Рабиндранат Тагор ҳикматларидан

Агар сен барча иштибоҳларга эшигингни беркитсанг, ҳақиқат ҳам ташқарида қолади.

* * *
Биз одамни нимани билишига қараб эмас, нимадан қувонишига қараб англаймиз.

* * *
Эр-хотинлик – санъат ва уни ҳар куни янгилаб туриш керак.

* * *
Шунчаки қараб ёки туриб денгизни кесиб ўта олмайсиз. Беҳуда истакларга вақтингизни сарфламанг.

* * *
Ҳатто қароқчилар тўдаси ҳам қандайдир ахлоқ талабларига риоя этиши керак; улар бутун дунёни талашлари мумкин, лекин бир-бирларини эмас.

* * *
Чексиз умид ва иштиёқ ёшликнинг асосий бойлигидир.

* * *
Руҳингни туширма, ниятингдан қайтма. Дўстим, сенинг йўлинг битта: ўзинг­­ни такомиллаштир ва бегонага хизмат қилма. Муҳокамалару тўсиқлардан чўчима.

* * *
Изтироб ҳаётдаги барча қадрли нарсалар: куч-қувват, ақл-фаросат, муҳаббат учун тўловдир.

* * *
Маст ўзини қанчалик бахтиёр ҳис этмасин, у ҳақиқий бахтдан жуда узоқ. Чунки унинг бу бахти бошқалар учун кўргилик; бугунги бахти эртанги бахт­сизлигидир.

* * *
Кучини кўрсатаверадиган одам кучсизлигини исботлайди, холос.

* * *
Мақтов мени пастга уради, чунки уни ичимда ўзим сўраб тураман.

* * *
Қуриган дарёга ўтмиши сабаб раҳмат айтмайдилар.

* * *
Яхши гапларни кўпчилик гапириши мумкин, лекин тинглай оладиганлар кам, сабаби, у ақлнинг кучини талаб этади.

* * *
Виждонимизнинг овозини эшитмаслик учун шовқинли оломон ичига ўзимизни урамиз.

* * *
Юлдузлар ўзларини тиллақўнғиз деб ўйлашларидан қўрқмайди.

* * *
Муҳаббатнинг ҳақиқий гўзаллигини фақат садоқатли аёлгина ҳис қилади.

* * *
Одам ҳайвонга айланганда ҳайвондан ёмондир.

* * *
Роҳат-фароғатларга кўмилиб, лаззат ҳиссидан мосуво бўламиз.

* * *
Бахт ўзини тия оладиган одамларга насиб этади. Орзуларинг амалга ошишини истасанг, уларни тийиб тура бил.

* * *
Ҳамма ҳақиқатни айтишга чоғланмаган пайтингда самимий бўлиш осон.

* * *
Пессимизм қалб алкоголизмининг бир кўринишидир.

Ориф Толиб таржимаси

«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 5-сон