Тилаб Маҳмудов. Қора пальто (ҳикоя)

Хумсондан келиб шаҳарда ўқидим. Бултур қишда изғиринда букилиб, қорда йиқилиб қишни бир амаллаб ўтказган эдим. Бошимдаги мушукми, қуён терисиданми қўлбола тикилган қулоқчиннинг фойдаси кам бўлди. Қиш одамнинг оёғи билан эгнига ёпишар экан. Қишда юриш-туриш, кўринишинг деразадай ҳувуллаб қолади.
Онам билан Маҳбуба опамга шаҳарда ўқиб юрганимда совуқнинг заҳри, қишнинг қаҳрини айтганимда иккаласи оғир аҳволга тушишди. Хумсон унақа совуқ эмас, у Хум-сонми, Қум-сонми, Қум-сангми, ишқилиб, атрофи тоғ билан ўралганидан совуқ ҳам, шамол ҳам, иссиқ ҳам тезда учиб кетмайди.
– Ана, – деди Маҳбуба опам. – Ҳеч хаёлимизга келмабди, куёвингизни урушда кийган шинели бор. Шуни бузиб Тилавойга пальто тиктириб берсак бўларкан.
Дастурхон четини чимчилаб ўтирган онамнинг ёшли киприклари силкинди, қош-қовоғи ёришди.
Шинелни район марказидаги тикувчи Гартманга олиб бордик. У бир қоп ёнғоққа пальто тикиб беришга рози бўлди.
– Жуда иссиқ пальто бўлади, – деди у менинг бўйим, елкамни ўлчар экан. – Катта одам бўлгунча тепкилаб киясан.
Гартман устимга қуйиб қўйгандай лойиқ пахта аврали пальто тикиб берди. Пальтони шаҳарга олиб жўнадим. Қиш ташвишидан қутулдим, деб юрган эдим, ёмғир кетидан сувли шуват ёққан кезларда маймун йиғлайдиган аҳволга тушдим. Шинель жундан тўқилганидан уни қаттиқ совуқда кийсанг жонинг киради. Ёмғирда қолдингми, ё паға-паға қор ёққанда кўчага чиқдингми, уйга қайтгунча пахтали пальто тошдай оғирлашади. Уни на сиқиб, на қуритиб бўлади. Ивиган пальто уч кунгача жиққа ҳўл ётади. Танчага ёпаман, кечаси кўрпам устидан ташлайман, қани қуриса? Эртаси куни кийишга мажбурман… Агар пальто ивимасин десам, соябон тутишим керак, лекин соябон отлиққа йўғу мендек ялангоёққа топилармиди?
У пайтларда ўғил болалар алоҳида, қизлар алоҳида мактабларда ўқишарди. Гоҳо қизлар мактаби йиғинларига шу райондаги ўғил болалар мактаби ўқувчиларини чақириб, ўқитувчилар назоратида учрашувлар бўларди.
Биз Муқимий ҳаёти, ижодига бағишланган кеча ўтказдик. Мен асосий маърузачи бўлдим. Муқимийга бағишланган шеър билан маърузамни якунладим:

…Замондин кўрмайин заррача шафқат,
Фарёд деб ўтдилар Муқимий, Фурқат…
Уларни ўради қайғу ва кулфат,
Ўтдилар боғаро қилмайин суҳбат.
Муқимий қалбининг нозик торини,
Аламлар, хўрликлар, йиғилар чертди.
Муқимий қайд қилар баҳор борини,
Гулистон, бўстонда юрган ёрини…

Кутилмаган қарсаклар янграб, баланд-паст қийқириқ, олқишлар бўлди. Адабиёт ўқитувчимиз бағрига босиб, “Балли, ўғлим, сендан шоир чиқмасаям, ўқийбергин, ёзабер”, деди.
