Тоҳир Малик. Дездемонанинг “сотка”си (ҳажвия)

Отелло дунёга келиб нима ҳам кўрди-я!
(Паттачининг афсуси)

Режисеер Остонақулов анчадан бери «Отелло» спектаклини саҳналаштиришни орзу қилиб юрарди. Охири раҳбарият айтди-ки: «Пулдор ҳомий топсанг, саҳнага қўявер. Истасанг «Отелло»ни қўй, истасанг «Уйда чакса уни йўқ, том бошида қўш тандир»ни қўй», дейишди. Остонақул бировга «ака», деб борди, бошқасининг эшигини «тоға» деб қоқди. Охири ҳомийлар топилди. Томошани саҳнага қўйишга етадиган пул топилгандай бўлди. Бундан қувонганича ишни бошлаб юборди. Биринчи галда энг истеъдодли актерларни танлаб, ролларни бўлиб берди. Дастлабки машқлар бошлаганида ҳомийлардан бири телефон қилиб қолди:

 

-Дездемона ролига бир қизимиз бор, ўшани ўйнатасиз,-деди.
Режисеер Остонақулов Ҳолсизова деган артист аёлни эшитмаган экан, ҳомийнинг ўзи мушкулини осон қилди:
-Гўшт бозорига бориб, паттачи Юмалабтортаровни топасиз, у сизни Ҳолсизовага рўпара қилади.
Режиссер ноилож янги Дездемонасини кўргани борди. Аввал паттачини топди. Паттачи эса Ҳолсизовани. Унгача паттачи «қиз»ни таърифлаб берди. Паттачи «қиз» деб таърифлаган Ҳолсизова  унча қари эмас, пенсияга чиққанига ҳали беш йил тўлмабди. «Ёшлик — бевошлик» деганлари тўғри экан, ўттиз беш йил аввал шу паттачи билан пича дон олишиб қўйган экан, «ёшликда берган кўнгил айрилмас бало бўлур» деганларидек, ўша муҳаббат кунларининг ҳурматидан паттачи акаси бир марҳамат кўрсатадиган бўлибди-да! Табиийки, Ҳолсизова режиссерга ёқмади. Юмалабтортаровга Дездемонанинг ёши, ташқи кўриниши қандай бўлишини тушунтирмоқчи эди, паттачи гапни калта қилиб қўя қолди:
-Агар шу қиз Дездемона бўлмаса, пул ҳам бўлмайди!
Ўша кеча Остонақул ухламай чиқди. Эрталаб эса Дездемона ролига тайёрланаётган қизга руҳсат бериб, Ҳолсизовани чақирди. Икки кундан кейин иккинчи ҳомий қўнғироқ қилиб, Отелло ролига аммасининг ўғлини тавсия қилди. Остонақулов ўша куниёқ уни кўриб:
-Бўлмайди, оқсар экан-деди.
-Бўлади,-деди Ҳомий,-Отелло урушда яраланиб, чўлоқланиб қолган, дейсиз, шунга ҳам ақлингиз етмайдими?
-Кўзлари ҳам сал… ғилайроқ экан…
-Кўзига урушда ўқ теккан…
Хуллас олтмишдан ошган гўзал Дездемонага чўлоқ ва ғилай Отелло насиб этди.
Учинчи ҳомийнинг ҳам Отелло ва Дездемона ролига даъвоси бор экан, аммо аввалроқ ҳурматли акахонлари банд этгани учун унча савдолашиб ўтирмай, Яго ролини талаб қилди. Талаб қилганда ҳам бировни тавсия этмай, ўзи ўйнайдиган бўлди. «Дўст бор, душман бор, бизни ҳам бир саҳнада кўриб қўйишсан». Яго бояқишнинг бўйи бир ярим, эни, қоринга қўшиб ҳисоблаганда, икки қулоч келарди. Уни кўрган одам юряптими ё юмалаяптими аниқлаши маҳол эди.Бу ҳомийни Отелло билан Дездемона бағоят ҳурмат қилишаркан, бирга ўйнашга рози бўлдилар. Тўртинчи ҳомий Кассиони талаб қилди. Унинг жияни соқов бўлгани билан театрни яхши кўраркан. Хуллас, бошқалар имо-ишора билан гаплашадиган бўлишди.
Роллар шу тариқа тақсимланиб, иш бошланганида асосий Бош ҳомий йўқлаб қолди:
-Шекспирингиз кимлигини билмайман-у, аммо ёзганини менга айтиб беришувди унга қойил қолмадим. Ҳаётни билмас экан. Битта рўмолча деб хотинни бўғадими? Қаранг, бозор тўла рўмолча. Шу битта рўмолчани деб одамларни икки соат лақиллатиб ушлаб ўтирмоқчимисиз? Йўқ, мен бунақа бекорчи томошага пул бермайман,-деди у.
-Рўмолча ёқмаётган бўлса… Дездемона нимани йўқотади?-деди режиссер ажабланиб.
-Масалан… агар Дездемонангиз културний чувиха бўлса, сотка телефонини йўқотсин. Шунда Отелло бола пақир «Рўмолча!» деб лалаймайди. «Сотка! Сотка телефон қани?» деса ҳамма ишонади. Минг долларли соткани йўқотган хотинни бўғса, арзийди. Хотини ўйнаши билан соткада гаплашаётганда шартта босиши керак, энг яхшиси шу, укам!
Ночор Остонақулов бунга ҳам кўнди.
Ҳомийлар санъатсевар халқ экан, яна кўп зарурий ўзгартишлар киритилди. Шекспирнинг номи бошқачароқ бўлди: Шекс Пиров, Отелло — Отаулла, Дездемона — Дили Рабо, Яго — Яҳёга айланди. «Отелло — крутой йигит» деган хулосага келган Бош ҳомийнинг талаби билан Отелло Дездемонани ўлдириш учун ёлланма қотил ёллайдиган бўлди.
Иш шу ерга келганда ўша ёлланган қотилни ўйнайдиган актер топилмай турибди. Актёрку бор-а… унга ҳомий йўқ. Ие, ана, ҳомий ҳам топилди. У айтган актер ҳам таклиф қилинди. Ана халос, мерганни ўйнайдиган бу одамнингг икки кўзи ожиз экан-ку? Ҳа, майли, бу ҳам муаммо эмас, милтиқни бир кўзни юмиб отадими, ё иккаласиними — фарқсиз, барибир милтиқнинг ўқи йўқ-ку?