…Кўп нарса қиёсда билинади. Дейлик, тоғнинг нақадар улуғворлигини англаш учун маълум масофадан туриб қаралади.
Кейинги пайтларда касбимиз тақозосига кўра, маълум мажбуриятлар юзасидан ҳам кўплаб қўлёзмаларни ўқишга тўғри келаяпти. Тўғриси, уларни қўлёзма деб аташга ҳам тил бормайди: аксарияти оппоқ, силлиқ қоғозларда, кўзингни қувнатадиган даражада чиройли шрифтларда принтердан чиқарилган, ҳатто айримлари рангли муқовалару суратлар ила безатилган… Тап-тайёр китоб дейсан; шундоқ очасан-у, хатм қилиб кетаверасан. Ўқувчи учун бундан ортиқ бахт борми, бундан ортиқ ҳузур борми…
Таассуфки, бу жараён аксар ҳолларда биз ўйлаган, тасаввур этганчалик силлиқ кечмайди: матндаги дастлабки жумлаларни ўқишинг билан қўл беихтиёр қаламга чўзилади… Бир, икки саҳифадан сўнг бу инжиқликдан чарчайсан, беҳуда совирилаётган вақтингга ачинасан, аммо “Бир нарса чиқиб қолар” деган ожизона умид-илинж билан мутолаани давом эттирасан; ваҳоланки, жуда яхши билиб турасан: “…қўлга олиш билан жозибасига тортиб кетмайдиган адабий асар яхши нарса бўлмайди” (Абдулла Қаҳҳор).
Шундай пайтлари беихтиёр кўнгил ўзинг энг яхши, энг ғаройиб деб ҳисоблаган китоблар томон талпинади, маъқули ўшаларни, таъбир жоиз эса, вақт ўтган сайин таъми-шираси ошиб бораётган асарларни яна бир марта шавқ билан ўқиш экан-ку, деган истак етовида кутубхонангга ошиқасан. Камина қуйида мана шундай лаҳзалар қўлимга оладиган китоблару электрон қўлёзмаларнинг айримларини санаб ўтади.
Абдулла ҚАҲҲОР. “Ҳақ сўзнинг кучи”.
Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. 1989 й.
…Юқори синфларда ўқиб юрган кезларим, журналда бир қиссачам босилиб чиқди-ю, ўз-ўзидан “мактаб классиги”га айландим-қолдим. Хатлар, сал лофи билан айтганда, кунига қоплаб келади денг. Ўзимча “Ёзиш оппа-осон иш экан-ку! Эҳ-ҳе, мен ҳали…”, дея ғўддайиб ҳам қўяман. Тақдирнинг иноятини қарангки, худди шу маҳаллари қўлимга Абдулла Қаҳҳор асарлари олти жилдлигининг охирги томи тушиб қолди. Ҳамон эсимда, муқоваси қора эди. Китобни бир ўқидим, икки… Мақолалар, суҳбатлар, хатлардан ташкил топган китоб мени осмондан ерга тушириб қўйди, адабиёт косибчилик эмас, ўта мураккаб, машаққатли ҳунар эканлигини англатди. Мен шариллатиб ёзиб ташлаётган кўп машқларим “Бўри тишига сера кислотасининг таъсири” қабилидаги довдираш, тўғрироғи “адабий брак” эканлигини, “ёзувчи ўзи ҳис қилмаган нарса тўғрисида ёзса, буни ўқиган ўқувчи ҳам ҳеч нарсани ҳис қилмаслигини” тушундим. Мен “ёзилган нарсани ўчириш, китобхонга зарур гапларнигина қолдириш учун истеъдоднинг ўзи кифоя қилмаслигини, инсоф ҳам кераклигини” англаб етдим. Қарасам, ёзганларимда қолдиришдан кўра ўчирилиши керак бўлган жойлари кўпроқ экан…
Қисқаси, бу китоб мен учун ўзига хос адабий курс бўлди. Китобдан олинган узун-узун иқтибосларни ён дафтаримга кўчириб чарчамасдим. Олтинчи жилд узоқ йиллар ёстиғим остида сақланадиган китоб бўлди. Шунга қарамасдан, роса тарғиб-ташвиқ этганимдан сўнг қизиқиб қолиб, уни олиб кетган бир ҳаваскор танишим қайтариш муддати келганида “йўқотиб қўйдим” деб баҳона қилганида роса куйганман…
Ниҳоят 1989 йили Абдулла Қаҳҳорнинг мақола ва суҳбатлари беш жилдлик “Асарлар”нинг бешинчи жилдида чоп этилди. Шундан буён бу китобни ёнимдан қўймайман.
