Ихчамгина ётоқ. Оппоқ жилдли кўрпа-ёстиқ тўшалган симтўр каравот, қўш тортмали стол ва суянчиғи бор стул, икки токчасида ҳам катта-кичик китоблар зич тизилган қаҳваранг жавон. Хона одмигина жиҳозланганига қарамай, кишини ўзига жалб этади. Тўшак гўё ўн йилдан бери ҳеч ким ётмаганидан дарак беради. Стол устидаги тунчироқ, қаламдон, ўчирғич ва бошқа майда-чуйда ўқув қуроллари сақланадиган ўртача катталикдаги цилиндр қути, устма-уст терилган китоб ва дафтарлар нақ натюртмортни эслатади. Фақат битта буюмгина ажралиб, стол чеккасида “аразлагандай” турибди. Мана шу нарса дарров диққатингизни ўғирлайди. Қизиқсиниб қўлга оласиз, жилдига юрак тасвири туширилган бежиримгина ёндафтарча. Шу дам нимадир рўй беради: вужудингизда бир нималар ўрмалайди. Бир кафтча келмайдиган шу дафтар сеҳрлаб, сизни ўз домига тортиб кетади. Беихтиёр варақлашга тушасиз:
Биринчи варақ. Юракка қадалган камон ўқи расми. Юракнинг нариги тарафини ёриб чиққан учидан тўқ қизил қон томчилаяпти.
Иккинчи варақ. Саҳифани бор бўйича энлаган улкан юрак. Тарс ёрилган.
Учинчи варақ. Юрак “дук-дук” этяпти: гоҳ таранглашиб, гоҳ ичга ботяпти.
Тўртинчи варақ. Камондан ўқ узишга шайланаётган қанотли гўдак. У осмон ва ер оралиғида муаллақ туриб, ўлжани нишонга оляпти.
Бешинчи варақ. Юрак занжирлаб ташланган, занжирнинг уч-кети кўринмайди.
Олтинчи варақ. Юрак кўксидан ўпирилган, ковак. Ичи зим-зиё тун.
Еттинчи варақ. Иккита юрак қўшув белгиси орасида турибди. “=”дан сўнг ҳайбатли сўроқ белгиси бор.
Саккизинчи варақ. Юракка гулчамбар илиб қўйилган. Чамбардаги гуллар ранг-баранг.
Тўққизинчи варақ. Осмондан гуллар уваланиб, ёмғирдай севалаб тушаяпти. Гулёмғир остидаги юрак гулюракка айланган.
Ўнинчи варақ. Қўш юрак. Бири иккинчисининг бағрига ботган.
Ўн биринчи варақ. Сон-саноқсиз митти юраклар. Жуфт-жуфт бўлиб, бош-адоғи кўринмас нурли йўл узра кетиб боришяпти.
Ўн иккинчи варақ. Юракда кўз тасвири бор. Одам сингари оғиз, қўл-оёқ, қошлар ва бошқа аъзоларга ҳам эга.
Ўн учинчи варақ. Юрак тимқора кўз ойнак таққан.
Ўн тўртинчи варақ. Юрак қўлида тўппонча. Қоқ кўкрагига қадаб, тепкини босишга шайланаяпти.
Ўн бешинчи варақ. Мана шу ерда чизмалар тўхтаган. Кейинги варақлар қордай оқариб турибди. Ғалати рамзлар, ғам ва қайғу, севинч ва шодлик кайфияти, ҳажр ва васл ҳислари, изтироб-аламлар ранги сингган бу тасвирлар ғайришуурий ўй-хаёлларга етаклайди.
Дафтарни ёпиб, оҳиста жойига қўясиз. Шу асно эшик “ғийқ” очилиб, ичкарига бир ўспирин йигитча кириб келади. Чамалайсиз, нари борса ёши ўн тўрт-ўн беш атрофида. У кела солиб, стулга ўрнашади. Тунчироқни ёқади. Хонага ғира-шира нур таралади.
Донг қотасиз: “Қоронғида расмларни қандай кўрдим?”. Ҳайратдан ёқа ушлайсиз: у сизни кўрмаяпти. Сиз унга кўринмаяпсиз. Ажабо?!
Йигитча дафтарни қўлига олади. Ғилофдан қалам, ўчирғич олиб, иш бошлайди. Сиз унга яқин сурилиб келасиз, ортидан нафас чиқармай, жим кузатасиз.
Мана, у расм чизаяпти, бироқ чизмаси сизга кўринмаяпти. Кимнинг, ниманинг сувратини ишлаяпти – номаълум. Лекин сиз мана шу тиришқоқ йигитчани аниқ-тиниқ кўриб турибсиз. Ҳатто ҳар лаҳзада олиб-чиқараётган майин нафасини, уриб турган юраги зарбларини, вужудию қалбининг ҳароратини илғамоқдасиз. Гўё ғайритабиий шуур сизга унинг бутун борлиғи ҳақида киши билмас ахборот етказиб тургандек.
Ниҳоят, йигитча юмушини бажариб, дафтарни ёпади. Кўзларини ишқалайди, эсноқ тутади. Нигоҳи билагидаги соатга тушади.
Вақт алламаҳал бўлган. Ҳозир одамлар донг қотиб ухлаяпти. Йигитча чироқни ўчиради-да, тўшакка сурилиб боради. Шитир-шитир ечинади, кўрпа бурчини кўтариб, орасига секин киради…
Сиз тағин қизиқиб, дафтарни қўлга оласиз. Варақлайсиз…
Мана, ўша ўн бешинчи варақ. Ҳеч қаери қимтилмаган, гард тегмаган юрак. Осмону фалакда парвоз қиляпти. Ортидан сон-саноғи йўқ қанот битган юраклар… Қоронғи тунда шуъла таратиб учишаяпти.
Ҳайратга чўмасиз. Муҳаббат. Сиз бу ўспириннинг қалбига солган завқ-шавқ, сурур ўз кучини кўрсатганидан ўзингиз ҳайрон қоласиз.
Шундай хулоса ясайсиз: илҳом ўз номи билан илҳом-да?!
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 1-сон