҳожатхонага олиб бориб ташлаб юбордим. Кейин ҳеч нарса кўрмагандек қоровулхонага кириб ўтиравердим. Ғазначи қайтиб келгач, ҳамма ёқ остин-устин бўлиб кетди. Пулни ахтариб топишолмади. Ҳожатхона кимнинг ҳам хаёлига келарди. Ҳатто исковуч ит олиб келишса ҳам у ерни ҳидламасди. Ўша йиллари ҳов марказдан орган одамлари келиб, ҳамма ёқда қама-қама авж олган эди. Айбдор ҳам қамалаётган эди, айбсиз ҳам. Бир қоп пулнинг ўғирлангани ҳамма ёққа овоза бўлиб кетди. Раис билан ғазначини ҳам аяб ўтиришмади. Пулни иккаланг келишиб ўғирлагансанлар, деб икковини ҳам анча йилга қамаб юборишди. Ҳатто, сал бўлмаса, раисни отишга ҳукм қилиб юборишарди. – Бемор яна қаттиқ-қаттиқ йўталди. Йўтала-йўтала ўзи тинчиб қолди. – Пул уч кун тушган жойида ётди. Тўртинчи куни қоқ ярим тунда уни бир амаллаб тортиб чиқариб, уйимга олиб келдим. Бечора пуллар роса билчиллаб булғанди-да, деб, бирданига қопни очишга жиркандим. Ҳеч кимга сездирмай қопни обдон ювдим. Шундан сўнг ичини очиб қарасам, хайриятки пуллар ғиштдай-ғиштдай қилиб боғланиб, целлофан қопчаларга солинган экан. Мен ҳам шу туришида ҳовлимдаги дарахт тагига кўмиб қўйдим. Кейин керагича олиб сарфлаб юрдим. Уйимни бошқатдан янгилаб қурдим. Гилам дейсанми, каравот дейсанми, ҳамма киройи нарсаларни сотиб олдим. Дуруст еб, пўрим кийина бошладим. Яшашим бирам яхши бўлиб қолди. Ахир, шунгача мен умр бўйи камбағалликда кун кўраётган эдим-да. – Ичкаридан яна беморнинг йўталгани, хириллаб нафас олгани эшитилди. Шоқул гапидан бир дам тўхтаб, сездирмай ғижиниб қўйди. – Лекин, чироғим, ўғирлиқи нарса барибир буюрмас экан. Бир муддат хурсанд бўлиб яшадим-у, кейин ҳаммаси бурнимдан чиқди. Шу десанг, кампирим ўлганидан кейин ўғлимни уйлантириб, уйимга келин олиб келдим. Келин эмас, шайтоннинг урғочиси экан. На гапим ўтади, на кучим етади. Одамлар: “Шоқул, сен қачондир Худога ёқмайдиган бир ёмон иш қилиб қўйганга ўхшайсан. Бу аёл ўша ишинг учун сенга юборилган жазо. Тавба қил”, дейишди. Яна айтишдики, бу ҳали ҳаммаси эмас, ҳозирча эрмак қилиб туриш учун эмиш. Жазонинг энг каттаси у ёқда бўлиши мумкин эмиш. Боқижон, мана, сен имонли одамсан, ўзинг тўғрисини айт, шу ҳам инсофданми, бир бечора одамга шунча жазо оғирлик қилмайдими? Ўғирликни мен қилганим билан ҳузурини келинпошша кўраяпти-ку. Мана, кўриб турибсан, мен тавбамга таяниб ўтирибман. Сен дуо ўқиётганингда айт, менга уйимда тортаётган азобларим ҳам етиб ортади. У ёқда менга жазо бериб ўтиришмасин, хўпми, чироғим.
Боқибой мулойим табассум билан қўлини кўксига қўйиб, индамай бош қимирлатиб қўя қолди. Беморнинг яна дарди тутди, бўғилиб-бўғилиб йўталди. Ҳатто каравотдан йиқилиб тушди чамаси, “гурс” деган овоз ҳам эшитилди. Боқибой бир пиёла чойни кўтариб бемор ётган хонага кириб кетди. “Оббо, роса жонга тегди-ку бу кўкйўтал”, деди Шоқул ичида. Боқибой ичкари хонадан чиққанида Шоқулнинг уйқуси келиб, мудраётган эди.
– Вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолди, отахон, – деди Боқибой. – Сиз мана бу каравотда ётиб дам олинг, – деб хона тўридаги каравотга жой солиб берди. – Мен айвонда ухлайман. Яхши ётиб туринг.
Шоқул чол оппоқ чойшаблар солинган тўшакка чўзиларкан, ўзини анча енгил сезди.
– Хайрият, тавбам қабул бўладиган шекилли. Фариштаси бор йигит экан-да, барака топкур, – деди Шоқул. Ичкаридан яна беморнинг устма-уст йўталгани, бир нарсалар деб хириллагани эшитилди. – Уф, қонимга ташна қилди-да, бу йўталдан узилгур. Эрталабгача хириллаб уйқуни ҳаром қилмаса гўрга эди.
Шоқулнинг ноласи кўкка етгандай, бемор тинчиб қолди. Унинг ўзи ҳам кун бўйи санқийвериб итдай чарчаган эмасми, ёстиққа бошини қўйиши билан дарров хуррак ота бошлади. У жуда қўрқинчли туш кўрди. Бир пайт кимдир унинг устига миниб олиб, томоғидан бўғаётганга ўхшади. Шоқул қўрқиб кетиб, кўзини очди. Тушида эмас, ростдан ҳам ўнгида уни кимдир бўғаётган эди. У аввалига Боқибой бўғаяпти, деб ўйлади. Кейин деразадан тушаётган ғира-шира ёруғда тусмоллаб қараса, бошқа одам экан.
