Ўролбой Қобил. «От ўғриси» (ҳикоя)

Тоштепада кутилмаган воқеа содир бўлди. Нима бўлди, дейсизми? Дард бўлди, чипқон бўлди! Қишлоқнинг олди бўлган Норбой чавандознинг бойловдаги оти йўқолди. Йўқ, йўқолдимас, ўғирланди.
Норбой чавандоз ҳазил одамми, “ҳап, сеними”, деб оёққа қалқди, беш ўғлини беш тарафга қувалади. Тоғ қолмади, дашт қолмади.
Озгина шубҳада бўлганлар кузатувга, қистовга олинди. Шу орада фолчи-ромчиларга ҳам бориб келишди.
Натижа йўқ, натижа бўлмади.
Изла-изла, югур-югурлар билан икки ҳафта ўтди. Тоштепаликларнинг орасида: “Ўғри ким экан, ким бўлсаям юраги иккита” деган гап-сўз ўрмалади.
Кунларнинг бирида чавандознинг дарвозаси тагига кимдир хат ташлаб кетди:
“Бой бова, отни излаб сарсон бўлманг, Яратган эгам барчани тенг қилиб яратган, биз суюнчига қизингизни сўрадик”…
Норбой чавандоз хатни қайта-қайта ўқиди. Ўғрининг анойи эмаслигини сезди: “Балки қизи Сайёрага оғиз солган йигитнинг ишидир?”…
Ҳа, эслади, Бўронов домла Саттор подачининг ўғлидан совчи бўлиб келганда, “Подачи тенгимми?” деб рад жавоб бу берганди.

* * *
Кейин бу уйга бошқа совчи келмади. Аслида Саттор подачининг ўғли Маҳмуд ёмон йигит эмасди. Кимсан, шоир. Иккита китоби ҳам чиққанмиш.
Душман кўнглида, қўшниларидан суриштирди: “Йигит яқин орада уйига келмади”, дейишди.
Ўтган кунлар орасида не ўтди, не қолди Норбой чавандоз билди, хотини билди, не ажабки, қизи Сайёра эса парвойифалак ўсмасини қўйиб мактабига бориб-келиб юраверди.
Норбой чавандоз аҳвол сўраб келган Бўронов домлага бояги хатни кўрсатди, кимнинг ёзуви деб сўради. Домла синчков одам, кўзнойнагини тақиб хатга диққат қилди. Узоқ ўйлади, сўнгра
“Бу Маҳмуднинг имлоси эмас”, деб жавоб берди.
Аммо домласи тушмагур бир нарсани пайқади, лекин буни чавандозга айтиб бўлмасди. Домла қайтар чоғи ҳовлини супураётган қизга маъноли қаради, қиз эса дув қизарди, ерга боқди…

* * *
Норбой чавандознинг беш ўғлидан сўнг тилаб олгани Сайёра эди. Чавандоз қизини олтинчи синфга ўтгунча елкасида кўтариб, тиззасида ўйнатиб юрди. Эркатой болаларга ярашадиган чапанича сўкишларни ўргатди. Меҳмонга келган ошна-узангидошлари қошида “сайратиб” қийқириб кулди. “Отасининг қизидан!” деб завқ топди.
Кўпкарили тўйларга чопон, телпак кийдириб, отга мингаштириб олиб борди.
Ай, биродарлар, чавандознинг ҳам сизу биз билмаган дарди алами бор эди-да… Беш ўғилдан биттасиям от минмаса, улоқ чопмаса, айтинг, умр бўйи кўпкари чопиб ўтган ота бечора қайга борсин?…
Қизнинг томирида отасининг қони оқди. Отга ишқибоз бўлди, отга меҳр қўйди. Ола қашқа унинг сирдоши, эгачиси бўлди.
Йиллар ўтиб қиз бўйга етди, болаликдаги қилиқларини ташлади. Вазмин, карашмали нозанинга айланди. Шаҳардаги коллежда ўқиб муаллима бўлди, кураш, дзюдо деганларини ўрганиб келди. Мактабда кураш тўгарагини очди.
Сайёра Маҳмуд билан шаҳарда топишди. Йўқ, қиз аввал ҳам йигитни танирди. Ахир, улар қишлоқдош эдилар. Ўшанда коллежда адабий учрашув бўлганди. Меҳмонлар билан бирга Маҳмуд ҳам келиб, талабаларга қишлоқ қизларига аталган шеърларидан ўқиб берганди.
Шунда қизнинг юраги энтикиб, орзиқиб кетди-ёв…
Қиз тортинчоқ эмасди, тўғри бориб Маҳмуд билан кўришди, китобига дастхат ёздириб олди.

