Янги томорқамизга оиламни оғзим қулоғимда бўлганча олиб бордим. Қип-қизил даштни кўргандаёқ, хотинимнинг авзойи бирдан ўзгариб, лабига учуқ тошгандек гезарди-қолди. На ариқда сув кўринади ва на гуркираб ўсган бирор дов-дарахт. Тўғри, ҳар қадамда адир гиёҳлари бўй чўзиб ётибди-ю, барибир ёқимсиз кўриниш касб этганлиги билан эътиборни ололмайди. Бироқ ўткир бўйлари димоққа урилмасдан ҳам қолмайди.
Болалар қий-чув қилишганча атрофни айланиб кетишди. Хотин эса ерга оёқ қўйганча машинадан тушишни ҳам истамайди. Қон босими кўтарилди чоғи, нуқул пешонасини асабийнамо силайди. Билиб турибман, жаҳли ўт бўлишга тушди. Энди овутишга тушган ҳам эдимки, кетимдан қўққис гумбурлаган саломлашиш оҳангидан чўчиб, ўша ёққа алангладик. Миқтидан келган бир йигит илжайганча турар, кенг елкасига ташланган баркашдек кетмонини енгилгина саланглаттар эди. Минғирлаб алик ҳам олдим. Қизиқ, ариқда сув бўлмаса, кетмон нима учун. Бу ерда деҳқончиликнинг ўзи кўринмайди-ку! Ичимни уқдими, йигит қўл олишаркан, томорқага имо қилди.
– Сизларникими, бу ер?
– Ҳа, шунақа.
– Яхши жойдан сотиб олибсизлар.
Бу гапдан аёлим лаби титраганча ялт этиб унга қаради, бироқ бир сўз демай, кўзларини яна бир хил тусдаги манзарага тикканча уф тортди.
Оғзимни пойлаган йигитга ноилож бош ирғадим.
– Шунақа шекилли.
Йигит қуруқ ҳиринглади.
– Шекилли эмас, акажон, ҳақиқатан ҳам шунақа. Фақат, фақат…
Давом эттирдим.
– Фақат сув йўқ. шундайми?!
– Йўқ! – деди йигит ишонч билан, – бу ўзингизга боғлиқ. Қудуқ қаздирсангиз бас, шу ободликнинг бошланиши дегани бўлади.
Вужудимдаги ички исённи илиқлик эгаллади. Марғубага бир қараб қўйдим.
– Шундай денг.
– Шунақа! Ҳов пастликдаги бир амаки кечагина сув чиқартирди. Энди электр сими тортиб келтирса, бу ердаям яна ҳаёт бошланади. Аввал бу жойлар боғ-роғлар бўлган.
Марғуба қуруқ ёлғонларга чидолмадими, қарс эткизиб эшикни ёпиб олди. Йигит топ тортмай давом этди.
– Биз анави қир ортидаги қишлоқда яшаймиз. Отамлар кўчиб келганларида худди шунақа шароитсизликдан қийналишган экан. Мана ҳозир ҳамма нарса муҳайё. Бу ерда мен сизларга девордармиён қўшниман, ўнг томондан.
Узоқ суҳбатлашгим бор эди-ю, хотинимнинг тезоблиги баттар тутиб қолишидан, аямай шанғиллашидан ҳадиксираб, ортимизга қайтишга уриндим. Ҳар ерлардан қир гулларини тера-тера, бир қучоқ гулдаста ҳозирлаган болалар ҳам зерикишди шекилли, машинага чиқиб олишди. Йигит билан бош ирғаганча хайрлашиб йўлга тушдим-у, Марғубанинг тутоқиб вағиллашидан бошим айланиб кетди. Қаердан ҳам олиб келдим-а! Ўзи хаёлимга келувди-я! Гўё аждаҳо оғзидаги гуркираган оловга рўбарў келгандек, жоним жазиллашга тушди. Қаватли уйда зериккан, ҳовлини ихтиёр қила-қила, ҳол-жонимга қўймаган манави тескари хотинимнинг жағи сира тинмайди. Нуқул мени уқувсизликда айблайди. Яна болаларнинг олдида-я.