– Кимсиз, нега безорилик қиляпсиз, мени ўлдирмоқчимисиз? – дея хириллаб гапирди у.
– Ҳа, танимадингми, муттаҳам? – деди тўлагина гавдаси билан Шоқулни босиб, томоғидан бўғаётган киши, бошқаларни уйғотиб юбормаслик учун пичирлаб. – Эшитдим, ҳаммасини эшитдим.
– Вой, Боқижон, мени ўлдириб қўяди мана бу босқинчи. Кимсиз, мендан нима истайсиз?
– Мен Саркаевман, ярамас. Ўша сенинг муттаҳамлигинг туфайли бадном бўлган Саркаев.
– Вой дод, Худо урди мени. Бу қандай кўргилик бўлди? Бўғманг, ўлдириб қўясиз. Келиб-келиб ҳамма сиримни шу ерда айтаманми-а? Ҳа, овсар бўлмай ўла. Қаердан келдингиз, осмондан тушдингизми?
– Керак бўлса ўз оёғинг билан келиб айбингга иқрор бўлар экансан-ку, иблис. Мен бўлсам менга ким туҳмат қилганини билолмай ўлиб кетаманми, деб ҳасратда юрган эдим. Энди тавба қилиб, жазодан ҳам силлиққина қутулиб қолмоқчи бўлдингми, текинхўр? Мана сенга, – у Шоқулнинг юзига мушт туширди.
– Вой, дод, мени урманг, ўртоқ Саркаев.
– Мен сенга ўртоқ эмасман. Мана сенга.
– Жаноб Саркаев.
– Сенинг жанобларинг оқбилак хонимларингнинг олдига кетишган.
– Ҳурматли Саркаев, урманг.
– Энди ҳурматимни билиб қолдингми? Сен ишчиларнинг пулига ёғли палов еб, кимхоб тўнларни кийиб юрганингда мен маҳбуслар лагерида йиртиқ фуфайкада дийдираб, сасиган карам шўрвани хўриллатаётган эдим. Сен фақат пулни эмас, менинг умримни ҳам ўғирладинг, аблаҳ. Ўшандан кейин мен кун кўрмадим, сен эса бўкиб яшагансан.
– Мени шайтон йўлдан урди.
– Сени-я? Ўзинг ҳар қандай шайтонга дарс берасан-ку, ғаламис. Мана сенга.
– Урманг, ҳурматли Саркаев, томоғим бўғилиб қолди, вой, дод.
– Сен менинг умримни яшаб юрибсан, аблаҳ. Ўшанда сен пулларни ўғирламаганингда мен ҳам бунчалик қийноқларга дучор бўлмаган бўлардим, бетамиз. Мен туҳматга қолиб ўлиб кетаверайин-у, сен яна пинагингни бузмай менинг ҳисобимга яшаб юраверасанми, шунча номардликни қилиб, а? Тушингни сувга айт, дажжол. Сенинг ажалинг менинг қўлимда. Қолган тавбангни у дунёга борганда қиласан. Мени ўша ерда оқлаб берасан. Шунинг учун аввал сен кетишинг керак. Мен боргунимча ҳамма гуноҳни бўйнингга олиб, йўлимни очиб турасан. У ёқда ҳам менинг ҳисобимга яшашни ўйлаб хомтама бўлма…
Саркаевнинг яна йўтали тутиб қолди. У бўғилиб-бўғилиб йўталганча каравотдан йиқилиб тушди. Шовқиндан безовта бўлиб уйғониб кетган Боқибой уйқусираганча чопиб кириб, отасининг ўрнидан туришига кўмаклашмоқчи бўлди. Шоқул фурсатни бой бермай урра қочди.
Шоқул кун чошгоҳ бўлганда уйига етиб келди. Эшикдан ит қувлаган мушукдай отилиб кириб, девдай келиннинг ҳам ўтакасини ёрди.
– Вой, яна қаёқдан пайдо бўлдингиз? Эндигина битта бошоғриқдан қутулдим, деб хурсанд бўлган эдим-а, – деди Бегимой хўрсиниб.
– Жон келин, мени қутқаринг. Мени азройил қувиб келяпти, ҳадемай жонимни олади. У жонимга қўшиб мана шу уй-жойиму бор молимни ҳам тортиб олмоқчи. Унинг киришига йўл қўйманг, қулингиз бўлай, – дея Шоқул дир-дир қалтираб каравот орқасига бекинди.
Бегимой бир қўлини белига тираб, бир қўлида ўқлоғни ўйнатиб бамайлихотир деди:
– Сизнинг жонингизни билмадим-у, лекин менинг молимни ҳеч ким тортиб ололмайди. Уй меники, ҳатто азройил ҳам бу уйга фақат мен рухсат берсам киради.
Шоқул эшик олдида ҳеч ким бузиб ўтолмас қалқон турганига, гўё унинг ҳимоясида ҳар қандай жазодан қутулиб қолишига ишонгиси келди-ю, лекин барибир ичидаги қўрқувнинг зўридан каравот орқасида қуёндек қалтираб ўтираверди.
“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 1-сон.