Улуғбек Ҳамдам. Йўл (фалсафий роман)

Мен бир ожиз томчиман, аммо юрагимда уммон соғинчи яшайди.
Мавлоно Румий

ТУШДАН ОЛДИНГИ ВОҚЕА

Овоз келди! Ово-о-оз!.. Эшитяпсизми, ғойибдан бир овоз келди! Дунёларни тўлдириб эмас, йўқ, балки йўл каби узун, йўл каби сирли-сеҳрли овоз келди. Бақирган эмас, шивирлаган овоз! Лекин шундайки, мен уни эшитдим. Эшитдимгина эмас, унга томон бутун вужудим ила талпиндим ҳам. Ва ҳаммаси, шу тобда сиз қуйида ўқийдиган ҳаммаси ботинимда чақмоқдек чақиб, ёришиб пайдо бўлди…

ИЛК ТУШ

Шундай қилиб, ҳаммаси, ичимиз ва ташимиздаги “ҳаммаси” аввалда бир нуқтада жамланган эмиш. Аммо бу шундай нуқта эмишки, ҳозирги она заминимиздан минг, миллион ва ҳатто миллиард чандон катта экан. Ана ўша катта, аммо битта нуқта кунлардан бир кун (аслида, у вақтларда кун ва тун деган тушунчанинг ўзи бўлмаганмиш…) ич-ичидан қаттиқ портлабди! Натижада нуқтанинг сонсиз-ҳисобсиз парчалари атрофга сочилиб кетибди. Парчаларнинг айримлари бориб етган жойига ғуж бўлиб тушибди, айримлари эса коинот бўйлаб тарқалибди. Аслида, “жой” деганимиз ҳам, “коинот” деганимиз ҳам ана шу нуқтанинг портлашидан, унинг ичидан ҳосил бўлган бўшлиқдан бино бўлибди… Хуллас, шу тарзда сиз билан биз кўриб, сезиб, билиб турган олам пайдо бўлганмиш. Ким билади дейсиз, балки сизу биз ҳам ана шу нуқтанинг ичида бўлганмиз-у, портлашдан сўнг сайёрамизга келиб қолгандирмиз. Балки портлаш бор-йўғи кўзимиз ўнгида тортилган парда бўлиб, ҳақиқий сир унинг ортида яшириндир. Биз ҳам унинг ортидан – олис-олислардан келаётгандирмиз… Лекин ҳаммасидан ҳам нақди шуки, курраи заминимиз ўша Буюк Портлашдан учган бир учқун экан. Нима бўлгандаям, вақти-соати етиб коинот, унинг ичида эса турли сайёралар, жамодод, наботот, ҳайвонот ва одамийзод пайдо бўлибди. Ахир, “Бўл!” дея амр этилмаганмиди азалда!..
Кўрганим туш эканлигини вақтлар ўтиб, қайта-қайта туш кўравергач, англай бошладим. Биринчи сафар эса мен тушимни ҳаётимнинг давоми деб ўйлабман. Эҳтимол, қачонлардир яна шундай ўйлашга мойил бўларман, лекин ҳозир уни туш, яъни нақд ҳаётимнинг бир сояси деб билдим. Чунки тушимда менга аён бўлган воқелик ўнгимдагига кўп-да ўхшамас эди. Хуллас, мен қайдадир, узоқ-узоқларда учиб юрган эканман. Аслида, узоқлик шу тобда турган жойимга нисбатандир, чунки ўша жойда эканман, ўзимни узоқда деб билмас эдим-да. Ҳодиса шундоқ рўбарўмда – кўз ўнггимда содир бўлибди! Мен воқеа ўчоғига шу даражада яқин эканманки, туриб-туриб, унинг мендан ташқарида эмас, йўқ-йўқ, балки мен билан бирга, ҳатто менинг ботинимда рўй берди, деб ўйлаб кетарканман. “Ботиним” деганим, назаримда, миямнинг ичи бўлса керак. Зотан, у ерда ҳали-ҳануз ана шу илк ҳодисага ўхшаброқ кетадиган портлашлар юз бериб туради. Нимасини айтай? Ҳаммаси бирам мураккаб ва сирлики, баъзан гапиргандан гапирмай жим турган беҳроқми, деб қоламан. Зеро, тафаккурли зот сенинг сукутли ҳолингга қараб туриб, сен айтиб бермоқчи бўлганингдан кўпроқни англаб олиши мумкин, ахир! Шоир айтгандек:

Мен куйласам, куйларим хил-хил,
Мен ўйласам, ўйларим хил-хил.
Жимликларим ранго ранг менинг,
Овозларинг етарми сенинг?..

Майли, шоирнинг жимлиги ўз йўлига. Қолаверса, сукутни тўғри тушунадиган ҳам – анқонинг уруғи. Яхшиси, ота-боболаримизнинг изидан юриб, ўзимни бе­миннат дастёр сўзларга топширайки, бундан буён менинг менлигим ана шу сирли сандиқчаларга омонат бўлсин!..

КЕЙИНГИ ТУШ

Орадан бир ҳафта ўтиб, тағин бир туш кўрдим. У аввалги ғаройиб тушнинг давомидек туюлди. Чунки чексиз бўшлиқ ва унда сочилиб ётган миллиардлаб нуқталар кирганди тушимга. Улар ҳар хил ўлчов ва шамойилда бўлиб, бири турфа рангларда ялтиллаб товланса, бошқаси қорайиб кўриниб турарди. Мен эса… аллақандай кичик бир парчанинг бағрида қаёққадир яшин тезлигида учиб борардим. Эҳтимол, йўл, менинг йўлим ана шундай бошлангандир, дейман туриб-туриб ҳозир ўнгимда. Балки адашаётгандирман, Катта Портлашдан сўнг ўша улкан нуқтадан ушалиб кетган ва шу тобда ичида мен бўлган парчадаги сайру саёҳатим бор-йўғи навбатдаги сафаримдир. Ҳозир мен буни билмайман, аммо умид қиламанки, қачонлардир ҳаммасини билиб оламан. Чунки мен ҳаммасини билиш, билгач эса яна Асл Ватанимга қайтиш учун йўлга чиққанман-да…
Кишики, тарк айлади ўз аслини,
Қайта истар рўзғорин васлини…
Лекин чалғиш жуда осон. Жимитдеккина бир сабаб билан ҳам инсон йўлдан адашиши ва буни ҳеч қачон ўзи билмай яшаши мумкин…

КЕЙИНГИ ТУШНИНГ ДАВОМИ

Хуллас, мен саман от янглиғ миниб олган парча узоқ учиб, ниҳоят, ўзидан минг, балки миллион карра катта бошқа бир парчага келиб урилди. Бу ҳам яна бир портлашни ҳосил қилди. Олам гўё чақмоқларга тўлиб кетди, ҳар томонга сон-саноқсиз учқунлар билан бирга мен исмини сира билмайдиган турфа хил чангу тўзон кўтарилди. Натижада катта парчанинг бағри қайнай бошлади. У шунчалар узоқ қайнадики, сиз билан бизнинг ҳозирги тушунчамизга кўра орадан миллиард йиллар ўтди. Ниҳоят, у совиди. Оқибатда биз бориб тушган жойда суюқлик, яъни сув пайдо бўлди, сув!..
Юзимга сачраган муздек сув томчиларидан чўчиб уйғониб кетдим. Қарасам, отам менга жилмайиб қараб турибди. (Унинг отам эканлиги ботинимда ёзилган эди. Ботиним эса, қулоқ оссам бас, ҳаммасини менга шивирлаб турарди). Отамнинг муддаосини сўзсиз тушундим: йўлга тушиш лозим, эшитяпсизми, ЙЎЛга!
(Ҳа, шу ерга келганда мен кўзларимни очдим ва ўзимни сайёрамиз қучоғидан топдим. У ерга қачон ва қай тарзда келиб қолганимни эса билолмай қолдим…)

УЧИНЧИ ТУШ

Бир маҳал қарасам, уфқларга туташган йўлда отам билан ҳорғин одимлаб бораётган эканмиз. Манзара ўнгимиздагини ёдларга солармиш. Чанқабмиз, худди ўнгимиздагидек. Қаршимизда ястаниб ётган, боши-кети кўринмайдиган саҳро чайқалиб, кўзларимизга катта-катта ҳовузлар бўлиб кўринар эмиш. Тинкамиз қуригандан қуриб, ҳолдан тойиб йиқилиб қолган пайтларимиз дам отам мени, дам мен отамни суяб олдинга ҳаракатланар эканмиз. Олдинда эса уммон бор эмиш. Тавба, бу билги қаердан кела қолдийкан? Ўзим ҳам билмайман. Аммо у бор эмиш. Шунисини билармишмиз. Унинг борлигига қаратилган умид бизни ўрнимиздан қалқиб, кундуз куни қуёшнинг омонсиз тиғи остида, кечаси суяк-суяккача ўтиб кетадиган ёқимсиз совуқ остида, аҳён-аҳёнда кўтарилиб турадиган, кўз очирмайдиган аччиқ шамолда – чўлу биёбонда яна ва яна қадам ташлашга ундар эмиш. Эртакларда айтилганидек, йўл юрибмиз, йўл юрсак ҳам мўл юрибмиз. Ниҳоят, кўзланган манзил – уммонга етиб келибмиз. Лекин чўллаганимизга қарамай, ўзимизни жимирлаб турган сувга урмабмиз, ажаб, аксинча, соҳилда тўхтаб, унга жимгина кўз тикибмиз. Шу пайт денг, уммон қаъридан аллақандай гулдираган сас пайдо бўлибдию тобора биз томонга ёвуқлаша бошлабди. Аммо негадир ҳайиқмабмиз. Ортга тисарилмабмиз ҳам. Гулдирак кучайгандан кучайиб бизнинг қулоқ пардаларимизни йиртгудек кучга тўлганда, мавжланиб ётган уммон кутилмаганда чайқалмакка тушиб, кўз олдимизда ҳайратангиз манзара кўкрак керибди: олис-олисларда осмонўпар уй баландлигида тўлқин пайдо бўлибдию қирғоққа, биз томонга ўрмалаб қолибди. Менинг нигоҳимни тўлқин, унинг учларида пайдо бўла бошлаган шакллар ўзига тортибди: қараб турсам, улар турли қиёфаларга кира бошлабди. Айтишим жоиз, мен бу қиёфаларни илгари сира кўрмаган эдим. Аммо шуниси қизиқки, мен уларга исм бера бошлабман. Мана, мисол учун, тўлқиндан бир парча ажралиб чиқибдию аллақандай махлуқ қиёфасига кирибди ва мен унга балиқ деб ном берибман. Дам ўтмай эса бирданига балиқлар кўпайиб кетибди, уларнинг айримлари ҳатто секин-аста шаклу шамойилини ўзгартириб, турли-туман ўзга қиёфаларга айланишибди. Мен баланд-баланд тўлқинлар қучоғида судралувчи, ўрмаловчи, чопувчи, юрувчи, ниҳоят, учувчи махлуқларни идроким ила илғай бошлабман ва уларнинг ҳар бирига исм қўйибман: диназавр, ихтиозавр, мамонт, тимсоҳ, илон, эчкамар, ўргимчак, ниначи, фил, маймун, каптар… Уларнинг орасида эсимда ёрқин сақланиб қолгани – отлар бўлибди. Оппоқ отлар! Тўлқиннинг оғзидаги кўпикка ўхшаган ойдин отлар! Улар шунчалар гўзал, шунчалар маҳобатли эканки, уммондан ажралиб қуруқликка чопиб чиқиб кетаётганларида ирғиб устларига миниб олгиларим келармиш…
Кейин мен одамларни кўрибман. Жуда кўп одамлар пайдо бўлибди тўлқинлар қучоғида! Улар сувдан чиқишибдию қалдирғочнинг болаларидек (ҳа-я, бу ўхшатиш ҳам менга кейинги миллиард йиллардан мерос. Чунки мен одамлар сувдан чиқиб кетаётган ўша паллада қалдирғочнинг болалари тугул, катта бобосию катта момосини ҳам кўрмаган, бинобарин, улар ҳақида ҳеч нарса билмас эдим-да!) тизилишиб бир ёққа қараб юра кетишибди. Шунда мен отамга, отам менга қарабмиз. Ичимиздаги ташналик қониб, нималарнидир тушунгандек бўлибмиз. Ажаб, во-о, ажаб!..
Шу ерга келганда мен уйғониб кетдим, уйғониб…

ЗАМИНДАН САМОГА ПАРВОЗ

Ўшанда илк бора учоққа ўтирдим. Борлиғимни аллақандай ҳаяжон босди. Ахир, мен ҳозир қуш мисоли парвоз қиламан!.. Шундан юрагим така-пука бўлаётир. Аммо уни қўлга олишим шарт! Ўзимга ўзим: “Бу темир қанотларда кунда дунё бўйлаб миллион-миллион одамлар сафарга чиқадилар ва эсон-омон манзилларига етиб борадилар, бас, сенга ҳам жин урмайди, хотиржам бўл!” дейман-у, барибир, туғёнларимни жиловлай олмай ўрнимда типирчилайвераман. Аслида, мен “бизга бирон кор-ҳол бўлади” деб қўрққаним йўқ, асло, балки “нимадир, ҳаётимда қандайдир янгориш юз беради” деб ҳаяжонланар эдим, холос. Бе-е, нималар дея валдираяпман ўзи? Ахир, сизга бу ҳақда эмас, бутунлай ўзга нарса тўғрисида гапирмоқчи эдим-ку! “Мен не дейман-у, қўбизим не дейди?” деганнинг ҳолига тушиб қолганимни-чи!
Мақсадга кўчсам. Учоқ осмону фалакка кўтарила бошлаганда мен пастда қолиб кетаётган ерга разм солиб ҳайратга тушдим. Чунки у тобора кичрайиб, турланиб, тамомила ўзга қиёфага кираётганди. Вақт ўтар, учоқ яна ва яна юқорилар, замин эса тобора кичрайиб борар, бунга сайин ботинимда ажиб бир ўзгариш содир бўларди. Ҳадемай, булутлар жуда пастда қолиб кетди. Биз булутлар устида уча кетдик. Шунда… оҳ, шунда заминнинг ҳолини кўрсангиз эди! Йўқ, адашдим, кўргансиз, албатта, энди тасаввур қилсангиз, тушунсангиз, ҳис қилсангиз эди!.. Замин ўзининг мен билган салобатини, залворини бирданига йўқотиб қўйди! Эшитяпсизми, бой берди! Менинг бир инсон сифатидаги ташвишларим, дардларим, режаларим, қувончу кадарларим… барча-барчаси ўша заминда, қуйида қолиб кетган ерда қоим эди. Энди ундан узоқлашганимиз сари ана шуларнинг ҳаммаси бир лаҳзада шундоқ кўз ўнгимда эриб, булутларга қоришиб кетса бўладими?.. Мени банд этган борлиқ ўйларим тубанларда қолган ер курраси янглиғ тобора кичрайиб, битта нуқтага айланиб борарди. Нуқтанинг бўлса, нимаям қадри, аҳамияти бўларди?..

НУҚТА

Садо келди. Садо!… Мен унга беихтиёр қулоқ солиб қолдим, беихтиёр…
“Қуръоннинг сири “Фотиҳа” сурасида, “Фотиҳа”нинг сири “Бисмилло”да, “Бисмилло”нинг сири “Бе” ҳар­фида, “Бе” ҳарфининг сири остидаги нуқтасида ва мен – инсон ўша нуқтамен”… дер эди садо…

КОВУШ

Кузатсам, уммондан айрилиб чиққан издиҳом бир томонга ошиғич кетиб бораяпти. Мен эса, негадир четда, томошабинга ўхшаб қараб турардим. Турдим-турдим-да, сафга қўшилгим, оқимнинг ичида бўлгим келганини ҳис қилдим ва беихтиёр олдинга талпиндим. Чунки мен истакларга тўлиб-тошиб юргандим. Ўз ҳолича бу истаклар истаклигича қолар эди назаримда. Хоҳишларимнинг рўёбга чиқмоғи учун одамлар дарёсига кирмоғим шарт бўларди. Ахир, мен илгариям шу қаторда эдим, буни юрагим айтиб турибди, фақат нима учундир ҳозир канорга чиқиб, уларни кузатяпман. Балки бунинг ҳам бир сиру синоати бордир, балки шунчаки бир тасодифдир, билмадим. Хуллас, ҳар қанча истасам ҳам сарпойчан бўлганим боис издиҳомга қўшилолмай, бир жойда депсиниб қолавердим. Мени бу заминга қадар келтирган ковушимни ечиб бошқасига алмаштириб олишим керак эди. Эски ковушни-ку ечишга ечибман, лекин янгисини тополмай ҳалак эдим. Фақат шундагина бу ердаги ҳаётим бошланар эди, йўқса йўқ…
Одамлар дарёси тўлқинланиб рўпарамда оқиб ётибди. Бу дарёнинг на боши кўринади ва на адоғи, иккала томониям уфқларга туташиб кетган. Оқим чинакамига оқим бўлиб, одамларнинг шаклу шамойили кўзга илғанмас эди. Аммо улар шу ерда, оқимнинг ичида, оқимни ташкил қилиб турардилар. Ҳа, одамлар – оқим, оқим эса одамлар эди. Уларни мен кўзларим билан кўролмасдим, худди улар мени кўролмаганларидек. Чунки на уларда ва на менда кўзлар бор эди. Кўзлар йўқ эди-ю, улар мени, мен эса уларни кўрар эдик…
Билиб турибман, “кўзсиз қандай қилиб кўриш мумкин?” деган савол миянгизда айлана бошлади. Лекин бори, гапнинг пўсткалласи ҳам – шу. Бизларда нафақат кўз, балки бош, кўкрак, қўл, оёқ… хулласи калом, ҳеч қандай аъзо, бир сўз билан деганда, тананинг ўзи йўқ эди. Айни дамда борлиқ нарсани кўрар ва ҳис қилар эдик. Биланиҳоя, ана шу ҳолимда оқимдан четда қолиб кетаётганим менга алам қилиб турарди. “Нега, нима учун мен қолиб кетяпман? Ахир, ҳамма кетиб бораяпти-ку!..” дейман ўзимга ўзим. Чунки алам ҳам бекор жойда пайдо бўлгани йўқ-да. Мен ўз моҳиятимни ҳаракатда кўрар эдим. Фақат ҳаракатгина менинг менлигимни намоён этар эди. Қолган вақт эса мен мавжуд эдим-у, аммо билинмас ва кўринмас ҳолатда собит турардим. Мақсадимга етмоғим учун менга ҳаракат керак, ҳаракатланиш учун эса восита – ковуш зарур эди. Нима учунлигини билмайман. Балки биларман ҳам. Билимим қайдадир ботинимда кўмилиб ётган чиқар. (Худди шу тобдаги ўзимдек. Ахир, мен ҳам айни чоғда йўқман, тўғрироғи, йўқдекман, аслида-чи, борман!) Фақат уни топиб келиб сизнинг олдингизга қўйгани фурсатим йўқ. Назаримда ковуш бу – шакл эди, кўриниш ва билиниш шакли. Бас! Қолганини сизга баён этолмайман. Чунки шу тобда уни, заминбоп ковушимни дарҳол топишим лозим. Уни топсам, менгагина эмас, сизга ҳам барчаси аён бўлар дейман ўзимча…
Шунинг учун ҳам ҳафсала билан ковушимни қидиришга тушдим. Тақдир ёрлақаб, уни топсам, дар­ёдек оқиб бораётган мана шу одамлар наҳрига бирпасда қўшилиб оламан. Буни билиб турибман. Кейин… кейин мен ўз йўлимда давом этаман. Азалий (балки қадимийдир…) йўлимда… ва яна… абадий йўлимда, эҳтимол…
Воқеан, ковушни топиб оқимга қўшилиш истаги ўзининг ҳадди аълосига етганда муродимга қовушдим. Ўзи ҳамиша шунақа. Бирон нарсани астойдил ва жуда қаттиқ истадимми, бас, у қаршимда пайдо бўлади ёки мен унинг қаршисида. Оҳорли ковушимни кийдиму ўзимни кўрдим: кўзларимга (демак, аввал-бошданоқ ботиний кўзларим мавжуд бўлган!) дастлаб ковуш кийган оёқларим чалинди. Кейин тиззаларим, белим, қўлларим, елкаларимни кўрдим. Во ажаб, мен навқирон ёшда эдим! “Буни қаердан била қолдинг?” демоқчимисиз? Билмасам, боя айтдим-ку, ботинимга қулоқ тутсам, у ерда ҳамма саволларнинг жавоби бор, деб. Фақат жавобни ҳар доим ҳам олабилмайман, у қандайдир сирли: маълум пайтлардагина менга бағрини очади, қолган вақтлар эса думини ҳам ушлатмайди. Ўйлашимча, жавобни олмоғим учун менинг шу жавобга тайёр ва муносиб ҳолга келмоғим зарур бўларди.
Узун гапнинг қисқаси – жадал бориб оқимга кирдим. Энди одамлар ҳам менинг шаклу шамойилимга ўхшаш қиёфада менга кўрина бошлашди, худди мен уларга кўринганимдек. Ўзимни кўриб-танишим билан ботинимда бир саволга дуч келдим: мен қаердан келдиму нега келдим ва қайга бораяпман?..

КИРИШ

Алқисса, юра-юра бир маҳобатли иморатнинг қаршисидан чиқиб қолдик. Уни иморат деб ҳам бўлмасди. Усти тим билан ёпилган, ҳайбати шу қа­дарки, қарши тарафдаги уфқни тамомила тўсиб қўй­ган, сон-саноқсиз эшиклари бор бир мўъжизакор қурилма. Одамлар оқими ҳар қанча катта бўлмасин, улар сира бир-бирига халал бермай ўша эшиклардан бемалол ичкари кириб кетишаяпти. Яъни, кириш олдида тўпланма ҳосил бўлгани йўқ. Мен ҳам эл қатори ичкариладим. Бу ерда қурилманинг асосий бўлимига ўтиш олди бир тайёргарлик жойи бор экан. Худди уйнинг кириши – даҳлиз бор-ку, шунга ўхшаш. Хуллас, ҳамма шу даҳлизга етганда негадир ковушини ечиб, бир чеккалик қўйиб бўлгачгина йўлида давом этаётган эди. Ҳайрон бўлдим ва хаёлимга “бу ер Худонинг уйи – ибодатгоҳмикан?” деган ўй келди. Кейин кўпга эргашиб мен ҳам арзанда ковушимни ечдим-да, ялангоёқ одамлар дарёсига шўнғидим. Ичкарига кириб бўлгач эса ковушимни қайтариб беришди, ажаб…
Қаерга кириб қолганимни дабдурустдан ҳам, ке­йин ҳам тузукроқ фаҳмлай олмадим. Аллақандай таниш ва айни пайтда бегона жой. Худди сиз билан биз ҳозир биладиганимиз – бозорга ўхшайди. Кўрганларимнинг бирон ерида ғайритабиийлик йўқ эди: одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб рўпарасидан чиққан расталарга ўзларини уришаётганди. Яъни ким қайси эшикдан кирган бўл­са, шу эшик қаршисида бир раста жойлашган эдики, истар-истамас шу йўлакка оралаб, кўздан ғойиб бўлишаётганди.
Эшик ва раста бошланмаси орасида бир чақи­римча жой бўлиб, раста учун ҳозирлик ерига менгзарди. Шу масофани одимлаб босиб бораркан, тағин одамларни кузата бошладим: кими қўлига болға олар, кими кетмон, кими қоп, кими эса мен илгари ҳеч кўрмаганим аллақандай матоҳга ёпишарди. Ёнимдаги раста бошида эса жойнамоз тарқатилаётганига кўзим тушди. Унинг нарисида эса худди шу тарзда кип, зуннор, хоч ва ранг улашилаётган экан. Шунда ўз қисматимга қизиқиб йўлагимга қарадим: оппоқ соч-соқоли нақ кўксига тушадиган бароқ қошли мўйсафид қўлида қоғозу қалам билан менга қараб турарди. Шунда билдимки, мен тушган йўлнинг йўловчилари унчалик сероб эмаскан. Ҳайрон бўлиб мўйсафидга яқинлашдим. Лекин негадир саломлашмадик. Келганимнинг ўзида салом бор бўлгани каби унинг туришида алик мужассам эмиш. У ўсиқ оқ қошларининг остидан менга синовчан назар ташлади, бу билан гўё “қани-чи, сенинг қўлингдан нима келаркин?” дегандек бўлди. Ҳар ҳолда, менга шундай туюлди. Балки у ҳаммасини билар. Яъни ичкарининг баланд-пастини, унда бизни нималар кутаётганини, бошимизга нелар тушишини ва яна биз нималарга қодир эканимизни… Тағин ким билсин…

ТИТРОҚ

Донишманд қиёфали мўйсафиднинг қўлларидан қаламу қоғозни оларкан, ботинимда бир титроқ турди ва у зум ўтмай бутун вужудимга ёйилди. Титроқ тим остига, ўз чекимга тушган растага қараб бораётганимда ҳам сира босилмади. Қаранг, у кейинроқ ҳам – растага қадам қўйганимдаю унинг бениҳоя кенг ва яна шунча ранго ранг манзилларини йўқлаганимда ҳам вужудимни тарк этмади. Шунда мен ғайриихтиёрий равишда ўша титроққа қулоқ бердим. Ажабо, унинг ўз оҳанги бор бўлиб, бу оҳанг мен билган бирон бошқа оҳангга ўхшамасди. Унда мусиқийлик билан мазмунийлик деймизми, шунга ўхшаш кўп жиҳатлар қўшилиб, уйғунлашиб кетганди.
Оҳанг дарҳол мени ўзига жалб этди. Мен уни ёқтириб қолдим. Худди шу оҳангда саёҳатим давомида кўрган-кечирганларимни мўйсафид тутқазган қоғозга қитирлатиб ёза бошладим. “Хўш, нималарни кўрдинг?” – дейсизми. Айтай: мен тушган раста қолган расталардан хиёл тепароқда жой­лашган эди. Унинг ҳар кунжидан бошқа расталар худди кафтдагидек яққол кўзга ташланарди. Шунинг учун кетмон билан растага кирган нима қиляптию калькуляторга ўхшаш матоҳни кўтарган киши нима юмуш билан банд – ҳамма-ҳаммасини кўриб-кузатиб борардим. Кейин кўрганларимни мушоҳада қилиб, саралаб, ичимдаги титроқ оҳангида қоғозга дарж этардим. Ёзганларимни эса одамлар ўқишар, уларни бир кўзгу билиб бўйу бастларини, афту ангорларини обдон томоша қилишар, ўзаро нималарнидир гаплашишар, хулосалар чиқаришар, мен томонга миннатдор ёки норози нигоҳ ташлашарди.

