Усмон Азим. Бир даста қизил гул (ҳикоя)

Бош ҳисобчи Жамила Ғафуровна чиройли аёл. Бу аёлнинг ёши қирқлардан ошиб, қирқ бешларга туташиб қолганини ҳеч ким тасаввур ҳам қилолмайди! Ниҳоятда гўзал! Шодмонбековнинг таъбири билан айтсак, дунёдаги энг, энг, энг, энг… энг гўзал аёл! Тенгсиз. Гўзаллар танловида қатнашса, биринчи, иккинчи, учинчи… мингинчи – қанча ўрин бўлса, ҳаммаси, албатта, Жамила Ғафуровнага тегишли бўлади! Унинг ёнида бошқалар саноққа киролмайди. Воҳ, унинг ҳусну жамоли! Кўрган одам бир қалқиб тушади!
– Ҳуснини сотганда-чи, маши аёл минг карра милиардер бўларди-де! – деган “янги ўзбек”ларнинг ҳусни жамолини қадрлашда афсонага айланган йирик вакили Карим бойвачча, Жамиланинг ортидан армонда қараганча.
Ҳар қандай молни неча сўму неча тийин, неча доллару неча сент туришини бир қарашдан аниқ биладиган шундай одам ҳам, бир “уф!” тортиб, дунёда бозорнинг ҳадди сиғмайдиган нарсалар борлигига жуда қаттиқ ачинган:
– Нодон-де! Вақтида сотиб қолмийдими! Эртага кеч бўлади! Хазон гулнинг ҳузурини мусурхона кўради-де… Лекин маладес!
Ҳа, “лекин маладес!” деган. Тан олган! Бошқача ўйинлар қилишга журъат этолмаган.
Чунки Жамила Ғафуровнанинг чиройи ниҳоятда сипо, тортинчоқ, сирли, ҳаёли, “кучинг етса, олиб кет”, дегандай эркаланиб турмайди. Нозланмайди. Худди мунг­раниб ёзилган мусиқага ўхшайди ёхуд шеърнинг руҳидан бунёд топгандай – дардли ва самимий.
Чирой ҳам дардли ва самимий бўладими?
Бўлади! Ў-ҳў! Бу дунё не турфа чиройларни кўрмаган! Фирибгар чирой, нодон чирой, бозор чирой, подшоҳ чирой, кўнгил чирой… Бу чирой эса ҳеч нарсага даъво қилмайди, ҳеч нарса талаб этмайди, фақат этларни жимирлатади, юракни ҳапқиртиради, ҳатто суяклар қисирлайди, аммо чидаб бўлмас ҳайрату лолликнинг чегарасидан бир қадам ўтказмайди. Аёлнинг беқиёс ҳусни, латофатию латифлиги шу қадар озодаки, унга яқинлашишдан эркаклар ҳайиқади. Ахир, бунча ҳуснни қандай эплаш мумкин? Бу чирой ойдай балқиб, бағрингга бош қўйганда, юрагинг ёрилиб ўлмайсанми? Бунинг устига, яқинига борсанг, доғинг юқадигандай… Ҳар ҳолда, қўрқинчли! Шу сабабданми, бу аёлга биров кўнгил изҳорини ошкор айтишга журъат этолмаган. “Оҳ”у “уф”лар ошиқликнинг пинҳон кечаларида қолиб кетган. Ноиложликданми, энди бу ошиқлар Жамила Ғафуровнанинг мухлисига айланган. Ишхонанинг жами эркаклари бош ҳисобчининг мухлиси!
Жамила кийинишни ҳам қойил қилади. Нимаки кийса, ярашиқли! Сочларининг турмакларию юзидаги пардоз-андози, қулоқларидаги исирғалару бармоқларидаги узуклар – барчаси антиқа! “Қаердан топдингиз?”, деб ҳавас билан суриштирган аёлларга Эски шаҳар бозоридан олганини айтади. Ҳеч ким ишонмайди. Чунки унинг устида арзонгина либослар шоҳона кўриниш олади, нархи бир тийин тақинчоқлар маликаларнинг зебу зийнатига айланади – ҳозиргина “Кристиан диор”дан кийиниб, Фарангистоннинг “Гўзаллик салони”дан чиқиб келаётгандай! Коридордан йигирма минглик қалбаки атирни “Шанел”нинг энг қимматбаҳосидай уфуртирганча, эркакларнинг бошини айлантириб ўтади. “Бахтли бўлишдан осони йўқ, – дейди Шодмонбеков. – Ана, Жамила ўтган коридордан нафас оласан – тамом, бахтлисан!”
Камгапгина Жамила гап бошлаганда ҳам суҳбатдошлари жим қолади. Чунки фаросати бор, ақли бор – бўлар-бўлмасни гапирмайди. Бурунги йил идорада уюштирилган семинарда ҳисоб-китобни янгича тизимга ўтказиш таклифи билан чиққан. Шундай асосли илму амал билан гапирганки, гўё Жамила Ғафуровна артистдай, залдагилар қарсак чалиб, олқишлаганлар.
– Во-о, уккаарди қизи-и! – деган танаффусда идоранинг Сурхондарёдаги шуъбаси бошлиғи Жўрақобилов. – Ақли ҳам бор экан-да! Тоғам Панжи чобағоннинг бир оти бўгич эди! Шўнга бир қойил қолганман! Энди бул пошикастага таслим бўлдим! Оғзим очилиб қолди-я! Ҳозир ҳам юмолмай юрибман-а!.. Ҳусниям лекигин!.. А?.. Дамига тортса, йўқ бўп кетасан-да!..
У эмраниб анчагина гапиринган, сўнг Шодмонбековдан жиддий сўраган:
– Бу балони қаердан топдиларинг?
– Бизнинг айбимиз йўқ, – деган камтарлик билан Шодмонбеков ва фалакка ишора этган. – Ўзи яратган! Ўзи топган!
– Э, Худойим-а! – деган сурхондарёлик Жўрақобилов.

Хуллас, бу “Ўзи яратган” аёлни бутун ишхона яхши кўради. Унинг юмшоққина – кўзга ташланмайдиган мардона феъли ҳам барчани мафтун этган. Бош ҳисобчига иши тушмаган одам борми? Дейлик, хонасига кирасан! Ийманибгина гап бошлайсан:
– Жамилахон!.. Шу ойликкача… қурғур… етмай қолди!
Жамилахон Ғафуровна ийманганингни сезмаганга олади. Дарҳол иккиланмай, ғазначини чақиради.
– Акангизга бироз пул керак экан… Айтганларини беринг!
Ғазначи зоти борки, бундай гапни ёқтирмайди. Жамилахон юзида норозилик липиллаган ғазначига кулибгина қарайди:
– Сиз билан ўзим ҳисоблашаман, Ёқутхон!
Иш битди, вассалом!
Баъзан ғазначини чақирмайди ҳам. Негадир илтимосингизга алоқаси йўқ мавзудан гап бошлайди. Сўнг пўлат сандиқчани очади-да, айтганингизни арзимаган қоғоз тахидай олдингизга қўяди. Пулга заррача эътибор бермайди. Гўё гапираётган гапи муҳим. Аслида, сизнинг хижолат тортаётганингизни кўрмасликка олади, баттар хижолат торттирмасликка ҳаракат қилади.
Қарзни олиб келганингизда эса, кўзингизга синовчан назар ташлайди.
– Агар зарур бўлса, ишлатиб тураверинг, – дейди.
Бу гапни сизни аяб, жуда самимий, таъбир жоиз бўлса, меҳр билан айтади. Эгачингиз ёки онангизга ўхшаб кетади. Зўриқмаяптимикан, деган хаёлга борган-да! Қайтарганингиз пулни ҳам ҳеч қачон санамайди. Стол тортмасига ташлаб қўяди. Гўё пул эмас, унга сиз муҳим.
Ишхонадан бировнинг бошига иш тушиб қолса-ку, Жамилахон у одам ҳали ҳаракатга тушмасдан, бошлиқнинг олдига кириб, барча муаммони ўзи ҳал этиб чиқади – ёрдам пулими, ё аллақандай хизматингиз учун мукофотми…
Бу савоб хизматларни у одам танламай – барчага баробар бажаради.
Ҳамкасблари эса уни кўкларга кўтариб, мақтайдилар.
Бу фазилатлари Жамила Ғафуровнанинг чиройига чирой қўшгани аниқ.
Идоранинг Бухородаги шуъбаси бошлиқлигига тайинланган Бўрсаев ишхонага илк келганида, уни кўриб, “иби, иби”лаганча, гангиб қолган.
– Ин пари аст, – деган ўзбекчани бир лаҳза унутиб. – Пари!..
– Йўқ, – деган қатъийлик билан раҳматли Олим Жўраевич. – Фаришта! Жамила Ғафуровна – фаришта!

Жамила Ғафуровна фаришталигидан бехабар, ўзининг ҳаёти билан яшайди.
Эрга тегиб чиққан. Ўтган йил университетни битирган биргина қизи турмуш қилиб, хорижга кетган… Одамларнинг бу аёл ҳақида билганлари – шу.
Унинг ўзи ҳам бу маълумотга қўшимча қилолмайди. Бори шу-да!.. Яна нима? Яна… Албатта, нималардир бор. Бор! Аммо… Қандай айтсин? У ҳаётини тушуниксиз сиру синоатга тўлдирган, орзиқтирган, соғинтирган – интизор умргузаронликда яшашга маҳкум этган ажиб бир ғаройиботнинг асири! Бу асирликдан қутулиш чорасини, мана, йилларки, тополмайди! Бу асирлик занжиридан озод бўлмоққа ҳам кучи етмайди. Қийналади, азобланади, аммо бу сирни бировга айтишдан ийманади. Ҳатто қизига ҳам гапирмаган. Ўзи тушунмагандан кейин, бировга нима десин? Фақат кулгига қолиши мумкин! Асрори фақат Тангри таолога маълум сирлар озми? Эҳтимол, шу сирлардан бири унинг қисматига йўлдош бўлгандир? Аммо яшаяпти-ку! Яхши кўрган эри урушда беиз йўқолган аёлдай, соғинчда ўртаниб бўлса ҳам, яшаяпти-ку! Номини айтай деса, исми йўқ, суратини кўрай деса, жисми йўқ кимнидир ўзидан ҳам ортиқ яхши кўради-ку!.. Ҳа, ҳамма гап шунда! Жисми йўқ бўлгандан кейин… Э, Худо! Бу сирни ҳеч кимга ошкор этмай, ҳувуллаган қисматини бегона кўзлардан яширин тутиб, сиртида умрини кулиб-ўйнаб ўтказаётгандай яшашга мажбур эканлигини ҳис этмоқ жуда мушкул! Аммо мажбурсан! Чунки атрофда одамлар бор! Уларга ўхшашинг шарт! Фарёдни-ку, қўявер, “уф” тортсанг ҳам қуюшқондан чиққан кўринасан. Одамлар ўзларига менгзамаганларни кечиришмайди! Ғийбат билан омон қолсанг-ку, майли! Ундан баттарига дуч қилишади. Шунинг учун уларга менгзаб яшашга ҳаракат қилиш зарур. Тўғри, ишхонада уни ҳурмат қилишади. Аммо бир қадам бежо қадам қўйиб кўр, қани! Ҳеч бўлмаганда, Муяссар Қодированинг эътиборини тортасан! Бу эътиборнинг чангали эса!.. Ў-ў!
Жамила Ғафуровна худди шундай кун кечиради. Рисоладагидай одам. Орқада қолмайди. Югуриб олдинга чиқмайди. Ичида эса… Ичидаги эса фақат ўзига тегишли! Фақат ўзига!..