Кейинги сафар томорқага ўзим ёлғиз бордим. Кимдир томорқасига тошу шағал тўкиб кетибди. Ҳавас қилдим. Ўзимча режа қилиб турсам, аввалги йигит пайдо бўлди. Қўлида ўша сопи узун кетмон. Олдида барваста ит. Калласи хумдек келади. Думи, қулоқлари кесилганидан кўзга ғалати кўринади. Елинига ёпишган пашшаларни нафас қайтариб-нафас қайтариб қўришдан толиқмайди.
– Қўрқманг, –деди йигит ишонч билан бир менга, бир итига қараб, – тишламайди! Кўриниши шунақа ўзи. Ҳали кўрасиз, атрофингизда парвона бўлиб қолади. Киришимли итлардан.
Дилкаш йигит экан, узоқ гаплашдик. Режамни эшитиб, далда берди.
– Сира ташвиш тортманг. Бетонни ўзим қуйдиртириб бераман. Таниш болалар бор. Сиз қандай бўлишини чизиб берсангиз бўлгани. Керакли ашёларни етказиб турсангиз, тез орада қуйиб чиқиб кетишади.
– Сув масаласи танг-ку!
Йигит мамнун илжайди.
– Сув ташийдиган ошнамиз бор. Ҳов пастликдан келтириб беради. Бакини келишиб олсангиз, қанча керак бўлса, эринмайди. Тирикчилиги шундан.
Шундай бўлди. Икки ҳафтага қолмай, ҳайҳотдек ҳовли тархи бино бўлди. Йигит яна далда берди.
– Акажон, пахса урдирсангиз, танишлар кўп. Ҳеч қанчага қолмай, уриб чиқиб кетишади.
Шундоқ бўлди. Уч ҳафтага қолмай, иморату атроф деворларни ҳақиқатан ҳам кўтариб қўйишди. Ўзимниям ҳавасим ортганидан тез-тез қатнайдиган, тез-тез хабар оладиган бўлиб қолдим. Кейинги гал йигит яна қанотимга кирди.
– Акажон, ёғочу вассажуфтларини келтириб берсангиз, таниш болалар мўл. Айни пайтда қўллари бўшаб ҳам қолди.
Шунақа бўлди. Уч кунга қолмай, том сувоғиниям битириб қўйишди. Во, ажаб, дейман ўзимга-ўзим. Худди эртакка ўхшайди-я. Истаган нарсанг кўз очиб юмгунча бино бўлаётир-а!
Йигит яна кўнглимни кўтарди.
– Акажон, куз ҳам келиб қолди. Шифер ёптирасизми, ё тунука томми? Хоҳласангиз, танишлар тиқилиб ётибди. Бир ҳафтага қолдиришмайди.
Айтилгандек бўлди. Томни зангори рангдаги тунукада чиройли тусда ёпиб беришди, барака топкурлар. Ичимга сиғмайман. Бир текисда кетаётган қурилишга қолганлар ҳам қизиқиб кетишдими, қўшниларнинг ҳам ғайрат олови ёнишга тушди. Маҳалла тусини олаётган иморатларнинг шакл-шамойили бир-биридан ўзишга киришди.
Қиш кириб қолганида қадамим узилиб турганди, йигит яна ғайратимни қитиқлаб қолди.
– Акажон, уйларингизнинг полини қоқтирмайсизми мабодо? Ҳозир ёғочу тахталар арзонлашадиган айни пайт. Баҳорда икки бараварига оласиз. Истасангиз, усталар бор.
– Майли, ишқилиб совқотиб қолишмайдими?
Йигит бамайлихотирликда кулди.
– Усталарни айтаяпсиз-да, тўғрими? Улар тобланиб кетишган иссиққаям, совуққаям.
Қойил қолмасдан иложиси йўқ. Бир ҳафтанинг ичида ҳамма хоналар бир текисда полли бўлди. Кўзларим яшнаб, дилим қувнаб кетди.