Кеча тугаб ташқарига бирин-кетин жўнаганимизда қўшни мактаб қизлари терак тагида давра тортиб туришарди. Уларнинг ёнидан ўтаётганимда бир қиз келиб “Кечирасиз, сизни бир минутга мумкинми”, – деди. Буни эшитган ўртоқларим қийқиришиб жўнашди. Қизлар даврасига яқинлашдим. Биттаси бугунги шеърни беришимни, биттаси дафтарини тутиб дастхат ёзишимни, бошқаси маърузам матнини сўради. Қизларни Кўкчадаги трамвай бекатигача кузатдим. Қизлар тезда тарқалишди, иккитаси кетмади. Танишдик. Бирининг исми Назира, иккинчиси Малика. Мен Тилавойман. Уларни Себзоргача кузатиб қўйдим. Адабиётдан ёзма ишларимни уларга бериб турадиган, керак бўлганда, улардан оладиган бўлдим. Дам олиш куни Хадрадаги кинотеатр олдида учрашишга ваъдалашдик.
Учрашувга Маликанинг бир ўзи келди. Мен ҳам Назира эмас, Малика келганидан қувондим. Кинога тушдик. Навоий кўчасида бироз айландик. Маликага эркин мавзуда ёзилган ёзма ишимни бердим. У кейинги ҳафта қайтариб бермоқчи бўлди.
Бир неча ой ана шундай ўтиб кетди. Қиш кирди. Ёғингарчилик бошланиши билан менинг бултурги ташвишим қўзғалди. Бир куни Малика билан кинодан чиқсак, ёмғир томчилаяпти. Хадрадан Себзоргача пиёда бордик. Маликанинг уйига яқинлашмагунча томчилаётган ёмғир фақат менинг устимга тушаётгандай туюлди. Бир қоп ёнғоқ орқалаган одамдай терлаб кетдим. Буни сезган Малика: “Пальтонгиз ивиди, бу ёғи маҳалламиз, энди кузатманг” деди-да, хайрлашиб кетди. Азбаройи пальто оғирлигидан тўхтаб турган трамвайга югуриб ҳам етолмадим.
Бу аҳвол кўп марта такрорланди. Қор ёғишини болалигимда қанчалик яхши кўрсам, энди осмоннинг қовоғи солиқ куни юрагим орқамга тортиб кетади. Бугун яна қор, ёмғир ёғадими, яна уйга ивиб-бўкиб келаманми, деб ташвиш тортаман. Шу пальтодан қутулиш йўлини ўйладим. Унинг қанчалик оғирлигини менчалик ким ҳам билади? Сотиб, ўрнига бошқа енгилроғини олсам-чи? “Сотолмасам алмаштираман” дедим-да, дам олиш куни эрталаб Хастимомнинг олдидаги ёйма бозорга жўнадим. Ҳар эҳтимолга қарши Маҳбуба опам берган ўн сўмлик қизил пулни чўнтагимга солиб қўйдим. Мабодо, яхши пальто учраб қолсаю, эгаси рози бўлмаса шу ўн сўмни қўшиб бераман, ундан кейин учрашувларга янги пальтода бораман, унда бошқача кўринсам керак.
…Бозор тўла одам. Умримда биринчи марта бунақа бозорда олди-берди қилишим. Пальтони елкамга ташлаб бозорни айланиб юрдим. Харидор чиқмади. Кейин уни қўлимга олиб: “Кимга пальто, кимга пальто?” – деб овоз чиқарган бўлдим. Тиқилинч. Кимдир аёллар кўйлагини силкитади, иккинчиси қалпоғини мақтайди, учинчиси костюм-шим таклиф этади, бошқаси майин жунли рўмолни ғижимлаб кўрсатади, кимдир… ишқилиб, кимда нима бўлса, шуни сотиш дардида. Пальтомга ҳеч ким қарамади.
Бир маҳал пальто, плашч, нимча ушлаб турган одамлар орасига кириб қолдим. Кўзим тим қора пальтога тушиши билан юрагим “шиғ” этиб кетди. Уни ўрта бўйли, қўнғиз мўйловли киши ушлаб турарди. Унинг ёнига бордим.
