Тоҳир Малик. Темир одам (ҳажвия)

(Чўнтакда асралган ҳангома)
Насрқулдан сўрашибди: «Худо одамни лойдан яратган экан, сомон ҳам қўшганмикин?» У жавоб берибди: «Қўшган, қўшмаган бўлса одам бу дунё ташвишларига чидолмай, ёрилиб кетган бўларди». Бу бир латифа. Аммо Жазқулнинг фикрича, бошқалар лойдан яралган бўлса ҳам Йўққулободдаги ўқитувчи зоти темирданми ё бетонданми яралган бўлиши керак. Қирқ йил мактабда муаллимлик қилган Жазқулнинг, оқибат, топган фалсафаси шу бўлди. Билмаганлар дерларки, мактаб болалари шўх ва бебош, ўқитувчининг асабларини қийма-қийма қилиб ташлашади, уларга чидаш учун одам темирдан бўлиши керак. Жазқул бу гапга қўшилмайди. Болаларнинг шўхлигига чидамоқ учун одам балчиқдан ясалса ҳам бўлаверади, ёрилмайди.Туновинда маориф мудирининг ўзи келиб, Жазқулнинг синфини бир кўздан кечирди. Синф токчасида турган Жанубий Йўққулобод харитасига кўзи тушди-ю тутоқиб кетди. «Тевосқул даврида чиқарилган харитадан фойдаланилмасин», деган буйруққа итоат этмагани учун Жазқулни болаларнинг олдида бир пул қилиб ташлади. Жазқул «барака топгур мудир укам, йигирма йил олдин ҳам Еразилия шу ерда эди, ҳозир ҳам жойида турибди», демоқчи бўлди-ю, аммо индамай қўя қолди. Ана ўшанда билмаганлар уни «темирдан ясалган, ёрилмади-я!» дейишди. Жазқул эса «бе, шунга ҳам темирдан бўлиш шартми, бунақа пайтда одам пластилиндан ясалиши керак», деб қўя қолди. Билмаганлар, «ўқитувчилар дарс беришга чидашади-ю дастёрликка чидашлари қийин», дейишади. Жазқул бу гапга ҳам қўшилмайди. Ахир дастёрлик кони савоб-ку! Мана, сайловга тайёргарлик жараёнида уйма-уй юриш, рўйхатга олиш ҳам оғир иш эканми? Ҳақ тўлашмаса, тўлашмас. Агар хожалар ҳурмат қилишмаса, ишонч билдиришмаса, шу ишларни буюришармиди? Бунинг учун одамнинг темирдан бўлиши шарт эмас, лойқа сувдан ясалса ҳам бўлаверади. Бир марта қайси бир идорага қишлоқдаги чувалчангларнинг сони керак бўлиб қолибди. Яна бошқа идорага эчкиларнинг рўйхати. Яна битта идорага ҳомиладор хотинларнинг рўйхати керак бўлибди. Шу топшириққа келганда Жазқул сал қийналди. Рўйхатни олиб, топширгунича ҳомиладор хотинларнинг ярми туғиб қўйиб, рўйхатни икки марта янглишга мажбур бўлди. Темирдан ясалмаган бўлса ҳам ғинг демади. Болаларни фермер хўжалигига чопиққа олиб чиқаётганда хотини «ўзингизнинг томорқангизга қачон қарайсиз?» деб жавраса ҳам ёрилмади. Номини кимдандир эшитган, ўзини  эса кўрмаган  газета обунасига маошидан ушлаб қолишганда ҳам,  қишлоқнинг яқинига йўламаган цирк тамошаси учун чегириб қолишганда ҳам ёрилмади. Бунинг учун одам темирдан ясалган бўлиши шарт эмас, чанг-тўзондан ясалса ҳам бўлаверади. Йил якунланаётган чоғи ўқувчиларини баҳолаётганда бир ишбилармоннинг ўғли, дабдурустдан столи устига бели синмаган пулни қўйиб «Устоз, бизда ҳам номус бор, «уч» баҳони тўртга айлантириб қўйинг», деганида ҳам ёрилмади. Бунинг учун ҳам одамнинг темирдан бўлиши шартмас, чириган қоғоздан ясалса ҳам бўлаверади.
Аммо… ҳар нарсанинг чегараси бор. Жазқул «Бу йил хожаларнинг кўчаларини тозалашга мактаб ўқитувчилари жалб қилинмас эмиш», деган янгиликни эшитди-ю чидолмай қолди. Бу янгилик унга камситиш бўлиб кўринди. Хожалар ўқитувчиларга ишонмай қўйишгандирки, шундай қарор чиқаришган. Мана шунақанги адолатсизикка чидаш учун одам албатта темирдан ясалган бўлиши керак. Нима дедингиз?