Тоҳир Малик. Ҳал қилувчи ўйиндан репортаж (ҳажвия)

Тўп тепишларингдан айланайин “Пахтакор”, дунё ўзгариб кетяпти-ку, аммо сен қандай туғилган бўлсанг, шундайлигингча турибсан. Ҳорижнинг футболчиларини футбол нималигини билмаганлар  мақтайди. Алаканинг итидай югургани югурган. Биров туртиб йиқитса ҳам, ёта қолмайди. Иштонининг ичига бурга кириб олганми, сакраб туриб кетаверади. Ҳе, нодон, ўйинни билмасанг, Тошкентга келмайсанми, нима қилишни “Пахтакор”жондан ўрганмайсанми? “Пахтакор” ҳам текис майдонда, биттагина юмалоқ тўпни тепади. Аммо унинг биттагина сири бор: бизнинг жонгинингдан айланай “Пахтакор” футболни югуриб эмас, юриб ўйнайди.
Майли, ҳорижликларга ҳам ақл битиб қолар. Улар ҳам шунақа ўйинни ўрганишар. Ана ўшанда…
Кўрасиз томошани! Ҳамма “Пахтакор” каби ўйнай бошласа нима бўлади? Нима бўларди, чемпион бўлади-да? Ўзбекистон чемпиони бўлиши-ку, нақд нарса. Ундан кейин Осиё чемпионларининг додахўжаси бўладими? Ундан кейин Африка чемпионнинг бурнини ерга ишқайдими?  Ҳозирча дунё чемпионларининг кубоги йўқ. Нега йўқ, биласизми? Чунки “дунё чемпиони” деган номга лойиқ команда йўқ. “Пахтакор” ҳаммани ўз йўриғига солиб олганидан кейин шунақа чемпионат ҳам ўтказилади. Ана ўшанда финалда, яъни ҳал қилувчи ўйинда “Пахтакор” билан Бразилиянинг “Сантос” клуби тўқнашади.
Бундай чемпионат ўтказилиши ва унда “Пахтакор”нинг мутлақ ғолиб бўлиши қийин масала эмас. Бизни ҳозирдан ташвишга солаётган масала – ўша ҳал қилувчи ўйиндан репортажни ким олиб боради? “Профессионал спорт шарҳловчиларимиз кўп-ку?” дейсизми? Сиз ниманидир сўрамоқчимисиз, биродар? “Профессионал спорт шарҳловчиси”нинг кимлигини билмайсизми? Унда уқиб олинг: репортаж чоғида бир тоғдан, бир боғдан келса, гапларига биров тушунмаса – ўша проффессионал спорт шарҳловчиси бўлади. Демак, финал ўйиндан репортажни шу азаматлар олиб боради-да, демоқчимисиз? Тартиб-қоида бўйича шундай. Лекин ўша куни унинг қўшнисиникида тўй бўлиб қолса-чи? Тўйни ташлаб ким финал ўйинига боради? Ёки энди ишга отланганида қўшниси чиқиб “келинингизни тўлғоқ тутиб қолди, машинангизда туғруқхонага олиб бориб қўйинг”, деса-чи?
Хуллас, бу муаммога ҳозирдан тайёрланишимиз керак. Репортажни фақат футбол шарҳловчисига юкламай, бошқа касб эгаларини ҳам бу вазифага тайёрлаб туриш керак.