БОЗОР

Айниқса, қоп-қанор кўтариб тимга кирганларнинг ҳад-ҳисоби йўқ эди. Яна-чи, улар эгаллаган майдон шу қадар мўл-кўл эдики, бир қарашда дунё шулардан иборатдек туюларди. Бу раста ўз ичида турфа бўлакларга бўлиниб ҳам кетганди: бир томонда ҳайвонларнинг қон силқиб турган каллалари осилган гўшт дўконлари, бошқа томонда хилма-хил энгил-бошлар илинган тайёр кийим-кечак расталари, бери ёқда кўзни қамаштирадиган олтину кумуш тақинчоқлар, нарироқда эса қандолатчилик пештахталари… эҳ-ҳе-е-е, инсон хаёлига келиши мумкин бўлган нимаики бор, бари сотиладиган, бари сотиб олинадиган жойлар шу ерда эди. Одамни айтмайсизми, шунчалар тирбандки, дарё-дарё оқиб келаётганларнинг деярли ҳаммаси ўзини шу ёққа уришади. Гўё у ерга кирмоқ бору чиқмоқ йўқ. Симобдек қайнайди-я! Беихтиёр мен уларни кузата бошладим. Ҳатто анави расталарда юрган кишилар ҳам шу ёққа мўралаб-мўралаб қўйишади, йўлини топганлар эса бош суқиб келаверишади. Чунки бу растанинг шовқиниям нақ оламни бузади-да! Қулоғинг кар бўлсаям кўзинг билан “эшитиб” маҳлиё бўлаверасан гўё. Шунданми, бу ерга одам зоти сиғмай, расталари кундан кун шишиб, қўшни ҳудудлар майдонини ўзига қўшиб-чатиб, семириб борарди. Бу ҳол мени жуда қизиқтириб қўйди. У ерга қарайвериб ўзимнинг ҳам кўнглимда ҳавас уйғонганини сезмай қопман, денг. Сезганимда эса мен ўзимни кийим-кечак растасидан топдим. Аввалига ҳайрон бўлдим, кейин эса кўникиб кетгандек ёки кўникиб кетарман деб юравердим. Қарасам, у ер гавжум, қизиқарли ва қулайроқ чиқиб қолди. Мазали овқатлар ҳам, турли-туман энгил-бошлар ҳам, саржин-саржин бойликлар, от-уловлар ҳам шу жойда экан. Қизларини айтмайсизми, қизларини! Нақ жонингизни олади-я! Йўқ, улар олмайди, балки ширин жонингизни ўзингиз қўшқўллаб топширасиз-қўясиз. Мана, нима учун бозор расталари бунчалар тиқилинч экан…

ОТА ВА ОНА

Оқимга кириб, унинг равишида бирданига эл қатори юриб кетиш мушкул чиқди. Унга ўзимни урдиму бирдан тақа-тақ тўхтадим. Чунки оқимни ёриб ботинга киролмадим. Унинг кўзга кўринмас аллақандай пардаси бор эканми, хуллас, зирҳдек тўсиқ мени тутиб қолди. Шунда оқимнинг бағридан икки киши чиқиб келиб икки қўлтиғимдан тутганча ичкарига олиб киришди. Илгари ҳам мавжуд эдилар, лекин янги шаклу шамойилда уларни илк бор кўриб турардим-да! Озгина фурсат ўтиб мен уларнинг бирини Ота, бошқасини эса Она деб атай бошладим. Улар менга Инсон деб ном беришди, Инсон! Умуман, мен шу ерга, оқимга киргачгина ўзимга ўхшаган зот вакилларини танидим. Бу зот одамийзод деб аталаркан ҳамда у икки жинсга бўлинаркан: отамга ўхшаганлари эркак, онамга ўхшаганлари эса аёл…
Оқим шиддатли эди. Агар ота-онам бўлмаганда, тан олишим керакки, мен у издиҳомда яшаб қо­лол­масдим. Буни у пайтлар билмас, ўйламас ҳам эдим. Ҳаммасини кейинчалик англаб етдим. Чунки ўша сиз билган ковушни топиб кийгач, мен, аввало, инсоннинг инсонга бўлган меҳру муҳаббатини ҳис қила бошладим. Буни даставвал отаму онамдан кўрдим. Ўз ҳолича гувланиб-тўлғониб оқиб ётган оқим, ўйлайманки, мени ҳув ташқарига, ўз бағридан четга чиқариб ташлайдиган сиёқда эди. Лекин падарим ва волидам бунга йўл қўймади: ҳар доим, ҳар қандай вазиятда ёнимда метин қоядек турдилар, йўлнинг изғиринли шамолларидан мени қўридилар. Шунданми, кўзимга кимки кўринса, ҳамма-ҳаммасини яхши кўра бошладим. Чунки вақт ўтгани сайин атрофимда ота-онамдан ўзга кишилар ҳам борлигини, улар мен билан мулоқотга киришаётганлигини кўриб-билиб турардим. Улар менга талпинганидек, мен ҳам уларга қараб интилардим. Айни дамда, одамийзод ўз йўлида саф-саф бўлиб юриб борарди. Табиийки, биздан олдинда, биздан орқада ва биз билан бир сафда ҳаракатланаётганлар бор бўлиб, мен аввало улар билан гаплашдим.

МУТАКАББИР КИМСА, ДЎСТ ВА ДУШМАН

Нафсиламрини айтганда, олд, ён ва орқа қаторда бораётганларнинг ҳаммаси бир-бирларига жудаям ўхшашиб кетарди. Айниқса, узоқроқдан боқилганда йўловчилар икки томчи сувдек бири бошқасига менгзарди. Уларни тафовутлаш учун эса яқиндан, жудаям яқиндан туриб қараш керакдек туюларди менга. Худди шундай, мен аввалига олд, ён ва орқа сафдагиларни бир хил кўрдим, ўхшаш билдим. Бора-бора эса улар бир-бирларидан нақадар фарқ қилишини илғай бошладим. Назаримда, ҳамма гап инсоният эҳтиёжию мана шу эҳтиёжни қондиришга қаратилган ҳаракатларда, ҳаракатнинг моҳиятида эди. Келинг, яхшиси, ўша воқеа-мисолни айтиб бера қолай. Шунда ҳаммаси ўз ўрнига тушади. Мен сўзбозлик қилишдан, сиз эса унга тоқат қилиб эшитишдан халос бўлгайсиз. Маъно эса тездагина ўз манзилига етиб олади…
Йўл барчамизни толиқтирар эди. Шу билан бирга, умидлантирарди ҳам. Умидлантирмаганда бани башар унга бунчалар кўнгил қўймасди, шартта ковушни ечиб, оқимдан ташқарига чиқиб кетарди, деб ўйлаб қоламан гоҳо. Четда турган ҳолимни ҳали унутганим йўқ. Одамлар дарёсига ҳавас билан боққанларим, улар йўл олган манзилга термилиб орзиққанларим кечагидек эсимда. Шунинг учун ҳам ҳамма жон-жаҳди билан юришга, олдинга босишга талпинарди. Бу ҳаракатлар эса эҳтиёж деган тушунчани пайдо қилганди. Бу тушунчанинг ибтидоси бору, интиҳоси йўқдек эди. Хуллас, йўл юрган одам чанқар, очиқар, чарчаб дам олгиси келар эди. Мана шу каби оддий эҳтиёжлар одамларнинг орасига низо уруғини экиб, алалоқибатда бир-бирларидан айириб ташлар экан десам, даб-дурустдан сиз ҳам ишонмассиз, балки. Лекин кўрганим, билганим шу бўлса, нетиб сизга ўзга сўз айтай?..
Йўлда нима азиз – сув азиз! Нондан ҳам, ошдан ҳам ўша табаррук бўлди. Бас, ўшанга навбатга турдик. Табиийки, вазият пайдо қилган таомилга кўра олд сафдагилар биздан олдин ичишлари керак, ичишади ҳам. Ичиб бўлгач эса негадир биз томонга қараб қўйишади. Шунчаки қарашмайди, йўқ, ғалати қилиб қарашади. Бу қарашда мен билган, мен таниган туйғулардан биронтаси ҳам бўлмайди. Менга таниш туйғуларнинг умумий исми меҳр-муҳаббат деб аталарди. Бу ерда эса у йўқ эди. Аллақандай нотаниш туйғу эди бу. Ажаб!..
Орқа сафда келаётганлар эса ўз-ўзидан сувни биздан сўнг ичишлари керак бўларди. Шунинг учун уларнинг хатти-ҳаракатларида бошқача маънони пай­қаб қолардим. Ёнимиздагиларнинг муносабатларида бўлса отам билан онамнинг менга бўлган меҳр­ларига ўхшаш хайрихоҳ илиқликни ҳис қилардим. Шунинг учун ҳам бир куни денг, не бир машмаша билан сув ичиб бўлгач, отам ва онамнинг ҳузурларига бориб сўрадим.
– Ота, нима учун бу уч гуруҳнинг бизга боқишлари уч хил?
– Чунки, болам, улар бизнинг уч томонимизда жойлашган-да.
– Она, улар кимлар?
– Олдиндагилар мутакаббирлар деб аталади, ўғлим, – жавоб берди онам мени бағрига олиб, бошимни силаркан. – Чунки улар олд сафда жойлашганлари боис сувнинг ҳам, ошнинг ҳам аввали уларга тегади. Шу кичкина афзаллигу қулайлик уларнинг бурнини кўтариб юборган. Улар кибрга ем бўлган қавм.
Ортдагилар эса душманларимиз. Чунки сувни улардан бурун ичганимиз боис бизни ёмон кўришади. Йўлда касал-пасал бўлиб ўлиб кетишларимизга ҳам рози улар. Чунки шундай бўлса, улар бизнинг ўрнимизга келиб, ош ва сувни бироз аввал еб-ичиб олиш имконига эга чиқишади.
Ёнимиздагиларнинг исми эса дўст бўлиб, уларнинг биз билан талашиб-тортишадиган нарсалари йўқ. Ошга ҳам, сувга ҳам биз билан бир вақтда етиб келишади. Биз оч бўлсак оч, тўқ бўлсак тўқ бўлишади. Шунинг учун ҳам улар дўстларимиздир.
– Нима, олд ва орт сафдагилар орасидан ҳеч ким ҳеч қачон бизга дўст бўлмайдими? Ёки биз билан бир сафда бўлганлар-чи? Улардан сира-сира душманлик чиқмайдими? – Ҳайратим ошиб сўроқладим яна уларни.
– Қийин савол, – деди отам хўрсиниб, – инсон маънан кучли бўлса, у ҳеч қачон майда манфаатлару манфур туйғуларга ем бўлмайди. Бас, олддагилардан сенинг дўстинг бўлгани каби ортдагилар сафидан ҳам ҳабиб ҳамиша топилади. Фақат улар алоҳида, хос зотлар бўлиб, кишининг қилган ишию кўнглига, дилидаги ниятига қараб муносабатда бўлишади. Асло эгаллаган ўрнига, турган сафига қараб эмас. Энди хом сут эмган банда гарчи сафдошинг, қисматдошинг, замондошинг бўлса ҳам, фитрати бузуқ эса, сиртингга ниш уришини қўймайди.
Демак, биринчи жавобимиз саволингга умумий бир жавоб бўлган эса, иккинчисини эса хусусийроқ маънода деб қабул қилгайсан.
Ота-онамнинг сўзлари менга аввалига қан­чалик ғалати туюлмасин, бора-бора уларда жон борлигини пайса-пайса тушуна бошладим. Чунки жавобларнинг исботи шундоқ кўз ўнгимда ҳар кун содир бўлиб турарди: олд қатордагиларнинг лаззат билан сув ичишини кузатарканман, ҳайратдан ёқаларимни ушлардим. Айниқса, менга тенгқур йигитча кўзларимга кўзини лўқ қилиб, устига устак, сувни лабларидан оқизиб, шошмасдан, узоқ вақт чайналиб, ҳа-ҳа, сувни чайнаб-чайналиб ичиши, шу билан вақтни чўзиб, менинг навбатимни орқага суришга интилиши ғазабимни қўзғар эдики, галдан галга уни, унга қўшиб ота-онасини ёқтирмай қолдим. Э, нимасини айтай, улар сувни ўзлари истаганча тўкиб-сочиб-чўзиб истеъмол қилишлари етмагандек, қўлларидаги мис пиёлани қўлимизга бериш ўрнига оёғимиз остига улоқтириб юборарди. Сафдагилар – каттаю кичик илкини узатган кўйи ҳайратдан тошдек қотиб қолишарди. Оддий инсонлик бурчини адо этиш баъзилар учун бениҳоя қийин эканлигини кўриб турардим-у, бунинг асл сабабини ўз ақлим билан сира тушуниб етолмасдим. Тағин отамга мурожаат қилдим. Отам менга яхшилик ва ёмонлик ҳақида ривоят айтиб берди.

ЯХШИЛИК ВА ЁМОНЛИК

– Ҳаммаси азалда битилган бўлади, – деб гапини бошлади отам. – Олам олов, сув, тупроқ ва ҳаводан таркиб топган. Одам эса тупроқдан бор этилган. Шунга қарамасдан, унинг фитратида ҳам оламга хос унсурлар бир пайтнинг ўзида аралашиб яшайди. Киши баъзан олов бўлиб ўзини ҳам ўзгани куйдирса, баъзан сувга дўниб шу ўтни ўчиради. Гоҳи тупроқ янглиғ оёқлар остида ҳокисор ётса, гоҳо ҳаводек осмонга кўтарилади. Мана шунга кўра ҳам бани одамнинг ярими малагу ярими шайтон, ярими яхшилик тарафу ярими ёмонликни байроқ қилади. Инсон деганимиз ана шу икки буюк қўшин беомон олишадиган майдондир, болам.
– Нима учун инсон ана шу икки қўшин, икки кучдан бирини, яхшиликни танлай қолмайди, ота?
– Аслида, дунёда фақат яхшиликнинг ҳоким бў­лиши, фақат ёруғликнинг мавжуд бўлиши мумкин эмас. Инсонлик дунёсида мавжуд эмас бундай бир томонламалик. Агар шундай бўлса, инсон ўз мавқеини тарк этишига тўғри келади. Чунки эзгулик ва ёвузлик, тун билан кун, муҳаббату нафратнинг доимо бор бўлиб, бўлганда ҳам тенг кучларга асосланган ҳолда мавжуд бўлиши инсон моҳиятидан келиб чиқади. Инсон ана шундай тенг кучли қутблар орасидаги ўзлигини намоён эта билсагина инсон бўлиб яшайди. Худди атиргул уруғидан гул униб, ниҳоятида барқ уриб очилгани янглиғ, инсон ҳам ўз илдизидан бош кўтариб чиқиб, ниҳоят қулф уриб очилиб, моҳиятини намойиш этади. Бу ўзлик эса ана шу тўртта унсурдан озиқланади. Магарким, инсон ана ўша унсурларнинг биронтасидан баҳра олмай қўйса, демак, у биз билган сафдан, инсонлик сафидан юқори ё қуйига қараб кетади, болам. Бас, умринг давомида инсондан бошқа турларга, хусусан, ҳайвонот ва наботот оламига ҳам тафаккур нигоҳингни ташлаб тур, токи Яратганнинг ҳикмати ҳар ерда ҳозиру нозирдир…
Отам сўзларди, мен эса хаёлимда шеър ёзардим. Мен ҳатто шеър ёзаётган ўзимни кўриб турардим. Унинг ёши ҳозиргидек 9-10 ларда эмас, балки йигирма бешларда эди. Ўзимга ҳам ўхшар, ҳам ўхшамасди, лекин барибир, мен уни ичдаги савқитабиий бир кучга таяниб танидим: у – мен эдим. У ниманидир тез-тез ёзарди. Ёзганлари эса менинг аввал дилимда, сўнг тилимда пайдо бўларди…
Тилим шеър айтишдан тинди. Шу заҳоти отамнинг таниш ва қадрдон овози қулоқларим остида жаранглай бошлади. Мен ҳам тўққиз-ўн ёшларимга қайтдим:
– Аммо яна шу ҳам борки, – дерди отам, – ўзи­даги оловлик ва ҳаволик унсурлари тазйиқини тизгинлаб, сувликни меъёрда тутиб, тупроқлик хусусиятлари билан яшашга имкон топганлар инсонликнинг олий мақоми – авлиёлик шоҳсупасигача кўтарилади. Аксинча, тупроғу сув унсурларини писанд этмай, олов ва ҳаво унсурларига зеб берганлар инсонлик мақомидан пастга тушиб, ҳайвонлар билан тенглашиб, кези келса, улардан-да пастроққа қулайдилар. Фаришталарда нафс йўқ. Улар ақлдан иборат. Инчунин, ботинларида ғалаён, исён бўлмайди. Мудом Яратган олдида итоатдадир. Инсон ичидаги нафс, ҳайвонлик сабаб доимо ўзи билан ўзи курашиб яшашга маҳкум. Курашда малаклик ғолиб келса, инсон мартабаси ҳақиқий фаришталарникидан-да юксак бўлади, магар ҳайвонлик устун чиқса, ҳайвоннинг ўзидан-да тубан кетади…
Ривоятга кўра фаришталар инсон қалбидаги кирни тозалаб ташлар экан. Аммо шундаям қалбда юқи қолармиш. Эътибор берсанг, шу юқнинг ўзиям одам боласига етиб ортар экан. Инсон бир умр курашмаса, шу юқ уни ёмонга айлантиришга қодир. Шунинг учун ҳам ичингдаги ўша қора кучнинг юқи билан кунда курашмоғинг лозим бўлади, болам. Яхши ва ёмон бўлиш инсоннинг ўз қўлида. Аммо яхши бўлишдан кўра ёмон бўлиш осон.
– Нега, ота?
– Ҳали вақти-соати келганда ҳаммасини тушунасан. Ўшанда сен улғайиб яшайдиган дунёда яхшиликни тарғиб қилишади, лекин одамлар яхши бўлиб кетишавермайди. “Яхши тур, яхши юр, яхши гапир, яхши бўл!..” деган гапни туғилганингдан ўлгунинггача эшитасан, лекин шундаям сен бутунлай яхши бўлиб қолмайсан. Чунки сенинг табиатингда иккинчи томонинг-ёмонлигинг ҳамиша ўзини намоён қилиб туради. Аслида у – жуда қудратли. Доимо бошига уриб турмаса, кучайиб кетади-да, инсонни ўз йўриғига юргизиб, хароб айлайди. Шунинг учун ҳам бани одам яхши йўлдошлар билан эзгу мақсадлар сари матонат ила юрмоғи керакки, оқибатда унинг яхшиликка яқинлиги ортсин.
Отамдан “йўлдошлар ва мақсадлар” ҳақида ҳам сўрагим келди. Аммо унинг ҳорғин юзига қараб истагимдан воз кечдим. Йўл ҳаммани толиқтириб борарди. Шунинг учун беихтиёр нигоҳимни атрофга олдим. Назаримда сўрамоқчи бўлган саволларимнинг жавоблари ўша ерда – теваракда юргандек бўлди.

ЙЎЛДОШЛАР ВА МАҚСАДЛАР

Қизиқсиниб ҳамроҳларимга боқаман. Шаклу ша­мойилда тафовут бўлгани ҳолда бир-биримизга ўхшашиб ҳам кетамиз, денг. Ҳатто кийиб олган ковушларимиз ҳам кундузлари қуёш нурида ва кечалари ой ёғдусида бирдек ялтиллайди. Аммо бирон киши ялангоёқ эмас. Шундай бўлса борми, дарҳол сафдан чиқиб, кўринмай қолармиш. Йўл юраркан, йўл четида қанчадан қанча ковушсиз турган одамларни ҳис қиламан.Улар одамлар оқимига қараганча ўз навбатларини кутишади. Шунчаки кутишмайди, йўқ, ковушларини излаган кўйи, атрофга қараниб, безовталаниб, шу билан бирга, умидланиб кутишади. Тавба, “нега бунча йўлга қизиқмасак?” дейман ўзимга ўзим. Ахир, нима бор бу издиҳомнинг ичида? Қаерга кетаяпмиз ўзи? Нега йўл ёқасида жимгина қолиб кетишни ҳеч ким истамайди? Нима, у ерда қолиш – жазоми? Одамлар дар­ёсидан қирғоққа чиқиб қолганки бор, бари бирон гуноҳ иши учун сургун қилинганми? Ўзим улкан наҳрнинг нақ ўртасида оқиб бораяпман-у, негадир четдагиларни, ўз ковушларини қидириб юрганларни ўйлайман, тавба…
Издиҳомнинг ранг-бошига назар соламан: турфа-турфа қилиқ-қиёфа, турли-туман хатти-ҳаракат. Айни чоғда, умумийлик ҳам мавжуд: ҳамма бир томонга одимлаяпти, ҳатто ўрталарида баҳс-мунозара қизиб турса ҳам белгиланган ёққа ҳаракатланишдан чалғиш йўқ. Қандай баҳс дейсизми? Айтай: тарафларнинг бири “Биз қаерга кетяпмиз ўзи? Нега кетяпмиз?” деса, бошқаси “Қаерга кетаётганимизу нега кетаётганимиздан ҳам кўра қаердан келаяпмизу, нега келаяпмиз?” деган савол муҳимроқ, дейди. Чунки шу саволга жавоб топсак, қаерга бораётганимиз ҳам, нега бораётганимиз ҳам аён бўлармиш. Шунда яна бир тоифа одамлар “Буларнинг ҳаммаси беъмани гап-сўзлар! Бундай тортишувлардан наф йўқ, яхшиси, қандай кетаяпмиз?” деган саволга жавоб топайлик”, дея чиранади. Шундай қилинганда йўлдаги ҳолимиз яхшиланиб, бораётган манзилимизга кўтаринки руҳда кириб борар эканмиз. Уларча, “қаердан ва қаерга эмас, ҳатто нима учун, нима мақсадда ҳам эмас, балки қандай, қай шароитда бориш муҳим” экан. “Чунки – дейди бу тоифа инсонлар, – келиш ҳам, кетиш ҳам инсоннинг қўлида эмас, йўлни қандай босишгина унинг ўз ихтиёрида. Шундай бўлгач, биз ихтиёримиздаги нарсалар ҳақида қайғуришимиз керак”.
Хуллас, муноқашаларнинг адоғи йўқ, улар ҳар куни вақти-вақти билан еру кўкни тутиб туради. Овозлару бақир-чақирлар узоқ-узоқларга кетиб акс-садо беради. Эътибор қилсам, айни шу нарса одамларга хуш ёқаётгандек туюлди. Чунки уларга баҳснинг натижаси эмас, балки жараёни хуш келаётгандек эди. “Нега?” дейсизми? Чунки ҳеч ким, тортишаётган томонларнинг ҳеч бири ўзининг тўла ҳақ эканлигига ишонмасди, назаримда. Шунинг учун ҳам жонини жабборга бериб баҳслашмасди, аксинча, ўзининг борлиги ва бор бўлгандаям бошқалардан кам эмаслигини исботлаш учун талашиб-тортишаверарди. Буни қаердан билдим, айтайми? Мендан олдинроқда бораётган хушқомат йигит билан йўл-йўлакай қилган суҳбатларимдан. У мен билан шеър тилида гаплашар эди. Шунинг учун уни шоир деб атадим.

ШОИР

У, айниқса, манави шеърий иддаосини бот-бот так­рорлар эдиким, менга ёд бўлиб кетди:

Биз келиб кетгувчи тўгарак жаҳон,
На бошу маълуму на сўнгги аён.
Ҳеч кимса ростини айтиб беролмас –
Биз қайдан келдигу кетурмиз қаён?..

Одамларни кузатганим, улар билан гаплашганим сайин шоир ҳамдамимнинг даъволарида асос борлигини пайқай бошладим. Демак, қолганлар ҳам ўз атрофидагилар билан бўлган мулоқотлардан улгу олиб шаклланар экан-да, дедим бир кун келиб ўзимга ўзим. Модомики шундай экан, жамоа айтаётган фикрда бирёқламалик ва муваққатлик мавжуд. “Нега?” дейсизми. Чунки тушунчалар бизни ўраб турган теварак – атрофдан олинади-да! Атроф эса жуда ўзгарувчан. Бугунги атроф эрта келиб ўтмишга айланар-да, қар­­шимизда, тўғрироғи, атрофимизда ўзга бир ат­роф пайдо бўлар эди, (устига устак, биз йўлдаги йўловчилар бўлсак, бу дегани шуки, тинимсиз-тинимсиз ҳаракатланар эдик). Ва биз ўзимиз истасак-да – истамасак-да, янги атрофнинг табиатидан, кайфияту ҳолидан келиб чиқиб сўз айтар эдик. Шунда икки атроф қуршовида қолиб айтилган гаплар бир-бирига унчалик мос тушмасди. (“У ўз даврининг фарзанди эди ва шу даврга мос ишлар қилиб, сўз айтди” деган ёзғириқларни ҳаммамиз эшитганмиз, эсланг. Мен шуни ҳазм қилолмасдим. Мен, менинг, сизнинг, унинг… барча-барчамизнинг айтган гапларимиз ҳамма даврларга мувофиқ тушишини хоҳлардим…) Менга шуниси алам қилар эди. Мен ўзакни қидирардим. Турланмайдиган, ўзгармайдиган асосим бўлишини истардим. Лекин ушбу истагимнинг ўзи ҳавода муаллақ осилиб турганган ўхшарди, унинг оёқ босадиган жойи, ўзаги, пойдевори йўқ эди. Бундан эса аламим, хўрлигим ортар, нима қилишимни, дардимни кимга айтишимни билмай типирчилардим. Ичим улкан олов гуриллаб ёнадиган мангу оташгоҳга айланиб қолгандек туюларди. Бунга сайин эса ҳамроҳим шеър ўқир эди:

Бу борса келмас йўл – бу узоқ сафар,
Қани, ким қайтибди, сўрасак хабар.
Асрору илтижо айрилишида
Ҳеч нарса қолдирма, қайтмайсан дигар.

Яширмайман, унинг бу турли шеърлари менинг дардимга дармон бўлиб, оғриб турган ярамга малҳам янглиғ босиларди. Чунки шеърлар менинг чорасиз ҳолимнинг сўздаги сувратлари эди. Одам бир дард билан оғрийвергани сайин ўз дардига боғланиб, унга кўнгил қўйиб қолишини илк бор ўшанда ҳис қилгандим. Шунинг учун ҳам дўстимни “тағин айт!” дея шеър ўқишга ундаганим ундаган эди:

Бизга фалак иши фақат ташвиш, ғам,
Бирини тикласа, бошқаси барҳам,
Ҳали келмаганлар бундан бехабар,
Хабар топиб қолса, келмас эди ҳам.