Ўйлаб қарасам, Қаҳҳор қаламга олмаган мавзунинг ўзи қолмагандай. Куни кеча “Ёшлик”чилар “Ўзингиз ёқтирадиган асарлар ҳақида бир нима ёзиб беринг”, деб қолишганида, мен беихтиёр улуғ адибимизнинг “Яхши журналнинг қулоғи халқ кўксида бўлиши керак” деган мақоласини эсладим. Ёдингиздадир: “Журналнинг эндиги вазифалари адабиётимиз олдида турган умумий вазифалардан келиб чиқади. Адабиётимиз олдида турган вазифалар эса ҳамон халқ ҳаётини бўямасдан, бузмасдан кўрсатиш, яхши ҳаёт кечириш учун курашда халққа чин кўнгилдан ёрдам бериш бўлиб қолади”. Ҳайратланмай бўладими: худди шу бугун айтилаётгандай туюладиган бу ҳароратли сўзлар 1958 йили қоғозга тушган.
Ўзингиз айтинг, бундай китобни қайта-қайта ўқимай бўладими…
“Ҳақиқат манзаралари. 96 мумтоз файласуф”.
Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2011 йил
Шап-шап дегунча шафтоли деб қўяқолган маъқул. Биз ҳамиша мулоҳазаларимизни соддароқ, ҳаммабопроқ, таъсирчанроқ, мазмунлироқ, иложи бўлса, қуйма фикрларда ифодалашга уринамиз. Бунақа пайтлари бизга дониш аҳлининг асрлар синовидан ўтган ҳикматлари кўмакка келади.
“Қалб кўзи” газетасида эълон қилинаётган мумтоз файласуфларнинг ҳаёти ҳақидаги мақолаларни, афоризмларини имкон даражасида тўплаб бораётгандим. Буни қарангки, уларнинг ҳаммаси жамланиб, китоб ҳолида чоп этилиб қолди.
Милетлик Фалесдан (милоддан аввалги 625–547 йиллар) юнон файласуфи Афлотунгача (милоддан аваллаги 428–347 йиллар), хитойлик Мэн-цзидан (милоддан аввалги 372–289 йиллар) буюк ватандошимиз Абу Али ибн Синогача, нишопурлик Умар Хайёмдан фарангистонлик Франсуа де Ларошфукогача, инглиз Жон Локкдан олмон Иммануил Кантгача, фаранг Шамфордан рус Розановгача буюк мутафаккирларнинг энг машҳур, сермазмун, моҳияти чуқур ҳикматлари китобдан ўрин олган.
Донишмандлик, тафаккур ҳеч қачон эскирмайди. Қаранг, бир томонда ҳазрат Сулаймон “Эртанги кун билан мақтанма, чунки у нималарни тақдим этишини билмайсан”, деб турибди. Иккинчи томонда эса пиреналик Биант “Бахтсизликка дош беролмайдиган одам бахтсиздир”, деб уқтирмоқда. Лао Цзи шарқона одоб ила “Билгувчи сўзламайди, сўзлагувчи билмайди”, деса, Демокрит “Нафақат ёвни енгганлар, балки ўз нафси устидан ҳукмронлик қила олганлар ҳам марддирлар”, дея унга жўр бўлаётгандай… Тап-тайёр ҳаётий шиорлар-да..
Хуллас, дунё тафаккур хазинасининг биргина қисмини ўзида жамлаган бу тўплам саҳифаларини чизиб белгилаб, қайта-қайта ўқишга, уқишга арзийдиган китобдир.
Баҳодир ЙЎЛДОШЕВ. Суҳбатлар, мақолалар, эсдаликлар.
“San’at” журнали нашриёти. Тошкент, 2015 йил.
Театрни яхши кўраман. Маҳмудхўжа Беҳбудий бобомиз “ибратхона” деб атаган театрни. Янглишмасам, Белинский ҳам “Театрга чопинг, театр остонасида вафот этинг”, деб ёзган.
Ибратхонага эҳтиром ва маълум тайёргарлик билан кирилади. Ибратхонадан қалбга боғлиқ недир таассурот олиб чиқмаслик эса, Ҳазратнинг машҳур таъбири ила айтганда, ҳаммомдан нопок чиқмоқдай гап.
