Гап Остонақул буванинг “бойликлари”дан бошланди. У саҳарда қўқим қутиларини титади. Бўш шиша, темир-терсак, идиш-товоқ, қоғоз, латта-путталарни териб, қопларга жойлаб, уйига олиб киради. Бир қисмини шаҳар четидаги эски-тускилар бозорида пуллайди. Қолганлари йиғилавериб, уч хонали уйининг шифтигача тўлибди. Кейин ташқарига – балконига туташ йўлак четига тахлабди. Қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур, деганларидек, шунақа қоплардан катта “хирмон” пайдо бўлибди. Таиса опанинг айтишича, ўша қопларнинг орасидан каламушлар чиқиб, безовта қилаётган эмиш…
– Ишонмасайиз, уйимга чикингиз, бир кўрингиз, – деди аёл ўзбек тилида амал-тақал қилиб сўзларкан кўкиш кўзларини жавдиратиб. – Каламушнинг “чий-чий”и тунда роса-а… кўркитади. Санэпидстанцияга ёздим, бўлмади. Чол ҳаммасини “тинчитиб” юборвотти. Кизил книжкасини пеш килади. “Фронтовик”миш. Нима, астанамиззи мусорга тўлдирма, дейишга хаккимиз йўкми, а? – У сўзларини таҳдидлироқ оҳангда давом эттирди. – Хат ёздим энг тепага, шунга кўл кўйворинг. Ахир, бизнинг додимизни эшитадиганлар бордир-ку?..
Тўртинчи йўлакдан атай келган опахоннинг сепкилли сарғиш чеҳрасига боқиб, ачиндим. Бир ҳисобда унга раҳмат дейиш керак. Қачонгача “дунёни сув босса, тўпиғимга келмайди”, деб юрамиз? Бироқ, ҳозир имзо қўйдириш учун узатилган қоғозни олмасдан аввал дилимдагини айтдим:
– Бирданига каттага ёзиш шартмикан?..
– Шарт, айналай, шарт! – гапимни охиригача эшитмай бобиллади у. – Каттадан бошкасининг кучи етмайдир бу капризний чолга!
– Бунақа ишнинг йўл-йўриғи бор. – Тушунтирдим ётиғи билан. – Аввало маҳалла билан гаплашиш керак! Хатни оқсоқолга ёзинг.
– У буни хал килолмаса-чи?
– Иннайкейин, оқсоқол ҳал қилмади, деб ҳокимга ёзса бўлади, – дедим опахонни тинчлантиришга ҳаракат қилиб. – Катта идорага хат ёзганда қуйи ташкилотнинг қониқарсиз жавобини илова қилсангиз – нишонга тегади!
Ушлаган жойини қўймайдиган қўшнимиз кўз олдимда хатнинг тепасига маҳалла оқсоқолининг исм-шарифини ёзиб, бошқа қоғозга кўчира бошлади.
– Каний, яна нималар деб ёзамиз? – савол назари билан қаради менга ажи-бужи хатини кўрсатиб. – Сиз профессионал экансиз, карашиворинг.
Маҳалла оқсоқолини ҳушёр торттирадиган бир-икки жумла айтдим.
– Ҳа-а, ўлма-анг! – ёзаётганлари нишонга тегишига ишонч ҳосил қилган аёлнинг юзи ёришди. – Энди ғинг деб кўрсин-чи!..
– Охири бахайр бўлсин, – дедим ўзимга ўзим пичирлаб.
– Энди бахайр бўлмаганига кўймаймиз, – деди опахон қоғоз-қаламини менга узатар экан. – Кани, кўл кўйинг-чи…
Тўрт йўлак наридаги жанжалга аралашиш зарил кептими? Мени тинч қўйинг, деган маънода бош чайқаган эдим, осонликча қутулишнинг иложи бўлмади.
– Бир кун кўшнилар сизгаям керак бўлар, ўшанда улар ҳам караб турмайди, – деди тагдор қилиб опахон. – Айрилганни айик ер, деган маколни эшитмаганмисиз?..