Аммо Ван Гогнинг суратлари уни тамоман издан чиқариб юборди. Натюрмортдаги қизил гуллар қаердан келди? Ўша гуллар-ку! Ўша – тушидаги гуллар! Адашгани йўқ! Ўша гулларнинг ўзи!

Гулларни…
сен
юбордингми?

Ван Гогнинг хаёлига
гулларни
қандай олиб кирдинг?

Гулларни
рассомнинг
хаёлидан
суратга кўчириб,
менга
ҳадя этдингми?

Бу дунёда
борлигингни
билдирдингми,
азизим?..

Дунёни сенинг бўйларинг тутиб кетди. Ҳаволарни бағримга босиб, кўксимни тўлдириб-тўлдириб, нафас олиб юрибман. Аниқ биламан, сен тушдан ерга кўчгансан. Шу атрофдасан. Менга тобора яқин келяпсан! Кел! Тезроқ кел! Сени бир бор кўриб, дунёдан ўтсам, армоним йўқ! Эшитяпсанми? Эшитяпсанми, умр бўйи соғинганим! Суратда алвон гулларингни кўргандан кейин тоқатим қолмади. Кел!..

Ўшанда нечада эди? Йигирмада!
Институтда ўқиб юрган чоғлари! Ёшлик! Муҳаббат ва орзулар фасли! Ҳа, ўша! Ўша!.. Жамиланинг атрофидаги тенгдошлари, дўстлари, дугоналари – барча севги ва орзу уммонида тўлғонади. Унинг мавжлари юракларни ҳапқиртиради. Оёғи ерга тегмай юрганлар қанча, чилпарчин йиқилганлар қанча! “Карашма денгизин кўрдим – на нозли тўлқини бордир, Ҳалокат бўлғусин билмай, қулочни катта отдим-ку!” Ким айтган? Чўлпон! Топиб айтган. Севги деган тўфон етганда, ҳалокат хаёлингга келадими? Нажот фақат шу тўфонда эканлигини яхши биласан! Ўзингни ўйлаб ўтирмайсан! Ё ҳаёт, ё мамот! Ё баҳордай гуллаб-яшнаш, ё куздай қовжирамоқ!..
Жамиланинг теграсида шундай ҳаёт мавж уради.
У тенгдошларига ҳаваси келиб қарайди: бировнинг кўйида ёниб яшаш қандай яхши!
Ошиқларининг эса саноғи йўқ. Учраган йигит унинг ортидан бир эргашиб кўради. Аммо ададсиз чирой ёруғларига чулғонган бу қизга етадиган манзил қаерда эканлигини ҳеч ким тасаввур этолмайди. Висол деб йўлга чиққанлар, юраклар кесишадиган чорраҳада бу қизнинг изи ҳам йўқлигига иқрор бўлишгач, тақдирларига тан бериб, қолиб кетишаверади. Қиз эса бу ёруғ оламдаги ҳеч кимга талпинмайди. Аммо юрагида соғинч бор. Юраги кимнингдир соғинчида лаб бургани бурган…
Шундай кунлардан бирида туш кўрди.

Дашту қирда якка-ёлғиз ўзи – соғинчдан ўртаниб, тўрт тарафга югуряпти. Бу қирдан ўтса, муродига етадигандай, бу тепадан ошса, истаганини топадигандай… Гоҳ шамолдай олға учади, гоҳ излагани қолиб кетгандай сарсону саргардон ортига қайтади. Истагига етмаса, умри адо бўладигандай югуради. Қаердасан, қичқиради у. Қа-ер-да-сан? Ахир, соғиняпман-ку! Соғи-на-яп-ман! Шу пайт рўпарасида бир даста қизил гул кўринади! Ерга тушса, увол бўладигандай, ўзини ҳавода муаллақ тутиб турган бир даста қизил гул! Эпкинда гулбарглари нозик титрайди. Худди орзу каби чиройли! Ҳатто бўйлари ранго-ранг товланади! Жаннатнинг гуллари, ўйлайди Жамила, жаннатнинг гуллари! Кимдир бу гулларни унга интизор тутиб тургани аниқ, аммо кўринмайди – на юзи, на кўзи, на қўли – вужуди туманга ўралган. Аммо… Қизил гуллар! Қиз ақлу ҳуши кетиб, ўзини унутганча, гуллардан кўз ололмайди. У – маст! Ўша – фақат муҳаббат тортиқ этадиган мастоналик вужудию қалбини тамом асир этган. Жону жаҳонини бахшида этишга тайёр аснода гулларга қўл чўзади. Бироқ қўллари етмайди. Яна интилади – дастлари фақат ҳавони ушлайди. Гулларни бер, ёлворади у. Бу гуллар – меники! Менга атагансан! Мен сени соғинганман ахир! Ўзингни туманларга ўрама! Ўзингни кўрсат! Мен сени соғинганман, деяпман-ку! Гулларингни бер!..
Бирдан кўринмас одам тилга киради. Унинг овози ниҳоятда ғаройиб – жонўртар, анвойи, юрагу бағирни бурдалайдиган. Мен сени севаман, дейди овоз. Мен сени севаман… Бу овоз бунча чиройли бўлмаса! Инсон зоти бундай товушда қаердан гапирсин! Фариштамикан? Фаришта! Ё севган одам фариштага айланадими?.. Қиз товушнинг беқиёс оҳангига тоқат қилолмай, йиғлаб юборади. Гулларни бер, дейди ёлвориб. Гулларни бер!..
Ногаҳон товуш шеър ўқиётганини ҳис қилади:

Бир даста қизил гул бизни ўртагай,
Бир даста қизил гул – бир даста армон.
Қисмат айрилиққа тошдай ўрнагай,
Азалнинг ёзмиши соғинч – беомон…

Жамила ҳўнграб йиғлайди. Гулларни бер, дейди у фақат! Гулларни бер! Сени соғинганман! Сени кутиб яшаяпман! Ўзингни кўрсатсанг-чи!.. Нега гулни бермайсан?..

У уйғониб кетади. Ҳўнграб, ўксиниб йиғлаётганини, “гулни бер”, деб ёлвораётганини эшитади. Тушу ҳушлигини ажратолмай, қўли билан юзини силайди – кўзлари, ёноқлари, юзига ёпишган сочлари ҳўл!.. Туш ҳасратининг ҳарорати вужудини тарк этмай, яна узоқ – ўзини тўхтатолмай – йиғлайди. Бу соҳир овознинг дардли, оғриқли, лаззатли оҳанги уни тарк этишини негадир истамайди. “Эслаб қолишим керак, – дейди уйқу аралаш. – Эслаб қолишим керак! Шеърни ҳам… Нима эди? “Бир даста қизил гул… Бир даста қизил гул…” У уйқу комига яна тортиб кетаётганини сезади. Уйқу безовта ҳолини парқу қучоғига олади – бесас аллалайди. Унинг йиғидан бўшашган вужуди уйқуга сингиб кетади.
Эрталаб одатдагидай уйғонади. Аммо шу кеча нимадир бўлгани аниқ эди. Бироқ ҳеч нарсани эслаёлмайди. Фақат кўксида нимадир шуълаланиб, юрагию руҳини ёритиб турганини ҳис қилади. Деразани очиб, ҳовлига қарайди. Вой, гул очилибди! Атиргул! Бир донагина атиргул! Қип-қизил!.. Ва бирдан кечаги туши эсига тушади. Нима эди… “Бир даста қизил гул!..” У югуриб ҳовлига чиқади. Апрелнинг илиқ ҳавосига чулғаниб, пирпираганча, ҳовлининг четидаги гулзорда – бошқа гуллардан кўра олдинроқ очилишга улгурган атиргулга термилиб туради. Энгашади. Кўзларини юмиб ҳидлайди. Йўқ, тушидаги атиргулнинг бўйи ўзгача, таровати ҳам бўлакча! У гуллар!.. У товуш-чи?..

Кел!.. Сен кўринмадинг, аммо мени яхши кўришингни биламан! Шу қадар яхши кўрасанки, ҳатто тушларимга киришни уддалайсан! Товушинг юрагимни лиммо-лим тўлдирди! Оламга ёғду тараётгандайман! Келсанг-чи!.. Нима эди? “Бир даста қизил гул!” “Бир даста…” У ёғи нима эди?.. Эсимда қолмади! Воҳ, эсимда йўқ! Кел, ҳаммасини қайта айтиб берасан. Кел!..

У келмади.
Соғинч эса юракда шовуллагани шовуллаган.
Узлуксиз, бепоён, жону жаҳонини асир олган соғинч.
Бир ойлардан кейин тушига яна ўша – бир даста қизил гул кирди. Ҳавода муаллақ турган бир даста қизил гул!.. Бироқ энди Сўз эшитилмади. Сўз бесас мусиқага – фақат юрак эшитадиган садога кўчган – кўринмас одам чидамоқ амримаҳол узлуксиз сукутфиғонда дил изҳор этар, аммо Жамила титранганча, унинг бор гапини шундоқ тушуниб турар эди.
“Мени севасанми? – деб сўрар эди бесас мусиқа. – Мени севасанми?”
“Ҳа, – дер эди энтикиб Жамила. – Ҳа! Фақат ўзингни кўрсат! Фақат кел! Мен сени севаман!”
“Мен ҳам!.. Мен ҳам сени севаман!..”
“Кел!”
“Боролмайман! – дер эди фиғон юракни ёргудай авжланиб. – Боролмайман!.. Сен чиройлисан! Сен – Парвардигор яратган гўзалликнинг танҳо хилқатисан. У сен каби ҳеч кимни яратмаган…”
“Кел, деяпман! Тушда нима қиласан? Ҳушга тушсанг-чи! Соғиндим…”
“Биз учрашмасликка маҳкуммиз! Тегрангда чирой қурган довондан ошиб бўлмайди!.. Ошиб бўлмайди!..”
“Ундай дема!.. Ундай дема!.. – Тушнинг бўшлиқларига ҳайқиради қиз. – Илтимос, ҳеч бўлмаса гулларни бер! Илтимос!.. У гуллар менга аталган! У гуллар – меники!.. Сени севаман! Кел!..”
Бир даста қизил гул ҳавода муаллақ турибди. У гулларга қўл узатади. Қўллари етмайди. Яна узатади. Қўллари фақат ҳавони ушлайди.
Қиз йиғлайди.

Жамила кўча-кўйда, автобусу трамвайда, институтда, меҳмонда – қаерда бўлмасин, ҳушёр юради. Ногаҳон тушдаги одам рўбарў келса, ўтказиб юборишдан чўчийди. Кўрмаган бўлса ҳам уни шу заҳотиёқ танишини аниқ билади. Ахир, қизил гулнинг бўйлари димоғида! Овози-ку!.. Унутиб бўладими?

