Катта йўл ёқасидаги ёлғиз тут дарахти узоқдан кўзга яққол ташланади. Бу кенг адирда бошқа биронта ҳам дарахт йўқ. Турли-туман дарахтлари шовуллаб турган тоғ этагидаги қишлоққача эса икки чақиримча масофа бор. Шаҳарга отланганлар автобусга чиқиш учун тўғри шу тутнинг ёнига келаверишади. Чунки автобуслар ўнқир-чўнқир йўл бўлгани учун қишлоққача бормайди. Аслида бу ерга ҳеч қандай бекат қурилмаган, асфалт йўлдан ўтиб-қайтувчи автобуслар ёки киракаш машиналар шу ерни ўзларича бекат ҳисоблаб, тўхтаб ўтади. Мана бу яккаю ягона кекса дарахт бекатнинг белгиси бўлиб қолган.
Якка тутнинг тагини юмшатиб, атрофидаги шох-шаббаларни териб юрган Ҳожиқул сартарош шу томонга жадаллаб юриб келаётган Хидир оқсоқол билан уста Неъматни кўриб, безовталанди. Ҳозир яна бир нарса деб турткилайди-да, бу оқсоқоли тушмагур, деб кўнглидан ўтказди. Бекатдаги автобус жўнашга чоғланаётган, ҳайдовчи шу иккала чолни узоқдан кўриб, тўхтаб турган эди.
Ўзини тутнинг панасига олаётган сартарошни кўриб, Хидир оқсоқол автобус эшиги олдида таққа тўхтади.
— Эй, Ҳожи, нима бало, кечаси билан шу ерда ухлаяпсанми? — деди оқсоқол афти буришиб. — Қачон қарасам, шу тутнинг тагида соялайсан. Нима уйингда соя йўқми? Бу тут азалдан бир ўзи яшаган, бундан кейин ҳам ўзи яшайверади, унга шерик керак эмас. Тоқ тутга жуфт бўлиб бу ерда ўтираверма, тур, уйингга бор.
— Бечора дарахт кундан-кун қуриб бораяпти. Мана, қаранг, танаси ғовак бўлиб кетибди, ичи бўм-бўш. Шу, остини юмшатиб, сув қуйиб қўяй деб эдим-да, — деди Ҳожиқул сартарош хижолат бўлиб.
— Қари тутнинг куни келиб-келиб сенга қолдими? Ўзинг парваришга муҳтож бўлиб мункиллаб турибсан-ку. Сув қуйиш керак бўлса, ана, ёш-яланглар кўп. Шаҳарга бориб келай, айтаман, ўшалар қуйишади. Сен айтганни қил, уйингга бор.
Автобус одамлар билан лиқ тўла эди. Ҳаммалари Хидир оқсоқолнинг феълини билишганидан лом-мим демасдан унинг автобусга чиқишини сабр билан кутиб туришди. Кейин автобусга чиқар-чиқмас, иккала чолга ёшроқ кишилар жой бўшатиб қўйишди. Анча йўлгача гапнинг мавзуси Ҳожиқул сартарошнинг устида айланди.
— Неча марта айтдим унга: “Ҳой, Ҳожи, одамлар тинмай Ҳожиқул якка тутдан бери келмай қўйди, дейишяпти. Уйингда тинчгина ўтир”, дедим, — деди Хидир оқсоқол. — Лекин гап кор қилмайди. Айланиб-айланиб яна шу тутнинг соясига келиб ўтиргани-ўтирган.
— Битта ўзига қийин-да, жўра, — деди Неъмат бува. — Бекор уришдинг уни. Ўзи ҳеч кимга озор бермайдиган, ювош одам. Авваллари бир гапириб ўн куладиган хушчақчақ эди. Соч олдиргани сартарошхонасига кирсанг, кўнглинг яйраб чиқарди. Икки ўғли, сўнг кампиридан айрилганидан кейин ҳам дардини юзидан сездирмаган эди. Энди кексайганидан кейин билиниб қолди. Бошига тушган савдолар уни эгиб қўйди. Биттаю битта ўғли бўлса, шаҳарда қолиб кетди. Бир йилда бир келиб хабар олай ҳам демайди. Бечора Ҳожи нима ҳам қилсин?
