Турсунмурод Эрматов. Жонқора (ҳикоя)

Йўл ёқасидаги пастқам томда ёйилган узумларни саралаётган аёл икки қўлини ёнга тираган кўйи, увишиб қолган оёғини узатди. Бироқ қўлларини ердан узган ҳамон, мувозанатини сақлолмай, гавдаси бир томонга оғиб кетди. У жон ҳолатда кафтларини томга босди. Қаддини ростлади, хавотирланиб, атрофга олазарак аланг­лади. Кимдир уни кўриб қолиб, раҳми келишини истамади. Қуёшнинг нурлари том устини тўлдириб ёйилган тилларанг узумга жимирлаб тўкилар, аёлнинг доимо ёш силқиб турадиган кўзларини аёвсиз қамаштирар ва бу унинг қилаётган ишига халал берарди. Энди у ўзига ноқулай бўлса ҳам, қуёшга тескари томонга ростланди, мўлтоқ оёғини мувозанатига тўғрилади-да, ишини давом эттирди.
Аёлнинг бир оёғи қорасоннинг касридан кесилганди. Тақдири азал унинг юрагига ўйган ҳадсиз жароҳати ва бу нотавонлиги устига-устак кўзларининг доимо ёшланавериб, жонидан тўйдиргани, ҳали унчалик кексайиб қолмаган бўлмаса-да, тишларининг аксарияти тўкилиб битгани, шундоғам кўркамлиги бўлмаган бу муштипарни баттар хунуклик ботқоғига ботирганди. Буларни кўриб бир нафас ҳам ёруғ дунёнинг мунаввар лаззати ва масрур онлари бу банданинг хазин дунёсига кўриниш бермаётганини илғаш қийин эмасди. Шундай бўлса-да, аёл тақдирнинг қаттол кирдикорлари билан беаёв курашмоқ учун, ўзида етарлича куч топа олган, тушкунлик, ҳақирлик бўҳронларини ҳам доғда қолдириш, керак бўлса, уларнинг устидан ғолиб келиш мумкинлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлгандай, юз-кўзларида доимо кулги ўйнаб турар, бу билан у гўёки қисмат зарбалари устидан қаҳ-қаҳ ураётгандай эди.
Бу аёл йиллар мобайнида тулликнинг ситамларини сипқорган ва анчагина қийинчиликлар заққумини тотган бобомиз яъни отамизнинг акасига хотин бўлиб, чўл томонлардан тушиб келган. Бобомизнинг завжаси бўлганлиги учун биз ака-укалар уни момо деб атардик. У эрининг қариндош-уруғлари ҳурмат-иззатини жойига қўяр, ёшимиздан қатъи назар, сизлаб мурожаат қилар, фарзандидан гарчи ёшим кичик бўлса-да, мен ҳам бу иноятдан бебаҳра қолмаган эдим.
Мен момомиз ва бобомизнинг хонадонига жуда кам келганман. Улар ҳақидаги баъзи бир гаплар ота-онамнинг ўзаро суҳбатларида қулоғимга чалинса-да, болаларча беғамлик мени бу инсонларга у қадар яқинлаштирмаган десам бўлади. Бироқ онам момомизнинг жуда ҳам қадрига етарди. Эсимни таниганимдан буён бу аёлнинг ўз отимни айтмай, Жонқора деб аташини ҳеч тушинмасдим, олдинига жаҳлим чиқиб, онамга обидийда қилганим ҳам тўғри. Бироқ шундай аталишимнинг сабаб-моҳиятини ҳар қанча уринмай билолмаганим, онамга қилган илтижоларимнинг шамолга соврилганлари, менинг индамай кўнишим, бунга чорасиз бўйин эгишимга сабаб бўлган.
Катта шаҳарга ўқишга кирганимдан кейин онам қувончини овсини билан баҳам кўриш мақсадида, гарчи улғайиб қолган бўлсам-да, кенжатойи, яъни мени момомизникига меҳмонга олиб келди.
У бизни томнинг устидаёқ кўрди ва сабрсизлик билан яқинлашишимизга кўз тикди. Қисиқ кўзлари юмилиб, илжайди. Унинг сарғайган йирик ва сийрак тишлари кўринди. Бизнинг ташрифимиздан боши кўкка етди. Ёнидаги қўлтиқ таёқларини илдам қўлтиғига олди-да:
– Мен ҳозир, ҳозир, – дея ҳовлиқди. – Шаҳарлик Жонқора кепти-ку!