Чиндан ҳам мен сафарга отланмасдан бурун бу ерларнинг ҳолидан ғофил эдим. Тўғри, ўшанда ҳам ботинимга қулоқ тутсам, умумий манзара аҳволидан менга хабар келар эди. Нафсиламрини айтганда, шундай хабарлардан воқиф ҳам эдим. Лекин, барибир, кўп нарса бу ерга келгачгина рўйи-рост юз бера бошлади. Одамга билим бошқаю амал бошқа ўгит беришини ҳам энди билиб олаётган эдим.
Менинг ҳолимни кўриб, шоир дўстим норозиланар ва, назаримда, андак озорланарди ҳам. Сўнг дўстона хайрихоҳлик билан яна шеър айтарди.
Дўстим чархдан, унинг моҳиятидан яхши бохабар эди. У, назаримда, йўлда тортишиб келаётган одамларнинг учинчи тоифасига кирарди. Уни қай ердан келиб, қай сори кетаётганимиз қизиқтирмасди. Йўқ, адашдим чоғи, қизиқтиришга қизиқтирарди эҳтимол, аммо буни билишнинг имкони йўқлиги важидан ҳам дунё ҳаётини май ва ёр ила хуш ўтказмоқ керак дерди:

Хайём, ичкиликдан кайф қилиб, шод бўл,
Бир дам гўзал билан ўлтириб, шод бўл.
Жаҳонда ҳар ишнинг поёни йўқлик,
Йўқлигу борликни бир билиб, шод бўл.

Нима қилай, дўстимга муносиб жавоб беришга менда на билим, на журъат ва на бошқа рағбат бор эди. Инчунин, мен оғзига талқон солган кишидек жим келардим. Гапиришни истардим, ичим тўла норози кайфият эди, лекин… лекин дўстимнинг исёнкорлиги менинг тоатимдан кучли эди шу тобда:

Мен туғилдим, гардун кўрдими фойда,
Ўлсам, мартабаси ошмоғи қайда?
Ҳеч ким тушунтириб бера олмайди
Келишим-кетишим маъноси қайда?

ТОПИЛМА

Мен йўлда кетатуриб, ярим қулоч нарида тупроққа қоришиб ётган, лекин бир учи хиёл кўтарилиб қолган китобгами-е, дафтаргами кўзим тушди. Яқинлашиб, бир тепган эдим – варақлари шамолда ҳилпираб китобга ўхшаб кетадиган қалин бир дафтар шундоқ рўбарўмда пайдо бўлди. Энгашиб уни қўлимга олдим, силкиб, қуму тупроқдан тозалаб қарасам, салмоқдор сахтиён муқовасига мен тушунадиган тилда катта-катта ҳарфлар билан “ТОМЧИДАН САДОЛАР” деб ёзилган экан. Ичини очиб кўз югуртирсам, “Кундалик” усулида алланималар битилганига гувоҳ бўлдим. Йўл юраётган эдим, ўқий олмасдим, дафтарни қўйнимга тиқдиму йўлда давом этдим. Нафас ростлаганда қарарман, деб ўйладим…
Ниҳоят, йўл юриб чарчаганимни, чанқаганимни ҳис қилдим. Бир дарахтнинг ёнига келганда тўхтаб, унинг соясига бош суқдим. Дарахтдан икки қулочча нарида жилдираб булоқ оқиб ётарди. Ётиб олган кўйи булоқдан қониб-қониб ичдим. Сўнг сувдонни тўлатиш хаёли билан қўйнимга қўл солган эдим, идиш билан бирга ҳалиги дафтар чиқиб келди.

ТОМЧИДАН САДОЛАР
(икки дўст суҳбати)

– Нима учун яралганмиз? – Сўради дўст дўстдан.
– Яратганимизни англаш учун! – Жавоб берди дўст дўстга.
– Уни англашдан инсонга не наф? Ахир, ҳаммаси барибир эмасми? Билдинг нимаю билмадинг нима? Фарқи борми? Олдинда ўлим турибди пайт пойлаб. Бутун билганларинг жам бўлиб ҳам сени Азроилнинг чангалидан қутқариб ололмайди. Билим халоскор эмас. Қолаверса, инсоннинг билганлари уммондан бир томчи, холос.
– Билишга интилиш, аслида, ўз моҳиятимизга интилишдир! Нажотимиз моҳиятимизда яширин.
Кел, яхшиси, сенга бир воқеани сўзлаб берай. Яқинда дала ҳовлига борганда аёлим билан куни бўйи тўрт қисмдан иборат, фожеаларга лиқ тўла фильмни томоша қилдик. Кино тугагач, қарасам, аёлим жуда ёмон ҳолатга тушиб қолибди. У десам ҳам юзи ёришмади, бу десам ҳам. Сира ўзига келолмасди. Кеч тушиб машинада шаҳарга қайтаётганимизда ҳам ҳоли забун эди. Анча фурсат ўтиб, аёлим менга мунгли боқди-да, кино персонажларининг палид ҳаёт тарзию ёвуздан ёвуз, тубандан тубан феъллари яратган воқелик таъсиридан чиқиб кетолмаётганини айтди. Уларнинг ҳаётларидан, қилмишларидан ўзимни тополмаяпман, деди. Ўйлаб қарасам, аёлим ўзини уларнинг ҳар бири ўрнига қўйиб азоб чекаётган, “Уларнинг ўрнида мен нима қилган бўлардим?” дея ўзини ўзи сўроқлаётган экан. “Ўзгалар ҳақида қайғуриш, уларнинг ҳаёт йўлларини кузатиш, мушоҳада айлаш – яхши фазилат. Зеро, бу тутум ҳаётдан дарс олиб, сабоқ чиқаришимизга ёрдам беради. Лекин уларнинг барчаси учун тинимсиз изтироб чекиб, тазарру айлаб бўлмайди, ахир! Акс ҳолда, Яратганнинг ҳудудига дахл қилган бўламиз. Бу эса мумкин эмас. Гуноҳ эканлиги учунгина эмас, инсоннинг қўлидан келмайдиган иш бўлганлиги учун ҳам мумкин эмас. Ҳамма ҳақида қайғуриш Яратганга махсус. Яратган бизнинг ҳар биримизга ўз қисматимиздан бир бошпана берган. Ўзгаларнинг чидаб бўлмас жирканч тақдирига кўз тикишга тўғри келиб қолганда, буни ҳар доим уларнинг ишига аралашишга чорлов деб қабул қилмаслик керак. Инсоннинг қўлидан келадиган юмуши бўлади, келмайдигани бўлади. Келмайдиган пайтларда кўр­ганларимиздан сабоқ чиқариб, дарҳол ўз бошпанамиздан нажот топмоғимиз дуруст. Йўқса, ичимиздаги Инсон деб аталган тўғри чизиқ қарсиллаб синиб кетиши ҳеч гапмас. Унутма, ўзга қисматлар қаршимизда фақат бир кўзгу. Биз ана ўша кўзгуга суратимизни бир солиб оламизу яна йўлда, ўз йўлимизда давом этамиз. Азизам, сенинг, менинг, бизнинг ўз ҳаётимиз бор, кел, шунга қайтайлик. Ҳайвонлиги ҳакалак отган махлуқлар оламида ҳатто хаёлан бўлса-да, узоқ қолиб кетмайлик. Худо бизга инъом этган ҳаётимизни, ўз ҳаётимизни муносиб яшайлик…”
Мен бу гапларни кела-келгунимизча аёлимга, унинг титроқ қўлларини тутган кўйи тушунтиришга ҳа­ракат қилдим…
– Хўш, қиссадан ҳисса нима?
– Нима бўларди – ҳар бир инсон, аввало, ўз ҳаётини Илоҳий низомга тўғрилаб олиши, ўз иймони ҳақида бош қотирмоғи жоиз. Паноҳ ўша ерда. Ташқарида анавиндай экан, одамлар манавиндай яшамоқда, деган важу корсонлар ортига яшириниб бўлмайди. Яъни нажот ташқарида эмас, ичкарида! Бошпана ҳам. Биз ҳар доим ҳамма учун яшай олмаймиз. Гоҳида ўз ҳаётимизни эпласак ҳам, шунинг ўзи катта гап! Бу – худбинлик эмас. Асло! Сувда чўкиб кетаётган шўрликка ёрдам қўлини узатиш учун инсоннинг ўз оёқлари заминда мустаҳкам турмоғи шарт!
– Майли, бунақа майда-чуйдаларни қўяйлик-да, бош масала – Худога келайлик. У борми ўзи ёки йўқ? Бор бўлса, қани? Бўлса, нега У дунёдаги хунрезликларга, адолатсизликларга, касалликларга бефарқ қараб турибди? Инсонни мазлум этиб яна бир бошқа инсон – золимнинг оёқлари остига улоқтирмоқда? Нима учун ер юзида яхшига кун йўқ, ёмонга эса ўлим? Нега ёмоннинг ошиғи олчи? Ёки томошадан завқланадими У? Балки Худо деганимиз умуман йўқдир?..
– Унга шунчалар эҳтиёжимиз борки, У бўлмаганда инсоният Худони ўйлаб топган бўларди.
– Нега?
– Чунки инсон – мантиқ фарзанди. Унинг мантиғи ҳар доим Яратганга элтади. Инсон қаерда ва қачон яшамасин, унинг барча йўллари Ўша Қудратга, Ал­лоҳга олиб боради. Бу йўлсиз эса инсон деганимиз парча-парча бўлиб сочилиб кетади.
– Сен билан чиқишиш жуда қийин-да!
– Сен билан ҳам…
– Қани пайғамбарларинг? Қани уларнинг ҳамма замонларга тааллуқли таълимотлари? Нега улар бугуннинг талабларига жавоб беролмаяпти? Нега одамлар йўлсиз, чорасиз?! Аслида, ҳаммаси ҳеч! “Ҳечдан келдигу ҳечга борамиз” деганмиди сен суйган донишлардан бири. Биласанми, ўша одам ердан кўкка қадар ҳақ!
– Катта маънода олсак, ҳа, ҳаммаси – қилаётган ишларимиздан тортиб айтаётган гапларимизгача, қа­чон, қаерда, бой ё камбағал бўлиб туғилишимиздан бошлаб қачон, қаерда ва неча ёшда ўлим топишимизгача, ҳамма-ҳаммаси ҳечдир. Доимо эслайдиганимиз улуғлар – Арасту, Афлотун, Ибн Сино, Румий, Навоий, Шекспир, Байрон, Пушкин, Эйнштейнлар амалга оширган буюк хизматлар ҳам вақти-соати келиб йўқликка юз буради. Ҳатто пайғамбарларнинг таълимотлари ҳам Аллоҳ қўримаса, шамолларга соврилиб соб бўлади. Ана, кўрмайсанми, сўнггисидан ташқари барча пайғамбарларнинг ўгитлари ўзгариб-турланиб кетган. Лекин биз ердаги ҳаётни бу нуқтаи назардан туриб баҳолай олмаймиз. Чунки охират деб аталган сирли бир олам бор. Биз унга ишонамиз. Ишонишимиз керак деб эмас, балки шундай яратилганимиз учун ишонамиз. Бас, бизнинг яхшилик ва ёмонлик аро қайси бирини танлашимиз охиратимизни ҳал қилиб қўяди. Демак, биз нарсалар, воқеа-ҳодисаларнинг мазмун-моҳиятига фақат ва фақат бу дунёнинг тошу тарозиларидан туриб қарай олмаймиз. Биз ҳар доим ўлимдан кейинги ҳаётни ҳам ҳисобга олиб сўз сўзлаш ва ҳаракат қилишга маҳкуммиз. Зоҳиран қараганда, ҳечдек туюлган ўша арзимас ҳаётимизда қилаётган ҳар битта амалимиз алал-оқибатда боқий ҳаётимиз йўлини белгилаб беради…
– Ҳаммаси, ҳатто шу айтганларинг ҳам бекорчи гаплар, аслида.
– Олам сен тасаввур қилгандан бошқа нарса эмас сен учун. Шундай экан, аввало, тасаввурингни пок­лашга ҳаракат қил!
– Ҳар куни минг турли тасаввур миямни чулғаб олади. Қайси бирига ишонай, дўст?
– Сени бахтли айлаганига! Инсоний шаънингга муносиб эканига…
– Бас! Йўлга тушиш керак, йўлга! Тур ўрнингдан, тур!
Улар қўзғалишди.

МЕНИНГ РАСТАМ

Мен тушган растада аҳвол расо эмасди: у ер тақир ва ташландиқ жойга ўхшарди. Одамлари сийрак, борлари ҳам аллақандай ғалати: бирлари одамови, гап қотиб бўлмайди. Бошқалари эса шунчалик лақмаки, қочгани бир кунж тополмай довдирайсан, киши. Ўзига бино қўйганларнинг аксарияти ҳам шу ерда жамулжам экан. Уларни мен йўлда озми-кўпми таниб қолгандим. Раста аҳли камсонли бўлишига қарамай, негадир ўзаро тотув эмасдилар, ҳатто бир-бирларини ёмон кўришардики, ҳайрон қолардим. “Биз, ахир, бу ерга бир кирдик, эрта бир кун ундан чиқиб яна йўлимизда давом этгувчи қавм бўлсаг-у, нега булар ўзларини хунук тутишади, мангу қоладигандек муваққат ҳолларига бино қўйишади?” дердим ўзимга ўзим. Чунки заминнинг ковушини кийгандан бери тушуниб қолганим шу эдики, бу ёруғ олам – вужуд ичра ҳаёт дегани экан. Ҳаёт эса ҳаракат дегани бўларкан. Ўз навбатида, бу ҳаракат деганимиз ҳамма нарсанинг жойини ўзгартириб турар, бунинг натижасида эса эски кетиб янги келаркан. Яъни, дунёга устун бўладиган на инсон бор ва на ундан қоладиган бирон амал. Ҳаммаси ўзгаришу бошқа қиёфага ўтишга маҳкум. Буни шоир дўстим ҳам хўп ажойиб тарзда баён этган эди:

Ўз эркингда эмас, ахир, эрта кун,
Эртангни кўп ўйлаб бўлма жигархун.
Бу дамни бекорга кетгазма асло,
Билиб қўй, дунёга бўлмайсан устун.

Фақат негадир менинг растамдагилар ўзларини шугина оддий ҳақиқат мағзини чақолмаётгандек тутишарди. Аслида, улар бошқаларга ўрнак бўладиган қавм эди. Қўлларидаги қалам шуни тақозо этарди. Уларнинг қаршисида шоир дўстим кўзларимга фариштадек кўринар, бас, шунинг учун ҳам уни яхши кўрар эдим. Чунки у дунёи дуннинг узун йўлимизда бор-йўғи икки бекат орасидаги қисқа масофа эканлигини жуда теран билар, энг муҳими, билганига амал қилар, ҳашаму дабдабадан, кибру ҳаводан, юмушу ташвишдан йироқ май-у ёрга муҳаббат қўйиб яшарди. Фақат… фақат у шу икки бекат орасидан ташқари ҳақида негадир ўйлагиси келмасди. Дўстимга “Сен дангасасан!” десам, у “Сен эса хаёлпарастсан. Бўлгандаям беҳуда хаёлларни кўп сурасан. Демак, ўртамизда фарқ йўқ” дерди. “Нима қилай – дердим мен ёниб, – маншаъимни билишни истайман! Манзилимни ҳам”. У эса одатига кўра шеър айтарди:

Эй онгсиз, билмайсан, бу олам ҳечдир,
Негизинг шамолдир, бир тутам, ҳечдир.
Икки йўқлик аро қолмиш борлигинг,
Атрофинг йўқлигу ўрта ҳам ҳечдир!

Мен ҳам бўш келмасдим:
– Менинг озурда кўнглимга сенинг шеъринг ҳам ҳечдек бўлди. Раҳмат, дўстим.
У эса елкамга қоқиб шеър ўқишда давом этди:

Қазо чавгонида коптокдек нуқул
Чапу ўнг юмала, дема: номаъқул.
Сени юмалашга солган ким бўлса,
У билгай, У билгай, У билгай: ҳа, Ул!

– Ҳа, Ул билади. Лекин инсонни у мукаррам этиб яратмадими? Ўз шаклу шамойилида бино этмадими? Шу билан бирга, Ўз Зоти сифатларини бор этиб, бани одамни шу сифатлар моҳиятини билишга ундамадими?.. – Шундай дедиму бурилиб кетмоқчи бўлсам, шоир дўстим тез ҳаракат билан қўлимдан ушлаб тўх­татди-да, қўйнидан бир кўза май чиқарди…
Ўша куни шоир билан бирга кўнглимизга эрк бердик: у куйлаган майдан тўйгунча симирдик, унинг шеърларидан тушмайдиган дилдорлар ҳақида ширин суҳбатларга толдик, унинг, айнан унинг рубоийларидан ҳайқириб-ҳайқириб, яйраб-яйраб айтдик, юракларда қурум босган ғамлардан озод бўлдик. Кузатсам, ўша дамларда мен бағоят масъуд эдим. Ҳатто дўстимдан-да бахтлироқ туюлдим ўзимга. Қандоқ яхши экан, – дейман ўзимга ўзим, – билиш, англаш юкидан халос бўлиш. Худди яғринидаги оғир хуржунлардан қутулган отлардек осмонга сапчир экан инсон руҳи шундай пайтларда. Чунки йўлни, у билан боғлиқ бутун ташвишларни унутаркан у.
Ҳа, мен маст эдим. Сархушлик тилимни шундай бийрон қилган эдики, даврадагиларга гал бермас, мўъжиза туфайли эндигина забон битган соқовдек бетиним сайрар эдим. Ҳатто дўстим қолиб, унинг шеър­ларини мен айтар бўлдим.
Разм солсам, бу ҳолим ошиқнинг ситамкор маъшуқасига ўз севгисини инкор қилиб, уни йўқ ҳи­соб­­лаб ҳузурланаётганига ўхшаб кетарди. Бошқа нимаям қилардим, тупроқдан ўзга манзилни излай-излай толиққан бўлсам?..
Мен шоирнинг иқрорларига гўё кўнаётган бир паллада дўстим қалбида ниҳон дард юзидаги пардани хиёл кўтариб қўйди:

Йўқликдан келиб, нопок бўлдик биз,
Шўху қувноқ келиб, ғамнок бўлдик биз.
Кўзимиз тўла ёш, юракда олов,
Умр елга кетди ҳам хок бўлдик биз.

Доим май ичиб, кўнгилхушлик қилиб яшашни тараннум этиб юрадиган, кўринишидан ўзи ҳам шундай бўлган дўстимнинг ичида қат-қат дард тоғлари борлигини илк бор сезиб қолиб, бошимдан оёғимгача титраб кетдим. Ботинимни ўша титроқ шиддат билан ёриб чиқди ва қўлимдан жом ерга тушиб, чил-чил синди, гулгун бода тупроққа оқди. Келиб дўстимни маҳкам қучоқлаб олдим ва шу кўйи ҳўнграб йиғлаб юбордим. Тўкилиб-тўкилиб, эзилиб-эзилиб йиғладим. Бир пас ўтиб ҳис қилсам, дўстим ҳам мендан қолишмай кўз ёш тўкаётган экан. Во дариғ, шундай сиркаси сув юқтирмайдиган, хушчақчақ, хандон одам-а! Кўрингки, унинг ҳам бағри дунёю уҳрони билмасликдан тилка-пора бўлиб кетган экан. Айни шу мавҳумот шоирнинг-да ҳаётини лаҳза сайин оғулаб борару у шўрлик бутун заҳри қотил аламини ичига ютар, алал-оқибат эса, ютилган изтироб шеър бўлиб кўксини ёриб чиқар экан. У ўткинчи дунёни менсимагани янглиғ, ундан акс-садо бўлиб қоғозга тушган шеърларини ҳам сариқ чақага олмасди, назаримда. Чунки шоир шеърларини дуч келган жойга ёзиб, ташлаб кетаверар эди. Яна мен баъзан жўшиб ёд айтган шеърини у йўқотиб ё унутиб қўйган чиқарди. Бу кимнинг шеъри деб менга катта-катта кўзларини тикиб ҳайратланар, ўзиники эканини билгач, кўзларидан ёш чиқиб яна ҳайрон бўларди… Хуллас, ўша куни иккаламиз бир-биримизга суянган кўйи тўйиб-тўйиб йиғлашиб олдик…
Лекин растамдагиларнинг аксарияти билан менинг муносабатим бундай эмасди. Афсус, уларнинг дастидан бир коса ёвғон ошни ҳам минг бир заҳмат билан ер эдим. Кийимни-ку, сўрамай қўя қолинг. Латта-путтани сўрамагандан кейин гўзал жононлар ҳақида гап очмай тўғри қиласиз. Чунки улар фақат тушларимизга кирарди. Шундаям бизнинг деразамиздан бир неча фарсаҳ наридан хавотир тўла нигоҳини шу томонга тикиб, кўриб қолмасмикан, келиб қолмасмикан, ишқи тушиб, қуруқ гап-сўз билан бошимизни гаранг қилмасмикан, деган минг бир қўрқув ичра шошиб ўтиб кетишарди гўзаллар…

ҒОФИЛЛАР

Йўлда яна бошқа, жудаям катта гуруҳ кишилари бор эдиким, уларнинг бундайин саволлар билан зиғирча ишлари йўқ эди. Ул зотлар ҳам ўзаро гаплашишар, кулишар, бақириб-чақиришарди. Аммо гап-сўзлари беш қўлдек аён нарсалар ҳақида борарди. Масалан, улар йўлда дарёдек оқиб бораётган одамларнинг исми шарифи, ранги рўйи, семиз-ориқлиги, гўзал-хунуклиги, еб-ичиши, кийим-боши, уй-жойи, насл-насаби ва ҳоказолар тўғрисида кеча-кундуз ва­лақлашарди. Уларнинг чучмал гурунгларига қулоқ солганимда юракларим сиқилиб кетарди менинг. Лекин қулоқларимни кесиб ташлай олмайман: эшитишга мажбурман. Туриб-туриб эса ўйлаб кетаман: “Булар ким ўзи, қандай тоифаки, майда-чуйда, ўткинчи нарсалар устида қизғин баҳслашиб, кучларини, зеҳнларини, вақтларини зое кеткизишади? Нега уларни менинг фик­ру ёдимни забт этган ўйлар – “Биз киммиз, қаердан келяпмизу қаерга кетяпмиз, моҳиятимиз нимадан иборат?” деган саволлар сира қийнамайди?!..” Назаримда, йўлда бораётган кимки бор, ҳамманинг дарду кори асосан, шу ҳақда бўлиши даркор эди. Ахир, биз йўлдамиз! Йўлдаги одам йўл ҳақида, унинг ибтидою интиҳоси, манзили борасида қайғурмоғи керак-ку! Йўқса, йўл ўз моҳиятини йўқотиб қўймайдими?!.. Лекин… лекин кўрмайсизми буларни, гўё келишиб олишгандек, энг муҳимидан “ғиқ” этиб оғиз очишмайди. Кераксиз, ўзларининг ҳолларидан жуда-жуда узоқ нимарсалар тўғрисида соатлаб, кунлаб, ойлаб ва ҳатто умрлаб вайсашади. Нега, ахир?..
Аммо у, шоир бор эди оламда! Ўқтин-ўқтин шамоллар унинг ўктам овозини қулоғимга келтириб берар, бундан беҳад ҳузурланардим. Кунлардан бир кун эса…

ШЕЪРДАН КЎНГЛИМ ҚОЛДИ…

Ана кўринг, ўзгарувчан қалбнинг ҳолини! Кутилмаганда, ҳаммадан ажралиб турадиган, самимияти ва истеъдоди билан эътиборимни энг кўп тортган ҳамроҳимнинг шеърларини ёқтирмай қолдим. Чунки мен тинимсиз атрофга қарардим, кўзларимни шу даражада катта очиб қарардимки, натижада шеърлар ифода қилмаган ёки қилолмаган ҳолатларга рўбарў келардим. Мен эса дўстимнинг шеърларида олам ўзининг бутун товланишлари билан жо бўлишини истардим. Атрофимнинг шеърда акс этмаган бирон қирраси қолмаслиги керак эди менга қолса… Йўлга, ундаги одамларга тикилганим, уларнинг кўкрагидан чиқаётган оҳу нолаларига қулоқ солганим сайин яна ўша лаънати саволлар бошимда ғужғон тўпланиб олишарди: мен кимман? Қаердан келяпман ва қай ерга кет­япман?.. Барчасини, борини охирги томчисигача билишим керак! – дея ҳайқирардим баъзан унга, кўпинча эса ўзимга ўзим. Шеърлар эса бунга қодир эмасди. Улар нари борса, йўлдаги тафаккур жангида енгилган мағрур паҳлавоннинг изҳори дили эди, холос. Бор-йўғи шу… Менга эса, бу камлик қиларди. Лекин, барибир, ҳамроҳимга бир нарсада ҳақ ва тан берардимки, у борини, нимани, қандай ҳис қилса, шундай айтаётган эди. Бошқаларга ўхшаб тахмин ва тасаввур қилмас, бекордан бекор ишонмас ва умидланмас эди. Уни тўғрисўзлиги, ҳароратли самимияти учун яхши кўриб қолгандим. Кейин ҳам у билан жуда кўп оғир-енгил кунларни бирга бошдан кечирдик ва шунда англадимки, у ҳеч қачон ўз табиатига хиёнат қилмасди. Риё деган калом йўқ эди унинг маънавий луғатида. Дўстимнинг эски атрофи янги атрофга уланиб, боғланиб кетар эди. Яъни, куни битган атрофнинг бир кунжидан эшик очиларди-да шоир дўстим янгисига ўтиб оларди. Шунда эски ва янги атрофни бир-бирига улаган эшик мангуга очиқ қолаверар эди. Сарсор солсам, ҳамроҳимнинг ортида қолган қанчадан қанча атрофлар бир-бирига бирлашиб узун ва яхлит атрофлар занжирини ҳосил қилибди. Бинобарин, ҳамроҳимнинг занжир аввалида айтган гапи занжирнинг кейинги халқаларида айтганлари билан узвийлик касб этар эдиким, бу жиҳат бошқа кўпчилик шоирларда ҳам, олимларда ҳам йўқ эди. Шуниси билан у менга ёқарди. Бинобарин, унга ишониб суяниш мумкин эди. Шоир бугун бошқаю эртага бошқа эмасди. Уни ҳар доим узоқдан ҳам таниб олиш мумкин эди. Миллион-миллион одамлар орасидан узоқдан ҳам кўриниб турар эди у. Ўзгармасди, турланмасди, жилваланмасди. Ҳа, мудом тусланиб турган атроф билан муқояса қилганда шоир ҳамроҳимнинг қадри яна-да ошиб кетарди…

Азал сиррин билолмасмиз на сену на мен,
Бу – жумбоқ, ҳал қилолмасмиз на сену на мен.
Парда орқасида ахир бу ғувуримиз,
Парда кетару қолмасмиз на сену на мен.