— Ҳа, биламан, ёлғизлик уни эсанкиратиб қўйган. Шунинг учун ҳам уйига сиғмай тентираб, турли хил юмушлар билан ўзини овутиб юради. Ўша кенжаси, оти нима эди, Маҳкамми, жуда ноқобил бола экан-да ўзи. Ҳеч менга дуч келмаяпти-да. Қўлимга тушса, бир хумордан чиққунча таъзирини берардим, — деди оқсоқол ҳали ҳам бақувват муштини тугиб. — Айтганча, ҳой, Неъмат, менга қара, шу ишни бугун қилайлик. Ўша болани топиб мен бир гаплашиб қўяй.
— Шаҳарнинг қайси бурчагидан топасан уни? Қаерда яшашини, қаерда ишлашини билмасак.
— Тўғри Мансурнинг олдига борамиз. Мансур уни ернинг тагидан бўлса ҳам топиб беради. Ўзи айтган эди, мажлисларда кўриб тураман, деб.
— Яхшимурод кутиб қолмайдими?
— Яхшимурод сабр қилиб туради. Ишни энг муҳимидан бошласак, Худо хоҳласа ҳаммасига улгурамиз.
Шаҳарнинг қурилишлар бўлаётган майдони ҳокимият биносидан унча узоқда эмас эди. Мансур ҳоким ўринбосарининг кутилмаганда чақириб қолганидан ҳайрон бўлиб, машинани ҳам кутиб ўтирмасдан, қоғозлар солинган семиз папкани қўлтиқлаганча чопиб кетди. У ҳокимият биносига яқинлашганида, айни шу ердан чиқиб, қоп-қора тусли машинага суяниб турган Хидир оқсоқолни ўртоғи елкасидан туртиб, Маҳкам келаётган томонга ишора қилди:
— Хидир, ана, Ҳожининг ўғли ўз оёғи билан биз томонга келаяпти.
Хидир оқсоқол ўша томонга ўгирилди-ю бўйнига йўл-йўл галстук тақиб олган Маҳкамни кўриб, ҳушёр тортди.
— Эй, Ҳожининг боласи, — деди оқсоқол баланд овозда, — бу ёққа кел.
Маҳкам кутилмаганда чақнаган чақмоқдек янграган бу чақириқдан бир сакраб тушди. Аввалига ўзини чақираётган чолга ҳайрон бўлиб бироз қараб турди. Кейин тусмоллаб танигач, у томонга тез-тез юриб бориб, саломлашди.
— Сен Ҳожиқулнинг ўғлисан-а? — деди оқсоқол.
— Ҳа, Маҳкамман, Хидир бува, — дея Маҳкам таажжубланаётганини яшириш учун ясама илжайди.
— Маҳкам бўлсанг, қулоқ сол. Мени биласан-а, ўша ҳар доимги Хидирман. Илгари бригадир бўлган бўлсам, ҳозир маҳалла оқсоқолиман. Отангни унутиб юбординг чоғи? Ҳалиям тириклигини биласанми ўзи?
Маҳкам биламан, дегандек хижолат бўлиб бошини қимирлатди.
— Билсанг, нега бориб кўрмайсан? Ҳар куни якка тутнинг тагида ўтириб олиб, йўл қарайди, кенжатойим невараларимни етаклаб келиб қолармикан, деб. Кенжатойи бўлса, бу ёқда қоғоз қўлтиқлаб юрибди, отаси парвойигаям келгани йўқ. Қишлоққа бормай қўйганингга неча кун эмас, неча йил бўлди? Суф, сенга-е. Ҳожи бечора тетиклигида-ку, ўзи келиб сени кўриб кетаётган эди. Энди нима қилсин? Эшитганмиз, Ҳожининг ўғли катта қурилишлар қилаётган эмиш, деб. Иморат қураяпман, деб юрибсан-да, а? Энг катта иморат отанг эмасми? Қулаб қолай деб турибди-ку бечора. Кимга суянишини билмайди. Ўтган баҳорда ҳовлисининг кўча томондаги девори нам тортиб қулаб тушган эди. Яхшиям маҳалла бор экан. Ёш-яланглар ҳашар қилиб тиклаб беришди.
— Отамга кўп маротаба айтдим, ота, сиз ҳам кўчиб келинг, бирга яшаймиз, дедим, кўнмади-да, — деди Маҳкам, айбдор фақат менманми, дегандек.