Театрни яхши кўраман. Театрга бориш ҳақиқий байрамга айланишини, залга ҳаяжон ва эҳтиром билан қадам қўйишни, саҳнадаги қаҳрамоннинг дарди менинг дардимга айланишини, у билан қўшилишиб кулишни, йиғлашни истайман.
Шукрки, юртимизда шундай театр, шундай асарларни саҳнага олиб чиқадиган режиссёр бор. Биламан, бу соҳада билимим камроқ, лекин мен бу театрни, унда ўйнаётган актёрларни, режиссёрни тушунишга ҳаракат қиламан. Бу китоб менга ана шу ишимда қўл келади.
“Режиссёрлик театри ҳали вужудга келганича йўқ…”, “Театр – менинг инсофим, диёнатим, имоним…”, “Ҳамлет – менинг дўстим. Мен ҳар тонг унинг ёди билан уйғонаман, у билан бирга дунёдан нафратланаман ва у билан бирга шу дунёни севаман…”, “Юздан ортиқ спектакль қўйганман… Лекин шундан тўрт-бештасигина менинг асарларим. Булар – “Қароқчилар”, “Рўйхатларда йўқ”, “Бўронларда бордек ҳаловат”, “Қора камар”, “Келинлар қўзғолони”…”, “Текисликдан кўра тоғда юриш осонроқ. Одатда, йўл юрилганда, у агар текис, равон бўлса, одам ухлаб қолиши мумкин…”, “Одамга қанча эркинлик берманг, ўзи истамаса, йўлини топмаса, у ҳеч қачон озод бўлолмайди…”, “Мен ўйлайманки, ўзбекларнинг биринчи драматурги – Навоий. Алишер Навоийнинг ҳар битта шеъридан спектакль яратса бўлади. Яхши етук, чиройли спектакль ёки фильм яратса бўлади…”, “Театрларимиз ўз томошабинининг савиясидан ҳам орқада қолди. У томошабин талабларига жавоб бериш даражасида эмас…”, “Бугун касбини тирикчилик ўтказиш воситасига айлантирган актёрга қандай қилиб Робия, Шайх Санъон ёки бошқа улуғ инсонларнинг ролини ишониб топшириш мумкин…”, “Асл театр тарбия кўрган, ўқимишли, санъатни тушуниб қадрлайдиганлар учун муҳимроқ…”, “Армон битта – яхши спектакль қўйиш…”, “Хиёнатлар ичида энг оғири касбга қилинган хиёнат деб биламан…”, “Ҳақиқий инсон исён билан яшайди. Лекин бу исён биринчи навбатда одамнинг ўзига қаратилган, ўзига қарши бўлади…”, “Актёрнинг ўзи кам дунёда…”, “Энг ёмони китоб чиқаришга кўп интилиш…”, “Нима учун саҳна баландроқда жойлашган? Фақат томошабиннинг яхши кўриши учун эмас, балки бу – саҳнадаги актёр савияси, дунёқараши баландроқ бўлишининг рамзий белгиси. Ўшандагина у етакчилик қила олади…”. Булар ҳаммаси Баҳодир Йўлдошевнинг айтганлари. Мен бу фикрларни қайта-қайта ўқийман, яна театрни, саҳна ижодкорларини тушунишга ҳаракат қиламан. Балки бу қўлимдан келмас. Нима қипти? Баҳодир ака айтганидай, “Премеьра куни спектакль… ўлади”. Демак, репетиция жараёни муҳим. Камина учун эса театрни англашга уриниш жараёни аҳамиятлироқдек…
Йоҳганн Вольфганг ГЁТЕ. Фауст.
“Янги аср авлоди”, Тошкент, 2015 йил.