Лекин… лекин, барибир, унинг шеърларида, бу шеърларнинг қат-қатида ҳам ўша муваққатлик деган даҳшатли махлуқ олаётган оғир нафасни сезиб турардим. У менинг ички қулоқларимга келиб уриларди. Ҳамроҳимнинг бутун ёзганлари ковушни кийганидан кейинги аҳволини акс эттирарди. Унгача бўлган ҳаётдан баҳс этмасди. Менга эса ҳаммаси керак эди. Мен ҳаммасидан воқиф бўлишни истар эдим. Унинг шеър­лари дилимга ёқиб, унга олам-олам ҳузур бағишласа ҳам мен уларга ўзимни топширолмасдим. Улар менинг узун йўлимда бир дамлик ҳамдам эдилар, холос. Бу йўлдаги муайян бекат кайфияти акс этган эди уларда. Ундан нарисида мен яна ёлғиз қолардим, яъни бу шеърларсиз, демоқчиман. Улар бўлса ҳам, ёдимдан ўчмаса ҳам, барибир, фойдаси йўқдек туюларди. Йўқ, фойдаси йўқлиги аниқ эди. Чунки йўлимнинг навбатдаги бекатларида мен ўзгача ҳолларга тушишимни аввалдан билардим. Йўқ, билардим десам, ошириб юборган бўларман балки, ҳис қилардим. Бу ўзгача ҳолларда менга ўзгача шеърлару ўзгача ҳикматлар керак бўларди. У ҳолларда дўстимнинг шеърларини минг зўр бериб ўқиганим билан ичимдаги кайфиятга ҳамоҳанг жарангламагандан кейин уринишларим зое кетарди… Шу туйғу мени нари олиб бориб, бери опкела бошлади. Чунки мен руҳий бир таянчсиз қолгандим. Одамлар оқимида, ҳамманинг қуршовида бораётган эсам-да, ўзимни кимсасиз, ёлғиз ҳис қилардим.
Мен талай умримни шу ўй ва шу ҳис исканжасида ўтказдим. Ҳамроҳимнинг шеърларини на ёлғиз ва на у билан жўровоз бўлиб айтардим. Чунки эслатганимдек, улар менга таскин оромини бермай қўйганди… Нима қилай, табиатим шундай: ҳар қанча гўзал бўлмасин, ишонмасам, битта ҳам мисра айтолмайман, ундан завқ­ланолмайман!..
Ўшандай кечаётган кунларнинг бирида одамлар дарёси ўз-ўзидан тўлқинланиб, чайқала бошлади. Натижада бир маромда одимлаб бораётган сафдошларимнинг ўрнилари алмашиб кетди. Мен ҳам талотўпда суриниб, қайсидир бир томонга ўтиб қолдим. Аланг­лаб қарасам, аввалги ҳамроҳларим, жумладан, шоир дўстим ёнимда йўқ эди. У ҳам чайқалма таъсирида аллабир буржга бориб қолган бўлса, не тонг! Ёнимда – бошқа йўлдошлар. Улар ҳам эл қатори, ковушлари ҳам кўпникидек – ялтиллайди.

СИРДОШ

Кўнглимга яқин бошқа бир йўлдошга дуч келгунимгача орадан яна кўп сувлар оқиб ўтди. Нафсиламрини айтганда, эҳтиёжимга қарамай, мен ундайин ҳамроҳни махсус қидирганим йўқ эди. Яратган Эгамга ҳамдки, Лафҳи маҳфузда битган экан – бир куни мен уни таниб қолдим. Ташқаридан ҳаммага ўхшаш, аммо ботини ғиж-ғиж маъно эди унинг. Ўша зот ила гаплаша бошлаганимдан кейин кўз ўнгимда инсонлик деб аталган оламга бир дарича очилгандек бўлди. Бу дарича учун улуғ ҳамроҳимдан ҳалигача миннатдор юраман. У олам ва одамни, уларнинг бутун сирру синоатларини ҳаётдан, шундоқ оёқларимиз остидан олинган оддий бир тамсиллар воситасида шу чоққача ҳеч кимда мен учратмаган соддадиллик билан тушунтирар эдики, натижада ақлимнинг тиши ўтмай келаётган жуда кўп мубҳамликлар устидаги қалин қора пардалар кўтарилиб кетар, дилим ҳам фавқулотда ёришиб яйрарди. У худди хаёлимга ўхшар, мен бормоқчи бўлган ҳамма жойга мендан бурун бориб келар, у ердан хат-хабар келтирар эди. Яна уни қуёш нурига чоғлардимки, юраётган йўлу сўқмоқларимнинг энг теран пучмоқларигача ёритиб, иситиб турарди. “Биз қайдан келдигу кетурмиз қаён?” десам, у майингина жилмайиб қўяр-у, индамас, жавобни сукутимдан топ, дегандай беозор боқарди. Аммо кейин билсам, у менга керагидан ортиқ жавоб берган экан-у, мен нодон уқмаган кўринаман. Чунки уни сўроққа тутмаган дамларимда ўз-ўзидан “мен бир ожиз томчи-ю, аммо юрагимда уммон соғинчи яшайди” дея такрорлагич эди. Балки шу гапида мен кўп бора сўрагану сўрашга улгурмаган барча сўроқларимга яхлит бир жавоб яшириндир… билмасам… Мен жуда ҳақир эдим, баъзан юришга мадорим келса, баъзан келмас эди ҳам. Одамлар, издиҳом, оқим, дўстим, севгилим… улар дам бордегу дам йўқдек бўлиб қолардилар. Ичимда муайянлик, давомийлик қоим эмасди гўё. Шундай пайтда ташналигимни мушоҳада қилару уммон сари бораётганимни ёдга олардим ва ҳаммаси-ҳаммаси жойига тушарди, яна одамларга яхшилик қилишу ёримнинг қошига чопишни истаб қолардим…

МАЙДОНДАГИ БАҲС

Худди расталар сингари йўлнинг ичида бир майдон бор эди. У ҳам одамлар янглиғ бир жойда турмас, тинмай кўчиб-ҳаракатланар эди. Вақти-вақти билан майдонда бонглар урилиб, ноғоралар чалинарди-да ҳаммани ўз бағрига чорлар, ҳамма тўплангач эса, эълонлар ўқилар, муҳокамалар ўтказиларди. Хуллас, ўша куни ҳам ноғоралар чалиниб, бонглар урилди. Одамлар расталарини ташлаб майдонга ошиқишди. Разм солсам, ташрифчилар ҳар хил кўринишда бўлиб, уларнинг рангу рўйидан тортиб, қилиқ-қиёфаларигача турфа-турфа эди. Нафсиламри, одамларнинг шундайлигини муқаддам ҳам билар эдим. Аммо билганлари кўз ўнгида қад ростлаганда аллақандай ўзга кўйларга тушар экан, киши.
Кутилмаганда баҳсу мунозара бошланиб кетди. Гапнинг сираси, муноқашалар илгари ҳам бўлиб турарди. Жуда яхши эслайман: йўлнинг аввалида – “Биз қайдан келдигу қаён боряпмиз?” дея тортиша-тортиша йўловчилар гуруҳларга ажралиб кетганди. Худди шу тахлит, ҳозир ҳам майдонда тўпланганлар ўзаро баҳслаша бошлашди. Кимдир ўз растасидан сўз очар, уни осмону фалакларга кўтариб мақтар, қолган расталарни иложи бўлса, етти қават ернинг тагига киритиб ташласам, дерди. Бўйинбоғ тақиб олган хушқомат киши бўлса, зўр бериб: – Худо йўқ, у аллақачон ўлган! – Дерди қаршисида турган оқсоқолга. – Муқаддас китоб деганларинг бир неча товламачининг уйдирмаларидан ўзга нарса эмас. Одамларнинг уларга эргашишларининг асл сабаби эса, жаҳолат! Илм-фан ривож топса, дин ўз-ўзидан ортга чекинади. Ана, тарихни титиб кўр, дин ва илмдан қайси бири юксалган бўлса, иккинчиси албатта чўккан. Қаердаки, илм хор бўлар экан, ўша ерда дин, хурофот авжга минади.
– Дин ва илмни бир-бирига қарши қўйиб хато кет­япсан, биродари азиз, – дерди оқсоқол, – улар бор-йўғи икки хил тафаккур йўли, холос. Уларнинг ҳар бири ўз йўлидан оғишмай тўғри кетаберса, билгилки, вақти-соати келиб битта манзилга боради. Бу якдиллик эса Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига ишорадир.
– Сафсата! Ўша китобингда ёзилган у дунё ҳа­қидаги гапларнинг бари чўпчак! Жаннату дўзах эмиш! Нима дегани бу? Тирик одамларни ўз йўлига юргизиш учун танланган ҳийлаю найрангдан бошқа гап йўқ бу ерда. Ушбу иддаоларнинг турли хил динда турлича талқин қилинганининг ўзиёқ уларнинг инсон хаёлида тўқилган бўлмағур эртаклар эканлигига ёрқин далил! Ҳаётнинг турган-битгани кулфату ғурбатдан иборат бўлгани ҳолда, сал оғишсанг, ўлганингдан кейин сени яна жаҳаннам олови кутади, дея қўрқитади насронийлигу ислом. Буддавийлари эса яхши бўлгунинггача дунёга қайта-қайта келаверасан, мабодо, ёмон яшасанг, каламуш ё кучук қиёфасида такрор туғиласан, ҳаёт деб аталган синовни бошидан адо этасан, дейди. Бу қандай гап бўлди ўзи?! Нега инсонни ҳақорат қилишади улар? Ҳеч қанақа жаннат ҳам, ҳеч қанақа дўзах ҳам, ҳеч қанақа қайта тирилиш ҳам йўқ, аслида! Умуман, ўлимдан кейинги ҳаёт ҳақида ҳеч зот тайинли бирон нима билмайди. Бўлса ҳам, ҳойнаҳой, у сизнинг муқаддас китобларингизда ёзилгандек эмасдир.
– Тавба, денг, биродари азиз, тавба! – мухатобининг гапини оғзидан олди оқсоқол. – Нималар деяпсиз? Бунақада охиратингиз куйиб кетади-ку!..
– Инсоннинг мусулмон бўлиши учун ёнида албатта бир кофир йўлдоши бўлиши шарт! – деди ён тарафдан кимдир. – Хушқомат киши ва оқсоқол бурилиб қарашганди, бир-бирларига чунон ўхшаб кетадиган, бири ўрта ёшлардаги, бошқасининг сиймосида кексалик аломатлари сезилиб қолган икки кишига кўзлари тушди. – Иймоннинг намоён бўлиши учун куфр керак! – Бу гапларни ташрифчиларнинг ёши улуғроғи айтарди.
Хушқомат киши эътироз билдирмоққа оғиз жуфтлаган эди, ўрта ёшдаги ташрифчи қўл ҳаракати билан уни тўхтатди-да, сўзлади:
Маккага бораётган одамлар гарча битта дину битта эътиқодда бўлсалар ҳам йўлда “меники ҳақ, сеники ботил” дея тортишишдан ўзларини тиёлмайдилар. Лекин муборак Маккага келгач эса, муддаолари бир – Аллоҳ эканлигини англаб жим бўладилар.
– Сафсата! – Дея қичқирди шунда хушқомат. – Эшитманглар буларни, халойиқ! Бу одамларнинг мияси айниб қолган! Йўл уларнинг эсини кирди-чиқди қилиб қўйибди, ҳазар улардан, ҳазар!..
– Унинг гапларига эътибор қилманглар, муборак­лар! – Оқсоқол келиб бир-бирига ўхшаб кетадиган икки ташрифчининг қўлларини олди. – Хуш келибсизлар! Марҳамат, марҳамат! – Оқсоқол уларни хушқоматдан узоқлатиб, майдоннинг супасимон жойига таклиф қилди. Ҳаммалари ўтиришди, бирпасда атрофга одам тўлди ва узун, мароқли суҳбат бошланиб кетди.
Шундай қилиб, ташрифчилар йиғилганларнинг аксарини лол қолдириб қанча сўзласалар, йўловчилар уларни шунча мириқиб тингладилар. Мен ҳам кўпнинг орасида бир тингловчи эдим. Разм солиб, муборакларнинг суҳбатидан сўнг айрим одамларнинг сукут сақлаб ҳамишаги мунозараларига чек қўйганликларини, айримларнинг эса гўё ҳеч нима эшитмагандек, бояги-бояги бойхўжанинг таёғи бўлиб олганликларини кўрдим. Шунда англадимки, инсоннинг кимлиги унинг қайси растадан эканлигига жудаям боғлиқ эмас экан. Кимлик, бу, аввало, инсон фитратига экилган уруғ, сўнг шу уруғнинг қандай муҳитда, қандай замонда, кимларнинг даврасида нималарни кўриб-эшитиб юриши билан белгиланар экан. Бас, фаррошлар растасида чинакамига оқил инсон бўлганидек, олиму фузалолар растасида ҳам учига чиққан нодонлар тўлиб-тошиб ётар экан.

ҚАЛБ – ЯПРОҚ

Лекин йўл йўл экан…
У тирик вужудга менгзаркан – мудом ҳаракатда. Бу ҳаракат эса менинг ўрнимни алмаштириб турарди. Жой алмашиниши натижасида эса менинг теграм турланиб борарди. Шунга кўра ҳар қанча истасам ҳам мен дилдошу руҳдошларимнинг ёнларида мудом қололмас эдим. Бир қарасам, дўстимнинг, бир қарасам, душманимнинг, бошқа пайтда бохабару бехабарнинг, яна бир бошқа вақт шоиру девонанинг, диндору даҳрийнинг қаршисида пайдо бўлардим. Баайни, кўз қорачиғимда жилва топган ҳадаф билан боғлиқ тарзда бошқа-бошқа кайфиятлар бағримда ниш урарди. Яъни қалбим ҳолати бевосита кўзимга уриниб турган дунё билан чамбарчас боғлиқ экан. Эскилар қалбни япроққа ўхшатишган эди. Япроқки, дарахт шохида, хиёл шабадада айланиб турадиган нозик хилқат. Жуда топиб айтилган ташбеҳ. Лекин унинг оламшумул муваффақияти билан бирга андак нуқсони ҳам бордек туюлади менга. Чунки япроқ бир жойда туради. (Балки дарахтнинг нафас олиши унинг ҳаракатидир, тўғрисини эса Аллоҳ билгич!) Унинг ўзгарувчанлиги шабаданинг ҳаракатига боғлиқ. Инсон қалби эса мудом ҳаракатда. У вужуднинг бошқа аъзолари орқали юради. Чунончи, оёқ, кўз, қулоқ, бурун, бадан, тил… каби кўриш ва сезиш аъзолари қалб йўллари ҳисобланади. Мана шу йўллардан юрган қалб турфа кайфиятларга тушади. Кайфиятларнинг алмашиниши эса қалбнинг ҳаёт йўли бўларкан ва биз уни рамзий қилиб “майин эпкинда ҳам ҳилпираб, айланиб, ўзгариб турувчи япроқ” дер эканмиз.

РУҲ ВА ҚАФАС

Йўлда бир киши куй чалар, чалган сари одамлар унинг атрофида ва яна ўз теграларида гир айланиб рақсга тушар, рақсга тушган сари эса бир-бирларига урилиб-чалишиб йиқилишар, сўнг йўл четига чиқиб улоқишарди. Шунда мен машшоқнинг ёнига бордим.
– Нега бундай қиляпсан?
– Нима қилибман? – Қаради у менга норози оҳангда.
– Нега одамларни йўлдан оздиряпсан?
– Менмас, уларнинг ўзлари буни хоҳлашяпти, – деди машшоқ.
– Қанақасига экан?
– Ана, қара, мен бас қилсам, улар пул кўтариб олдимга келишаяпти, – ишора қилди шу томонга би­ри кисса кавлаб, бошқаси чангалида бир даста пул тутганча ошиқаётган раққосларни кўрсатиб. Бир пасда машшоқнинг оёқлари ости ҳар хил шакл ва рангдаги ақчаларга тўлиб кетди. – Менмас, – яна так­рорлади машшоқ, – уларнинг ўзлари йўлдан озишни хоҳлашмоқда. Бунинг учун яна катта-катта ҳақ тўлашга ҳам тайёр бу одамларинг. – Машшоқ чолғусини қўлига олди. Теграсида тўпланган эркагу аёл, ёшу қари ликанглаб ўйнай кетишди.

РИВОЯТ

Азалда Тангри таоло инсон танасини лойдан ясаб, руҳга қарата “Кир шунинг ичига!” дея амир этди. Руҳ танага қараб, унда ўз эркини бўғиб қўядиган қафасни кўрди ва “Йўқ, мен бу ғорнинг ичига кирмайман! ” дея қатъий бош тортди. Шунда Яратган фаришталарга “Куй чалинг!” дея буюрди. Фаришталар чалди. Ҳозиргина кирмайман дея бўйин товлаб турган руҳ ўйинга туша бошлади-да, қандай қилиб тана деб аталган ғор – “қафас”нинг ичига кириб кетганини ўзи ҳам билмай қолди.

АДАШИШ

Ўшанда кучли шамол қўпиб, чанг-тўзон йўлимизни тамоман беркитиб қўйдики, бир одим ҳам юролмай қолдик. Издиҳом улкан карвон каби тақа-тақ тўхтади. Ҳаммамиз бир-биримизнинг пинжимизга кирган кўйи жон сақлашга тиришардик. (Бундайин манзарага мен йўлда ҳали бот-бот дуч келаман. Нафақат инсонлар, балки ҳайвонлар ҳам кўпгина балолардан нажотни айнан бир-бирларининг қучоғидан топишади ҳали. Мисол учун, мен кўп йиллар кейин уч-тўрт маймуннинг қаҳратон қишнинг бўронларида совуқдан тарракдек қотиб қолмаслик учун бир-бирларини маҳкам ачомлаб, бирининг тана ҳароратидан иккинчиси баҳра топиб тирик қолишларига дуч келаман. Булар ҳали олдинда. Лекин маъно нуқтаи назаридан мавриди айни дам бўлгач, мен-да уни шу дамда сизга илинаяпман. Зеро, оқиллар мисоллар рўймоли ортида нозик ақл соҳиблари учун ҳамиша ҳикмат яширин келади, дейишади. Ҳамда бу ҳикмат уларнинг ўз ҳаётларига ишоралар бўлар эмиш). Ҳадемай, қутурган шамол бўронга айланиб, қабоқлар юмилди. Бошимиз узра ҳар нималар чийиллаб учар, тупроғу майда тошлар юз-кўзларимизга келиб урилар, ботинимиз ҳам шунга монанд титраб-қақшарди. Кутилмаганда бутун йўл бир тану бир жон бўлиб нола чека бошлади. Мен ҳайрон бўлдим. Чунки кечагина бу йўлда неча одам бўлса, гўё ҳаммаси бошқа-бошқа эди, энди эса яхлит вужудга айланиб қолди. Кечагина битта йўлда миллион-миллион йўл бор эди, мен сезар эдим, энди бўлса, битта, яккаю ягона! Мен буни ҳам ҳис қилар эдим. Умуман, мен ўша пайтда кўп нарсанинг сирига етолмасам-да, ич-ичимдан сезиб тураверардим. Кейинчалик тушуниб етганимда солиштириб қарасам, энди англаганларим ҳув бир вақтлар ҳис қилганимга уйғун чиқарди.
Ниҳоят, бир неча кун давом этган довул тинди. Тинди, бироқ бир-бирларининг бағрида ерларга қапишган одамлар ўрнидан туришга турдию ортиқ юролмас эди. Чунки… чунки, не ёзиқки, улар қабоқларини очгани билан кўзлари кўрмас бўлиб қолганди. Лаънати шамол, лаънати чанг-тўзон! Мен ҳам қабоқларимни очолмасдим: уларнинг ичига қум тўлиб, ачишиб оғрирди. Ҳамма оҳ чекар, нима қилишини билмай, турган жойида мақсадсиз айланар, пайпасланарди…
Мен кўзимнинг ичига кириб олган зулматдан даҳ­шатга тушдим ва қабоқларимни куч билан йириб очишга тиришдим. Шунда шиддат билан бир чимдим нур оқиб кирди, аммо шу бир чимдим нур кўзим ойнасини худди қиррадор шиша янглиғ тилиб ўтгандек бўлди. Мен кучли оғриқдан додлаб йиқилдим ва кўзларимни жипс юмиб олдим. Сўнг “Ота-а-а!” дея бақирдим, аммо падари бузрукворим жавоб бермади, “Она-а-а!” дея бўзладим – волидамдан садо қайтмади. Афтидан, довул уларни аллақаёқларга олиб кетганди, энди биз бир-биримиздан жуда-жуда олисда эдик, овозларимиз бир-биримизга етмайдиган даражада олисда эдик. Қолаверса, кўзларига қум тўлган бошқа одамлар ҳам бор кучи билан бақириб-чақиришардики, бу овозлар уммонида ҳеч ким ҳеч кимни эшитмаслиги тайин эди.
Аммо фурсат ўтар, одамлар шу ҳолларига ҳам кўникишга йўл ахтаришарди. Ҳа-ҳа, нотўғри ўқи­ма­дингиз, айнан кўникишга! Бу, авваламбор, оғриқ туфайли кўкни тутаётган нолаю фиғонларнинг камайганида, сўнг йўл одамларининг ҳаракатга тушганида намоён бўлди. Аммо биласизми, одамлар илгаригидек тўғри йўлдан тўғригина кетишмади, йўқ, балки кими ўнг томонга, кими чапга, кими олдинга, кими эса орқага қараб, бунинг устига тўда-тўда бўлиб юриша бошлашди. Шунда мен билдимки, энди йўл ўз маъносини йўқотиб бораётир, ки ҳамма учун умумий бўлган битта йўл энди сон-саноқсиз майда сўқмоқларга бўлиниб кетаётганди. Негадир юрагим ғаш тортди. Азобига қарамай, кўзларимни йириброқ очиб, таниш бир чеҳра қидирдим, лекин надоматлар бўлсинким, ундай зот топилмасди, ҳамма бегона эди. Ҳаш-паш дегунча одамлар кўзларини қисиброқ юришга мослашиб ҳам қолди, ҳисоб. Шунда улар аввалгидан чунон ўзгариб кетишди. Жуда тез ўзгаришди. Бу бегона башаралар, бу совуқ турқлар жуда ёмон ишларга қўл уришди, ҳа, илгари мен бунақасини кўрмаган, билмаган ва ҳатто эшитмаган эдим ҳам. Уларнинг мараз қилмишлари хунукроқми ва ёки бегона ангорлари, билмай қолдим. Назаримда улар бир-бирига боғлиқ эди. Мен онасини йўқотган бўталоқдек гоҳ у, гоҳ бу тўдага илинж билан бош суқардим, суқардим-у, хиёл ўтмай у ерлардан ура солиб қочардим. Паноҳ топмоқчи бўлганим янги тўдада эса аввалгисидан-да жирканч ишларга рўбарў келгач, навбатдагисига шаталоқ отиб қолардим. Хуллас, йўлдан оғган одамлар кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ишлар билан банд эди десам, ишонасиз-у, яна нималарнидир айтиб беришимни хоҳлаб тураверасиз – биламан. Шунинг учун ҳам йўлдан чиқиб кетган илк гуруҳга борганимда, уларнинг ёлғон гапиришларига дуч келган эдим. Етти ёшдан етмишгача, аёлу эркак – ҳамма-ҳамма шу иш билан машғул эди. Ўғиллар ота­ларни, оталар оналарни, оналар қизларни, қизлар оталарни киприк қоқмай алдашарди. Уларнинг орасида бир неча кунни базўр ўтказаркан, разм солсам, менинг ўзим ҳам ёлғонга мойил бўла бошладим. Чунки айтаётган гапимнинг қайси бири росту қайсиси ёлғонлигини фарқламай қолдим. Рости ёлғонга, ёлғони ростга ўхшарди. Ҳаммасини кўриб, тушуниб турардим, аммо ўзимни бошқара олмасдим гўё. Шунда мен сўнгги чорани қўлладим: шартта у қавмдан бош олиб кетдим. Кетиб бошқасига, катта йўлдан адашиб-улоқиб юрган ўзга бир тоифага бордим. Чунки яна қаергаям борардим, дейсиз. Одамларнинг бари бурунги йўлдан чиқиб кетишган, у йўл йўловчисиз қолиб, қаерлардадир бир уфқдан бошқа уфққа томон ястаниб ётган чиқар. Мен уни кўзлаб, уни қўмсаб, уни излаб йўлга чиқдим. Яхши ният билан, орзу ва истак билан одим отдим у ерга. Ниҳоят, олисда бир чизиқ кўринди. Яқинроқ бордим: одамлар бир томондан иккинчи ёққа томон ҳаракатланиб боришарди. Қувониб кетганимни кўрсангиз эди!.. Аммо не ҳасратки, етиб келиб қўшилганим бу йўлнинг йўловчилари зулм билан машғул чиқди. Бунда кучли кучсизни топиб олиб, эзгани эзган, хўрлагани хўрлаган экан. Шуйтиб келиб мени ҳам тутиб олишди, янги келганим боис уларга ҳимоясиз кўриндим чоғи, дарҳол қўл-оёғимни боғлаб калтаклай бошлашди. Мен оҳу фиғоннинг ҳамма тилида ялиниб ёлборди ҳмамки, қани энди кор этса. Мен додлаганим сари золимлар завқланар, жўшар ва икки ҳисса ҳарислик билан савалашда давом этишарди. Ниҳоят, ҳушимни йўқотдимми, бир маҳал кўзимни очсам, аллақандай шилимшиқ ва сассиқ ҳандақда ётибман: аъзои баданим қақшаб оғрир, ташналикдан томоғим қақраб, лабларим қуруқшаб қийнарди. Бошимни шилта ердан аста кўтариб атрофимга разм солдим: менга ўхшаганлар тўлиб ётарди. Ким бошини қон қотиб қолган тиззалари орасига олиб ўтирар, ким оғриқдан у ёнбошидан бунисига ағдарилар, кими бошқасининг ярасини боғлар, кими яна нима биландир машғулу барининг тилида битта нола: ОЗОД БЎЛИШ! Алқисса, даҳшат эди кўрганларим… Хайриятки, ёнимдаги мазлумлардан кимдир қўл-оёғимни ечиб қўйди. Ўзимга келиб олгач эса аста қўзғалдим, авайланиб оёқ босдим. Оғрияпти-ю, лекин юриш мумкин. Бу дегани мен учун фақат биргина маънони англатарди: қочиш!..

ТОҒ ЧЎҚҚИЛАРИДАГИ БИТИКЛАР
Бу йўлнинг адоғи йўқ эди. Аввали бормиди унинг? Буни билганлар йўловчиларнинг орасидан ё топилар ё топилмас, мабодо топилса, унинг гапига ҳеч ким қулоқ осмас, чунки эшитганларига ишонмас эди. Ахир, аввалнинг сиридан воқиф бўлганларнинг аксарияти ё жиннисифат ва ё энг камида девонасифат бўлиб қолишарди. Энди ул зот охирдан ҳам хабардор бўлса-чи? Унда бечоранинг ҳоли нима кечади?..

“Ё Оллою ё Олло,
Ҳақ дўст, ё Олло!..”
Ёлғон, сохта дунёлар
Йўлимдан пўшт, ё Олло!