— Ол-а, энди бир ками Ҳожи шўрлик сени деб ота маконидан бадарға бўлиши қолибмиди. Сен отамакон нималигини биласанми ўзи? Эй, сенга бу савол ортиқча. Менинг ўртанча ўғлим Мансурни биласан-а? Мана шу идорада ҳокимнинг муовини бўлиб ишлайди. Ҳозир, мана, Неъмат билан шаҳарга келган эдик, жўрамиз Яхшимурод чақирган. Баҳонада Мансурниям бир кўриб кетайлик, деб кириб чиқдик. Ўзи ҳар ҳафта канда қилмай қишлоққа бориб туради. Қани, у ҳам сенга ўхшаб қишлоқдан оёғини узиб кўрсин-чи, ота уйини, одам бўлиб дунёга келган даргоҳини унутсин-чи, нима қилар эканман. Ҳокимлигига қараб ўтирмайман. Мана шу ерга олиб чиқиб, ҳамманинг кўз олдида таъзирини бераман. Сениям қулоқ-чаккангга боплаб шапалоқ туширишга айни ғайратим келиб турибди-ю, афсус, отанг эмасман-да.
Маҳкам худди ҳозир бу чапани чол ростдан ҳам унинг юзига тарсаки тортиб юборадигандай, қўрқа-писа бир қадам орқага тисарилди. Оқсоқолнинг феълини у болалигидан яхши билади — адолат учун ҳеч нарсадан қайтмайдиган одам. Ҳов, бир замонлар ўзбекнинг бошига иш тушиб, раҳбарман деган каттаю кичик туҳмат ботқоғига ботиб, тўқайдаги ҳўлу қуруқ аралаш ёнган пайтларда бу одам хўжаликда бригадир бўлиб ишлаганини, бу ҳам ўша туҳматга йўлиққанлар қаторида ҳибсга олинган, лекин москвалик терговчиларнинг қийин-қистовларига бўйсунмай, уларнинг юзларига тик қараб: “Сенлар шундоқ ҳам меҳнатда эзилган одамларга бўҳтон қилаяпсанлар. Сенларнинг бундай разилликларингга кўнадиган аҳмоқ йўқ. Ундан кўра, ана, халқнинг ўртасига олиб чиқиб ос. Бир бошга бир ўлим. Ҳақиқат учун дорга осилиб ўлиш ҳам эркак учун бир шараф”, дея гапиргани бошқа маҳбусларнинг ҳам руҳига далда бўлганини одамлар ҳанузгача гапириб юришади. Бу чўрткесар чолнинг ғайрати ҳамон ўша-ўша. Ҳозир ҳам қаддини ғоз тутиб, гапини баралла гапиради. Ҳеч кимга муте эмас. Ҳатто ҳоким ўринбосари бўлган мана бу ўғлидан ҳам зиғирча фойдаланмайди. Аксинча, уни ҳам, тўғри ишла, тўғри юр, деб уришиб, йўлга солиб туради. Шунинг учун Маҳкам ҳам оқсоқолнинг гапларини бошини хам қилиб жимгина эшитди. Ичида шайтон ғалаён қилиб, отам ёлғиз қолган бўлса, сизга нима, дейишни ҳам ўйлади-ю, аммо шу тобда юзига шапалоқ тортиб юборишдан ҳам тоймайдиган бу чапани чолга бир нима деб бўладими? Икки кун аввал ўша ҳоким ўринбосари Мансур Хидирович катта мажлисда Маҳкамни ярим соат турғизиб қўйиб, қурилишдаги чала қолган ишлар учун роса савалаган эди. Ўғлига гап топиб беролмаган одам, шартакиликда ундан ҳам ўтиб тушадиган отасига бирон нарса дея олармиди.
— Эй, бола, кўзингни каттароқ оч, — деб яна дўқлади Хидир оқсоқол. — Мана бу соқол сенга ўхшаганларнинг кўпини кўравериб оқарган, тушунарлими? Ҳожи бечора умр бўйи сартарошлик қилиб, одамларнинг сочини силаган-у, сенинг бошингни силамаганми? Нима, ўзинг катта бўлиб қолдингми? Одамнинг давлати бори эмас, инсофи бори яхши экан. Менга қара, ишхонанг қаерда? Йўқ, шошма, сен ким бўпсанки, мен сенинг ишхонангни ахтариб юрсам. Яхшиси, бундай қиласан, кечқурун соат олтида бола-чақангни олиб қишлоққа кетадиган автобуснинг бекатига бориб турасан. Мен сенларни бирга олиб кетаман. Бугун Яхшимурод жўрамизнинг туғилган куни, капеда ўтириш қилиб беряпти. Унгача бизлар ўша ерда бўламиз. Уқдингми?