Дунёнинг энг сирли тилсимоти бўлган Инсон қалби учун кураш бу қадар маҳорат билан акс эттирилган асар жаҳон адабиёти дурдоналари ичида ҳам кам топилса керак. “Фауст” бир қараганда эзгулик ва ёвузлик, адолат ва қабоҳат, оқ ва қора рангларнинг ўзаро кураши иншосидек таассурот қолдиради. Аммо саҳифадан саҳифага ўтган сайин қаҳрамонларнинг мураккаб тақдири, феъл-атвори, борлиққа, дунёга муносабати, кенг кўламли зиддиятлар сизни ўзига мафтун эта боради. Ҳаттоки “…ҳаргиз ёмонлик тилаб – Яхшилик қилгувчи кучнинг бир қисми” бўлган Мефистофель ҳам қоп-қора бўлиб эмас, ранглар талошида кўрина бошлайди. Унинг ёддан чиқмас пичинглари-чи. Дейлик: “Ажабо, парвоз қилмоқчи бўласан-у, бошинг айланиб қолишидан қўрқасан…”
Муҳаббат асираси Маргарита-чи? Ўз ошиғига етиш ниятида онасига уйқу дори бериб ўлдирган, акаси Валентиннинг бевосита қотилига айланган, ўзи дунёга келтирган фарзандини сувга отган бу шўрлик жувон энг шафқатсиз жазоларга мустаҳиқ! Аммо у ҳаётининг сўнгги онларида тавба қилади ва… кечирилади…
Асарнинг бундай қалбингизни ларзага соладиган кўпдан-кўп ўринларини қайта-қайта ўқийверасиз, ўқийверасиз…
Ёдимда, “Фауст” илк бор нашр этилган йиллари бир самарқандлик математик акамиз достондан узун-узун шеърларни ёддан ўқиб, ҳаммамизни ҳайрон қолдирганди. Кейинроқ ўйлаб кўрсам, бунинг сабаби Гёте қаҳрамонларининг – таржимон маҳорати сабабли, албатта – соф ўзбекча гапираётгани экан. Ўзингиз мана бундай ўзбекона мисраларга эътибор беринг: “Жилванинг умридур бир лаҳза фақат, Авлодларга қолур ҳақиқий санъат”. Ёки: “Гап кўп бўлаверсин, фикр шарт эмас. Халойиқни ҳанг-манг қилолсангиз бас”. Ёки: “Сизга нур керакми – мана чироқлар, Қанча керак бўлса аяманг, ёқинг”. Ёхуд мана бу жумлалар тагига бугунги кунимизнинг шоири ҳам жон-жон деб имзо қўйган бўларди деб ўйлайман: “Инсон табиати уйқуга мойил…”, “Чинакам иқтидор йўқ бўлган жойда Пешона теридан қанчалик, фойда?!”
Мана бу мисралар-чи:
Гоҳ илҳом забт этса кўнгиллар кунжин
Учармиз чулғаниб мовий туманга.
Лекин елкамизга осилган хуржун
Дарҳол олиб тушар бизни тубанга.
Албатта, “Фауст”дек мураккаб асарни ўзим қандай тушунишга уринишим ҳақида узоқ гапиришим мумкин. Аммо бундай жўн мулоҳазаларга вақт сарфлагандан кўра асарнинг ўзини ўқиб қўя қолган маъқулроқ-ов…
Бертольд Брехт. “Галилей ҳаёти”. Пьеса
Аввалига бу драманинг Таганкадаги театрда 1966 йили қўйилган саҳна кўринишини томоша қилдим. Бош ролни Владимир Висоцкий ижро этган экан. Томошадан кейин матн билан шошмасдан танишиш истаги туғилганди, бахтимга асар интернетда бор экан.
Дарвоқе, 1956 йилги Германия премьерасидан сўнг артистлар ҳаяжонга тушган томошабинлар талабига кўра саҳнага олтмиш марта(!) таъзимга чиққани, олмон танқидчилари эса “Спектакль немис театрида бурилиш ясади”, деб ёзганидан бохабар эдим, албатта.
Яхши асар барча замонлар учун долзарб аҳамият касб этиши оддий аксиомага айланиб улгурган ҳақиқат. Биз бундай воқеликни мазкур пьеса қисматида ҳам кўрамиз.
Ёзувчилар башоратгўй бўлишади. Муҳожирликда, Данияда 1938-1939 йиллари қоғозга тушган бу асар тез орада… атом физикаси билан боғлиқ равишда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Пьесада тарихий фактларга суянилган: XVII асрда Италияда яшаган Галилео Галилей кардинал-инкивизитор талабига кўра, тўғрироғи, қийноқ асбоблари намойиш этилганидан сўнг ўз илмий қарашларидан воз кечади. Бироқ олим тадқиқотларини яширинча давом эттираверади: “У барибир айланаверади!” Ниҳоят 28 йиллик изланишлар натижаси бўлган қўлёзмасини мамлакатдан яширинча олиб чиқиб кетишни шогирдидан илтимос қилади.