Қаландарлар, дарвешлар, соликлар, пайғам­бар­ларнинг неча-нечалари бу йўлдан ўтмади дейсиз. Ҳаммалари ҳамроҳу ҳамзамонларига зиммаларидаги ўгитларни уқтиришди, ҳануз уқтиришади. Лекин йўловчиларнинг ҳаммалари ҳам улар айтган йўлда юрмас, улар ўз билганларидан қолмас эди. Ҳу-у-ув анави баланд-баланд чўққиларни кўряпсизми? Уларга чиқишга рағбатингиз борми? Бор эса, юринг, бир-биримизга далда бўлганча ҳаммасини биргаликда томоша қиламиз, юринг! Қаранг, чўққиларнинг ҳар бири алоҳида тарих, лекин уларнинг бари ЙЎЛ чизиғида, ЙЎЛ бўйлаб жойлашган, ҳеч бири ЙЎЛдан ташқарида эмас ва ёки ЙЎЛдан четга ишора бермаяпти. Юринг, бир бошдан уларга чиқиб, ҳикояларини тинглаймиз…

ЗАРДУШТ БОБО

Ҳамманинг бошини қовуштириш учун яхлит, ягона эътиқод керак эди. Шунда одамлар орасида бир чақалоқ туғилди. Йиғлаб эмас, йўқ, кулиб дунёга келди у. Шунинг ўзидаёқ янги туғилган гўдакнинг душманлари пайдо бўлди. Не эмиш, у ҳамма қатори онадан биғиллаб йиғлаб туғилмаганмиш. Тавба, тавба… Шу-шу, унинг ҳаётига то ўлдириб юборишгунча суиқасдлар бўлаверди-бўлаверди. Ахийри, кўчманчилар томонидан ўлдирилди ул зот. Унгача эса у зиммасига тушган ишни адо қилиб бўлганди. Бас, у йигитлик чоғиданоқ ўртага чиқиб, Ахурамазда бизнинг Тангримиз, анави қуёш, муқаддас олов биз учун ҳаёт рамзи деди. Дунёдан, ҳаётимиздан, юракларимиздан ёвузликни қувиб соламиз, унинг ўрнини фақат ва фақат яхшилик эгаллайди деб аввало ўзи ишонди, сўнг гапларига ўзгаларни ишонтирди. Зардушт эди унинг исми. Яна уни узоқдан Олтин юлдуз ҳам деб аташарди. Уни кўпчилик яхши кўриб, ортидан эргашди. У башар аҳлининг илк йирик муаллимларидан эди. Ўгитини оғзаки айтарди, қулоқларингга қуйиб олинглар дерди, ки ёзув йўқ эди у пайтлар. Эргашмаганлар ҳам ўшанча бўлди. Зардушт одамларнинг ҳаммаси бир, унинг қайси табақага мансублигию, бой ё камбағаллиги ҳеч нимани билдирмайди, инсоннинг дилидаги ўйи, тилидаги сўзи ва қўлидаги иши эзгу ва бир бўлиши керак. Шунисига қараб у нариги дунёда ўз насибасини олади: яхши бўлса, яхшисини, ёмон эса, ёмонини ўради, деди. Яна у одамларга илк бора бизни Яратган Зот яккаю ягонадир, деб айтди.
Зардушт юрган жойларда тартиб ўрнатила бошлагани менинг эътиборимни тортди. Ҳа-ҳа, у юрган йўлларда, у баробар бўлган қавмлар орасида зулм ва адолатсизликка чек қўйилиб, одамлар аҳил ва тотув яшай бошладилар. Менинг қувончим ҳад-ҳисобсиз эди… Аммо йўлдан чиқиб улоқиб кетган халойиқнинг ҳам сону саноғи йўқ эди. У кунчиқиш томондан ғурубга қадар ёйилган, бас, бу сарҳадлар аро Зардушт бобонинг қадамлари етмаган қабилалар тўлиб-тошиб ётарди. Мен тағин ҳақсизликка, истибдодга, касалликка, кексаликка дуч келар ва ич-ичимдан эзилар эдим.

ДЕВОР ОРТИДАГИ ОЛАМ ЁКИ БУДДА

У мамлакат подшоҳи бўлиши лозим эди, пешонасига битилган ёзиқ эса юртнинг эмас, кўнгилнинг шоҳига айлантирди, ташқарига эмас, ичкарига раҳбар этиб сайлади. У шаҳзода бўлиб туғилганди. Отасидан кейин мамлакатнинг ҳукмдори бўлишига ҳеч ким шубҳа қилмасди. Падари бузрукворининг ҳам, аҳли аъённинг ҳам бутун диққат эътибори шунга қаратилган эди. Отаси уни чор томони баланд ва қалин деворлар билан ўралган саройда папалаб, атрофда нимаики ёмонлик бўлса, барчасидан қўриб, ҳимоя қилиб, кафтда ниҳол ўстиргандек авайлаб вояга етказди. Йигит бўлиб етишгач, ўзи севган қизга уйлантириб қўйишди, тез орада фарзанд дунёга келди. Подшоҳнинг ожиз наздида ҳаммаси рисоладагидек давом этаётганди. Бироқ… бироқ подшоҳ истаги бошқа-ю тақдирники ўзга чиқди: кунлардан бир кун шаҳзода қулай бир пайтда девор ортига бўйлаб, у ерда томомила бошқа бир ҳаёт ҳукм сураётганини фаҳмлаб қолди ва оромини йўқотди. Вазифадорларидан бирига буюриб, отаравада дарвозадан ташқарига чиқиб кетди ва ҳаммаси ана ўшандан бошланди. Уни йўлда тўртта учрашув кутиб олди.
Улардан биринчиси қариб, жони баданида килкиллаб қолган чол бўлди: наҳот одамийзод шунчалар нажотсиз ва аянчли ҳолга тушса?..
Иккинчиси бўлса, бедаво дард – моховга чалинган бемор: наҳотки, касаллик инсонни шундай кўйларга солса?..
Йигит кўрганларидан мутаассир бўлиб нари борганди, у ерда мотам маросимига дуч келди. У умрида илк маротаба ўлган одамни кўриб қолганди: наҳотки, мен ҳам бир кун келиб ўлсам?..
Йигитнинг нозик кўнгли бузилиб, юраги алағда бўлди. Нима қиларини, нима деярини билмай типирчилади. Девор ортидаги бу янги олам эндигина ўзи чиқиб келган оламнинг тамомила зиддига менгзарди: бас, дунё ва ҳаёт ҳақидаги шу чоққача билганларининг оёғи осмондан келганча шундоқ кўз ўнгида ер билан битта бўлиб, балчиқларга қоришиб ётар эди. Йигитнинг кўз олди қоронғилашди…
Агар… агар у тўртинчи кишини кўриб қолмаганда ҳолига подшоҳ отасию гўзал хотинидан ташқари ён-веридаги маймунларнинг ҳам йиғлаши тайин эди. Тўртинчи зот – бу, ҳаддан зиёд қашшоқ бўлиб, дунёни яёв кезиб юрган бир дарбадар киши эди.
– Ҳой, қашшоқ инсон, мен шу мамлакатнинг бўл­ғуси шоҳи бўламан, – мурожаат қилди шаҳзода, – сен-чи, сен кимсан? Қаёқдан келяпсан, қаёққа кетяпсан?
– Қашшоқ инсон сенсан! – секин, аммо қатъий оҳангда жавоб берди дарбадар. – Мен эса сен ўй­лагандан тамоман бошқаман: бойу бадавлатман. Чунки сен ўткинчи ва мудом ўзгарувчан зоҳирнинг шоҳи бўлсанг, мен мангу ва муқим ботиннинг йўловчисиман. Сенинг ҳукмдорлигинг нари борса, бир неча ўн йилга етса, менинг ўз оламимдаги шоҳлигим абадий! Сен бир нафаслик оламнинг эгаси бўлсанг, мен боқий борлиқнинг соҳибиман! Мен ўша оламдан келиб, яна ўша томон йўл олганман! Бас, иккимиздан қай биримиз фақиру бечора, қай биримиз амиру раҳнамо эканлигимизни ўзинг сўйла!
Бу кескир жавоблар йигитнинг ботинини тилимлаб ўтди ва у мум тишлаган кўйи аравасига ўтириб қолди. Шу-шу, шаҳзода ўша дарбадар келган ва кетган олам хаёлига тутилди, мубтало бўлди: юрса-турса, ётса-турса, у ҳақда ўйлади ва ажойиб кунларнинг бирида худди ўша дарбадарнинг кийими янглиғ жандага бурканди-да тобора кексайиб бораётган отасини, тожу тахту саройни, ҳусни етти иқлим тилларида достон хотинчасинию кўзининг оқу қораси бўлган ўғлини ташлаб, девор ортидаги оламга қараб кетди…
Етти йил давомида ўша дарбадарнинг изидан тинимсиз йўл босди. Ёши ўттиз бешга чиқ­қандагина тўхтаб сарсор солса, одам­ларнинг қўл­лари нотўғри иш қилаётганини, тиллари но­маъқул сўз сўзлаётганини, диллари номарғуб ўйга чў­маётганини, хуллас, йўлдан чиқиб бораётганини идрок этди. У буларнинг барини мулоҳаза қилиб яна ўн йилни ўтказди ва ниҳоят, ёши єирє бешга борганда юрак ютиб одамларнинг қаршисига чиқди-да, АСЛ ЙЎЛга қайтиш кераклиги ҳақида илк каломни айтди. Шундан сўнг одамлар уни Будда деб таниди…
Будда одамларга айтдики, улар юраётган йўл аслида йўл эмас, асл йўл бу инсоннинг ботинидан ўтиб, унинг боқий оламга қўшилиб-сингиб кетишига қаратилган бўлмоғи керак. Буни нирвана дейишади. Шундагина инсонлар сансар гирдобида абадий айланиш бахтсизлигидан фориғ бўладилар!

МУСО АЛАЙҲИССАЛОМ БИТИГИ

Тушимга яна шу йўл ва унинг машаққатлари кирибди. Юра-юра бир юртга келибмиз. Юрт чандон фаровон экан. Ўлканинг қоқ ўртасидан улкан дарё оқиб ўтган бўлиб, мен беихтиёр дарёга қараб қадам босибман. Чунки йўлда ҳамма ёғимни – ичим ва ташимни кир-чир, чанг-чунг, доғ-дуғ босиб кетганидан обдон чўмилиб, поклангим келибди. Қирғоєєа яқинлашганимда эса кўзим бирдан дарёдан оқиб келаётган сандиққа тушибди. Сандиқда биғиллаб йиғлаган бир гўдак бор экан.
Кейин сўраб-суриштириб билсам, недир сабаб билан мамлакатнинг подшоси юртда қурсоқ ғамида яшаб меҳнат қилаётган келгиндилар оиласида туғилаётган ўғил чақалоқларни ўлдиришга буйруқ чиқарган вақтлар бўлиб, ҳеч ким унинг аёвсиз таъқиби ва қирғинидан омон қолмаётган, аёллар туғишга, эркаклар аёлига яқинлашишга қўрқиб қолишган экан. Дарёдан оқиб келган чақалоқ эса ўғлини ўлдиришларига чидаб туролмаган онанинг бўғзидан отилиб чиққан сўнгги исён-ноласи экан. Ва ўша лаҳзаларда онаизор ноласининг Яратганнинг ¢зига етиб борганига мен гувоҳ бўлиб турган эканман…
Сувдан чиққанимда таним тозаланган, юрагимдаги оғриқлар босилган ва кўзларим равшан тортган эди. Бориб издиҳомга қўшилдим ва кўп қатори йўл юришда давом этдим. Вақти келиб болаларга атаб ёзиладиган эртакларда бўлгани каби йўл юрдик, йўл юрсак ҳам мўл юрдик, ахийри бир ерга етганда, мен ҳалиги сандиқдаги гўдакка боз дуч келиб қолдим. Фақат у энди гўдак эмас, билъакс, соқоли кўксига тушган, қадди эгилган чол эди. Мўйсафид катта ҳассаси ёрдамида олдинга одимлар, ортидан эса халойиқ қофила-қофила бўлиб эргашиб борарди. Уларга қарасам, ҳаммаси жабрдийдаларга менгзаб кетди. Сониян, ортда қолган фаровон юртда хўп хўрланган, эзилган, ўғил болалари найзанинг учига илинган қуллар экан. Ҳассадор қария уларни озод этиб, қолмишига озод бир юртни топиш ишқи билан йўлга тушган, эл ҳам унга эргашиб кетаётган экан. Улар жуда узоқ йўл юришибди, шу даражадаки, катталарнинг бари йўлда ўлиб кетиб, фақат йўл асносида янги туғилганларгина, янги авлодгина янги манзилга етиб боришибди. Ҳатто қомати қўлидаги асо сингари дол мўйсафид ҳам кўзланган манзилни олисдангина кўра олибди, холос, унинг бағрига қадам босишга эса улгурмабди: озод ўлкага олисдан термилганча жонини жабборга топширибди. Озод тупроққа қуллик нима эканлигини билмаган янги насл кириб борибди…

ИСО АЛАЙҲИССАЛОМ БИТИГИ

Йўлдан озиб турли жинкўчаларга бош суқаётган одамлар кирланиб-сасиб кетишганди. Шу даражадаки, атроф­га бадбўй уфурарди. Туйқус йўл ёқасида бир дарё кўринди. Яқинлашдик. У ерда бир қанча одамлар чўмилиб покланаётган экан. Қувониб кетдик. Салом бериб оёқ илдик. Ҳаммани бошқариб турган бир нурли зот ўзини Яҳё деб таништирди. Яна айтдики, яқинда адашиб-улоқиб юрган одамларни йўлга соладиган, уларга ягона тўғри манзилдан Хушхабар берадиган муборак зот дунёга келар экан. Дарёдаги покланиш ўша зотни муносиб кутиб олиш учун экан. “Умрингиздан барака топинг”, дея кўплашиб дарёга тушдик…
Орадан анча йиллар кечди. Теварак-атрофни чанг-тўзон қоп­лаб, йўл машаққати ортгандан ортди. Икки одим нарини кўриб бўлмай қолди. Қаён боришимиз, нима қилишимиз ҳеч кимга аён эмасди. Одамлар дам қоқилиб суринар, дам ўрнидан туриб юрмоққа тутинар, бақиришар, уришишар, йиғлашар ва минғирлашарди. Муборак зотдан эса ҳануз хабар йўқ эди…
Ўшандай кунларнинг бирида бир воқеа рўй берди. Йўл юзида, дарёдек қалқиб оқаётган одамлар оёқлари остида тиланчилик қилиб юрадиган кўр киши бўларди, бечорани ҳеч ким менсимасди. Ортидан уч-тўрт киши эргашиб юрган, юзлари ойдиндан ойдин бир зот кўрнинг олдидан ўтаётиб, туйқусдан оёқ илди. Бу ҳол атрофдагиларнинг эътиборини тортди. Йиғилганлардан баъзилар: “Устоз, бунинг кўр туғилишида ким гуноҳкор, ўзими ёки ота-онаси?” деб сўрадилар”. Ул зот шундай жавоб берди: “Бунда на ўзи гуноҳкор, на ота-онаси, балки Худонинг ишлари унда намоён бўлиши учун у кўр туғилган”. Кейин ул зот ерга тупириб, тупиги намлаган тупроқни олиб кўрнинг кўзларига суртаркан, “Бориб Силоам ҳовузида ювин” деди. Сўқир унинг айтганини қилди ва туғма кўр бўлган кўзлари очилиб кетди.
Шунда воқеани кузатиб турган оломон ичида ғала-ғовур бошланди. Улар “Чинданам кўр­­ни даволадими ё бу бир афсунми?” дея тор­­тиша кетишди.
Бу ердаги шовқин-сурон тинмасдан эса бош­қа ёқдан ўзга оломон бир аёлнинг сочидан суд­раб келиб қолди ва юзи ойдиндан ойдин зот қаршисига чиқиб: «Бу ожиза зино қилди, зинонинг жазоси эса тошбўрондир! Сен нима дейсан?» дея туриб олди. Ул зот аввалига индамади, аста энгашиб ер чизиб ўтираверди. Оломон тутганини қўймади – қайта-қайта сўрайверди. Шунда ул зот бошини кўтариб: “Сизнинг ичингизда ким бегуноҳ бўлса, ўша биринчи бўлиб аёлга тош отсин!” деди ва яна бошини қуйи солиб олди. Шунда биласизми, нима воқеа рўй берди? Оломон бирданига мум тишлаб ортга чекинди. Одамларнинг қўлидаги тошлар бирин-сирин тап-тап этиб ерга тушди…
(Орадан икки минг йил ўтиб эса, қуёшни қидирган хаста шоир бор-ку, ўша худди шу манзарани мушоҳада қиларкан, дафтарига ёзиб қўйди:
Тап тортмай гуноҳкор атайсан мени,
Тошб¢рон єилардинг имкон топсанг гар.
Лек аєлинг тош б¢либ єотди-ку сенинг,
“Пок б¢лсанг, ур!” дегач Исо пайғамбар!)
Ҳа, мана шоир сирни ошкор айлаб қўйди: ул зот Аллоҳнинг элчиси, муборак Исо алайҳиссалом, одамлар кутаётган, хушхабар келтирувчи зот эди!
Муборак зот қайта бош кўтариб қараганда майдонда аёлдан ўзга ҳеч ким қолмаганди.
– Эй аёл! – деди. – Сени айбловчилар қа­ни? Ҳеч ким сени маҳкум қилмадими?
– Ҳеч ким, ҳазрат!
– Мен ҳам сени маҳкум қилмайман, – деди Исо. – Бор, бундай кейин бошқа гуноҳ қилма!”
Йўл чорлаётган эди. Исо алайҳиссалом халойиқ қаршисига чиқиб деди:
– Зулмга қарши зулм билан жавоб бериб бўлмайди, зулм зулмни туғади, бас, ўнг юзинг­га урса, чапини тутиб бер. Энг муҳими, бир бирингизни севинглар. Мен сизларни қандай севган бўлсам, сизлар ҳам бир бирингизни шун­дай севинглар.
Ниҳоят у: «Менинг ортимдан юринглар, мен сизлар учун йўлман», деди-да қуёш кўриниб турган томон одим отди…

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМ БИТИГИ

– Ойига 30 фоиз берасан, – деди судхўр.
– Сал тушириш мумкинми? – эҳтиёт бўлиб сўради мижоз.
– Хоҳласанг шу, хоҳламасанг ана, катта кўча!
– Майли-майли, розиман, – судхўр айнаб қолмасин деб шоша-пиша жавоб берди мижоз ва узатилган пулни қўшқўллаб олди.
Уйига маблағ сўраб келган яна икки кишини шу тарзда кузатгандан кейин судхўр хотинининг олдига чиқди.
– Қизингни чиройли кийинтир, – негадир кўзларини олиб қочиб буюрди ота.
– А? – Чўчиб тушди она. – Вақти келдими? Мунча тез!? – Кейин бирдан пиқиллаб йиғлаб юборди. Лекин эрининг буйруғини адо этиш учун ичкарига – қизчаси ўйнаб турган хонага йў­налди.
Ота бошқа сўз айтмади. Оғир қадамлар билан ташқарига чиқиб кутди.
– Абатаҳ, мени қаерга олиб кетаяпсиз, абатаҳ? – Отасининг бўйнидан маҳкам қучоқлаб олган қизча севинчини яширолмай бир нурижа­ҳонининг юзига, бир яп-янги либосларига қа­рар, тинмай савол берарди.
– Сени тўйга олиб бораяпман, қизим, тўйга, – дер эди-ю, падарнинг кўзларидан тинмай шашқатор ёш қуйиларди.
– Нега унда онам билан акамниям олмадик, абатаҳ?
– Улар кейин келишади, ширин қизим, кейин…
Ота қизини кўтарганча қабристон майдонига кириб келди. У ерда ота-болани биргина гўрков кутиб ол­ди. У ҳам буларни кўриши билан янги қазилган қабр ёнидан узоқлашди.
– Нега тўйда ҳеч ким йўқ, абатаҳ? – Қиза­лоқ олазарак бўлиб атрофга қаради.
– Бор, қизим, бор… Ҳозир… анави ердаги чу­қур­дан ичкарига тушайлик, кўрамиз, – ота сочлари жамалак, қорамағиз қизчасининг юз-кўзларидан ўпиб, ёноқларига сураркан, ич-ичидан даҳшатли ўкирик келди. Шу ҳамона қизалоғини чиқиб бўлмас гўрга сирғатиб юбор­дию ўзини ортга урди.
– Абатаҳ! Абатаҳ! Абатаҳ!!! – Зурриёдининг – жигарпорасининг нолалари мозордан қочиб кетаётган отани қувиб етаркан, қарши томондан кетмон кўтарган гўрков қизча ташланган чуқур томонга шошиб бораётган эди…
Ота қабристондан чиқиб тўғри бутхонага йўл ол­ди. У ерда юзлаб бутлар қаторасига терилган бўлиб, ҳар бирининг қаршисида ўнлаб одамлар сиғиниб ўтиришарди. Бу вақтда қора тупроқ остида қолган қизалоқнинг отаси тўғри Узза номли бут қаршисига келиб тиз букди…
…Лекин бу воқеалардан бироз нарида – тоғнинг тепасида яшил кийим кийган уч фаришта ёш бир болани осмонга қаратиб ётқизиб, кўксини ёришаётган эди. Бундан болага асло озор етмас, бинобарин, у бақирмас, аксинча ҳаммасини ўз кўзлари билан кўриб-кузатиб ётар эди. Фаришталарнинг бари галма гал уҳдасидаги вазифасини сидқидилдан адо этишга тиришарди. Улардан бири, уриб турган жажжи юракчани суғуриб, ундан бармоқдек келадиган қора парчани кесиб ташларкан, “шайтоннинг ҳиссаси” деб айтди.
Бу бола улғайиб вояга етди ва у муборак зот ўзининг одиллиги, садоқати, оқиллиги билан ҳамманинг ҳурматини қозонган, Аллоҳнинг ер юзига юборган охирги расули – Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассаллам эди.
Ул зоти шариф кўрдики, башар аҳли йўлдан оза бошлабди. Тўғри йўлда юриш ҳақида Тангри таоло одамийзотга шу чоққача йўллаган таълимотлари инсонлар томонидан аёвсиз бузилибди. Йўл деганнинг номигина қолиб, ҳамма ҳар ёқда ўзи билган иш билан шуғулланиб юрар бўлибди. Шу боис, судхўрлик, ҳаром, зулм, кўпхудолилик, бутпарастлик, жоҳиллик, адабсизлик каби иллатлар йўл аҳлини пароканда қилиб ташлаган экан. Дунё ҳам ўзгариб, илгари бир-бирларини сира билмаган, танимаган кичик қавмлару катта элатлар энди ўзаро олди-сотдида қайнашар, қиз олиб, қиз бериб яқинлашар эдики, бунинг маъноси энди ҳамма учун битта йўлбошчи кераклигини англатарди. Бас, Муҳаммад с.а.в. йўл аҳлига мурожаат қилиб айтдики, ҳозиргача Ер юзига юборилган пайғамбарларга фақат ўз қавмларига йўл кўрсатиш буюрилган эса, унинг зиммасига ер юзининг барча халқларига, азим йўлнинг барча йўлдошларига раҳнамолик қилиш вазифаси юклатилди. Бу бағоят мушкул вазифа бўлиб, уни уҳдалаш учун ул муборак зот одамларнинг орасида бўлиб, эл қатори яшади, оддийгина, соддагина рўзғор тутди, аҳли аёл, бола-чақа орттириб, дунё ҳаётида ҳам умматига намуна кўрсатди. Адолат, шафқат, камтаринлик ва ҳалол луқманинг қадрига етди. Ота-она учун ўғил фарзанд қандай ширин мева бўлса, қиз бола ҳам шундай неъмат эканлигини бот-бот уқтирди. Ҳатто “Жаннат – оналар оёқлари остида” дея аёлни улуғлагандан улуғлади, шарафлагандан шарафлади. Бошқача бўлиб йўлда юриш мумкин эмас, деди. Ҳар қандай дабдабаю ҳашам, ҳар қандай кибру манманлик одамлар ўртасини бузади, дея насиҳат қилди, инъом олишни эмас, инъом этишни тарғиб қилди. Бошқа улуғлар хурмо топганда тановул айлаб, топмаганда сабр қиламиз дея мақтанса, бул зот топмаганда таҳаммул этиб, топганда муҳтожларга тарқатиб кун кечирди. Шунинг учун ҳам секин-аста одамлар Аллоҳ элчиси кўрсатган йўлга туша бошлади. Каломи шарифда буюрилган ҳақ йўл шу эди…
Ана шу тарзда пайғамбарлар одамларни тўғри йўлга даъват этиб, Яратганнинг каломини ирод қи­лишар, жонларию моллари билан ўзларини шу йўлга бахшида айлашарди. Аммо уларга ишонган ишониб, ишонмаган яна бояги-бояги – бойхўжанинг таёғи бўлиб юраберарди. Ишониб, иймон келтирганлар яна ҳақ йўлга тушиб олишса, ўз билганидан қолмаганлар йўлдан узоқ-узоқларда адашиб-улоқиб юришарди. Яна шуниси ажаб­ланарлики, ишонганлар ҳам ўз ичларида фирқа-фирқа бўлиб, ҳар бир гуруҳ алоҳида сўқмоқ очиб оларди-да, қолганларни гумроҳ дея эълон этишгача борар, бундан мусулмонлар орасида яна турли ихтилофлар, низолар чиқиб, оламни тутун янглиғ чулғарди. Йўл донишлари ҳам турфа-турфа фикр айтишар, бирлари “одамлар бу дунёда ҳеч қачон бирлашмайдилар, бинобарин, битта йўлда юрмайдилар, чунки юра олмайдилар. Бу кетишда ҳали замон Яратган инсондан олам сардори бўлиш ҳуқуқини олиб қўяди”, деса, бошқалари умидни маҳкам ушлаб, “башар аҳли ҳали юксак аъмол ва эътиқодини намойиш қилиб, коинот гултожи бўлишга муносиблигини исбот қилади” дер, ҳар икки тоифа шунга кўра иш тутар, баҳслашар, талашар ва тинмай одим отарди…

ШОИР БИЛАН УЧРАШУВ

Атрофимдаги, мен билан доимо елкадош, йўлнинг заҳматини баробар тортаётган, аммо нигоҳлари та­момила зоҳирдаги бебақо ивир-сивирларга тикил­ган ҳамроҳларимнинг боши-кети йўқ майда гап-сўз­ларидан руҳим обдон толиққан кунларнинг бирида шоирнинг овози қулоғимга узуқ-юлуқ чалина бошлади. Менга унинг лабларидан учган айрим сўзларгина эшитилар эди, бироқ мен шеърни ёд билганим учун ҳаммасини ботинимда тиклаб, маъно уммонида қулоч отиб суза бошладим:

Оламни пиёда кезиб чиққанлар,
Икки дунё сўзин дилга тукканлар,
Бизлардан ортиқроқ билдилармикан,
Жаҳон сирларини бир-бир йиққанлар?..

