Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти
аъзоси — Озод Ўзбекистон
учун битдим.
МУАЛЛИФ.

БИРИНЧИ БОБ

1

Мен фарғоначи Жамолиддин кетмон набираси бўламан.

2

Бобомиз ҳовлиси Фарғонада бўлади.
Даласи Фарғона адоғида бўлади.
Бобомиз даласи олдидан бир ариқ сув оқади.
Сув гавҳар зилол-гавҳар зилол сув бўлади.
Сув эгилмиш толлар мажнун-мажнун солланади.
Ариқ ўнгида шаҳардан келажак йўл бўлади.
Йўл ариқ ёқалаб ўтади. Йўл мажнунтол соялаб ўтади.
Бобомиз ана шу йўлдан саҳар-саҳар далалайди.
Толга хуржун илади. Таҳорат олади. Қиблалатиб белбоғ ёяди.
Чўлпон юлдуз пойида қулоқ қоқади. Чўлпон юлдуз пойида сажда этади.

3

Бобомизда нима бўлади — кетмон бўлади. Кетмон эмас — бир балои бад бўлади!
— Жамолиддинни кетмони даласидай келади! — дейди эл.
Эл қаерда қандай улкан нима кўрса бўлди—бобомиз кетмонига нисбат беради.
— Ол-а, Жамолиддинни кетмонидай келади-я! — дейди эл.

4

Бобомиз урмиш кетмонни ўзидан ўзга ердан тортиб ололмайди.
Бобомиз калима қайтариб-қайтариб кетмон чопади. Худони ёдлаб-ёдлаб кетмон чопади. Худога шукрона айтиб-айтиб кетмон чопади.
Йўлдан ўткич-кеткичлар бобомизга ҳорманг этади.
Бобомиз йўлга қиё-да боқмайди. Даладан бош кўтармайин бор бўлинг, этади.
Шу боис, йўлдан ким ўтади-ким кетади — билмайди. Билгиси-да келмайди. Ким бўлса-да — бир мўмин, мусулмон-да, дейди.

5

Саратон жингиртоб-жингиртоб куйдирмиш бир маҳал йўлдан ажабтовур овозлар эшитилади.
Ажабтовур овозлар ўз йўлида кета беради. Бир оғиз ҳорманг этмайди.
Шунда, бобомиз кетмонини ер ботиради. Энгашмиш кўйи тиззаларига кафт тирайди. Ер остидан йўлга кўз ташлайди.
Бобомиз кўзимга тер томди-ёв, дея ўйлайди. Қўли юзи билан кўзларини артади.
Бобомиз бошқатдан қарайди.
Во дариғо, шу кўринмиш ажина бўлдими? Ҳа, йўғ-а! Умри шу далада ўтди — бир нима-да кўрмади.
Ё, шу кўринмиш туш бўлдими? Ҳ-а, йўғ-а! Ўлик-тирик сергак вақт-а!
Мусичалар узиб-узиб ку-кулайди.
Кун ёнади.
Саратон сап-сариқ товланади.
Ўткинчи балолар саратондай сап-сариқ бўлади.
Саратон балолардан сариқ бўлади, балолар саратондан-да сариқ бўлади.
Бобомиз қад ростлаб қарайди. Йўлга бетма-бет бўлиб қарайди. Ўнг кафтини қоши узра соябон қилиб қарайди.
Бобомиз пичир-пичир калима қайтаради. Кетмонини елка ола-ола қадамлайди.
Ариқ лабида ювиниб-чайинади. Хуржунидан тушлигини олади. Ариқ бўйида ёяди.
Бобомиз чордона қуриб ўтиради. Ариққа нон ботириб-нон ботириб тушлик қилади. Ариқдан қўшҳовучлаб-қўшҳовучлаб сув олиб тушлик қилади.