Ишдан чарчаб келган эканман, кўзим кетиб қолибди. Телефоннинг жон аччиғида жиринглашидан потирлаб туриб кетдим. Нафас етишмайди. Юрагим томоғимгача мушт уриб ётибди. Ҳушим сал ўзига келдими, тўхтовсиз жиринглаётган телефон гўшагини жаҳл устида кўтардим-у, дастак нарёғидан минғирлаган товушни эшитиб, тутоқиб кетдим.
– Ким керак ўзи? Манқаланмай тиниқроқ гапир, ўв!
Гўшакдан шириллаган шовқин аралаш минғи товуш келди.
– Бу, мен, акажон, Яхшибойман.
– Қайси, Яхшибой?
Хаёлимдан эса, Яхшибой исми ҳам бўларканми, деган мазахомуз ўй ғириллаб ўтди.
– Қўшнингиз, янги қўшнингиз.
Рости, танимадим. Бошим ғовлаб турганида қаёқдаги Яхшибойи хаёлга келарканми? Дастакдан яна минғирлаш эшитилди.
– Акажон, танимаяпсизми? Бу, мен, Яхшибойман-ку, Ях-ши-бой!..
Ах, энди танидим. Қаердан топди уй рақамимни, бермагандим шекилли. Ҳамон уйқу ўчмаган кайфиятда бўлганим билан ўзимни бир амаллаб босганча сўрадим.
– Нима гап, ука.
– Акажон, мабодо уй ичларини суватмайсизми?
Қоним қайнаб кетди. бироқ зардамни базўр ютиб, тушунтирдим.
– Ҳозир айни қиш чилласи-ку!
Яхшибойнинг пинагиям бузилмади шекилли, шоширди.
– Усталар ҳозир бўш, баҳорга чиққач, тополмайсиз бирортасини. Деразаларингизга сувқоғоз тортиб, чўян печка ўрнатишади. Бу ерда нима кўп, қаттиқ-қуруқ янтоқ кўп. Бир иситволиб сувайверишади. Ташвиш қилманг, мен ўзим қумми, оҳакми, барисини топиб келаман. Сиз пулини тўлайсиз, холос.
– Майли, – дедим ноилож. – ўзларинг биласизлар, укажон.
Шундай бўлди ҳам. Бир ойга қолмай, хоналар сувоқдан чиқди. Янги оҳакнинг ҳидига тўлган ҳар хонанинг бир текисда сувалганидан завқим тошиб кетди. Яхшибой яна шижоатимга тегинсиради.
– Акажон, қудуқ қаздирмайсизми? Ҳа, қудуқ! Оддий қудуқ. Аммо-лекин бу тошлоқ ерларга ҳар қандай қудуқчи ҳам келавермайди. Булар бошқача. Умуман бошқача! Баъзи бир хом аталалари бор, қаттиқ жойига етишганда у ёғига ўтолмасликларига кўзлари етдими, урра қочишади. Бизнинг маҳалладаям уч-тўрттасиникини шундоқ қилишган. Мен айтаётган қудуқчилар ишнинг кўзини билишаркан, маҳалламдаги бир қўшни қаздирди. Сув чиқди.
– Ҳозир қиш-ку, укажон.
– Нима қипти?! Улар айнан қишда кўпроқ иш қилишаркан-да! Ер ости иссиқ бўларкан. Тепадаги – шағалини тортиб олувчи шеригига ёппасига капа қилинаркан, тамом-вассалом. Уйингизда ётиб юришиб, ишлайверишади. Фақат бизнинг маҳалладан сим тортиб келиш керак. Электрсиз ишлашолмайди. Бу ёғидан ташвиш чекманг, сим келтирсангиз, ўзим қойиллатаман барини.