Узаниб-бўйлаб, шоирни кўзларим билан шу қи­дирсам ҳам тополмадим. Одамлар оёғи остидан кў­­тарилаётган ғубор кўз олдимда оқ парда янглиғ тор­тилган эди. Бироқ мен энди сафларни бузиб гоҳ олдинга, гоҳ ортга елиб югура бошладим ва биласизми, уни, шоирни топдим! Тушуняпсизми, неча аччиқ ва ҳасратли йиллар ўтиб мен дўстимни тағин қайта учратдим ва тирикчиликнинг эмас, йўқ-йўқ, тирикликнинг чанги қўнган узун киприкли кўзларига қараб туриб ҳозиргина ўзи оламга жар солиб айтган тўртликни ўзига ёддан ўқий кетдим. Иккинчи мисрадан у менга жўр бўлди. Ёнимиздан шитоб билан ўтаётган халойиқ эса бир зум оёқ илиб, бир-бирларига қараб олганча издиҳомнинг қоқ ўртасида овозларини баралла қўйиб шеър айтаётган икки сарсарига, яъни бизга ажабланиб қарай-қарай яна йўлида давом этишар, биз эса бир-биримизга ҳайратланиб боқар, кўзларимиздан соғинч, ўкинч ва севинч ёшлари қуйилиб келарди. Шеър якун топгач, мен уни маҳкам қучоқлаб бағримга босдим. Ўпкам тўлиб юм-юм йиғладим ҳам…
Унинг шеърларидаги маъно-руҳ менинг жавобсиз сўроқларимга биратўла яхлит, каттакон жавоб бўлолмаса-да, барибир, манзилни излай-излай бағоят толган, эзилган, афгор дилимга бир малҳамдек ва ёхуд ана шундай заҳматлар бағрида чопа-чопа қизиб кетган бағримга келиб теккан салқин, ёқимли шабодадек таъсир қилар эди. Шунга қарамай, қайдадир эслаганимдек, менинг дардим шугина малҳам билан аримас, бир пасда елиб эсган эпкин билан ўртадан кўтарилмас эди. Буни жудаям аниқ билар эдим. Чунки мен, шоир, бошқалар… ҳамма-ҳаммамиз йўлнинг фарзанд­лари эдик. Дўстимнинг шеърлари эса йўлчи болаларнинг бир кунда минг кўйга тушиб чиққувчи кайфиятининг фақат биттаси, нари борса, бир нечтаси эди, холос. Мен эса, менинг тиниб-тинчимас кўнглим эса кайфиятнинг бари бир жойга жам бўлишини истар, шундай ҳикматни излаб, кутиб беҳаловат бўлардим. Шу боисми, тақдир мени бот-бот шоир дўс­тим­дан олисларга олиб кетарди…
Биз яна йўлга тушдик ва кўп ўтмай мен шоирни яна йўқотиб қўйдим. Айрилиқ алами ўзининг ҳадди аълосига етганда, кутилмаганда менинг ўзим шеър тўқий кетдим. Шеърсиз мумкин бўлмади. Шеърсиз нафас ҳам ололмай қолдим. Илк шеъримда ҳам йўл бор эди. Бу йўл эса менинг, инсоннинг ҳолини анг­латарди, “Инсон” деб аталарди менинг дастлабки битигим:

Икки ғордир – иккита кўзим,
Қалбим унда гизли хазина.
Вужуд – отим, ақлим – жиловим,
Минг асрдир йўлдаман, мана…

Манзил эса… Манзил кўп йироқ,
Ким етару ким унга етмас.
Умр жуда қисқадир, бироқ
Хаёлимдан Ёр васли кетмас.

ҚАЛАНДАР

Уни мен ҳар доим кўраман. Гоҳ шаҳар кезиб юрган бўлади, гоҳ қишлоқ. Ҳатто кимсасиз биёбону тоғу тош­ларда ҳам уни неча бор учратдим. Елкасидаги хуржун, эгнидаги жулдур кийими ва бошидаги эски кулоҳи унинг қиёфасига афсонавийлик, сирлилик бахш этади. Устига устак, паст, лекин таъсирчан бўғиқ овозда бисотидаги биттагина қўшиғини айтиб қолса, ҳайратдан ёқа ушлайсан, киши. Аслида қўшиқнинг индаллосигина ҳамиша бир хил. Ке­йини эса ҳар гал янги бўлади. “Ё Аллоҳу ё Аллоҳ, ҳақ дўст, ё Аллоҳ!” деб бошлайди у хиргойисини ва қолганини ўша лаҳзада ўзи турган макону замондан келиб чиқиб тўқиб ташлайди. Яъни атроф-жавонибга қараб, унинг ҳолини айтаётган қўшиғига тиркаб кетаверади. Шунинг учун ҳам менга унинг қўшиқлари ёқади. Чунки у бир хил нарсани тўтиқушдек ҳадеб қайтаравермайди, бундан ҳам муҳими, шу макону замонда истиқомат қилаётган мен ва менга ўхшаганларни ўйлатиб келаётган мавзуларни ўз қўшиғига киритади:

Бул тани хокинию руҳи равонни на қилай?!
Бўлмаса қошимда жонон бул жонни на қилай?

Ёрсиз ҳам бодасиз Маккага бормоқ на керак?!
Иброҳимдан қолган ул эски дўконни на қилай?..

Урайинму бошима саккиз Беҳишту Дўзахин,
Бўлмаса васли манга, икки жаҳонни на қилай?!

Аршнинг кунгурасин устига қўйдум оёғим,
Ломакондин жой олибман,
бул маконни на қилай?!

Заррае нури қуёшдек бул жаҳон ичра тамом,
Ошкоро бўлмаса, сирри ниҳонни на қилай?!

Бир Худодин ўзгаси барча ғалатдур, Машрабо,
Гул агар бўлса қўлумда, ул тиконни на қилай?!

ЯНА БОЗОР

Бу ерда эса… Эҳ, бу ерда ҳаммаси би­рам бош­қа­чаки, асти қўяверасиз. Қаландар қўшиғидан фақат оҳанги эсимда қолади, сўзларини эса эслай олмайман. Бунга сабаб, сўзлар ортидаги маъно қобиғини ёриб киролмаганим бўлса керак. Шунга қарамасдан, руҳим ҳаммасини ҳис қилиб турарди, деб ўйлайман. Чунки у қаландар қўшиғи янграган ҳаволарга қараб талпинар, талпинар, талпинаверарди. Шунда қафасни кў­тариб учиб кетаётган қуш тушимга кўп бор кирар, мен эса бу тушдан чунон қийналардим. Лекин нима қилайинки, навқирон эдим ва менинг ёшгина жоним жўшқин баҳрларга шўнғишни истарди. Ахир, кўчаларни тўлдириб хиром айлаётган гўзаллар сизга ишвали кўзларини тикиб турганда, “Қани-чи, сен нималарга қодир экансан?” дегандек шиквали боқишганда, эҳтиросга тўла ёш вужудни ҳар доим ҳам тизгинлаб туришнинг ўзи бўладими! Шунинг учун ҳам ишга кираман, ана, сизга оғиз кўпиртириб айтаётганим нозу неъматлардан баҳраманд бўламан, дердим. Ёш жоним ҳам шуни орзуларди. Иш ҳам шундоқ оёғим остида ётар, фақат сўраб мурожаат қилсам бас эди, назаримда.
Эрталабдан тайёр кийим-бош сотиладиган энг донгдор дўконнинг эшигини тақиллатдим. Ичкарида мени махдум кутиб олди, иш беришдан олдин қў­лимдаги қоғозу қаламга ажабланиб қаради, тушунтириш олгач эса қорнини ушлаб олиб кула бошлади. Унга ёнидаги шотирлари қўшилди, кейин дўкондорлару хизматчиларнинг бари ётиб олиб устимдан кулди. Бир пас ўтар-ўтмас бутун бошли раста, кейин қўшни расталар, сўнг бутун бозор кулгига єўшилди. Мен ўзимни йўқотиб довдирадим ва негадир шошилиб-уялиб қўлимдагини қўйнимга яширдим. Қоғозу қалам кўздан ғойиб бўл­гачгина масхараомуз кулги босилди ва бўм-бўш қўл­ларимга қараб-қараб олишгачгина ишга ёллашди.

КИЙИМИ БОР ЯЛАНҒОЧЛАР

Шундай қилиб, мен кийим-бош сота бошладим. Кунлар ҳафталарга, ҳаф­талар ойларга уланди, ҳаётим изига тушгандек бўлди. Лекин кўп ўтмай бир воқеа юз бериб, орқа-олдимга қарамай бозордан қочишимга тўғри келди. Воқеа бундай эди: қўєқисдан томоғим оғриб, бетобланиб қолдим ва ўша куни ишга чиқмадим, иситмам баландлиги боис тўшакдан ҳам туролмадим. Аммо ишимиз-кучимиз бозор бўлганидан жойимиз ҳам унинг ичида эди. Бинобарин, ётган кўйи бозорни, бозордагиларни кузата бошладим. Тезда эмас, йўқ, жуда кўп вақтдан сўнг бирданига одамлар кўзларимга бош­қача кўриниб кетди. Аввалига ҳайрон бўлдим. Варажанинг таъсири бўлса керак, деб ўйладим. Сўнгроқ эса бундай эмаслиги аён бўлди. Яъни, расталарда кими сотиб, кими харид қилиб юрган одамларнинг аксари бирдан кўз ўнгимда шир яланғоч бўлиб қолганига нима дейсиз? Ҳа-ҳа, айнан шир яланғоч! Касаллигим, бўзйигитлигим ўз йўлига, иссиғим тушиб, оёққа тура бошлаганимда ҳам аҳвол ўзгармади-да! Қолаверса, кейинроқ ўз растамга қочиб ўтганимда ҳам бўзйигит эдим, лекин одамлар кўзимга ўз ҳолича, усти-боши билан кўринди-ку! Ҳай, майли, чалғимайлик-да, бозорга қайтайлик. Мени таажжубга солган яна бир нарса шу эдики, бу расталарда ки­йим-кечак сотиларди, лекин эркагу аёл эгниларига ҳар қанча кийим кийишса ҳам, уларнинг баданлари очиқлигича, онадан қандай туғилган бўлса, ўшандайлигича қолаверарди. Аммо уларнинг ўзлари буни пайқашмасди, ён-атрофимга аланглаб, буни пайқаган бошқа бирон зотни мен ҳам кўрмадим. Ҳар ҳолда, менга шундай туюлди. Шу туйғу мени саросимага солиб қўйди: соғ-поғ бормиканман ўзи, дея астойдил ташвишланиб қолдим…
Бошқа растадагиларга солиштириб кўрмоқчи бў­ламан: лекин улар узоқроқда бўлгани боис (чунки бозорнинг майдони шу даражада чўнг эдики, унинг ичидан туриб ташқарини дарҳол кўриш амримаҳол эди) кўзларим дабдурустдан илғамайди. Кейинроқ ҳам­масини кўра бошлайман. У ерда ҳам кимлардир шундай, ни­ма десам экан, қип-­яланғоч шаталоқ отишарди. Бозордагиларга қайта кўз ташлайман: энди улар орасида энгил-бошлари жо­йида бўлганлар ҳам бор экан. Демак, ҳамма бирдек яланғоч эмаскан, хайрият, ораларида бир-иккита бўлса ҳам авратини беркитганлар юришибди-ку. Бу нарса менга нажот ишораси бўлиб туюлади. Секин-аста худди шундай манзарага ўз растамда ҳам гувоҳ бўла бошладим.
Кўп ўтмай мен яланғоч юрганларни бош­қалар сезмаётганини пайқаб қолдим. Чунки одам­лар гоҳ-гоҳ кийим-бошларини тўғрилаб-тузатиб қўйгандек, кис­саларига қўл, пул солиб олгандек ҳаракатлар қи­лишарди. Муҳими, ҳеч кимнинг юзида ажабланиш аломатини сезмасдим. Одамлар ўзларини ҳеч нима содир бўлмагандек, одатдагидек тутишарди. Во ажабо!..
Мен бўлсам ўша кундан, ўша ондан бош­лаб ўз­гариб қолдим, чунки ҳар лаҳза қип-яланғоч одамлар билан муомала қилиш жуда бемаза иш экан! Ўйлаб ҳам ўтирмай бозордан жуфтакни ростладим.

ЖАҲОНГАШТАЛИКНИНГ БОШЛАНИШИ

Бозордан қочишга қочдим-у, кўп ўтмай кўнглим бошқа расталарни зиёрат қилишни тусаб қолди. Негадир мен ўзимни ҳамма расталарга кириб чиқишга бурчдор деб билардим. Алҳол, ишни бошлаб юбордим. Мен бормаган, мен билмаган раста қолмаслиги керак эди гўё. Шунда мўйсафиднинг єоғозу єалам тутєаза туриб айтган гаплари ёдимга тушди: “Унутма, бу ердаги ҳамма расталар сеники. Ёзишдан олдин ҳаммасини кезиб, кўриб чиқ. Асло, бир жойда туриб қолма! Туриб қолса, сув ҳам ҳидланади. Ўтирган бўйра, юрган дарё. Уқдингми?..”
Негадир хаёлимга бу ерга – тимга кираётгандаги манзара тушди. Унда ҳамма оёқ кийимини ечиб бошқасига алмаштириб олишганди. Ўшанда мен “бу ер масжид бўлса керак”, деб ўйлагандим… Ажаб, кўп ажаб, масжид деб ўйлаганим каттакон бозор чиқиб қолдими?!..

УСТОЗИМНИНГ УСТОЗИ

Ҳаммасидан чарчадим. Ҳаммаси “бир хил, бир хил, бир хил…” эди. Мен бу гапни қаердадир ҳали эшитаман. У ҳали олдинда. Лекин ҳозир миямнинг ичида жаранглаб турибди. У қачондир, олис бир келажакда айтилади, лекин садоси шу тобда нечундир менинг ботинимда янграмоқда. Кеча, бугун ва эртани бир пайтнинг ўзида кўриш, дегани балки шудир, билмадим. Мен ҳаётим давомида ҳали бу кайфиятни кўп бор ҳис қиламан. Мен учун замонларнинг фарқи бўлмайди ҳали. “Дам шу дамдир, ўзга дамни дам дема” дея ҳайқиради ҳали мен мансуб бўлган улкан миллатнинг бир алп ўғлони. У нимани назарда тутганини бир Аллоҳу бир ўзи яхши билади. Лекин мабодо мен шу сўзларнинг айнисини тутиб олиб такрорласам: “Дам шу дамдир, ўзга дамни дам дема” дея сўзласам, биламанки, менинг айни дамимда ўтмишим ҳам, эртам ҳам ҳозиру нозир бўлади. Яъни, одамлар бир хил сўзларни ҳатто ўхшаш оҳангларда ирод қилишларига қарамай, шу бир хил сўзларга юклаган маънолари ҳар доим ҳам бир хил даражада бўлавермайди. Чунончи, деярли ҳамма умри мобайнида кўп бор такрорлайдиган “Мен сени севаман!” изҳорини олайлик. Ҳаётимда неча бор дуч келдимки, бу ҳароратли сўзларни сўйлагувчиларнинг аксарияти керак бўл­ган­да маъшуқаси учун ҳатто жимжилоғини ҳам жодига қўёлмагани ҳолда айримлар “На қилай бу жонники, йўлингда қурбон бўлмаса!” дея азиз бошларини кундага сира иккиланмасдан босадилар!..
Растамни тағин ташлаб қаёқларгадир кетгим келади. Йўқса, нафасим қисиб, ҳаво етишмайди. Дунёнинг деразаларини очиб, тў­йиб-тўйиб тоза ҳаводан нафас олсам дейман. Ва шу заҳотиёқ ушбу фикрниям қачондир, қайдадир бир хаста шоир оғзидан эшитадигандек сезаман ўзимни.
Хуллас, силлиқ йўлимдан чиқиб, ёнимда, мен би­лан аста одимлаб келаётган тоғ силсиласига ўр­лай­ман. Ундаги баланд-паст чўққилар худди туянинг ўркачидек аввал эътиборимни, сўнг бутун борлиғимни ўзига тортади, уларга тирмашиб чиққим, устларидан туриб кўксимни мусаффо ҳаволарга тўлдиргим келади. Шу истакни ҳис қилганим баробарида зерикишим ариб, завқлана бошлайман. Фурсатни бой бермай илк чўққига кўтарила бошлайман. Йўлда кўп машаққат чекаман: гоҳ оёғим сирпаниб, пастга сурилиб тушаман, гоҳ эса тик қояларга тирмашиб чиқолмай тер тўкаман. Ниҳоят, амаллаб биринчи чўққини забт этаман. Унинг энг уст қисмидаги чўнг тошга ўтириб нафас ростлар эканман, ҳув нарироқда, чўққи баробарида жойлашган майдонга кўзим тушади. “Во, ажабо!” дея хитоб қилиб юбораман беихтиёр.
Майдон аввалига бўм-бўшдек туюлади, тикилганим сайин унда одамларнинг қораси илғанади, кейин улар аниқ-тиниқ кўрина бошлайди. “Тавба, қуд­­­ратингдан!” дея ёқамни ушлайман. Аммо азбаро­йи қизиқишимнинг зўрлигидан одамларни, уларнинг ҳаракатларини кузатмоққа тутинаман.
Кўриб турганларим айтадики, бу одамлар ҳам бир томондан иккинчи ёққа қараб оқиб боришаяпти экан. Бу ҳаракат эса йўлни та­йин этар, кўз ўнгимда тағин бир йўл ястаниб ётарди. Кўзларимни йириб, бутун эътиборимни жамлаб тикиламан ва…
…йўлда золим ва мазлум борлигини кўраман. Улар чунонам кўп: минг-минглаб золимлару минг-минглаб мазлумлар…
Эътиборимни ногаҳон бир мўйсафид тортади. Унинг эти устихонига ёпишган ингичка қўл ва оёғига йўғон кишан урилгану ёшу қари, эркагу аёл асирлар қаторида қаёққадир судраб олиб кетилаётганди. Афтидан, унинг тинкаси қуриган, шу боис орқароқда қолиб кетар, дамбадам текис йўлда ҳам қоқилиб йиқилар, одамларнинг кўмагида тағин қад ростлаб юришга уринарди. Бир сафар йиқилганида эса мўйсафид туришга улгурмади, золим унинг устига от қўйиб бориб, юз-кўзи аралаш “шип” этиб қамчи туширди. Мўйсафид миқ этмади, ҳатто қамчи из солган жойи­ни ушлаб ҳам қўймади, фақат сўнгсиз нафрат билан золимга боқиб тураверди. Золим “нега менга тикилиб қолдинг?” дегандек яна қамчи босди. Мўйсафид қилт этмай унга қарашда давом этди. Золим унинг қиличдек кескир нигоҳига ортиқ дош беролмай, шартта қиличини қинидан суғуриб қутирган буқадек олдинга ташланди. Шунда золимнинг қаршисига аллақаёқдан пайдо бўлган йўловчи чиқиб, кўксини мўйсафидга қалқон қилди ва золимга “тўхта!” дея қичқирди. Золим нима гаплигини билолмай, бир зум гарангсиди. “Тўхта, бу қари чолни чопиб ташлаганингдан сенга не наф? Ҳатто чопмаганингдаям манзилгача етмай йўлда ўлиб кетади. Кел, яхшиси менга сот. Мўйсафид учун нақ минг динор бераман!” деди. Золим бунча пулни эшитиб шошиб қолди. Дарров рози бўлмоқчийди, мўйсафид тилга кирди: “Сени алдашяпти. Бохабарлар орасида менинг баҳоим жудаям қиммат туради. Сен мени бозорга элтиб пулла, ана ўшанда бир кунда энг бадавлат одамга айланасан”. Золим ўйланиб қолди. Сўнг ўзича “Šул тўғри айтяпти, чамамда. Бу юртда унинг баҳоси жуда баландга ўхшайди. Йўқса, дуч келган одам унга минг динор тикармиди?” дея ғудрандию қарияни туртиб ўрнидан турғазди. Яна йўл бошланди…
(Йўл! Бу йўл узун эмасди, бироқ у тўқиган афсонанинг умри боқий бўлди. Айрим одамлар юз йил яшаб ҳам ортларида битта ҳикмат ташлаб кетолмайдилар, лекин қариянинг ҳар дами бир афсона эди. Ҳатто қўли баланд келиб турган ёғийнинг устидан кулишга ўлим остонасида туриб ҳам имкон топганди у. Натижани кўрмайсизми, жисмонан зафар қучаётган душман маънан қариянинг оёқлари остига йиқилади. У ҳалигача ўша ерда янчилиб ётибди. Тахминан саккиз асрдан бери…)
Мен бир зум тин олиш учун кўзларимни юмдим. Чуқур-чуқур нафас олдим. Сўнг қа­боқ­ла­рим­ни очиб қарадим. Улар бозорнинг олдида туришарди. Золим мўйсафидни кўп харидорларга кўрсатиб чиқди, лекин қариб қолган қул учун бир қоп сомондан ортиқ нарх таклиф қилишмади. Шунда мўйсафид унга қараб, “Тез сот. Менинг баҳоим бундан ортиқ эмас” деди. Аламига чидай олмаган золим қиличини чиқариб, ҳамманинг кўз ўнгида чолни қиймалаб ташлади…
Мен тағин кўзларимни юмиб олдим – даҳшатдан!..
Ҳушимга келиб кўзимни очганимда эса майдонда ҳеч ким йўқ эди. Фақат шабада бағрида чанг зарралари енгил тўзғиб учарди. Тикилиб ўарасам тўзон сийратига ривоят битилган экан, мен уни ҳижжалаб ўқимоққа тушдим:
…руҳларнинг йўли қадимийдир, улар ба­данлар­дан анча олдин яратилган эди. Йўлда кетаётиб руҳларнинг бир қисми дунёга, қолган бир қисми жаннатга талпиндилар. Улар ўз саодатларини ўша ерларда кўрдилар ва кимлари дунёни, кимлари жаннатни маскан айладилар. Фақат бир тоифагина руҳ йўлда давом этди, этаверди. Шунда улардан Тангри таоло сўради: “Эй руҳ­лар, сизларга нима керак, на дунёга талпинасизлар ва на дўзахдан қўрқасизлар?” Улар жавоб бердилар: “Сени дермиз, демасмиз ўзгасин ҳеч, Ўзинг Ҳаққул яқинсен, ўзгаси ҳеч”. Ундай бўлса, – деди Яратувчи – тайёр турингларким, бошларингга ба­лолар ёғилиб, кўксиларингга оловли найзалар санчилгай! Бу йўл энг машаққатлисидир!..
Буни эшитган учинчи тоифа руҳлар: “Майли, ҳам­масига ҳозирмиз, балойи қазойингни юбор!” дея шодон қичқирдилар…
Менинг эса негадир ичимга бир изтироб тушди. Оёқларим бўшашиб, на олдинга юришимнию на ўтириб тин олишимни билар, кўз ўнгим хиралашиб, бошим ғўнғиллаб айлана бошлади. Кетаётган жойимда – йўлнинг қоқ ўр­­тасида қотдим-қолдим. Шу кўйи қанча вақт ўт­ганини билмайман, бир маҳал денг, болдиримда “чим” этган оғриқни ҳис қилдим-у чўчиб ҳушимга келдим. Энгашиб қарасам, зиғирдеккина чумоли! У чаққан жойни беихтиёр силаб қўярканман, “жиноятчи”ни қў­лимга олиб, “Сенга нима ёмонлик қилдим?” дегандек жимитдек юзига боқдим. Чумоли ҳам қоп-қора кўзлари билан кўзимга синчиклаб қараб турди-да: “Ноумид бўлма, оёғингга ботган тиконлар сен излаган гулнинг даракчисидир” деди. “И-я, сен ҳали гапирасанми?” – де­дим мен ҳай­рону лол бўлиб.
– Ўтириб ол, мен сенга ҳатто ривоят айтиб бераман, – деди чумоли.
Мен йўл четига чиқиб ўтирдим. Кафтимда чумоли.
– Эшит, ривоят бобомнинг бобоси ҳақида, – деди у ва бошлади:
– Бунга кўп замонлар бўлган. Бобомнинг бобоси катта бир тепалик тупроғини мисқол-мисқол олиб бир четга ташиётган, юрар йўлини очаётган экан. Ёнидан кимсан, нақ Сулаймон пайғамбарнинг ўзи ўтиб қолибди-да, оёқ илиб: “Агар сенга Нуҳнинг умрию Айюбнинг сабрини ато этса ҳам бу дўнгликни йўлингдан даф қилиш қўлингдан келмайди, жонингни жабборга бериб ишламоғингдан мурод не?” деб сўрабди. Шунда бобомнинг бобоси жавобан: “Тупроқни олиб, тепаликни ер билан бир этсам, унинг ортида мени кутаётган ёримга қовушаман” дебди. Пайғамбар кулибди: “Ахир, бунга умринг етмайди-ку!”. “Етмаса етмас, муҳими, сафим маълум бўлади” деб жавоб берибди бобомнинг бобоси. Эътибор бер, умри бир чимдим бўлган бобомнинг бобоси қаршисида турган ва ўзини ёридан тўсиб қўйган улкан тупроқ уюмини ҳеч қачон олиб ташлай олмаслигини чинданам билмасмиди? Биларди. Жуда яхши биларди. Лекин ёрга элтувчи бу йўлдан ўзга йўлларни, улар ҳар қанча юришга осон бўлса ҳам, ҳаром ҳисобларди. Бас, умрини ёр йўлига тикади, шу йўлда қурбон бўлишни ўзи учун шараф, ҳаётининг энг олий аъмоли, мазмун-моҳияти деб ишонади. Бу билан бобомнинг бобоси Нур ва Зулмат, Эзгулик ва Ёвузлик, Юксаклик ва Тубанлик… курашида сафини маълум қилади. Ҳеч қачон етолмаса-да, ёруғ мурод – ёрнинг йўлларига умрини бахшида айлайди. Аслида, дунёнинг, дунёмизнинг тақдири ҳам ҳар биримиз учун ана шу танловда ҳал этилади. Дарвоқе, уҳронинг, уҳромизнинг ҳам.
Сен-чи, эй инсон ўғли! Танлаган йўлингдаги ма­шаққатлар ҳақида эшитишинг ҳамона тарвузинг қўл­тиғингдан тушиб, бошинг айланиб қолдими?..
Чумоли мени мот қилганди. Лом-мим деб оғиз очолмай қолдим. Секин ўрнимдан туриб уни олган жойимга – ини яқинига қўйдим-да, йўлга равона бўлдим.