Унинг гапи замирида, яқинда кўчиб келгансан, бу ишдан ўзингни олиб қочсанг, қўшнилардан айриласан, кейин, яккамаховга ўхшаб қоласан, деган иддао сезилиб турарди…
Қўлим қалтираганча имзо чекдим. Кейин бармоғимни тишлаб қолдим: ахир, нега мен биринчи бўлиб… Энди Таиса опа бошқаларга нима дейишини биламан: “Ана, журналист ҳам қўл қўйди!..”
Бунақа гапни эшитгач, бошқалар иккиланиб ўтирмасдан имзо қўяди-да… Ҳушим ўзимга келганида бақалоқ опамиз зинадан лапанглаб тушганча учинчи қаватдаги эшикни жиринглатаётганди…
Остонақул бува тўй-маъракаларда ҳамиша бош-қош. Ўз таъбири билан айтганда, қўни-қўшниларнинг “бошини қовуштириб” юради. Уришганларни яраштириб, “яраш оши” деган удумгача ёдга солиб туради. Унинг ҳамма иши яхши-ю, шунақа “бойлик”ка ружу қўйганини ҳазм қилиб бўлмайди-да. Қўшнилар унинг “оппоқ соқолини ҳурмат қиламиз”, дейишади. Чол эса қўқимнинг қадрига етади-ю, қўшниларига жабр қилаётганини тушунмайди.
Ниҳоят, Таиса опа ниятига етди! Тўртта йўлакдаги қўшниларнинг (ҳатто Остонақул буванинг кампири ҳам сўраб-суриштириб ўтирмасдан қўл қўйиб юборибди!) имзоси билан тўлган хатини тутқазганча маҳалла оқсоқолини бошлаб келди. Кўпқаватли уйимиз ҳовлисидаги шийпончада мажлисга тўпландик.
Ҳеч гапдан бехабар Остонақул бува ҳам эл қатори жимгина ўтирарди. У бирор ошнинг маслаҳати бўлса керак, деб ўйлаяпти, шекилли, нуронийларга нимтабассум билан им қоқиб қўярди.
Ҳозир ғалва бошланишини ўйлаганим сари юрагим безовта уряпти…
Маҳалла оқсоқоли йиғилишни “Кун тартиби”даги ягона масала”дан бошлади. Остонақул буванинг номи тилга олинганида қўшнилар шамолда чайқалган қамишлардек қимирлаб қўйишди. Ҳамма Остонақул буванинг “портлашини” кутганди. Йўқ, чол парвойи палак ўтирибди! Фақат, “сени тушунган одам деб юрсам, ўйламай-нетмай имзо қўйдингми?” дегандек менга маъноли қараб қўярди…
Ҳар ким ўзидан ўтганини ўзи билади-да. Бу ғалвага қўшилиб қолганимга ич-ичимдан қанчалик зил кетаётганимни отахон қаёқдан ҳам билсин?..
Маҳалла оқсоқоли шикоят хатини худди маърузадек виқор билан ўқиб бергач, одамларга савол назари билан қаради:
– Хўш, бу масалани қандоқ ҳал қиламиз? Ким сўзга чиқади?
Биринчи бўлиб ташаббускор аёл ўрнидан турди. Ийманиброқ бошлаган гапи тезлашиб, кутилмаганда қўлини мен томон бигиз қилса бўладими? Гўё мен уни қистовга олиб хат ёздиргандек, нима дейди, денг:
– Бу хатни ана шу янги кўшнимизнинг гапи билан ёздим! Ман йўлини биламан, оксоколга ёзиш керак, деди, тўғри-а, ука? – У мен томон бошини ирғаганча гапини ўзи тасдиқлаб қўярди. – Кейин, айтиб турди, биринчи бўлиб кўл кўйди… Ишимиз махаллада битмаса, хакимга ёзиш керак, деди. Бўмаса, ундан катталар бар, деди… Каттага ёзганда оксоколнинг коникарсиз жавобини ҳам илова килиш – нишонга тегишини билмасдим. Мана шу журналист ўргатди. Тугрими, гапирган гапингизни буйнингизга оласиз-а, хой, кўшни?!
Ҳамма гув этиб менга қаради.
Бу гапни қўшнилар қандоқ тушунганлари таҳдидли қарашларидан сезилиб турарди. Шу тобда ер ёрилса-ю, жимгина кириб кетсам…
Ниҳоят, отахон ҳам ҳаракатга тушди. Қўйнидан аллақандай дафтарини чиқариб, нимадир ёза бошлади. Чамаси, у ҳам “жанг”га тайёргарлик кўрарди.