Ана энди, озгина тасаввур қиламиз: 2222 йил. “Дунё чемпиони” номини олиш учун финал ўйин. Микрофон олдида:

Профессионал спорт шарҳловчиси:
Ассалому алайкум, қадрли спорт мухлислари! Ўзбекистон телевидениесининг камера ва микрофонлари республикамиздаги энг йирик “Пахтакор” стадионига ўрнатилган. Бугун бу ерда “Пахтакор” ва “Сантос” командалари ўртасида ҳал қилувчи учрашув бўлиб ўтади. (Изоҳ:шу онда сийғоқ болалар учун махсус иштон ишлаб чиқарилгани ҳақидаги реклама берилади) Қани, кўрайлик-чи, ким чемпион бўларкин? Ҳозирча ҳисоб очилгани йўқ: нол-нол. Эслатиб ўтамиз, ҳали ўйин бошлангани ҳам йўқ. Ие, ана, майдонга футболчилар чиқиб келишмоқда. (изоҳ: бу онда қизларни қазғоқ балосидан қутқарувчи шампун рекламаси берилади) Судъянинг жарангдор ҳуштаги яна бир неча дақиқалардан кейин мароқли ўйин бошлангани ҳақида дарак бериш шарафига муяссар бўлади. Биз эса эслатиб ўтамиз: демак, ҳозирча ҳисоб нол-нол! Ниҳоят кўнгилларга шодлик улашувчи судьянинг ҳуштакчаси янгради. Тўп тепилди. Қайтараман, ҳисоб – нол-нол! Тўп билан Лопухов. У олдинга интилмоқда. Унинг рўпарасида эса кутилмаганда рақиб ҳимоячиси пайдо бўлишга эришди. Қани кўрайлик-чи, Лопуховнинг финтли маҳорати ўз натижасини кўрсата олармикин? Ҳа, алдаб ўтди. Биринчисини, иккинчисини… мана бу ерда зарб билан тепилган тўп нима учундир ҳимоячининг думалоқ бошига келиб тушди. Маҳоратли тўпурар ҳужумчимиз хатога йўл қўйди. У тепган тўпи ҳимоячи бошига эмас, дарвоза тўрига тушиши зарурлигини ўйлаб кўрмади. Умид қиламизки, тренер танаффус пайтида ҳужумчига буни эслатиб ўтишни ўзига шараф деб билади. Диққат қилинг, тўп билан Зверев. Қани кўрайлик-чи,  у нима қила оларкин? Ҳимоячилар тўпни осмони-фалакка кўтариб юбориш ишини эпчиллик билан амалга оширишди. Шу пайт чаққонлик билан югуриб чиққан Козлов тўпни боши билан тепиб, дарвозага йўналтиришга эришди. Демак, ҳисоб очилди, бир-у нол, олдинда “Пахтакор”. Ҳужум эса давом этмоқда ва Лопухов бурчакдан тўп тепиш бурчини қўлга киритди. Тўп тепилди! Яна Козлов!! Аммо… бу сафар тўп машҳур тўптепарнинг бошига етиб келишни ўзига раво кўрмади.
Ана, ниҳоят судьянинг хуштаги “Пахтакор”нинг чемпион бўлганидан дарак берди. Шунинг билан репортажимизни якунлаймиз. Репортажни Фалонулла Писмадонхўжаев олиб борди.
***
Тасаввур этайлик, ҳал қилувчи ўйин куни Фалонулла дўстимиз бир сабаб билан хизматга кела олмадилар. Нима қилиш керак? Телевидениеда хизмат қилувчиларнинг аксари шоирлардир. Эҳтимол, репортаж олиб боришни шулардан бирига юклармиз. Ҳар ҳолда шоирлар гапга уста бўлишади. Эплашар?

Демак, шоирдан эшитамиз:

Ассалом, эй дўст, ассалом,  эй ёронлар! Бугун биз кўм-кўк майдонидамиз севимли ва ардоқли командамизнинг. Атрофда гулгун чеҳралар. Юракда қувонч, кўзларда шуур! Қалблар тепади ҳаяжондан, шавқдан ва завқдан. Майдоннинг барра майсалари майин бош эгади футбол эгаларининг маҳоратидан. Ардоқли ва эъзозли футболчиларимиз ҳаракатига қараб шеър айтгинг келади кишининг:
Оёқлар, оёқлар
чайир оёқлар,
заранг оёқлар
тепадилар тўп.