— Уқдим, Хидир бува, уқдим, — дея Маҳкам қўлини кўксига қўйганча қора машинанинг ортидан қараб қолди.
Чолнинг танбеҳларидан аввалига Маҳкамнинг жаҳли чиқиб, тишини тишига босиб турган бўлса, сўнг ўзидан хафа бўлиб кетди. Оқсоқолнинг гаплари жон-жонидан ўтиб кетиб, энди, эҳтимол неча йиллардан бери биринчи марта, отаси ҳақида жиддий ўйлай бошлади. Отасининг ғарибона қиёфада кўҳна қишлоқнинг рамзига айланиб қолган кекса тут атрофида ивирсиб юрганини кўз олдига келтирдию хўрлиги келиб, шу ердаги қуюқ соя ташлаб турган каштан дарахтига суяниб қолди. У отасини ҳеч қачон бундай ғарибу нотовон аҳволда кўрмаган, тасаввур ҳам қилмаган эди.
Ҳожиқул сартарош уч ўғлим — уч паҳлавоним бор, деб керилиб, доим хушчақчақ бўлиб юрарди. Сартарошхонага одамлар фақат соч-соқолини қиртишлатгани эмас, сартарошнинг қизиқ суҳбати учун ҳам келишарди. Икки ўғлини кетма-кет армияга чақиришди-ю оиланинг ҳаловати бузилди. Ўғилларининг бири Афғонда, иккинчиси қайсидир Сибир томонларда хизмат қила бошлади. Сартарош ҳам, хотини ҳам сиртдан бир-бирига билдирмаса-да, бироқ ҳар бир кунни ҳадик билан санаб ўтказадиган бўлишди. Ҳожиқул сартарош деярли ҳар куни ҳали хўроз ҳам қичқирар-қичқирмас, азонлаб туриб, ҳовлида, очиқ ҳавода бироз айланиб юради. Кейин ҳеч кимни безовта қилмай, эшикни аста очиб, кўчага чиқади. Гоҳ ғира-шира қоронғиликда, гоҳ ойнинг ёруғида йўл юриб, якка тутнинг олдига боради. Иккала ўғлини армияга ана шу ердан кузатиб қолган. Энди улар кетган йўлга кўз тикиб, қари тутга суянганча узоқ-узоқларга қарайди. Яна тонг ёришмасидан уйига қайтиб, эшикдан эҳтиёткорлик билан ичкарига киради. Бу пайтда хотини аллақачон сигирни соғиб бўлиб, сутни қайнатиш учун ўчоқ атрофида куймаланиб юрган бўлади. Ҳожиқул сир бой бермаслик учун йўталиб: “Кечаси оёғим увишадиган одат чиқарди. Кўчага чиқиб оз-моз юрсам ёзилармикан, деб эдим”, дея ғулдирайди. Хотини эса гўё ҳеч нарсани пайқамагандек, индамай қўя қолади. Лекин у худди “момолар билан гаплашадиган” фолбинлардек ҳаммасини билади. Ҳожиқул эркак киши бўлатуриб уйқу нималигини унутган-у, аёлининг кўзига уйқу келармиди. У ўзини ухлаганга солиб ётса ҳам, эрининг мижжа қоқмаётганию қачон туриб, не ҳасратда қаерларга бориб келаётганини бутун вужуди билан сезиб ётади. Аммо унинг дардига ўт ёқмаслик учун ўзини билмагандек тутади. Икковининг ҳам ичида эгизакдек бир ранг, бир шакл, бир афт-ангордаги хавотир тиғ қайраб турганини билган кўйи эрига қўшилишиб ўғилларини кутади. Лекин замоннинг зайлими ёки тақдирнинг бешафқатлигими, аввал Афғондаги ўғил, орадан ярим йилча ўтиб иккинчиси ҳам ҳарбийдан тобутда қайтди. Эр-хотин бир кунда бирга қариди. Ҳожиқул чол, хотини эса кампир бўлди. Қўша дардни қўш елка қийнала-қийнала, эзила-эзила биргалашиб кўтарди.
