Қатағон қурбони бўлган самарқандлик
Ҳабиба Алиева (1917-1937) хотирасига
1937 йил. Май. Бибигул кийимларини ичкари ҳовлидаги дорга илар экан, осмонда чарақлаб турган юлдузларга ийманиб қараб қўйди. Кундуз қуритса ҳам бўларди, одамларнинг кўзидан пана, деворлари баланд. Бироқ, қуёш нур сочган дам ҳовли ўртасида аёл кишининг кийимларининг осилиб туриши унга маъқул бўлмади. Уялди. Ўзидан уялди. Қуёшдан уялди… Кийимларни илгач отхона томон юрди. Қозиққа боғланган Қорабайир сергакланди. Ниманидир сезиб бурун катакларини керганча оғир-оғир нафас олди. Бибигул пайпасланиб эри бериб кетган “Смит-Виссон” русумли тўппончани топди… “Смит-Виссон” яхши тўппонча. Босмачиларнинг босқинчиларга қарши курашида кўп қўл келган. Хиёнаткор хоинлару юзсиз сотқинларни бемалол отиб ўлдирса бўладиган тўппонча! Бибигулнинг қўли қуролни яхши таниса-да, ўзи Лутфийни ёд билади, Кошғарийга тиши ўтади. Ҳарқалай, “оқпошшо”нинг ялоқхўрларидан ақллироқ! У босмачининг қизи! Кўп қон кўрди. Қон кўрган отади, отилади. Қон кўрмаган сотади, сотилади, дейдилар. Отиш керагида отди. Аммо, сотмади, сотилмади!.. “О, менинг содда бегим-а!” хаёлидан ўтказди Бибигул, “…Кўришишга рухсат тегди. Келинглар! Қизимни ҳам олиб кел. Соғиндим. Бир кўриб ўлсам армоним йўқ…” деб ёзибди хатида. Борса эрига яна-да қийин бўлишини кўнгли сезса-да бормакка қарор қилди. Хотин учун эр – Эр! “Келинглар” дебдими, боради! Фақатгина, қизи… эртага ўйлаб кўрар.
Бибигул тўппончани камзулининг ичига қистириб эртанги сафар учун тадорик кўриш мақсадида ошхона тараф йўналди. Сўнг ошхонадан чиқиб уйига кирди. Уйнинг тўрида айиқ терисидан ишланган пўстакда ўғилчаси пишиллаб ухлар, қизининг қўлида отасидан келган битик титраб турар, у кўзларидаги ёшни онасига сездирмаслик учун дераза томонга термуларди.
– Ининг вақтли ухлаб қолдими? – сўради Бибигул.
– “Гўрўғли”ни айтиб эдим, эшитиб ухлади…
Бибигул ташланган ўринга чўзилди. Чироқни пуфлаб ўчирган қизи билан алламаҳалгача дардлашиб ётди. Тонг олди ёлғон тонг отиши билан ўрнидан турди. Ташқарига чиқиб теваракка қулоқ солди. Ҳатто бирор хўрознинг қичқириғи ҳам йўқ. Қичқирар хўрозларни эса ўғри ўмариши равшан. Атроф муҳтожларга тўлмиш…Бибигул фарзандлари уйқудан тургунча у ёқдан бу ёққа ивирсиб юрди. Фарзандлари уйғонгач у отни эгарлади. Хуржуннинг иккала томонини ҳам эмакка тўлатди. Бир қўлида Қорабайирни, бир қўлида ўғилчасини этаклаб адир томон юрди.
– Мен дадамни кўйишга боймайманми? – деб сўради тўрт-беш ёшлар чамасидаги ўғли.
– Йўқ, сиз шу маконда бўлишингиз керак, подшоҳим!
– Ая, сиз кетсайиз мен қаейга бояман?