У келмайди.
Фақат тушларига киргани кирган.
Соғинчнинг ҳарорати ёндириб, кул этадиган даражага етганда, яна қизнинг тушига келади.
Жамила энди тушдан тушгача яшайди. У қизил гулдан таралган бўйларга кўксини тўлдириб, юрак-бағирни бурдалайдиган товушнинг садоларидан мастона юради. Ўша шеърни эсламоқчи бўлади. “Бир даста қизил гул…”дан бошқа сўзлар эса ёдига тушмайди.
Қиз уни излайди.
Келади! Албатта, келади! Тушидаги кўринмас кимсанинг бу ёруғ дунёда борлигига бутун борлиғи билан ишонади.
Атрофида эса йигитлар чироқ атрофидаги парвоналардек чарх уришади. Аммо қанотлари бепарволикнинг совуқ ўтида ёниб битгач, судралиб, қайгадир ғойиб бўладилар.
Уйдагилар эса тўй орзусида. “Турмуш қил”, деб жон ҳолига қўйишмаяпти. Уларга нима десин? Ёши ўтиб бораётгани ҳам, эртага кеч бўлиши ҳам ҳақиқат, аммо туш… Ундан қандай айрилсин?
Жамила тушидаги кўринмас одам тақиб этмаётганини; фақат уни аяётганини, шафқат қилаётганини; ўзини қурбон этиб бўлса-да, унга бахт тилаётганини – шунинг учун, тушдан ҳушга тушмаётганини энди фаҳмлайди. “Кет” деса, уни бахти­қароликда кетишини ҳам ҳис қилади. Шу сабаб бу сўзни айтишга куч тополмайди. Ахир, соғинчда ўлиб кетади-ку! Ўзи-чи? Ўзи омон қолармиди?

Ўзини тўрт томонга урмасин, уйдагилар ғолиб келди. Тўй тараддуди бошланди. Жамиланинг ўзи ҳам онаси айтгандай, “бошқалардай” яшаш лозимлигини тушиниб турар – “одаминг борми?” деган саволга тайинли жавоб беролмаса, нима қилсин? “Одамим тушимда”, десинми?

Туш эса қайтарилгани қайтарилган.

Турмуши бўлмади. Ажралиб кетди. Бировни овора қилгани қолди. Яхши одам эди. Жанжалсиз жавобини берди. Тўғри айтдинг, деди у, ажралсак яхши бўлади. Кечалари ҳўнграб чиқишингни билмайди, деб ўйлайсанми?
Нима десин? Сизни яхши кўрмайман, десинми? Тушимдаги бир одам ақлу ҳушимни олган десинми?
Индамади. Эри ҳам бошқа ҳеч нарса дегани йўқ. Ортиқча ғалваларсиз ажралиб кетишди. Ундан қолган ёдгор – қизи – Ҳанифа. Жуда билимли, жуда ақлли, бунинг устига, аллақайдан омилкорликни ҳам юқтирган. Дунёга кўнгил билан эмас, ақл кўзи билан қарайди. Шу сабабданми, унинг “яхшилаб ўйлаб кўр”, деган пинҳон илтижо ўтинчларига парво ҳам қилмай, хорижга ўқишга кетди. Ўша ёққа – немис аралаш туркками, турк аралаш немисгами турмушга чиқди. Ўзидан йигирма ёш катта. “Буниси қандоқ бўлди?”, деган саволига, Ҳанифа гапни чўзмай, унга шуниси қулайлигини айтди, холос. Бинойидай яшаб юрибди. Эри билан аллақандай лабораторияда ишлайди. Хуллас, нима бўлса ҳам, бошида эри бор. Жамила Ғафуровнанинг кўнгли тинч.

Туш эса қайтарилгани қайтарилган.
Ў-ҳў, неча йилларким, у соғинчнинг заржирбанд қучоғида яшаяпти!
Аммо Ван Гогнинг кўргазмасидан кейин, соғинчнинг ёнида ногоҳ умид ҳам пайдо бўлди. Ахир, Ван Гог унинг тушини қаердан билади? Қандай қилиб у айнан тушидаги гулларни чизди? Ҳатто расмнинг тагидаги бир энли қоғозга ёзиб қўйилган – “Бир даста қизил гул” лавҳаси ҳам унинг тушидан. Ван Гог ўша шеърни ҳам… биладими? Қаердан билади?..

Сен бировга ҳукмингни ўтказдингми? Тушимдаги гулларни боёқиш рассомнинг илҳомига Сен ҳадя этдингми!.. У сенинг дўстингми? Сен ҳозир Ердамисан? Ҳа-а… тушимдан ерга тушганинг аниқ… Сезяпман… Тушгансан! Бу гулларнинг расмини кўрган онимдан англадим! Ўзингни кўрсат! Ахир соғиниблар кетдим! Ўзингни кўрсат деяпман!..
Боқибек – Ван Гог деганлари жуда антиқа одам. Унинг Ван Гоглигини билмаган пайтлари – бу идорага ишга келишидан аввал ҳам – бу йигитни кўп учратган. Талабалик йиллари институтда, метрода, автобусда, кўчада, ишхона эшиги ёнида… дуч келгани дуч келган эди. Унга бир кўз ташлайди-да, хаёлланиб ўтиб кетади. Кўз ташлаганига Жамила ажабланмаган, чунки учраган одам унга эътибор беришига кўникиб кетган. Бир кўз ташлаб ўтишса ҳам майли – бировлар тўхтаб қолади, бировларнинг оёғи чалкашади; ортига бурилиб қараганлар қанча; йўлидан қайтиб, уни яна бир бор томоша қиладиганлар… Ван Гог эса “одам одамга қарайди-да” қабилида бир кўз ташлайди-ю – тамом! – ўтиб кетаверади. Юзида ҳам, кўзида ҳам ҳеч нарса ўзгармайди. Эҳтимол, беэътибор қарагани учун ҳам Жамиланинг хотирасида қолгандир? Учратгани бори кас эсу ҳушидан айрилиб қолай деганда, бу йигитнинг алоҳида бепарволиги, аёлнинг эсида муҳрланган-да! Ҳа, Жамила бу йигитнинг бировлар билан тўдалашиб юрганини ҳам кўргани йўқ. Доим якка-ёлғиз…
Жамила шу идорага ишга келганидан кейин бир-икки ой ўтиб, бу йигит ҳам ишхонада пайдо бўлган: “бўёқлар бўйича эксперт”, деган лавозимними-ей эгаллади. “Лавозимними-ей…” деб шубҳага олганимизнинг сабаби бор. Маълумингизким, лавозимнинг ўзига хос шону шавкати бўлади. Аммо лавозим, кўпинча, мансаб курсисига ўтирган шахснинг кўламига, миқёсига, билимига, ташкилотчилигига, ўзини “қўя билиш”ига ва қанчадан-қанча майда-чуйда нарсаларга боғлиқ. Дазмолланган костюм-шим, оппоқ кўйлак кийиб, бўйинбоғ тақиб олинса, бир қарич лавозим ҳам бир қулоч кўринади. Агар мансаби баландлар сени яхши кўриб, мартабаси пастлар ҳайиқса, лавозимингнинг обрўйи янада ошади. Сенга иши тушадиганлар қабулхонада секингина гаплашиб, котибадан кайфиятинг қалайлигини суриштира бошлаганда эса, бил, энди идоранг, ундай-бундай одам қараса, дўпписи тушиб кетадиган жойга айланган – ўзинг эса истиқболи порлоқ раҳбарчалар тоифасига кирасан.
Бироқ иш бошлаганидан икки-уч ой ўтиб, бу йигитнинг лавозими борлиги идорадагиларнинг эсидан ҳам чиқиб кетди. Эҳтимол, лавозими борлиги бу йигитнинг ўзини ҳам хаёлидан кўтарилди, ё лавозим уни писанд этмади – хуллас, у бору йўқлиги унча ҳам билинмайдиган хизматчилардан бирига айланди. Ҳолбуки, эксперт дегани ҳазилакам иш эмас! Уни фикридан одамларнинг ойлаб-йиллаб қилган меҳнатларининг тақдири ҳал бўлади. Идорага тааллуқли ёки у билан ҳамкорлик қиладиган қанчадан-қанча ташкилотлар экспертнинг оғзига қараб туришади. Унинг кўнглини овлашга ҳаракат қилишади. Илгари бу ўринда ишлаганлар ҳозир бою бадавлатгина умргузаронлик этаётганлари ҳақида кўп ривоятлар юради. Одамлар бу йигитнинг атрофида ҳам айланиб кўришди. Бироқ уни аврайман деб овора бўлмасликни тезда тушуниб етдилар. Энди Асрор Валиевичнинг совуқ нигоҳи қаршисида бу исқирти одамнинг ҳукмини эшитишдан ўзга чора йўқ. Аммо бу йигит ишга келгач, лавозимининг шавкатидан урвоқ ҳам юқмади. Худди заводдаги усталардай кийинади. Бунинг устига, аллақандай хизматкор – кўнгилли тарзда – шиор чизадими-ей, хоналарни таъмирлашга киришиб кетадими-ей, деворларга антиқа расмлар туширадими-ей… Лавозимнинг обрўйи қоладими? Бора-бора идорадагилар унинг исми шарифини ҳам унутишди. Кимдир “Ван Гог” деб қўйган лақаб эса унга ёпишди-қўйди. Аммо биров унинг мушугини “пишт” деёлмайди. Ахир котиба Жасмина тарқатган тезкор ахборотга кўра, Асрор Валиевичнинг шахсан ўзлари шу Ван Гогни ўнга яқин номзодлар орасидан танлаб олган! Раҳбарга яқин одамга гапириб бўладими? Кўнглига келганини қилади-да! Бунинг устига, бу одамнинг фикрини Асрор Валиевич тасдиқлаб турса!

Хулласи калом, Жамила Ғафуровна ёшлигидан буён кўзи тушиб турадиган бу йигит – Ван Гог унинг сирини англагандай эди.
Аммо ўша “кўргазма куни” кўнгилни хира қиладиган яна бир воқеа бўлди.
Кўзёшлари қуримасдан туриб, хонасига ранги бўзариб, Муяссар Қодировна кирди.
– Жамила Ғафуровна, – деди у расмий оҳангда. – Сиздан кутмаган эдим! Ҳар ҳолда, раҳбар ходимларимиздансиз! Бу нимаси? Сурат томоша қилиб ҳам одам шу аҳволга тушадими? Мен ҳам қарадим – бир даста қизил гул! Шунга ҳам раҳбар одам йиғлайдими? Хайрият, мендан бошқа ҳеч ким кўрмади! Идорамизни ҳам, ўзингизнинг ҳам обрўйингиз бир пул бўлар эди! Хафа бўлманг, айтиб қўйиш бурчим! Ё бирор сирингиз борми?
Жим ўтирган бош ҳисобчининг вужуди музлаб кетди.
– Йўқ!.. – деди у негадир шошиб. – Йўқ! Ҳеч қандай сирим йўқ!
Муяссар Қодировна унга синчиклаб қаради.
– Одам ҳам ишхонада йиғлайдими? Ё анави ўлгур Ван… Боқибек одам сезмас этиб, суратда бирор нарса қилганми? Яширманг, айтаверинг! Бу писмиқнинг қўлидан ҳар иш келади! Сезиб турибман, бу жойда бир сир бор! Бўлмаса, сиздай эсли-ҳушли одам ҳам алламбало қизил бўёқ чапланган ажи-бужи суратга қараб йиғлайдими?
Жамила Ғафуровна қўрқиб кетди. Бу совуқ уфуриб гапираётган аёл унинг тушларига ҳам бостириб кираётгандай туюлди. Бу аёлнинг қўлидан ҳар иш келади! Жамила Ғафуровна калхат чанг солаётган қушдай алланечук қунишди. Ўзини йўқотганидан тили ҳам гапга бормади. Бироқ негадир кулишга ҳаракат қилди. Юзида аянчли табассум пайдо бўлди-да, кўзларидан ёш оқа бошлади. Фақат – ёшларини арта-арта, бошини сарак-сарак этиб – хавотирга зарра ўрин йўқлигига зўрға ишора қилди.
Муяссар Қодировна эса унга яна бир бор синовчан тикилди. Қаттиқ тикилди.
Жамила Ғафуровна дош беролмади.
– Кечирасиз, – деди Жамила Ғафуровна ёшларни артаркан, ўрнидан туриб. – Мени ёлғиз қолдирсангиз. Илтимос…
Муяссар Қодировна қандай бўзариб кирган бўлса, шундай бўзариб чиқиб кетди.