Таиса опадан сўнг ўн чоғли киши гапирган бўлди. Фақат, гап нишаби икки томонга: қисман Остонақул бувага, асосан менга қаратилди. Отахонга жуда юмшоқлик билан: “Йўлакдан мусорингизни йўқотсангиз яхши бўларди” дейишса, менга: “Бўри Ботиров журналистлигини пеш қилмасин, қўшнилари устидан бунақа устамонлик билан хат уюштирмасин! Таиса опа ё бошқа хотинларнинг қўли билан бировларга тош отмасин! Гапни нишонга уриш учун маҳалла оқсоқолини ҳокимга, уни катта идораларга ёмон кўрсатмасин!..” дея дағдаға қилишарди…
Айниқса, чўққисоқол кишининг гапи қизиқ бўлди:
– Бўрибой ука, ҳақиқий бўри ҳам ўз атрофидаги қўйларга тегмаскан. Сиз ёзувчилигингизни кеп-кеп саксон яшар отахонга кўрсатдингизми? Бувангиз тенги одамни шунақа изза қилишингиз инсофданми? Ўзларига ётиғи билан айтсангиз бўлмасмиди?.. Қилғиликни қилиб қўйгач, нега энди ҳадеб бу аёлга (Таиса опага ишора қилди) кўзингизни ола-кула қилиб қарайсиз? Ожизанинг қўли билан бировни уришга устамонлигингизни хаспўшламоқчи бўлганингиз етмагандек, энди унга таҳдид ҳам қиляпсизми?! Маҳалла оқсоқолини нега подставка қилмоқчи бўлдингиз? Унинг хатини илова қилиб ҳокимга ёзишдан муддаонгиз – катталарнинг орасига ҳам нифоқ солишми?! Бунақасини етти ухлаб тушингда ҳам кўрмайсан…
Бурни япасқи кишининг гапи ундан ҳам ошиб тушди:
– Шунча дардийиз боракан, домком ўлгани йўқ-ку?! – Кўкрагига уриб қўйганига қараганда ўзини айтаётганди. – Йигирма йилдан бери домимиздан бунақа бемаъни гап чиқмаганди…
– Илон чиқмаганди, денг, илон! – Луқма ташлади пиёнистабашара одам.
– Ундан ҳам баттар – чаён, денг, чаён! – Илиб кетди бошқаси.
– Чаён ҳам ундан тузикроқ, дангал чақади-қўяди, – дея луқма ташлади кимдир.
– Чаён бунақа хат ёзишни, бировни “падставка” қилишни билмайди…
Тепакал киши сўйлоқ тишлари орасидан папирос тутунини пуркаган кўйи илондек вишиллади:
– Ўша мусордан кўра шунақа хат ёзадиганлар хавфлироқ! Кўринишидан туппа-тузук одам соддагина Таиса опани йўлдан урибди… Манфурлик ҳам шунчалик бўладими?!
Бу гапга маҳалла оқсоқоли шундоқ бош чайқадики, гўё “кўрдиларингми, мен қанақа одамларнинг касрига қолиб юраман?” деган маъно акс этиб турар эди.
Шу тариқа, чолнинг қоп-қоп қўқими қолиб, қўшнилар мени муҳокама қилишга ўтиб кетишди…
Ниҳоят, Остонақул бува дўпписини тўғрилаб қўйганча одоб билан қўл кўтарди. Маҳалла оқсоқоли, марҳамат, дегандек ўртага чиқишига ишора қилди.
Чол давра ўртасида ғоз турганча қўлини кўксига қўйди, бош ирғаб салом берди. Менга ҳам ғалати қараб қўяркан, гўё таъзим қилгандек бўлди. Бу кесатиққа жавобан нима қилишни, ўзимни қандоқ тутишни билолмай гаранг эдим…
Остонақул бува гапни нимадан бошлар экан, деб турганимизда қўйнидан қандайдир дафтар чиқарди. Бунақа можароларга обдан тайёргарлик кўриб юраркан чоғи. У дафтарини варақлай бошлаганида баъзиларнинг дами ичига тушиб кетди.