Бибигул ўғлини даст кўтариб отга миндирди. Қорабайирнинг жиловини тоғаси яшайдиган қўшни овул томон бурди-да:
– От сизни хор этмас, омон сақлар, ўғлим… Тўғрими, Қорабайир?!. – деб отга ва от устидаги ўғлига меҳризорлик билан термулди. Қаттиқ дийдаси юмшаб кўзларидан ёш думалади. Эгарга чирмашиб олган болакай эса, “мени тулпойим, мени Қоябайийим” дея, бир қўли билан отнинг ўмганига шапатилаб эркаларди. Бўйни эгилган отнинг-да кўзларида ёш қалқирди. Шарқ томондан эсаётган шамол отнинг ёлларини тўзғитар, Бибигулнинг боши узра орқасига сидириб қўйган чачвонини тортқилар, ям-яшил адирдаги қўзигулу қўнғирбошларни ўз оғушида бир томонга тараб-тебратарди. От кетишга изн сўрагандай бошини кўтарди. Бибигул битта қилиб ўрилган, тўпиғидан узун сочларини узун бармоқларида қамчидек ўйнатиб, Қорабайирга “Чу, жонивор” – деганича сочлари билан отнинг яғринига оҳиста урди. От секингина йўртиб кетди. Шамол эса Бибибигулнинг қулоқларига ўғлининг ширин овозини олиб келди: “ Чу, қоя йўйғам, чу, қоя тойчоғим. Муёдга қасд қилиб югуйган этуй!..”
* * *
Тандир сомса ва зиғир ёғли ошнинг иси қамоқхонани тутди. Очлик ва ташналикдан силласи қу-риган маҳбусларнинг боши ғув айланди. Хўрланган ва ҳақоратланган, инсон зоти ўйлаб топган қийноқларнинг барчасини тотиб кўрган таналари мадорсизланди.
– Манғитулини хотини овқат олиб келибди, – деди-да, элкасига милтиқ осган зобит тугунни кўтариб тўрдаги кабинет томон йўрғалади. Йўлакда келаётган подполковник Константин Констатинович ва терговчи Х. зобитга қараб “бизга ҳам олиб қўйинглар” деди ва Бибигул ҳамда унинг ўн тўрт ёшли қизига ортимдан юринглар дея имо қилди…Маҳбуслар, майли… қанийди, Бибигулнинг эрига ҳеч бўлмаса ошдан бир чуқум тегса, йўқ-йўқ, ошдан эмас, тандир сомсадан бир тўғрам тегса. Тегмаслигини Бибигул ҳам яхши билади…
Қамоқхонанинг биринчи панжарасидаги занжирлар шарақлаб тушди. Алоҳида сақланаётган Манғитули сергакланиб кўзини очди. Не кўз билан кўрсинки, панжара ортида Бибигул ва қизи турарди. Манғитулининг соғинчдан орзиққан юраги бир энтикди. Эрининг озиб кетган рангпар чеҳраси Бибигулнинг юрагида ўкинч уйғотди. Соғинчли дийдордан йиғламсираб турган қиз дадажонини қучай деса ўртадаги совуқ темирлар йўл қўймасди. Дийдор тилаган кўзлар тўйиб суҳбатлаша олмадилар. Икки-уч минут ўтар-ўтмас уларни қайтариб олиб кетишди. Подполковник Константин Констатинович билан терговчи Х. эшик олдида сўппайиб турган зобитга жавоб берди-да, терговни давом эттирмакка киришди. Терговчи Х. Манғитулининг ўнгирига ёпиштирилган 775927 маҳбуслик рақамига тикилиб:
– Хўш… Хотинингни,қизингни кўрдинг. Энди, улар бизнинг қўлимизда… Айтганларимизга кўнсанг озодлик берамиз. Уйингга қайтасан, эркинликда юрасан, – деди.
– Озодлик, курашларда қўлга киритилади! Эрк– ҳар қандай оқбилаклар кафтидан тортиқ қилинадиган садақа эмас!
– Ўйлаб кўр. Хонликлар парчаланди! Босмачилар отилди! Бош кўтарганлар қўзғолончи сифатида дорга осилди. Сара йигитлар мардикорликка тортилди. Мустақил Туркистон мухторияти эмирилди. Озодлик деган ўғлонлар энди қатағон этилажак. Омон қолганлари бизнинг байроқ остида бош эгиб курашларга чоғланади. Қайсарлик қилсанг сен ҳам уруғ-аймоғинг билан қириласан!
– Мен қирилсам-да, Туркистон яшайди! Туркистон яшнайди, ҳалики битта туркий бор – бутун Туркистон бор!