* * *
Маҳмуд ҳам қизни ёқтириб қолганди. Улар у сабаб, бу сабаб тез-тез учрашиб туришди. Ана шундай кунларнинг бирида йигит қизга маҳзун бўлиб деди:
– Сайёра, сиз кўнгли тоза қизсиз, менга бўлган туйғунгизни ҳам биламан, лекин отангиз нима деркин, ахир, Норбой чавандоз отда юрган одам, ёлғиз қизини бизга раво кўрармикин?
Йигитнинг сўзлари Сайёрани унчалик ташвиш­лантирмади:
– Бу ёғини менга қўйиб беринг, сиз совчи жўнатинг, қолганини ўзим… фақат бу гап ўртамизда қолсин.
Кейин эса қиз отасининг Бўронов домлага “Подачи тенгимми?” деганини эшитди. Маҳмуднинг фикри жўяли эканига ишонди.
Аммо қиз тушмагур ноумид бўлмади, “режа”сини пинҳона амалга оширишга аҳд қилди.
Ёз кечаларининг бирида отни дарвозадан етак­лаб чиқиб минди-да, аммасиникига олиб борадиган йўлга бурди.
Дарвоқе, қишлоқ чеккасидаги уйлардан бирида Норбой чавондознинг бева опаси яшарди. Кўп оқила, меҳрибон аёл эди, аммо бефарзанд эди, боёқиш. Норбой чавандоз негадир уникига кам келар, аммо опа укасини тез-тез йўқлаб турарди. Укаси опасини кўрган чоғда, “Қалайсиз, бой момо?” деб ҳазиллашиб қўярди. Опа шунга ҳам шукр қилар, “Ўлигимга эгалик қилса бўлгани”, деб дуо қилиб, алқаб юрарди.
Сайёра эса аммасини яхши кўриб, бот-бот хабарлашиб турар, ҳатто сирларини ҳам айтарди. Хуллас, ўша кечаси қиз отни аммасининг чорбоғига яширганди.

* * *
Тоштепада эса миш-мишлар тўхтамади. Норбой чавандоз эса кўксини ёстиққа босиб ётар, гоҳ ғазабланар, гоҳида “ўзимдан ўтди-ёв”, деб надомат чекарди.
Ахир, элчилик, кун пешиндан оққанда яна Бўронов домла келиб, чавандозга таскин берди: “От топилади, қайғурманг”, – деди.
– Агар отим чиқса, майли Саттор подачи билан қуда бўлишгаям рози эдим…
Норбой чавандознинг дилидаги нияти тилига чиқди!
Бўронов домла эса унга қараб: “Ҳолинг шу экан-ку?”, дегандек жилмайди.
Ярим тунда супада безовта, тўлғониб ётган Норбой чавандознинг қулоғига отнинг кишнагани эшитилгандек бўлди.. “Кўп ўйлаганим сабаб, хаёлимда эшитдим-ов”, дея ўрнидан турмади. От яна кишнади. Чавандоз шошиб ўрнидан турди, яланг оёқ, яланг бош сайисхонага чопди. Не кўз билан кўрсин, оти жойида боғлоқлик турарди. У кўзларига ишонмай қийқириб юборди, баланд товушда хотини Ҳанифа билан қизини уйғотди.
Эртасига Норбой чавандознинг уйида тўй бошланиб кетди. Тоштепаликлар от қуллуқ бўлсинга бирин-кетин, узун-қисқа бўлиб келаверди, келаверди…

* * *
Алқисса, сунбуланинг охирида Маҳмуд билан Сайёранинг тўйи бўлди. Келин қайтар пайти ажабтовур воқеа юз берди.
Бостирмадаги отнинг безовта кишноғини эшитган келинчак жонивор билан хайрлашиш учун бурилди.
Сайёра отнинг ёлларини силади, эркалади…Эй, ёронлар! Балки ишонарсиз, ўшанда тулпорнинг кўзидан ёш юмалади, ёш эмас, алам, соғинч оқди.
Бу ҳолни кўриб турган халойиқ ерга боқди, кўнгли бўшроқларнинг муждаси намланди.
Норбой чавандознинг ҳам дийдаси тош эмасди, бориб қизини бағрига босди, шунда отанинг елкалари силкинди, аммо кўзи намланмади.
Кейин чавандознинг тантилиги тутиб кетди: “Ол, қизим, отим сеники!” деб юборди.
Отга эгар босилди, гулдор туркман гилами ёпилди, ота қизини отга миндириб, жиловини куёвга тутди.
Тоштепадан ёр-ёр билан келин чиқди.

«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 10-сон