– Сотасизми? – деб сўрадим.
– Сотаман, – деди у.
– Ё алмаштирасизми?
– Сенга қайси бири маъқул бўлса – шу, – дея қўлимдаги пальтога қаради. Кейин мендан пальтони олиб у ёқ-бу ёғига разм солди. Ичини очиб кўрди. “Ҳафсала қилибди” деди.
– Қани буни кийиб кўр-чи, – деди елкамга қора пальтони илиб.
Умримда биринчи марта бегона одам менга пальто кийдираётганидан бошқача бўлиб қолдим. Устимдаги пальто худди ажойиб, қимматбаҳо нарсадай туюлди. Тиззамдан пастини қоплаб турган, енги елкамга осилиброқ тушган пальто бирам енгил эдики…
– Ўғлим, сенга жуда ярашди-ку, яна размери ҳам тўғри келди, – деди пальто эгаси.
Мен худди пальтони ойна олдида томоша қилгандай ён-беримга энгашиб қўйдим. Энгашсам, пальто этаги ерга теккудай, чўнтагига қўлимни тиқаман десам, чўнтак пастроқда, “ҳечқиси йўқ” дедим ичимда, пальтода чўнтак асосий нарса эмас, у иссиқ, енгиллиги яхши. Қора пальтода баданим қизигандан кейин уни ечгим келмади.
– Энди нима қиламиз? – дедим.
– Агар сенга ёқса, – деди қора пальтонинг эгаси. – Мен алмаштиришга розиман, фақат устига бироз қўшишингга тўғри келади.
– Ўн сўмдан ортиқ пулим йўқ, – дедим ҳеч шу қизил пулни бергим келмай.
Чунки унга яшашим керак, Кўкчада бир чойнак чой ўн тийин туради.
– Уст-бошинг омон бўлса пул топилади, окоси, – деди у қатъий. – Бу пальтога харидорлар кўп. Сенга хизмат қилади, чарчамай киясан…
Ёнимда йўлимга, эртага чойхонага пулим камлигига ачинмай, шундай қора пальтоли бўлишдан оғзим қулоғимга етди. Кўкчадаги маҳалламизга пиёда жўнадим, ҳовлига кирсам, Санобар кеннойи уйда экан. У мени қора пальтода кўрдию ағрайиб қолди. Тиржайиб яқинлашдим.
– Сенмисан, Тилавой? – деди мийиғида кулиб. – Уйимизга циркда ишлайдиган қизиқчи келиб қолдими, деб ўйлабман. Пальто муборак бўлсин!
– Раҳмат, кеннойи, қалай, яхшими, ярашибдими? – сўрадим мақтов тагига кўмиладигандай ҳовлиқиб.
– Сотиб олдингми?
– Шунақа пальтони арзонга берадими?
– Мен текинга ҳам олмас эдим, – деди Санобар кеннойи.
Нафасим ичимга тушиб, устимдаги узун пальтодан баттар шалвираб қолдим.
– Ростданми? – дедим энтикиб.
Санобар кеннойи пальто икки-уч размер катталигини, тепкилаб кийилгандан титилиб кетгани, елкалари осилиб тургани, яна бунинг устига куя тушганини кўрсатиб, беш сўмга арзимайдиган пальто устига яна ўн сўм қўшиб берганимни эшитиб, жаҳли чиқди.
– Ажаб бўпти, хўп бўпти, энди бунақа аҳмоқликни қайтармайсан, – деди.
Майли, деб ўзимни босдим, пальто қанақа бўлсаям аввало қора, кеннойининг гапига қараганда, драп деган газламадан тикилган, ўзимникига ўхшаб пахтали эмас, осмондан тўкиладиган қор, ёмғирда ивимайди. Ке­йин учрашувларга шинелда эмас, шаҳарли болаларга ўхшаб драп пальтода бораман. Тошкент Сибирмас-ку пахтали шинель кийсам?!