Эртаси Жамила Ғафуровнанинг хонасига қорасини ҳам кўрсатмайдиган Ван Гог тўсатдан кириб келди. Негадир ўзини ноқулай сезиб, хонанинг ўртасида тўхтади. Бу одам унинг аллақандай улкан гуноҳини оламга ҳозир ошкор этадигандай, аёлнинг юраги шувуллаб кетди.
– Ассалому алайкум, – деди Ван Гог жуда жиддий тарзда. – Сизга менинг ишларим ёқдими?
Жамила Ғафуровна тушунмади. Нима деяпти? Қанақа иш? Уни Ван… (Оти нима эди? Нима эди?.. Ҳеч эслай олмайди!..) Гогнинг ишлари билан нима иши бор?
– Кечирасиз, – деди аёл негадир юраги зимиллаб. – Қанақа иш? Ишларингиздан хабарим йўқ…
Ван Гог ним жилмайди:
– Иш… энди суратларим-да! Суратларим сизга ёқдими демоқчи эдим?
– Ҳа, – деди аёл бор кучи билан ўзини бепарво кўрсатмоқчи бўлиб. – Ёқди… Ёқди!..
Ван Гог бошини хам қилди. Жим қолди. Хафа бўлди, деб ўйлади Жамила Ғафуровна ва ўзига хос бўлмаган жонсаракликда такрорлади:
– Чиндан ҳам ёқди! Ёқди! Айниқса…
Вой, нима кераги бор? Шу гапни айтиб, нима қиламан!
Ван Гог бошини кўтариб, унга тик қаради:
– Айниқса… қайси?
Жамила Ғафуровна сеҳрлангандай – тилига келган гапни қайтаролмади:
– Айниқса, “…қизил гул”… “Бир даста қизил гул!”
Ван Гог яна бошини хам қилди.
– Шу яхши иш, – деди у худди бировни мақтаётгандай. – Жуда яхши иш! Суратимни айтаяпман… “Қизил гул”ни…
Сўнг ортига бурилиб, жўнади. Эшик олдига етгач эса, бир нарсани унутгандай ортига қаради:
– Раҳмат…
У мувозанатини йўқотиб қўйишдан қўрқаётган монанд – аллатовур юришда чиқиб кетди.
Аёл бутун вужуди титрабгина турганини ҳис қилди. Э, Худойим! Бу одам ниманидир билади. Билади!.. Эй! Эй!.. Уни сен юбордингми? Аллақандай Ван Гогларни юборганча, ўзинг кела қолсанг-чи! Бир даста қизил гулларни қўлингда тутиб, қаршимдан чиқсанг-чи! Соғинчинг ҳаддидан ошди! Юрагим дош бермаяпти! Кел! Умрим адо бўлмасдан кел!..

Бу орада ишхонада кутилмаган ўзгаришлар бошланди. Асрор Валиевич тўсатдан ўз аризасига кўра ишдан кетди. Жамила Ғафуровна хизмат сафарида эканлигида эса идорага янги раҳбар тайинланганини эшитди.
– Вой, Жамила опа, – ҳаяжонланиб қўнғироқ қилиб қолди ғазначи Ёқутхон. – Ишхонага янги раҳбар келди! Жуда антиқа одам экан! Ҳаммани йиғиб, мажлис қилди. Мажлисда шеър ўқиди, опа!.. Одамларнинг оғзи очилиб қолди!
Жамила Ғафуровна ҳам ҳайрон қолди. Чунки шу ёшга кириб, мажлисда шеър ўқилганини эшитмаган эди.
– Исми ким экан? – беихтиёр қизиқсинди у.
– Даврон Раҳмонов… Даврон Исмоилович Раҳмонов! Ходимлар мақтаб юришибди. Зўр одам экан, дейишяпти! Ҳали келсангиз кўрасиз, опа!..

Ўша кеча яна туш кўрди. Қизил гул! Бир даста қизил гул! Гулларни олай деса, ҳатто қўлларини кўтаришга ҳам кучи етмади. Гул эса шундоқ юзларига яқин келди. Қандай гўзал! У эркаланиб, юзларини гулбаргларга босди.
У бор вужуди гул ҳидларига тўлиб кетганини ҳис қилди.

Жамила Ғафуровна ишга келганда, ишхона кўтаринки руҳда эди.
– Онам, Жамилахон! – деди Шодмонбеков уни коридорда учратганда ва тепани бош бармоғи билан кўрсатди. – Қаранг! Қаранг!..
Бош ҳисобчи тепага қаради ва ҳеч нарса кўрмади.
– Нимага қарай, Зафар ака?
Шодмонбеков қаҳқаҳа отиб кулди.
– Шифтимиз баландлаб кетди, Жамилахон! Шифтимиз баландлаб кетди! Елкангиздан босмаётганини сезмадингизми? Ҳавонинг енгиллигини қаранг! Энди идорада бемалол кўксимизни тўлдириб нафас оламиз!..
Жамила Ғафуровна гап нима ҳақида бораётганини тушунди ва негадир овозини пастлатиб сўради.
– Раҳбар яхши одам эканми?
– Яхши ҳам гапми, онажоним! Аъло одам! Ҳамма нарсадан хабардор. Касбимизни игнасидан ипигача сув қилиб ичиб юборган! Мажлисларни кулиб-ўйнаб олиб боряпти. Ҳар қандай фикрни айтишдан чўчимайди. Бугун эрталабки режамажлисимизда “Ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш” деган шиор ҳеч қачон эскирмайди, деб қолди. Қўрқмай гапиргани­ни қаранг! Унинг айтишича, одам фикрининг олдига тўсиқ қўймаслиги лозим экан! Бу тў­­сиқ эса эринчоқликдан ёки қўрқишдан келиб чиқар экан! Ўқиган, билимдон одам эса қўрқ­мас экан! Зўр гап-да, Жамилахон! Айниқса, раҳбардан эшитсанг, алоҳида жаранг­лай­­­­ди-да, а? Яна бир гапи… Ишга ва ҳаётга кўнгилли бўлиб ёлланмоқ лозим экан! Ўшанда иш­га ҳам, ҳаётга ҳам қул бўлмас экансан… Э, зўр одам экан бу Даврон Исмоилович!
Жамила куйиб-пишиб раҳбарнинг “зўр”лигини исботлаётган Шодмонбековнинг шаштини ўлдирмаслик учун суҳбатга чўғ ташлади.
– Мажлисда шеър ҳам эшитибсизлар!..
– О!.. – доим ҳазиллашиб гапирадиган Шодмонбеков жиддий тус олди. – Навоий ҳазратларидан ўқиди, онам! Ҳазратимнинг ўзларидан ўқиди. Мен Навоийни ёд биладиган раҳбарни биринчи кўришим! Ўзимча Навоий бизга ўхшаган ғарибларга тегишли экан-да, деб ғамхаёл суриб юрган эдим! Кўнглим ўсди!.. Ажойиб одам экан! Энди роҳат қиламиз! Ёйилиб ишлаймиз!.. Хайр, онам!..
У ғайрат билан коридордан уч-тўрт қадам ташлади-да, бурилиб улгурмаган Жамиланинг ёнига қайтиб келди.
– Юраги нозик одамга тез кўз тегади! Шу одамнинг ҳам юраги жуда нозик экан! Кўз тегмасин!
Жамила Ғафуровна Шодмонбековнинг тўлиб-тошишларига кулиб қараб турди. “Яхши одам, шу Шодмонбеков, – ўйлади у негадир қувониб. – Биров учун куйиб-пишишини қаранг!”
Хонасига кириб ўтирар-ўтирмас, гул-гул очилиб, ғазначи Ёқутхон кириб келди.
– Келдингизми, опажон! – Кечаги хабарини яна янгиликдай такрорлади Ёқутхон. – Сизни сафарга жўнатиб, ўзгаришлар қилиб юбордик!..
Бировни ерга уришда ҳам, мақташда ҳам ҳеч ким аёлларга тенг келолмайди. Ерга уришса, қора ернинг тагида мўлтираб ётаверасан – қайтиб ёруғ дунёни кўрмайсан; мақташса, етти қават осмонга олиб чиқишади – ташлаб юборишмаса, қушдай учиб юраверасан! Ёқутхон оғзидан бол томиб, янги раҳбарни мақташга тушди. Вой, опажон, ундай одам экан! Вой, опажон, бундай одам экан!.. Жамила аёлларнинг бу тахлит гапларига кўп эътибор бермайди. Бунинг устига, иши кўп! Аммо ҳозир мақталаётган одам раҳбар-да! Бевосита у билан ишлашига тўғри келади. Шу сабаб эшитди. Ғазначи эса мақтов шиддатида раҳбарни фалакка кўтариб кетяпти! Даврон Исмолович осмон сари учиб кетаётганини билмасдан, қайсидир бир мажлисда жиддий тарзда ўтирганини кўз олдига келтириб, Жамила Ғафуровна жилмайди.
Бу орада эса Ёқутхоннинг барқ уриб турган юзида ташвиш аломатлари кўринди.
– Аммо ҳар тўкисда, бир кам деганларидай, опажон, – деди у овозини пасайтириб. – Шу одам ҳам бахтсиз экан!
Булар қаердан билади? Раҳбарнинг ишга чиққанидан бир ҳафтагина ўтганми, йўқми…
– Нега бахтсиз бўлади?
– Билмайман-да, Жамила опа! Билсам, сизга айтмасмидим…
У ичидагининг ҳаммасини айтишдан бор кучи билан тийилиб тургани шундоқ билиниб туради. Аммо бу куч шу заҳотиёқ тугади:
– Хотини ёмон бўлса экан, опа! Қайси бахтсиз эркакни кўрсангиз билингки, хотинини Худо урган! Айтишларича, у киши хотини билан беш йилдан буён бирга яшамас эканлар… Хотини бир ёмон иш қилган дейишади! Энди шу шарманда “ажралмайман” деб туриб олганмиш, опа! Ёмон хотин – ёмон-да!
Ёқутхон эркакларнинг бебахтлигини чуқур ҳис этганидан, бирдам жимиб қолди-да, сўнг аллақандай орзумандликда энтикди:
– Даврон Исмоилович шундай яхши одам экан!.. Шундай яхши одам экан!..
– Бирга ишлайверсак, – деди Жамила Ғафуровна суҳбатни якунлаш пайти етганлигини ҳис қилиб. – Кимлигини билиб олаверамиз!