Шу баҳона қўлбола симёғочлар – терак устунлари ўрнатилиб, чироқ ҳам кириб келди. Қудуқ ҳам қазилиб, сув чиқарилди. Ўзимга сиғмайман. Уйга қайтаётганимда Яхшибой қўнғироқ қилиб қолди. Қудуқчиларни машинага солволишим керакмиш. Марказгача бориб олишса басмиш. Уларнинг то йиғиштирилиб, машинага чиққунларига қадар диққатим ошиб кетди. Унинг устига ҳаво совигандан-совий бошлади. Ҳали йўлга тушмай туриб, ёши ўтганроқ аёлни эргаштириб Яхшибойнинг ўзи келиб қолди.
– Акажон, шу қўшнимникига келиб қайтаётган меҳмон опаниям ола кетсангиз. Йўлда қолиб кетмасин.
Пешонамга аччиқ шапатилаб, бошимни деворга ургим келиб кетди. Бу бола қанақа ўзи, қанақа, а? Номаҳрам аёлни машинамга солиб олсам, ким деган одам бўламан? Танимасам, билмасам. Аёл ҳам пакана бўлсаям, чакана эмас экан. То бошимни қашлагунча бўлмай, лип этиб ўтириб олса бўладими. Бўғилганимдан усталар ўтириб-ўтирмай, газни босдим. Ҳозиргина ҳавога беланчак бўлиб турган юпқа туманлик бирдан қуюқлашиб кетди. Боз устига анави аёл тинмай йўл кўрсатиб бораяпти. Гўё тўртта кўзи ожизни етаклаб бораётгандек, қатъиёна фармойиш бериб қолади. Дўнгликларда ҳайбатли чинқириб ҳам юборади. Бир маҳал телефони жиринглаб қолди-ю, хайрият деб турсам, оғзи тинмай кетди-ку! Ўчакишгандек, йўл ҳам тамом кўринмай қолди. Ҳатто машина ичиниям туман қоплади. Тўрт кишининг кўзи қинидан чиққудек порпирайди, аёлнинг жағи тинмайди. Ичимдан димиқиб аранг ўтирибман, бир баҳона чиқиб кетмасайди дейман.
Марказий йўлга тушиб олганимдагина кўнглимиз бироз хотиржам топди. Бироқ аёлнинг шанғи товуши… Хах, ўша телефон чиқарганнинг ҳам!.. Эгов-а, эгов! Марказга бир амаллаб етиб келдиг-у, бошимни рулга босганча жимиб қолдим. Уч уста қуллуқ қилгудек ташаккур айтиб туришибди, аёл эса ўша бодиллашида тушди-ю, гум бўлди. Қулоғим тинчиганига минг шукрлар айта-айта, уйга йўл олдим.
Эрталаб эр-хотин ишга, болалар боғчага шошилаётган маҳалимиз Марғуба машина эшигини очди-ю, бирдан дод солиб қолса. Қўлининг учида ялтироқ шарф дум ташлаб, саллоланиб турибди-ку! Ҳайрон бўлдим. Аёлларнинг рашки олдида бунақанги ҳайронликлару баҳоналар ҳам, росту ёлғонлар ҳам ип эшолмаслигини турмуш қурганимдан бери минг хилини кўравериб, кўзим пишмаган, қулоғим қовурилмаган жойи қолмади десам, ҳали бор экан. Бўлди тўполон, бўлди тўполон. Асабимни тинчлантириш учун мен дорихонага йўрғаладим, Марғуба ўзини тўшакка ташлади. Болаларни ҳар галгидек қайнсинглим боғчага олиб кетди-ёв.
Уйлар битиб, енгил-елпи кўчиб келгунимизча жигаримдан ҳам зиёда бўлиб кетган Яхшибой оиламизнинг бир аъзосига айланди-қолди. Бир девор қўшни бўлганимиз ҳаққи-ҳурмати ҳар куни бизникида нонушта қиладиган, бизникида кечки таом атрофида бўладиган бўлди. Бироқ ўзига менга куюнганчалик жон куйдирмаётганига ҳайрон бўлавераман, холос. Томорқасига у-бу экиб, сувни бизнинг қудуқдан насос орқали суғорадиган бўлди. Индамадим. Қанча яхшиликлар қилди ахир.