– Моможониси, Жонқорангиз катта ўқишга кириб келди! – деди онам қувончини яширолмай.
Момомиз шошқилаб, қўлтиқтаёқларини томдан сирғалтириб ерга ташлади-да, нарвоннинг пиллапояларидан қўлларини шотига тираган кўйи, бир оёқда ҳаккалаб, дорбозлар сингари чаққон тушиб келди. Қўлтиқтаёғини ғичирлатганча аввал мен томонга дадил қадам ташлади, эркаклардай бир қўлида маҳкам сиқиб қучоқлади. Момомизнинг қоқсуяк қўллари қаттиқ ва кучли эди. Сўнг елкамга шапатилаганча:
– Шаҳарлик қизларнинг шўрини қуритиб юрибсизми? – деб қийқириб кулди.
Онамнинг ҳай-ҳайлашига қарамай, тансиқ овқатга ҳафсала қилиб, елиб-югурди. Бир гапириб ўн куларди у. Мен унинг ҳаракатини кузатиб, момомиздаги шижоат, ирода ва яна алланарсага тасаввур қилиб бўлмас даражада интилиш ҳиссиётидан батамом лол бўлиб турардим. У ҳамма нарсадан рози, бахтиёр эди. Момомиз шу ҳолида ҳам бобомизни ювиб-тарашига, уни ҳурматини бажо келтиришига шаксиз ишонса бўларди. Унинг оҳори тўкилмаган гап-гурунги, бир қадар ҳазми оғирроқ ҳазилларини ҳам моҳирлик билан кулгига ўраб-чирмаб кетишларигача, баъзида силлиқ, қуйма жумлалар эшитилиб қолаётгани, момомизнинг ташқи кўринишига мутлақо мос тушмаса-да, ундаги нималардандир бохабарлик, нозик таъбликни мендаги ботиний бир сезги аён қилиб турарди. Бундан менинг ҳаяжоним кучаяр, қалбимга эса илиқ бир нур оқаётгани сезиларди. Мен шу асно бу камтарин хонадонга жуда кам келганимдан ҳадсиз афсус чекар, бу ўтакетган худбинликдан бошқа нарса бўлмаганидан ўзимни койирдим.
Ўшанда ҳар ким ҳам топа олмайдиган, ҳар кимнинг уйида учрайвермайдиган иккита қалин китобни момомизнинг токчасида кўрдим. Китоблар янги духоба мато билан қўлда қайта жилдланганди. Китобларни қўлимга олиб қарадим. Духоба жилдда чиройли ҳуснихат билан биттасига “Алпомиш”, иккинчисига “Кунтуғмиш” деб ёзиб қўйилганди. Ўша кундан сўнг бу хонадонга, момомизга интиқлик уйғонганини сезганман.
Онамнинг баъзи-баъзида айтиб берадиган энг ғамгин ҳикоялари момомиз билан бобомизнинг дилгир кечмишларига келиб тақалар, бу нақл бизнинг энг эзгин онларимизга айланар эди. Момомиз билан бобомизнинг ёлғиз фарзанди ҳақидаги воқеа ҳали-ҳануз қалбимда хазинлик, ўкинч уруғини сочади. Мен бу воқеани болалик чоғимдаёқ эшитган бўлсам-да, гувоҳлари бўлган онамчалик ёки отамчалик идрок этолмас эдим. Ўша ёлғиз фарзанд бобомиз билан момомизнинг умидлари – тиргаклари бўлганини онам доим кўзида ёш билан эслайди. Йиллар ўтиб момомиз билан бобомизнинг ўғиллари улғаяди, бобомизнинг қаватидан киради. Ори баланд бир йигит бўлади. Дўсти-ёронлари орасида келбатли бўлади. Давраларда манаман дегич полвонга бас келади, кураги ер кўрмаган марди ҳам бобомизнинг боласидан ҳайиқадиган бўлади. Бобомиз ғурурдан боши осмонга етиб юради. Шундай кунларнинг бирида ўғлини қаватига чорлаб: “Молбоқарликни ҳам, полвонликни ҳам касбга санаб бўлмас, болам, бирор ҳунарни бошини тутиш йигитнинг безаги, ризқи-насибаси, – дейди. − Шаҳрисабз томонлар кўп обод жой. Бирор ҳунармандга шогирд тушгин”. Йигит отасидан қайғуради. Онасининг интиқ нигоҳларидан узоқлашишни хоҳламайди. Отаси, онасини ташлаб кетишга кўзи қиймайди. Ота тутган таёқни азиз билади.