– Азиз қўшнижонлар, – деди чол босиқлик билан. – Соқолим оқарганида шу ғалва менга керакмиди? Ўзи устимдан ёзишга арзигулик гап бормикан? Ўзимга бир оғиз айтсангиз, бамаслаҳат ҳал этардик-ку! Оқсоқолни оввора қилиш шартмикин? Ҳозирдан у кишига ҳам шантаж қилиб, ҳокимга ёзаман, жавоб хатингни илова қиламан, деб таҳдид қилиш маҳалладошликка, қўни-қўшничиликка, одамийликка, борингки, эркакчиликка тўғри келадими?!
Орқароқда кимдир менга қарата ғўлдиради:
– Бу гапни эшитгандан кўра ўлганинг яхши эмасмиди?..
Чол луқма ташлаган томонга нимтабассум қилиб қўяркан, вазминлик билан давом этди:
– Биз урушда қон кечган, нонга зор бўлиб ўсган, очликдан ўлганларни ўз кўзимиз билан кўрган авлодмиз. Уволдан қўрқамиз… – Шу гапларни айтаётиб отахоннинг овози ўзгарди, чамаси, хўрлиги келди. Чопонининг енги билан кўзларини артиб қўяркан, товуши қалтираброқ чиқди. – Ҳар куни оч қолганимдан каллаи саҳарлаб ахлат қутисини титмайман. Худога шукр, ҳеч нарсага зор қолганим йўқ. Бор-йўғи, ноннинг уволи тутишидан қўрқаман… Бу исрофгарчиликлар яхшиликка олиб келмайди, – деди чол мен томон қўлини бигиз қилиб. – Худойим, нонни увол қилиб ташлаётган шунақа бандаларингни кечир, тавба қилдик, дея сиз ташлаган нонларни увоғигача териб оламан…
Чолнинг сўнгги гаплари айнан менга қаратилган эди. Ўтган ҳафта уйда моғорлаб қолган нонларни нима қилишимни билмай турганимда қатиқчи аёл қўқим қутилари ёнига нон ташлаш учун тоза идиш қўйилганини айтганди. Хуллас, моғорлаган нонларни ўша идишга ташлаётганимни кузатиб турган чол бош чайқаганди. Тунов куни ортиб қолган нонларни қуритиш ниятида газ плитасининг пастки хонасига қўйганча хаёлим фаромуш бўлибди. Бирпасда куюнди иси хоналарни қоплади. Югуриб бориб очсам, майдаланган нонлар қорайиб, адойи тамом бўлибди. Уларни ҳам қутичага ташлаётганимда Остонақул бува бошини сарак-сарак қилганча ўтиб кетган. Ҳақиқат ҳар қанча аччиқ бўлмасин, шу тобда уни тан олмай иложим йўқ эди…
– Гапим тўғрими, ўртоқ журналист? – Чол инкор қилиб бўлмас сўзлари билан мот қилди-қўйди. – Нонни увол қилма, деб ўзларинг телевизорда гапни боплайсилар-ку?! Сизни ҳам суратга олиб қўйганлар бор… Бир кун кўрасиз томошани…
Нафасим ичимга тушиб кетди. Рўпарамизга ўрнатиб қўйилган камерага ҳеч эътибор бермаймиз. Ҳозир чол қасдма-қасдига курашса, нон ташлаганим “телеайбнома” бўлиб турибди-ку…
Гап қайтарсам шаллақига чиқиб қоламан, сукут сақласам, айбимга иқрор бўлганга ўхшайман. Бунақасини театр саҳнасида ҳам шунчалик қойил қилиб кўрсата олмайсан. Бўйнимни қисиб ўтиришдан ўзга чора тополмадим…
Ноннинг уволи ҳақида гап кетганда ҳамманинг боши хам тортиб қолди. Бошига гулли рўмол ўраб олган бир онахон ҳиқ-ҳиқ йиғлашга тушди. Рўмолининг учи билан кўзёшларини артганча ўрнидан туриб, менга шундай нафрат билан тикилдики…
Аёл чидай олмайман, деган маънода қўл силкиб чиқиб кетди. Ортидан ачиниш билан қараб қолганларнинг кўзлари кейин ёппасига менга қадалди…