Майин майса узра
юмалар
тўп
хўб!
Чемпионлик лаззатин
оҳ!
сурмоқ соз,
аммо вақт оз…
Дарвоқе, секундомеримизга қараймиз, ўйин бошланганига ўттиз саккиз минут бўлибди. Энди вақт келмишдир тўп аҳли билан таништироқ юмушларига. Бизларга рақиб бўлмоқлик ила ташриф буюрмиш меҳмонлар кимлардан иборат? Муборак орқа томонларига алифдай “бир” рақами билан зарбланган шоиримиз, йўқ, узрлар бўлсин, ўйинчимиз – исмларини билмайман, аммо Пушкинга ўхшаб кетадилар. Футболни бекорга поэзия деб шарафламайдилар. Иштони жиягига икки рақами зарбланган йигит Жўрж Байроннинг ҳудди ўзгинаси. Шунингдек, майдонда Гейне, Лермонтов, Лорка каби улуғларни эслатувчи йигитларни учратамиз-ки, бу қалбларимизга олам-олам нур беражак.
Яна қарайлик вақт ҳисобини қилғувчи соат милларига: уфққа бош қўймоқдадир иккинчи бўлимнинг йигирма бешинчи дақиқаси ҳам. Шу ўйининг қайси бир дақиқасида мавлоно Козлов ихтиёрлари ила киритилган тўп ҳозирча яккадир ва ягонадир! Бунга тарих бермоқдадир гувоҳлик. Бизни беҳад сарафроз айлаганлари учун “баракалла, Козловжон!” дегимиз келади. “Офарин, мулла Козлов!” дегимиз келади ҳайқириб.
Қандайин абжирлик, қандайин тезлик бу! Лол қоласан киши футбол заҳматкашларининг маҳоратига. Яна тилга шеър қуюлиб келади, ашъор қуйилиб келади. Офаринлар дегинг келади уларга – азаматларга, баҳодирларга.
Ана, ниҳоят қулоқларга хуш ёқувчи ҳуштак янгради майдон узра. Майсалардан майсаларга урилиб янгради бу ҳуштак овози. Яъниким, тугади ўйин! Рўй бўлди тунларни кунларга улаб қилинган орзу. Бунчалар нафис, бунчалар гўзал, дегинг келади бу санъат аҳлига қараб. Уларни қутламоқ пайти келди, дўстлар, уларни табрик этмоқ, олқишламоқ лаҳзасидир бу дамлар. Ашъор тўқиймиз улар шаънига, шеър тўқиймиз! Токи улар жасорати қалбга, дилларга, юракларга муҳрлангай бир умр!
***
Шоир ҳазратлари бир кун аввал майдан андак бисёр нўш этган бўлсалар,хизматга келолмай қолишлари эҳтимоли бор. Шу боис сўзни  адиб жанобларига бера қоламиз:
Адиб:
Сезганмизсиз: кунлар юмалоқ тўп каби юмалаб-юмалаб ўтаверади. Стадионнинг ўн иккинчи секторини қоралаб кўтарилган қуёш, майдонни қиздира-қиздира, охири чарчаб, ўттиз тўққизинчи сектор ортида ёнбошлаб ётган бепоён уфққа аста бош қўяди. Аммо у ётоғига бош қўймай туриб, бугун сабабсиз иссиқ сел уфурганидан хижолат бўлгандай, стадионни тўлдириб ўтирган футбол мухлисларига уятчан боқади, уларни қийнаб қўйганидан астойдил уялиб, қип-қизариб кетади. Сўнг ўзини оқламоқчи бўлгандай шабадани чорлайди. Чинор шохларини шитирлатиб етиб келган шабада мухлисларнинг иссиқдан бўғриққан юзларини аста сийпалаб, улар қалбига маҳзунлик бахш этади. Сўнг пастга ўрлаб, майсалар кокилини ўйнайди, гўё уларга эртак сўйлаётгандай бўлади.