6

Кун қиёмдан-қиём бўлади.
Йўлдан Салоҳиддин бўйрачи ўтади.
Бобомиз бўйрачини гапга солади.
— Сиздан олдин ашиёққа бир бало ўтди, — дейди бобомиз.
Салоҳиддин бўйрачи ариқ ўнгида оёқ илади.
— Ажина бўлиб ажина бўлмади, одам бўлиб одам бўлмади, — дейди бобомиз.
Бўйрачи ариқ бўйида соялайди. Бобомиз билан муқобил бўлади.
— Кўрдим, Кетмон, кўрдим, — дейди бўйрачи. — Ўзимни йўлдан четга олиб турдим.
— Нега-нега?
— Ғайридинлар билан йўлим бир бўлмасин, дедим-да.
— Бизнинг кўчамизда ғайридинлар… еб юрибдими?
— Э-э, Кетмон, Кетмон. Сенга кетмон бўлса бўлди. Сен ҳам одамдай бўлиб, кетмондан бош кўтарсанг экан, дунёдан хабардор бўлсанг.
— Мана, кетмондан бошимни олиб ўтирибман?
— Қорнинг очгандир-да. Бўлмаса, кетмондан бош кўтарармидинг.
Салоҳидин бўйрачи шундай дея, йўл бош-адоғига қараб олади. Бобомиз, олдига лик этиб сапчиб ўтади. Бобомиз қабатига чўкади. Бобомиз билан елкама-елка бўлади.
— Фарғонаға Оқпошшо келди, — дея пичирлайди.
— Муллалар Оқпошшо бизни ололмайди, деятиб эди-ю?
— Олибди-да.
— Қўқондан Олимқули лашкарбоши Чимканга лашкар тортиб кетибди, деятиб эди-ю?
— Олибди, олибди. Ололмас экан-у, Бухоро амири Музаффархон ўтириб қўйибди. Олимқули лашкарбоши Чимканда Оқпошшо елкасини ерга теккизибди. Оқпошшолиларни битта қўймай қиличдан ўтказмоқчи бўлиб турса, Музаффархон бизнинг Қўқонга дафъа қилибди.
— Бўламан дегич эл, бир-бирини ботирим дейди, бўлмайман дегич эл, бир-бирини этини ейди.
— Олимқули лашкарбоши ғазот майдонини ташлаб, ўзимизнинг Қўқонни ўзимизнинг Бухоро амири билан мудофаалаш учун қайтиб келибди. Оқпошшо бундан фойдаланибди. Чалажон оқ лашкарлар тағин дафъа қилибди. Олдин Чимканни олибди, кейин Тошканни олибди.
— Ҳа, тавқи лаънатлар! Тошканниям олибдими-а?
— Олибди, Тошканниям олибди. Саидазимбой дегич савдогар бой Оқпошшога Тошканни сотибди. Тошканда Кайковус дегич улкан бир ариқ бор экан. Тошкан ёлғиз ана шу Кайковусдан сувлар экан, Саидазимбой Оқпошшога ана шу Кайковусни чиппа бўғиб, Чирчиққа буриб юборишни маслаҳат берибди. Оқпошшо Саидазимбой гапи билан Кайковусни чаппа қайириб, Чирчиққа оқизибди. Ана шундан Тошкан қирқ икки кеча-кундуз сувсиз қолибди. Халқ ҳолдан тойиб, Тошканни мудофаа қилолмай қолибди. Оқпошшо саҳарлайин Тошканни босибди.
— Ила-била, Қўқонгача келибдими-а?
— Тошкан билан Қўқон ораси икки қош оралиғидай келади. Етиб келади-да. Ўзимизнинг Қўқон хони ҳе йўқ, бе йўқ, шаҳар дарвозасини очиб берибди. Марҳамати учун Оқпошшодан «Аслзода» фахрия унвони олибди, нишон олибди…
Бобомиз чапараста-чапараста сўкади:
— Ҳе, эна…!