– Мен ҳам шу юртда…
– Уят! Сотқин! Ҳароми!.. – деди Манғитули бўғилиб.
– Шунча қийноқлар камми, дейман сенга?!. Гар дўстларингни номма-ном ёзиб бермасанг, хотининг билан қизингни кўз олдингда зўрлаймиз. Ундан кейин ҳаромилар туғилади, сен томоша қиласан! Ўйнашдан бўлган отаси номаълум авлодларингнинг ота талашиб бир-бирини гўштини эйишини мен томоша қиламан! Қонларида менинг қоним оқади ё мен нима десам қи-ладиган, лаббай дейдиган шу эрдаги зобитларни нгқони оқади, қонларида… Оринг борми ўзи?!. – дея терговчи Х. Манғитулини жон жойидан ушлади. Манғитули бироз сукутга чўмиб сўнг:
– Дўстларни сотиб орли бўлгандан, сотмасдан орсиз ўлган, афзал! – деди.
Терговчи Х. қуруқ гапдан маъни чиқмаслигини сезиб жаҳл билан ортига бурилди.
Подполковник Константин Констатинович ўзбекчани яхши билса-да, терговчи Х. унга русчалаб нималардир деди. Иккаласи чиқиб кетиб зум ўтмай Бибигул ва унинг қизини олдига солиб келишди. Подполковник Константин Констатинович Бибигулнинг чап қўлини ушлаб билагига кишан тақди. Бибигул бегона эркакнинг қўлини сезиб бир сесканди. Подполковник Константин Констатинович кишанни иккинчи халқасини темир панжарага ўтказиб қўйди. Терговчи Х. қизнинг икала қўлини ҳам орқасига қайириб нарироққа олиб борди. Подполковник Константин Констатинович оҳиста унга яқинлашди. Бизни ҳам қамашса керак деган хаёлга борган қиз адашганди. Энди, нима бўлаётганига ақли этиб уларнинг қўлидан чиқишга интилди. Чиқолмади. Чинқирди. Фойдаси бўлмади. Подполковник Константин Констатинович қизнинг кўйлагини бақувват қўллари билан тенг иккига айирди. Ҳадиксираган қушдек потирлаб чиққан кичкина сийналар терговчи Х.нинг ҳам ҳирсларини қўзғатди. Панжара ортида турган Манғитули пешонасини бетон деворга урди. Бўлмади. Темир панжарага урди. Бўлмади. Фақатгина, пешонасидан қон сизди. Сўкинди, бақирди. Бўлмади. Ўкирди. Бўлмади. Подполковник Константин Констатинович белидаги камарини суғуриб столга қўйди-да, шимининг тугмаларини эча бошлади. Бибигул озод қўли билан этагини кўтарди ва қўлини лозими ичига тиқди. Унинг бу ишига кўзи тушган подполковник Константин Констатинович:
– Ў, ўзбечка, эрингнинг қамалганига анча бўлди, соғинибсан-да! Ҳозир сенга-да навбат келади, – деди “ўрисона” хаёлда кўк кўзлари йилтиллаб. Подполковник ўрислигига борди. Қаттиқ янглишди. Бибигул зудлик билан лозими ичидан ўқланган тўппончани чиқарди ва биринчи бўлиб терговчини пешонасидан бехато урди. Хато этиши мумкин эмасди ҳам. Ахир, хонзодалар наслидан. Ота-боболари, эна-момолари оддий камонларда учиб кетаётган қушни уриб туширишган. Қаршингда мана мен деб турган ёвни тўппончада уриш не бўпти. Тўппонча Бибигулни қўлларида ўйинчоқдек ўйнарди. Терговчи Х.ни оғзи ошга этмасдан сўлаги оқиб жон берди. Шими почасига тушиб қолган подполковник Бибигулга ташланмоқчи бўлди. Бироқ ёнида осилиб турган қип-қизил – қон ранггидаги байроққа чалкашиб юзтубан йиқилди. Бибигул томонидан йўлланган иккинчи ўқ уни кўксини тешиб ўтди.
