Тоҳир Малик. Марҳабо, талантлар! (ҳажвия)

(Лоф учраб қолса,  маъзур тутғайсиз)

Аввалги асрда Йўққулободда эмас, ўзимизнинг телевидениеда «Марҳабо, талантлар» деган кўрсатув бўларди. Унда турли туман ашулакашлару раққосалар кашф қилинарди. Гарчи у кўрсатув аллақачонлар йўқ бўлиб кетган бўлса-да, бизда эмас, Йўққулободда  унинг иш усулидан фойдаланиш давом этаётган экан. Ким Шерлок Холмс ҳақидаги асарни ўқиган бўлса, тасодифан йўқолган артистни топиш воқеасини эсласин. Эсладингизми? Ҳа, баракалла. Ўша артистга театрда гадо ролини ўйнаш топширилган экан. У гадолар ҳаётини чуқур ўрганиш учун грим қилиб, яъни ўзини гадо қиёфасига солиб, кўчага чиқиб ўтиради. Ҳаётни ўрганиш шу билан тугайди-ки, унинг кундалик тушуми театрдаги маошидан кўп бўлгани учун, гадолик қиёфасидан чиқмай, тиланчилик билан кун кечираверади.
Ҳозирги кунда Йўққулобод томонларда ҳам ана шундай талантлар пайдо бўлиб қолган.Уларнинг бахтига тунда ёмон туш кўрувчилар кўп, ёмон туш кўрганда кейин у-бу аташ керак. Бу талантлар садақа бергиси келганларнинг мушкулини осон қилишади. Метро ёки автобуснинг гавжум бекатларида,  таъбир жоиз бўлса, ўзларининг «штаб»ларини очишади. «Штаб» деганимизга ажабланманг. Бу штабнинг бошлиғи бор, аскарлари бор, кузатувчилари ҳам бор. Ёлғиз тиланчилик қилиб кун кўриш замонлари ўтиб кетган. Ҳар бир бекатнинг ўз хўжайини бор. Масалан, бирон ногироннинг қўлига гитарами ё чилдирмами бериб қўйилади. Эрталаб кетишингизда гитарачини кўрасиз. Пешинда чилдирмачи тиланиб турган бўлади. Ўйлайсизки, гитарачи инсофли экан, бир-икки соатда кундалик тирикчилигини қилиб кетибди. Агар диққат қилиб кузатиладиган бўлинса, ҳар икки-уч соатда бу талантли тиланчилар жойи алмаштирилади. Сиз бу тиланчига раҳм қилиб, садақа берасиз-у тиқин автобусда кетасиз. «Бечора» тиланчини эса янги иш жойига камида «Нексия»да олиб бориб қўйишади. Пешин пайтида сиз арзонроқ таом қидирасиз. У «бечора»га эса шоҳона бўлмаса ҳам, шунга яқин дастурхон тайёр туради. Ахир талантларни оч қолдириб бўлмайди-да! Бутун санъатларини ишга солиш учун уларга ҳам куч-қувват керак. Айниқса, ногирон ролини ўйнашнинг ўзи бўладими? Бир кун эмас, бир соатгина кўзи ожиз одам қиёфасида туриб кўринг-чи, ёки оёғингизни қийшайтириб юра оласизми? Санъат тилида гапирсак, буларни ўргатувчи ва йўналтириб турувчи «режиссер»лари ҳам бор. Ҳозир чорраҳаларда ногиронлар ролини ижро этувчи талантлар кўриги бўляпти. Кечаги куни режиссернинг айби билан ишнинг расвоси чиқай деди-ю тиланчининг таланти туфайли Худо бир асради. Катта чорраҳада тиланиб турган туғма чўлоқни бир ҳайдовчи таниб қолди. «Кеча бошқа чорраҳада кўзинг кўр бўлиб турувдинг, бугун чўлоқмисан?» деб қолсами? Аммо гапи тўғри эди. Кеча у сўқир ролини ижро этганди. Бугун режиссернинг айби билан роли алмашиб кетибди. Ҳар қанақа ролни қойиллатиб ташлайверганидан бу ёғига аҳамият бермаган экан. Лекин жавобни топди: «Кеча сиз кўрганингиз укам Ҳусан, мен эсам Ҳасанман, биримиз кўр, биримиз чўлоқ бўлиб туғилганмиз»,-деди. Ҳайдовчи яна бир нима демоқчи бўлди-ю светофор чироғи ёниб қолди.
Штабнинг ўша кунги йиғилишида бу масала кескин муҳокама қилиниб, ролларни алмаштириб юборган режиссер кунлик улушдан маҳрум қилинди. «Штаб» мажлисида иштирок этолмаган Тангатопдиқул Пулсанарқулов билан Чақабойқул Кумуштойқуловларнинг тилла тиш қўйдираётганлари инобатга олиниб, уч кунга таътил берилди. Шунингдек, «Оилавий талантлар»ни қўллаб-қувватлаш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Эр — кўр, хотин — соқов, болалардан бири шол, яна бири меров ролларини қойилмақом ижро этган Яканқул Тийинбекқуловлар оиласи моддий рағбатлантирилди. Улар маҳоратларини ошира борсалар, йил охирига бориб енгил автомашина билан тақдирланадиган бўлишди. Ўша йиғилишда тиланчиларнинг ҳавфсизлигини таъминлаш учун шахсий қўриқчи  жорий этиш таклифи «бунақада ашулачилардан фарқимиз қолмайди» деган мулоҳаза билан рад этилди. Аксарият талантларнинг аксари “карате”га қатнаши инобатга олиниб, бу вазифа уларнинг ўзларига юкланди.  Шунингдек, йиғилишда тиланчиликнинг янги кўринишларидан оқилона фойдаланиш масалалари ҳам кўрилди. Томошаларда бир ҳилликка барҳам бериш учун ёш жувонларни яхши кийинтириб, уйма-уй юришга ва ҳаётнинг оғирлигидан нолишга ўргатишди. Бу ролни зиммасига олган жувон уйида тайёргарлик кўраётиб, ўзини шундай ҳокисор қилиб кўрсатдики, «Мерседес» автомашинасини артаётган эри ҳам чидолмасдан, йиғлаб юборай деди.
Йўққулободдан хабар беришларича, тиланчилик вазифасига яроқли истеъдод эгаларини танлаш давом этяпти. Тиланчиликнинг янги-янги усуллари кашф этилса, не ажаб?