Табиат беқиёс оқил ва гўзал. Унинг донолиги олдида не-не даҳолар тиз чўкмаган. Ахир кун бўйи саратон қуёши қиздирган шаҳарда шабаданинг айнан шу пайтда, футбол ўйини авжга минган маҳалда эсиши ажабтовур ҳодиса эмасми?
Мана, ўйиннинг иккинчи бўлими ҳам ниҳоясига етяпти.  Онда-сонда уфураётган шабада ҳамон мухлислар дилини равшан этади.
Одатда шундай бўлади. Қизиқ. Шабада эсаверади, ўйин эса давом этаверади. Табиат сеҳрига маҳлиё бўлиб, ҳисоб очилганини ҳам сезмай қоласан киши. Ҳа, азизлар, қуёш стадион узра сўнгги нурларини сочаётганда ҳисоб очилган эди. Бу ондаги футболчиларнинг ички кечинмаларини ифода этмоққа сўз ожиз!
Сезганмисиз: ўйин тамом  бўлади. Шабада эса гўё билмагандай эсаверади, эсаверади. Сўнг кеч киради, сўнг тонг отади. Табиат сеҳри ана шунақа!
Дарвоқе, ўйин ҳисобининг аҳволи қандай экан? Буни зукко мухлислар эртага газетадан билиб олсалар ажаб эрмас.
***
Табиатнинг ажабтовур сеҳрларидан яна бири шуки: кечаги майхўрликда шоир  билан биргаликда адиб ҳам бўлиши эҳтимоли бор экан. У ҳолда умидимиз танқидчидан.
Танқидчи:
Спортимиз тарихида янги саҳифа очаётган бугунги учрашув ҳақида сўз бошлашдан аввал “Пахтакор”нинг аввалги ўйинларига қисқа экскурс қилиш жоиздир. Шундагина бугунги учрашувнинг асл моҳияти яққол акс этади. Атоқли футбол билимдони Н.Олимов таъкидлаганидек, асосан оёқ билан (яъни тепиб), баъзан эса бош ёрдамида текис майдонда ўйналувчи футбол аҳамияти жиҳатидан спортнинг бошқа турларидан кескин фарқ қилади. Бундан кўриниб турибдики, футболчи (ёки тўп тепувчи) яхши югуриши ва керакли пайтда тўхтаб тура олиши баробаринда майдонга ётиб олиш истеъдодига ҳам эга бўлиши шарт. Ана шу истеъдод қирраларидан ташкил топган команда “футбол командаси” дейилади ва “Пахтакор” шундай командалар силсиласига кирадики, бу бизлар учун муҳим аҳамиятга эгадир.
Шу ўринда “Пахтакор” ўз услубига эга команда эканини алоҳида таъкидлаш зарур. Агар биз команда ўйинчиларининг ички эҳтиросларига, яъниким, қалб нидоларига қулоқ тутсак, уларнинг камроқ тўп уриб, кўпроқ ўтказиб юборишга майллари зўр эканини сезамиз. Аммо бу ўткинчи  майл. Футболчилар ички кечинмаларини енга олувчи матонатли йигитлардирлар (курсив бизники). “Пахтакор” йилдан йилга ўсиб борувчи команда. Авваллари унинг ҳаракатида эпиклик, яъни майдонни кенг қамраб олиш етишмас эди. Ўйинчилар майдоннинг фақат маълум майдонларида йиқилар ва шу маълум майдонда ҳузурланиб ётишни хуш кўрардилар. Командада ижодий кўтаринкилик маълум маънода оқсар эди. Асар қаҳрамонлари, ие, узр, сал ўтлаб кетибмиз чоғи, демак, жамоа, яъни команда футболчилари тўпнинг йўналишини  кузатишда актив қаҳрамон даражасига кўтарила олмас эдилар. Ҳозир ундай эмас.