– Хў-ўш, қоғознинг уволи ҳам нонникидан кам эмас. Бу укамнинг қоғозлари ҳаммасидан ноёб! Етти ухлаб тушингга кирмаган гапларни ёзади. Бир-иккита катталар ҳақида ёзганларингизни ўқиб, эсхонам чиқиб кетди. Унақа гаплардан илон ҳам пўст ташлаб юборса ажабмас, – чол яна гапнинг нишабини менга қаратди. – Бекор ғижимлаб ташлабсиз. Уларни дазмол билан текислаб қўйганман! Эсипаст чол қоғозларни жимгина териб олаверади, деб ўйламанг. Ўша ёзганларингизни тегишли одамлар билан таҳлил қилиб кўрмоқчимиз…
Шу тобда баъзи нозик гапларни қоғозга туширганим, кейин ўчирмасдан ғижимлаб ташлаганларим ёдимга тушиб, юрагим шув-в этди. Наҳотки, улар шу инжиқ чолнинг қўлига тушган?! Тегишли жойларга етказган бўлса-я… Не бало келса тилимдан (меники эса – ўйламай ёзганларимдан…) дея юрагим қинидан чиққудек урарди. Бироқ, энди кеч. Чол жонини берса берадики, ўша қоғозларни қайтармайди… Тақдирга тан беришдан ўзга йўл йўқ…
Остонақул бува ғолибларча қараркан, ҳолинг қалай, “ёзғувчи”, дегандек ишшайди. Бунақа қарашлар, “мимика”ларни унча-мунча одам тушунмаса-да, қилғиликни қилиб қўйганлар ва уни тутиб олганлар оқибати нима бўлишини яхши билади… Ғижимлаб ташлаган қоғозларга ёзиб қўйганларимни ўйлаган сари боксчилар тилида айтганда – “нокдаун”мас, “нокаут” бўлаётгандим…
Кўринишидан бир муаллима қўл кўтариб, мавзуни салгина енгиллатди:
– Мактабимиздан маклатура талаб қилинишини яхши биласизлар. Шундай пайтда Остонақул бобо жонимизга оро киради. Ўша териб олган қоғозларини қопи билан бизга топширади. Биз у кишининг суратини мактабимиз “Ҳурмат тахтаси”га ёпиштириб қўйганмиз…
Бу гапга ҳамма чапак чалиб юборди. Шу билан Остонақул бува халқпарвар, инсонпарвар сиймога айланди. У улуғланган сари мен мулзамлик ботқоғига ботардим…
Чапак чалинган жойда ҳар қандай дилхираликлар барҳам топиши керак! Афсуски, шу лаҳзада ҳам баъзилар менга қараб қўйишарди. Бу қарашлар замирида “кўрдингми, нодон!” деган иддао яққол сезилиб турарди.
– Мусордаги шишаларни кўриб, юрагим ачишиб кетади, – сўзида давом этди чол. – Шундоқ чиройли шишаларни ишлаб чиқариш давлатга қанчага тушаркин, деб ўйлаб қоламан. Уларни ташлаш увол эмасми?!
Шу гапларни айтаётиб чол яна менга қаради. Ўтган ҳафта меҳмон кутгач, уйимдан бир талай бўш шишаларни чиқариб ташлаётганимни ҳамма кўрган… Уларни ҳам Остонақул бува териб олган…
Чол муштига йўталиб олгач, сўзида давом этди:
– Шиша қабул қиладиган жой бекорга очиб қўйилмагандир? Уларни ташлаганингизда ҳеч уволи тутишини ўйлаб кўрганмисизлар?
У яна менга қаради. Мен ташлаган шиша идишларни сотиб пулини олганда ҳузур қилгани етмагандек, энди калака қилиб, хумордан чиқарди.
– Темир-терсакларни ҳам увол қилиш яхшимас, – давом этди чол. – Бир парча металл ишлаб чиқариш давлатга қанчага тушаркин?!
Қўшнилар ялт этиб қарашди. Яқинда хонадонимдаги эски қувурларни янгилаганимни улар кўришган… Мен ташлаб юборган қувурларни Остонақул бува териб олган…
Бояги муаллима отахоннинг гапини маъқуллаб, раҳмат айтди. Яна нима қўшимча қилганини англай олмай қолдим. Унга кимдир луқма ташлаганида, тушунгандек бўлдим. Чамаси, ёнида ўтирган малла соч киши “Бўрибойнинг кетини Остонақул буваси тозалаб юрар экан-да”, деди. Ўша бурчакда кулги кўтарилиб, сўнг олағовур бўлиб кетди.