Чолу кампир энди кенжатойини еру кўкка ишонмай қўйишди. Кампири: “Ҳой, отаси, болаларни армияга олмайдиган жой қаерда бор, ўша ёқларга кетайлик”, деб жаврайдиган бўлди. Ҳожиқул бўлса: “Ундай жой ҳеч қаерда бўлмаса керак. Лекин ташвишланма, Маҳкамжонимизни қаердаги армияга олиб кетишса ҳам, икковимиз у билан бирга борамиз”, деб кампирини ишонтирарди.
У пайтда Маҳкам мактабда ўқиб юрган бола эди. Мактаб беш чақирим наридаги қишлоқда эди. Ҳожиқул кенжатойини эрталаб болаларга қўшиб мактабга жўнатарди-ю, лекин мактабдан қайтадиган пайтида, болалардан ажралиб қолмадимикан, дея хавотирланиб, албатта ўзи бориб олиб келарди. Ёмғиру қорлар ёққан пайтларда юришга қийналишарди. Бир йили қиш қаттиқ келиб, уст-устига қалин қор ёғди. Эрталаб ўйнаб-ўйнаб ёғаётган қор кейин забтига олиб, то дарслар тугагунча тизза бўйи бўлди. Устига-устак бўрон қутуриб, кўз очирмай қўйди. Ҳожиқул қор кечиб, бир амаллаб мактабга етиб олди. Қайтишда Маҳкамнинг қалин қорда юришга қийналаётганини кўриб, уни елкасига опичлатиб кўтариб олди. Бўрон беш чақирим йўлни минг чақирим қилди. Қоронғи тушиб, бўроннинг шашти пасайганда уйга етиб келишди. Шундан сўнг Ҳожиқул бир неча кун касал бўлиб ётиб қолди. Ҳол сўрагани ҳар куни одамлар келишарди. Кимдир дори олиб келган, кимдир дармон бўлади, деб олма, анор кўтариб келган. Баҳонада кун бўйи ҳаммалари чақчақлашиб, кўнгил ёзиб кетишарди. Ҳожиқулнинг касалини дорилар эмас, ана шу оромижон суҳбатлар тузатди. Қишлоқ одамлари ўзларининг хушфеъл сартарошини яхши кўрарди.
Маҳкам акаларидек норғул йигит бўлиб улғайганида оиланинг бошига бахт қуши қўнди — озодлик қуёши чарақлади. Замон ўзгариб, йигитларнинг жонига чанг соладиган армиялар ўтмишда қолди. Энди йигитлар ҳарбий хизматни ўзимизнинг яқин атрофдаги шаҳарларимизда ўташар экан, деган гапни эшитган чолу кампирнинг юракларидаги асрий хавотир эрта баҳордаги тумандай тарқаб кетди. Бундан кейинги яхши кунларни кўриш кампирга насиб этмади. Шу кунгача кўтариб келган ичидаги дардлар энди уни тарк этаётиб, биратўла унинг жонини ҳам олакетди. У омонатини топширди. “Отаси, Маҳкамжонимни сизга ташлаб кетяпман. Уни авайланг, қийналмасин болам шўрлик”, деган гап кампирнинг охирги васияти бўлди. Кўпдан-кўп армонларга шоҳид бўлган бу ғариб ҳовлида ота-ўғил бир-бирига юпанч бўлиб қолишди.
Маҳкам ўқишга киргач, Ҳожиқул сартарош ёлғизликни йўл юриб енгди. Чол эринмасдан шаҳарга зир-зир қатнарди. Ҳар гал борганида Маҳкамнинг ётоқхонасини картошка-пиёздан тортиб, ёнғоғу дўланагача тўлдирарди. Маҳкамнинг отасини ётоқхона ҳовлисида кўришлари билан курсдош талабаларнинг жони кирарди. “Жудаям отангнинг эркатойисан-да, Маҳкам. Отанг сени кўргани ҳар ҳафта тўлиб-тошиб келиб кетади. Бунақаси ҳали институт тарихида бўлмаган бўлса керак”, дейишарди улар Маҳкамга ҳасад қилиб. Маҳкам эса отасининг серқатновлигидан баъзан хижолат бўлиб: “Ота, кўп овора бўлаверманг, яшашим яхши, ҳамма нарса етарли. Бирон етишмовчилик бўлиб қолса, ўзим олдингизга бориб келаман”, дерди. “Йўқ, ўғлим, ташвиш тортма, менга ҳеч оғир бўлаётгани йўқ. Сен ҳали ёшсан, шаҳар билан қишлоқнинг ўртасида қатнайверсанг, толиқиб қоласан. Бу юришлар менга бир эрмак-да”, деб Ҳожиқул сартарош барибир келишини канда қилмади. Ҳатто Маҳкам ўқишни тамомлаб, ишга кирганидан кейин ҳам, уйланиб, ишхонаси берган уйда хотини билан яшай бошлаганида ҳам сартарошнинг кунлари йўлда ўтди.