Айрим мутахассислар ёзувчи бу асари билан тамаддуннинг техноцентрик ривожланишини ёқламоқда, деган хулосага келишди. Тез орада атом бомбасининг яратилиши, ҳатто унинг инсониятга қарши қўлланилиши бу фикрни тасдиқлагандек бўлди. Бироқ бошқа мутахассислар илм-фан тараққиёти йўлида Галилей тутган айёрона йўлни маъқуллашди.
Бу мунозаралардан қатъи назар, асар, энг аввало, бадиий жиҳатлари, образларнинг пишиқ-пухталиги билан эътиборни тортади. Бир мисол. Устозидан ҳафсаласи пир бўлган шогирд Андреа ғазаб билан: “Ўз қаҳрамонлари йўқ мамлакат бахтсиздир!” дейди. Бу эътирозга Галилей хотиржамлик билан, донишмандларча жавоб қайтаради: “Йўқ! Қаҳрамонларга эҳтиёжи бор мамлакат бахтсиздир!”.
Умуман, пьесада Брехтга хос топқирлик, фикрни тўлақонли асослаб бериш истеъдоди ярқ этиб қўзга ташланиб туради. Қаҳрамонларнинг мана бу гапларига эътибор беринг: “Тўсиқлар кўпайганида икки нуқта орасидаги энг яқин масофа эгри чизиқ ҳам бўлиши мумкин…”, “Ҳамма нарсага ҳам зўрлик билан эришиб бўлмайди. Зўрлик мутлоқ ҳукмдор куч эмас…”, “Ҳақиқатни билмаслик аҳмоқлик, холос. Бироқ уни била туриб, ёлғон деганлар жиноятчилардир…”, “Ҳадеб фақат қирғоқ бўйидагина чўмилавермасдан, қачондир очиқ денгизга ҳам чиқиш керак…”, Ва ниҳоят бутун асардан “қизил ип” бўлиб ўтган ғоя: “Мушоҳада юритмоқ бу – инсониятга ато этилган энг буюк неъматлардан биридир!”
Ҳа, бундай асар устида ҳар қанча мушоҳада юритсангиз арзийди…
Фёдор Михайлович Достоевский. “Ака-ука Карамазовлар”.
Кундалигимга ёзиб қўйган эканман:
“Бу романни ўқиш оғир.
Бироқ ўқимаслик ҳам мумкин эмас.
Ҳар гал тез тугаб қолганига афсусланган кўйи китобнинг сўнгги саҳифасини ёпарканман, мана шу асарни Инсон боласи ёзганига ишонгим келмайди…”
Афсуски, кичкина бир мақолачага катта романдан олинган катта таассуротларни ҳаттоки мухтасар тарзда ҳам жойлаб бўлмайди.
Мен ўзим романнинг иккинчи қисмидаги “Буюк инквизитор” бобини қайта-қайта ўқийман. Бобда эзгулик ва ёвузлик, яратгувчи ва йўқ қилгувчи, оқ ва қора куч ўртасида баҳс кетади. Назаримда, романнинг энг юксак, инсоннинг онг-шуури, ақли бовар қилмас юксакликдаги чўққиси мана шу мулоқотда акс этган.
“Буюк инквизитор”ни ўқиб чиқиб, унинг таъсирида юрган чоғларим беихтиёр инсоният тарихидаги энг ёвуз, энг қонхўр диктаторлар, монархлар, подшолар, императорлар, қироллар худди тўқсон ёшли мутаассиб кардинал каби фикр юритгандек туюлаверди. Зеро, уларнинг ҳеч бири “Ўзим учун қон тўкаяпман” ёхуд “Эрмак учун минг-минглаб одамларни ўлдираяпман”, демайди, балки ўз ёвузлигини сохта шиорлар ортига яширади. Энг ёмони – аксар ҳолларда улар ўзларининг гапларига ишонадилар ҳам. Ишонч аралашган жоҳиллик эса ваҳшийлик туғдиради.
Достоевский даҳоси бу ҳодисотни қанчалар теран англаган, қанчалар чуқур тушунган ва шунчалар шафқатсизлик ҳамда қатъият билан китоб саҳифаларига кўчирган.
Наҳот ошқозон дарди, бир бурда нон қайғуси бани башар минглаб йиллар давомида амал қилиб келган инсоний муносабатларни хазондек супуриб ташлай олади?