Иморат қурмайсизми, деб шунча қистасам ҳам, бошпанам бор-ку, деб адир ортидаги маҳалласини кўрсатади. Йўқ, қолган-қутган қурилиш ашёларини кўрсатиб, ишлатиб юборишини айтганимдаям истар-истамас охир кўнди. Бироқ аллакимларга тарқатиб юборганини кўриб…
Эрта тонгда эшик тақиллаб қолди. Яхшибой экан. Хижолатомуз тиржайиб турибди. Бизникида унда-бунда қолиб кетадиган ити ҳам эшик очилгандаёқ, лип этиб ичкарига ўзини урди-ю, бир чеккадаги идишига тумшуқ ура кетди. Яхшибой қўлидаги кетмони дастасини ўйнатганча ийманиб сўради.
– Акажон, айбга буюрмайсиз. Ана шу қолиб кетган шағалингизни бериб турсангиз. Истасангиз сотинг. Лекин менга эмас, ҳов, уч ҳовли наридаги қўшнига. Ҳозиргина ўша ёққа бир тўп усталарни бошлаб келдим.
Дод деворай дедим. Тун ярмида аранг келган, уйқум бузилиб турган жойим эди. “Қанақа бола бу ўзи, а, қанақа? Кун билан туннинг фарқи борми ўзи бунга?!” Ўзимни базўр босиб турибман. У ҳам билиб турибди ошкор оғринаётганимни. Оғзимни мўлтайиб пойлаши янаям аламимни тошириб турганида унинг товушидан илкис бош кўтардим.
– Ака-а, узр, безовта қилибман.
Дод солайми, нима қилай? Жон-жаҳдим бўғзимда турса-да, бош қимирлатдим. Бош қимирлатишим билан Яхшибой ўзида йўқ қувониб кетди.
– Раҳмат, ака, билардим йўқ демаслигингизни.
Ҳордиқ куни эди. Қўй-қўзи сотиб олиш ниятида хотиним билан бозорга тушдик. Қарасам, Яхшибой ўша ерда. Ким биландир мулойимликда тортишиб ётибди.
– Акажон, зўр сигир бор. Атиги биттагина туққан холос. Кунига йигирма беш литрдан ортиқ сут беради. Ростини айтсам, бир кун ўттиз, бир кун йигирма беш литр.
Харидор кимсанинг қўйкўзлари ғалати тортишиб кетди. Беихтиёр иягидаги холини қашлади.
– Нега энди унақа: бир кун йигирма беш, бир кун ундан кўпроқ?!
– Онасиям шунақа бўлган экан. Олинг, ютқазмайсиз. Мени биласиз-ку ахир, акажон.
Харидор иккиланиб сўради.
– Хўп, сени-ку беш қўлдек билганим билан сигир сен эмассан-ку елинини намойиш қиладиган! – Савдолашаётган киши бош чаккасига бормоғини михлаб буради. – Бир мундоқ ана бу ерингни ишлатиб гапиргин, ука. Хўш, қанча деяпти ўша дўстинг?
– Нариги бозорда саккиз милёнга бермабди.
Харидорнинг ранги бўзарди, аммо кундалик даромад икки ойга етмай, пулини чиқариб юборишини чамалади шекилли, шоширди.
– Билиб келгин-чи, еттига берармикин?
Яхшибой оёғини қўлига олганча ғойиб бўлди. Бу вақтда биз айланиб-айланиб мол бозорига кириб қолганимизни билмай қолдик. Таниш товушдан кетимга қайрилишимни биламан, тағин Яхшибойга кўзим тушди. У жон куйдириб бўйчан дўстига бояги кишининг илтимосини тушунтирди шекилли, биродари бош лиқиллатганча деди.
– Бераман, майли, еттига, аммо ундан кам эмас. Бор, ўша танишингни етаклаб келавер!