САЖДАГОҲЛАР

Дарвоқе, ёнгинамдаги қаторда мас­жид­лар, черковлар, сангхалар, си­но­ногалар ва яна бошқа кўпдан-кўп сиғиноқлар, муқаддас қадамжолар ҳам ти­зилишиб турар, уларга кириб чиқаётганлар ҳам талай эди. Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек кўринарди. Аммо бу биринчи қарашда эди. Яхшилаб назар ташласангиз кўз ўнгингизда ажабтовур ҳоллар қад ростларди. Яъниким, бу растада юрганлар орасида ҳам жуда кўпчилик либоссиз шаталоқ отарди. Ҳатто Аллоҳнинг уйи­да, меҳроб қаршисида сиғиниб ўтирганлардан аксариятининг эгнида уятини яширадиган бир парча матоҳ кўзга ташланса, ўлай агар! Таажжуб ва ҳайратимнинг ниҳояси йўқ эди…
Яна-чи, художўйлар растаси карвонсаройга менгзарди. Негадир қолган расталардан бир-бирига бориб келишлар камдан кам кўриниб турса, бунисига ҳамма растадан тинимсиз келиб, бу ердан ҳам бошқа расталарга бардавом кетиб туришарди. Шу жиҳатдан олганда, бу раста билан бошқа расталардагилар ўртасидаги алоқа жипс­роқдек туюларди. Аммо ғалатироқ туюладиган томонлари ҳам бор эдики, баъзан уларни кузатиб ёқамни ушлардим. Йўлда менга йўлдош бўлган дилозор бир кимса бор эди, эслайсизми? Ана ўша кас кейинги вақтларда бу ерга серқатнов бўлди-қолди. Ҳалиги насиҳатгўй мулойим афандим бўлса, қорасиниям кўрсатмайди. Олтин буюмлар дў­конидаги анави товламачини хотирласангиз, у кунда-шундалардан. Лекин эгниларида балоям йўқ, шир яланғоч уларнинг бари. Хуллас, қи­зиқ, жуда қизиқ…
Яна шундайлар ҳам бор эдики, улар қал­бимнинг тўридан жой олишганди. Уларнинг ибодати риё учун эмас, билъакс, Ал­лоҳ ризоси учун адо этилар, ўзлари ҳам инсонлик­нинг гўзал намуналари сифатида кўз ва кўнгилни қувонтиришгандан қувонтиришарди.
Шу билан бирга, йўл мобайнида ҳар томонлама камсуқум, камгап ва хокисор шундай одамларга дуч келардим. Улар ибодатгоҳларга келсалар-да, келмасалар-да диллари доимий намозда, ҳамнамозда эдилар. Фақат бундай кишилар ғоят оз сонли бўлиб, тарафдорлари ҳам шунга яраша эди. Тушунмаслар уларнинг тутимига танқид кўзи билан қараб, босган ҳар одимини муҳокама қилишар, тушунганлар эса баланд-паст гаплардан сақланиш мақсадида халққа бир сўз демай ўтишарди. Нима бўлганда ҳам, уларнинг, шу йўлнинг доимий ва тоймас йўловчиларининг қалб кўзлари Улуғ Манзилга мудом тик қадалган эди. Иймону ирфон даъво қилган не-не казо-казолар гарддеккина шовқин сабаб йўлдан чалғиб кетган бўлсалар ҳам айнан ҳамнамоз ҳолидаги зотлар атрофларида нималар содир бўлмасин, қандай оламшумул фитналар уюштирилмасин, барибир, муроду мақсаддан ботин кўзларини асло узмасдилар.

МУҲАББАТ

Йўлда ҳамма ўзи билан банд эди. Ҳатто бировга қизиқиш кўрсатаётганлар ҳам ичкарида ўзлари билан машғул эдилар. Ўзгаларга қизиқиш ҳам ўзликка машғулликдан келаётгандек эди, аслида. Лекин кунлардан бир кун мен ўзимдан ўзгага чинакамига қизиқиб қолсам бўладими… Шоир дўстим ҳам, мен ҳам ёш эдик. Рости, дунёга қайдан келганимизу қаёнга кетаётганимиздан ҳам кўра бошқа, нима десамикан, ёқимли бир мавзуда кўпроқ гаплашгимиз келарди…
Унга кўзим тушгани ҳамон ширин бир ҳис бутун борлиғимни қамраб олдики, дабдурустдан бунинг нима эканлигини тузукроқ фаҳмлаб ололмадим. Билганим шуки, унга, у турган, у юрган томонга қарагим келаверар, қараганим сайин эса олам-олам ҳузурбахш туйғуларга чўмаверар-чўмилаверар эдим. Уни кўргунга қадар мен оламда шу оламнинг бир зарраси бўлиб яшаётган бўлсам, кўргандан сўнг менинг ўзим улкан оламга айлангандим. Ҳар ҳолда, менда шундай қаноат ва сезим бор эди. Кўзларимга уриниб, кўриниб турган неки бўлса, бари-барининг устига асал суртиб қў­йилганга ўхшарди. Олам шундай дилдор, шундай фусункор эдики, ширага ботган тилларим тинимсиз равишда Яратганга ҳамду сано ўқимоқчи бўларди. Аммо оғзимдаги бир парча эт негадир истагимга бўйсунмасди – бол ҳалақит берарди. Йўл айрим ҳамроҳларимга азият етказаётган бўлса, менга фақат ва фақат сурур бахш эта бош­лади. Бир сўз билан айтганда, мен ҳаётдан маст эдим. Сувратим йўлда эл қатори пиёда юрса ҳам, сийратим осмону фалакларда чарх уриб учар, парвоз айларди. Кейинроқ мен бу туйғунинг муҳаббат эканлигини англадим. Тўғрироғи, буни шоир йўлдошим қулоғимга шипшиб айтди.
Ажаб, қиз билан гаплашган онларим ҳамма нарсани унутар бўлдим. На олд қатор, на ён ва на орқа қатор, на ўзгаларнинг кибру ҳавоси, на дўсту душманлиги, на яхшилигу ёмонлиги – ҳеч ким, ҳеч нима ортиқ хаёлимни банд этмай қўйди. Мен ҳатто йўлни ҳам эсимдан чиқараёздим. Ахир, кечагина шу йўл учун, унга кирмоқ, унда юрмоқ учун қанчалар жон ко­йитган эдим! Нима бўлди бугун? Нега барчасини унутдим?.. Қани йўлдошлар, қани ғофиллар, қани баҳслашгувчи турли-туман қавмлар? Нега уларнинг сўзлари менинг қулоғимга кирмас бўлди? Нега уларнинг дардларини эшитмаяпман? Севгилимнинг ҳузурида эканман, нега қолган бутун олам менга бегона бўлиб сезилади? Гўё атрофимда юз бераётган воқеалар қалин бир парданинг ортида рўй бераётгандек хира тортиб қолади? Нега, нима учун?!.
Эслайман: ўша кезлари дўстимнинг шеър­ларини унинг ўзидан-да кўпроқ эслагувчи, уларни бот-бот айтиб юргувчи эдим. Сабаби – юрагимдаги қизга бўлган ҳис-ҳаяжону тушиб қолган аҳволим ва шеър ўртасида бир боғлиқлик бордек туюларди. Бас, мен шеърга ошно бўлдим. Лекин ўз шеърларимни битдим. Ахир, қўлида қалами бор ҳеч киши ёрига бировнинг сўзи билан муҳаб­бат изҳор қиладими?..
Қиз билан кундузлари бирга йўл босар, кечалари эса уни тушларимда кўриб, тўлқинланар, хаёлу орзуларга толар, уларнинг тубсиз қаърларига масту мустағриқ чўкиблар кетардим. Секин-аста муҳаббатимизга тўсиқ бўладиган турли хил сабаблар чиқа бошлади. Худди йўлимиздан чиқиб турадиган ғовлар – тоғлар, жарликлар, дарёлар, чўллар янглиғ… Шу боис кўнглимга изтироб тушди. Изтиробки, бўйи нақ Жамолунгма чўққиси қадар САРБАЛАНД, изтиробки, чуқурлиги нақ Мариана чўкмаси сингари ТЕРАН…
Мен ана ўша баландлик ва теранликка чиқиб-ту­шиш асносида қалбимда содир бўлган тит­роқларни бирма-бир қоғозга туширдим. Ахир, менга қоғоз ва қалам берилган эди “Кириш”да, эсланг!

ЁРГА МАКТУБ

Ёнингда юриб адолар бўлганимни қайси тил билан изҳор айлай? Ҳар кун кўзларингга қараш, қараш нимаси, термилиш имкони бўла туриб, шундай қила туриб сени соғинсам, сенга интилаётиб тинимсиз равишда изтироб чексам, ўртансам, бу дарднинг бошқа давоси бормикан ўзи? Тонмайман, мен Яратгандан сўраган бўлсам фақат муҳаббат сўраганман. Муҳаббат бўлгандаям, менинг бу дунёга келишимга арзийдиган, муносиб муҳаб­бат! Лекин… лекин бу ишқ дегани хонумонимни, бутун борлиғимни ёқиб кул қилишини ўйламаган эканман. Киши севса-ю, севганига етолмаса, табиийки, ўшандай бўлади деб билардим. Сен ёнимдасан-ку! Бағримда, кўзларимнинг қорачиғларида ҳар кун борсан-ку! Кун-ку кун, тунлари ҳам мен билан биргасан-ку! Сен кирмаган тушларим ҳаром бўлсин! Сени ўйламаган куним ҳаётимдан ўчиб йўқликка юз тутсин!.. Ҳа, мен аллақачон мана шу ҳолга тушганман: қарғанаман, сўкинаман, бақираман, чақираман… Чунки сенга тўймаяп­ман! Сенга тўйиш мумкин эмаслигини билиб қолганман, эй гул! Қани энди имкони бўлсаю бағримга панжаларимни тиқиб, ёриб, сўнг дук-дук этиб уриб турган юрагимга сени жойлаштириб қўйсам. Тумор янглиғ сени юрагим ўрнига тақиб юрсам. Ҳар нафасингни ўз кўксимда ҳис қилсам!..
…Сенинг исминг фақат бошқалар чақириши учунгина ярайди, мен сенга ўзга ном топаман. Сенинг исминг Баҳорга уйқаш бўлиши кераклигини ҳар доим ичимда сезиб яшаганман. Ахир, баҳор кўкариш, гуллаш ва яшариш фасли экан, бу ҳаёт дегани бўлади. Демак, сенинг исминг ҳам ҲАЁТ билан маънодош бўлмоғи керак! Оламнинг уйғонишидан даракловчи гул бор, исми бинафша! Ҳа, сен бинафшасан, менинг Бинафшамсан! Олам бинафша билан кўз очгани янглиғ мен ҳам сен-ла бошимни кўтардим – ғафлат уйқусидан, севгилим!..
Дунёга кўнгил қўйманг, дейилади ўлмас ўгитларда. Орий рост. Лекин бу дунёда сен бор экансан, уни севмай бўладими? Ахир, Сен Яратгандан мен томон солинган туйнук-йўлсан-ку! Мен Эгамнинг қошига фақат шу йўлдан юриб бора оларканман, нечун сени севмай! Сенинг жисминг дунёда, унинг қонунлари билан қоим экан, нечун дунёнинг ҳам қадрига етмай! Мен дунёни сен учун, сени Аллоҳ учун севишимни наҳотки билмасам!.. Севги инсонни ақлдан оздиради, дейишади. Билмадим, у қандай севги экан… Сенга дуч келдим-у мен ўз нодонлигимни англадим. Мени шу ҳолга келтирган, мендаги нодонликнинг илдизига болта урган қудрат бу сенга бўлган муҳаббатимдир! «Бас, муҳаббат ҳар недан бурун маърифатдур!» – дея ҳайқиргим келади аҳли ғофиллар дунёсини ларзага келтириб:

Бинафшажон, Бинафша, раъноларга ўхшайсан,
Тириклигим жавҳари – маъноларга ўхшайсан.
Юзларингни кўрдиму нодонлигим англадим,
Нодон дилим зор бўлган доноларга ўхшайсан.

…Аллоҳ ягонадир. Менинг сенга эҳтиёжим шуни исбот қилмаяптими? Ахир, мен сенсиз яримман, сен ҳам менсиз шундайсан. Икки ярим биргаликдагина бир бутундир. Биз биргаликда Тангри бирлигига шоҳидлик бермаяп­мизми?!.. Бас, ошиқлик ва маъшуқлик Аллоҳ Таолонинг Бирлигига гувоҳликка ўтиш, демак!..
…Тангрим, мен сенга қуллик қилдим, Сен яратган инсонни севиб, уни алқаб, уни куйлаб бандалик қилдим! Мен бошқа ибодатни билмадим. Билсам ҳам уларга на фурсатим қолди ва на рағбатим. Менинг севгим – менинг ибодатим! Ибодатимни қабул айла!..
…Сен ёнимда бўлсанг, Бинафша, дунёларни асир оламан. Акси тақдирда, дунёлар мени банди айлайди. Ортимда сен борлигингни сезиб турар эканман, мен бутун оламга қарши жангга кира биламан! Акси тақдирда, мен ҳатто ўзимни ҳам енга олмайман…
…Менга сенинг севгинг бас! Агар бутун олам бир бўлиб севгисини бир ерга жамласа ҳам биргина сенинг севгинг қаршисида бағоят ҳақир кўринарди, эшитяпсанми, бағоят ҳақир? Агар сен севмасанг, оламнинг мени севишидан заррача наф йўқ қалбимга! Оташин муҳаббатингни ҳис қилар эканман, оламнинг севгисига зиғирча ҳам эҳтиёж сезмайман! Аллоҳнинг сири мен учун сенга, сенинг кўзларинг ичига, қалбингнинг энг азиз тўрига бебаҳо хазина янглиғ кўмилган бўлса ва мўъжиза юз бериб, мен уни сезиб-кўриб қолган бўлсам, энди омонлигим фақат сенинг қўлингда эканлигини яна қай йўсин баён этай!?.. Йўқ, мен бу гап­ларни аллақайлардан ўқиб олмадим. Мен ҳеч қачон бировнинг фикрига қўл чўзмаганман, уларга муҳтож бўлмаганман. Бу ҳайқириқлар тоғ бағрини ёриб кўк­ка ўрлаган вулқон янглиғ юрак қаъримдан отилиб чиқаяпти!..
… “Гул учун раҳмат!” деб ёздинг телефон орқали. Мен эса жавобан “Сен ҳам менга гул ҳадя қил, яъни ўзингни…мангуга!”деб жавоб йўлласам, ортидан хабар етди:
– Сизга ҳадя бўлиш учун келганман бу оламга!..
– Мен эса шу ҳадяни қабул қилишга ва Яратганга шукрона айтишга келганман. Менинг шук­ронам сенда мужассам…
Лекин тақдир ҳар доим ҳам бошимизни силамас экан. Унинг меҳри қанча баланд бўлса, қаҳри ҳам, шафқатсизлиги ҳам шунча, балки ундан-да дарозроқ кўриниш оларкан гоҳо. Кутилмаганда ўртамизга со­вуқчилик тушди. Шунча қидириб ҳам бунинг сабабини тополмадим. Сен билан гаплашиб, орадаги пардани кўтариб ташлашга бўлган барча уринишларим эса зое кетди. Уйқуларим қочди. Телефонни олиб ёздим:
– Тоғларга чиқиб ҳайқиргим келяпти, ҳайқиргим!
Сендан жавоб келди:
– Ҳайқиринг унда!
Яна ёздим:
– Аммо сенинг қулоқларингга шивирлаб ҳам у ҳайқириқ эҳтиёжини босишим мумкин. Фақат шивирларим қалбингга етиб борса, бас… Менинг нолаларим Аллоҳимга етган, мен буни ҳис қилаяп­ман. Сенга етиб борсин энди… Яратганнинг иши шу экан, бахтни битта қалбга жамлаб қўяркан. Худди мусулмон Каъбага талпинганидек талпинар экансан ўша қалбга!..
…Севганда ҳамма нарсага тайёрликни тан оламан. Ўртаси меники эмас. Ўртаси – ўйин. Бадан ўйини. Ўртаси – бозор. Бадан бозори. Мен ва сен ўртамиздаги туйғуга Худонинг ўзи аралашган. Шунинг учун ҳам у бадандан кўҳна, бадандан кучли Руҳларимизнинг мулоқоти бўлиб яшаяпти…
… Агар ёрим Аллоҳ бўлса, ҳа, мен мажнунман. Фақат Аллоҳни у яратган инсони орқали севаман! Тушуняпсанми, Бинафша! Ахир, мен сенда, сенинг порлаган кўзларингда Тангрим жамолини севяпман! Бунинг нималигини биласанми? Ҳеч қачон, ҳеч бир вазиятда сендан юз буролмайман дегани! Ҳар доим, ҳар қандай шароитда сени дейман, ортингдан итдек эргашиб юраман дегани…
– Фақатгина боқий олам қаршисида ожиз бўлиб қолмасак, бас. Бу дунёнинг ғовларини енгиб ўти­ши­мизга ишонаман, – дединг ўзингга жуда-жуда ярашадиган гўзал жасорат билан.
– Мен ҳам шу ҳақда кўп ўйлайман, – дедим жавобан мен. – Сен бу дунёда мен юришим мумкин бўлган бирдан бир ЙЎЛсан. Фақат шу йўлдан юрсамгина Тангрим қошига етиб оламан деб қатъий ишонаман. Лекин Тангримнинг қошида ҳам сендан айрилгим келмайди. У ерда ҳам мен сени сўрайман. Сен менинг мангу йўлим бўлишингни хоҳлайман. Лекин гапларинг ўйлатиб қўйди: “Чинданам боқий олам қаршисида чорасиз қолсак-чи?..” Ўйлай-ўйлай чора топдим: истагимизни, эҳтиёжимизни шеър­га кўчираман. Кейин ўзимиз ана шу шеърга кўчиб ўтамиз. Абадий бирга бўлиш учун! Шеърга айланган бизнинг тилагимиз Яратган ҳузурида бизга ҳар доим шафелик келтириб туради, деб ишондим. Ва ярим тунда телефонингга шеър юбордим:

Ёнингдаман!..Ёнимдасан!..
Аммо бағрим куяр, гулим!
Ҳар лаҳза, ҳар онимдасан,
Ҳижронингни туяр дилим…

Кел, мен сенга ўтай кўчиб,
Ё сен кўчгил менга абад!
Биргаликнинг майин ичиб
Қилайлик ул Ёрга тоат!

Тоатимиз муҳаббатдир,
Муҳаббат чин ибодатдир…

Бебақо дунёдан сени мана шу тарзда бо­қий дунёга олиб ўтаман – шеърга айланган дуоларим билан. Адабиёт деб аталган намозим билан. Муҳаббат дейилган ибодатим билан!..
…Бинафша! Атрофда ҳар хил фитналар бор. Сен уларга енгилмай, ўзингни қўришга ҳаракат қилсанг, бас. Уларга кўнгил олдирмасанг бўлгани. Қолганини менга қўйиб бер! Мен сен учун дунёдаги исталган кучга қарши чиқишим ва сира қийналмай зафар қучишим мумкин. Фақат… фақат бунинг битта шарти бор, бу – сен! Сени ортимда ҳис қилмоғим керак! Худди Ватан каби! Мен нима учун жангга кираётганлигимни онгим ва қалбим англаши шарт!.. Ортида Ватани бўлган жангчи енгилмасдир! Юрагида ва ёнида ёри бўлган инсон ҳам мағлубият билмайди!..
…Тақдир менинг қўлимга қалам тутқазиб “Ёз!” деди. Мен ёздим. Жуда кўп ёздим. Ке­йин сенга дуч кепқолдим ва жуда кам ёзадиган бўлдим. Биламан, қалам билан ҳали менинг қилишим мумкин ва зарур бўлган олам-олам ишларим бор. Бироқ… бироқ сен қайда қоласан унда? Мен ҳеч қачон сени ҳеч кимга ва ҳеч нимага алишмайман, демадимми. Ҳар қандай ўзга оламшумул ишлардан умримни сен учун қизғанаман, деб айтмадимми! Мен сенгагина, сени севишгагина олиб қўйдим уни – қолган умримни! Эшитяпсанми, тушуняпсанми гапларимни!?.. Тушунмаслар мен ҳақимда “улус олдида шунча қарзлари туриб, аллақандай севги билан ўралашиб юрибди” дея, тутимимни аёвсиз муҳокама қилаверадилар. Буни биламан. Тушунганлар биладики, фақат Ҳақнинг олдидаги фарзларгина энг олийси! Муҳаббат мен учун ана шундай олий фарз. Ким учундир бу намоз ўқиш, ким учун тижорат қилиш, куйлаш, иморат солиш ва ёки дарахт экиб боғ яратиш… Менинг чекимга севиш тушган бўлса, нетиб ундан қўл ювай? Ахир, деҳқон ё амалдор келиб, Худойимнинг бир бандасини мен каби севиб бера оладими? Борлиғини – ширин жонини ёрининг пойига сира иккиланмасдан тўшай биладими?.. (Ёки мен бориб деҳқон сингари буғдой етиштиришни эплайманми?..) Ҳа, бу дунёда ҳамманинг чекига ўзигина таҳаммул қила оладиган қисмат тушади…
Тирик инсон билан муҳаббат орқали пайвандланган баланд муносабатгина инсонни Яратувчи билан боғлайди! Қолган барча ишлар ҳар қанча муҳим ва долзарб бўлиб кўринмасин, ундай эмас. Улар инсонни инсон билан боғлаши мумкин. Ундан ортиқ эмас. Тарих нима? У инсон ҳаёти ва фаолиятининг кетма-кет юз берган воқеалари силсиласи. Адабиёт нима? У инсон ботиний оламининг таржимаи ҳоли… Инсон-чи? У ким? Инсон – Аллоҳ яратган олий хилқат! Орасидан биттасини танлашим учун менга имкон берилса, сира иккиланмасдан Инсонни, Аллоҳнинг бевосита ўзи яратган Неъматини, яъни сени танлайман!.. Ва унутма, ҳеч қачон, ҳеч қандай вазиятда афсус қил­майман, валлоҳу алам!..

ЙЎЛ ТОҒ УСТИДАН КЕЧДИ

Ковушни кийганимдан бери кундузлари қуёш ҳамроҳимиз бўлса, кечалари ой посбонимиз эди. Мен ҳар сафар унга қараганимда, ичида бир дарди борлигини ҳис қилардим. Юзларига тушган доғ ҳам аслида ана шу дард туфайли эди, назаримда. Йўлимизда уч­раган баланд тоғдан ошиб ўтаётганимизда ойга жудаям яқинлашиб қолдик. Шунда мен бутун диққат-эътиборимни бериб ойни кузата бошладим. У эса ўз тарихини аён этди. Йўқ, у менга бир сўз ҳам демади, ҳаммасини унинг ҳоли баён айлади.

ТУШ

Яна йўл. Фақат йўл бор эмишу йўловчи йўқ эмиш. Аслида, биз билган йўлнинг йўллиги унинг йўловчиси билан эди. Ҳайрон бўлдим. Йўл чангу тўзонлар ичида қолгандек, кўзга аранг илғанарди. Бир маҳал чанг бироз тарєалиб, ичидан бир қора кўринди. У дол ҳарфидек букчайган қаддини базўр судраб келарди. Яқинига бордим. Э воҳ, йўлнинг биргина йўловчиси аёл киши эди. Ажин босган юзларида асрлик ғам қотиб қолгану теран кўзлари қатъиятли боқарди. Ундан сўрадим:
– “Қайдан келаётирсан?
– У жаҳондан.
– Қайга кетаётирсан?
– У жаҳонга…”
Мен мийиғимда кулдим. Ичимда “Не-не эр зотлар, эранлар билмаган сирни келиб-келиб сен биласанми, эй аёл?” деган иштибоҳли савол ғимирлаганини ҳис қилдим. Ва шу заҳотиёқ еру кўк гумбирлаб “Яратган сизларнинг сувратларингизга эмас, балки сийратларингизга, кўнгилларингизга боқади” деган сас келди. Мен лолу ҳайрон бўлдим. Шу лоллигимча ўрнимда худди михлангандек қолавердим. Мункайган аёл жисмини судраб яна чангу тўзоннинг ичига кириб кўздан йитди. Мен эса ўша кўйимда кунни кеч қилиб тонгни оттирдим. Бобо қуёшнинг кўзларимга, юзим ва кўксимга туша бошлаган нурларидан беихтиёр ҳушимга келдим… – Тавба, ҳаммаси шунчалик осон ва шунчалик аниқми?! – деган оловли хитоб бағ­римни, сўнг икки жағимни ёриб, ташқарига сўз шаклида отилиб чиқди:

Ҳув анов осмоннинг ичиндаман мен,
Ҳам манов карвоннинг ичиндаман мен.

Умр ўтиб борар, манзилдан хат йўқ,
Кўзи тўрт сарбоннинг ичиндаман мен.

Бошимда қуюндай айланар ҳар ўй,
Эмди қай довоннинг ичиндаман мен?..

Бир томчи сувим йўқ, мадор ҳам битган,
Билмам, қай дармоннинг ичиндаман мен?

Ким билан гаплашмай, “Мен ҳақман!” дейди,
Қай одил инсоннинг ичиндаман мен?

Сени севгим келар ортимга қайтиб,
Оҳ, ишқсиз давроннинг ичиндаман мен!..

Битта Худо ҳақда минг битта китоб,
Қай тўғри Қуръоннинг ичиндаман мен?!..

Ичим куйиб кетди, парвардигоро,
Нечун тўрт томоннинг ичиндаман мен?

Чиқиб кетсам ҳамки, томондин нари
Не суд? Дил – қопқоннинг ичиндаман мен…

ЎРМОНДА

Йўлнинг илгарисида қорайиб бир нима кўринди. Ҳамма сувсизликдану чарчоқдан адойи тамом бўл­ган эди. Умидланиб, суқланиб, севиниб боқдик қо­райган нарсага. Қаердандир куч келди танимизга. Йиқилганлар турди, турганлар юрди. Ниҳоят, ўша қорайган жойга етиб келиб қарасак, у улкан ўрмон экан. Ўзингга шукур! Ахир, сароб бўлиб чиқиши ҳам мумкин эди-да! Неча бор шундай бўлган эди. Ўрмонни қоқ иккига бўлиб оқаётган ирмоқдан тўйиб-тўйиб сув ичдик. У ердаги мевалардан териб-териб едик. Танамиз яйради, кўзларимизда ҳаёт гуллади. Ором бизни уйқуга элитди. Сўнг уйқу элтди. Мириқиб ухлаб турдик. Лекин негадир менинг сира ўрнимдан тургим, юргим келмасди. Ҳамроҳларимга боқсам, уларда ҳам шу ҳол. Ётдим, ётавердим ўй суриб. Тўсатдан икки ўргимчакка кўзим тушди. Улар тўқиб қўйилган тўрларида аллақандай ўйин ўйнаётгандек туюлди. Қизиқсиниб кузатдим. Бу оддий ўйин эмас, балки қўшилув рақси экан. Хатти-ҳаракатларидан урғочиси каттароқ ва семизроқ, эркаги бўлса қорароқ, озғинроқ ва кичикроқ эди. Жараён узоқ давом этмади, энди у ёнбошимга бурилиб ётмоқчи бўлганимда, урғочи ўргимчак эркагини маҳкам тишлаб олди, шекилли, бечора нечта оёқчалари бўлса, борини ҳар томонга ёйиб жон талваса қила бошлади. Бунга сари урғочининг исканжаси ортди, ўзининг катта ва бақувват оёқлари, боши, нишлари ёрдамида эркагини бағрига шунчалар қаттиқ босдики, натижада у жон таслим қилди. Бир пас ўтар-ўтмас, урғочи унинг юмшоқ баданига нишини ботириб, ичидаги ширасини сўриб олди, қолганини оғзидан чиқараётган ип билан ўраб-чирмаб қўйди-да, ўзи тўрнинг нариги томонига ўрмалади. Менинг уйқум қочиб, бўларим бўлди. Қарасам, чўкка тушиб ўтириб олган эканман. “Ахир… ахир, улар эндигина бир-бирларини севиб туришувди!” – дейман тин­май ўзимга ўзим, – эндигина бир-бирларини севиб туришувди-я!..