Хулоса қилиб айтсак, “Пахтакор” ўйинларига илмий-назарий нуқтаи назардан ёндошиб, кўп фикрлар билдиришимиз мумкин эди. Аммо тўқсон минутлик қисқа вақт ичида бунинг имкони йўқ. Чунки репортажимиз охирлаб қолди. Агар янглишмасак, “Пахтакор” бугун “Реал” командасига қарши маҳорат билан тўп сурди. “Пахтакор”нинг бугунги рақиби “Зенит” ҳам бўлиши мумкин, деган эҳтимолни ҳам назардан қочирмаймиз. Энди тўқсон минутлик ўйиннинг оқибати, яъни ҳисоб ҳақида фикр юритадиган бўлсак, бу алоҳида илмий изланишни тақозо этади. Шошқалоқ мухлисларга эса “Ахборот”нинг сўнгги спорт саҳифасига мурожаат қилишларини сўраймиз.
***
Сўнгги дақиқада маълум бўлиб қоладики, танқидчи жанобларининг ҳамқишлоқлари “сув билан сутнинг қўшилишидан ҳосил бўлувчи масса” мавзуида докторлик диссертацияси ёқлар эканлар. Ҳимояга бормаслик гуноҳ эмас-ку, аммо зиёфатдан юз ўгириш олимона иш эмас. Шу боис, бошқа одам топишга тўғри келади. Бо Худо, шоир, адиб, танқидчи бўлиш шартми? Ана, мухбир укамиз бекорга ўхшайдилар. Шу йигитга ишона қолайлик:
Мухбир:
Биз тушган оппоқ “Мерседес” машинаси теп-текис асфальт йўлдан елиб борар экан, асов қуёш ҳали адл тераклар ортига ёнбошламаган эди. Стадионга келиб, атрофга ҳайрат билан тикилдик: бағрига эллик тўққиз минг тўққиз юз тўқсон тўққиз ашаддий мухлисни сиғдира олувчи стадионда ажойиб бир кўтаринкилик ҳукмрон. Стадион узра мухлислар симфонияси янграйди.
Майдонда эса ғалаба иштиёқида ёнаётган футбол усталари завқу шавқ билан тўп сурадилар.
Мухлислар роҳати йўлида самарали югураётган Козлов командадошлари бошлаб берган юксак суръатга “Лаббай!” деб жавоб бериб, “Валаки-саланг” қўшма корхонасида сифатли қилиб тўқилган тўрга тўп киритди!
Мухлислар Козлов жанобларини олқишлаётган пайтда биз унга савол билан хаёлан мурожаат этамиз:
Савол: Ҳорманг, жаноб Козлов!
Жавоб: Бор бўлинг.
Савол: Илтимос, мухлисларимизга ўзингизни таништирсангиз?
Жавоб:Мен, Козлов, футболчиман.
Савол: Айтинг-чи, ҳозир нима билан бандсиз?
Жавоб: Ҳозир футбол ўйнаяпман.
Савол: Оилангиз ҳақида гапириб берсангиз.
Жавоб: Ҳозирча оиламиз унча катта эмас, яқинда “Бебби” деган итим туғади. Шунда кўпайишамиз.
Савол: Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?
Жавоб: Бўш вақтимни итимга бағишлаганман.
Савол: Қанақа таомни хуш кўрасиз?
Жавоб: Текин таомни.
Савол: Энди тўп тепиш сирлари билан ўртоқлашсангиз?
Жавоб: Тўпни тепиш учун уни аввало ерга қўйиш керак.
Савол: Узр, гапингизни бўламан. Тўп думалоқ бўлиши шартми?
Жавоб: Ҳа, иложи борича юмалоқ бўлгани маъқул.
Мухбир: Раҳмат, жаноб Козлов, бундан кейинги зафарли ишларингизда улуғдан улуғ муваффақиятлар тилайман. Итингиз туққанида бешик тўйига айтсангиз, бу ҳақда алоҳида кўрсатув тайёрлаб, мухлисларимизни қувонтирамиз.