Охири белидан қувват, оёқларидан мадор кетиб, бир-икки марта автобусда тоби қочиб қолгач, у ҳам қариликни тан олди. Энди ёнида биров суянчиқ бўлмаса, шаҳаргача етиб боролмаслигини англади. Лекин ўзи билан бирга қариб, нураб бораётган уйида хотиржам ётолмайди. Бир челак сув билан белкуракни оладию якка тутнинг ёнига бориб, кечгача унга суяниб ўтирганча адирларни қоқ иккига бўлиб кетган узундан узоқ йўлга тикилади. Биронта одамнинг қораси кўринди дегунча, инқиллаб ўрнидан туради-да, гўё тутни парвариш қилаётгандек, ғимирсиб қолади. Унинг бу аҳволини ҳар ким ўзича тушуниб, гапириб юришди. Фақат қанча иссиғу совуқни, ёмғиру қорларни, бўрону тўзонларни кўриб келаётган мана бу дарахтгина ўзига дардкаш топилганидан, ёлғизлик балосидан қутулганидан хурсанд бўлса керак. Чунки ёлғизлик азобини у ҳаммадан кўра яхшироқ билади. Қачонлардир бу ер каттагина тутзор бўлган. Кейинчалик вақт ҳукми ва одамларнинг шафқатсизлиги боисидан дарахтларнинг умри бирин-кетин поёнига етди. Ёлғиз мана шу дарахтгина балолардан омон қолди. Аммо у кейинроқ билдики, уни бошқа бир бало — ёлғизлик кутиб турган экан. Ҳов узоқдаги бошқа дарахтлар ёнига борай, деса асло иложи йўқ: ерга маҳкам боғлаб қўйилган. Дарахтларнинг қисмати шу. Аммо инсон нега ёлғизлик азобидан қийналиши керак, ахир, унинг оёқлари бор-ку? Нега у ўзи истаган одамлар ёнига бориб яшай олмайди, ҳатто одамлар орасида яшаётиб ҳам ёлғизликни туяди?
Жумлаи жаҳонда тирик жон борки, нимагадир муҳтожлик сезади. Шу эҳтиёж сабаб қийналади, тўлғанади, балки ҳаётини ҳам бой беради. Лекин муҳтожликлар ичида энг даҳшатлиси одамнинг одамга муҳтожлиги экан. Инсон бутунлай ёлғиз қолгандагина ёлғизларнинг дардини ич-ичидан ҳис этади. Кейин бирон ёлғиз мавжудотни кўрди дегунча, унинг ёнига интилади, ҳатто гаплашмасдан ҳам ҳасратларини у билан баҳам кўради ва кўнгли оз-моз бўлса-да таскин топади. Буни мана шу ёлғиз дарахт ҳам дарахтлик ҳолича тушуниб етди, эҳтимол. У анча вақтлардан бери ўзининг соясидан қўним топган Ҳожиқулнинг ўзи қаёққадир кетишни эмас, кимнингдир келишини истаб йўлга қараб ўтиришини кўравериб билиб олган. Дарахтнинг-ку сабри яна юз йилларга, балки ундан ҳам кўпроғига етар. Бироқ инсон-чи? У қанчалар бардошли бўлмасин, афсуски, умри ўлчовли. Бир замонлар мана шу тутнинг шохларига чиқиб, хом-пишиқ аралаш меваларини териб еган, чумчуқлардек чуғурлашиб ўйнаган қанча-қанча болакайлар бир зумда боболарга айланди. Кейин уларнинг умри адоғига етиб, қишлоқ аҳли елкаларида кўтариб бирин-кетин қабристонга олиб ўтганларида ҳам шу дарахт титраб-титраб кузатиб қолган эди. Унинг кўриб тургани ҳамон ўша манзара — келишмоқда, кетишмоқда. Фасллар дарахтга такрор-такрор япроқлар тақиб, турли рангларга бўяйди, ёмғиру қорлар галма-галдан чертиб ўтади, шамоллар эса унинг шохларини сийпалаб, ҳаёт куйини чалади.