Худди ҳукм чиқариш вақти келгандек чол қўлини шахт кўтариб, жимлик ўрнатди ва мен томонга юзланди:
– Хўш, ёзғувчи укам, нима дейсиз? Шунча нарса увол бўлаётганини кўриб кўрмасликка олиб кетаверишим керакмиди?
Бир хомсемиз киши менга иддао қилди:
– Отангиз тенги одамнинг устидан хат уюштирганингиз қанчалик хато бўлганини энди тушундингизми? Қилар ишни қилиб қўйгач, қўшниларга ҳеч қачон бунақа ёмон қараманг! – У худди суддаги судья каби сўзларди. – Хўш, сиз ҳам бирор нарса дейсизми? Оқсоқол, бу болани ҳам эшитайлик-чи…
Терговчи қаршисида сўроқ қилинаётган гуноҳкор бандадек ўрнимдан турдим. Ўзимга қўйиб берса, айтадиган гапларимнинг чеки йўқ. Бироқ, ҳозир на маҳалла оқсоқолини, на Остонақул бувани ва на қўшниларни қониқтирадиган бирор жўялироқ гап тополмай қийналардим. Охири, ўзимни қўлга олиб, қўшниларга юзландим.
– Аввало ассалому алайкум, – дедим қўлимни кўксимга қўйиб. – Гуноҳим бўлганида узр сўраган бўлардим. Муҳокама қилинаётган масалада гуноҳим йўқ, юзим ёруғ, – шу гапларни айтаётганимда томоғимга нимадир тиқилиб, хўрлигим келди. Ўзимни қўлга олиб дилимда борини айтдим. – Мен ҳеч қанақа хат уюштирмаганман. Остонақул буванинг шунчалик яхши ишларини билар экансиз, ўзларингиз ўша хатга нега имзо қўйдингиз?..
Бу гапим билан ўча бошлаган чўғ устига мой қуйганимни кеч тушундим. Оломон пов этиб ёнди; оғзимни ҳам, кўзимни ҳам очирмай қўйди.
– Аҳ-а, энди бизни падставка қилишни бошлади! – Чийиллади бир аёл.
– Маҳалла оқсоқолини ҳокимнинг олдида, бизни шу отахон олдида ер билан битта қилмоқчига ўхшайди… – Илиб кетди бошқаси.
– Бу устамон биринчи мақсадига эришди! Мана, оқсоқол ва Остонақул буванинг ўртасига нифоқ уруғини сепди. Энди маҳалладошларни хижолат қилишга ўтди, – деди бақалоқ киши мен томонга ола қараш қилиб. – Ўзи мақсадингиз нима, ука?!
– Ўзини оппоқ кўрсатиб, қўшниларининг юзини қаро қилишга устаси фаранг экан… – Илиб кетди бошқаси. – Бу боладан ҳали кўп гап чиқадиганга ўхшайди…
Таёғини ўйнатиб машиналарни тўхтатиб қўядиган йўл патруль ходимига ўхшаб Остонақул бува қўлини кўтариб ўрнидан турмаганида мени яксон қилиб ташлашлари ҳеч гап эмасди.
Қўшнилар “йиғилиш тугади” деб ўйлашди, шекилли, баъзилар ўрнидан тура бошлади. Ваҳоланки, “иккинчи қисми” бундан ҳам қизиқ экан. Отахон дафтарини варақлаганча ўртага чиқди-да, ҳаммага эшиттириб шундай деди:
– Таисахон, бу укамиз сизнинг қўлингиз билан менинг устимдан ёзишни қойил қилган экан, энди навбат бизники! Сиз ҳозир айтилган гапларни ёзиб, сўзга чиққанларга қўл қўйдирасиз. Ишингизни охирига етказинг! Қилмишига яраша жазосини олсин бу бола! Келишдикми?