7

Худо бермиш кун бўлади — йўлда Оқподшо бўлади.
Бобомиз Оқподшога кет буриб кетмон чопади. Бобомиз Оқподшога терс бўлиб кетмон чопади.
Бобомиз Оқподшо бетини кўрмайин-да, куймайин-да, дейди.
Оқподшо арава миниб ўтади. Оқподшо соз чалиб ўтади. Оқподшо ашула айтиб ўтади. Оқподшо ҳуштак чалиб ўтади.
Бобомиз шунда-да Оқподшо бетига қайрилиб қарамайди. Энкаймиш кўйи бутлари орасидан мўралайди.
Оқподшо оёқлари осмонда бўлиб кўринади, бошлари ерда бўлиб кўринади.
Оқподшо олабўжи бўлиб кўринади!
Бобомиз тушликда-да Оқподшога кет буриб ўтиради.
Даласига юз солиб-юз солиб тушлик қилади.
Оқподшолик арава ариқ ёқасида оёқ илади.
Аравадан тап-тап Оқподшо тушади.
Бобомиз Оқподшо тарафга кўз қирида қарайди. Шунда ажаб синоат кўради.
Бир жуфт оқбадан-оқбадан олабўжи дала оралаб боради. Олдин-кетин боради. Ғоз-ғоз боради.
Оқбадан олабўжилар боради-боради — дала киндигида оёқ илади. Ғоз туради-туради — узала тушиб ётиб олади.
Бобомиз кўзларини юмиб-очиб қарайди. Бобомиз кўзларини пирпиратиб қарайди.
— Ё, тавба-а! — дейди.
Бобомиз оҳиста-оҳиста тўркалади. Кетмонини елка олади. Сўқмоқ бўйлаб боради.
Бобомиз бир капа жойни кафтдай поллаб эди. Тупроғини кафтларида эзиб-эзиб майдалаб эди. Кепакдай-кепакдай мулойимлаб эди. Кепак тупроққа дон сепиб-сепиб ташлаб эди. Чумчуқ териб кетмасин дея, кепак тупроқ узра ун мисол тупроқ сепиб-сепиб қўйиб эди.
Ана шу кепак тупроқда, ана шу ун тупроқда бир жуфт Оқподшо ялпайиб-ялпайиб ётади!
Оқподшо қип-яланғоч ётади! Оқподшо онадан энди туғилмишдай ётади!
Эркакзот Оқподшода ақалли бир энлик лунги бўлмайди.
Аёлзот Оқподшо маммалари осма қовундай-осма қовундай осилиб ётади.
Бобомиз билаклари билан бетларини бекитади.
— Ийя-ийя! — деб чаппа бурилади. Оқподшолар ана шунда калла кўтариб қарайди.
Ёнбош ётиб қарайди. Кўз қисиб қарайди. Эркакзот Оқподшо кафтида тупроқ ўйнайди.
— Тупроғингни биз учун мулойимлаб қўйибсан, миннатдорчилик билдирамиз, — дейди.
— Юриб-юриб, охири сенинг тупроғингни танладик. Бахтинг бор экан, — дейди аёлзот Оқподшо.
— Ўзиям бизбоп тупроқ бўлибди-да.
— Ана энди, қуёшда мазза қилиб тобланиб ётамиз.
— Нима учун юзингни яширасан? Сен ҳам қуёшда тоблан.
Бобомиз шу зайли лўкиллаб-лўкиллаб қайта беради.
Бобомиз ариқ лабида музтар бўлиб-музтар бўлиб ўтиради. Бетларини чангаллаб-чангаллаб ўтиради.
Бобомиз нима кўрди, қачон кўрди — ақли-да бовар этмайди.
Оқподшолар жойидан жилади. Далани қоқ оралаб келади. Ўзларини сувга ташлайди.
Оқподшолар сув шалоплатиб-сув шалоплатиб чўмилади.
Оқподшолар бобомизга тақлидан билаклари билан бетларини бекитади.
Ийя-ийя! — дея, бобомизни майна этиб-этиб сув ғарқоб бўлади. — Ийя-ийя! — дея хохолашиб-хохолашиб сув ғарқоб бўлади.
Оқподшолар қийқириб-қийқириб чўмилади.
Толларда тушламиш чумчуқлар гурр-гурр учади.
Гавҳар сув бўтана бўлади.