Бу-ку давлат миқёсидаги “Буюк инквизитор”лик эди. Бу ҳол кичикроқ миқёсда, алоҳида олинган ҳудудда, дейлик, бирор жамоада ёинки оилада қай шаклда пайдо бўлиши мумкин? “Оила” ёки “Жамоа манфаатлари”ни ўзига байроқ қилиб кўтариб олган “Буюк инквизитор” қандай воситаларни ишга солган бўларди?.. Жамиятда “Буюк инквизитор”ликка қарши куч қандай шаклланади? Оломон онги, тафаккури қай йўсинда ўзгаради? Бу жараён тадрижий равишда рўй берадими ёки инқилобий тарзда?
Саволлар, саволлар…
Биттагина боби шунча ўй-мулоҳаза туғдирган йирик роман ҳақида узоқ гапириш мумкин…
Николай Васильевич ГОГОЛЬ. Қадимги замон помешчиклари.
Рости, қисса мазмунини бировга гапириб беришгаям қийналасиз. Ҳа, ана, Малороссиянинг олис бир хуторида ошини ошаган, ёшини яшаган чол-кампир умрларининг сўнгги йилларини ўтказишмоқда. Ҳа, ана, улар бир-бирларига ўлардай меҳрибон. Айниқса, кампир чолига.
Ҳа, ана, Афанасий Иванович Товстогуб бироз хўра, овқат ейишни хуш кўради. Пульхерия Ивановна Товстогубиха эса ўта содда, ҳатто айтиш мумкинки, сал лақмароқдай.
Бироқ… асарни ўқий бошлайсиз ва, ишончим комилки, то сўнгги нуқтасига қадар бош кўтаролмайсиз. Бу фавқулодда гўзал қисса…
Ҳамиша бир-бирига “сиз”лаб мурожаат қиладиган, фарзандсиз, узун кун-тунларини тўкин дастурхон бошида ўтказаётган, келган меҳмондан айланиб-ўргиладиган чол-кампир.
Барака меҳрдан туғилади, деганлари рост шекилли. Чол-капир истиқомат қилаётган қўрғон ҳам тўкин-сочинликнинг тимсолига айланади гўё: омборлар донга тўлган, товуқлар саноқсиз тухум қилган, ўрмон гуллаб-яшнаган, хуллас, ҳамма ёқ “сен же, мен же”.
Бироқ кутилмаганда кампир хасталаниб, вафот этади. Орадан қисқагина фурсат ўтар-ўтмас эса қўрғон таназзулга юз тутади: чорва қаровсиз, егуликлар ўғирланган, омбор ҳувиллаб ётибди… Ёзувчи бу вайронагарчиликни кўриб ҳайратга тушади. Абгор аҳволда қолган бемор қариянинг васияти эса “Мени Пульхерия Ивановнанинг ёнига қўйинг” бўлади…
Ёзувчининг сеҳрли тили мўъжизалар яратади. Бир ҳолатнинг ўзини ўқиш асносида йиғлай туриб кулиш ва, аксинча, кулиб туриб йиғлаш мумкинлигига айнан шу асар мутолаасида яна бир бор иқрор бўласиз. Бизга шундай сеҳрли асар қолдирган Гоголь даҳосига шарафлар бўлсин!..
Исажон СУЛТОН. Боғи Эрам. Қисса ва ҳикоялар.
“Шарқ” НМАК, Тошкент, 2015 йил.
Исажон бало. Қўлидан кўп нарса келади. Сўзларни зўриқмасдан, дид билан, битта-битталаб териб чиқадики, ўқий туриб ақлингиз шошади. Буям камдай, сизни тамомила мағлуб этмоқ қасдидами, муаллифи сизга камтарона жилмайиб қараб тургандай туюладиган асарларни ич-ичидан ёритиб турган ёғдулар талоши кўринади; булар иқтидор, маҳорат, самимият ва, шубҳасиз, улкан дард ҳосилаларидир… Бунга ишонч ҳосил қилиш учун шу китобни ўқиб чиқиш кифоя.
Тўпламда камина алоҳида иштиёқ ва изтироб билан қайта-қайта ўқийдиган бир ҳикоя бор. Бу “Ота қасидаси”.
Ҳикояда бир қарашда оддийгина воқеа қаламга олинади. Кечки пайт. Ёмғир шивалаб ёғиб турибди. Чироқлар ёғдусида товланаётган ресторан эшигида икки “бақувват дарбон” турибди.
Ёмғирда “анчайин ивиган”, “дўппи кийган” бир киши шу дарбонлар ёнига келиб, ичкарига кириб, юз-қўлимни ювиб чиқсам майлими, деб сўрайди.