Гўё “адолатли ҳукм” ўқилгандек ҳамма чапак чалиб юборди. Мажлис бошланганидан буён жонсарак бўлиб ўтирган Таиса опа чолдан қутулиш учун қоғоз қоралашга тушди. У нималар ёзаётгани аён. “Бўри Ботиров журналистлик номига доғ тушириб, ҳар куни нон, қоғоз, шиша, темир каби ноёб нарсаларни увол қилиб ахлатга ташлайди” деб бошланса керак. Балки “фикри бузуқ” деб ёзиб, ўша ғижимлаб ташланган ва Остонақул бува дазмол билан текислаган қоғозларимни илова қилишар… Энг ёмони, “савоб ишлар қилиб юрган отахоннинг устидан хат уюштирган” деган мазмундаги “айбнома” ҳам ёзилади…
Ҳозир у нимаики ёзса, қўшнилар имзо қўйишга шай туришибди! Маҳалла оқсоқоли ҳам тап тортмасдан муҳрини босади. Кейин додингни Худога айт…
Давранинг норасмий қозикалонига айланган Остонақул бува энди менга юзланиб, буйруқ қилди:
– Сиз ҳам ишингизни охирига етказинг, – деди у қўлимга қоғоз-қалам тутқазиб. – Модомики, ёзишга уста экансиз, қани, бошланг!
Даҳшатли кўринмас дор тагида эканимни сезиб турибман. Ундан эсон-омон қутулишнинг ягона йўли: муросаи-мадора!.. Биринчи галда, чолнинг талабини қондириш керак. Иккиланиб ўтиришнинг мавриди эмас. Худди мирзолардек қоғоз-қалам олганча ёзишга шай бўлдим.
Чол дафтарини варақлай бошлаганида нечундир баъзиларнинг ранги гезарди. Дафтарда нималар ёзилганидан кўпчилик хабардорга ўхшайди. Бир киши туриб кетмоқчи эди, Остонақул бува кескин ишора билан ўтқазиб қўйди. Сўнг “қора рўйхат”ини ўқий бошлади:
– Дўст-дўстга ойна, деганларидек, хатоларимизни очиқ айтганимиз ва тан олганимиз яхши. Менга таъна қилганлар аввал ўзларининг қусурларини тузатсалар, анави қопдагиларни ҳозироқ йўқотаман! – Шу гапларни айтаётиб чол менга қараб қўйди. – Хў-ўш, ёзяпсизми, ёзинг! Биринчи, Таиса Муртазина пақилдоқ деган портловчи модда сотмоқда. Қулоқнинг пардасини йиртиб, юрак ўйноғи қип қўйяпти-ку бу қизиталоқ! Тинч ётган мусордан юз марта баттар асабни бузмаяптими?!
Чол “айблов”ини ўқишда давом этди:
– Иккинчи, Маҳзуна вояга етмаган болаларга папирос сотади. Учинчи, Қўзивойникида талабалар ноқонуний ижарада туришади. Тўртинчи, Марям Иноғомова ва Гули Сотиволдиевалар антисанитария ҳолатида ҳолва ясаб, пуллайди… Бешинчи, Саъдуллаева хонадонига кираверишдаги қўшимча деворини буздириб ташлаган. Ахир, биринчи қаватдаги қўшнимиз деворини бузишига йўл қўйиш мумкинми? Худо кўрсатмасин, ер қимирласа, бутун “дом” адойи тамом бўлади-ку! Олтинчи, Ақида иккинчи эри билан беникоҳ яшаяпти. Еттинчи, Мансур монтёрга ким пора берса, ток ҳисоблагичини орқага қайтариб беради. Ўтган ойда саккизта хонадоннинг счётчигини ноль қилди… Саккизинчи, Қўзивой соғ кўзини касал деб ҳужжат тўғрилаб, автобусда текин юрибди. Тўққизинчи, Соливой уч жойда ишлашини солиқчилардан яширган. Ўнинчи, қалбаки прописка билан юрган етти кишини аниқладим. Ўн биринчи, Матқобил хонадонида яширин цех ташкил қилган. Айтиб қўяй, ҳамма фактларим аниқ тасдиқланади!..
Эҳ-ҳе, чоли тушмагур “қора рўйхат”ини тегишли идорага бериб юборса, кўпқаватли уйимиз ҳувуллаб қолади-ку. Чол ҳаммасини аёвсиз ошкор этиб ташлади.