8

Шу-шу бўлади — бобомиз даласи юзини қайтиб кўрмас бўлади.
— Тоққа кетаман, — дейди бобомиз. — Тоғдан ер оламан.
— Тоғ олис-да, — дея минғиллайди момомиз.
— Олис бўлса бўлар. Ана, тоғдан ер олиб ишлаяптилар. Ўлиб қолмаяптилар.
— Энди дейман-да, олисни шўрвасидан яқинни ёвғони, дейман-да.
— Даламда мусулмон оёқ босар ер қолмади. Даламда деҳқон оёқ босар ер қолмади. Бўлди, энди қайтиб оёқ босмайман.
— Далада нима айб.
— Кофир юмалаб ётар далада файз қоладими?
Момомиз қувватламиш бўлиб бош ирғайди.
— Танасида мана мунча либоси бўлса, ўлсин агар! — дейди бобомиз. — Бир жойлари даламда мана бундай диркиллаб турибди!
Момомиз оғзини ушлаб-ушлаб кулади.
— Бир ётса, ётибди-да.
— Бўлди, энди у даладан барака кўтарилди.
— Босиб-босиб сувланг. Сув нималарни ювмайди.
— Сув? Сув қолдими! Оқ тўнғиздай ариқ ағнай бериб, сувни-да ҳаромлади! Ит-да ариқ лабидан ялаб-ялаб сув ичади! Оқподшо бўлса, оқ тўнғиздай ариқ ағнади!
Момомиз гап билан андармон бўлиб билмайди.
Кўйлак этаклари йиғилади-йнғилади — тиззалаб боради. Тағин йиғилади-йиғилади— тиззадан сонлаб-сонлаб боради.
Момомиз лозим улоғлари намойиш бўлади. Бобомиз бўш пиёлани зарда билан тўнтариб ташлайди. Лик этиб жойидан туради.
— Этагингизни ёпсангиз бўлмайдими? — дея ўшқиради. — Нима, Оқпошшомидингиз?