Бир куни бобомизнинг ўғли дўстининг тўйидан бироз ҳаяллаб отарга қайтади. Кўнгли бир нарсани сезгандай нотинчлана-нотинчлана етиб келади. Келса, қўтон ичи ҳувуллаб кўринади. Отаси ётадиган ўрин бўш бўлади. Тўйига атаб боқиб қўйган тўрт новвосни жойидан топмайди. Йигитнинг бошидан ҳуши учади, важоҳат билан отилиб ташқари чиқади. Ўзини ҳар ён уриб, новвосларни излайди. Новвослар изини топгандай бўлади. Ерга ботган туёқ изларини кўради. Югура-югура катта йўлга чиқади. Йўлда ногоҳ инграган овоздан донг қотади. Жон ваҳмида ўша томонга оти­лади. Бобомизни ерда ётган, афтода бир ҳолда кўради. Қўл-оёғи боғлиқ бўлади бобомизнинг. Йигитнинг бундан эси оғаёзади. Ўзини ўғлининг қучоғида кўрган бобомиз бўлган воқеани кўзда нафрат, юракда ҳасрат билан айтади. Ўғлининг қон тўлган кўзлари бобомиздан сўрайверади. “Таний олмадим, болам, варганзаликларга ўхшаброқ сўзлашди улар”, дея олади бобомиз. Йигитнинг юраги ўртаниб кетади. Алланимани англагандай тўлғаниб кетади. Бир ҳафта бурунги Варганзадаги кураш чақиндай миясига урилади. Товоқни кўтарган чинор келбат полвон кўз олдига келади. Ўша полвонга талабгор бўлади бобомизнинг боласи. Баковул полвонни панжакентлик дейди, “Кураги ерга тегмаган полвон, азиз меҳмонимиз”, дея нисбат беради. Бобомизнинг ўғли давра четида тайёргарлигини кўриб турганида, унга бир ироқи дўппили киши яқинлашади. “Полвон, – дейди шивирлаб, – аввало тўй Варганзада бўлаётганини унутманг. Талаб қилаётганингиз панжакентлик машҳур эшонимизнинг тилаб-тусаб олган боласи. Йиқитиб қўйиб, бошингизни балога қўйманг. Яна бир гап, бу полвон бизнинг меҳмонимиз. Биз меҳмонни ранжитиб қўймаймиз, солимингизни берамиз, бу ёғига ўйлаб иш тутинг”. Бу гапларни эшитиб турган бобомизнинг боласи мийиғида кулади. “Ота-онам мени ҳам тилаб-тусаб олган, биродар, – дейди. − Кўрдик, полвонингизнинг қулоғи бор экан. Биз ҳар қандай полвонман деб давра айланган марддан қайтмаймиз, қулоғи бўлса бас”. Бу гапдан ҳалиги кишининг кўзи олайиб, алланарса айтганча, шошиб нарилайди. Бобомизнинг боласи рақибини синаб, нарилай-нарилай, йўлбарсдай ҳамлага шайланиб олишади. Усулларини кутиб, беллашади. Бобомизнинг боласини ўйлаб турган лаҳзаси келади. Шунда, “Ё, пирим!” дея рақибнинг бақувват болдирига чил солганча, чинорни эгган мисоли эгади. Инграган кўйи рақибининг оёқлари ердан узилади. Давра гувраниб кетади. Варганза ларзага келади. Бобомизнинг боласи икки қўлини ҳавода ўйнатиб-ўйнатиб, музаффар давра айланади…
Бобомизнинг боласининг бошига урилган чақин ана шу бўлади. Йигитнинг вужуди зирқирайди, юраги нафратга тўлади. “Мен уларни топаман, ота!” дея наъра тортади. Ҳисор тоғи ошиб жўнайверади. Бобомиз ўғлига ёлғиз бормаслигини айтиб, зор қақшайди. Йигит арслондай кўкрак бериб, ориятдан юраги қақшай-қақшай тусмолидаги юрт томон шошилади… Кунлар ўтаверади, алп йигит қайтай демайди. Унинг бедараклиги нафақат ота-онани, Ҳаловат элини ташвишга кўмади. Уруғ-аймоқ йигитни излаб, ҳар томон сочилиб кетади. Оҳ, фалак