Яхшибой шошиб одамлар орасига ўзини урди. Бозор тиқилинч бўлиб кетганидан тол соясида, айни ўша мол сотаётган Яхшибойнинг дўсти қаршисида туриб қолдик йўл сийраклашишини кутиб. Ҳеч қанча ўтмай, Яхшибой тарвузи қўлтиғидан тушгандек, бўшашиб пайдо бўлди.
– Қўй олиб қўйибди бор пулига!
Биродарининг қоши керилди. Бўйин томирлари ўшқиргудек бўртиб чиқди-ю, аммо дўқ қилмади. Аста уқтирди.
– Ўша тиррақи қўйларини қайтариб берсин эгаларига. Сут-қатиқдан қайтмасин, болаларининг оғзи оқаради ахир. Бор, айт гапларимни!
Яхшибой яна зинғиллади. Хотинимнинг бесаранжомлигига қарамай, уларнинг ҳаракатига қизиққанча, яна нималар бўлишини кута бошладим. Ҳеч куттирмай, Яхшибой қора кўрсатди. Иш пишмаганини билдигандек, бош чайқади.
– Кўнмади. Эсинг борми, деди. Қўй-қўзилар олганини қайтариб-қайтариб писанда қилди.
Рости, бунақанги ҳаммага бирдек яхшиликни раво кўрадиган одамни умримда биринчи бор кўришим эди. Тавба, ўзини заррача бўлсин ўйламайдиган кишиям бўларканми? Ўзимизни билдирмасдан узоқлашдик, бўлмаса бизгаям керагича жон куйдириб қолиши ҳеч гап эмас эли.
Шу куни ишдан роса толиқиб келдим. Бу пайтда маҳалламизнинг икки томони яккам-дуккам бўлса-да қўшниларга тўлиб қолганди. Ҳали чой ичиб улгурмай, узун-қисқа бўлиб қўшнилар кириб қолишди. Қўлларида турлича пақир. Тўғри боришиб, насосни ёқишди-да, бир-бир сув тўлдиришиб, бемалол чиқиб кетишди. Таажжубланиб ошхонада картошка артаётган хотинимга қарадим. У истеҳзоли кулди.
– Бир йилдан бери шу, дадажониси. Яхшибойжон укангизнинг ҳотамтойлик ташаббуси бу. Майли, сувдан қизғониб бўлмайди, аммо ҳаммаёқни шилта қилиб ташлашлари ёқмай турибди, холос.
Марғубанинг туғилган куни айни ёз маҳали бўлганидан саҳнни айлантириб, стол-стулларни жойлаштириб чиқдик. Меҳмонлар кириб келишгач, қўшиқларни майин оҳангда қўйиб, илтифотга киришиб кетдик. Қавм-қариндошлар, таниш-билишлар, аёлимнинг касбдошлари тўлиб кетганидан уйгача жойлар ҳозирланди. Айни зиёфат авжига минганда дарвоза қанотлари икки ёнга аста очилиб, ўртада Яхшибой пайдо бўлди. У қаерга келиб қолганини, беизн нима қилиб қўйганини энди англагандек, бир муддат таажжубда туриб қолди. Нигоҳи жавдираганча меҳмонлар ичидан мени топиб олди-ю, қип-қизарган юзида хотиржамлик зуҳур бўлди. Қўлини кўксига қўйганча узр сўради. Сўнг иддаосини айтди.
– Акажон, манави ён қўшнингизнинг машинаси айни шу ерга келганда юрмай қолибди. Қурилишини бошламоқчи бўлиб келган жойи экан. Келинг, акажон, йўқ деманг, шу тунука аравасини қўя турсин. Қайгаям борарди бу аҳволида. Устасини ўзим топиб келаман. Қишлоғимизда Дадажон уста дегани бор, айтсам, йўқ демайди. – Кўзларимнинг бир нуқтада пирпираётганигаям парво қилмай, дарвозахонадаги меҳмонларга юзланди. – Айбга буюрмайсизлар, акажонлар, опажонлар. Бирор қулоч ўриндиқларингни силжитамиз-да энди.