– Ўртоқ Черняэв, фон Кауфман, эй, Скобелев чўпон қайга ҳайдаса кетадиган қўй кўрмадим… ким қармоқ ташласа илашадиган балиқ кўрмадим… Булар шер-ку, шер! Шернинг аёли ҳам шер бўлар экан! Икки -уч тўнғизни кўрдим демайди… о, буюк рус халқи, байроғингдан ўзимга кафан бичдим… – тантанавор оҳангда ва яна алланималар деб подполковник Константин Констатиновичнинг боши шилқ этганча байроқ устига тушди. Байроқдан қип-қизил қайноқ қон сизарди.
– Мардлар байроққа ўралиб ўлади, номардлар ўралашиб ўлади, – деди нафрат билан тикилиб Би-бигул. Энди, бу эрдан қутулишнинг имкони йўқ эканлигига кўзи этган Бибигул тўппончани тишлаб соч ўрими орасидан ўқ олди ва тўппончага маҳорат билан жойлади. Сўнг ўз танасини бекитиш билан андармон қизига тўппончани ўқталиб:
– Кечир, қизгинам. – деди.
Кўзларида қўрқувдан асар ҳам қолмаган қиз, ҳайрат билан бир отасига, бир онасига тикилиб:
– Рози… – дея олди.
Ўқ отилди. Жигаргўшасидан айрилган Манғитули бир зум кўзларини юмиб энгил тин олди. Кейин Бибигулга мамнун боқиб:
– Раҳмат… Ўғлимни ҳоли не кечар? – деди.
– Қайдам… Тоғасиникига жўнатиб эдим.
– Ўғлимни охирги сўзини айт, не деди?
– “Чу, қора йўрғам, чу, қора тойчоғим. Муродга қасд қилиб югурган этур…” деган шеър айтиб эди.
– Қайдан ёдламиш?.. Бу Усмоннинг шеъри-ку! Эҳ, Усмон, Усмон! Усмон
– Носир олов-ку, олов! Зап ёзади-да! Эҳ, ота ўғил. Бўладиган бола! – деди Манғитули шу қонли даргоҳда ифтихор туйиб.
Бибигулнинг кўзларида ҳануз қандайдир шаҳд ва шиддат ёнарди. Хотини ва қизининг рухсорига тўймаган Манғитулига термулиб:
– Бегим, кечирингиз. Сиз мени обқочиб эдингиз. Мен сизни бу жаҳаннамдан обқочиб кетолмасман, – деб чап кўксига тўппончани тиради.
Аёлининг бу қилиғидан эсанкираб қолган Манғитули бир сўз дейишга улгурмади. Бибигул бир силтанди-ю “Бегим” дея жон берди. Унинг чайир танаси панжарага кишанланган қўлига осилиб қолди. Қайдандир ҳаллослаб келган қора қош, қора кўз зобит не қилишини билмай, милтиғини тўрттала жасадга бир-бир ўқталиб чиқди ва Манғитулига қараб:
– Қардош, хотининг бало, ошга заҳар солган экан, босмачининг қизи! Етти-саккиз милиса кабинетда заҳарланган. Ўлиб ётур. Яхшики, мен унда бўлмаганим, – деди ва иккиланиб турди-да, Манғитули турар камерани занжирларини туширди. Яна: – Мен сенга бир яхшилик қилай… Қўлингдан келса тезроқ бу эрдан қоч! – деди.
Манғитули ташқари чиқиб ҳали қони совимаган хотинини қучди, қизи томон юриб унинг пешо-насидан ўпди. Кўзларидан думалаган ёшни зобитга сездирмасдан артди-да:
– Хотиним ва қизимнинг майити хор бўлмасин, қардош, – дея чиқиб кетди. Темир панжараларнинг совуқ исканжасидан ўтиб қамоқхонанинг бош дарвозасига этган ҳам эдики, ортидан “Тўхта!” деган жуда таниш овоз эшитилди. Манғитули бир секаниб ортига ўгирилди. Кўзларига ишонмади. Шинел кийиб, милтиқ ўқлаб унинг ортида мадрасада бирга таҳсил кўрган қадрдон дўсти турарди. Манғитули тўхтамади, олға юрди. Дўст томонидан отилган ўқ унинг ўмганини тешиб юборди. Манғитули қулади. Жон берар экан, оғзидан фақатгина бир сўз отилди:
– Хоинлар-р-р!!!