не чоғли беаёв. Нақадар аччиқ экан!.. Бобомиз ҳам, момомиз ҳам Яратганга илтижолар айтиб, йиғлай-йиғлай кутади. Шу боис момомизнинг кўзлари йиғламаганда ҳам йиғлагандай кўринадиган бўлади. Йиллар ўтади ҳам йигитдан дарак бўлмайди. Кўрган йўқ, билган ҳам йўқ. Кимлардир Ҳазрат Султон тоғларида қўй боқиб, пинҳон ўша ўғриларни изидан тушиб юрганмиш деса, яна биров Самарқанд бозорларининг бирида ҳаммоллик қилиб юрганини эшитган чиқиб қолади. Новвосларини ғорат қилганларни тополмай оввораи сарсон юргани тўғрисидаги мавҳум, гаплар совуқ шамол каби момомиз билан бобомизнинг дардини янгилайверади, мутаассир юрагини тилкалайверади, дарди дунёсини изтиробга кўмаверади. “Аҳ, болам-а, тўрт эмас, ўн новвос азиз бошингдан садақа”, дея нола чекади момомиз, “Бир кунлик ўлигим беэга қоламасмикин?” деб ғам-алам ютади бобомиз. Бироқ бир мудҳиш ҳадикдан дунёси ёнади иккисининг, бир ёвуз хаёл мажруҳ қалбларни дўзахий бир чоҳга ирғитади… “Ер босиб юрганда келарди-я шунқорим, гурсиллаб-гурсиллаб келарди-я, полвоним! – дея изиллаб-изиллаб йиғлайди иккиси. − Ё Худо, ўзинг паноҳингда асра, ёлғизимни!” Бу дуо кун-кеча ҳам тилда, ҳам дилда. Бир лаҳзаки бу илтижо тинмайди. Бу ўтинч ҳануз бетиним…
Кўнгилни ҳасратга чўмдирадиган бу ҳодиса мени доимо ўз домига тортиб келар, ўша номаълум ёқларга кетганча қайтмаган йигитнинг аламли қисматини қалбим тўридаги уйғоқ бир туйғу яккаш эслатиб туради. Қайси юртга бормай, худди у билан юзма-юз бўлиб қолишдек ҳаяжонни туяман, ҳали-ҳануз уни сўраб-суриштиришдан тўхтагим келмайди…
Бобомиз шундан кейин подани бир ўспиринга топширди. Ўзи уйи олдида катта боғни обод қилди. Биз ёқларда узумзорни боғ дейди. Ўҳ-ҳў анчагина, боғ деса боғ дегудай ўзиям. Султони узумлари қуёш нурида тиллага менгзаса арзийди. Бир момомизнинг кўзини эмас, қараган барчанинг кўзини қамаштиради. Унинг ҳосили бирам бўлади, бирам бўладики. Бобомиз томга чиқариб беради, момомиз бу ёғини эплайди. Майизини айтинг, ҳар бири бошбармоқнинг катта бўғинидай…
Қишлоққа келганимда момомиз билан бобомизнинг олдига боргим келаверади. Дўстлар бошқа, қариндошлар ўз йўлига, мени қандайдир ботиний, бетиним куч, интиқ бир туйғу ундайверади. Атайлаб момомиздан Жонқорани кимлигини сўрагим келиб бораман. Жонқоранинг кимлигини биров билса-чи, шояд эшитгани бордир? Маъно-маниси нима? Гўдаклигимдан менга эш бўлган, эргаш бўлган Жонқора! Аниғи шуки, момомиздан бўлак одам боласида бу жавоб йўқ. Жавоб бергувчи йўқ. Йўлдан атайлаб момомиз билан бобомиз учун Самарқанд нонини олиб бораман.
– Келинг, Жонқора, айланай сиздан, келинг, – дейди ер-у осмонга сиғмай. – Кенжа қайнимиз кеп қопти-ку! – Момомиз худди ёш боладай хурсанд бўлиб кетади. Учиб-қўнади. Обдан сўрашади. Мен алдаб юрган шаҳарлик қизларнинг ҳам аҳволини сўрайди. Суҳбат қизигандан-қизийди. Гапи ҳазилидан бир парда юқорилайди-да, момомиз тушкур мени уялтиради…
– Ким у Жонқора? – дейман. Баҳонада гапни чалғитаман. – Отимни айтаверинг, момо. Жонқорангиз нимаси?..