Қотиб қолибман. Меҳмонлар эса амрга итоат қилишдими, ё менинг ҳайкалдек қотганимни розилик аломатида билишдими, стол-стуллари билан бир қулочдан ортиқ силжишди. Ўйинга тушиш учун ажратилган жой тамом қисқарди. Яхшибой эса мен умуман танимайдиган қўшни билан машинани итаришганча кенг йўлакка олиб киришди. Сўнг бўзаришганча нима қиларларини билолмай туришди-туришди-да, илтифот садоси ҳеч кимдан чиқмаганидан дарвоза қанотларини ёпишди-ю, минг узру ташаккурда чиқишди-кетишди. Хаёлимга на дод солиш келди ва на фарёд.
Шундан сўнг Яхшибойнинг товушини эшитсам ҳам, қорасини кўрсам ҳам асабим қақшайдиган бўлиб қолди. Ишонсангиз, таъмирдан қолган бўёқлар борми, бошқалар борми, ўринма-ўрин алмашавериб, туси ўзгаравериб, тоқатни тоқ қилиб ташлади. Оддий ғишт ҳам қатор-қатор эгасини топиб кетаверадиган ва мендек эгасини топиб келаверадиган ҳам бўлиб қолди.
Ҳаммасига тиш босиб келаётгандик. Бироқ бунисига чидолмадик. Марғуба айтмаганида билмас эканман. Ўқ деворга уйни давом эттириш мақсадида тирноқ чиқарилган эди. Шу қисмини Яхшибойнинг кўппаги кавлаб, ўзига ин қилиб олибди. Майли, қўриқчимиз бор-ку, десак, ити ҳам ой ўтар-ўтмас, бошқача иш тутиб қолди. Ўша девор остидан “винг-винг” деган товуш эшитилгандек бўлди. Ҳайрон бўлиб яқинлашаётган жойимда Марғуба ҳай-ҳайлаб қолди.
– Дадаси, бора кўрманг у ёққа! Тишлаб олмасин тағин.
– Барбос ўзимизники бўлиб қолди-ку, қайдан тишлаб олсин. Қизиқмисан?
Марғуба яна куюнди.
– У бошқаси. Ана шу Барбосингиз эргаштириб келган урғочи ит. Ўзидан ҳам баҳайбат.
Рости, юрагим дов бермади. Хаёлимга ўтган йили бир дўстимизни лайча кучук тишлаб олиб, шифохонада икки ойча ётиб чиққанди. Киндигининг остига қирқ кун укол олган. Эслаб, сесканиб кетдим. Ошхона деразасидан жавдираб турган Марғубанинг олдига қайтдим. Бир бўлак нонни деразадан итқитдим.
– Мах-мах!..
Бир маҳал тупроқ туйнугидан Барбосга бир яримта келадиган кўппак селкиллаб чиқиб келди. Елинлари ерга тегай-тегай дейди. У пишиллаб-пишиллаб нон чайнаркан, думини ликиллатди. Шу пайт аллақаердан Барбос пайдо бўлди-ю, дугонасини овқат тўла идиши томон бошлади. Меҳмонининг чапиллаб таомланишига хушнуд боққанча, бир қарич думини таёқдек айлантираётган Барбос олд оёқларига тираниб, куюкчан ингиллайди бир яхши. Бу манзаранинг томошабинига айланган эр-хотин қотиб қолибмиз. Бир маҳал Марғубанинг телефони қаттиқ жиринглаб қолди. Боғча тарбиячисининг товуши ошхонани тутди.
– Болаларингизни эсларингдан чиқардингларми, қачон олиб кетасизлар? Соат етти бўлди, опажон.
Ичимда бирдан олов айланиб кетди. Шошиб Яхшибойга сим қоқдим.
– Укажон, итларингизни олиб кетмасангиз бўлмайди, кеннойингиз ташқарига чиқолмай ётибди. Болаларни боғчасидан олишимиз керак.
Гўшак ортидан шанғиллаган товуш келди.