Табиийки, тажрибали, ўз ишининг усталари бўлган дарбонлар бир қарашдаёқ бу “юпунгина одам”нинг ресторан мижози эмаслигини “аниқ-равшан” англаб олишади ва “қош чимириб, бош чайқашади”.
Қаранг, шундан кейин ҳам “у одам иккиланиб бироз турди. Кейин, ёмғир томчилаётган қизил йўлакдан қаддини букканча” кетди. Шу билан ҳикоя тугайди гўё.
Ўйланиб қоласиз. Нега “у одам” рад жавобини олганидан кейин ҳам “иккиланиб бироз турди”; нега шоша-пиша қайрилиб кетавермади; илло, сал эътироз билдиргудай бўлса, бу шафқатсиз “бақувват дарбонлар” унинг қўлларини қайирганча, катта йўлга диконглатиб судраб олиб чиқиб ташлашлари, ҳатто бир қоп пахтадай ирғитиб юборишлари аён-ку? Ё бир-икки сўм чойчақа бермоқчи бўлдимикин? Э, йўқ, “юпунгина одам”нинг ҳар чақаси ҳисобда бўлади, инчунун, у пулини аяб ишлатади, тежаб ишлатади. Йўқса, нечун у “қизил йўлакдан қаддини букканча” кетди? Бир лаънати бадрафхонани ундан қизғанганлардан ранжидими? Дили озор чекдими? Қимматбаҳо либосларда, қиммат аробада келганида мана шу одамтан дарбонлар эшик тавақаларини кенг очиб, ҳаттоки эгилиб, таъзим ҳам қилиб туришларини ўйлаб эзилдими?..
Шундай бўлгани эҳтимолга яқинроқ. Илло зар ёқали дарбонлар менсимаган, ҳаттоки ижирғаниб қараган бу зот ҳазрати Инсон эди, Ота эди! (Ахир, ҳаммамизнинг ёдимизда бор: “Инсон ёнингда-ку, у менинг қўшним…” Абдулла Орипов)
Бу онасига буюк муҳаббат, эҳтиромлар ила “Сен бўлмасайдинг, мен ҳеч ким эдим”, дейдиган, “ақли тўлишгач, онасининг оёқларини ювиб, кўнгли тусаган нарсаларни олиб келиб, оғзига овқат тутиб ёнида ўтирган” Инсон эди.
Бу ўз волидасига “Мени деб Худодан ҳам қўрқмасмидинг, она?.. Арзимаган сифатларимга суюниб, мен билан мақтанишингни ҳам билмасмидим? Бўй-бастимга қараб суюнганларинг-чи?.. Ўзинг емай менга едирганларинг, ичмай менга ичирганларинг, ахир, ўзинг бир тишламгина есанг бўлмасмиди, онам?..” деб турган Фарзанд эди.
Бу “Ҳаётнинг олатасирларида озорлансам, райҳонлар иси анқиган, гуллар очилган, сувлар сепилган ҳовлимга киришим билан бари эсимдан чиқиб кетар, ёш оиланинг маликаси жилмайиб кутиб олар эди…” деб турган Эр эди.
Бу “Бу ёруғ оламда шунча йил яшасам-да, қанчалар ажойиб мўъжиза эканингга маҳлиё эсам, нима қилай?.. Жужуқлигингда сени “ой қизим” деб суйган бўлсам, кейинроқ “она қизим” деб суяр бўлдим…” деб турган Ота эди.
Бу шундоқ Инсон эди…
Инсоннинг “кўнглини буздилар”, энди ким унинг “хотирини шод” айлагай? Ким?.. Сизми, менми, уми?..
Не тонгки, бу саволнинг жавоби ҳикояда бор. Келинг, жимгина ўқийлик, жимгина уқайлик: “Энди сизу бизнинг қилар ишимиз – эшик оғзида турган, муҳташам отелнинг муҳташам кийимли малайларига мана шу гапларни етказиб қўйишдан иборат, холос.
Яна, агар кўчада кийимлари хийла уринган, ўз хаёллари оғушида кетиб бораётган, сочлари барвақт оқарган ўрта яшар бир кишини кўриб қолсангиз, Яратган Эгамдан нигоҳингизга теранлик, қалбингизга тиниқлик сўраб илтижо қилинг!
Ахир, у – Отадир!”