Шу билан мажлис поёнига етди, ўйласам, “қора рўйхат”да ўзим ҳам бор эканман. Чол дафтарининг янги саҳифасини очди:
– Янги қўшнимизнинг давлатга келтираётган зарарини чўтга ташласак, ҳамманикидан ошиб тушаркан, – деди у кекирдагини чўзиб. – Меҳмондўст бўлиш яхши, бироқ, эви билан-да. Бўрибойнинг уйига ўтган ойда ўттиздан ортиқ меҳмон келганини санадим. Булар ҳали мен кўрганларим! Кўрмай қолганларим-чи? Баъзилари уч-тўрт кунлаб ётиб юришди-я. Беш-ўн нафари қариндошдир, қолганлари-чи? Қанча одамга “бошпана” бўляпти бу тўрт хонали уй! Ёки меҳмонхона очганмисиз? – У маҳалла оқсоқолига қарата буйруқомуз оҳангда гапирди. – Ўз уйингни ўзинг асра, деганларидек, шунга эътибор берсангиз бўларди. Қанча иссиқ сув, ичимлик суви, газ беҳудага сарфланяпти?! Уйида пропискада бўлган уч киши учун пул тўланса-да, ўттизталаб одамга сув, газ ва бошқа нарсалар исроф бўлаверишини қандоқ изоҳлаш мумкин? Энг кўп ахлат ташлайдиган ҳам унинг ўзи. Қандоқ ноёб нарсаларни увол қилиб ташлашига ўзингиз гувоҳсиз… Таиса, ҳаммасини ёзаяпсизми?
– Ёзвомман, ёзвомман, – деди кўкиш кўз хотин чийиллаб. – Нишонга тегадиган килиб ёзвомман…
Чол гапим тамом, дегандек дафтарини ёпди.
Ё, алҳазар! Айбим ҳамманикидан зиёдага ўхшайди-я?! Қўшнилар бири олиб, бири қўйиб мени муҳокама қилишарди. Ҳар хил луқмалар гўё олис-олислардан эшитилаётгандек туюларди:
– Ўзингдан чиққан балога – қайга борасан давога?
– Туппа-тузик одамга ўхшайди, деб юрсак, зараркунда экан-а?
– Катта кетадиган кишидан ҳар нарсани кутиш мумкин.
– Отаси тенги одамнинг нафсониятига тегиб нима қиларкин?
– Ҳали шу кишининг ёшига етадими, йўқми?
– Ғаламис деганлари шунақа бўлади-да!..
Охирги гап ғалати бўлди:
– Тинчгина кўчиб кетмаса, ўзини мусор яшикда кўради!
– Ва-ҳа-ҳа-ҳа…
Ёнгинамда ўтирган чўтирбашаранинг луқмасидан сесканиб тушдим:
– Шунақа бузғунчидан Остонақул буванинг мусори тузукроқ!
Гур-р кулги кўтарилди…
Бир алфозда уйга чиқсам, кеча меҳмонга келишган собиқ синфдошлар бамайлихотир ўтиришибди. Бири чўмилаётган экан (ичкарида сувнинг шалоплаган товушидан юрагим бир қалқиб тушди), иккинчиси сочиқни елкасига ташлаганча навбат кутяпти. Бошқалари балконда папирос тутатиб, хуморидан чиқишяпти…
Жимгина ошхонага ўтдим. Газнинг тўртта “кўзи”да олов пориллаб турибди. Бирининг устида қозон, иккинчисида чойнак. Қолганлари эрмакка ёқиб қўйилганга ўхшайди. Негадир иккала жўмракдан ҳам сув оқизиб қўйилган. Сабабини сўрасам, хотиним мунча майдакаш бўлмасангиз дегандек минғирлади: “Қувурларни тозалаш учун…”
Кўз олдим тундлашиб, қорамтир парда ичра Остонақул буванинг кўлкаси пайдо бўлди. У гўё “ноинсоф”, деяётганга ўхшарди. Сесканиб тушдим. Нима бало, туш кўряпманми ё ақлдан озяпманми?!
…Эртаси куни Остонақул бува одатига кўра қора қутиларни титкилаётган маҳалда мен катта йўл бўйидаги бекат устунига “Уйимни сотаман” деган эълон ёпиштираётган эдим…