– Мен узоқдаман, акажон. Бир энахонимиз борлар, ўтин-чўп керак бўлиб қолган экан, шуни ола кетаяпман. Сиз ташвиш қилманг, ҳозироқ укамга тераман, итимни олиб кетади. Ўзи сизларникига анча кўникиб қолганди-я.
Жаҳлимга баттар ўт туташди.
– Ҳой ука, итингиз битта эмас, иккита. Эшакдек келади, эшакдек. Шуниси девор тагида болалаб ётибди.
Яхшибой қувониб-қувониб шанғиллади.
– Ие, шунақами?! Ҳаҳ, хайрият-а, яна болалабди-я, эсон-омон қутулиб олибди-я! Болаларини катта қилиб олаверсин бўлмаса, акажон. Ўз ҳолига қўя туринг энди бирпас. Зиён-заҳмат кўриб юрмасин шўрлик.
Дод солиб юборганимни билмай қолдим.
– Ҳой, бу ер одам яшайдиган ҳовли, ит эмас, инсон.
Яхшибой бир нималар деб жавранди-да, такрор қайтарди.
– Ҳозир укамга терайин-чи, нима дер экан?
– Вой-дод, нима дейиш керак ўзи, у тирмизак ука, а?! Ахир ўз уйимга ўзим хўжайинми, итингизми, укангизми?..
Телефон “тут-тут”лаганча ўчди. Каллам чақмай қўйганидан Марғубага жавдирайман, холос, шундан бирор ақлли чора чиқиб қоларикин деб. Йўқ, чиқди! Чиққандаям зўри чиқди. У дарҳол қайнсинглимга сим қоқиб, болаларни боғчадан олишини, уйларига элтишини айтди-ю, кўнглим саранжом топди. Бироқ аёлим иккимиз уйга қамалганча қолдик. Ҳовлини тап-тайёр туғруқхонага айлантирган икки кўппак этакда жойлашган махсус хона йўлагини ҳам бўшатишмади сира. Яхшибойнинг бедаво укаси эса на қора кўрсатди ва на хабари бўлди.
Эрта тонгда турган бемаза шамол дарвозанинг дарчасини қарсиллатиб очиб ташлади-ю, қорни очиққан туғруқхонадаги дугоналар ташқарига ўзларини уришди. Мижжа қоқмаганимдан кўзларим толиққан, калла ванг. Шундай бўлса-да, бирдан уйғонган фикрдан хотинимни уйғотдим. Дарвоза қанотларини ланг очганча машинага ўтирдиг-у, шоша-пиша газни босдим. Қулоғимга девор остидан кучукбаччаларнинг “винг-винги” чалингандек бўлди.
– Ҳа, овозгинангдан сенларнинг!..
Кечга яқин уй телефони безовта жиринглаб қолди. Шу бугун ишга боролмагандим, бошлиғим бўлса керак деган тусмолда гўшакни кўтардим. Дастакдан ўша таниш товуш – Яхшибойнинг минғи хитоби янгради.
– Акажон, ҳовлингизни лангиллатиб очиб кетибсиз. Яхшилаб ёпиб қўйдим, ташвиш қилманг. Кеча укамга тушолмадим, қайтиб сизгаям. Роса уриндим, бўлмади. Мана энди ўзим итларни олиб кетаяпман. Бу итлар бўрибосар-да, акажон, бозори чаққон. Шўрлик, ўнта туғибди, ўнта-я! Сутдан чиқиши билан бозорга соламан. Уйимни битириб оламан шу билан. Энди қўрқмай келаверинглар, ака.
Бир амаллаб оғзимни очдим.
– Яхшибойжон, укажон, биз ҳовлини сотадиган бўлиб юргандик ўзи. Илтимос сиздан, харидор топилсаёқ, хабар бериб юборинг.
Яхшибойга жон кирдими, шанғиллай кетди.
– Харидор тиқилиб ётибди, ака, кирганига сотаверасизми? Мана ҳозир эълон қиламан ўшаларга! Сиз сира ташвиш қилманг. Ҳаммасини ўзим қойиллатаман. Ҳовлига зорлар қанча-ю-ю-ю…
2019 йил