Кнут Ҳамсун. Эсселар
Норвегия ёзувчиси, Нобель мукофоти лауреати Кнут Ҳамсун (1859–1952 йиллар) қаҳрамонларини Достоевский қаҳрамонларига ўхшатишади. Билмадим, балки адашаётгандирман, аммо “Мистериялар”, “Пан”, “Гланнинг ўлими”, “Ишқ гадолари” асарларида бу ўхшашлик унча кўзга чалинмагандай туюлди.
Бироқ ёзувчининг эсселари бошқа гап. “Ғайри шуурий руҳий ҳаёт ҳақида”, “Секинроқ шошил”, “Псиохологик адабиёт” деб номланган бадиаларни ўқиб, юқоридаги фикр ҳақиқатлигига ишонч ҳосил қилдим.
“Одамлар Тангрини унутиб қўйишди. Қудратли доллар унинг ўрнини босолмайди. Техник ихтиролар эса руҳий эҳтиёжларни қондиролмайди. Натижа – боши берк кўча”, дея шафқатсизлик билан ёзади Ҳамсун “Секинроқ шошил” эссесида. Худди шу бадиадаги “Шарқ халқларини фавқулодда ахлоқий донишмандлик ажратиб туради”, дея эътироф этиши ёзувчи машриқ адабиёти билан яқиндан таниш бўлганлигини кўрсатади.
Адиб бадиасида “Тараққиёт ўзи нима?” деган саволни ўртага ташлайди ва унга ўзи жавоб қайтаради: “Тараққиёт инсон танасига осойишталик, кўнглига эса хотиржамлик ато этишдир. Тараққиёт халқ фаровонлигидир”.
“Одамлар ўзгардими, бу адабиётда ҳам акс этиши керак”, дейди Ҳамсун “Псиохологик адабиёт” бадиасида.
Энди эсселардан бирида қаламга олинган, тасвирнинг Достоевскийга хослиги (достоевскийчилик хасталиги) билан ҳам ўқувчини ларзага соладиган бир воқеа хусусида.
…Тонг. Ёзувчи қаламкаш дўсти билан кўча айланмоқда. Улар ёзувчининг уйига қўшни ҳовлида беш-олти ёшли болакай бобосини от қилиб минаётганини кўриб қолишади. Болакайнинг қўлида қамчи, “от”ни аямай савалайди. Чарчоқдан оёқ-қўли қалтираётган бобо эса ўзига азоб беришаётганидан мамнундай…
Гамсуннинг дўсти хитоб қилади:
– О, нақадар бахтиёр кексалик!
Ёзувчи унга эътироз билдиради:
– Аслида бу қийналаётганидан бахтиёр чол. У менинг қўшним. Қизининг қўлида, ярим оч ҳолида яшайди. Егани – қаттиқ нон. Бугун тонгда у қизи ўзининг ўғли, яъни манави болакай учун яшириб қўйган пишлоқни ўғирлаб еди… Мана энди виждон азобини сал босиш учун ўзини қийноқларга маҳкум этмоқда…
Улуғ ёзувчи мана шу хусусий ҳодисадан умумий хулоса чиқаради: “Бу қария инсон меҳрининг тажассумига айланган тип ҳам, характер ҳам эмас; муайян вазиятда ўзига хослиги, қалб ҳолати акс этган индивид. Унинг бутун вужуди руҳий зўриқишда… Демак, невараси билан ўйнаётган чолни кўрганим заҳоти уни кўнгилчан ғамхўрга чиқарарканман, гап унинг қалбидаги эмас, менинг қалбимдаги содда болакай ҳақида кетаётган бўлади…”
Балки шу сабаблидир, Ҳамсун умумий типлар яратаётган ёзувчилар асарларига ишонқирамай қарайди, уларнинг қаҳрамонларини бир ракурсда, тор аспектда яратилган образлар деб ҳисоблайди. Ваҳоланки, айнан ўша қаҳрамонларда ҳам қаламга олинмаган, ёритилмаган ўзгача феъл-атворлар бўлиши аниқ. Шу сабабли “типик” қаҳрамонлар ёзувчини сира қаноатлантирмайди (қаранг-а, социалистик реализмнинг гўри ўша пайтлариёқ қазиб қўйилган экан).
Шу йўсинда мулоҳаза юритаётган ёзувчи ғаройиб хулосага келади: “Психолог (демак, ёзувчи) ўз персонажи қалбини ёритиши ва сўроққа тутиши лозим”. Ҳамсун бир умр мана шу ақидага амал қилиб яшади. Унинг асарларининг, қаҳрамонларининг умри боқийлиги сабаби ҳам шунда бўлса керак…
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 1-сон