Маҳкам ҳокимият биносидан чиқар экан, уйига етгунча фақат отаси билан боғлиқ хотираларни ўйлаб борди. Кечқурун роппа-роса олтида эса Хидир оқсоқол билан Неъмат бува бекатга келишганида, Маҳкам хотини, қизи ва ўғли билан катта-катта чамадонларини кўтариб, уларни кутиб туришган эди. Ҳавонинг авзойи бузилиб, булут бостириб келаётганидан автобусдаги йўловчилар тоқатсизлана бошлашди. Оқсоқолни кўриши билан ҳайдовчи автобус моторини гуриллатди. Йўлда кетаётганларида оқсоқол кўз қири билан секингина Маҳкам ўтирган томонга разм солди. Маҳкам тобора ортда қолаётган шаҳар биноларига автобус ойнасидан қараб-қараб қўярди.
Автобус қишлоқ бекатига келиб тўхтаганда қоронғи тушаётган, тоғ чўққилари устида чақмоқ чақнаб, ёмғир томчиламоқда эди. Хидир оқсоқол автобусдан тушди-ю, тутга суяниб ухлаб қолган Ҳожиқул сартарошни кўриб, хуноби ошди:
— Эй, Ҳожи, тур ўрнингдан-е. Бир кунмас, бир куни шу дарахтнинг остида ўлиб қоласан-да, сен. Ҳали ҳам кетмадингми, нима деб тайинлаган эдим?
Ҳожиқул сартарош чўчиб, кўзларини очди. Букчайганча бели қотиб қолган шекилли, ўрнидан туролмади.
— Э, мана бу тут бечорани кўрмайсизми, қаров бўлмаса қуриб қолади-да бу, — деди сартарош айбдордек инқиллаб.
Кейин автобусдан тушган ўғли, келини ва набираларини кўриб, яна ўрнидан туришга уринди, бироқ туролмай қийналди. Маҳкам дарров келиб, отасининг туришига кўмаклашди. Бобо эгилган кўйи набираларини қучоқлаб, юм-юм йиғлади.
Шу кеча Ҳожиқул сартарош аллақандай завқу ҳузур билан ёстиққа бош қўйди. Кўпдан бери ором нималигини унутган чол энди тўйиб ухлади. Тун бўйи момақалдироқнинг гумбурлаганию шаррос ёмғир қуйгани ҳам унинг оромини бузолмади.
Эрталаб Маҳкам шашти пасайган ёмғир остида ҳовлининг нураган деворларини кўздан кечириб айланиб юрганида Ҳожиқул сартарош кўча эшикдан хомуш кириб келди. Унинг уст-боши шалаббо бўлган, нафас олиши ҳам ҳорғин эди.
— Азонлаб қаерга бориб келаяпсиз, ота? — дея сўради Маҳкам.
— Дарахтни, анави якка тутни чақмоқ урганга ўхшайди. Ярми қорайиб турибди. Аттанг, ухлаб қолибман-да, — деди отаси хўрсинганча қўлидаги белкуракни деворга суяб.
— Ярми бўлса ҳам омон қолибди-ку.
— Ҳа, бечорага қийин бўлди, ўзи ёлғиз дарахт эди, энди яримжон ҳам бўлиб қолди. Ўзи омонат туриб эди-да. Ишқилиб, бутунлай қуриб қолмасмикан?
— Қуримайди, дарахтга набираларингиз қарашади.
— Лекин… унга ҳар куни парвариш керак.
— Керак бўлса ҳар куни қарашади.
— А?..
— Ҳа, биз бундан буён сиз билан бирга бўламиз.
— Қурилишларинг нима бўлади?
Маҳкам отасига билдирмай чуқур нафас олди.
— Қанча қурилиш бўлса шу ерда қиламиз, ўзингиз бош бўласиз, ота.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 44-сон