Азиз томошабинлар, узр, хаёлдан ҳақиқатга кўчамиз. Қаранг, ўйин юксак кўтаринкилик руҳида давом этмоқда ва секундомер миллари саодатли дақиқаларга чорламоқда. Биз кўпмингли мухлислар номидан “Пахтакор”нинг бундан кейинги ғалабаларига ҳам тилакдошмиз.
***
Репортаж олиб боришни мухбирга ишонишимиз ҳам хомроқ кўриняпти. Чунки ўша куни ҳомий ташкилот раҳбарининг уйида зиёфат бўлса, мухбирга чой ташишдай улуғ масъулиятли иш топширилади. Демак, ундан умид йўқ. Тўхтанг-чи, ҳов анави кишини танияпсизми? Ие, ҳа, мусиқали драма театрининг артисти-ку? Қани, илтимос қилиб кўрайлик-чи, бу ерда бекорга юрмагандир?
Мусиқали драма театри артисти:
Ассалом, эй “Пахтакор”!
Ассалом, эй мухлислар!
Ассалом, эй бўлажак чемпион! Бугун биз ажойиб томошанинг гувоҳи бўламиз азиз шинавандлар.
Эй қуёш, кўрсат юзунг,
Гўлларга тўлсин тўрлар.
Ғалабадан қувонсин
Жўралар, ўртоқлар…
Шундай қилиб, биз голлар шайдосимиз. Ана, Лопухов. Қўлимиз кўксимизда, саҳоватпеша Лопух ўғли! Тўп эса майдонда жавлон уради. Серзавқ шинавандалар олқишда! Лопухов, Зверев, Козлов айниқса илдам!
Уччаласи бўйдоқдир, ҳо бўйдоқдир,
Аммо аҳил ўртоқдир, ҳо ўртоқдир.
Жо-о-о-но-ней! Уларга ҳамла қилган
Рақиб оёғи чўлоқдир, ҳо чўлоқдир,
Вой дод-е…
Шинавандалар уларга пул қистириш иштиёқида ёнадилар. Аммо шавкатли милициямиз бунга йўл бермас! Йўл берганда ҳам пул қистирмоққа бошларида дўппи йўқ эрур, иштонга қистирмоқ эса иснод эрур.  
Хуллас, ўйин юксак савияда давом этади. Томошанинг иккинчи пардаси охирламоқда. Ғалабани нишонлаш учун аппосионата етишмаяпти. Бўлмаса, ҳаммаси гўзал ўтди, гўзал!
***
Артист жаноблари футболга келмаётган эканлар. Шу стадионнинг орқасида истиқомат қилувчи бой жанобларининг эрта-индин итлари болалайдиган экан, шу шодиёна муносабати билан зиёфатча ташкил этган эканлар. Футбол деганлари ўйинчиларсиз ҳам ўтаверар-ку, аммо бой жанобларининг зиёфатчалари ашулачисиз ўтмас. Шу боис артистта ишонмаймиз. Ана, опера театрининг артисти келяпти. Буларни ҳойнаҳой зиёфатчаларга чорлашмас. Кўрайлик-чи, балки репортажни шу одам олиб борар.
Опера театрининг артисти:
Қисқа увертюрадан кейин тренер либреттоси асосидаги футбол томошаси бошланди. “Пахтакор”нинг ажойиб речитатив ансамбл эканини таъкидлаш лозим. Командада беқиёс терцет, ҳатто квартетлар бор. Булар ансамблдаги аризо ва каватиналарни мутлақо рад этмаган ҳолда командани ғалабага бошлайди. Ниҳоят, кутилган ўйин бошланди:
Тепилгувчи тўп бо-о-о-р энди,
Судья бизга ё-ё-ё-р энди.