Бу тунги уйқу фақат тушдан иборат бўлди. Аммо қизил гул тушига кирмади. У қизил гулни излаб, дашту қирларда сарсон-саргардон кезди. Бироқ вужудию руҳига беаёв ҳасрат сочиб, тутқич бермайдиган рўё тушини тамом тарк этгандай эди! У тентираб, тонггача югурди. Гуллар қаерда қолди? Гуллар! Қизил гуллар! Эй!.. Энди бу сарсонликка кучим етмаяпти! Қаердасан?..
Тонг отганда эса аллақандай бахтиёрликда уйғонди. Ва ногоҳ ётоқхонасида ўша гулларнинг бўйи элас-элас анқиб турганини сезди. Негадир бахтдан тўлиқиб, қўлларини юзига босди. Воҳ! Ўша гулларнинг ҳиди! Қўлларида ҳам ўша гулларнинг ҳиди! Худойим, бу қандай кўрим?
Ташқарига чиқди. Ташқарида ҳам ўша бўй!
Аёл гул бўйларига ўралиб, ишхонага жўнади.
Шошиб жўнади.
Бироз ҳаяллаб қолса, нимадир кетиб қоладигандай бесабр ошиқиб жўнади.
Жамила Ғафуровна ишхонага кирганда, гулларнинг бўйлари кучайганини сезди. Ҳаяжондан лаблари қақраб, юраги тез-тез ура бошлади. Жисмида эса аллақандай безовта фароғат жунбуш урар, бахту саодатга ўхшаш бир туйғунинг шуъласидан кўнгли ёп-ёруғ эди.
– Вой, опа-а-а!.. – деди коридорда қаршисидан чиққан Ёқутхон чиндан ҳайратланиб. – Бунча чиройли бўлиб келяпсиз! Юзингиз нурланиб турибди-я! Вой, опа-а! Атирингиз ҳам антиқа! Бунақаси бу оламда йўқ! Вой, опа-а-а!..
“Бунақаси” бу оламда қайдан бўлсин! Ахир, бу бўйлар тушдан!.. Ўша қип-қизил гулларнинг ҳиди!
Жамила Ғафуровна ғазначи билан шўху шодон кулиб сўрашди-да, хонаси томон йўналди.
Хонасига яқинлашгани сари бу мастона бўй тобора қуюқлашиб бораётганини туйганча, қўллари қалтираб қулфга калит солди. Эшикни очди-ю, бир сесканиб тўхтаб қолди.
Вой, Худойим!..
У эшикни беихтиёр қайта ёпди. Юраги ёрилгудай урар, вужудини титроқ босган эди.
Вой, Парвардигор!..
Ростдан ҳам…
У тақдир дарвозасини очаётгандай эшикни авайлаб қайта очди.
Стол устидаги бежирим гулдонда бир даста қизил гул барқ уриб турар эди.

Келдингми?

Шу ердамисан?

Гулларингни хонамга
қўйиб,
қаерларга кетдинг?

Кел!
Кел!

Ҳозир
сени кўрмасам,
соғинчдан ўлиб қоламан!

Соғинчда ўлиб қолмасимдан, кел!

У ҳаяжондан тўлғониб, хонасига кирди. Мана, ўша тушларидаги гуллар! Қип-қизил гуллар! Тушларини кезиб-кезиб, охир хонасигача етиб келган гуллар!..
Аёл бесабрликнинг тошқин ҳаракатларини енгиб, гўё гулдаста учиб кетадигандай унга беозор бир ҳаракатда қўл узатди. Гулларга бармоқлари текканда, бир ажиб безовта фароғат бор-йўғини қамраб олганини ҳис қилди. Гулларни икки қўллаб оҳиста тутиб олди-да, авайлаб бағрига босди. Воҳ! Нақадар муаттар бўй! Ўша – тушидан таралиб, уни девона этган соғинчнинг бўйи!.. Гулларинг мени топиб келди, азизим! Ўзинг қаердасан? Ўзинг?..
Ногаҳон эшикда ҳовлиқиб Ёқутхон кўринди.
– Опа, телевизорни қўйинг!
У бағрига гулларни босганча, анграйиб қолган Жамила Ғафуровнага парво қилмасдан, тошқин ҳаракатда стол устидаги телемурватни олди-да, шошиб, бош ҳисобчининг қаршисида ўрнатилган телевизорни қўйди.
– Каттамизни кўрсатаяпти, Жамила опа!.. – деди Ёқутхон ҳаяжонланиб, керакли канални топар экан. – Даврон Исмоиловични!..
Ёқутхон ёришган экрандан кўз узмай, ногаҳон бахтни топиб олган одам каби қувончли овозда бидиллади:
– Опа, қаранг! Қаранг! Вой!. Бунча чиройли одам! Вой! Қандай одам-а!..
Жамила Ғафуровна гулларни бағрига босганча, тушу ҳуш оралиғидаги бир аҳволда тик турар; кўзи экранда бўлса ҳам, ҳеч нарсани кўрмасди.
Ёқутхон унга ўгирилиб қаради.
– Опа!..
Жамила Ғафуровна нохос уйқудан уйғонган одамдай сесканиб ғазначига қаради:
– Нима, Ёқутхон?
– Жамила опа, сизга нима бўлди? Телевизорга қаранг!.. Даврон Исмоилович!
Жамила Ғафуровна оғриниб экранга кўз ташлади.
Экранда келишган, ниҳоятда келишган одам нималарнидир гапирар, қаршисидаги машҳур телебошловчи қизгина эса юзини табассумга тўлдирганича, унинг гапларини маъқуллаб бош қимирлатар – одатда, бир қарашданоқ сезиладиган сохта эътибори бу сафар ниҳоятда ҳақиқийга ўхшарди. Даврон Исмоилович деганлари эса, аллақандай ўзига ярашиқ виқорли самимиятда нималарнидир кўтаринки кайфият билан тушунтириб турар эди. Шу кишими?.. Барча оғзидан бол томиб мақтаган раҳбаримиз шу кишими?..
– Вой!.. Опа!.. Қаранг, опа! Шундай эркаклар бор-а! Ақлини қаранг! Гапларини! Бундай сўзларни қаердан билади, а?
Ёқутхон кўзлари ёниб, экрандан нигоҳини узмайди.
Жамила Ғафуровна Ёқутхон тезроқ телевизорни ўчириб, хонадан чиқиб кетишини истайди. Нега у кетмайди?
– Опа!.. Қулоқ солинг!
Бу орада телебошловчи қизгина гапира бошлайди.
– Раҳмат, Даврон Исмоилович! – дейди у бисотидаги сурурли бир ифодани абжирлик билан юзига қўндириб. – Янги соҳадаги ишларингизда муваффақият тилаймиз! Энди мавзуни озгина ўзгартирсак… Биз сизни адабиёту санъатнинг мухлиси сифатида ҳам яхши биламиз. Ҳатто, гарчи соҳангиз бошқа бўлса ҳам, адабиёт ҳақида ёзган мақолаларингизни ўқиганмиз. Айниқса, шеъриятни яхши кўрасиз. Келинг, шу суҳбатни ноанъанавий тарзда якунласак. Томошабинларга бирор шеър ўқиб бермайсизми?
Экрандаги одам тараддудланмайди, фақат бироз тин олади.
– Бир шеърни яхши кўраман… Ёшлигимда ўқиганман. Муаллифнинг исми ҳам хира-шира эсимда қолган: назаримда… Боқи Бек бўлса керак. Унинг шеърларини кейин ҳеч учратмадим…
У шеър ўқий бошлади. Аммо Жамила унинг шеър ўқиётганини ҳам англамайди. Уф!.. Нега гапини чўзгани чўзган? Тезроқ гапини тугатиб, уни Ёқутхондан қутқазса-чи!
Аёл бетоқатлик билан, аммо Ёқутхоннинг истагига бўйсунганча, телевизорга тушунмай термилади ва… бирдан ҳушёр тортади. Бу овозни қаерда эшитган эди? Қаерда?.. Нима? “Қизил гул”, дедими? “Бир даста қизил гул”, дедими? У ақлу ҳуши сачраниб, телевизорга қарайди. Экрандаги одамнинг ҳар бир сўзи унга энди яққол эшитила бошлайди:

– …Бир даста қизил гул бизни ўртагай,
Бир даста қизил гул – бир даста армон.
Қисмат айрилиққа тошдай ўрнагай,
Азалнинг ёзмиши соғинч – беомон…

Жамила Ғафуровнанинг вужуди баногоҳ урилган ҳаяжон мавжида тўлғонади. Воҳ, нега дарров билмади? Ахир, ўша овоз! Ўша!.. Ўша тушларидаги шеър!..

– Тақдир қайлардадир милтирар элас,
Умр ҳушдан кетар, чалкашар йўллар.
Тушларимдан тушиб сенга етолмас
Сенга атаганим қип-қизил гуллар…

Аёл экрандаги одамга ҳаяжонда қалтираб қарайди.

Сенмисан?..
Келдингми?..
Сен шунақамисан?..

Тележувон нималардир дейди. Даврон Исмоилович ярашиқ бир табассум қилади. Кўрсатув тугайди.
– Опа, шеър ўқиганини кўрдингизми? – дейди орзиқиб Ёқутхон, бошлиқ яна қайтиб чиқадигандай, телевизордан кўз узолмай. – Қандай ажойиб одам! Вой, қарасам, кўз ололмайман-а!.. Опа, гулларни нега қучоқлаб турибсиз! Менга беринг!..
У Жамила Ғафуровнанинг қўлидан гулни олади-да, ҳидлаб кўради.
– Вой, ҳидини қаранг!
Сўнг бошлиғига негадир хавотир ичида қарайди:
– Опа, ҳиди атрингизнинг ўзи-я…
У жиддий тортиб, гулларни вазага қўяди. Сўнг титраб-қақшабгина турган аёлга юзланади.
– Сизга нима бўлди? Мазангиз йўқми? Рангингиз ҳам оқариб кетибди.. Вой, ўлай! Ўтиринг, ўтиринг!..
Жамила Ғафуровна хонага кирганидан буён тик турганини англайди. У зўриқиб, жилмаяди-да, стулга чўкади.
– Опа, дори керак эмасми?
– Йўқ, – дейди тетик ва бахтиёр кўринишга ҳаракат қилиб Жамила. – Йўқ, сизга шундай туюлгандир… Бораверинг, Ёқутхон!..
Аммо юрагида нохос пайдо бўлаётган мантиқнинг зўридан зўриқиб, бурилиб кетаётган ғазначини шошқин бир талвасада тўхтатади:
– Шошманг… Сизга телевизорни қўйишни ким айтди?
Ёқутхон бу гапни ўзича тушунади.
– Ҳеч ким… – дейди у карахтланиб. – Нима, телевизорни бекор қўйдимми, опа?
– Йўқ, йўқ… Раҳмат! Раҳмат!..
Ёқутхон яна бош ҳисобчига синчиклаб тикилади.
– Дори керак бўлса, – дейди у қандайдир хулосага келиб. – Қўнғироқ қилинг, опа.
Ғазначи чиқиб кетиши билан стол устидаги телефон жиринглайди. Жамила Ғафуровна тушдан илкис уйғонгандай сесканиб, трубкани олади.
– Алло…
Жасминанинг овози! У намаларнидир гапиради. Жамила тушунмайди.
– Нима? Яна қайтаринг, Жасминахон! А? Қачон? Бошлиқ сўраяпти? Ҳозирми? Мен билан танишмоқчи? Ҳозир бораман! Ҳозир!..
Аёл боши ловуллаётганини, томоғига нимадир ҳапқириб тиқилганини, лаблари қовжираб қолганини сезади. Дунёда ҳаво қолмаётгандек, энтикиб-энтикиб нафас олади. Ўзини суянчиққа ташлайди. Парвардигор! Ўша… Бу гулдастани ўша олиб келган! Эрталаб ҳеч ким йўқ пайтда келган-да, гулларни қўйиб, чиқиб кетган. Энди эса “кел” деб чорлаяпти! “Кел” деяпти!.. Ногоҳ ичида ғуч бўлиб, портлай деб турган аллақандай куч уни силкиб, фалакка – осмонлару чексизликлар сари отмоқчи бўлаётганини ҳис қилади. Ўша… Ўша… Тушларидаги одам… Сапчиб ўрнидан туради-да, ташқарига отилади.