9

Бобомиз тоғлаб боролмай қолади.
Ҳуфтон вақти-ҳуфтон вақти гузардан аччиқ-аччиқ бақириқ-чақириқ келади.
Бобомиз нима гап, дея чопқиллаб-чопқиллаб боради.
Гузар олатўполон бўлади. Гузар олатасир бўлади.
— Ғазот, ғазот!
— Муҳораба, муҳораба!
Бобомиз ўз дардини ўзи туяди. Бобомиз ўз куйигини ўзи туяди.
Гап йўқ, сўз йўқ — қинидан пичоғини олади.
Биров пичоқ олади. Биров таёқ олади. Биров тош олади.
Эл оқкалтак-қоракалтак бўлади.
Эл мулла Намозни оппоқ кигиз солади. Кигиз тўрт бурчидан олади.
Эл кигиз кўтариб-кўтариб такбир айтади. Эл кигиз кўтариб-кўтариб зикри самоъ айтади.
Эл ушбу кигиздайин оппоқ от етаклаб келади.
Эл мулла Намозни ана шу оппоқ кигиздан ана шу оппоқ отга миндиради.
— Пирим, йўл бошласинлар! — дейди. Мулла Намоз оқ отда кафт очади. Эл ёппа барака омин қилади. Мулла Намоз оқ отда йўл олади.
Эл кўтарилади. Эл оқ отлиқ кетидан йўл олади.
Йўлда ушоқдай Ибодин соқов қатиқ сотади. Элга кадида қатиқ тутади. «Ап-ап-ап», дейди.
«Қатиқдан ичиб кетинглар, қатиқдан», демоқчи бўлади.
Алвир-шалвир Ибодин соқов Ҳаётхон дегич момонинг ёлғиз ўғли бўлади. Туғма соқов Ибодин илжайиб-илжайиб юради. Бақрайиб-бақрайиб юради.
Елғиз ўғил Ибодин, соқов ўғил Ибодин, қатиқ сотиб она боқади.
Эл Ибодин соқовни айланиб ўтади. Эл Ибодин соқовни йўлдан қоч, дея туртиб ўтади.
Ибодин соқов кети билан ўтириб қолади.
Бобомиз ушоқдай Ибодин соқовни даст кўтариб, чет олади. Ўнгири билан бет-бошини артади. Қатиғини бир кўтаришда ичади. Қўлига чақа беради. Елкасига қоқа-қоқа уйига жўнатади.
Эл Оқподшо қароргоҳилаб келгуничайин олақароқ тун бўлади.
Эл ўқлоғдай-ўқлоғдай чўян панжаралар билан ўралмиш қароргоҳни ўраб олади.
Оқ отлиқ қароргоҳ эшигидан от қўяди.
Оқкалтак-қоракалтак эл-да ўзларини эшик уради.
Эшикоғалар данг қотиб қолади. Отишларини-да билмайди, отмасларини-да билмайди.
Эшикдан бошлаб қон тўкилади.
Эл иккита эшикоғани-да пичоқлаб ўлдиради.
Эл ичкарида оёқ узатиб ётмиш Оқподшоларни жойида босади.
Эл Оқподшони бўғиб-бўғиб ўлдиради. Эл Оқподшони бўғизлаб-бўғизлаб ўлдиради. Эл Оқподшони пичоқлаб-пичоқлаб ўлдиради.
Қароргоҳда тирик жон қолмайди.
Ана энди қароргоҳга ўт қўйиб юборажак бўладилар.
— Минбаъд, мусулмонлар, минбаъд! — дея амр беради оқ отлиқ. — Бу иморатни Оқпошшо Петербургдан олиб келмади! Бу иморат ўзнмизнинг иморатдир! Онқадарким, Оқпошшо келиб жойлашиб олди! Шундай экан, минбаъд иморатга зиён бермангиз.
Эл тутантириқни оёқ остига ташлайди. Тепкилаб-тепкилаб ўчиради.
— Мусулмонлар — зафарона дайди оқ отлиқ. — Мана, Оқпошшони ер билан яксон этдик! Эл-юртимизни Оқпошшодан озод этдик! Алҳол, энди ўз юртларингизга ўзларингиз бек бўлиб кун кечиргайсизлар!
Эл шод-хуррамлигини шойи этиш учун карнай-сурнай йўқлайди.
Зим-зиё тунда карнай-сурнай қани?
Шунда эл ҳовучлари билан карнай чалади. Ҳовучлари билан сурнай чалади. Ҳовучлари бнлан сибизға чалади.
Ғафлатда ётмишлар уйларидан ташқарилайди. Аланг-жаланг бўлади.
— Нима бўлди? — дейди.
Эл зафарларини шойи этади:
— Ўз юртимизни қайтиб олдик!
— Оқпошшони пичоқдан ўтказдик!
Эл ана шундай кайфиятда тарқалади.