– Сиз бизга қайноға турасиз. Отингизни айтолмаймиз-да.
– Унда Жонқорангиз ким бўлди, момо?
– Катта ўқишларда ўқийсиз-да, шугинани билмайсиз…
– Ўзи яхши одамнинг отими?
– Полвонларнинг оти-да, яхши дўстларнинг оти, айланай…
– Жон момо, айтинг, ичим қизиб кетди.
– Бир шарт билан айтаман, − момомиз муғомбир жилмаяди. Мен ҳар келганимда айтаверадиган гапни яна қўзғамоқ пайида бўлади. Ўгирилиб қўшни ҳовлига қараб қўяди, яна кулади.
– Э, қўйинг-ей момо, топиб олганингиз шу, – дейман ёлғондакам момомиздан хафа бўлиб.
Бир гал борсам момомиз том устида қуриган туршакни тўрвага жойлаб, қўни-қўшнига бўлишаётган экан. Имлаб ёнига чақирди. Момомизнинг олдига чиқдим. Момомиз қўшнининг ҳовлисига им қоқди. Қарадим.
– Сочига қаранг, сочининг ўзи бир қиз! – дейди момомиз ҳазиллашмай. – Хотин, қиз деган ниначидай бўлмай, мана шунга ўхшаган тутимлигина бўлса-да! Бугина қизга ҳам ер боқиб гапиради. Ҳуснига нон ботириб еса бўлади.
– Нон ботириб е-еб ўтиринг бўлмасам, – деб куламан.
– Вой, айланай сиздан, сиз нон ботириб енг деб юрибман-да, Жонқоражон, – дея қарсак уриб кулади момомиз.
Момомизнинг ўша айтган гаплари йиллар ўтиб хотирамда тикланади. Ҳолсиз, тушкун ўйлаб қоламан. Момомизнинг гапларини шунчаки эрмак деб юрганимни ўйлайман. Мендай бир олийгоҳда таҳсил кўраётган,“билими уммон”га бир ўқимаганнинг тенг бўлиши тўғримикан, деган хаёлларим энди ўзимга жуда бачкана ва юксиз туюлади. Ўша бебошликлар, сарсари хаёллар ва ёшликнинг бетийиқ, даққи-девона кечмишлари…
…Шуларни ўйлаб кўз ўнгимда қилдай нозик, ипакдай эшилган, чошгоҳда зўрға уйғонадиган, шаҳарнинг қоқ ўртасида ўниб-ўсган, ёстиқдошимиз гавдаланади. Сўнг негадир ўша момомиз биз учун ўзича асраб юрган, қошлари қалам, сочи тақимини ўпган дуркун қизни ўйлаб қоламан. Шунда яна кўз олдимда аёлимнинг чарчоқ ва ҳамиша нимадандир норози нигоҳлари бўй кўрсатади. Мен ўйлаб қоламан ва ўйимга етолмайман. Ўзимни ҳам номаълум нарса қийнайверади. Еган ичгани олдида, бугун истироҳат боғи, эрта концерт, индин… Бироқ кун-кунора ҳали боши, ҳали тиши… Қони кам эмиш… Бу қони тушкур қаёққа кетаркан?.. Инжиқлик, эркалик… Бу ҳам қоннинг камлигиданмикин?.. Момомиз шуларни билганмикан, шуларни ўйлаб айтганмикин? Аҳ, моможоним-а!..