ЁЗУВЧИЛИК

Мен буларнинг ҳаммасини ёзардим. Лекин баъзан қалам қитирлатиш малол келар, ботинимда ўша титроқ бўлмаса, бу ишдан воз кечиб қўя қолардим. Қизиқ, нима экан бу титроқ? Мўйсафиднинг сеҳру жодусими ё бошқа бир нарса? Билолмасдим. Аммо у ичимдан селдек бостириб келганда ўзимни қўярга жой тополмай типирчилар, беихтиёр қўлларим қаламга ёпишар ва шу тахлит ҳушимни тўплаб, ўзимга келардим. Йўқса, ичимдаги мувозанатни йўқотиб бир балонинг ўқига гирифтор бўладигандек титраб қақшардим. Айни дамда, ўша титроқ бўлмаганда ҳаммаси бошқача кечарди деб ўйлайман. Эҳтимол, мен ҳам бошқа растага бутунлай ўтиб кетардим. Ана, кирганларнинг аксари бозор расталарида юришибди. Қолганлардан кўра тузукроқ умргузаронлик қилаётганлар ҳам шулар, аслида. “Менинг пешонамга битилган растада нима бор эди?” дея синчковроқ разм соламан: одам кам, гаплашадиган дилдош эса ундан ҳам сийрак. Йўл – тор, устига устак, чуқур-чағир. Юриш қийин, дам аллақандай чакалакзорга дуч келсам, дам чўлу биёбондан чиқиб ҳайрон бўламан. Ҳа-я, биргина таскин бор экан, у ҳам бўлса, йўлимизнинг бошқа йўллардан хиёл баландроқда жойлашганлиги боис қолган ҳамма йўлларни, ундаги карвонлар ҳаракатини кафтда ўрмалаб бораётган чумолини кузатгандек кузата олардим. Кузатардим ҳам. Ахир, бу ерда бирдан бир завқли иш ҳам шу эди-да. Бошқа нимаям қилардим? Кузатишу ёзишдан чарчаган пайтлар эса зерикардим. Аслида, туриб-туриб ишим ҳам жонимга тегиб кетади. Ундан безаман. Ахир, нима дегани бошқалар ҳаётини кузатиш ва у ҳақдаги бор гапни қоғозга тиркаб қўйиш? Ким берибди бани одамга бундай ҳуқуқни? Нега у Яратганга очиқдан очиқ тақлид қилади?!.. Баъзан тушунмайман… Єилиб юрган ишимдан озорланиб бош­қа расталарни кўзлайман. Лекин нима қилайинки, биронтасининг қўйнида тасалли топадиганга ўхшамайман. Ахир, бориб келдим-ку уларнинг қанчасига! Нима бўлди? Бошєаларга қўшилиб ўзим ҳам шармандаи шармисор бўлишимга бир баҳя қолди-ку!.. Балки бўлгандирман ҳам. Ўзимга устим бут бўлиб кўрингани билан бошқа нигоҳ уни бошқача кўргандир. Ахир, менинг ўзим ҳам ўзгаларни ўзгача кўраяпман-ку!..
Лекин сўз мени таъқиб қилаверади: юрсам-турсам, турсам-ухласам, йиғласам-кулсам… ҳамма жойда, ҳамма ҳолларимда у мен билан бирга! “Тавба, унинг қўлидан нима ҳам келарди? Шартта ташлаб, эл қатори бошқа, кўпчиликнинг эътиборидаги, уларнинг расталаридаги ишлардан бири билан машғул бўлсам-чи?” дейман туриб-туриб. Рост-да, сўз деганимиз ўлик товушлар йиғиндисидан иборат бекорчи ҳаво эмасми, ишқилиб…

ЙЎЛОВЧИ

Бир маҳал жануб томондан нотаниш киши чопиб кела бошлади. Бутун йўл аҳли тек қотди. Гўё еру осмонда ҳаракат тинди. Ниҳоят, тушуниксиз саслар қулоққа чалинди. Нотаниш йўловчи яқинлашган сайин унинг ўз-ўзига бақириб-чақириб ниманидир уқтириб келаётгани маълум бўлди. Ҳамма нафасини ичига ютган кўйи унга қараб турарди. У тобора ёвуқ келди ва оғзидан учиб чиқаётган сўзлар англашила бошлади: “Сизларга айтганларим туш эмас, балки ўнг, эшит­япсизларми, ўнг!!!” Йўловчи шуларни айтиб йўлни, одамлар оқимини қоқ ўртасидан кесиб ўтиб, шимол томон кетди. Ҳамма унинг ортидан қараб қолди. Ҳеч ким ҳеч нима демади. Ҳамма тубсиз ўйга чўмди…
Йўловчи кўздан ғойиб бўлгачгина издиҳом яна оғир қўзғалди. Фақат йўловчи ўтганда очилиб қолган оралиє ҳали-ҳануз бир из бўлиб узоқ-узоқлардан ҳам кўзга ташланиб турарди.

СУВРАТ ВА СИЙРАТ

Бу орада бошимдан кўп воқеалар кечди. Иссиқ-совуғу баланд-паст таъмини роса тотдим. Кўзимни кузатсам, сўнгги вақтлар саждагоҳларга, уларга кириб чиқаётганларга узоқ-узоқ қараб қоладиган одат чиқарибди. Ичкарида кўнгил ҳам шунга суст кетибдими, билмайман. Лекин бошқа расталарда эгни-усти борлар бўлганидек, бу ерда ҳам яланғочлар тўлиб-тошиб ётарди. Демак, деб ўйладим ўзимча, инсон умрининг қайси растада ўтиши эмас, балки қандай ўтиши, суврат эмас, сийрат муҳим экан! Чунки кийимлилар ва кийимсизларнинг ўзиёқ мен учун инсонликнинг асл мазмунини ошкор этиб қўйганди. Шунда ҳар кимнинг ўз растасига йўналган эшикдан кириши бежиз эмаслигини, менга қоғозу қалам тутқазган мўйсафиднинг синчи нигоҳида ҳам шундай маъно яширинганини, у менга худди шуни тушуниб етармикан-йўқми, тушунса-ку хўп-хўп, тушунмаса, унга инъом этилаётган қоғозу қаламнинг қадри нима бўлади, дегандек қараганини англагандек бўлдим. Тағин Аллоҳ билгич…

БЕЗОВТАЛИК

Бироқ… барибир кўнглим безовта эди. Ҳеч нима билан унинг алағда ҳолини ўнглай олмасдим. Бирданига ҳаммаси бегона туюлиб кетарди шундай кезларда. Қилиб юрган ишим ҳам, тушиб қолган растам ҳам, атрофимдаги яккам-дуккам қисматдошларим ҳам, ҳатто ўша мўйсафид ҳам, қўлимдаги қоғозу қалам ҳам… ҳамма-ҳаммаси. Неча марта қаламни четга улоқтирдим, лекин яна шунча марта бориб қайта олдим. Бу иш менинг асл ишим эмас, дерди ичимда кимдир. Аммо минг ўргилиб ҳам ўзимга бундан муносиброқ бошқа юмуш тополмасдим. Чирпинардим, юлқинардим-у, ўз растам бўйлаб юришда, унинг охирига қараб одимлашда давом этардим. Ҳар тугул, бу раста қолган барча расталардан баландда, мен ҳаммани беш қўлдек кўриб-билиб тураман-у, мени бошқалар кўришолмайди, деб таскинланардим. Нафсиламрини айтганда, бу ҳам вақтинчалик тасалли эди. Чуқурроқ ўйлаб кўрганимда эса ҳеч нима менинг ҳувиллаб бораётган ичимни тўлдира олмас, унга малҳам роҳатини беролмас эди. Атрофимга боқиб, кичкина ишлар билан андармон юрганларга, ейишга бир бурда нон топганига овуниб дун­ё­­ларни унутганларга ҳавас қилардим. Ҳавас қи­лардим-у минг уринсам ҳам ўзим уларга ўхшай олмасдим. Чунки нима қилайинки, кўзларим ҳаммасини кўриб турарди. Шунинг учун кўзларимни ёмон кўрардим. Ҳаммасига сабабчи – улар!.. Мени бахтсиз қилган – кўзларим, дер­дим ўзимга. “Уларнинг ичига менинг бу дунёдаги зерикишим уруғлари экилган!”, дея ҳайқиргим келарди.

МУҚАДДАС ЖОЙЛАР ЗИЁРАТИ

Одамлар, ўша, сиз билан биз кўрган одамларнинг аксарияти вақти-соати етиб, муқаддас жойларни – кими масжид, кими черков, кими сангха, кими синонога, кими яна бошқа сиғиноқларни зиёрат қилиш тараддудига тушишар экан. Чунки бозордаги қилмишларини кўрдингиз, шуларнинг каффорати учун югуришиб қолишармикан, деб ўйлайман мен. Тағин Худо билгич. Шундай қилиб, катта йўлнинг бошига чиқсангиз, у ердан ўтаётган ҳар уч одамнинг биттаси шу ташвиш билан андармон кетаётганига гувоҳ бўласиз. Фақат, қизиғи шундаки, сиз улар билан кунда мулоқотда бўласиз-у, кўрмайсиз. Инсоннинг ичини кўриб сезмагандан кейин ўзи шунақа бўлади-да. Уларни кўриш учун кишининг ўзида ўшаларникига яқин бир кўнгил ҳоли пайдо бўлмоғи лозим экан. Ўйлашимча, мен ҳам шу тобда ўшандай ҳолда эдимки, кўзларимга нуқул зиёратчилар кўринади, денг. Бовужуд, мен йўлда кетаётган миллиардлаб одамлар орасидан зиёратчиларни излаб топдим.
Улар билан бир пасда апоқ-чопоқ бўлиб кетдим. Худди қирқ йиллик қадрдонлардек. Бир нима демасимдан улар мени, уларни эса мен сўзсиз-садосиз тушунаман денг. Энди бизнинг кўзимизга ўзгалар кўринмас, кўринса ҳам етти ёт бегонадек туюларди. “Илгари, мен бошқа кайфиятда юрганимда аҳвол бутунлай тескари эмасмиди?” дея савол бераман баъзан ўзимга ўзим. Ахир, мен буларни кўриб кўрмаганман, улар билан ишим бўлмаган, уларни менсимаганман ва ёки яна-да баттар муносабатда бўлганман. Энди кўринг ҳолимни…
Ҳаммаси яхши, силлиқ кетаётган эди. Бирдан кўзларим катта бир муюлиш ёқасида турган қа­лан­дарга тушиб қолди. У қофила-қофила бўлиб бораётган зиёратчиларга ўйчан нигоҳини тикиб турарди. Туйқус нигоҳи менда тўхтаб, аввал севингандек бўлди, сўнг негадир ачиниб боқди.
– Ассалому алайкум, қаландарим! – дедим мен.
– Ваалайкум ассалом, йўловчи! – деди у.
– Юр, мен билан! – таклиф қилдим мен.
– Йўқ, – деди у.
– Нега?
– Нима фойдаси бор?
– Бу нима деганинг?
– Сен йўловчисан, йўлингдан қолма, – деди у.
– Унда сен кимсан?
– Мен ҳам йўловчиман, – жавоб берди у.
– Унда юр мен билан, ҳамроҳ эканмиз-ку. Йўлнинг заҳматини аритиб, суҳбатлашиб кетамиз.
– Иложим йўқ.
– Нега, нима учун, ахир!?
– Чунки менинг йўлим менинг ичимда.
Мен ўйланиб қолдим. У эса нари кета бош­лади. Шунда мен ортидан қичқирдим:
– Нима, сен муқаддас жойниям зиёрат қил­­­­гани бормайсанми?
У жавоб ўрнига қўшиғини бошлади:

“Ё Аллоҳу ё Аллоҳ,
Ҳақ дўст, ё Аллоҳ!”
Сен руҳимда яшарсан,
Йўқ Сендан ўзга бир роҳ,
Ё Аллоҳу ё Аллоҳ!..

Кейин нима дегани эшитилмади, чунки узоқлаб кетганди. Аммо қаландарнинг қораси ўчгандан кейин, у кетган томондан бир шамол эсдию қулоғимга шундай сўзларни олиб келди:
“Аршнинг кунгурасин устига қўйдум оёғим,
Ломакондин жой олибман, бул маконни на қилай?!..”

ЙЎЛДАГИ БОЛА

У жудаям толиқиб келганга ўхшарди. Бориб ёрдам бергим келади-ю, уддасидан чиқолмайман. Нега дейсизми? Нега бўларди, ҳаммасига инсонлигим сабаб. Ҳа-ҳа, инсонлигим! Мен нафақат болага, балки ҳаммага, ким қийналган бўлса, уларнинг барчасига кўмак берсам дейман. Ахир, дунёда бир инсон, инсон нимаси, битта тирик жон азият чекса ҳам, оҳлари менинг юрагимда акс-садо бермаяптими?!.. Аммо нима қилайинки, қўлларим қисқа, кўмак бериш истаги юракда туғилиб, юракда қолади.Ўзга иложим, бош­қа имконим йўқ. Йўқлигидан жиғибийроним чиқади туриб-туриб. Шундай пайтда Худога ҳавас қиламан! Худога! Ахир у ҳамма нарсага қодир-да! Менга шундай деб айтишган, шундай деб ўқиганман, шундай деб биламан, шунга ишонаман:

Ҳавас қилсам, Сенга қилдим,
Ҳасад қилсам, Сенга қилдим,
Авф этгил Худойим,
Яна умидлар қилдим!..

Лекин мен инсонман. Инсонлигим ўша болага, болаларга ёрдам беришимга монеълик қилади. У ёғини сўрасангиз, мен биров тугул, ўзимга ҳам ёрдам беролмас алфоздаман шу тобда.
Бола эса… бола қийналар, гарданидаги оғир юкни инқиллаб кўтариб борар, дам йиқилар, дам судралар, дам эса ҳаракатдан тўхтаб дам оларди. Унинг оғирини енгиллатолмасам ҳам ёнига бориб ҳолидан хабар олгим келди. Бордим. У мени кўрмади, пайқамади. Ўзи билан чунонам банд эди. Фақат тинмай бир жумлани такрорлар эди:

Яхши кунлар келади ҳали!..
Яхши кунлар келади ҳали!..
Яхши кунлар келади ҳали!..

ОСМОНДАГИ ЙЎЛОВЧИ

Бир маҳал қуйидаги расталарни, у ердаги ажаб ҳангомаларни кузата-кузата бўйним оғриб кетганини ҳис қилдим ва бошимни тик кўтариб, толиққан мушакларимга дам бермоқчи бўлдим ва… биласизми, нима? Кўзларим булутларга ёндош юксакликда, туманларга ғарқ бир маконда бировнинг қорасини илғаб қолди. Ўша биров йўловчига ўхшар, чунки бир томондан иккинчи ёққа томон қатъият билан одимлар, йўл ҳам дам кўриниб, дам туману булутлар ичра кўздан йўқоларди. Ғалати бўлиб, ичимдаги ҳалиги титроқ авжига минди. Ўзимни бошқача, жудаям бошқача ҳис қилдим! Юрагим ҳапқириб, бир зум орзу-истакка тўлди! Во ажаб, илгари ҳеч мундай бўлмаганди!..
Лекин кўп ўтмай ҳалиги аллаким назардан қочди, қуюқ туманликлар ва булутлар аро беркинди. Шунда типирчилаб қолдим. Нима эди ўзи у? – дея ўзимга ўзим савол бермоққа туш­дим. Яна бир пасдан сўнг эса юксакликда кўринган йўл ҳам, ундаги йўловчи ҳам – ҳамма-ҳаммаси рўё бўлса керак деб ўйлай бошладим… Шунда кун чиқишдан то кун ботишга қадар чўзилган йўловчилар олдидан кесиб ўтган ҳув ҳалиги одам лоп этиб хаёлимга тушди. Тавба!.. Улар битта инсон эдими?.. Билмадим. Балки иккитадир… Лекин нега унда улар бир лаҳзанинг ўзида менинг хаёлимда жам бўлдилар экан?..
Ўша куни ҳам, ундан кейин ҳам на йўлни ва на ундан мағрур одимлаб бораётган йўловчини қайтиб кўрдим. Бир бора кўрганим эса ширин тушга ўхшаб қолди. Аммо шундай тушки, мен у ҳақда жуда кўп ёздим. Уни румузларга ўраб ҳам, очиқ-ошкор тарзда ҳам битикларимга олиб киравердим. Ўз растамни, ундаги забун ҳолимни унутиб, фақат ва фақат ўша йўловчини ўйладим, унинг кўкдаги – уфқларга туташиб кетган йўлини мушоҳада қилдим. Яна йўлимизни кесиб “Бу йўл – йўл эмас!” дея ҳайқиргани эсимда қолди. Қарасам, бир ёнимдаги бозорнинг ҳамиша гавжум расталарини ҳам, бошқа томонимдаги масжид­ларни ҳам хаёлдан фаромуш айлабман. Шунда… шунда биласизми, мен ўзимни чинакамига бахт­ли ҳис қила бошладим! Менинг энг масъуд онларим ўша лаҳзаларда кечган десам, юзим асло қизармайди…
Бахтли эдим-у, ҳайҳот, энди одамлар ёзганларимни тушунмас бўлдилар!.. Илгари уч-тўрт киши бўлсаям қораламаларимни мутолаа қилиб, тушунгандек боқишар, далда беришар эди. Ўша йўл ва йўловчи ҳақида ёза бошлаганимдан кейин эса атрофимда ҳеч ким қолмади, эшитяпсизми, ҳеч ким!..

Ҳеч ким йўқ, ҳеч ким!
Пойига тиз чўкиб,
Бир сўз айтай десам,
Ҳеч ким йўқ, ҳеч ким!..

ЧИҚИШ ОЛДИДАН

Бу вақтга келиб мен ҳам йўловчини бош­қа кўрмас бўлдим. Шунданми, бошқа сабабданми, туриб-туриб юрагим сиқилиб кетадиган одат чиқарди. Секин-ас­та қутсизлигим бошланди. Ҳеч ерда қўним тополмас ҳолга тушдим. Зерикиш ва сиқилишдан неча қайталаб бош­қа расталарни айланиб келдим. Ҳа-ҳа, айланиб келдим. Бошқа нимаям қилардим, ахир!?.. Таассуротларимни тағин қоғозга туширдим. Лекин, ўлай агар, биронтаси юрагимни жиз эттирган бўлса!.. Ўқиганлар тағин мақташар бўлди, лекин менинг ўзим… менинг ўзим тошга айлангандим. Мен ўша йўловчини ва унинг йўлини соғинардим. У ҳақда ёзсам дердим. Аммо… титроқ ҳам қайгадир ғойиб бўлганди. Донишманд мўйсафиддан қоғозу қа­лам олаётганимда ботинимга инган титроқ бор-ку, ўша-да! Шунда… шунда мен бу ерда бошқа қиладиган ишим қолмади, деб ўйладим. Ва болаларимни қолдириб, эшикка қараб юрдим. Устаналарга аланглаб “ЧИҚИШ”ни қидирдим. Унга ҳали бор экан, чунки қаршимда яна даҳлиз пайдо бўлди. Аммо бу чиқишнинг даҳлизи эди. Даҳлизга кирдим-у бепоён кенгликка дуч келдим. Бу кенглик хатосиз эди. Яъни, унинг бирон бир ерида бирон бир нима йўқ эди – “бир хил, бир хил, бир хил” эди. Ерда, еру осмонда осмон бор эди, холос…

ҚАНИ МЕНИНГ КОВУШИМ?

Аввалига шундай эди, кейин… кейин бир пасдан сўнг нигоҳимни қатор тизилган ковушлар банд этди. Демак, ковушни алмаштириш керак! Улар “ЧИҚИШ”га қараб тизилиб турарди. Оёқ остим тўла ковуш ва мен беихтиёр ўзимникини қидира бошладим. Ковушлар ҳам раста-раста терилганга ўхшаб туюлди. Мен олдин ўз растамни кезиб чиқдим – йўқ! Сўнг масжидлар растасига ўтдим – яна йўқ. Бозор рас­таси, хизматчилар растаси, амалдорлар растаси… яна бу томонда меҳрибонлар, у томонда дилозорлар расталари – ҳеч бир растада йўқ эди савил. Шунда ковушларнинг ранг-рўйи, эски-янгилиги эътиборимни тортди. Улар чиндан ҳар хил бўлиб, ўз эгаларини кутишаётгандек кўринди. Мен эса ҳамон ўз оёқ кийимимни излардим. “Ахир, мана, қанча ковуш қалашиб ётибди, шуларнинг биронтасини кийиб кетавер, эгаси ҳали чиқмади, қолаверса, бу ерда сендан ўзга зоғ ҳам йўқ, ким билиб ўтирибди?” дейман ўзимга ўзим у растадан бунисига бўзчининг мокисидек бориб келаркан. Лекин негадир бу ўйимда қўним топмайман. “Йўқ, мен фақат ва фақат ўз ковушимни топиб кийишим керак!” деб чиранаман. “Қани ахир меники, мени бу ердан олиб кетадиган ковушим қани?” дея бақириб-чақираман. “Нега бир ўзимман? Нега ичкаридан биргина мен чиқмоқчи бўлаяпман, қани қолганлар, нега келишмайди? Нега ёлғизман?!.”
Югуравериб чарчайман. Қай тарафга бо­ришим­ни билмай иккиланаман. Ичкарига қайт­гим кел­май­ди, ахир, у ерни кўрдим, билдим, ундан тў­йин­дим. Ҳар ҳолда, менга шундай туюларди. Мени тўл­­­­қинлантирадиган, яшашга куч берадиган бирон нар­саси қолмади унинг, ўйлаганларимнинг, истаганларимнинг ҳаммасига етдим, орзу-ҳавасларим ушалди. Мен мўйсафид чол айтган жамики расталарни айланиб, кезиб чиқдим. Нафсиламрини айтганда, биронтасиям алҳамдига ярамайди. Уларнинг менга тегишли маснаддан қуйида жойлашганининг ўзиёқ сирни ошкор айлаб турибди, ахир! Бас, шундай экан, у ерга қайтишнинг нима маъноси бор? Жин урсин, чиқиб кетишнинг эса иложи йўқ. Чунки мувофиқ янги ковушсиз бу мумкин эмас-да! Киришу чиқиш имкони бир марта, фақат бир марта берилади инсонга. Энди нима қилдим? Ковушимни топганимда уни кийиб бу ердан чиқи-и-иб кетардим. Қаерга кетишимни айтолмасам-да, аммо қайсидир бир томонга ҳаракат қилишимни, йўлимнинг давом этишини аниқ билардим. Чунки мен жудаям олисдан келаётган эдим. Тимнинг ичига бирров кирдим, холос. Бу ер менинг мангу масканим бўлолмаслиги аён. Энди… йўлимда давом этишим керак. Бунинг учун эса ковуш, менинг ковушим керак эди менга! У эса йўқ. Ҳаммага бор ковуш бир менга йўқ. Нега, нима учун?!..

ШЕЪР

Дунёни тушингда кўрдинг сен…
Уйғонмоқ пайтидир, уйғон! Мен
Йўлларга отларни тахт этдим…

Кечаси уйқудан уйғондим-у ана шу сатрларни қоралаб қўйдим. Кейин яна қайта ухламоқчи бўлиб кўзларимни юмдим. Бўлмади. Кип­ригимни уйєу тарк этган экан. Узоқ вақт ўрнимда қимирламай ётдим, ётавердим. Ке­йин эса эринибгина ўрнимдан турдим. Ташқари чиқдим. Ҳали тонг отгани йўқ, лекин ундан дарак бор: саҳархез қушларнинг чуғурлари, титроқ япроқларнинг шивирлари, тонг сабосининг эса юзимни енгилгина сийпалаб ўтиш­лари… Кенг далаларга қараб юрдим ва кўкка кўз ташладим: ажойиб сеҳр билан жимирлаб турган юлдузлар бор эди унда. Бирдан улар сон-саноқсиз кўзлар бўлиб туюлди менга. Шу баробари, юлдузлар билан одамлар ўртасида қандайдир кўз илғамас ришта борлигини қулоғимга сабуҳий эпкин пичирлаб ўтгандек бўлди. Гап қотгим келди уларга: «Ассалому алайкум, эй осмон жисмлари, танишиб қўйинг, мен – Инсон!..»

БАЛАНДДАГИ ЙЎЛ

Турфа хил ўй ва саволлар билан қийналиб кетдим. Ниҳоят, толиқиб ўзимни ерга ташладим. Кейин ўгирилиб чалқанча ётиб олдим. Шу ётганча кўкка қарайман ва тағин ўша булутларга ёндош йўлни кўриб қоламан!.. “Қани унинг биргина йўловчиси? Кетиб қолдими ё? Майли кетган бўлса, муҳими, йўл бор-ку!” дейман ўзимга ўзим. Ана у, шундоқ бошим устида турибди!.. Э воҳ!.. Йўл аввалгидек хира, туманлар ичида тусмол эмас, балки ёрқину яққол, аниғу тиниқ, шу билан бирга, мендан жуда-жуда баландда ястаниб ётарди. Ё, Парвардигор, бу нимаси тағин? Ахир… ахир, ҳаммадан баландда мен эмасмидим?!.. Бир умр шундай деб, шундай кайфиятда яшаб ўтмадимми? Тимнинг ичини шу ўй ва шу қаноат билан айланиб чиққан ҳам мен эмасмидим?!..
Бирдан бўғзимга нимадир урилди. Бир пас ўтиб унинг қутлуғ ҳаяжон, юракда уйғонган муборак тонгнинг илк тўлқини эканини туйдим ва илкис ўрнимдан турдим. Қаршимда, сал нарироқда, Ер ва осмон қўшилиб кетган кесимда мен излаётган ковуш ётарди…

Тамом

«Ёшлик» журнали, 2015 йил, 6-7-сон