Жамила Ғафуровна ичкарига кирди-да, тўрдаги стол ортида ҳозиргина телевизорда кўрган одам алланималарнидир чаққон ёзиб ўтирганига кўзи тушди. Аёл бесас энтикиб, унга қаради ва вужудининг ҳар бир ҳужайраси билан бу одамни таниди. Ўша!.. Ўша!.. У ҳозир нималар бўлишини билмас, аммо вазни тамом йўқолиб, оёғи ердан узилганини шундоқ фаҳмлади. Даврон Исмоилович эса, кабинетига кимдир кирганини сезган бўлса ҳам, бош кўтармай, “ҳозир-ҳозир” деганча, ёзгани-ёзган эди. У охири ёзишдан тўхтаб, қоғозга бир зум термилиб турди. Ниманидир тузатди. Сўнг қоғозларни бир четга суриб, шашт ўрнидан қўзғалди-да, юзига табассум ёйилиб, аёлга томон юрди. Узун хонанинг ўрталарига етганда, илк бор аёлга эътибор бериб, тик қаради ва гўё йўли ногаҳон шарт кесилгандай тўхтади. Унинг юзида табассум ўча бориб, ногаҳон ҳайратнинг карахтлиги томон кўчди. Саросималанди. Нимадир демоқчи бўлди-ю, тили сўзга келмади. Фақат қўллари ноиложликдан бетартиб ҳаракат қилди. Бундай пайтда кўмак берадиган расмий муомалаю мулозамат бир зумда қайларгадир ғойиб бўлган, фақат росту чин сўзлар қолган эди.
– Сиз билан бир танишай деб… неча кундан буён йўқлайман… – деди у зўриқиб ва овози ниҳоятда ҳасратли эканидан ўзи таажжубга тушиб. – Келдингизми?..
Жамила бу овозни яна таниди. Ўша – овоз! Ўша!.. Тушларида уни саргардон этган – бир даста қизил гулга етказмай, интизор югуртирган армон…
– Келдим, – деди аёл овозлари ўзи ҳам билмаган осмонларидан етган дарддан қалтираб. – Келдим…
У бу гапининг оҳанги Даврон Исмоиловични ҳам қалтиратиб ўтганини сезди. Бошлиқ нажот сўрагандай у ёқ-бу ёққа қаради. Юрагини ногоҳ шовуллатган туйғу селидан омонлик йўқдай, жавдираб аёлга тикилди:
– Ниҳоятда чиройли экансиз… – деди у тўсатдан. – Тушдан тушгандайсиз…
Жамила Ғафуровнанинг ҳапқириб турган юраги баттар музлаб кетди. Бу одам ҳам ўша тушни кўрган! Аниқ. Бўлмаса… У фикрини охирига етказолмади.
– Сиз ҳам!.. Сиз ҳам!.. – деди у шошқин бир ўртанишда.
Ихтиёр тизгини қўлдан чиққан эди. Аёл бу беихтиёрлик бундан сўнг тақдири эканлигини, бу тақдир уни қайга бошласа, кетаверишини бору йўғи билан бирдан англади.

Ёқутхоннинг ишхонага у-бу нарса олиб келиб, аёлларга сотадиган одати бор. Опам олиб келди, дейди. Айтишича, опаси сайру томошага ўч – гоҳ Туркия, гоҳ Хитой, гоҳ Вьетнамни ихтиёр этадиган одати бор экан.
Шаҳарнинг бозорларию дўконлари кийим-кечакка тўла бўлса ҳам, ишхонадаги аёллар негадир Ёқутхон келтирган кийимларни талашиб-тортишиб олишади. Чунки бу савдонинг қулайлиги бор – пулини бўлиб-бўлиб тўланса ҳам бўлаверади. Қолаверса, аёл зоти кийим деса ўзини тутиб туролмайди: бирови либос харид қилса, бошқаси ҳам – оламдаги барча кийим-кечак эртага ёниб кетадигандай – ташланади. Ёқутхон “мол” олиб келгани зумда хоналарга тарқалади. Аёллар ҳамма ишларини ташлаб коридорга отилиб чиқадилар-да, ҳисобчилар хонаси тарафга ҳовлиқиб жўнайдилар. “Тавба, буларнинг кийими йўқдай-а”, дегич эди, бундай пайтда раҳматли Олим Жўраевич. “Афсуски, бор-да”, деб аския илдирарди Шодмонбеков. Барибир аёлларнинг – қўлларида харидлари – кўзлари ёниб, қувониб, бир-бирларига қумрилардай чулдираб – хона-хоналарига тарқалишлари қўнгилларга ҳам ажиб бир тароват тарар – эркаклар мамнуният самимий табассумда, уларни “ўлжа” билан қутлашар эди.
Бугун эрталаб ҳисобчилар хонасида яна Ёқутхоннинг “кўчма” дўкони фаолиятини бошлади. Столларнинг усти дўкон пештахталарига айланган – туфлилару этиклар, кўйлаклару плашчлар, ички кийимлару устки либослар териб қўйилди. Аёллар бунисини олиб, бунисини танлаб кўришяпти.
Бундай пайтда ҳисобхонага қорасини ҳам кўрсатмайдиган Муяссар Қодировна ҳам бу сафар ногоҳ эшикда пайдо бўлди. Чувуллаётган аёллар унга кўзлари тушгач, бирдан жим бўлиб қолди.
– Келинг, опа, – деди Ёқутхон, овози пасайиб.
У далли-ғуллиликни бирпасда унутиб, хатарни сезган жонивордай Муяссар Қодировнага қаради. Ходимлар бўлимининг бошлиғи вазифаси доирасидан чиқиб, бу уймалашган бозорга келиб қолганидан уялгансимон, қовушмайгина ичкарига кирди.
– Бирор нарса керакми, опажон, – деди жавдираб Ёқутхон.
Опа ҳадиксираб, “пештахта”лардаги молларга назар ташлади.
– Менга… – деди Муяссар Қодировна эркаклар орасида ички кийимдан гап очишга мажбур бўлган аёлдай қизариниб. – Этик керак эди…
– Бор! Бор! – деди Ёқутхон, опанинг кунига яраганидан қувониб. – Уч хил этик бор! – У энг бежирим этикнинг бир пойини олиб, шоша-пиша опага кўрсатди. – Мана! Энг сўнгги мода! Ҳозир Тошкентда ҳеч ким бунақасини кийгани йўқ!
Муяссар Қодировна этикни қўлига олмай, аммо унга синчиклаб, ниҳоятда синчиклаб қаради. Аёлларнинг назарида, бечора этик кичрайиб бораётгандай туйилди.
– Йўқ, – деди харидор ийманибгина. – Бу жуда олифта экан… Менга сал одмироғи…
Ёқутхон чаққонлик билан бошқа этикни бир пойини олди-да, кўз-кўз қилди.
– Мана, бу – сиз айтган этик! Қаранг! Пишиқ! Ўн йил тепкилаб кийса бўлади.
Опа яна ўша қарашда этикка тикилди. Кўнглига ўтиришди, шекилли, қўлига олиб қаради.
– Кийиб кўринг, Муяссар опажон! Ўтиринг… – деди ғазначи ясама жонкуярликда, чаққонлик билан стулларнинг бирини у томонга суриб. – Ўтиринг…
Муяссар Қодировна Ёқутхоннинг жон куйдириб, айланиб-ўргилаётганига парво ҳам этмади, фақат – мана шу аёллар қаторида савдолашиб турганиданми-ей – яна қизаринди.
– Размери неча?
– Ўттиз еттинчи…
– Кичик экан, – деди у афсусланиб. – Менинг оёғим ўттиз саккиз…
– Ўттиз саккизи ҳам бор, опажон! – деди Ёқутхон “опажон”ига ёқишга астойдил уриниб. – Бор! Фақат опамнинг уйида-да! Эртага олиб келаман!
Муяссар Қодировна бир пой этикни Ёқутхоннинг қўлига бўшашибгина тутқазди-да, индамай ташқарига йўналди. Аммо остонадан ҳатлабоқ тўхтади. Бурилиб, Ёқутхонга юзланди. Олди-берди маҳали бўшашган аёллар яна хавотирли сукунатга чўкдилар. Савдодан халос бўлган ходимлар бўлимининг бошлиғининг туришида, юзида, кўзида эса дунёни тош тартибга солувчи расмиятнинг қатъияти яна қалққан эди.
– Ёқутхон, – деди у барчани ҳайиқтирадиган хос овозида. – Этик масаласини шу бугун ҳал қилайлик. – Сўнг ҳаммага қарата хитоб этди: – Сизлар ҳам олди-сотдиларингни тезроқ қилинглар! Давлатнинг иши қараб турмайди!
Муясар Қодировна Ёқутхондан жавоб ҳам кутмасдан, ортига бурилди. Унинг оёқ овози коридорда эшитилмай қолгунча, барча қимирлолмай турди. Охири кимдир “уф” тортди. Бирпас карахтланиб қолган “бозор” ўзига келиб, ҳамишаги қизғин савдосига киришиб кетди.