Чойхонада ош дам-ло-о-о-вчи
Тренер унга зо-о-о-р энди.
Судьялар  ансамбли    ўйинга моҳирона дирижерлик қилмоқдалар. Солист ўйинчиларнинг барчаси ҳозирча ўз ролини катта истеъдод билан бажармоқда. Ана, Белковни кўринг:
Бола, бола,
Бола деган қаттиқ тепинг.
Секингина унга эмас, бунга тепинг.
Рақибларнинг жаҳли ёмон, ўргилай,
Секингина, билдирмайин, ётиб тепинг.
Ие, ана, тўп тепилди! Аммо… парда орқасига ўтиб кетди.
Ўн уч йилдир дарвозага тўп урмайди,
О-о-о-о…
Майдон узра отни жадал сурмайди,
Во-о-ей…
Ётиб олса, ўрнидан ҳеч турмайди-и-и-и…
Турмаса турмас. Томоша тамом. Ўйин сюжет характерига, либретто сценарийсига қатъий амал қилган ҳолда “Пахтакор” фойдасига ҳал бўлди. Офаринлар ва олқишлар…
***
Ўйлаб қарасак, опера театрининг артистига ҳам унча ишониб бўлмас экан. Ўша куни уларнинг театрусига беш-ўн одам киргудай бўлиб қолса, у бечоралар ҳам саҳнага чиқиб, томоша кўрсатишга мажбур бўлиб қолишади. Энг яхшиси… Ҳа, ана, ана, келяптилар: юришларига ҳамма маҳлиё, Ҳидоятхондурлар бу киши. “Майсаранинг иши”да кўрганмидингиз? Эҳтимол футбол репортажига ҳам моҳирдирлар? Бир синаб кўрмаймизми?
Ҳидоятхон:
Шу денг, акахонлар, майдонга тикилавериб кўз тўймайди-ей! Йигирма иккита норғулгина, азаматгина йигитлар-а! Вужудларидан куч ёғилиб турибди-ей! Вой, қурмағурлар-ей, дегинг келади. Оёқларини қаранг, бирам узун, бирам узунгина-ей! Ҳой, қоравой йигит ўлмагур Козловжоннинг оёқжонига   тепиб юборай деди-я! Тепмайгина ўлгин-а, жувонмарг! Шу норғулгина йигитжон азият чекар ҳам демайди-я!  “Пахтакор”нинг ўйинчиларидан айлансанг арзийди. Битта тўпни ури-иб қўйиб, яйрабгина қолишди. Уларнинг елкаларини қаранг: оҳ, оҳ! Йиқилса нақ ер титраб кетади. Шуларга битта ош дамлаб, суҳбатини олсанг. Дунё кўрган-да, булар, кў-ўп нарсаларни айтиб беришади. Вой, биррам  чарчашди, биррам чарчашди булар, судьяси тушмагурнинг қаҳри мунча қаттиқ бўлмаса. Чала қолмайсанми  анави савил қолгурни. Чу-у-у-р! Ҳайрият-ей! Ҳамма икки оёқда туриб қолди. Худога шукур!
***
Хаёлий кўрик-танловимизни шу ерда тўхтатиб турайлик. Турли соҳа вакилларининг репортаж олиб бориш салоҳиятига баҳо бериш – сиздан. Шу баҳога қараб уларни 2222 йилдаги ҳал қилувчи ўйинга таклиф этамиз. Дарвоқе, кўрик-танловимиз якунламайди. Давом этади. Эҳтимол, сиз ҳам бирон кишининг репортаж олиб боришини тасаввур қиларсиз? Хулосамиз шуки, биз орзу қилган ўйин бўлиб ўтса, репортаж олиб борувчига зориқмаймиз. Энг муҳими –  чемпионликка даъвогар бўлса бас, бу ёғи бизга тан. Хўш, азизимиз “Пахтакор”, энди навбат ўзларига!