Шаҳардан безиб, саратонда бетон деворларнинг ҳовурига дош беролмай, салқин гўшаларни қўмсаб, бола-чақани олиб қишлоққа отланамиз. Неча кундир ҳали у ошнаникида, ҳали бу жўраникида бош ғовлаб, сарсари юрамизда охири зерикамиз. Момомиз билан бобомизни ҳам бир кўриб ўтайлик кетар олди. Маликаи дилоромнинг анави қўлтиқтаёқда судралиб юрадиган, хунук момони, момомизни сира кўргиси йўқ. “Келиб-келиб ўшатга борамизми, ўргилдим сиздақа романтикдан! Манга ким бўлалла, ман момо деб айтолмийман, опоқи дейман. Адаси, бормей қўяқолайлик…” Мен бу нағмаларни сезаман-да, атайин уни бирга олиб бораман. Олдинига уни такаббурлиги тутиб, тумтайиб, бетоқат ўтиради. Бироқ момомизнинг қайноқ тафтидан қишда печканинг устига қўйилган челакдаги муздайин аста-аста эрий бошлайди. Момомиз ҳам, бобомиз ҳам келинини ўтиргизгани жой тополмайди. Айниқса, момомиз миллион нарсага уриниб ётибди-да, кўзига боқсангиз ҳеч кўнгли тўлмаётгандай. Нимадир камдай. “Туршак, майизни кўтарганингча ол. Ахир боримиз сизларники-да, орқалаб кетармидик?!” Момомиз хотинимга тез-тез қарайди. Бир менга, бир унга, бир унга, бир менга. “Ширинлик берманг, кўпроқ гўшт есин”, деб ичи тутайди. Ҳаммасини пичирлаб айтади. Тескари қарайди-да, афсусли бош чайқаб, эпсиз бўлади. Чиқаётганимизда хотинимнинг “Яхши-да, а, адаси, опоқи билан додани этаман, боёқишлар ширин сўз, бирам меҳрибон!” деган гапларига аранг чидайман, виждоним зирқирайди. Момомиз тутқазган тўрвадаги зилдай оғир ёнғоғ-у, майизнинг куч-қудратига қойил қоламан…
– Жонқора, келинни олиб, яна келинг, – дейди момомиз.
Хотиним бақрайиб қолади:
– Ким? Жонқора? Оппоққинасиз-ку! Нега унақа деяптилар?..
Сабабини момомиздан сўрамайман. Мавриди эмас-да. Бошқа гаплар орага киради. Момомиз жон деб ҳазил-ҳузул қилади. Кулиша-кулиша хайрлашамиз. Қушдай енгил тортаман. Момомиз, бобомиз хайр-хушлашаяпти-ю, мен бўлсам уларни соғинаяпман, тавба, негадир хўрлигим келаяпти, истиҳола билан улардан кўзларимни яширишга тиришаман.
Кунларнинг бирида ишхонамга онам қўнғироқ қилди.
– Момомиз ўтиб қолдилар… Кела оласанми?
– Нима! Нега, нега ахир!? Яхши эдилар-ку! Қачон… қачон?! Она, момомиз, ўзимизнинг момомизни айтаяпсизми?.. Кела оласанми, дейсизми? Бу нима деганингиз, она?..
Йўл олис. Момомизнинг тобутини кўтаришга етолмадим. Беихтиёр момомизнинг аксарият ўтирар жойи – томга кўзим тушди. Ҳамма нарса саранжом-саришта. Майизлар саралаб олингани билиниб турибди. Момомиз шундай қолдирармиди? Қариндошлар эшик олдида саф тортишган. Бобомизни бағримга босаман. Бобомиз кичрайиб қолгандай худди. Ушоққинадай. Кўзёшлари юзларини ювади, мен далда бўлиш йўлини излайман-да, тополмайман.
Бобомизнинг ёнида кечгача ўтирдим. Кейин хайрлашиб йўлга чиқдим. Кетаяпман, ортимга қарайман. Орқамда биров йўқ. Биринчи марта мен учун ўлиб-тириладиган, гиргиттон бўладиган одам йўқ. Йўқ! Кўзларимга ёш қуйилиб-қуйилиб келаяпти. Бошимда жавоби йўқ саволлар. “Моможон, менга Жонқоранинг кимлигини айтмадингиз-ку?! Сиз айтгандай ўша катта ўқишларда ўқибману уни кимлигини билолмабман-да, қаранг! Бормиди ўзи ўша Жонқора деганингиз?! Ёки мени яхши кўрганингиз, мени эркалаб айтган ҳазилларингизмиди, а, моможон?” Юрагим бир армон билан ўртанди. Шу кез кимнингдир ортимдан чақиргани хаёлимни бўлиб юборди. Қарасам, бобомиз. “Болам, қаричилик қурсин, эсимдан чиқаёзибди, момонг сенга бериб қўйишимни тайинлаганди”, дейди қандайдир қоғозни менга узатиб. Ёш тўла кўзларимни арта-арта нарироқ бориб қоғозни очдим. Хатда шундай ёзилган эди: “Жонқора бу – Қоражон. Алпларнинг кенжаси – Алпомишнинг дўсти. Момонгиз”.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 9-сон