Этикнинг ҳам падарига лаънат! Келиб-келиб шу Муяссар Қодировнанинг этик кийгиси келадими? Юрмайдими алмисоқдан қолган пойафзалини судраб! Шунча овора қилгани қолди! О, келгунча кўргазган нағмаларини! Аввал таксида бормаймиз, деб туриб олди; сўнг метродан қўрқаман, деб ваҳима қилди; маршрутка бечора эса тор экан, ҳаво йўқ экан… Неча автобусларда сарсону саргардон – нари борса ўн беш дақиқалик йўлни, нақ бир ярим соатда босиб – чарчаб-терлаб манзилга етдилар. Худди биров елкасига милтиқ тираб олиб келгандай, қовоғини солганча, у этикни, бу этикни кийиб кўрди, аммо ёқтирмади – биттаси тор экан, биттаси кенг экан; бировининг тумшуғи сўппайган чиқди, бошқасининг ранги мурданинг рангига ўхшаш!.. Ҳа, худди шундай деди! Шундай совуқ айтдики, бечора этик ҳам ўзининг рангидан ўзи қўрқиб юраги ёрилгандай, қўнжлари аста осилиб тушди. “Жони йўқ бир нарса экан”, деди Муяссар Қодировна унинг бу ҳолига ижирғаниб қараб. Ёқутхоннинг опаси кулибгина этикнинг тарафини олмоқ бўлиб, оғиз жуфтлаган эди, бироқ опахоннинг қаҳрли қараши забтига дош беролмай, довдираб, ногоҳ токдан узилган радиодай ўчиб қолди. Хуллас, барча этик бракка чиқди. Ў-ҳў! Кимсан Муяссар Қодировнага пойафзал бўлиш осонми? Аммо олмагани ҳам яхши! Этик­лар Ёқутхон билан бир ишхонада ишлаганларида эди, бу аёлдан қутулганларига минг бир шукрона айтиб, элга худойи берган бўлар эдилар!
Мана, энди Ёқутхон уни кузатгани олиб чиқаяпти. Опанинг қовоқ-тумшуғи етмагандай, ташқарида ёмғир ҳам бошлаб юборган – эндигина тушган шом қоронғилигини оралаб, майдалаганча, беовоз, қўрқа-писа ёғаяпти. Бошқача ёғиб кўрсин-чи! Аммо Муяссар Қодировнага ёмғирнинг шу ёғиши ҳам малол келгандай, унга парво қилмай шиддат юришда бекат тарафга кетяпти. Ортидан келаётган Ёқутхонга бурилиб ҳам қарамайди. Опадан таралаётган аллақандай оғирлик ҳавони қуюқлаштирган – Ёқутхоннинг нафаси бўғзидан аранг ўтади, оёқларини зўриққанча кўтариб босади. Бу балога йўлиққур ҳавони ҳам бир бало қилди! Ҳозир дунёни ҳам тошга айлантиради. Илоё, этик оламан деган хаёлларинг чириб кетсин! Юрак-бағирни қонга тўлдириб юборди-я!
Дунёни қўрқитганча олдинда йўртаётган Муяссар Қодировнанинг ортидан Ёқутхоннинг ҳасратидан дуд чиқиб йўрғалайди. Аммо кутилмаганда опа секинлайди ва кўчанинг нариги бетига тикилган кўйи, тезлигини йўқотганча, имиллаб тўхтайди. Ёқутхоннинг юрагига ногаҳон совуқ бир ваҳима ёпишади. У ҳам аввал кўчанинг нариги бетига, сўнг опага ҳайрон қарайди:
– Опа? Ҳа?.. – дейди у негадир овози қалтираб. – Нима бўлди?
Муяссар Қодировна аёлнинг саволини эшитмайди, балки ёнида турганлигини ҳам унутган – кўчанинг нариги бетидан кўз узмай, сеҳрланган каби туради. Ёқутхон опаси тикилган тарафга қарайди. Ҳар куни кўриб юргани бинолару дарахтлар ёмғир аралаш бу шомда аллақандай сирли кўриниш олган – реклама чироқлари ранго-ранг товланади, шишадевор дўконлар бағридан нур тараб ярақлайди, турфа идора иморатларининг мармар қадди-қоматлари ғира-шира ялтирайди, одамлар йўлкадан шарпалардай ўтади. Мошинларнинг бири тўхтаб, бири қўзғалиб – кўчада шовуллаб оқаётган автомобиллар оқимига қўшилиб кетяпти. Барчаси, барчаси ёмғирнинг ним тумани ичида… Нима бўлди? Ёқутхон опага яна бир қараб олади.
– Нима бўлди?
Опа жавоб бермайди. Кўзлари кўчанинг нариги бетига – бир нуқтага тикилган, юзида ажабтовур ҳурмату иззат ифодаси аралаш нохуш бир қизиқиш… Ёқутхон Муяссар Қодировна кўз узмай турган нуқтага синчиклаб тикилади ва пештоқига ёнаргул ҳарфлардан “Гулузорим” деб ёзилган ресторан рўпарасида – қўнғиздай қоп-қора машинанинг ёнидаги эркакка кўзи тушади. У енгил плашчининг ёқасини кўтариб олганча, бир жойда қаққайиб турибди. Аммо бу эркакдан таралаётган аллақандай интизор қувонч шоҳкўчани тўлдириб оқаётган мошиналар оша юзига урилаётганини аёл сезади. Бу қувонч шабадаси унинг вужудига оқиб киради-да, Муяссар Қодировна туфайли кўнглида пайдо бўлган ғашликка аралашиб – аллақандай хавотирга айланганини ҳам ҳис қилади. Ёқутхон эркакни таний бошлайди.
– Опа, Даврон Исмоилович-ку… – дейди бирдан қувониб ва ўша заҳотиёқ бу одам Даврон Исмоилович чиқишини истамаётганини англайди.
Опа жавоб бермайди.
Икки аёл эркакдан кўз узмай турадилар. Ногаҳон эркак бирдан жонланади. Кимгадир қўл кўтариб, ўзи қаерда эканлигини билдиради ва шашт ҳаракатда мошина эшигини очиб бир даста қизил гул олади. Бу гулдаста олисдан каттакон бир гулга – аллақандай сеҳр билан ҳавода ушлаб турилган бир уюм қонга ўхшаб кўринади.
– Вой! – дейди сесканиб Ёқутхон ва шу зумда хаёли чалғийди.
Унинг кўзи эрка бир юришда, ҳар бир ҳаракатидан бахту иқбол тараб Даврон Исмоиловичга яқинлашиб келаётган аёлга тушади. Тушади-ю, юраги ҳапқириб кетади. Жамила Ғафуровна! Жамила Ғафуровнанинг ўзи! Вой, ойдай балқиб гулдастани олишини қаранг! Гулларни ҳидлашлари, юзлари билан силашлари, бағрига босишлари қандай чиройли! Гулларга бунча ярашмаса бу аёл! Эркак ва аёл бир-бирларига нималардир дейишади, кулишади, сўнг етаклашиб, ресторан тарафга йўл олишади. Ресторандан кимдир шошилиб чиқиб, уларга пешвоз келади. Қўлларини кўксига қўйиб, ичкарига таклиф қилади. Эшикоға тавозе билан эшик очади. Ярашиқ бир юришда Жамила Ғафуровна, сўнг Даврон Исмоилович ичкарига киради… Ёқутхон улардан уфуриб, бутун дунёни тутган аллақандай мастона бахтиёрликнинг бўйини туюб, бутун вужуди билан энтикади.
– Яшамагурлар!
Бу вишиллаган овоздан Ёқутхон чўчиб тушади. Вой, Муяссар Қодировна ҳам шу ерда-ку! Вой-ей!.. Энди нима бўлади?
Муяссар Қодировнанинг юзида қаҳру ғазаб – дунёни тартибга келтирадиган, қўшинларни жангга ташлайдиган, халқларни балоларга дуч эттирадиган, ёлғонни рост, ростни ёлғон этиб кўрсатадиган – ҳеч нарсадан тап тортмайдиган – аллақандай бир қўрқинчли расмий ироданинг шашти акс этган.
– Опа!..
Муяссар Қодировна Ёқутхонга бурилиб ҳам қарамайди. Ҳамон рестораннинг эшигидан кўз узмай турибди. У ичида буралиб келаётган ғазабнинг забтига тоб беролмай, яна вишиллайди:
– Буларни қилиб юрган ишини! Ер ютгурлар!.. Бузуқлар! Даврон қилиб юришларини қара! Бу ишни бундай қўйиб бўлмайди!.. Давлатнинг идорасини наҳсга ботиришади!..
Ёқутхон ходимлар бўлимининг бошлиғи бу қадар жунбушга келганини ҳеч қачон кўрмаган эди.
– Опажон!.. – дейди Ёқутхон негадир ёлвориб.
– “Опажон”ламанг! Даврон Исмоиловични хотини бор-а! Йўқ, бу ишни бундай қўйиб бўлмайди! Шармандалар!
У ҳозир пулемёт амбразурасига ўзини ташлайдиган жангчи каби, мислсиз бир шиддатда, бекат томонга юради.

Шодмонбеков шаҳар ҳокимлигида идоранинг юмушларини битириб, тушликка озгина қолганда, ишхонага келади.
Панжараларга бош уриб, қатор турган автомобиллар орасига машинасини жойлаштиради-да, ишхонанинг дабдабали эшигига олиб борадиган, икки четида гўё тавозе билан “Хуш келибсиз” дея, қатор арчалар тизилган кенг йўлкага бурилади. “Ҳурматларинг учун раҳмат!” деб қўяди у ичида, қатор турган дарахтларга қараб. Ўзининг бу ҳазилидан юзига табассум ёйилади. Ҳар хил шакл бериб ўстирилган турли-туман гулларга ҳам кўз қисиб қўяди! Чиройлисизлар, дейди у, чиройли!.. О, дунё қандай яхши! Гуллар! Дарахтлар!.. Воҳ, буларнинг куз келганини сезмаганга олиб, яшнаб туришлари!.. Аммо… Бу нимаси? Бу оғирлик қаердан келди? У теваракка безовталаниб қарайди. Атрофга ажабтовур – кўнгилга қандайдир ғашлик соладиган сукунат чўкканини ҳис қилади. Шодмонбеков тўхтаб, яна теваракка назар ташлайди. Дарахтларнинг бирор барги қимирламас, шамоллар аллақайларга бош олиб кетгандай… Сукунат ҳам бежон – нохос юраги ёрилиб йиқилган каби – панжаралар ўраган боғу ҳовлини баҳайбат гавдаси билан тўлдириб ётар, ундан таралаётган тушунуксиз диққинафаслик бор ҳавони ютиб қўйгандай… Ҳатто ишхонанинг ҳамиша қадрталаб салобатли иморати ҳам негадир карахтланган, гўё аллақандай баҳайбат махлуқ ногаҳон унинг юзига шапалоқ тортиб юборган каби гангиб турибди. Эшик олдида ҳам ҳеч ким кўринмас – аллақандай куч бу жойда ўралашиб турадиган ходимларни хона-хоналарига қувиб юборгандай…
Шодмонбеков нафас ололмай ютинади. Бу нимаси?
Шу пайт ишхона эшигида Жамила Ғафуровна кўринади. Шодмонбеков унга кўзи тушган заҳотиёқ фожиа юз берганини ҳис қилади. Аёл аллақандай бужмайиб, кичрайиб, хўрланганнамо – ўзинию дунёни унутиб, бир афтода аҳволда зиналардан туша бошлайди. Чап қўлидаги ҳарир шарфнинг бир учи ерга судралиб келяпти. Жамила Ғафуровна бу дарахтларни, гулларни, ишхона ҳовлисини, зиналарни, ҳатто Шодмонбековни ҳам кўрмагани, сезмагани аниқ эди! Унинг сочлари тўзғиган, юзлари юмдаланган, кўйлаги устидан кийгани костюмнинг бир ёқаси чокидан сўкилган… Шодмонбеков энди теваракдаги сукунат нега бежонлигини бирдан анг­лайди. Шундай аёл бу аҳволга тушганда жон қоладими! Шундай аёл! Кимнинг ҳадди сиғди? Кимнинг?
– Онажоним… – дейди Шодмонбеков бехос аёл яқин келганда ва овози хириллаб чиқаётганини, томоғига йиғи тиқилганини ҳис қилади. – Онажоним! Нима бўлди?
Жамила Ғафуровна унинг сўзларини эшитмайди, ҳатто уни кўрмайди ҳам; Шодмонбеков аёлнинг рангида ранг йўқлигини, юзи беҳад – мурданикидай – безариб кетганини кўриб, сесканиб кетади… Воҳ, осмон ўйилиб ерга тушган! Бўлмаса, бу аёлнинг рангу рўйи нега мурданикидай оқаради? Қаттиқ хўрланибди! Қаттиқ!.. Шундай аёлни ҳам хўрлаб бўладими? Ким уни тириклай ўлдирди? Ким?
– Жамилахон!.. Онажоним!
Аёл вайронлик қуршовида – теваракка фожианинг мудҳиш бўйини тараб, Шодмонбековнинг ёнидан ўтиб кетади. Энди унга бу дунё барибирлигини эркак сезади.
Шу пайт ишхона эшигидан ўқдай отилиб Ёқутхон чиқади.
– Опа!.. Жамила Ғафуровна!..
Ғазначининг қўлида сумкача, изиллаб йиғлаганча, зиналардан зувиллаб тушади.
– Опажон! Сумкангиз қолиб кетибди! Опа!..
Жамила Ғафуровна Худо урган одамдай гунгу кар – Ёқутхонни эшитмай, ишхона ҳовлисининг кўча эшиги томон телбавор бир беҳушликда кетиб боради. Бу пайтда Жамила Ғафуровна кўча дарвозадан чиқиб, кўздан пана жойга – панжаралар ортида тиғиз қилиб экилган арчалар ортига бурилиб улгурган, Ёқутхон ҳам унинг ортидан чопқилаб югурганча, бирпасда кўздан ғойиб бўлади.
Шодмонбеков гарангсираб, ердан оёғини узолмай, михлангандай туради. Чўнтагидан дастрўмолини олиб кўзини тезгина артади. Сўнг кўзойнагини зўр бериб тозалашга тутинади. Кўзойнагини қайта таққанида, йўлакдан келаётган Ёқутхонга кўзи тушади. Сурмаси кўзлари атрофига чалпишган – йиғиси тўхтаган бўлса ҳам, хўрсиниб-хўрсиниб келяпти. Шодмонбеков қўлидаги дастрўмолини Ёқутхонга узатади.
– Юзингизни артиб олинг…
– Э, юзимни бало ҳам урмайди! – дейди ғазначи, рўмолчани олмай. Сўнг ҳаяжонда ўртаниб, овозлари қалтираб гапира бошлайди: – Шодмонбеков ака, Жамила Ғафуровнани кўрдингизми? Шундай аёлни оёқости қилди ана у ялмоғиз!
– Ким у ялмоғиз?
– Бу дунёда битта ялмоғиз бор-да, Шодмонбеков ака! Битта ялмоғиз ишхонамизга ҳам, бу дунёга ҳам етади!
Шодмонбеков бу ялмоғиз ким эканлигини англайди.
– Ўша… Жамилахонни… – У сўз тополмай ўйланиб қолади. – …шу кўйга солдими?
– Ўша!.. – Ғазначи овозини пасайтиради. – Ўша Даврон Исмоиловичнинг шарманда хотинига бир нарсалар деган. У келиб, Жамила опани юмдалади. Вой, дўзахнинг ўзи экан! Бутун идорани ямлаб ташлайман, деди!
– А-а!.. – дейди Шодмонбеков ҳаммасини тушуниб. – Бечора Жамила! Бечора!..
У яна нималардир демоқчи бўлди-ю, ишхона эшигидан чиқиб, зиналар устида тўхтаган Муяссар Қодировнага кўзи тушиб, жимиб қолди. Ходимлар бўлимининг бошлиғи бир қўлини белига тираганча, оламга ҳайкал монанд қараб турар – унинг бу музаффар қиёфасидан ишхона ҳовлисига яна зил сукунат чўкади. Ёқутхоннинг кўзидан яна ёш оқа бошлади.
– Муяссар опа! – дейди у, ногаҳон жон ҳолатда бақириб. – “Ҳамманинг адабини бердим”, деб мақтаниб турибсизми? “Ҳаммани қўрқитдим”, деб ўйлаяпсизми? Мен қўрқмайман сиздан! Билиб қўйинг, мен қўрқмайман! Сиз ялмоғизсиз! Эшитиб қўйинг, сиз ялмоғизсиз! Аммо сиздан қўрқмайман!..
Муяссар Қодировна белидан қўлини олади. Нимадир демоқчи бўлади. Аммо Ёқутхоннинг важоҳатидан чўчийди шекилли, бирор сўз демасдан, қайрилиб ишхонага кириб кетади.