Малика билан учрашган биринчи кундаёқ у ўзимга эмас, устимдаги қора пальтога қаради. Кейин тезгина хайрлашиб кета қолди.
Шу кундан эътиборан қиз ўзгариб қолди. У ёзма ишларимга қалам тегизмай қайтариб берар, қизнинг ёзганларидан мен хато тополмас эдим. Бора-бора ёзма иш айирбошлаш саломлашишу хайрлашишдангина иборатга ўхшаб қолди, биз на кино, на театр, на ҳайвонот боғига борамиз, Маликанинг кўзлари худди қора пальтомни тешиб ташлаётгандай ғалати жавдирайверади. Охирги учрашувларимиздан бирида кинотеатр олдида уни анча кутдим, охири Маликанинг келмаслигини тушуниб, ёмғир эриниб томчилай бошлаган пайтда унинг Қора тут маҳалласидаги ҳовлисини эслаб трамвай, автобусларнинг “Себзор ҳаммоми” бекати томонга жўнадим.
Кун совуқ, изғирин бурним билан қулоқларимни чимчилагани-чимчилаган, ёзма ишларни қўйнимга, қўлларимни қора пальто чўнтагига тиқай десам, чўнтаклар анча пастда, ноилож, бармоқларимни енгим ичига тортиб кетдим.
Вақт пешиндан оғди. Қора тут маҳалласига етиб келганимда ёмғир тинмаган, бўғотлардан оққан сув кўчани лойқалатиб жар томонга чопарди. Ўзимни дарвоза панасига олиб Маликаларнинг эшик қўнғироғини босдим.
Эшик очилиб Малика кўринди, у бир зум тикилиб турди-да қайтиб ичкарига кириб кетди, ёмғирдан қочиб дарвозахона четига ўтганимда у ёзма ишларимни қўлтиқлаб чиқди.
– Бу йил мактабдан кейин қаерга ўқишга кирмоқчисиз? – деди Малика секин. – Мустақил ишларингиз ёқмади. Уйғун, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжонларни осмонга кўтариб, бошқаларни эсламагансиз. Осмонга тош отманг, тош дўлга қўшилиб яна бошингизга келиб урилмасин!
– Адабиёт ўқитувчимиз Абдулла Қаҳҳор ҳақида ёзаяпти, – дедим мен. – Шу ўқитувчим маслаҳатига қараб ёзма иш қоралайман.
– Менинг фикримча, – деди Малика. – Бировнинг гапига қараб эмас, ўзингиздан келиб чиқиб ёзган яхши, ўйлаб кўринг.
Ҳали суҳбат охирига бормай ёмғир кучайди. Ёзма ишлар қўлдан қўлга ўтаётганда мен Хастимом бозорида учратган, қора пальтони елкасига ташлаб, “окоси” деб мақтаган мўйловли киши пайдо бўлди. Маликага қараб қовоғини уйди-да, ичкарига кириб кетди.
Мен Малика билан хайрлашмай ҳам жўнаворсамми деб турган пайтим дарвоза очилиб, ҳалиги “окоси” билан бир аёл пайдо бўлди. “Мўйлов” индамай келди-да, эгнимдаги қора пальтони еча бошлади. Пальто “окоси”нинг билагига осилиб тушган замон дарвозага суялиб турган аёл қўлтиғидаги шинель пальтони узатди. “Окоси” эса ёнидан ўн сўмлик қизил пул чиқариб, узатди-да: “Борақол энди, йўлингдан адашма” деб, қизини ҳовли ичига итариб юборди.
Мен шовуллаган ёмғир пардаси тагида югурганча Себзор бекатига, трамвайга илиниш учун югурдим. Йўқса, пальтом яна ивиши, мен шу оғир матоҳни елкамда кўтара олмай қийналиб қолишим аниқ эди.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 6-сон