10

Оқпошшо келади — ана энди келади!
Фарғонани Оқподшо босади.
Оқподшо шаҳар оралайди.
Шаҳарда тирик жон бўлади — гузар ҳайдайди.
Оқподшо бобомиз уйини-да босади. Момомиз билагидан олиб отади.
Момомиз жалп этиб ташқари тушади.
Момомиз уввос-уввос йиғлайди. Момомиз ер таяниб турайин, дейди — туролмайди.
Оқподшо момомиз сочидан бурайди. Оқподшо момомиз сочидан судрайди.
Момо ер қучиб-қучиб йиғлайди. Момомиз ер тирнаб-тирнаб йиғлайди.
Момомиз қонқора қақшайди.
— Ўлдим, ўлдим-а!.. — дея вовайло этади.
Момомиз нимкала соз-нимкала соз оёқ олади. Момомиз мункиб-мункиб одимлайди. Момомиз алпон-талпон одимлайди.
Кетидан ушоқ ўғлонлари ияради.
Олдиларидан Ибодин соқов келиб қолади. Қўлтиғида бир кади қатиқ бўлади.
Ибодин соқов элга илжайиб-илжайиб ўтади. Ибодин соқов Оқподшога бақрайиб-бақрайиб ўтади.
Оқподшо биров-бировига қараб олади. Ажабона-ажабона елка қисади.
— Эй, чучела, йўл бўлсин? — дейди. Ибодин соқов илжайиб-илжайиб ўта беради.
— Эй, чучела, сенга айтаяпман?!
Ибодин соқов Оқподшога қайрилиб-да қарамайди. Бақрайиб-бақрайиб ўта беради.
Оқподшо отини йўрттириб боради. Ибодин соқов олдини олади.
Ибодин соқов от тумшуғига илжайиб қарайди. Отлиқ подшога илжайиб қарайди. Отлиқни айланиб ўтарман бўлади.
Шунда, бошқа бир отлиқ тўғаноқ бўлади.
Ибодин соқов бир ўнг отлиққа илжаяди, бир чап отлиққа илжаяди. Бўш қўлини гузар тараф «ниш» этади. «У-у-у», дейди:
«Ҳай, анави гузарга кетаяпман».
Сўғин, қўлтиғидаги қатиққа ишора беради:
«Қатиқ олиб кетаяпман».
Оқподшо қатиққа эгилиб қарайди.
— Қатиғини олиб ичамизми? — дейди.
— Қўй-е, буларни қатиғини ичиб бўладими!
— Ким билади, энасини соғиб қатиқ қиладими! Оқподшо қамчи сопини Ибодин соқов пешонасига нуқилайди.
— Олдимга туш! — дея зуғумлайди.
Ибодин соқов элга бир қараб олади. Бошини сарак-сарак этади. «Па-па-па», дейди:
«Эл олдидан ўтдим, бировиям қатиқ сўрамади».
Ибодин соқов илжайиб-илжайиб тура беради. «Ав-ав-ав», дейди:
«Энди гузарга бораман. Гузарда қатиқ кетади».
Оқподшо кадига эгилиб қарайди. Қатиққа тупуради. Балғамлаб-балғамлаб тупуради:
— Туф, аҳ, туф!
Оқподшо этик учи билан Ибодин соқов иягига туртади.
— Бўлдими, чучела? — дейди. — Қани, энди юр.
Ибодин соқов бир қатиққа қарайди, бир Оқподшога қарайди. Лабларини буради-буради…ҳўнграб йиғлаб юборади. Қатиғини кўрсатиб-кўрсатиб йиғлайди: «Эа-эа-эа», дейди:
«Энди, аямга нима дейман?»
Ибодин соқов йиғлайди-йиғлайди… қатиғини Оқподшога сепиб юборади. Забт билан уйи тараф қочади.
— Тўхта, чучела!
— Тўхта дейман!
Ибодин соқов пир-пир чопиб қўя беради.
Шунда, Оқподшо милтиқ пешлайди. Ибодин соқов чуйдасини кўзлайди.
Ўқ дол нишонлайди.
Жулдур-жулдур Ибодин соқов чалпак бўлиб учади.
Оқподшо от йўрттириб боради.
Иркит-иркит Ибодин соқов юзлари илжая-илжая сўлади.
Иркит-иркит Ибодин соқов кўзлари бақрая-бақрая сўнади…
«Энди… аямга нима дейман?»

Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.

Китобни MP3 форматда тингланг.