Жамила Ғафуровна ишхонага қайтиб келмади.
Ўша воқеадан кейин шундай катта ишхонадан бирор киши уни на кўча-кўйда, на бир йиғинда, на бир тўю ҳашамда учратди. Фақат аллақандай узунқулоқ гап­лар  – шамолда учиб келгандай – коридорларда, хоналарда, кабинетларда баъзан-баъзан айланиб қолади: бировлар у бошқа шаҳарга кўчиб кетган деса, бошқалар хорижга – қизининг олдига кетган дейди. Уйидан чиқмай – хонанишин умргузаронлик килиши ҳақида ҳам қаердандир гап етиб келди. Ҳатто унинг ўлгани тўғрисида ҳам кимдир гапириб қолди. Бу гапга барча ёппасига қаршилик қилди. Шундай чиройли аёл ҳам ўладими? Йўқ, албатта, ўлади, ҳамма Худонинг бандаси, аммо… Бир гал кимдир ҳаммани карахтлантирган гап топиб келди: Жамила Ғафуровна ўзини ўлдирган эмиш. Шодмонбеков бирдан ғазабланди. Э, Қўйинг-э!.. Сал ўйлаб гапиринг! У столидан забт турди. Дераза ёнига бориб, кўчага термилганча узоқ турди. Сўнг илкис қўзғалиб, ташқарига чиқиб кетди. У кетгач, хонадагилар “ўйлаб гапирмаган”ни таънаю дашномга кўмиб ташладилар. Ҳар хил гапни одам деган ишга кўтариб келаверадими? Кўзингиз билан кўрмаган бўлсангиз! Тилни тийишни билиш керак, оғайни. Гапнинг пўсткалласини эса, ташқаридан қайтиб кирган Шодмонбеков айтди:
– Отажоним, дунёда шундай покизаликлар бўладики, унга гард тегса, одамман деб юрганни барчаси ҳақоратланади! Тушундингизми?
Гап кўтариб келган хижолат тортди. Тушунди.
Унинг чиройи, одоби ҳақида ҳикоялар эса кунлар ўтиб, ривоятга айланди. Ишга янги қабул қилинганлар бу ривоятларни эшитиб, оғизларини очиб ўтирадилар. Кўпни кўрган акаларнинг завқу шавққа тўлиб сўзлашларидан тўлқинланиб, хаёлларида бу аёлни негадир Лайлигами-ей, Жульеттагами-ей менгзатадилар, қўшилиб ҳайратланадилар. Жамила Ғафуровнанинг тақдири ҳақида турфа хаёлларга борадилар. Ҳатто шоирларнинг шеърини ёд ўқиб юрадиган Равшан деган янги ходим, у бу дунёдан учиб кетган бўлса керак, деган тахмин айтганда ҳам, ҳеч ким ажабланмади.

Шодмонбеков ота-онасининг қабрини зиёрат қилишга, бу удумни одамлар умумтарзда бажо келтирадиган кунлар бормайди. Бегим кунлари – қабристон одамлардан холи пайти боради-да, ота-онасининг ёнма-ён мозорлари ёнига тиз чўкади. Тиловат қилади.
Бугун ҳам биров бирон жойда Қуръон ўқиганини кўрмаган бу одам худди қорилардай ёқимли овозда бутун вужуди билан тебраниб оят ўқиди. Падарию волидасига жаннатнинг тўридан жой ато этишини сўраб, Оллоҳга илтижолар қилди. Кейин узоқ бош эгиб ўтирди. Ота-онаси билан суҳбатлашди – юрагидаги бор дардларини тўкиб солди. Мендан хавотир олманглар! Мен сиз уқтиргандай ҳалол яшаяпман! Невараларингиз ҳам пешона тери билан топган ризқлари билан кунларини ўтказаяпти. Қийин! Аммо шундай яшаяпмиз! Тангрини эсдан чиқарганимиз йўқ… Сўнг енгил тортиб, атрофга қаради ва… Ван Гогни кўрди. У бир даста қизил атиргулларни икки қўллаб кўксида тутган кўйи, бошини эгганча, рўпарадаги йўлакчадан борар, унинг беозоргина юришидан ажабтовур ҳазинлик хазондай тўкилиб қолаётгандай эди. У бироз юриб бурилди-да, мозорлар оралаб, тўхтади.
Шодмонбеков, негадир Ван Гог унга кўзи тушса, ноқулай бўлади, деб ўйлади. Ўрнидан оҳиста қўзғалиб, йўлкадан Ван Гогга терс томонга қараб юрди. Билмас экан, бу Боқибойнинг хам яқинлари шу қабристонга қўйилган экан-да! У қабристоннинг ярмини аста-аста айланиб, Ван Гогни кўрган жойига етди ва йўлакчадан сал нарида – қабрдаги ёдгорлик пойига бағир босиб ётган бир даста қизил гулга кўзи тушди. Боқибекнинг қўлидаги гуллар! Ким ётибди экан бу жойда? Шу одамнинг ҳам қариндошлари бор экан! Қаро ер тагида ётган бўлса ҳам қариндош-да! Бир ўзи ҳувуллаб юргани-юрган эди…
Шодмонбеков бу хаёлларидан негадир хурсанд бўлди. Ўша қабрга қараб борди. Қабртошдаги лавҳани ўқишга тутинди. Ким? “Жамила Ғафуровна Акбарова?” Наҳотки… Бечора! Бечора! У қабрнинг пойига ўрнатилган бежирим ўтирғичга чўкиб, оят ўқиди.
Қабристондан чиқиб кетишда эса, яна Ван Гогга кўзи тушди. У қабристон дарвозасига олиб борадиган ишкомли йўлканинг четидаги ўтирғичда гўё бу оламни унутгандай бошини хам қилиб ўтирибди. Шодмонбековга у аллақандай даҳшатнинг қаърига чўкиб кетаётганини, ҳозир бориб нимадир демаса, уни қутқазиб бўлмаслигини ҳис қилди.
– Боқибек…
Ван Гог бошини кўтариб унга қаради. Ўрнидан турди. Унинг кўзларидаги даҳшатли ғусса Шодмонбековнинг юрагини зирқиратиб юборди. Аллақандай фожианинг совуқ изғирини вужудига кирди. Ван Гог эса одамни чўчитадиган сокин овозда, кўзларидаги ғусса аллақандай теранлик қаърига чўкиб, қаерлардадир – етиб бўлмас узоқлардаги бировнинг кўзига тикилганча ниманидир гапира бошлади. Нималар деяпти? Жинни бўлиб қолмаганми? Э, шеър-ку! Шеър… Шодмонбеков бирдан унинг ҳар бир сўзини аниқ тушуна бошлади.

– …Не дейин қийналган кўнгил қушимга?
Азоб учишига пичоқ қадалган.
Бир даста қизил гул эса тушимда,
Сенга аталган у, сенга аталган.
Тақдир қайлардадир милтирар элас,
Умр ҳушдан кетар, чалкашар йўллар.
Тушларимдан тушиб сенга етолмас
Сенга атаганим қип-қизил гуллар.
Изиллаб кезаман ўнгу ҳушимда,
Вақтнинг шамоллари борар учириб.
Бир даста қизил гул эса тушимда,
Сенга беролмайман тушдан тушириб…

Шодмонбеков шеър яна давом этса, ўлиб қоладиган каби “Тўхтатинг, бас қилинг…”, дегандай қўлларини жонҳолат силкитди. Ван Гог шеър ўқишдан тўхтади.
– Бандачилик… – деди Шодмонбеков кўзлари ёшланиб нохос.
Ван Гогнинг лаблари қалтиради. Қўлларини кўксига қўйди.

– Раҳмат… Раҳмат…
Шодмонбеков қабристондан чиқаётиб, ортига қаради. Ван Гог яна боши хам, қовжираб ўтирибди… Кимни кутаяпти? Тақдирнинг келиб кечирим сўрашиними? Тақдирнинг у билан нима иши бор! У ёзмишдаги ишини бажаради-да, охир-оқибат, ана, қабрга тиқиб кетаверади! Худди шундай!.. Худди шундай!.. Эй, Парвардигор! Сир-асроринг бунча кўп! Бу асрорга шериклар ҳам уни охиригача билмайди. Бил-майди! Нега яна кўзимга ёш келди? Нега бунча юрак оғрийди? Нега?.. Аммо яшаш керак. Бу дунё елкангга ташлаган юкни зўриқиб бўлса ҳам тортиб, яшаш керак! Ҳушёр бўлмасанг…
Шодмонбеков қаддини тик тутди, қадамини тезлаштирди. У дали-ғули одамнинг чапани юришида қабристоннинг рўпарасидаги бозорчага оралаб кетди.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 3-сон